ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / ТАТУ /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.05.2021 й. 288-сон "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.05.2021 й.

N 288




АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ СОҲАСИДА

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш;

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг (кейинги ўринларда - Университет) Ахборот-ресурс марказида "Рақамли кутубхона" ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, замонавий талабларга жавоб берадиган ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илғор технологиялар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш жараёнида ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш ҳамда илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълимнинг кредит-модуль тизими асосида ташкил қилиш;

илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

Филиалга бириктирилган информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблар фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш;

аҳолининг барча қатламларида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида дастурлаш, робототехника, "Буюмлар интернети", сунъий интеллект технологияларини қўллаш ва ўрганиш.


3. Университет ҳузурида фаолият юритувчи, олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйичакадрлар тайёрлайдиган техникумлар (кейинги ўринларда - Техникумлар) иловага мувофиқ ташкил этилсин.


4. Мазкур қарорга иловада белгиланган таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари Вазирликка оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилсин ҳамда Техникумларнинг моддий-техник воситалари ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашга оид ўқув устахона жиҳозлари белгиланган тартибда топширилсин.

Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорга иловада назарда тутилган таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари берилиши ҳамда бошқа моддий-техника воситаларининг топширилиши ва қабул қилинишини таъминласин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал ва Техникумлар юридик шахс мақомига эга Университетнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланади;

Филиал ва Техникумларда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;

Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Филиал фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур сақлаш харажатлари, шу жумладан маъмурий бошқарув, техник ва ўқув-ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Вазирликка ажратилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

Техникумларда таълим дастурлари Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи 5-даражаси асосида ташкил этилади;

Техникумларга 2020/2021 ўқув йилида қабул қилинган ўқувчилар белгиланган тартибда амалдаги таълим дастурлари бўйича мазкур техникумларнинг бино ва иншоотларида ўқишни якунлайди;

Филиалга 2 та, шу жумладан 1 та хизмат ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилади.


6. Қуйидагилар:

а) Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

б) Техникумларни жорий сақлаш, уларнинг фаолият юритиши, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш ҳамда "Рақамли кутубхона"ни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлик ҳамда Университет ва унинг ҳудудий филиалларининг бюджетдан ташқари маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


7. Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Филиал ҳамда Тошкент вилояти ахборот технологиялари техникуми биносини қуриш учун ер майдонини Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри "Nurafshon business city" ҳудудидан белгиланган тартибда ажратсин;

Филиалга фаолият юритиш учун бошқа ҳудудлардан таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан, шу жумладан 4 та икки хонали хизмат уйи билан таъминласин.


8. Вазирлик ва Тошкент вилояти ҳокимлиги 2022/2023 ўқув йилига қадар Филиалнинг замонавий ўқув биноси, спорт зали ва талабалар турар жойи биноси ҳамда Тошкент вилояти ахборот технологиялари техникуми ўқув биносининг қуриб битказилишини таъминласин.


9. Филиал ва Тошкент вилояти ахборот технологиялари техникумининг ўқув бинолари қуриб битказилгунига қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўртачирчиқ тумани 2-сон касб-ҳунар мактабининг ўқув биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2021/2022 ўқув йили бошлангунига қадар Техникумларнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўрсин.


11. Вазирлик:

а) икки ҳафта муддатда Филиални юқори малакали педагог кадрлар билан тўлдириш учун республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича мақсадли қабул параметрларига таклифларни белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этсин;

б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда Филиал ва Техникумларнинг уставларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Филиал ва Техникумларни олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотларининг катта амалий тажрибага эга мутахассисларидан иборат бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш;

Филиал ва Техникумларни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари ва илғор компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда унинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Филиал ва Техникумлар профессор-ўқитувчиларининг республика ва хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот марказларида, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ишлаб чиқариш ташкилотларида даврий равишда стажировкасини ташкил этиш;

Филиал ва Техникумларнинг ахборот-ресурс марказини ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан тўлдириб бориш чораларини кўрсин.

в) Тошкент вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили бошлангунига қадар соҳанинг инновацион ривожланишдаги истиқболларини инобатга олган ҳолда Филиалда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш, унинг моддий-техник базасини шакллантириш, замонавий ўқув адабиётлари, лаборатория ва ишлаб чиқариш тренажёрлари билан бутлаш чораларини кўрсин;

г) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассисларини дарс жараёнларига жалб этсин;

профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий-тадқиқот институтлари ҳамда етакчи ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланиши учун тегишли шарт-шароитлар яратсин;

д) "Рақамли кутубхона"ни 2022 йил 1 сентябрга қадар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид замонавий миллий ва хорижий маълумотлар базаларига, уларда маълумотлар қидириш имконини яратган ҳолда, уланишини таъминласин.


12. Вазирлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ахборот технологиялари соҳасидаги иш берувчи ташкилотларни Техникумларга бириктириш ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи "йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин:

Техникумларда ўқувчиларни, шу жумладан ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш бўйича корхоналарнинг йиллик тармоқ буюртмасини;

Техникумларда Университет ва унинг филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ҳамда тегишли олий таълим муассасаларининг талабаларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан масофавий ўқитиш орқали ўқув машғулотларини ўтказишга кўмаклашиш.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ва Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 7 майдаги

288-сон қарорига

ИЛОВА



Ахборот технологиялари ва коммуникациялари

йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган

янги ташкил этилаётган техникумлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Техникум номи


Техникумлар ташкил этилаётган бино ва иншоот


1.

Қорақалпоғистон Республикаси Agro IT техникуми


Нукус шаҳри, Тўрткўл гузари кўчаси (Нукус компьютер лингвистикаси техникуми)


2.

Андижон ахборот технологиялари техникуми


Андижон тумани, "Хартум" ҚФЙ, "Исломобод" МФЙ, Исломобод кўчаси, 163-уй (Андижон машинасозлик техникуми)


3.

Бухоро ахборот технологиялари техникуми


Шофиркон тумани, "Искогаре" ҚФЙ (Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқув полигони)


4.

Жиззах ахборот технологиялари техникуми


Фориш тумани, Файзобод кўчаси, 25- уй (Жиззах давлат педагогика институти ўқув палигони)


5.

Қашқадарё ахборот технологиялари техникуми


Нишон тумани, "Янги Нишон" ҚФЙ (ТАТУ Қарши филиали ўқув палигони)


6.

Навоий ахборот технологиялари техникуми


Кармана тумани, Жалойир маҳалласи, Қуйибуғ қишлоғи, 57-уй (Кармана саноат ва иқтисодиёт техникуми)


7.

Сирдарё ахборот технологиялари техникуми


Сайхун шаҳарчаси, Равонлик шоҳ кўчаси, 49-уй (Гулистон давлат университети ўқув полигони)


8.

Сурхондарё ахборот технологиялари техникуми


Ангор тумани, Юқори Хўжақия маҳалласи, 34-уй (Ангор иқтисодиёт ва тадбиркорлик техникуми)


9.

Тошкент вилояти ахборот технологиялари техникуми


Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани, "Навоий" ҚФЙ, Янгиҳаёт маҳалласи, Ибн Сино кўчаси (Ўртачирчиқ тумани 2-сон касб-ҳунар мактаби)*


10.

Фарғона ахборот технологиялари техникуми


Қўқон шаҳар, Гузар кўчаси, 2-уй (Қўқон ноширлик ва ахборот технологиялари техникуми)


11.

Урганч ахборот технологиялари техникуми


Урганч шаҳар, Тинчлик кўчаси, 6-уйда жойлашган бинонинг 3- ва 6-блоклари (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг оператив бошқарувида)


             

Изоҳ. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


*) 2021/2022 ўқув йилида Ўртачирчиқ тумани 2-сон касб-ҳунар мактабига вақтинчалик жойлаштирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 май














































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск