ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2021 й. ПФ-6221-сон "Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.05.2021 й.

N ПФ-6221



СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИДА

ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИ ИЗЧИЛ

ДАВОМ ЭТТИРИШ ВА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ

САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ УЧУН ЗАРУР ШАРТ-

ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ ТЎҒРИСИДА


Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олиб:


1. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда "тиббиёт бригадалари" фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М. Хаджибаев):

Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқласин;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштирсин ҳамда уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилсин.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида муайян муддатга жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ушбу раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берилишини, ушбу харажатлар ҳамда уларнинг уй-жой ижараси тўловларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминласин.

4. 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилсин.

Ҳамширалик иши фаолиятини амалга оширишга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ўрнатилган тартиб билан бир қаторда қуйидаги талаблар белгилансин:

ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши;

тиббий муолажалар мазкур Фармоннинг 1-банди тўртинчи хатбошисига мувофиқ ўрта тиббиёт ходимлари мақомини оширишдан келиб чиқиб бажарилиши;

ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ўрта тиббиёт ходимлари томонидан ўзини ўзи банд қилган ҳолда ҳамширалик иши фаолиятини амалга ошириш тартибини тасдиқласин.


5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М. Хаджибаев) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга оширсин.

Бунда, қуйидагиларни назарда тутувчи клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизими жорий этилсин:

а) клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилади ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;

ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.


6. 2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилсин:

махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган "мобил тиббиёт" хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат "тиббий пункт"ларини ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни амалиётга тўлиқ жорий этиш мақсадида нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун зарур шароитлар яратсин, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борсин.


7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этсин. Бунда:

эҳтиёжманд оилаларни "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига мувофиқ аниқланиши;

имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланиши;

имтиёзли тоифадаги шахсларга давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми, тури ва касалликлар рўйхатидан ташқари кўрсатиладиган тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланиши ҳамда улар томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланиши назарда тутилсин.

Молия вазирлиги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратсин.


8. Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин.

Жамғармани молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан Жамғармага йўналтириладиган ажратмалар;

халқаро молия ташкилотларининг грант маблағлари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўровига асосан 2021 йилда Жамғармага 50 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратсин, 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқланадиган Ишчи гуруҳининг қарорига асосан ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, мамлакатимизда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан уларни моддий рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш, шунингдек, тиббиёт ходимларини нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, етакчи хорижий мутахассисларни давлат тиббиёт муассасалари фаолиятига жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассисларни тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан яшаш жойи билан таъминлаш чораларини кўрсин.


9. Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда - Палата) 2021 йил 1 июлдан унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилсин ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Палата Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказининг маблағлари, мулки, шу жумладан бино ва иншоотлари, автотранспорт воситалари, ускуна, техника ва инвентарлари Палатага ўтказилади;

Палата раҳбарига, зарур ҳолларда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида мутахассислар жалб қилиш ҳуқуқи берилади;

Палата ва унинг ҳудудий бўлинмалари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 110 та этиб белгиланади.


10. Палатага қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришини таъминлаш;

аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш.


11. Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича "Йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


12. 2021 йил 1 июндан бошлаб тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган хорижий ташкилотлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

3-иловада кўрсатилган ташкилотларнинг талабларига асосан сертификатланган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида лаборатория синовларидан ўтказилмайди ҳамда ўрнатилган тартибда ўн беш иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади;

стандарт талабларга мувофиқлиги 3-иловада кўрсатилган ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар билан тасдиқланган тиббий буюмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилади.

Давлат божхона қўмитаси (М.Б. Азимов) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, "Ўзстандарт" агентлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ортиқча тўсиқларга йўл қўймасдан республика ҳудудига олиб кириш устидан доимий назорат ўрнатсин.


13. Белгилаб қўйилсинки, мазкур Фармоннинг 3 ва 7-бандлари 26 та туман (шаҳар)ларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сон Фармонида, Сирдарё вилоятида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4890-сон қарорида белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда қўлланилиши мумкин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 5-иловага мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров ҳамда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.А. Азизов "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш, зарур бўлганда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш, шунингдек, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш аҳволи ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш юзасидан бевосита масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.


18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев, соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, унинг ўринбосарлари А.Ш. Иноятов, У.Ю. Собиров, Э.И. Баситханова, А.А. Азизов, А.В. Алимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.


19. Ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 майдаги

ПФ-6221-сон Фармонига

1-ИЛОВА


Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини

қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига

жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

1. Б.А. Мусаев

-

соғлиқни сақлаш вазири, Ишчи гуруҳи раҳбари

2. А.Ш. Иноятов

-

соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳи раҳбарининг ўринбосари

3. Э.М. Мухитдинов

-

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари

4. У.Ю. Сабиров

-

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

5. Ж.И. Абруев

-

молия вазири ўринбосари

6. А.Н. Каримов

-

адлия вазири ўринбосари

7. С.И. Исмаилов

-

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

8. У.Т. Мухамедов

-

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи

9. Б.Б. Азизов

-

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти директори

10. А.Ш. Бекмуродов

-

"Эл-юрт умиди" жамғармаси ижрочи директори

11. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари

12. М.М. Мўминов

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳи котиби

         

Изоҳ:

Ишчи гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Мутахассислар ишга жойлаштириладиган тиббиёт ташкилотларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари Ишчи гуруҳи таркибига жалб қилинади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 майдаги

ПФ-6221-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган

ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт

ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Ижромуддати


Масъул ижрочилар


1.

"Тиббиёт бригадалари"нинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш.

1. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлаш.


2021 йил

1 июнь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Молия вазирлиги (Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов)


2. "Тиббиёт бригадалари" фаолиятини йўлга қўйиш учун 10 мингта штатлар ажратиш.


2021 йил

1 июль


3. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишида "маҳаллабай" ёндашувни самарали ташкиллаштириш, жойларда тиббиёт ходимларига тизимли равишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш.


2021 йил

1 август

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)

2.

Ўрта тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини ривожлантириш.


1. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ўрта тиббиёт ходимларининг касбий малакаларига қўйиладиган талабларни ва уларнинг тиббиёт тизимидаги вазифалари ва функцияларини ўрганиш.


2. Ўрта тиббиёт ходимларининг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишлари ва лавозимларини қайта кўриб чиқиш.


3. Олий ва ўрта махсус тиббиёт таълим муассасаларининг ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш.


4. Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.


2021 йил

1 август


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошқулов)


3.

Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган койкалар фондини қайта кўриб чиқиш.


1. Республика бўйича Давлат бюджетидан молиялаштириладиган койкалар фондидан фойдаланиш самарадорлигини шифохоналар кесимида ўрганиш.


2. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган койкалар фондини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказиш бўйича шифохона кесимида йиллик истиқболли параметрларни (графикларни) ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2022-2023

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Молия вазирлиги (Ишметов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


4.

Бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи йўлланма (ордер) бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда такомиллаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси.


2021 йил

1 август


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Молия вазирлиги (Ишметов)


5.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали мутахассисларини марказдан тизимли асосда ҳудудларга жалб қилиш механизмини ишлаб чиқиш.


1. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассисларини шартнома асосида тиббий хизматлар кўрсатиш учун ҳудудларга жалб этиш амалиётини йўлга қўйиш.


2021 йил

1 июль


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


2. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун нархларни шакллантириш тартибини тасдиқлаш.


2021 йил

1 август

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Молия вазирлиги (Ишметов), Монополияга қаршикурашиш қўмитаси (Шорахметов)


6.

Оилавий шифокорларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва малакасини ошириб бориш.


Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ўз йўналишлари бўйича ҳудудлардаги оилавий шифокорларни қисқа муддатли курсларда ўқитишни ташкил этиш.


Режа-жадвалга

мувофиқ


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


7.

Олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун "Қишлоқ шифокори" дастурини самарали амалга ошириш чораларини кўриш.


1. Олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхатини тузиш ва талабгорларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқлаш.


2021 йил

1 июнь


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)

2. "Қишлоқ шифокори" дастури доирасида талабгорлар билан шартномалар имзолаш, уларга уй-жой ажратиш ва тегишли маблағлар тўланишини таъминлаш.


2022 йил

1 август

3. "Қишлоқ шифокори" дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш.


2021 йил

1 октябрь

ва 2022 йил

1 январь


8.

Хориждаги тиббиёт ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган катта илмий ва амалий тажрибага эга мутахассисларни мамлакатимиздаги тиббиёт ташкилотларида профессионал фаолият олиб боришига кўмаклашиш.


1. Хориждаги тиббиёт ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш ва унинг янгилаб борилишини таъминлаш.


2. Хориждаги мутахассисларни мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, яшаш жойи билан таъминлаш чораларини кўриш.


2021-2022

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Молия вазирлиги (Ишметов), "Эл-юрт умиди" жамғармаси (Бекмуродов), манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


3. Амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш.


Ҳар ярим йил

якуни бўйича


9.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тизимини такомиллаштириш.


Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартибини ахборот технологияларини кенг жорий қилишни назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.

Бунда, тиббиёт муассасаларида бевосита диагностика ва даволаш-профилактика фаолияти билан шуғулланаётган илмий даражаси мавжуд бўлган ёки, истисно тариқасида, соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига кўра илмий даражаси мавжуд бўлмасада, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга бир поғона юқори малака тоифаси беришга рухсат беришни назарда тутиш.


2021 йил

1 июль


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


10.

Республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини рўйхатга олиш ҳамда улар тўғрисида ягона электрон маълумотлар базасини яратишга йўналтирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда - Рўйхатга олиш ахборот тизими) жорий этиш.


1. Рўйхатга олиш ахборот тизимини ишлаб чиқишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра Рўйхатга олиш ахборот тизимини яратиш ва амалиётга жорий этиш учун Давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш.


2022 йил

1 январь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Молия вазирлиги (Ишметов)


11.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини рўйхатга олиш тизимини 2024 йилгача босқичма-босқич жорий этиш.


Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ID рақам бериш орқали рўйхатга олиш тизимини 2024 йилгача босқичма-босқич жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 ноябрь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


12.

Ҳудудлар учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш кўламини ошириш.

1. Клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квоталарини қайта кўриб чиқиш.


2021 йил

1 август


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


2. Ҳудудларда тор мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва клиник ординатурада ўқитиш учун маҳаллий бюджетлардан грантлар ажратиш.


2021/2022

ўқув йилидан

бошлаб


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


13.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда, шу жумладан қуйидагилар назарда тутилади:

нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимлари ягона комплекси доирасида тиббий ҳисобот топшириш механизмини такомиллаштириш;

қўшимча тиббий ихтисослик турини ёки нодавлат тиббиёт ташкилоти филиалини лицензиялашда унинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганиш, ўрганишларни фақат сўралаётган тиббий ихтисослик тури ҳамда ташкилот филиали қисмида ўтказиш;

тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиш (тугатиш).


2021 йил

1 июль


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


14.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини 2022-2025 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш.

Бунда, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш натижаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда халқаро экспертлар иштирокида келгуси йиллар учун устувор вазифаларни белгилашга алоҳида эътибор қаратиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2022 йил

1 январь


Вазирлар Маҳкамаси (Мусаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


15.

Даволаш-профилактика муассасалари, овқатланиш, меҳнат, коммунал хўжалиги ва бошқа йўналишлардаги санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш ва тубдан такомиллаштириш бўйича дастур қабул қилиш.


1. Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини халқаро стандартларгамувофиқлаштириш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилиш.


2021 йил

1 июль


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Санитария-эпидемиология хизмати (Юсупалиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов), Қурилиш вазирлиги (Закиров), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш.


2021 йил

1 сентябрь


3. Дастур лойиҳасини амалга ошириш.


2021 йил

1 октябрдан

бошлаб


            





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 майдаги

ПФ-6221-сон Фармонига

3-ИЛОВА



2021 йил 1 июндан бошлаб тиббий техника, тиббий

буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан

ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида

тан олинадиган хорижий ташкилотлар

РЎЙХАТИ


1. Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA), АҚШ.


2. Европа мувофиқлиги (СЕ) сертификатини беришга ваколатли органлар, Европа Иттифоқи.


3. Европа дори воситалари агентлиги (EMA), Европа Иттифоқи.


4. Фармацевтика ва тиббий буюмлар агентлиги (PMDA), Япония.


5. Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги (MFDS), Корея Республикаси.


6. Дори воситалари ва тиббий буюмлар назорати агентлиги (MHRA), Буюк Британия.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 майдаги

ПФ-6221-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатининг 10-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

10.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ваколатига кирадиган масалалар бўйича:

уч ойда кўпи билан бир маротаба - умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи, шу жумладан озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда истеъмолчиларни водопровод суви билан таъминлайдиган, оқова сувларни чиқариб ташлайдиган;

олти ойда кўпи билан бир маротаба - қонун ҳужжатларига кўра ходимлари тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган, шу жумладан сартарошхона ва косметология хизматларини кўрсатувчи;

бир йилда кўпи билан бир маротаба - аҳолига диагностика, даволаш-профилактика хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Санитария-

эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати

10 кундан ошмаган ҳолда

".

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сон Фармони 1-илованинг 12-позицияси чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сон Фармонида:


а) 3-банд қуйидаги таҳрирдаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг раҳбарларига, зарур ҳолларда харажатлар сметасида кўзда тутилган маблағларни бюджет таснифининг харажатлар гуруҳлари ўртасида мустақил қайта тақсимлаш ваколати берилади";

саккизинчи - ўн биринчи хатбошилар тегишинча тўққизинчи - ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 6-банднинг учинчи хатбошисидан "тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва" сўзлари чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги "Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6208-сон Фармонининг 4-банди чиқариб ташлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тиббиёт ташкилотлари учун тақиқланган, аҳолининг ҳаёти, соғлиги ва санитария-эпидемиологик хотиржамлиги учун юқори даражадаги хавф-хатар билан боғлиқ тиббий фаолиятнинг айрим турлари рўйхатининг 2-бандидан "тери-таносил" сўзлари чиқариб ташлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги "Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4007-сон қарорида:


а) 5-банди "а" кичик бандида:

учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисобварақларида жамланадиган пуллик ўқиш контрактлари бўйича тушумлар, шунингдек, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг пуллик тушумлари миқдорининг 5 фоизи;

тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

бешинчи хатбошисида "20 фоизи" сўзларидан кейин "шунингдек, тиббий фаолиятни лицензиялаш учун ундириладиган йиғимлар" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 6-банд "а" кичик бандида:

олтинчи хатбошида "хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш" сўзлари "маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда консалтинг ташкилотларини жалб қилиш" сўзлари билан алмаштирилсин;

еттинчи хатбошида "олий" сўзидан кейин "ва ўрта" сўзлари билан тўлдирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги "Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4695-сон қарорининг 1-5-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги "Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4742-сон қарорига илова қуйидаги мазмундаги 68-банд билан тўлдирилсин:

"68. Ҳамширалик иши.".


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 октябрдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4847-сон қарорида:


а) 4-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Соғлиқни сақлаш вазирига, зарур ҳолларда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий органлари, шунингдек, идоравий ташкилотларининг тузилмаларига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин";


б) 6-банднинг саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


в) 7-бандда:

иккинчи хатбошидаги "2020 йил 1 ноябрдан" сўзлари "2021 йил 1 июндан" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4890-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг 28-бандида "2 йилдан 5 йилгача - 0,1, 5 йилдан 10 йилгача - 0,2, 10 йилдан 15 йилгача - 0,3, 15 йилдан 20 йилгача - 0,4, 20 йилдан 25 йилгача - 0,5, 25 йилдан юқори - 0,6" сўзлари "1 йилдан 3 йилгача - 0,3, 3 йилдан 5 йилгача - 0,6, 5 йилдан 10 йилгача - 0,8, 10 йилдан 15 йилгача - 1,0, 15 йилдан 20 йилгача - 1,2, 20 йилдан юқори - 1,5" сўзлари билан алмаштирилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги "Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4940-сон қарорида:


а) 1-банднинг учинчи хатбошисидан "тиббий олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва" сўзлари чиқариб ташлансин;


б) 2-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"мазкур қарорда назарда тутилган бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлардан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда таълим муассасаларига ишга қабул қилинган олий маълумотли бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар ва мутахассислар, шунингдек, олий таълим муассасасининг бакалавриати ёки магистратурасини (таълим шаклидан қатъи назар - кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек, иккинчи мутахассислик) тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга";


в) 7-банд "мутахассислар" сўзидан кейин "ва (ёки) тиббиёт ходимлари" сўзлари билан тўлдирилсин.


12. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-банди:


а) қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"15 иш куни - тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиладиган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмлари";

иккинчи-ўнинчи хатбошилар тегишинча учинчи-ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган дори воситалари ва "in vitro" ташхис тиббий буюмлари, тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиладиган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан ўтказишда лаборатория синовлари ўтказилмайди".


13. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-илованинг 22-позицияси "Тоифаларнинг номланиши" устуни "мутахассислар" сўзидан кейин "ва (ёки) тиббиёт ходимлари" сўзлари билан тўлдирилсин.


14. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 ноябрдаги 917-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига кирадиган давлат мақсадли жамғармаларининг рўйхати қуйидаги мазмундаги 19-банд билан тўлдирилсин:

"19. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси".


15. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 августдаги "Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 461-сонли қарорининг 9 ва 10-бандлари чиқариб ташлансин.


16. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Болалар миллий тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 523-сон қарорида:


а) 5-банднинг иккинчи хатбошиси "республика болалар тиббиёт муассасалари" сўзларидан кейин "ва ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 6-банд қуйидаги таҳрирдаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"лаборатория, радиология, нуклеар тиббиёт ва гемодиализ хизматларини ижара ҳамда аутсорсинг механизмларини қўллаш орқали тажрибали нодавлат тиббиёт ташкилотларига бериш";

учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


в) 10-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"республика болалар тиббиёт муассасалари ва ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари томонидан бериладиган йўлланмаларга (ордерларга) асосан табақалаштирилган тарифлар асосида Марказ томонидан кўрсатилган тиббий хизматлар қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши таъминласин".


17. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 583-сон қарорида:


а) 2-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Белгилансинки, 2021 йил 1 июндан эътиборан:

врачларга 15 миллион сўм, бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига 10 миллион сўм, провизор-фармацевт ходимларга 6 миллион сўм, дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига 4 миллион сўм ва бошқа ходимларга 2,5 миллион сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) кунлик тарзда ишлаш шароитига ўтказилган ҳолда ҳар 30 кунлик давр учун кунига 8 соатдан кам бўлмаган иш юкламасини инобатга олган ҳолда бир ойда бир маротаба тўланади;"


б) 3-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


в) 7-банд чиқариб ташлансин;


г) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати ҳудудий бошқармалари коронавирус инфекциясига қарши курашиш даврида тиббиёт муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши, шу жумладан, жалб қилинган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларининг тўғри ва тўлиқ тўланиши устидан тизимли назорат ўрнатсин";


д) 1-иловада:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ходимларга махсус тўловлар (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи билан бирга), шунингдек, улардан тўланадиган ижтимоий солиқ 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан (кейин ўринларда - Инқирозга қарши курашиш жамғармаси) ва 2021 йилда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади";


б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ходимларга иш ҳажмидан келиб чиқиб, кунбай ишлаш шароитига ўтказилган ҳолда ҳар 30 кунлик давр учун иш юкламасини инобатга олган ҳолда ҳар ойлик иш фаолияти якуни бўйича қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус тўлов белгиланади:

врач ходимларга, врач-лаборантларга - 15 миллион сўм;

бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга - 10 миллион сўм;

провизор-фармацевт ходимларга - 6 миллион сўм;

дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига - 4 миллион сўм;

бошқа ходимларга - 2,5 миллион сўм.


в) 6-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ходим томонидан 30 кун давомида бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб иш соатларига нисбатан мутаносиб равишда, бироқ тегишли лавозимлардан келиб чиқиб кўпи билан 2,5 миллион сўм, 4 миллион сўм, 6 миллион сўм, 10 миллион сўм ва 15 миллион сўм миқдорида тўланади".


18. Ушбу илованинг:


7, 10, 15 ва 17-бандлари 2021 йил 1 июндан;


8-банди 2021 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 майдаги

ПФ-6221-сон Фармонига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

2021 йил 1 июндан ўз кучини йўқотган деб

ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сон "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июлдаги "Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 446-сон қарори.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 май


"Халқ сўзи", 2021 йил 6 май



















































Время: 0.1918
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск