ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши /

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.06.2021 й. 341-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 июндаги

341-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар

миллий марказининг Қишлоқ хўжалигида билим

ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг (кейинги ўринларда - Миллий марказ) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ғазна ҳисобварағида жамғарилади.


3. Жамғарма қишлоқ хўжалигида илм-фан билан боғлиқ устувор йўналишлар, глобал, минтақавий ва ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимларини тадқиқ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида" 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6159-сон Фармони 5-бандида белгиланган Қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишлари, глобал, минтақавий ва ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимларини тадқиқ қилиш бўйича кейинги беш йилга мўлжалланган дастурда назарда тутилган, бюджетдан молиялаштирилмаган ёки тўлиқ молиялаштирилмаган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий ташкилотлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларининг қишлоқ хўжалиги соҳаси долзарб йўналишларидаги илмий лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.


4. Жамғарма маблағларини бошқариш, назорат ва тасарруф қилиш Миллий марказ томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

республика бюджети, маҳаллий бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасидан ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билимва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий ташкилотлар ва кичик инновацион корхоналарнинг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган йиллик тушумнинг 3 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари;

илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш ва уларнинг якуний натижасидан фойдаланиш хоҳишини билдирган қишлоқ хўжалиги субъектлари ва бошқа шахсларнинг маблағлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва технологиялар ривожланишини таъминлашга, рақобатбардош илмий ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган долзарб йўналишлардаги илмий лойиҳаларни танловлар асосида молиялаштириш;

белгиланган сметалар ва мавжуд маблағлар доирасида юқори технологик ва энергия тежайдиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораторияларни ташкил этиш ҳамда тажриба (синов)ларни ўтказиш учун зарур материал ва эҳтиёт қисмлар сотиб олиш харажатларини молиялаштириш;

Миллий марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, лаборатория, маъмурий бинолар, ижтимоий-муҳандислик инфратузилма объектларини реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш тадбирларини молиялаштириш;

танлов асосида илмий ходимларнинг етакчи хорижий илмий марказларида илмий стажировкалар ташкил этиш тадбирларини молиялаштириш;

Миллий марказ бошқарув аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, ходимларнинг ойлик лавозим маошларига қўшимчалар тўлаш (мукофотлар, моддий ёрдам, транспорт ва овқатланиш харажатлари, хизмат муддати учун тўловлар), Миллий марказ ходимларининг хизмат сафарлари ҳамда маданий-оммавий тадбирларни молиялаштириш, моддий рағбатлантириш харажатларини қоплаш;

Миллий марказга юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариш учун тузилган шартномалар асосида хориждан жалб қилинган олим ва мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш;

Миллий марказ ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатларини қоплаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг консультант ва эксперт сифатида жалб этилган юқори малакали мутахассисларига белгиланган тартибда гонорар тўлаш;

илмий-техник ва илмий-методик адабиётларни (шу жумладан, даврий нашрлар, эълонлар, рисолалар, буклетлар, китоблар, тўпламлар ва бошқа ахборот-маърифий материаллар) тайёрлаш, нашр қилиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида билим ва инновациялар бўйича видеороликлар ва тақдимот материалларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини нашр қилиш ва Миллий марказ тизимида онлайн электрон журнални чоп этишга сарфланган харажатларни молиялаштириш;

Миллий марказ тизимида фаолият юритадиган олимларнинг муаллифлик ҳуқуқларини, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини халқаро миқёсда муҳофаза қилиш (халқаро патент ташкилотларида расмийлаштириш) билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун зарур бўлган ва давлат грантлари доирасида молиялаштириш иложи бўлмаган илмий тадқиқотларни Миллий марказ тизимидаги илмий ташкилотлар ҳамда хусусий секторлар билан ҳамкорликда молиялаштириш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ БЎЙИЧА

ДАРОМАДЛАР ВА ХАРАЖАТЛАР СМЕТАСИНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАМДА САРФЛАШ


7. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.


8. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари - Миллий марказ бош директори томонидан тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.


9. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига Миллий марказ томонидан йил давомида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


10. Миллий марказ тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига асосан Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи орган ҳисобланади ва харажатлар сарфи Жамғарманинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси параметрлари доирасида амалга оширилади.


11. Йил якунида Жамғарма маблағларининг қолдиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига киритилмайди ва келгуси молия йили учун Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда ҳисобга олинади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ФОЙДАЛАНИШНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ БЕРИШ

ВА МОНИТОРИНГ ЮРИТИШ


12. Жамғарманинг маблағларини шакллантириш ва фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот бериш ва мониторинг юритиш Миллий марказнинг Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими томонидан амалга оширилади.

Миллий марказнинг Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими қуйидаги функцияларни бажаради:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарманинг тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни умумлаштиради ва Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашда кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлари манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарманинг маблағларини фойдаланилиши тўғрисида ҳисоботни тайёрлайди ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлигига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.


13. Жамғарманинг маблағларидан фойдаланувчилар Жамғарманинг маблағларидан фойдаланганлик ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни Миллий марказга тақдим этади.


14. Миллий марказ Жамғарманинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан олинган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасигача ҳар чоракда, йиллик ҳисоботни кейинги йилнинг 30 январидан кечиктирмасдан тақдим этади.


15. Жамғарманинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 июнь













































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск