ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 04.05.2021 й. 271-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 4 майдаги

271-сон қарорига

2-ИЛОВА


Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан

имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий

ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш

бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда - Регламент) автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича фаолият юритувчи ўқув ташкилотларини тугатган ҳайдовчиликка номзодлар ёки қонунчилик ҳужжатларида имтиҳон топшириши назарда тутилган ҳайдовчилар (кейинги ўринларда - ариза берувчи)дан имтиҳон қабул қилиш ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали мурожаат қилинганда давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ариза берувчидан имтиҳон қабул қилиш (кейинги ўринларда - давлат хизмати) ЯИДХП орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда - ДЙҲХХ) органлари ёки автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда - тадбиркорлик субъектлари) томонидан кўрсатилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш, алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш ЯИДХП орқали ДЙҲХХ органлари ёки Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилади.


3. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси - Ўзбекистон Республикаси фуқароларига белгиланган тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ва эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати ҳисобланади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ариза берувчига 10 йил муддатга берилади.

Ариза берувчилар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2022 йил 12 апрелдаги 177-сон қарорига мувофиқ бириктирилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига эга бўлишлари зарур.


4. Давлат хизматларини кўрсатиш ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схема бўйича кўрсатилади.



2-БОБ. АРИЗА БЕРУВЧИДАН ИМТИҲОН ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ҲАМДА МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ва ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.


6. Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатиладиган хизмат турларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасалари ҳамда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда - Низом) талаблари асосида сўровномани тўлдириш жараёнида автоматик тарзда белгиланади.

Сўровномага талаб этиладиган ҳужжатларнинг сканер қилинган "PDF" шаклидаги нусхалари илова қилинади.

Ариза берувчи келгусида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда ўз ихтиёрига асосан идентификацияловчи ID-карта (кейинги ўринларда - ID-карта) ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) бош бармоқ изи маълумотидан фойдаланишига рухсат берилади. Агар ариза берувчи ID-карта ёки биометрик паспортга (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳам) эга бўлмаса, ўзининг имзо намунасини электрон шаклда (компьютер ёки мобил телефон орқали) тақдим этади.


7. Сўровнома тўлдирилиб, тегишли ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинганидан сўнг ариза берувчи маълумотлар тўғрилигини текширади ва имзони идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқлайди.

Сўровномалар ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, йигирма тўрт соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда, сўровномалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни сўровнома қабул қилинган кун деб ҳисобланади.


8. Давлат хизматлари кўрсатилиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда - БҲМ) 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганлиги учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи ундирилади.

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Бунда, ундирилган йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағига;

38,75 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.


9. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган ёки маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган тақдирда, зарур ҳужжатлар илова қилинмаганда шунингдек, давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўланмаганда, сўровнома автоматик равишда рад этилади ҳамда бу ҳақида ариза берувчига онлайн режимида автоматик тарзда электрон жавоб қайтарилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.


10. Ариза берувчи томонидан киритилган барча ҳужжатлар ЯИДХП орқали реал вақт режимида автоматик тарзда ариза берувчи танлаган тегишли ДЙҲХХ органига ёки ушбу ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектига юборилади.

Сўровномада миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштирадиган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ариза берувчи томонидан кўрсатилади.

Ариза берувчи унинг аризаси ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти томонидан электрон журналда рўйхатга олингунга қадар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортиш ва тўланган йиғим суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ариза электрон журналда рўйхатга олинганидан сўнг давлат хизматларидан фойдаланиш рад этилганда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Ариза берувчи томонидан ДЙҲХХ органида имтиҳон топшириш назарда тутилганда имтиҳонларда қатнашиш учун қуйидаги миқдорда тўловлар амалга оширилади:

назарий имтиҳон топшириш учун - БҲМнинг 10 фоизи миқдорида;

ҳар бир қайта назарий имтиҳон топшириш учун - БҲМнинг 15 фоизи миқдорида;

автомототранспорт воситаларини, шу жумладан, транспорт воситалари таркибини амалий бошқаришда имтиҳон топшириш учун - БҲМнинг 10 фоизи миқдорида;

ҳар бир қайта амалий бошқаришда имтиҳон топшириш учун - БҲМнинг 15 фоизи миқдорида.

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Ариза берувчи томонидан тадбиркорлик субъектида имтиҳон топшириш назарда тутилганда имтиҳонларда қатнашиш учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланади.


11. ДЙҲХХ органининг ёки тадбиркорлик субъектининг масъул ходими бир иш кунида имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан:

а) келиб тушган электрон сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри тўлдирилганлиги ва тўлиқлигини, шунингдек, тегишли тўловларнинг тўланганлигини текширади;

б) ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ бўлган тақдирда, уларни алоҳида электрон журналга киритади ҳамда ариза берувчининг назарий имтиҳонга қўйилганлигини қайд этади.

Бунда, келиб тушган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни электрон журналга киритиш рад этилиб, бу ҳақида ариза берувчига ЯИДХП орқали QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ва масъул ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланган хабарнома юборилади ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан батафсил тушунтириш берилади.

Ариза берувчи унинг сўровномаси рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномани олган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида ҳужжатлардаги камчиликларни тўғрилаб, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўламаган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда, ЯИДХП орқали ушбу бандда кўрсатилган муддатларда такрорий мурожаатни тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига юборади;

в) келгуси ўн иш куни ичида назарий имтиҳон топширишнинг аниқ санаси ва вақти, шунингдек, имтиҳон топшириладиган тегишли ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти кўрсатилган хабарномани расмийлаштиради ҳамда уни QR-код (матрик штрихли код) ва ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланган ҳолда ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.


12. Ариза берувчи имтиҳон топшириш юзасидан:

а) ҳайдовчиликка номзодлар шахсини тасдиқловчи ва сўровномага илова қилинган ҳужжатларнинг асли билан бирга хабарномада кўрсатилган тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонда қатнашиш учун етиб келиши лозим, бундан қонунчиликда назарий имтиҳон топшириш талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.

Ариза берувчи узрли сабабларсиз белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаган ёки тегишли ҳужжатларнинг аслини тақдим этмаган тақдирда, имтиҳонни қабул қилувчи масъул ходим назарий имтиҳон ўтказилмаганлиги ҳақидаги хабарномани шу куннинг ўзида электрон аризаларни кўриб чиқиш учун масъул ходим (иш жойи)га юборади.

Масъул ходим ариза берувчининг белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаганлиги ёки тегишли ҳужжатларнинг аслини ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига тақдим этмаганлиги сабабли имтиҳонга қўйилиши рад этилганда, узрли сабабларни тасдиқловчи ҳужжатлар 10 иш куни ичида тақдим этилган тақдирда, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланмаган ҳолда имтиҳон қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ва ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда бир иш куни ичида ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон шаклда хабарнома юборади.

Ариза берувчи узрли сабабларга кўра белгиланган вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаганлиги ёки тегишли ҳужжатларнинг асли тақдим этилмаганлиги ҳақидаги маълумот рад этилишини тасдиқлай олмаса, унинг сўровномаси рад этилади. Бунда, ариза берувчи ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган йиғим суммасини тўлаган ҳолда давлат хизматларидан такроран фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

б) ариза берувчи ДЙҲХХ органида ёки тадбиркорлик субъектида инсон омилини истисно этувчи назарий имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали белгиланган тартибда назарий имтиҳондан ўтган тақдирда, унга дарҳол имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали автоматик тарзда амалий имтиҳонга рухсат берилади ҳамда икки ойлик муддат ичида амалий имтиҳонни топшириши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади.

Ариза берувчи назарий имтиҳондан ўтмаган тақдирда, унга дарҳол имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали автоматик тарзда етти календарь кун ўтганидан сўнг назарий имтиҳонни такроран топшириши мумкинлиги ҳақида маълумот берилади.

Ушбу муддат ўтмагунга қадар имтиҳонларни қабул қилиш тизими томонидан ариза берувчига назарий имтиҳонни топширишга такроран рухсат берилмайди. Келгуси назарий имтиҳонни топширишда ариза берувчи имтиҳондан ўтмаган тақдирда ҳам имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда шу жараённи такрорлайди. Бунда, назарий имтиҳонларни такроран топшириш сони чекланмайди;

в) ариза берувчи инсон омили аралашмаган ҳолда (Низомда белгиланган алоҳида ҳоллар бундан мустасно) сунъий онг орқали баҳоланадиган фақат махсус ташкил этилган автодромда белгиланган вақтда амалий имтиҳонларни топширади.

Ариза берувчи назарий имтиҳонни топширганидан сўнг икки ой муддат ичида амалий имтиҳонни топшириши лозим. Бунда, имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда амалий имтиҳонни такроран топшириш вақтини етти календарь кундан кейинги кунларга белгилайди. Агар ариза берувчи икки ой муддатда амалий имтиҳонни топшира олмаса, имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда уни яна назарий имтиҳон топширишга қайтаради.

Назарий ва амалий имтиҳонларни қайта топшириш ушбу Регламент ва Низомда назарда тутилган тартибда қайта топширилади.


13. Ариза берувчининг автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширганлиги ҳақидаги маълумотлар уни ўтказувчи ДЙҲХХ органлари ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан имтиҳонлар топширилган вақтнинг ўзида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимига (кейинги ўринларда - Тизим) киритилади.

Ариза берувчига ЯИДХП орқали миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун мазкур Регламентнинг 14-бандида белгиланган йиғимни тўлаш бўйича тўлов инвойси электрон равишда юборилади.


14. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


15. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.


16. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришнинг ҳар қандай босқичида хизматдан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.


17. Ариза берувчи хоҳишига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда, почта ҳаракатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.

Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.


18. Сўровнома унда кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб тушгандан сўнг ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими уни 2 иш соати давомида кўриб чиқади.

Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) рақамли суратидан фойдаланишига рухсат беради ёки ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб суратга тушади.

ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими сўровномадаги маълумотларни Тизимдаги маълумотлар билан солиштиради. Бунда, ариза берувчининг автомототранспорт воситаларини бошқариш тоифаси ҳақидаги маълумотлар миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси бланкасига автоматик жойлаштирилади ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси нашрга берилади ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёр бўлганлиги ҳақида ариза берувчи ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.


19. Қуйидаги ҳолларда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш рад қилинади:

ариза берувчи томонидан сўровномада кўрсатилган маълумотлар нотўғри эканлиги аниқланганда;

ариза берувчининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича амалий ҳамда назарий имтиҳонни муваффақиятли топширганлик факти тасдиқланмаганда;

ариза берувчи томонидан тегишли йиғим тўланмаганда.


20. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш рад этилган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


21. Ариза берувчи сўровномада миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг почта алоқаси орқали етказиб берилишини кўрсатган бўлса, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими нашр қилинган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизмати ходимига беради.

Агар сўровномада почта хизматидан фойдаланиш назарда тутилмаган бўлса, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.


22. Почта хизмати ходими тайёр бўлган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олгандан сўнг, ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган манзилга (Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида бир иш куни, қолган ҳудудларда икки иш куни ичида) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб беради.


23. Ариза берувчи билан телефон орқали келишилган вақтда ариза берувчи ушбу манзилда бўлмаса, ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини ушбу ҳудуддаги почта алоқаси бўлимидан ўн иш куни давомида олиши мумкин.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда ариза берувчи томонидан олиб кетилмаса, почта хизмати ходими миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини уни расмийлаштирган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади. Бунда, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.

Бунда, почта хизмати учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.



3-БОБ. МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

АЛМАШТИРИШ ВА ЙЎҚОЛГАНИ ЎРНИГА

ЯНГИСИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


24. Ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарганда, шунингдек, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ҳамда йўқолгани ўрнига янгисини олиш учун ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки мустақил тарзда ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

ҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими томонидан тақдим этилган исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарган шахслар ҳақидаги маълумотлар Тизимда ўзаро солиштирилади. Бунда, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар ЯИДХПдаги шахсий кабинетига ёки уларнинг мобил-ID тизимида идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича хабарнома юборилади.


25. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.

Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришида ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) бош бармоқ изи маълумотидан фойдаланишига рухсат берилади. Агар ариза берувчи ID-карта ёки биометрик паспорт (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳам) эга бўлмаса, ўзининг имзоси намунасини электрон тарзда (компьютер ёки мобил телефон орқали) тақдим этади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича:

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг расми (орқа ҳамда олд томони);

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони);

б) йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича:

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва/ёки талонининг расми (орқа ҳамда олд томони) (мавжуд бўлса).

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун фақат сўровнома тўлдирилади.

Ариза берувчи йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янги гувоҳнома олиш учун мурожаат қилганда унинг автомототранспорт воситасини бошқаришга бўлган ҳуқуқи мавжудлиги ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилмаганлиги Тизимда тасдиқлангандан сўнг унга шу вақтнинг ўзида тўлов инвойси тақдим этилади.

Агар ариза берувчининг йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар Тизимда аниқланмаганда ариза берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича Низом асосида ДЙҲХХ органларига умумий тартибда мурожаат қилади.


26. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва уни янгисига алмаштириш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


27. Йиғимлар миқдори ушбу Регламентнинг 15-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.


28. Ариза берувчи хоҳишига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда, почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.

Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.


29. Сўровнома унда кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб тушгандан сўнг, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими уни 2 иш соати давомида кўриб чиқади.

Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) рақамли суратидан фойдаланишига рухсат берилади ёхуд ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб суратга тушади.

ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими сўровномадаги маълумотларни Тизимдаги маълумотлар билан солиштиради ва маълумотлар тўғри бўлганда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини нашрга беради ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёр бўлганлиги ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни рад этади.

Ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарганлиги "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали аниқланади.


30. Қуйидагилар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини беришни рад этиш учун асос бўлади:

миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар Тизимда тасдиқланмаганлиги ёки ариза берувчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги (йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича);

сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги;

давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;

илова қилишини лозим бўлган ҳужжатларнинг сўровномага илова қилинмаганлиги (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича).

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини беришни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.


31. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини бериш рад этилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


32. Ариза берувчи сўровномада янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг почта алоқаси орқали етказиб берилишини кўрсатган бўлса, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими босма миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизмати ходимига беради.

Агар сўровномада почта хизматидан фойдаланиш назарда тутилмаган бўлса, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.


33. Почта хизмати ходими тайёр миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олгандан сўнг ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган манзилга (Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида бир иш куни, қолган ҳудудларда 2 иш куни ичида) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб беради.

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда почта хизмати ходими эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талонини ариза берувчидан қабул қилиб олади ва уларни ушбу ҳудудга энг яқин ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бошқасига алмаштириш ҳамда ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгариши сабабли янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси олинганда, мавжуд ҳайдовчилик гувоҳномаси ариза берувчининг ўзида қолдирилади.


34. Почта хизмати ходими ариза берувчи билан телефон орқали келишилган вақтда ариза берувчи ушбу манзилда бўлмаса, ариза берувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳнома ҳамда унинг талони ҳам) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини ушбу ҳудуддаги почта алоқаси бўлимидан ўн иш куни давомида олиши мумкин.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда ариза берувчи томонидан олиб кетилмаса, почта хизмати ходими миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини уни расмийлаштирган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади. Бунда, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳнома ҳамда унинг талони ҳам) сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.

Бунда, ушбу ҳолатда почта хизмати учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Ариза берувчи тайёр бўлган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини қабул қилиб олмаган тақдирда, унинг гувоҳномаси архивда икки йилгача сақланади.

Сақлаш муддати ўтиб кетган тақдирда, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда йўқ қилинади.


36. Ҳужжатлар алмашинувида иштирок этувчи органлар ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди.


37. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат ва мониторингни амалга оширади.


38. ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходимлари ва мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан

имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий

ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш

бўйича давлат хизматларини кўрсатиш

СХЕМАСИ

          

       

Босқичлар

     


      

Субъектлар

     


       

Тадбирлар

      


       

Муддатлар

       








I. АРИЗА БЕРУВЧИДАН АВТОМОТОТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ МИЛЛИЙ

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ ОЛИШ УЧУН НАЗАРИЙ

ВА АМАЛИЙ ИМТИҲОНЛАРНИ ОЛИШ








1-босқич


Ариза берувчи


             

1. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда - ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.


2. Тегишли ҳужжатлар ва уларнинг электрон шаклини жамлайди.


3. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ва тасдиқлайди.


4. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди.



Хоҳишига кўра

















2-босқич


ЯИДХП


Сўровномани тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига жўнатади.


      

Автоматик равишда

        











3-босқич


ДЙҲХХ органи ёки

тадбиркорлик субъекти


            

1. Тушган сўровнома ва илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини ҳамда тўловларнинг тўланганлигини текширади.


2. Ҳужжатларни алоҳида электрон журналга киритади.


3. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича хабарномани шакллантириб, уни ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига жўнатади.

        


1 кун ичида














4-босқич


ДЙҲХХ органи ёки

тадбиркорлик субъекти


Ҳайдовчиликка номзоддан назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилади.


       

Хабарномада

белгиланган сана

ва вақтда

        











II. МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ








5-босқич


Ариза берувчи


      

Назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширгандан сўнг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича белгиланган йиғимни тўлайди.

         


Хоҳишига кўра











6-босқич


       

ДЙҲХХ органи ёки

Давлат хизматлари

маркази

       


Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ва ариза берувчига тақдим этади ёки уни почта хизмати орқали ариза берувчининг манзилига юборади.


2 иш соати ичида











III. МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

АЛМАШТИРИШ ВА ЙЎҚОЛГАНИ ЎРНИГА

ЯНГИСИНИ БЕРИШ








7-босқич


Ариза берувчи


       

1. ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.


2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ва тасдиқлайди.


3. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди.

         


Хоҳишига кўра














8-босқич


ДЙҲХХ органи ёки

Давлат хизматлари маркази


           

Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ва ариза берувчига тақдим этади ёки уни почта хизмати орқали ариза берувчининг манзилига юборади.

Тақдим этилган маълумотларда нотўғри ёки хато маълумотлар аниқланганда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришни рад қилади.

        


2 иш соати ичида




           





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан

имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий

ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

           

           

I. АРИЗА БЕРУВЧИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ:

ИМТИҲОН ТОПШИРИШ УЧУН

         

1. Фамилияси:



2. Исми:



3. Отасининг исми:



4. ЖШ ШИР:



5. Телефон рақами:



6. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса):



7. Нечанчи марта имтиҳон топшириши:



8. Қайси турдаги автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича имтиҳон топшириши:



9. Ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқиган ўқув муассасаси номи ва жойлашган тумани (шаҳар):



10. Имтиҳон топшириш ҳудуди:



11. Ногиронлиги (кар ёки кар-соқов ва бошқалар) тури:



12. Трамвай, троллейбусни бошқариш бўйича имтиҳон топшириш:



13. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштириладиган жой:



14. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб бериш манзили:



15. Хизмат натижасини олиш усули:


ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда


Почта хизмати орқали


        

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш

ёки йўқолгани ўрнига янгисини олиш учун

        

1. Фамилияси:



2. Исми:



3. Отасининг исми:



4. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб бериш манзили:



5. ЖШ ШИР:



6. Телефон рақами:



7. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса):



8. Хизматдан фойдаланиш сабаби:


миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш


йўқолгани ўрнига янгисини олиш


9. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг тоифаси (алмаштириш бўйича):



10. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олинадиган ёки алмаштириладиган жой:



11. Хизмат натижасини олиш усули:


ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда


Почта хизмати орқали


          

II. СЎРОВНОМАГА ИЛОВА:

         

а) эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича:

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг расми (орқа ҳамда олд томони);

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони);

б) йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича:

эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони) (мавжуд бўлса).


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 май

















































Время: 0.0248
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск