Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат /

Қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2021 й. 321-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 20 майдаги

321-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қурилиш объектларида муаллифлик ва техник

назорат олиб бориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қурилиш объектларида буюртмачи хизмати томонидан объектларда қурилиш ишлари бўйича муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари молиялаштириш манбаидан қатъи назар, қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назоратни ташкил этишда мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


муаллифлик назорати - объектларда қурилиш - монтаж ишларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлигига доир устидан шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан амалга ошириладиган назорат;


техник назорат - буюртмачи хизмати томонидан объектларда қурилиш- монтаж ишларини бажаришда ва қабул қилишда қурилиш соҳасида олиб бориладиган умумий назорат;


қурилишни ташкил этиш лойиҳаси - лойиҳанинг таркибий қисми бўлиб, унда қурилишнинг умумий давомийлиги ва оралиқ муддатлари, капитал маблағлар ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларининг тақсимланиши, моддий-техник ресурслар ва уларни қоплаш манбалари, қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг асосий усуллари ва объект қурилишини бошқариш тузилмаси белгиланади;


ишларни бажариш лойиҳаси - қурилиш-монтаж ишлари технологиясини, бажариш муддатлари ва ресурслар билан таъминлаш тартибини белгилаб берувчи лойиҳа бўлиб, бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмларини қуришга доир ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда асосий раҳбарлик ҳужжати сифатида хизмат қилади.



3-БОБ. МУАЛЛИФЛИК НАЗОРАТИ


3. Буюртмачи хизмати қурилиш ишлари бўйича муаллифлик назоратини (кейинги ўринларда - муаллифлик назорати) шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан қурилиш ишлари бутун даври давомида амалга оширилишини таъминлайди. Бунда шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчи қурилишда муаллифлик назоратини юритиш бўйича ўз ваколатини бошқа лицензияланган шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчига шартнома асосида топшириши мумкин.


4. Буюртмачи хизмати мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатий назар, объект қурилиши тегишлилиги бўйича объект жойлашган ҳудуддаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилгунга қадар лойиҳачи ташкилот билан объект қурилиши бўйича муаллифлик назорати олиб бориш тўғрисида шартнома тузиши шарт.

Башарти муаллифлик назорати олиб бориш бўйича шартнома тузилмасдан объектда қурилиш ишлари бошланганлиги аниқланса, буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилот амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.


5. Муаллифлик назоратини амалга ошириш қиймати қурилиш объектининг мураккаблик, хавфлилик даражалари ва объектга бориш мунтазамлигидан келиб чиқиб ҳисобланади ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш шартномаси таркибида кўзда тутилади.


6. Муаллифлик назорати олиб боришга лойиҳачи ташкилот томонидан шаҳарсозлик фаолияти соҳасида махсус маълумотга, камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган ва белгиланган тартибда сертификатланган мутахассис (лойиҳачи) тайинланади.


7. Муаллифлик назорати бўйича мутахассис:

шартномага асосан тасдиқланадиган календарь режалар, режа-жадваллар ёки шу каби бошқа ҳужжатларда кўзда тутилган муддатларда, шунингдек, буюртмачининг чақируви билан ўзаро келишилган муддатларда қурилиш объектига ташриф буюради;

қурилиш объектида пудратчи ташкилот масъул ходимларининг лойиҳада назарда тутилган талаблар билан таништирганлигини расмийлаштириб боради;

объектнинг технологик, меъморий-қурилиш ва бошқа техник ечимлари ҳамда техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган ечимлар ва кўрсаткичларга мувофиқлигини текширади;

бино ва иншоотларни қуриш бўйича ишларнинг ишчи чизмаларда кўзда тутилган лойиҳа ечимлари ва технологияга (шу жумладан, қурилишни ташкил этиш лойиҳаларига) риоя қилиниши, қурилиш-монтаж ишлари ҳамда технологик ва бошқа турдаги ускуналарни монтаж қилиш ишларининг сифатини текширади;

қурилиш иштирокчилари томонидан ёнғинга қарши ва портлаш хавфсизлиги тадбирлари, атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш талаблари, антисейсмик тадбирлар, ишловчиларнинг меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси талаблари ва бошқа талабларга риоя қилинишини текширади;

муаллифлик назорати дафтарида қайд этилган кўрсатмаларнинг буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилади;

айрим муҳим конструкцияларни (кўприкларнинг таянчлари ва оралиқ қурилмалари, аркалар, гумбазлар, тиргак деворлар, тутиб турувчи металл ва темир-бетон конструкциялар ва бошқа элементлар) қабул қилишда, кейинги ишлар ва конструкциялар билан бириктириладиган ва сифати қурилаётган бино ва иншоотнинг мустаҳкамлиги билан боғлиқ асосий ишларни техник назорат бўйича мутахасиснинг кўрикдан ўтказиш далолатномаларини тузишда иштирок этади;

қурилишда давлат стандартларига, техник шартларга ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган конструкциялар, деталлар, буюмлар, қурилиш материаллари ва ускуналарни қўллашни тақиқлайди;

объектлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотлар томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича пудратчи ташкилотнинг ички назоратини ташкил этилганлигини, шунингдек, ички назорат бўйича мутахассис белгиланган тартибда сертификатланганлигини текширади;

муаллифлик назорати дафтарини юритади, унда аниқланган қурилиш пайтидаги лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиқиш ҳамда меъёрий ҳужжатларнинг қурилиш ва монтаж ишларини бажаришга доир талабларининг бузилиши, уларни бартараф этиш муддатларини кўрсатади;

лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, тасдиқлаш ва қайта тасдиқлашни, экспертиза хулосаси ва пудратчи ташкилотларнинг таклифлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига тузатишлар киритишни ташкил этишда ўрнатилган тартибда иштирок этади;

қурилиш объектларида барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, авария ҳолатлари ва аварияларни бартараф этиш ишлари натижалари тўғрисида қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясига хабар беради;

бино ва иншоотларнинг конструкциялари ишончлилигига ва зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда, қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради ва қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясини бу ҳақда хабардор қилади;

муаллифлик назорати дафтарига тасдиқланган лойиҳа ечимларидан чекланиш ҳолатлари тўғрисида буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзувларни киритади;

объектлар тайёрлигига қараб, пудратчи ташкилот вакиллари иштирокида бино ва иншоотлар конструкциялари, кўприклар таянч устунлари, оралиқ қурилмалари, ҳажмли иншоотлар, кўтариб турувчи металл, темир бетон конструкциялари ва бошқаларни масъулларнинг оралиқ қабул қилишларини текширади;

ваколатли органлар томонидан объектларда ўтказиладиган текшириш ва назорат тадбирларида иштирок этади;

қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилотнинг назорат бўйича мутахассисларига ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради.


8. Муаллифлик назорати бўйича мутахассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

пудратчи ташкилотдан муаллифлик назорати журналини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва юритиш учун талаб қилиш;

тегишли органларга қурилиш-монтаж ишларининг мунтазам равишда сифатсиз бажарилишига йўл қўйган ёки лойиҳа ечимларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;

қурилиш таннархини камайтириш, сифатини ошириш, давомийлигини қисқартириш ва объектлар бўйича қурилиш ишларини бажариш технологияларини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар киритиш;

пудратчи ташкилотдан қурилиш ишларининг қатъий лойиҳа бўйича ва материалларга қўйиладиган меъёрий талаблар ва ишлар технологиясига мувофиқ бажарилишини талаб қилиш;

иш журналларига ва бошқа ижро ҳужжатларда аниқланган лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиқиш ҳолатларини қайд этиш;

зарур ҳолларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб қўйиш;

яшаш ва ишлаш хоналари, транспорт, алоқа воситалари ҳамда зарур жиҳозлар ва асбоблар билан таъминлаш.


9. Муаллифлик назоратини олиб бориш учун лойиҳачи ташкилот томонидан муаллифлик назорати журнали тайёрланади, ҳар бир бети рақамланади, лойиҳачи ташкилот ва буюртмачининг масъул шахслари томонидан имзоланади ва муҳрланади.

Расмийлаштирилган муаллифлик назорати журнали буюртмачи томонидан бош пудратчи ташкилотга объектда қурилиш ишлари якунига етгунга қадар сақлаш учун топширилади. Лойиҳа ташкилотида журналнинг иккинчи нусхаси сақланади.

Объект фойдаланишга қабул қилингандан сўнг бош пудратчи ташкилот муаллифлик назорати журналини сақлаш учун буюртмачи хизматига топшириши шарт.


10. Пудратчи ташкилот ва буюртмачи хизмати муаллифлик назоратини олиб бораётган лойиҳачи ташкилот томонидан қайд этган муаллифлик назорати журналига кўрсатмаларни бажариш ҳамда ижроси тўғрисида қайдларни киритиши шарт.


11. Муаллифлик назорати бўйича мутахассислар уч йилда камида бир маротаба Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти соҳасида малака ошириш курсларида махсус тайёргарликдан ўтказилиши, билимлари текширилиши ва тегишли сертификат олишлари шарт.


4-БОБ. ТЕХНИК НАЗОРАТ


12. Буюртмачи хизматининг қурилиш ишлари устидан техник назорати (кейинги ўринларда - техник назорат) буюртмачи хизмати томонидан қурилиш ишлари бутун даври давомида амалга оширилади.


13. Техник назорат буюртмачи хизматида доимий фаолият олиб борувчи (ёки шартнома асосида жалб қилинган) ва ташкилот раҳбари буйруғи билан қурилиш объектига бириктирилган, сертификат олган мутахассис томонидан амалга оширилади.


14. Техник назоратни олиб боришга дипломи бўйича шаҳарсозлик фаолияти соҳасида олий маълумотли мутахассисликка эга бўлган ва камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган, сертификат олган мутахассис тайинланади.


15. Техник назорат бўйича мутахассис мажбуриятлари:

Бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни (ер ажратиш, муҳандислик тармоқларига уланиш техник шартлари, архитектура-режалаштириш топшириғи, лойиҳалаштириш топшириғи) тайёрлашда иштирок этиш;

қурилиш объектларини қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказишда иштирок этиш;

тасдиқланган лойиҳа - смета ҳужжатларини, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш, улардан фойдаланиш ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни пудрат ташкилотига топширилишини таъминлаш;

пудратчи ташкилотларга электр узатиш ҳаво тармоқлари, алоқа тармоқлари зонасида, темир йўл учун ажратилган минтақада, қурилиш майдончасидаги ер ости ва усти коммуникациялари ўтган жойларда ишларни бажариш учун рухсатномаларни топшириш;

пудратчи ташкилотларга қурилиш даврида қурилишни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ мавжуд электр энергияси манбаларидан, табиий газ, ичимлик сув, иссиқликдан фойдаланиш учун рухсатномалар топшириш;

бош пудратчи ташкилотга дарахтларни ўтказиш, буташ ва кесиш учун рухсатномалар топшириш;

қурилиш объектидаги қурилмалар ва мавжуд коммуникацияларни кўчиришга доир юридик ва техник ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва қурилиш ташкилотига топширишда иштирок этиш;

қурилиши тугалланган объектлар бўйича зарур ҳужжатларни пудратчи ташкилот билан биргаликда умумлаштириш ва уларни давлат қабул комиссиясига тақдим этиш;

қурилиши тугалланган объектлар бўйича барча ижро ҳужжатларини ўрнатилган тартибда фойдаланувчи ташкилотларга топширишни ташкил этиш.


16. Техник назорат бўйича мутахассис ваколатлари:

қурилиш жараёнида геодезия ишларини назорат қилиш;

лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, тасдиқлаш ва қайта тасдиқлашни, шунингдек, экспертиза хулосаси ва пудратчи ташкилотларнинг таклифлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига тузатишлар киритишни ташкил этишда белгиланган тартибда иштирок этиш;

қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа ечимларида конструкциялар, ускуналар, материаллар ва ўрнатиладиган жиҳозларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, стандартлар, техник шартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини текшириш;

иншоотлар асосий ўқларининг жойида геодезик тўғри белгиланганлиги, улар реперлар ва координаталар билан маҳкамланганлигини назорат килиш;

қурилишда фойдаланиладиган конструкциялар, ускуналар ва материалларни (техник паспортлар, сертификатлар, лаборатория синовлари натижалари ва бошқалар) сифат гувоҳномаси ҳужжатлари мавжудлигини текшириш;

стандартлар талабларига, техник шартлар, сертификатларга мос келмайдиган материаллар, конструкциялар, буюмлар ва ускуналарни нуқсон далолатномалари билан расмийлаштириш ва уларнинг объектда ишлатилишини тақиқлаш;

пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмларни ташиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, ташиш қоидаларининг бузилишини, материаллар ва буюмлар бузилиши ва сифатининг пасайишига олиб келадиган тарзда сақланишини тақиқлаш;

пудратчи ташкилотларнинг масъул мутахассислари билан бажарилган ишлар ва конструктив элементлар сифати ва ҳажми, ишлаб чиқаришни ташкил этишда ишлар кетма-кетлигини, ёпиқ ишлар далолатномаси расмийлаштирилгунга қадар келгуси ишларни олиб боришни тақиқлаш талаблари бажарилганлигини кўрикдан ўтказиш ва баҳолаш;

объектлар тайёрлигига қараб, пудратчи ва лойиҳачи ташкилотлар вакиллари иштирокида бино ва иншоотлар конструкциялари, кўприклар таянч устунлари ва оралиқ қурилмалари, ҳажмли иншоотлар, кўтариб турувчи металл ва темир бетон конструкциялар ва бошқаларни масъулларнинг оралиқ қабул қилишларини текшириш;

олиб келинган ускуналарнинг ўрнатилишини ташкил этиш, ўрнатиш сифатини баҳолаш, комплекс синаб кўриш ва қабул қилишнинг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини ва ҳолатини текшириш;

бажарилган ва тўловга тақдим қилинган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми ва сифати тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш;

қабул қилинган ва тўлови амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, пудратчи ташкилотлар томонидан сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ва нуқсонларни бартараф этиш ва қайта ишлов бериш ишлари ҳажми ва қиймати ҳисобини юритиш;

бирламчи ижро техник ҳужжатларни, уларга қурилиш-монтаж ишларини олиб боришда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлардан келиб чиқиб киритилган ўзгартиришлар мавжудлиги ва тўғри юритилишини назорат қилиш;

бирламчи ижро ҳужжатларининг (жумладан, умумий ва махсус иш журналлари, монтаж қилинган конструкциялар ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ижро схемалари) мавжудлиги ва уларнинг пудратчи ташкилот томонидан тўғри юритилишини назорат қилиш, иш журналларига сифатсиз бажарилган конструктив элементлар ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш технологияларининг бузилиши тўғрисида йўл қўйилган нуқсонлар бартараф этилишини талаб қилган ҳолда кайд этиб бориш;

муаллифлик назорати ва қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг кўрсатма ва ёзма кўрсатмалари, шунингдек, буюртмачи техник назорати талабларининг пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилишини назорат қилиш;

алоҳида конструкциялар ва узеллар, қурилиш-монтаж ишлари турларини, жиҳоз ва механизмлар сифатини уларни қабул қилиш жараёнида ишчи комиссиялар билан бирга текшириш;

ўз ваколати доирасида мусодара қилинадиган объектлар, бино ва иншоотларни кўрикдан ўтказиш, бино ва иншоотлар қурилишини вақтинча тўхтатиб туриш ёки мусодара қилишга ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, пудратчи ташкилотларга ишларни давом эттириш учун қайта топшириш жараёнида объектлар ҳолатини баҳолаш;

ваколатли органлар томонидан объектларда ўтказиладиган текшириш ва назорат тадбирларида иштирок этиш;

қурилиш объектларида барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, авария ҳолатлари ва аварияларни бартараф этиш ишлари натижалари тўғрисида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига хабар бериш;

бино ва иншоотларнинг конструкциялари ишончлилигига ва зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини бу ҳақда хабардор қилиш;

объектларда қурилиш-монтаж ишлари сифатининг мунтазам техник назоратини олиб бориш;

қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан пудратчи ташкилотларга ва лойиҳачи ташкилотларнинг муаллифлик назорати мутахассисларига ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

буюртмачи хизмати буйруғига асосан унга юкланган қурилиш объекти билан боғлиқ бошқа вазифалар доирасида бажариладиган ишлар.


17. Техник назорат бўйича мутахассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

объектлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотлар томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан пудратчи ташкилотнинг ички назорати ташкил этилганлигини, ички назорат бўйича мутахассисга белгиланган тартибда сертификат берилганлигини текшириш;

пудратчи ташкилотдан қурилиш ишларининг қатъий лойиҳа бўйича ва материалларга қўйиладиган меъёрий талаблар ва ишлар технологиясига мувофиқ бажарилишини талаб қилиш;

иш журналларига ва бошқа ижро ҳужжатларга аниқланган лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиқиш ҳолатларини қайд этиш;

зарур ҳолларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб қўйиш;

лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиққан ҳолда бажарилган ишларга ҳақ тўлаш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортиш;

қурилиш-монтаж ишлари ижрочилари техник назорат талабларидан норози бўлган ҳолларда, пудратчи ташкилот ва буюртмачининг юқори ташкилотларига белгиланган тартибда шикоят билан мурожаат қилиш.


18. Техник назорат бўйича мутахассиснинг асосий иш жойи бўйича назорати остидаги объектлар қурилишини бажараётган ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.


19. Объектлар қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб бориш учун масъул мутахассисларга иш тажрибаси, уларга бириктирилган объектлар сифатли ва муддатида топширилганлиги, қурилиш жараёнида бартараф этилган хато ва камчиликлар, соҳавий малакаси ва бошқа мезонлар асосида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан малака тоифаси белгиланади ва буюртмачи хизмати томонидан уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда тоифага қараб ўсиб борувчи рағбатлантирувчи коэффициент қўлланилади.

20. Техник назорат бўйича мутахассислар уч йилда камида бир маротаба Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан шаҳарсозлик фаолияти соҳасида малака ошириш курсларида махсус тайёргарликдан ўтказилиши, билимлари текширилиши ва тегишли гувоҳнома берилиши шарт.


5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Техник ва муаллифлик назорати белгиланган тартибда таъминламаганлиги учун тегишли равишда буюртмачи хизмати ва лойиҳачи ташкилот раҳбарлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади. 


22. Ушбу Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ёки бажармаганлиги учун техник назорат ва муаллифлик назорати ходимлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


23. Ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлари учун техник назорат ва муаллифлик назорати ходимлари амалдаги қонунчиликка асосан жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 май














































Время: 0.0039
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск