ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Бошқа масалалар /

Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.06.2021 й. 339-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 июндаги

339-сон қарорига

ИЛОВА



Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини

тайинлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартибини белгилайди.


2. Жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига (ёки ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаган шахсларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.


3. Жамоат тарбиячиси фаолияти бола билан ишлашда индивидуал ёндашув ҳамда ихтиёрийлик асосида беғараз амалга оширилади.



2-БОБ. ЖАМОАТ ТАРБИЯЧИСИНИ ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


4. Вояга етмаган шахсларнинг жамоат тарбиячиси (кейинги ўринларда - жамоат тарбиячиси) этиб 30 ёшга тўлган, биринчи навбатда вояга етмаган шахслар билан камида икки йил ишлаш тажрибасига эга бўлган, жинси, оилавий аҳволидан қатъи назар, ўзининг ҳаётий тажрибаси ва ахлоқий фазилатлари билан вояга етмаганларга ижобий таъсир кўрсата оладиган, ўз зиммасига вояга етмаган шахсларни тарбиялаш вазифасини олишга тайёр бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин.

Вояга етмаган қизларга нисбатан аёл жинсига мансуб бўлган жамоат тарбиячиси тайинланади.


5. Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) ёшлар ишлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, маданият, туризм ва спорт, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда вояга етмаган шахслар билан ишлайдиган бошқа ташкилотларнинг таклифлари асосида жамоат тарбиячилари номзодлари рўйхатини шакллантиради.

Бунда Комиссия масъул котиби номзодлар рўйхатини шакллантириш ва ҳар йили янгилаб бориш учун масъул ҳисобланади.


6. Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор Комиссия томонидан қабул қилинади.


7. Жамоат тарбиячиси қуйидаги тоифалардаги вояга етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин:

суд томонидан мажбурлов чоралари қўлланилган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган;

озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган;

назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар;

болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари.


8. Комиссия шартли ҳукм қилинган ҳамда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган вояга етмаганларга нисбатан суд қарори асосида жамоат тарбиячисини тайинлайди.


9. Комиссия суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун муддат ичида вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлайди.

Суднинг тегишли қарори талаб этилмайдиган ҳолатларда Комиссия мутасадди ташкилотларнинг (Комиссия аъзоларининг) тақдимига асосан беш кун муддат ичида вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлаши мумкин.


10. Комиссия жамоат тарбиячисини тайинлашда ҳар бир ҳолатда индивидуал тартибда, содир этилган қилмиш, вояга етмаган шахснинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши ва бошқа омилларни инобатга олади.


11. Комиссиянинг жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисидаги қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

жамоат тарбиячиси тўғрисида маълумот;

жамоат тарбиячиси тайинланаётган вояга етмаган тўғрисида маълумот;

жамоат тарбиячисини тайинлаш асослари (ҳолат мазмуни);

жамоат тарбиячисини тайинлаш муддати;

жамоат тарбиячисининг ҳисобдорлиги;

қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисида қабул қилинган қарор билан боланинг ота-онасини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) таништиради.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячиси тайинланганлиги ҳақида манфаатдор ташкилотларни (суд, ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқаларни) хабардор қилади.

Жамоат тарбиячиси вояга етмаганларнинг фикри ҳисобга олиниб, уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан келишган ҳолда тайинланади.

Битта вояга етмаган шахсга битта жамоат тарбиячиси тайинланиши мумкин.


12. Қуйидагилар жамоат тарбиячиси этиб тайинланиши мумкин эмас:

муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахслар;

муқаддам судланган ҳамда судланганлик ҳолати белгиланган тартибда тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар;

жиноят процессида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;

ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилган, бола билан шафқатсиз муомалада бўлган шахслар;

сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар;

доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар;

собиқ тутинган ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар, агар болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув ёки фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;

ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

соғлиғи туфайли жамоат тарбиячиси мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.


13. Вояга етмаган шахсга жамоат тарбиячиси уч ойгача бўлган муддатга тайинланади, мазкур муддат Комиссия томонидан жамоат тарбиячисининг ҳисоботини эшитиш натижаларига кўра, бир маротаба кўпи билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМОАТ ТАРБИЯЧИСИ ҲАМДА ВОЯГА

ЕТМАГАНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вояга етмаган шахсни яшаш ва ўқиш жойи бўйича бориб кўриш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

вояга етмаган билан якка тартибда ишлаш дастурида (кейинги ўринларда - Дастур) белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда мутасадди ташкилот ва муассасалардан методик ҳамда амалий ёрдам олиш;

Комиссиядан вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўғрисида зарур маълумотларни талаб қилиб олиш;

Комиссиянинг вояга етмаган шахсга оид йиғилишларида қатнашиш ҳамда фикр ва таклифлар билдириш.


15. Жамоат тарбиячиси қуйидагиларга мажбур:

ҳар бир вояга етмаганга индивидуал ёндашган ҳолда унинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда вояга етмаганларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг таклифини олган ҳолда Дастур тузиш ва Комиссия билан келишиш;

вояга етмаганнинг Дастурда белгиланган чора-тадбирларга риоя этиши устидан назорат қилиш;

вояга етмаган шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атворини тузатиш, мавжуд салбий одатларини бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш чораларини кўриш;

вояга етмаганни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, унда меҳнатсеварлик, масъулият, фидойилик, дунёқараши кенг, мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғуларини шакллантириш;

вояга етмаганларнинг ўқишини давом эттириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг тўгаракларда иштироки, ҳордиқ чиқариши, бандлигини таъминлаш чораларини кўриш;

ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан вояга етмаганни тарбиялаш, уларнинг ҳаёти ва келажаги учун жавобгар эканлиги борасида тушунтириш ишлари олиб бориш;

вояга етмаган шахс томонидан Дастурда белгиланган чора-тадбирлар бажарилмаган тақдирда, бу ҳақида Комиссияга хабар бериш;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бу ҳақида Комиссияга хабар бериш;

ҳар ойда Комиссияга амалга оширилган ишлар ва болада кузатилаётган ўзгаришлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиш.


16. Вояга етмаган шахс:

вояга етмаган шахс жамоат тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Комиссияга шикоят қилиш;

жамоат тарбиячисини алмаштириш тўғрисида Комиссияга мурожаат қилиш ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга.

Вояга етмаган шахс Дастурга амал қилиши ва унда белгиланган чора-тадбирларни бажариши ҳамда қонун ҳужжатларига риоя қилиши лозим.



4-БОБ. ЖАМОАТ ТАРБИЯЧИСИНИ АЛМАШТИРИШ

ВА ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


17. Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳолатларда алмаштирилади:

жамоат тарбиячиси ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда;

вояга етмаганлар, уларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан Комиссияга жамоат тарбиячиси устидан тушган шикоятлар асосида;

вояга етмаган ёки жамоат тарбиячиси яшаш жойини ўзгартирганда (вояга етмаган шахс ва жамоат тарбиячисининг бевосита мулоқоти қийинлашган ҳолларда);

жамоат тарбиячиси ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бош тортганида.


18. Жамоат тарбиячисининг фаолияти Комиссия қарори билан қуйидаги ҳолларда тугатилади:

жамоат тарбиячиси тайинлаш муддати тугаганда;

вояга етмаган шахс ўн саккиз ёшга тўлганда ёки эмансипация қилинганда;

вояга етмаган шахс озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганда;

вояга етмаган шахс бошқа давлатга доимий яшаш учун кетганда;

вояга етмаган шахс вафот этганда.

Жамоат тарбиячисини алмаштириш ёки унинг фаолиятини тугатиш ҳақида Комиссия қарор қабул қилади.



5-БОБ. ЖАМОАТ ТАРБИЯЧИСИ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


19. Жамоат тарбиячиларининг фаолияти устидан назорат Комиссия томонидан амалга оширилади.


20. Комиссия:

жамоат тарбиячисининг Дастур бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини эшитиб боради;

вояга етмаган учун Дастурдаги чора-тадбирларни ўзгартириш ёки унга қўшимча чора-тадбирлар киритиш масаласини кўриб чиқади;

жамоат тарбиячисининг вояга етмаган билан олиб бораётган якка тартибдаги ишларининг аҳволини текшириб боради;

вояга етмаганлар, уларнинг ота-онасидан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) Комиссияга жамоат тарбиячиси устидан тушган шикоятларни кўриб чиқади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Юклатилган вазифаларни фаол ва виждонан бажарган ҳамда ижобий натижаларга эришган жамоат тарбиячилари Комиссиянинг тақдимномасига асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда битта вояга етмаган шахс учун бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши, шунингдек, унга нисбатан бошқа рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин.

Туман (шаҳар) бўйича пул мукофотининг йиллик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак.


22. Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиси бириктирилганлиги ота-оналар ёки бошқа қонуний вакилларни вояга етмаган болани тарбиялаш ва унинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликдан озод этмайди.


23. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 июнь















































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск