ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Малака ошириш ва қайта тайёрлаш /

Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2021 й. 183-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 5 апрелдаги

183-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касбга

тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини

оширишни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом маҳаллий меҳнат органларида белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган (кейинги ўринларда - ишсиз шахслар) ҳамда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган (кейинги ўринларда - иш қидираётган шахслар), шунингдек, "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатга олинган шахслар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни меҳнат бозорининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари асосида касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ишсиз ва иш қидираётган, шу жумладан "темир дафтар", "аёллар дафтари" ва "ёшлар дафтари"га кирган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш (кейинги ўринларда - касб-ҳунарга ўқитиш) қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

касби (мутахассислиги) мавжуд бўлмаганда;

мавжуд касбий кўникмаларига мақбул иш йўқлиги сабабли касбни (мутахассисликни) ўзгартириш зарур бўлганда;

касбий кўникмалари мавжуд бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги, касбига (мутахассислигига) доир талаблар ўзгартирилганлиги боис малака ошириши зарур бўлганда;

аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш бажариш қобилияти йўқотилганда.


3. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш қуйидаги ўқув муассасаларида (ташкилотларда) амалга оширилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) тизимидаги "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;

профессионал таълим ташкилотлари;

хўжалик юритувчи субъектларнинг ўқув марказлари ва бўлинмалари;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмаларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳузуридаги ўқув марказлари;

таълим фаолиятини амалга ошириш бўйича тегишли тартибда рухсатномага (лицензияга) эга бўлган ташкилотлар;

шогирдларга касб ўргатиш имкониятларига эга бўлган "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандларнинг "Уста-шогирд" мактаблари.


4. Касб-ҳунарга ўқитиш жараёни ўқув муассасаси ёки корхонанинг иш ўрнида амалга оширилиши мумкин. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ташкилотларнинг иш ўрнида кўпи билан ҳар ўн нафар ўқувчиларга ушбу ташкилотнинг тажрибали бир нафар ходими - ишлаб чиқариш таълими йўриқчисини бириктирган ҳолда ўқитишга йўл қўйилади.

Ишлаб чиқариш соҳасида таълим жараёни ўқув устахоналарида, ўқув амалиёт-машқ майдончаларида ва битирувчилар ишга жойлаштирилиши учун мўлжалланган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш шароитида амалга оширилишига йўл қўйилади. Ушбу мақсадларда ҳар бир ўқувчига ишлаб чиқариш таълимини бошлашдан олдин зарур асбоб, ускуна, ашёлар билан жиҳозланган иш ўрни ажратиб берилади.

Агар ўқув муассасасининг зарур ўқув-моддий базаси бўлмаган тақдирда, ишлаб чиқариш соҳасида таълим жараёни ташкилотларнинг иш ўринларида амалга оширилади. Лекин, ўқув муассасаси касб-ҳунарга ўқитиш жараёнини мониторинг қилиб боради, ташкилотнинг малакавий комиссияси таркибида иштирок этади ва баҳолайди, ўқиш якуни билан ўқув муассасасининг ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжати (сертификат, гувоҳнома, диплом) берилади.


5. Пенсия туридан қатъи назар, пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар уларнинг жисмоний имкониятларини ҳисобга олиб, меҳнат органларида рўйхатга олиниб, касб-ҳунарга ўқитишга муҳтож бўлсалар, уларни касб-ҳунарга ўқитиш мумкин.

Ушбу тоифадаги фуқаролар ишсиз деб эътироф этилмайдилар. Бироқ, маҳаллий меҳнат органларида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиниш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Бунда уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча зарур хизматлар (касб-ҳунарга ўқитиш даврида стипендия тўлашдан ташқари) кўрсатилади.



2-БОБ. ИШСИЗ ВА ИШ ҚИДИРАЁТГАН ШАХСЛАРНИ

КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


6. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш фаолияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.


7. Маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган ҳамда касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган тақдирда, қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ ушбу шахс иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб касб-ҳунарга ўқитишга юборилади.


8. Маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинганлар учун мақбул келадиган ишга доир таклифлар мавжуд бўлмаган ва ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилади ва касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилиши мумкин.


9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишни таъминлайди;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини шакллантиради;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тўлаб бериладиган тўлов миқдорини белгилайди;

касб-ҳунарга ўқитиш фаолияти учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий базани яратади;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитади, шу жумладан, уларга касбий маслаҳатлар беради;

тизимдаги "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ва умумий бошқарувни амалга оширади, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантиради;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш масалалари юзасидан халқаро ва ҳудудлараро ҳамкорликка кўмаклашади;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишнинг ўқув-методик таъминотини ташкил этишни таъминлайди.


10. Ҳудудий меҳнат органлари:

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларини ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этишга доир фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш масалалари бўйича услубий таъминлайди ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш ташкилотлари ўртасида ишсиз ва иш қидираётган, шу жумладан, меҳнат мигрантлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш учун танлов ўтказади ва ўқитиш харажатларини қоплаш учун грант ажратади.


11. Меҳнат органларининг мутахассислари ишсиз ва иш қидираётган шахсларга касб танлаш ва касбий таълим олиш имкониятларига доир бепул маслаҳатлар беради.

Меҳнат органларига мурожаат қилган шахсларга касбий маслаҳатлар асосан меҳнат бозорининг талабларини - ишчи ходимлардан юксак савия, ижодий ташаббус, замонавий иқтисодий фикрлаш, ишнинг янги услуб ва кўникмаларини эгаллаш талабларини қўйган ҳолда, якка тартибда суҳбатлар ўтказиш, ижтимоий, психологик ва бошқа синаб кўриш (тест) усулларидан фойдаланиб, тегишли касбга тайёрлашга доир ҳужжатларни, меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ва бошқаларни ўрганиш, ҳар бир шахснинг соғлигини, касбий қизиқишини, қобилиятини, шахсий хусусиятларини унга тавсия қилинган ёки ўзи танланган касбнинг хусусиятларига, таълим шакли ва ўрнига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида берилади.

Касбий маслаҳат бериш орқали ёрдам кўрсатишда айрим аҳоли гуруҳларига - ёшлар, хотин-қизлар, камбағал оилалар аъзолари, чет элга кетиш истагидаги ва у ердан қайтиб келган меҳнат мигрантлари, ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Иш қидираётган ва ишсиз шахслар таркибидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар устувор тартибда касб-ҳунарга ўқитишдан ўтиш ҳуқуқига эга.


12. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш қуйидаги асосий босқичлардан иборат:

ўқитишга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;

ўқитиш ўрнини аниқлаш;

ўқитиш ва бадликка кўмаклашиш юзасидан шартномалар тузиш;

ўқув гуруҳларини бутлаш ва касбга тайёрлашга йўллаш;

касбий таълим жараёни;

касбий таълим жараёнини назорат қилиш;

касбий тайёргарликдан ўтган шахслардан малакавий имтиҳон олиш;

касбга ўқитишга доир ишларни ҳисобга олиш ва статистик ҳисобот.


13. Касб-ҳунарга ўқитишга бўлган эҳтиёж меҳнат бозорида ишчи кучига касбий-малакавий кесимдаги талабни ва ҳудуднинг ривожланиш истиқболларини инобатга олиб, ишсиз ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни ишга жойлаштиришнинг мақбул вариантларини излаб топиш орқали аниқланади.


14. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ўқув муассасалари (ташкилотлар) билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида амалга оширилади.

Меҳнат органлари тузилган шартномалар асосида касб-ҳунарга ўқитишга муҳтож бўлган шахсларга белгиланган шаклдаги касбга ўқитишга йўлланмаларни беради, ўқув муассасалари эса уларнинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисида буйруқ чиқаради.


15. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш курсли шаклда ҳамда якка тартибда ташкил қилиниши мумкин.


16. Касб-ҳунарга ўқитиш курсли шаклда ташкил этилганда, одатда, ўқув гуруҳларидаги тингловчилар сони беш нафардан йигирма нафаргача бўлиши мумкин.


17. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни якка тартибда касб-ҳунарга ўқитишда ишлаб чиқариш соҳасида таълим жараёни асосий ишидан озод қилинмаган малакали ишчи - ишлаб чиқариш таълими йўриқчиси раҳбарлигида ташкилотнинг иш ўрнида амалга оширилади.

Ишсиз аҳолини миллий ҳунармандчиликнинг тарихан шаклланган анъаналари асосида "Уста-шогирд" мактабларида халқ ҳунармандчилигининг "Уста-шогирд" анъанасига мувофиқ касб-ҳунар кўникмаларини ўргатиш ҳам якка тартибдаги касб-ҳунарга ўқитиш турига киради.

Якка тартибда касб-ҳунарга ўргатишда ўқувчи назарий билимлар курсини ўқитувчилардан маслаҳатлар (консультациялар) олиш йўли билан ва мустақил равишда ўрганиши ҳам мумкин.


18. Миллий ва бадиий ҳунармандчилик касбларига фақат "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлган ва якка тартибда фаолият кўсатаётган тадбиркор усталарнинг мактабларида амалга ўргатилади.


19. Миллий ҳунармандчилик касбларини ўргатадиган халқ усталари "Уста-шогирд" усулида касб-ҳунарга ўргатишда ўзларининг имкониятларига қараб, таълим олувчи шогирдларнинг сонини ихтиёрий равишда белгилашлари мумкин, бироқ уларнинг умумий сони ўн кишидан кўп бўлмаслиги лозим.


20. Меҳнат органлари жойларда фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар ҳақида батафсил маълумотлар тўплаб, уларнинг имкониятлари, истакларини инобатга олган ҳолда иш юритадилар. Бу маълумотлар мажмуаси мунтазам равишда тўлдирилиб борилади.


21. Усталарнинг иш ўринларида хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича шогирдларга бериладиган йўриқларни ҳисобга олиб бориш дафтари очилади. Шогирдлар хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича йўриқ олганликлари тўғрисида ушбу дафтарга имзо чекадилар.


22. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш қуйидаги ўқитиш муддатлари бўйича амалга оширилади:

узоқ муддатли ўқитиш - ўқув жараёни ўттиз ҳафтадан қирқ ҳафтагача давом этади;

ўрта муддатли ўқитиш - ўқув жараёни беш ҳафтадан йигирма беш ҳафтагача давом этади;

қисқа муддатли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади;

ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш - ўқув жараёни иш берувчида бир вақтнинг ўзида олиб бориладиган меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, бир нафар ўқувчи учун келгусида иш берувчида ишга жойлаштирилган ҳолда касбга тайёрлашдан (стажировкадан) ўтиши йигирма беш ҳафтагача давом этади;

мақсадли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади.


23. Ишсиз шахсларни узоқ муддатли ҳамда ўрта муддатли касб-ҳунарга ўқитишда мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ўқув муассасалари (ташкилотлар), иш берувчи, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома асосида амалга оширилади.

Агар ишсиз шахс ўқиш тугагач, жисмоний ва юридик шахслар учун иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга ошириш мажбуриятини ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни ўз зиммасига оладиган бўлса, ўрта муддатли ўқитишга доир шартнома тузилаётганда иш берувчининг иштирок этиши талаб қилинмайди.

Бунда мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган касб-ҳунарга ўқитиш фаолиятини амалга оширувчи муассасалар (ташкилотлар) маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган ижтимоий шартномага асосан ташкил этилади.

Иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишда улар билан ишга жойлаштириш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.


24. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган ўқув муассасалари (ташкилотлари) билан келишилган ҳолда кундузги, кечки ва онлайн шаклда амалга оширилиши мумкин.


25. Илғор иш тажрибасини чуқур ўрганиш мақсадида камбағал оилаларнинг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг сўнгги босқичида ўқиётган битирувчи фарзандлари ташкилотларга стажировкага юборилади.

Бунда стажировка маҳаллий меҳнат органлари йўлланмаси ҳамда уч томонлама тузиладиган шартномага мувофиқ ўқувчини келгусида иш берувчида ишга жойлаштириш шарти асосида стажировкадан ўтиши йигирма беш ҳафтагача давом этиши мумкин.

Стажировка ўтаётган битирувчиларга стажировка даврида ҳар ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35,2 фоизи миқдорида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўлаб берилади.


26. Ишчи (мутахассис)лар жумласидан бўлган ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг касбий маҳоратини ошириш ва кейинчалик уларни ишга жойлаштириш, уларда мавжуд бўлган касблар бўйича ушбу гуруҳдаги фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ва ишлаб чиқариш талабларига, ишга жойлаштириш имкониятларига мувофиқ юқорироқ тариф разрядларини (класс, тоифа) эгаллаш, илғор техника ва технологияларни, янги жиҳоз ва материалларни ўрганиш мақсадида уларнинг малакасини ошириш ташкил қилинади.


27. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишнинг белгиланган тартибда ташкил этилганлиги, ўқувчилар давомати ҳамда ўқув жараёнларининг иш берувчи талабига мувофиқлиги ва унинг сифати устидан мониторинг ҳудудий меҳнат органларининг тегишли мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилиши мумкин.


28. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш жараёни ўқув жараёни ташкил қилинган муассасада (ташкилотда) якуний малака имтиҳонини жорий тартибда топшириш билан якунланади.

Ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг зарур тайёргарлиги бўлган ҳолларда якуний малака имтиҳонлари, шунингдек, касб ва тегишли малака даражасини олиш учун компетенцияларни баҳолаш бўйича имтиҳонларнинг белгиланган муддатдан олдин топширилишига йўл қўйилади.

Малака имтиҳонлари комиссиясининг таркибига ўқишга йўлланма берган меҳнат органининг вакили ҳам киритилиши мумкин.


29. Касб-ҳунарга ўқитиш жараёнидан ўтган ва якуний малака имтиҳонларини топширган шахсларга ўқув жараёнини ташкил қилган муассаса (ташкилот)лар томонидан ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат (сертификат, гувоҳнома, диплом ва бошқалар) берилади.


30. Меҳнат органлари томонидан касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилган ва ўқишни якунлаган шахсларнинг электрон меҳнат дафтарчасида ходимлар меҳнат стажини ҳисобга олиш бўйича ёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда киритилади. Бунда кўрсатилган касб-ҳунарга ўқитиш даври меҳнат стажига қўшилади.


31. Касб-ҳунарга ўқитишни амалга ошираётган муассаса (ташкилот)лар техника хавфсизлиги қоидалари билан ўқувчиларни таништириш, ўқувчилар давоматининг ҳисобга олиш, битирув малака имтиҳонлари баённомаларини расмийлаштириш ва ўқишни тамомлаган битирувчига ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни бериш мажбуриятини олади.


32. Ишсиз ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишни таъминлай оладиган ўқув ташкилотларининг рўйхати ҳудудий меҳнат органлари томонидан белгиланади.


33. Маҳаллий меҳнат органлари томонидан касб-ҳунарга ўқитиш учун бошқа ҳудудларга йўлланган ўқувчилар ётоқхонага (меҳмонхонага) жойлаштирилиши мумкин.



3-БОБ. ИШСИЗ ВА ИШ ҚИДИРАЁТГАН

ШАХСЛАРНИ КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


34. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ фаолият Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга молиялаштирилади.


35. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлашга йўллаган маҳаллий меҳнат органлари касб-ҳунарга ўқитиш курси нархи белгиланган шартнома ҳамда ўқувчилар давомати тўғрисида тақдим этилган маълумотга мувофиқ касб-ҳунарга ўқитиш фаолиятини амалга оширган ўқув муассасаларининг ҳисобрақамига пул маблағларини ҳар ойда ўтказиб берадилар.


36. Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш учун мўлжалланган сарф-харажатлар қуйидагилардан иборат бўлади:

ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари (йўриқчилари) ва уста-ҳунармандларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;

касб-ҳунарга ўқитиш фаолиятини амалга оширувчи муассасада (ташкилотда) тузилган якуний малака имтиҳонлари комиссияси аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш;

бошқа ҳудудлардан келиб ўқиётган шахсларнинг транспорт ва турар-жой билан боғлиқ харажатлар;

ўқиш даврида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда стипендиялар тўлаш (иш қидираётган шахслар бундан мустасно);

ўқув жараёни учун сарфланадиган коммунал (электр энергияси, сув, газ ва бошқалар) ва хомашё харажатлари;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил қилиш ва амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш учун харажатлар сметаси жорий тартибда меҳнат органлари томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ИШСИЗ ШАХСЛАРНИ КАСБ-ҲУНАРГА

ЎҚИТИШ ДАВРИДА СТИПЕНДИЯ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


37. Ишсиз шахсларга маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси асосида касб-ҳунарга ўқитиш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшилиши кафолатланади.

Иш қидираётган шахслар касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилганда, ушбу даврда уларга стипендия тўланмайди ҳамда ушбу давр умумий меҳнат стажига қўшилмайди.

Агар пенсиянинг туридан қатъи назар, пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлганлар меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва касб-ҳунар ўрганишга муҳтож бўлсалар, уларга касб-ҳунарга ўқитиш даврида стипендия тўланмайди, лекин уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча зарур хизматлар кўрсатилиши лозим.


38. Ўқиш якунлангандан сўнг битирувчилар ўқишга юборган меҳнат органларига мазкур Низомга иловага мувофиқ ўқишни битирганлигини тасдиқловчи варақани топширадилар.


39. Касб-ҳунарга ўқитилаётган ишсиз шахсларга стипендиялар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорда тўланади.


40. Ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган, ўзлаштирмаётган ёки меҳнат ва жамоат тартибини бузаётган шахсларнинг ўқишни давом эттиришлари тўғрисидаги масала ўқув ташкилотининг раҳбарияти ва маҳаллий меҳнат органлари вакиллари билан биргаликда ҳал қилинади. Сурункасига ва сабабсиз ўқув машғулотларига қатнашмаётган ёки жамоат тартибини бузганлиги, жиноят содир қилганлиги туфайли ҳибсга олинган шахсларга стипендиялар тўлаш маҳаллий меҳнат органи ва ўқув муассасаси қабул қилган қарор асосида тўхтатиб қўйилади.


41. Ўқишни тугатган ишсиз шахс ўқув дастурида кўзда тутилган якуний малака имтиҳонларида назарий ва амалий билим ва кўникмаларининг талабга жавоб бера олмаслиги туфайли топшира олмаса, унга стипендия тўланмасдан, қўшимча машғулотлар ўтказилади ва қайта якуний малака имтиҳони олинади.


42. Ўқишни муваффақиятли якунлаган ва тегишли ҳужжат олган битирувчи ишга жойлаша олмаса, у меҳнат органларига келиши ва унга эгаллаган касби (мутахассислиги) бўйича ишга жойлашиш юзасидан ёрдам кўрсатилиши лозим.


43. Ишсиз шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиш ёки ўзини ўзи банд қилиш имкони бўлмаса, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.


44. Мазкур Низомнинг 22-бандида белгиланган касб-ҳунарга ўқитиш муддатлари мобайнида касб-ҳунарга ўқитишдан ўтган ишсиз шахслар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (шартнома бўйича ишга жойлаштирувчи корхонанинг тугатилиши, штатлар сонининг қисқартирилиши, технологияларнинг ўзгариши ва бошқалар) ишга жойлаша олмасалар, уларни жорий йил мобайнида меҳнат органларида яна ишсиз деб эътироф этиб, ўзлари танлаган касблар бўйича ўқишга юбориш мумкин.

Битирувчи ишсиз шахслар узрсиз сабабларга кўра танлаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йил мобайнида такроран касбга ўқиш истагини билдирсалар, бундай шахсларни касбий таълим якунидан кейин 6 ой ўтгандан сўнг қайтадан касбий тайёргарликка йўллаш мумкин.


44-1. Меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган ишсиз ёки иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишни рағбатлантириш учун ҳар бир меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган ишсиз ёки иш қидираётган шахс учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан касб-ҳунарга ўқиш даврида ҳар ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида рағбатлантириш тўлови тўлаб берилади. Бунда:

аҳолининг бандлигига кўмаклашиш марказлари ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган касблар ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида давлат ёки нодавлат таълим ташкилотларига йўналтиради;

ногиронлиги бўлган шахсларга рағбатлантириш тўловини тўлаш ҳақидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимида акс эттирилади;

рағбатлантириш тўлови ўн икки ойлик давр ичида ўқиш даврининг кўпи билан йигирма олти календарь ҳафтаси давомида Халқ банки ва унинг филиаллари томонидан тегишли қайдномага асосан тўлаб берилади;

тўлиқ бўлмаган календарь ой учун тўлов тўланиши керак бўлган календарь ойдаги кунлар сонининг тўлиқ календарь ойдаги кунлар сонига мутаносиб миқдорда тўланади;

давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти ногиронлиги бўлган шахсларни ўқишдан четлатса, бу ҳақда 3 кунлик муддатда аҳолини бандлигига кўмаклашиш марказларини расмий огоҳлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олади;

аҳолини бандлигига кўмаклашиш марказларига ўқишдан четлатилганлик тўғрисида хат келиб тушган кундан бошлаб 3 иш кунида рағбатлантириш тўловини тўлашни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ўқув курслари узрли сабабларга кўра қолдирган тақдирда рағбатлантириш тўловлари тўхтатилмайди.


5-БОБ. ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАНЛАР ҲАМДА

"LABOR-MIGRATION" ДАСТУРИЙ МАЖМУАСИДА

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН ШАХСЛАРНИ КАСБ-ҲУНАРГА

ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


45. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатга олинган ва ташкил этилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижий мамлакатларда ишлаш учун кетаётган фуқаролар маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олингандан ёхуд ишсиз шахс сифатида эътироф этилгандан сўнг касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилади.

Бунда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олингандан ёхуд ишсиз шахс сифатида эътироф этилгандан сўнг касб-ҳунарга ўқитиш қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур Низомга мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.


46. Ўзини ўзи банд қилган шахслар мазкур Низомнинг 3-бандида қайд этилган ўқув муассаса (ташкилот)ларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилиши мумкин.

Бунда меҳнат органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахслар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинмайдилар ҳамда ишсиз деб эътироф этилмайдилар, аммо меҳнат органлари йўлланмаси асосида ўқув муассаса (корхона, ташкилот)ларга касб-ҳунарга ўқитиш учун юбориладилар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


47. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



ТАСДИҚЛОВЧИ ВАРАҚА _____-сон



туман (шаҳар) нинг номи



ўқишга йўллаган меҳнат органининг манзили

I. Фуқаро


фамилияси, исми, отасининг исми


касбий тайёргарликдан ўтди.



Малака имтиҳонлари комиссиясининг қарорига биноан ____ йил "___" _____________да унга _________________________ малакаси ва ______сон гувоҳнома берилди.

II . Фуқаро


фамилияси, исми, отасининг исми

____________________________________________ сабабларга кўра (ўқишга келмади) ўқишни __________ санадан тўхтатиб қўйди, ўқилган соатлар ________________ соат.

Сизга сарф қилинмаган маблағларнинг қолдиқ суммаси жўнатилди

сўм.

(сўз билан)


Тўлов варақаларининг рақами ва санаси.



Ўқув марказининг раҳбари

Имзо

Санаси

Бош ҳисобчи

Имзо

Санаси




М.Ў.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 апрель






































Время: 0.0325
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск