ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Ўзбекистон Республикасининг 20.04.2021 й. ЎРҚ-682-сон "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.11.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 18.12.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.04.2021 й.

N ЎРҚ-682



НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 24 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 18 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасини, турларини, ушбу ҳужжатларнинг ўзаро юридик кучи ва нисбатини белгилашдан, шунингдек уларни режалаштириш, ташаббус қилиш, тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, келишиш, қабул қилиш, эълон қилиш, уларнинг ижросини ташкил этишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунчилик


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг турлари ва ўзаро нисбати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ва ижросини ташкил этишни таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, эълон қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланади.



3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчаси


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.



4-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш

ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслардир (бундан буён матнда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар деб юритилади).

Фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда ўтказиладиган референдум йўли билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.



5-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари


Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

конституциявийлик;

қонунийлик;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги;

ошкоралик;

илмийлик;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплекслилиги;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНЧИЛИК ТИЗИМИ


6-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.



7-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

ва қонунларининг устуворлиги


Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устуворлиги тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмас.



9-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари


Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари конституциявий қонунлар тарзида қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари конституциявий қонунлар тарзида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳуқуқий принциплар ва нормаларни мустаҳкамловчи, бирлаштирувчи, тизимлаштирувчи, шунингдек ижтимоий муносабатлар энг муҳим соҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан комплекс тартибга солинишини таъминловчи кодекслар тарзида қабул қилиниши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

палаталарининг қарорлари


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.



11-модда. Қонуности ҳужжатларини тартибга солиш доиралари


Қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмайди.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фармонлари ва қарорлари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар ва қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.



14-модда. Вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари

Вазирликлар ва идоралар, агар уларга қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ёки ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича ваколатлар берилган бўлса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.

Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида буйруқлар ва қарорлар тарзидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Буйруқлар вазирлик ва идора номидан қарор қабул қилиш якка тартибда амалга ошириладиган вазирлик ёки идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

Қарорлар идоралар номидан қарор қабул қилиш коллегиал органлари томонидан амалга ошириладиган идоралар томонидан қабул қилинади.

Вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари бошқа вазирликлар ёки идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин.

Вазирликлар ва идоралар томонидан қўшма қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши мумкин.

Вазирликлар ва идораларнинг таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли эмас.


15-модда. Вазирликлар ёки идоралар

томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган вазирлик ёки идора қайта ташкил этилган тақдирда, ҳуқуқий ворисга ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи билан бирга илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар, қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари ҳам ўтади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Вазирлик ёки идора тугатилган ёхуд у тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқини ҳуқуқий ворисига бермасдан қайта ташкил этилган тақдирда, илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар, қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари юқори турувчи органга ёки бошқа ваколатли органга ўтади.

Вазирлик ёки идора қайта номланган тақдирда, унинг илгариги номи кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайта номланишига оид қисмига ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши лозим. Бундай ўзгартиришлар ёхуд қўшимчалар киритилгунига қадар илгариги номни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши қайта номланган вазирликка ёки идорага нисбатан тўлиқ ҳажмда татбиқ этилади.

Вазирлик ёки идора мақомининг ўзгариши улар томонидан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши тугатилишига олиб келмайди.


16-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари


Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ўз ваколатлари доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ваколатлари доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.



17-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан

тасдиқланадиган низомлар, қоидалар,

йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ушбу ҳужжатларнинг таркибий қисми бўлган низомлар, қоидалар, йўриқномалар, регламентлар, стратегиялар, концепциялар, доктриналар, дастурлар ("йўл хариталари") ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.

Низом давлат органлари ва ташкилотларнинг, улар таркибий бўлинмаларининг мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек у ёки бу соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш тартибини белгилайди.

Қоидалар бирор-бир фаолиятни амалга оширишга доир талабларни белгилайди.

Йўриқнома норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашнинг аниқлаштирувчи жиҳатларини белгилайди.

Регламент давлат органлари ва ташкилотларнинг иш тартибини, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлар томонидан маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Стратегия мамлакат ёки муҳим тармоқларни ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг энг асосий йўналишларини белгилайди.

Концепция у ёки бу соҳадаги давлат сиёсатининг энг муҳим устуворликларини, мақсадларини, асосий йўналишларини, вазифаларини ва амалга оширилиш механизмларини белгилайди.

Доктрина Ўзбекистон Республикасининг у ёки бу соҳадаги миллий манфаатларини таъминлаш мақсадлари, вазифалари, принциплари ва асосий йўналишларини белгилайди.

Дастур ("Йўл харитаси") у ёки бу соҳадаги давлат сиёсатининг мақсадларига эришилишини таъминлайдиган тадбирлар (вазифалар, амалга ошириш муддатлари, молиялаштириш манбалари ва масъул ижрочилар бўйича ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар) ва механизмлар тизимини белгилайди.



18-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати


Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатларига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари амал қилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно.

Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирликнинг ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил мақомдаги бошқа вазирлик ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.


3-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР

ЛОЙИҲАЛАРИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ,

ТАШАББУС ҚИЛИШ ВА ТАЙЁРЛАШ


19-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини

тайёрлашни режалаштириш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш, қоида тариқасида, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш талаб қилинадиган муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиш якунлари бўйича тайёрланадиган норма ижодкорлиги ишининг режалари (дастурлари) доирасида амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ёки қонунчилик нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашнинг жорий (ярим йиллик ва йиллик) ҳамда истиқболга (бир йилдан ортиқ муддатга) мўлжалланган режаларини (дастурларини) ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш режаларида (дастурларида) қуйидагилар кўрсатилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг номи;

ижтимоий муносабатларнинг у ёки бу соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳолатининг тавсифи;

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни талаб қиладиган муаммоларнинг тавсифи, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларининг таҳлили;

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни талаб қиладиган муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилиш зарурлигининг асоси;

молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар - моддий харажатлар талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари учун;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш муддатлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган тақдирда, кутилаётган натижалар, шу жумладан тартибга солиш таъсирини баҳолаш ўтказилган ҳолларда унинг натижалари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни режалаштириш тартиби норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳасини тайёрлашни амалга оширувчи ташкилот (бундан буён матнда ишлаб чиқувчи деб юритилади) томонидан белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш режалари (дастурлари) мажбурий тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган тегишли органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.



20-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини

тайёрлашни ташаббус қилиш


Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини тайёрлашни ташаббус қилишга фақат, башарти давлат органларида кўтарилаётган масалаларни ёки муаммоларни қонунчиликда назарда тутилган механизмлар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал этиш ваколатлари мавжуд бўлмаса, йўл қўйилади.

Жисмоний ва юридик шахслар тегишли давлат органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисида таклифлар киритишга ҳақли.



21-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш қуйидаги босқичлардан иборат:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва лойиҳани тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни ва ахборотни тўплаш;

тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш;

имтиёзларни белгилашнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармаларидан маблағлар ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг матнини тайёрлаш;

ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертизани ўтказиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига доир тушунтириш хатини лойиҳанинг концепциясини баён этган ҳолда тайёрлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси давлат тилида тайёрланади. Зарур бўлганда, у бошқа тилга таржима қилиниши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчи томонидан тайёрлаш ҳамда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш муддати, aгар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, икки ойдан кам этиб белгиланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳаларини тайёрлашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишнинг ўзига хос хусусиятлари "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.



22-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини

тайёрлашни ташкил этиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун ишлаб чиқувчи томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) ташкил этилиши мумкин.

Ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига ишлаб чиқувчи бўлинмаларининг, тегишли тармоқлар ҳолати ва ривожланиши учун жавобгар бўлган вазирликларнинг ёки идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ўз розилиги билан ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига киритилади.

Ишчи гуруҳ (комиссия) аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган билим ва тажрибага эга бўлиши керак.

Ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳнинг (комиссиянинг) фаолиятини таъминлаш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни, статистика маълумотларини ҳамда бошқа маълумотларни олишга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси юзасидан илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсияларини, шунингдек экспертлар хулосаларини олишга ҳақлидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган, зарур бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни давлат органларига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда, ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки уларга шартнома асосида буюртма беришга ҳақлидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган, зарур бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда, ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки уларга шартнома асосида буюртма беришга, шунингдек энг яхши норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун танловлар ўтказишга ҳақлидир.

Вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашга доир ишларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


23-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини

тайёрлашда қонунчиликнинг ҳолатини, қўлланилиш

амалиётини, жамоатчилик фикрини ва халқаро

тажрибани ўрганиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда ишлаб чиқувчи:

қонунчиликнинг ҳолатини, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганади;

ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган бўшлиқлар ва зиддиятларни, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонунчиликнинг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлайди;

ижтимоий муносабатларнинг тегишли соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаш нуқтаи назаридан қонунчиликни хатловдан ўтказади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек айрим фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ҳамда улардан фойдаланади;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олади, шунингдек бошқа давлатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги тажрибани ўрганади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предметига тааллуқли илмий тадқиқотлар натижаларини, оммавий ахборот воситаларидаги, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги мақолаларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни амалга ошириш учун зарур бўладиган молиявий-иқтисодий харажатларга бўлган эҳтиёжни, уларнинг ўрнини қоплаш миқдорлари ва манбаларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари "Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда умумхалқ муҳокамасига қўйилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасига олиб чиқилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси манфаатдор давлат органларининг, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, ўзга ташкилотларнинг вакиллари, олимлар, мутахассислар ва фуқаролар иштирокида ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутахассислар муҳокамаси тегишли илмий-тадқиқот муассасаларининг, тармоқларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамаси иштирокчилари ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳанинг матни билан олдиндан таништирилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар тавсия хусусиятига эга ҳамда ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилиши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси материаллари норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга кўриб чиқиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш билан бир вақтда киритилади.



24-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг

жамоатчилик муҳокамаси


Ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (бундан буён матнда портал деб юритилади) жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилади.

Ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини порталга уни норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилувчи органга киритишдан олдин жойлаштиради.

Ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг порталдаги жамоатчилик муҳокамаси муддатини тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди ҳамда бу муддат порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилган кундан эътиборан ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларидан тушган фикр-мулоҳазаларни ва (ёки) таклифларни ҳисобга олишни ишлаб чиқувчи қабул қилинган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларга мувофиқ лойиҳани маромига етказиш йўли билан амалга оширади.

Келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифлар рад этилган тақдирда, ишлаб чиқувчи уларни рад этиш сабабини асослаши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси натижалари, қоида тариқасида, келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилган ҳолда тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга (кўриб чиқиш учун) киритилади.


4-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТ

ЛОЙИҲАСИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ ВА КЕЛИШИШ


25-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг экспертизаси


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизалардан ўтказилиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик, экологик экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар экспертлар сифатида жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақилдир ва экспертиза ўтказиш топшириғини берган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ бўлмайди.

Экспертларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича хулосалари тавсия хусусиятига эга бўлиб, улар ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан кўриб чиқилиши лозим. Хулосанинг инобатга олинмаган бандлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда маълумотнома тайёрланади.



26-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси


Ҳуқуқий экспертиза жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлиги, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилади.



27-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий

бўлинмалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини улар манфаатдор ташкилотлар билан келишилганидан ва бошқа турдаги экспертизалар амалга оширилганидан сўнг ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини, шу жумладан уларда коррупция кўринишларини, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитларни юзага келтирадиган, жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш, шунингдек зарур бўлган нормаларни битта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирган ҳамда тегишли муносабатларни тартибга солувчи бошқа нормаларни бекор қилган ҳолда, қонунчиликни кодификация қилиш имконияти мавжудлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизасини ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини амалга ошириш жараёнида бу лойиҳалар уларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва уларда такрорловчи ёки Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларининг нормаларига зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлигини кейинчалик уларни бекор қилиш учун аниқлаш нуқтаи назаридан баҳоланиши шарт.

Ҳуқуқий экспертиза якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан хулоса тақдим этилади.

Вазирликлар ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.



28-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг

ҳудудий бўлинмалари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ҳамда вазирликлар ва

идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини

давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси улар келиб тушган санадан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилади.

Вазирликлар ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ҳамда вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш улар келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган лойиҳалар ва иккинчи қисмида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўшимча ўрганишни талаб қилса, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш муддати беш кунгача, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кўриб чиқиш муддати эса ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан:

халқ депутатлари вилоят, туман, (шаҳар) Кенгаши қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси - икки иш куни ичида;

вилоят, туман, (шаҳар) ҳокими қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси - беш иш куни ичида ўтказилади.

Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг бошқа муддатлари белгиланиши мумкин.



29-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар

лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ўтказилади.



30-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга киритилгунига қадар:

манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий тартибда келишилади.

Келишиш учун юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари (алоҳида ҳолларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) томонидан:

қонун ҳужжатлари лойиҳаларига - етти иш куни ичида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларига - уч иш куни ичида;

вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларига - беш иш куни ичида;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларига - уч иш куни ичида виза қўйилади.

Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг бошқа муддатлари ҳамда муайян давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий равишда келишишга доир талаблар белгиланиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш тартиби қонунчиликда белгиланади.



31-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини

келишиш муддатлари бузилганлиги учун жавобгарлик


Келишиш учун олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш муддатларининг бузилишига йўл қўйган манфаатдор давлат органининг ва ташкилотнинг раҳбари давлат органларидаги ҳамда ташкилотлардаги ижро интизоми доирасида шахсан жавобгар бўлади.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи органларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва келишиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТ

ЛОЙИҲАСИНИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА БЎЛГАН ОРГАНГА

КИРИТИШ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


32-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига

эга бўлган органга киритиш


Тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга давлат тилида киритилади. Зарур бўлган ҳолларда, унинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.

Тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича хулосаси ва тушунтириш хати билан киритилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тегишли органларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича хулосаси (ҳисоботи), шунингдек молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистика маълумотлари ва уни асослаш учун бошқа маълумотлар илова қилинади.

Ишлаб чиқувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритаётганда уни амалга оширишга, шунингдек унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ҳамда тарғиб қилишга доир тадбирлар режасини илова қилади.

Ишлаб чиқувчи Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини киритаётганда, бундан Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларини ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси мустасно, халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитларида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвални тайёрлаши шарт.

Халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилиги принциплари, қоидалари ҳамда таърифларининг тайёрланган батафсил таҳлилини ўз ичига олган қиёсий жадвалсиз киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилмайди, бундан Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларини ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси мустасно.



33-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат кўриб чиқилганидан сўнг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан қабул қилинади.

Қоидалари қонунда акс этган қонуности ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат тилида қабул қилинади. Зарур бўлганда у бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.

Давлат тилидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни билан унинг бошқа тилдаги матни ўртасида тафовут бўлган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг давлат тилидаги матни қўлланилади.



34-модда. Ҳуқуқий эксперимент


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат самарадорлигини, унинг вақтинча амал қилишини муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чеклаган ҳолда ўрганиш ҳуқуқий экспериментдир.

Ҳуқуқий эксперимент тугаганидан кейин:

ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий экспериментнинг ижобий ва салбий оқибатлари, бундай ҳужжатнинг қўлланилишига таъсир ўтказган ижтимоий ҳамда бошқа омиллар, ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши муносабати билан қилинган харажатлар ва олинган даромадлар таҳлил қилинади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатунинг амал қилиши вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилинганидан кейин юзага келадиган ижобий ва салбий оқибатларнинг, харажатлар ва даромадларнинг ҳуқуқий эксперимент жараёнида эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳақидаги маълумотлар билан асослантирилган прогнози амалга оширилади.

Ҳуқуқий эксперимент натижаларига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатни унинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинади ёки ҳуқуқий эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштиришга ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб топишга доир бошқа чоралар кўрилади.



35-модда. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш


Тартибга солиш таъсирини баҳолаш норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни ва унинг тартибга солиш мақсадларига эришилишини, шунингдек амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солувчи муносабатларга таъсирининг самарадорлиги ва натижадорлигини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидан иборатдир.

Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.



6-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ

ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ, КУЧГА КИРИШИ

ВА АМАЛ ҚИЛИШИ


36-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг

расмий матнини тасдиқлаш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матнини тасдиқлаш:

Ўзбекистон Республикасининг қонунига нисбатан - Ўзбекистон Республикасининг Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорига нисбатан - Ўзбекистон Республикасининг Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири;

вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорларига нисбатан - норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган раҳбари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига нисбатан -тегишли ҳоким томонидан имзолаш орқали амалга оширилади.



37-модда. Вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш

Вазирликлар ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Вазирликлар ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Вазирликлар ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


38-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

эълон қилишга доир талаблар


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларни қабул қилган органларнинг расмий веб-сайтларида норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганидан кейин бир кун ичида эълон қилиниши шарт. Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шаклларини эълон қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий нашрларда эълон қилишга, шунингдек уларни қонунчиликнингэлектрон маълумотнома тизимлари орқали тарқатишга норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий манбаларда уларнинг барча реквизитлари, улар эълон қилинган расмий нашрлар ва уларнинг кучга кириш санаси кўрсатилган ҳолда эълон қилинганидан сўнг йўл қўйилади. Бунда расмий нашрларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнининг аниқ такрорланиши таъминланиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.



39-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

эълон қилинадиган расмий манбалар


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, "Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси" Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами", "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, "Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", "Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси", шунингдек вазирликлар ва идораларнинг расмий нашрлари вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

"Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси", шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.



40-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириши


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомили мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.



41-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг орқага қайтиш кучи


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси қонунининг амал қилиши у амалга киритилгунига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Агар қонунда мазкур қонун қабул қилингунига қадар жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этиш ёхуд кучайтириш назарда тутилса, шунингдек агар қонуннинг қўлланилиши натижасида юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказиладиган бўлса, қонунга орқага қайтиш кучини беришга йўл қўйилмайди.



42-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг

макон бўйича амал қилиши


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг макон бўйича амал қилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг юрисдикцияси билан белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган унинг макон бўйича амал қилиш доирасини чеклаб қўйиши мумкин.



43-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг

вақт бўйича амал қилиши


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар унинг матнида бошқача изоҳ берилмаган бўлса, муддатсиз амал қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш муддати бутун ҳужжат ёки унинг бир қисми учун белгиланиши мумкин. Бундай ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёхуд унинг бир қисми қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган белгиланган муддат тугагунига қадар ёки ҳодиса юз бергунига қадар ҳужжатнинг ёки унинг бир қисмининг амал қилишини янги муддатга, бошқа ҳодиса юз бергунига қадар узайтириш тўғрисида ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчиликка, ўтказилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларига, жамиятдаги барқарор ҳуқуқий муносабатларга мувофиқ бўлган тақдирда норматив-ҳуқуқий ҳужжатга (унинг қисмига) муддатсиз тус бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



44-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг

шахслар доираси бўйича амал қилиши


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахсларига, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширганда чет эл юридик шахсларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.



45-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал

қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг бир қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми қуйидаги ҳолларда ўзининг амал қилишини тугатади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми қайси муддат ёки ҳодиса юз бериши учун мўлжалланган бўлса, ўша муддат тугаганида ёки ҳодиса юз берганида;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас ёхуд ҳақиқий эмас деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўз кучини йўқотган деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми бекор қилинганда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, вазирликлар ҳамда идоралар буйруқлари ва қарорларининг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг амал қилишини ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонига зид бўлган тақдирда, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддатида тўхтатиб туришга ҳақли.


46-модда. Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларни янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул

қилинганлиги муносабати билан қайта кўриб чиқиш


Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.

Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар, ўз кучини йўқотган деб топилаётган тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ёки улар қисмларининг рўйхати норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзида кўрсатилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан ўзгартишлар, қўшимчалар киритилиши ёки ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган, тенг юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ёки улар қисмларининг сони анча кўп бўлган тақдирда, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати алоҳида ҳужжат сифатида расмийлаштирилади. Бундай ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан тайёрланади ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан бир вақтда тақдим этилади.



47-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг

матнларини тарқатиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини тарқатиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнидан монеликсиз фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ҳар қандай шаклларда амалга оширилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини тарқатиш тартиби қонунчиликда белгиланади.



7-БОБ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ

ИЖРОСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТАЪМИНЛАШ


48-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини

ташкил этувчи ва таъминловчи органлар


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижросини ташкил этади ҳамда таъминлайди.

Вазирликлар ва идоралар, уларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатларига киритилган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этади ҳамда таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этади ҳамда таъминлайди.



49-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

ижросини ташкил этиш ва таъминлашга

доир ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;

вазирликлар ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этишга доир ваколатларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш учун зиммасига жавобгарлик юклатиладиган вазирликларни, идораларни ҳамда мансабдор шахсларни белгилайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



50-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил

этишга доир ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши масалалари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга тушунтиришлар беради ҳамда зарур ёрдам кўрсатади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши масалаларига доир услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши мониторинги ва таҳлилини ўтказади, ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат бошқаруви органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

давлат бошқаруви органларида ва ташкилотларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси нуқтаи назаридан ижро интизомига риоя этилишини ўрганади, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун ахборот-таҳлилий ҳужжатларни тайёрлайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



51-модда. Вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий

ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ҳамда таъминлашга

доир ваколатлари

Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) чоралар кўради;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижро этилишига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишига доир ишларни бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлар билан биргаликда ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш учун ўз ходимларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, тегишли тармоқда қонунчиликнинг қўлланилиш амалиётини ўрганади ва, зарур бўлганда, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади.

Вазирликлар ва идоралар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


52-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил

этиш ва таъминлашга доир ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) чоралар кўради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, бошқа ташкилотлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан зарур тушунтириш ишларини ташкил этади;

тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича ишларини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, қонунчиликнинг қўлланилиш амалиётини ўрганади ва зарур бўлганда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



53-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг

мониторинги ва назорати


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги ва назорати қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва бошқа ташкилотлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назоратни, шунингдек уларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти мониторингини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг таҳлилини амалга оширади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар, юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан зиддиятлар, шунингдек ички зиддиятлар ёхуд бошқа хатолар аниқланган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган уларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўради.

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жамоатчилик мониторинги ва назоратини амалга оширадилар.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга

қўйиладиган асосий талаблар


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришга қўйиладиган асосий талаблар ушбу Қонуннинг иловасига мувофиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти билан белгиланади.



55-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палаталари беради.

Қонуности ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.



56-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни марказлаштирилган тарзда йиғиш, ҳисобга олиш, уларнинг фондларини яратиш ва назорат ҳолатида сақлаб туришни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги марказлаштирилган ахборотни ўз ичига олади. Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишга доир қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



57-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги 160-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 8-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 161-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 9-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 568-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 1-2, 18-модда) XXVI бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги 714-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 1, 18-модда) I бўлимининг 46-банди;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-342-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 12, 333-модда);


6) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 12, 343-модда) 18-моддаси;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-389-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 310-модда) 9-моддаси;


8) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-411-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 9, 276-модда) 12-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 510-модда) 47-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган "Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 1-модда) 22-моддаси;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-459-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 4-модда) 11-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 4, 224-модда) 37-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январда қабул қилинган "Айрим давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-512-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 1, 1-модда) 12-моддаси.



58-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



59-модда. Қонунчилик ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



60-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 апрель













































Время: 0.2073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск