ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.06.2021 й. 380-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 18 июндаги

380-сон қарорига

5-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинларида иш юритишни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Фуқаролар йиғини раиси иш юритишнинг тўғри йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида ходимлардан бирини фуқаролар йиғинида иш юритишни ташкил этиш ва олиб бориш бўйича масъул этиб белгилайди (кейинги ўринларда - масъул ходим).

Масъул ходим фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларини ўтказишга доир материалларни тайёрлайди, фуқаролар йиғини мажлисининг, фуқаролар йиғини кенгашининг ва фуқаролар йиғини раисининг қарорлари ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди, иш юритишни олиб боради.

Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссияси ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи жамоатчилик тузилмаларида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш ушбу тузилмаларнинг котибларига юкланади.


3. Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини ва унинг органларида иш юритишнинг тўғри ташкил қилиниши ҳамда ушбу Низомга мувофиқ замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда самарали олиб борилишини таъминлаш учун шахсан масъулдир.

4. Масъул ходим фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан, ишга янги қабул қилинган ходимларни фуқаролар йиғини тузилмаси, мазкур Низом, ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва текширишнинг асосий қоидалари, ички меҳнат интизоми ва фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир бошқа ҳужжатлар билан таништиради.

Бунда, фуқаролар йиғини аъзоларига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имконияти яратиб берилиши кафолатланади.


5. Масъул ходим ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда ҳужжатлар янги тайинланган масъулга (масъул ходим белгилангунга қадар фуқаролар йиғинининг раисига далолатнома асосида топширилади.


2-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар йиғинида қуйидаги ҳужжатлар тайёрланади:

фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини кенгаши мажлисининг ўтказилган санаси, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳужжатлари, шунингдек, комиссиялар йиғилишлари ўтказилган сана, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини ҳузуридаги Тафтиш комиссияси ҳужжатлари, йиғилиш баённомалари;

фуқаролар йиғинидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмасининг ҳужжатлари, шунингдек, тузилма йиғилишлари ўтказилган сана, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалари;

фуқаролар йиғинидаги "Кексалар маслаҳати" гуруҳининг ҳужжатлари, шунингдек, гуруҳ йиғилишлари ўтказилган сана, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалари;

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳининг ҳужжатлари, шунингдек, гуруҳ йиғилишлари ўтказилган сана, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалари;

Фуқаролар йиғинида тадбиркорлик бўйича маслаҳат маркази ташкил этилган бўлса, ушбу тадбиркорлик бўйича маслаҳат марказининг ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши қарорлари, фуқаролар йиғини раисининг қарорлари ва топшириқлари.

7. Фуқаролар йиғинининг бошқа ташкилотлар билан хизмат алоқалари хатлар билан почта, шунингдек, электрон ҳужжат алмашинуви орқали амалга оширилади. Тезкор равишда бериладиган маълумотлар электрон почта, факс орқали ёки телефонограмма ва телеграмма тарзида юборилади.


8. Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлиси баённомаларини, бошқа ташкилотларга юбориладиган хатларни имзолайди.

9. Баённомалар фуқаролар йиғини раиси, у йўқлигида эса - мажлисда раислик қилган унинг ўринбосарларидан (фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари) бири томонидан имзоланади.

Фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати якуни бўйича фуқаролар йиғинининг молия-хўжалик фаолиятини мажбурий текширишга оид баённомалар Тафтиш комиссияси раиси томонидан ҳам имзоланади.

10. Фуқаролар йиғинида иш юритишнинг қулайлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги йиғмажилдлар юритилади:

фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

фуқаролар йиғини мажлисининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини кенгаши мажлисининг ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳужжатлари;

фуқаролар йиғинининг Тафтиш комиссияси ҳужжатлари;

фуқаролар йиғинидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмасининг ҳужжатлари;

фуқаролар йиғинидаги "Кексалар маслаҳати" гуруҳининг ҳужжатлари;

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳининг ҳужжатлари;

"Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг ҳужжатлари;

Фуқаролар йиғинидаги тадбиркорлик бўйича маслаҳат марказининг ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар бўйича ҳужжатлар.

Йиғмажилдлар фуқаролар йиғини ва унинг органлари тўғрисидаги низомлар асосида тузилади.

Йиғмажилдларни юритишда ҳужжатлар номенклатураси ва уларни сақлаш муддати кўрсатилиши лозим.


11. Юритиладиган йиғмажилдлар фуқаролар йиғини раисининг тегишли ўринбосари томонидан имзоланади ва фуқаролар йиғини раиси томонидан тасдиқланади.

Йиғмажилдларни сақлаш масъул ходим томонидан амалга оширилади.

Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси, "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси ва "Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг ҳужжатлари маҳалладаги хотин-қизлар фаоли томонидан юритилади, имзоланади ва тасдиқланади.


3-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ОЛИБ БОРИШ


12. Фуқаролар йиғинларига тушаётган ҳужжатларни қабул қилиш, уларга бирламчи ишлов бериш (рўйхатга олиш, фуқаролар йиғини раисига киритиш учун тайёрлаш) масъул ходим томонидан амалга оширилади.

13. Ҳужжатлар солинган конвертлар, шу жумладан, буюртма конвертлар масъул ходим томонидан очилади. Бунда конвертнинг тўғри етказилганлиги ва бутлиги текширилади. Конвертнинг бутлиги бузилган бўлса ёки ундаги ҳужжатлар ва иловалар етарли бўлмаса, бу ҳақида дарҳол ҳужжатни юборувчига маълум қилинади, икки нусхада далолатнома тузилиб, бири масъул ходимда қолдирилади, иккинчиси ҳужжатни юборган ташкилотга (мансабдор шахсга) жўнатилади.

Фуқаролар йиғинига хатолик туфайли тушган ҳужжатлар узоғи билан беш кун муддат ичида масъул ходим томонидан янги конвертга солиниб, аввалги конвертни илова қилган ҳолда тегишли ташкилот (мансабдор шахс)ларга жўнатилади ва бу ҳақида жўнатувчига хабар қилинади.


14. Тушган ҳужжатлар солинган конвертлар (ҳужжатни юборувчининг манзили ва юборилган вақти фақат конверт орқали аниқланадиган ҳоллардан ташқари) йўқ қилинади.


15. Тушган ҳужжатлар рўйхатга олинадиган ва рўйхатга олинмайдиган ҳужжатлар туркумига бўлинади.

Мазкур Низомга 1-иловада кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатга олинмайди. Рўйхатга олинадиган тушган ҳужжатларга рўйхатга олиш штампи қўйилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, улар қаердан келганлигидан қатъи назар, алоҳида рўйхатга олинади ва уларнинг ҳисоби юритилади.


16. Фуқаролар йиғинига тушган ҳужжатлар ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган шаклда Фуқаролар йиғинларига тушган ҳужжатларни рўйхатга олиш дафтарида рўйхатга олингандан сўнг фуқаролар йиғини раисига берилади.

17. Фуқаролар йиғини томонидан тайёрланадиган ва бошқа ташкилот (мансабдор шахс)лардан келадиган ҳужжатлар билан ишлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

фуқаролар йиғини раиси томонидан ҳужжатга резолюция белгиланади ва унда ҳужжатнинг ижроси бўйича асосий кўрсатмалар ва ижро муддати акс эттирилади;

кўриб чиқилган ҳужжат резолюцияни назорат карточкасига кўчириш учун масъул ходимга қайтарилади;

ҳужжат тегишли жойларга етказилади.

Тушган ҳужжатни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун киритиш ҳужжат тушган кунда, кўриб чиқилган ҳужжатни тегишлилиги бўйича жўнатиш резолюция белгиланган кунда амалга оширилиши лозим.

Агар резолюцияда ҳужжатнинг ижросига бир нечта ходим масъул этиб белгиланган бўлса, унинг ижроси учун фамилияси биринчи кўрсатилган ходим масъул ҳисобланади.


18. Чиқувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни жўнатиш масъул ходим томонидан амалга оширилади.

Ҳужжатларни конвертга солишдан аввал уларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги, иловаларнинг мавжудлиги, ҳужжатни олувчилар сонига ҳужжат нусхаларининг мувофиқ келиши текширилади. Нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар ижрочига тўғрилаш учун қайтарилади.

Буюртма бўйича юбориладиган ҳужжатга ҳужжат юбориладиган ташкилот (мансабдор шахс)лар рўйхати тузилади ва масъулнинг фамилияси ҳамда юборилган сана кўрсатилади.

Юбориш учун масъул ходимга берилган ҳужжатлар шу куннинг ўзида ёки бир суткадан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши ва юборилиши керак.


19. Масъул ходим мунтазам равишда тушган, чиқарилаётган, шу жумладан, фуқаролар йиғини ходимлари томонидан тайёрланган ҳужжатларни ҳисобга олиб боради ҳамда йил якунлари бўйича маълумотларни умумлаштиради.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ҳисоби алоҳида юритилади.


20. Тушган (чиқарилаётган) ҳужжатнинг индекси мазкур Низомга 3-иловада кўрсатилган шаклда йиғмажилдлар номенклатурасидаги тегишли индекс ва рўйхатга олиш рақамидан иборат бўлади, қарор ва мажлис баённомалари индекслари бундан мустасно. Уларнинг индекслари ҳужжат турига мувофиқ рўйхатга олиш рақамларидан иборат бўлади.


21. Ҳужжатларни рўйхатга олиш ушбу Низомга 4-иловада кўрсатилган назорат карточкаларида расмийлаштирилади. Назорат карточкаси реквизитлари таркиби "назорат белгилари" устуни "ижрочилар", "ижрочининг имзоси", "ижро ҳолати" ва бошқалар билан тўлдирилиши мумкин.

Назорат карточкаларида ҳужжатлар рўйхатга олинаётганда фақат фуқаролар йиғинида тузилган ёки бошқа ташкилотлардан юборилган ҳужжатлар (сўровлар) мустақил тарзда рўйхатга олиниши лозим. Жавоб тариқасида юборилган ҳужжатлар назорат карточкасининг ўзида белгиланади.

Назорат карточкаларининг календарь шкаласи ҳужжатлар ижроси муддатларини назорат қилиш учун қўлланилади. Унда ҳужжат ижро қилиниши лозим бўлган сана белгиланади.

"Корреспондент" устунига ҳужжатни юборган ёки ҳужжат юборилаётган ташкилот номи ёзилади. Фуқаролар йиғинининг ички ҳужжати тайёрланганда фуқаролар йиғинининг номи ёзилади.

"Ҳужжат тушган сана ва индекс" устунида ҳужжат тушган сана ва фуқаролар йиғинида берилган индекс кўрсатилади.

"Ҳужжатнинг санаси ва индекси" устунида ҳужжатни юборган ташкилот томонидан белгиланган ҳужжат юборилган сана ва индекс кўрсатилади. Чиқиш хати ёки фуқаролар йиғинининг ички ҳужжати рўйхатга олинганда ушбу устунда рўйхатга олинаётган ҳужжат имзоланган сана ва индекс ёки рўйхатга олиш рақами қўйилади.

"Қисқача мазмуни" устунида ҳужжатнинг тури, сарлавҳаси ёки қисқача мазмуни кўрсатилади.

"Резолюция ва ижрочи тўғрисидаги маълумотлар" устунида топшириқ берилаётган шахснинг фамилияси, масалани ҳал қилиш бўйича қисқа ва аниқ топшириқ, бажариш муддати, резолюция муаллифи ва сана кўрсатилади.

"Ҳужжатнинг ижроси тўғрисида маълумот" устунида масаланинг аниқ ечими, жавоб хатининг сана ва индекси кўрсатилади. Агар жавоб хатини тайёрлаш зарурати бўлмаса, ташаббусли ҳужжатдаги масала қачон, ким томонидан ва қандай ҳал қилинганлиги тўғрисида ёзув киритилади.

"Ҳужжатни олганлиги тўғрисида ижрочининг имзоси" ва "Сана" устунларида ижрочи имзо қўяди ва ҳужжат олинган сана кўрсатилади.

"Назорат белгилари" устунида ҳужжатнинг ижро муддатларини назорат қилиш тўғрисида белгилар қўйилади ва ҳужжат ижроси кечикишининг аниқ сабаблари кўрсатилади.

Назорат карточкасининг "Фонд N", "Рўйхат N", "Йиғмажилд N" устунлари архивда тўлдирилади.

Назорат карточкалари фуқаролар йиғини иш ҳажмига қараб нашр қилинади.

Назорат карточкалари хронологик тарзда - аввалги вақтдан кейинги вақтга тартиби бўйича жойлаштириб борилади.


22. Фуқаролар йиғинларида назорат картотекаси юритилиши лозим. Бунда ахборотнинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун ахборот хавфсизлиги талабларини бажарган ҳолда махсус автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланилиши мумкин.


23. Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича назорат картотекаси уларнинг фамилиялари бўйича алифбо тартибида ҳамда рўйхатга олиш рақами тартиби бўйича тузилади.


24. Ҳужжатнинг ҳар бир тури (қарор, баённома, хат ва бошқалар) аниқ белгиланган реквизитлар мажмуига (таркибий қисмларига) ва улар жойлашувининг стандарт тартибига эга бўлиши керак.


25. Ҳужжатларни тузиш ва расмийлаштиришга қуйидаги асосий талаблар қўйилади:

ҳужжат муаллифини (фуқаролар йиғинининг номини, логотипини, қоидага кўра, ҳужжат бланкасида) кўрсатиш;

ҳужжатнинг турини кўрсатиш, матнга сарлавҳа тузиш, манзил ва санани кўрсатиш;

ҳужжатни индекслаш;

ҳужжатни тайёрлаган масъул шахснинг имзоси;

ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (имзолаш, муҳрлаш);

ҳужжатнинг ижро қилинганлиги ва йиғмажилдга жойлаш тўғрисидаги белги.


26. Ҳужжатларни тузиш учун А4 (210 х 297) ва А5 (148 х 210) шаклдаги бланкалар қўлланилади. Ҳужжат бланкасида 5-иловага мувофиқ реквизитлар кўрсатилган бўлиши керак.

Аниқ ҳужжатлар турига йил мобайнида 200 дан ортиқ эҳтиёж бўладиган ҳолларда бланкаларни нашр қилиш усули бўйича тайёрлашга йўл қўйилади.

Бланкалар чапдан 20 мм, юқоридан 10 мм, ўнгдан ва пастдан 8 мм дан кам бўлмаган ўлчамларда ёзув киритиладиган майдонларга эга бўлиши керак.


27. Икки ва ундан ортиқ варақларда тайёрланадиган ҳужжатларнинг иккинчи ва кейинги варақлари рақамланиши керак. Рақамлар варақнинг юқори қисмининг ўртасида, араб рақамлари билан қўйилади, бунда "варақ" сўзи ва тутуқ белгилари қўйилмайди.


28. Ҳужжат турининг номи ҳар бир ҳужжатда (хатлардан ташқари) кўрсатилиши шарт.


29. Ҳужжат сарлавҳаси қисқа шаклда бўлиб, асосий матн мазмунини аниқ ифодалаши керак. Сарлавҳаларни ҳужжатнинг номига мувофиқ ҳолда шакллантириш тавсия этилади. Масалан:

қарор (нима тўғрисида?): "Моддий ёрдамга ариза олиш тўғрисида", йиғилиш баённомаси (ниманинг?): "Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси йиғилишининг".

Сарлавҳа варақнинг чап қисмига ёзилади. А5 шаклда тузиладиган телеграммалар, эслатмалар матнига сарлавҳа қўйилмайди.


30. Ҳужжатлар ташкилотларга, таркибий бўлинмаларга ёки мансабдор шахсга манзили кўрсатилиб юборилади. Ташкилот номи ва таркибий бўлинма номи бош келишикда кўрсатилади. Масалан:

Учтепа тумани Электр тармоқлари корхонаси

Ҳисоб-китоб бўлимига

Ҳужжат ташкилот раҳбарига юборилаётганда ташкилот номи ҳужжатни олувчининг лавозими номи таркибига киритилади. Масалан:

Тошкент юридик коллежи директори

Б.Э. Аллаевга

Агар ҳужжат бир нечта турдош ташкилотларга юборилаётган бўлса, уларни умумлашган ҳолда кўрсатиш керак. Масалан:

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани

"Гулзор" маҳалла фуқаролар йиғини

ҳудудидаги таълим муассасалари раҳбарларига

Ҳужжатда ҳужжатни олувчилар тўрттадан кўп бўлмаган тақдирда, уларнинг номи тўлиқ кўрсатилади.

Ҳужжат беш ёки ундан кўп манзилга юборилаётганда ҳужжатни юбориш учун рўйхат тузилади ва ҳар бир ҳужжатда битта олувчи қўшимча (ёзма ёки босма тарзда) кўрсатиб қўйилади. Масалан:

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани

"Гулзор" маҳалла фуқаролар йиғини

ҳудудидаги корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар раҳбарларига (рўйхат бўйича)

Агар ҳужжат жисмоний шахсга юборилаётган бўлса, аввал почта манзили, сўнгра олувчининг исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси кўрсатилади. Масалан:

100129, Тошкент ш. Чилонзор тумани

6-мавзе, 9-уй, 69-хонадонда яшовчи

С.А. Барноевга

Давлат ташкилотлари ва доимий олувчиларга юборилаётган ҳужжатларга почта манзили қўйилмайди.


31. Ҳужжатлар санаси расмийлаштирилаётганда йил, сана ва ойнинг тартиб рақами араб рақамларида қўлланилади. Масалан: 22.04.2021 й.

Молиявий тусдаги маълумотларга эга ҳужжатларда санани расмийлаштиришда сўз ва рақамлардан фойдаланишга йўл қўйилади. Масалан: 2021 йил 23 апрель.


32. Ҳужжат лойиҳасининг ички келишуви фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари ҳамда маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг шахсий имзосидан ташқари, исми, отаси исмининг бош ҳарфлари, фамилияси ва имзолаш санасини ўз ичига олган тегишли визалар билан расмийлаштирилади. Зарур ҳолларда виза қўяётган шахснинг лавозими ҳам кўрсатилади.

Ҳужжат бўйича қўшимчалар ва эътирозлар алоҳида варақда келтирилади. Масалан:

Фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси

(имзо) С.М. Мирзаев

Қўшимчалар ва эътирозлар илова қилинади. 04.04.2021 й.

Визалар "Имзо" реквизитидан қуйида ёки ҳужжатнинг охирги варағи орқасига қўйилади.

Ташқи келишувда (бошқа ташкилотлар билан) келишув грифи, келишув маълумотномаси расмийлаштирилади.

Келишув грифи "Имзо" реквизитидан қуйида ёки ҳужжатнинг охирги варағи орқасига қўйилади. У қуйидаги элементларни ўз ичига олади: "Келишилган" сўзи, келишган мансабдор шахс лавозими (ташкилот номи ҳам кўрсатилади), шахсий имзо, исми, отаси исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси, сана. Масалан:

Келишилган

"Олтинсой" маҳалласи фуқаролар йиғини раиси

(имзо) Б.И. Мирзаев 06.04.2021 й.


33. "Имзо" реквизити таркибига ҳужжатни имзолаётган шахснинг лавозими (агар ҳужжат бланкада расмийлаштирилмаган бўлса, тўлиқ, агар бланкада бўлса, қисқа), шахсий имзо ва унинг таърифи киради. Масалан:

"Янги ҳаёт" маҳалласи фуқаролар йиғини раиси

(имзо) А.Ж. Тожиев

Ҳужжат бир неча мансабдор шахслар томонидан имзоланаётганда уларнинг имзоси эгаллаган лавозимига кўра юқоридан пастга қаратиб жойлаштирилади.

Тенг лавозимдаги шахслар томонидан ҳужжат имзоланаётганда уларнинг имзоси бир қаторга жойлаштирилади.

Фуқаролар йиғини раиси узоқ вақт бўлмаганда, ҳужжатларни фуқаролар йиғини раиси вазифасини вақтинча бажариш юклатилган шахс имзолайди. Бунда ҳужжатни имзоловчи шахснинг амалдаги лавозими ва унинг фамилияси кўрсатилади. Ҳужжатнинг лавозим номи олдига эгик чизиқ қўйиб ёки "ўрнига" сўзини ишлатиб имзолашга йўл қўйилмайди.

34. Фуқаролар йиғини раиси томонидан тасдиқланиши керак бўлган ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олган тасдиқлаш грифига эга бўлиши керак: "Тасдиқлайман" сўзи, ҳужжатни тасдиқлаётган шахснинг лавозими, шахсий имзо, исми, отаси исмининг бош ҳарфлари, фамилияси ва сана. Масалан:

"Тасдиқлайман"

Учқўрғон тумани "Янги ҳаёт" маҳалласи

фуқаролар йиғини раиси

имзо А. Маҳмудов

07.04.2021 й.

Тасдиқлаш грифи ҳужжатнинг юқориги ўнг қисмига жойлаштирилади. Тасдиқлаш ҳақидаги имзодан сўнг фуқаролар йиғинининг муҳри қўйилади.


35. Ҳужжатнинг ижроси бўйича топшириқлар фуқаролар йиғини раиси резолюцияси шаклида берилади. Резолюция таркибига қуйидаги мажбурий элементлар киритилади:

ижрочи (ёки ижрочилар фамилияси);

топшириқ мазмуни;

ижро этиш муддати (зарур ҳолларда);

фуқаролар йиғини раисининг имзоси;

резолюция қўйилган сана. Масалан:

Б.М. Мирзабоевга

Фуқаролар йиғини кенгаши йиғилишига материал тайёрлашингизни сўрайман.

(имзо) Р.С. Обидов 07.03.2021 й.


36. Фуқаролар йиғинида ҳужжат мазмуни билан таништириш тегишли белгилар билан амалга оширилади.

Ҳужжатнинг тушганлиги ҳақидаги белги ҳужжат биринчи варағининг пастки қисмига қўйилади.

Ҳужжатнинг назоратга олинганлиги ҳақидаги белги ҳужжатнинг биринчи варағи юқори қисмининг ўнг тарафига "Назорат" сўзи ёзилади ёки "Н" белгиси қўйилади.

Ҳужжатнинг ижроси таъминланганлиги ва уни йиғмажилдга жойлаш ҳақидаги белгида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ижро тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат бўлмаса - қисқача маълумот, ижро тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат бўлганда - унинг санаси ва рақамига ҳавола;

"Йиғмажилдга" сўзи;

йиғмажилдлар номенклатураси бўйича ҳужжат сақланадиган йиғмажилд рақами;

ҳужжатни йиғмажилдга жойлаштириш санаси;

ижрочининг имзоси.

Назоратдаги ҳужжатларнинг ижроси тўғрисида белги белгиланган тартибда қўйилади (фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарори - ижро қилинганидан сўнг тегишли қарор билан; фуқаролар йиғини раиси топшириғи - фуқаролар йиғини раиси резолюцияси билан;

қолганлари - фуқаролар йиғини ходимлари томонидан).

"Йиғмажилдга" белгиси ҳужжат билан ишлаш якунига етказилганлигини билдиради.

Ҳар бир ҳужжат бевосита ижрочи тўғрисидаги белгига эга бўлиши керак. Бундай белги ҳужжатнинг ҳар бир нусхасида, ҳужжатнинг сўнгги варағининг пастки чап қисмида, агар жой бўлмаса - варақнинг орқа томонида қўйиладиган ҳужжат ижрочисининг (ҳужжатни тайёрлаган ходимнинг) фамилияси ва хизмат телефонидан иборат. Масалан:

Д.К. Маҳкамов, тел.: 8 (371) 294-45-14.


37. Агар ҳужжатнинг иловалари бўлса - улар ҳақидаги белги қуйидагича қўйилади.

Матнда ҳужжатга илова борлиги кўрсатилади. Масалан:

"Ғунча" кўчасида истиқомат қилувчи иловада келтирилган рўйхатдаги хорижда ишлаб келган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилсин".

Маъмурий ҳужжатлар иловалари биринчи варағининг юқориги ўнг қисмида қуйидаги шаклда белгига эга бўлиши керак:

(ҳужжат санаси ва рақами, ҳужжат номи)га илова

Ҳужжатга бир нечта иловалар бўлса - уларга тартиб рақами қўйилади.

Агар ҳужжат матнида унга қўшилган иловалар ҳақида эслатиб ўтилмаса, унда иловаларнинг варақлари ва нусхалари сони келтирилган рўйхат келтирилиши керак.

Агар ҳужжатга бошқа, иловалари мавжуд бўлган ҳужжат қўшиб юборилаётган бўлса - унда илова мавжудлиги ҳақида қуйидаги шаклда белги қўйилади:

Илова:

Туман молия бўлимининг 30.03.2021 йилдаги 104-1/202-сон хати ва унга илова, жами 16 варақда, 5 нусхада.

Агар илова ҳужжатда кўрсатилган барча олувчиларга юборилмаётган бўлса, унда илова мавжудлиги тўғрисида қуйидагича белги қўйилади:

Илова: 5 варақда, 1 нусхада, биринчи манзилга.

Агар илова брошюраланган бўлса - варақлар сони кўрсатилмайди.


38. Ҳужжат нусхаси - ҳужжатдаги барча реквизитларнинг кўчирилган нусхаси. Кўчирма- ҳужжат бир қисмининг нусхаси.

Ҳужжатлардан нусха (кўчирма) фуқаролар йиғини раисининг рухсати билан берилади. Ходимларнинг шахсий йиғмажилдлари шакллантирилаётганда бошқа ташкилотлардан берилган ва тегишли масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлардан нусха ва кўчирма олишга йўл қўйилади (диплом, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва шунга ўхшаш ҳужжатларнинг нусхалари).

Ҳужжатнинг нусхаси (кўчирмаси) фуқаролар йиғини кенгашининг умумий бланкасида чиқарилади ва унинг аслига тўғрилигини тасдиқловчи ходимнинг имзоси билан тасдиқланади.

Агар нусха бланкада чиқарилмаса, лекин ҳужжатнинг бланкада тайёрланган аслидан олинаётган бўлса - ҳақиқий нусхадаги бланка матни тўлиқ кўчирилади. Нусханинг биринчи варағи юқоридаги ўнг қисмига "Нусха" белгиси қўйилади. Тасдиқловчи ёзув қуйидаги шаклда киритилади:

Аслига тўғри

Фуқаролар йиғини раиси ўринбосари (имзо) З. Мусаев, 03.04.2021 й.

Тасдиқловчи ёзув "Имзо" реквизитидан пастга қўйилади.

Ҳужжатнинг нусхаси (кўчирмаси) бошқа ташкилотга юборилаётганда ёки алоҳида шахсларга берилаётганда тасдиқловчи ёзувга муҳр қўйилади.


39. Бланкаларнинг сақланишини таъминлаш ва ҳисобини юритиш мақсадида ҳар қайси турдаги (қарор, хат) бланкалар рақамланган бўлиши керак.

Рақам бланканинг орқа бетидаги юқори қисмининг чап томонига қўйилади.


40. Тушган ҳужжатларга жавоб хати тайёрланаётганда тушган хатнинг рақами ва санаси кўрсатилади.


41. Ҳар бир фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) йиғилиш ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар йиғини аъзоларининг сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолда баённома юритилади.

Йиғилиш баённомаси ушбу Низомга 6-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

Фуқаролар йиғини мажлисининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) баённомаси ва қарорини фуқаролар йиғинининг раиси имзолайди. Фуқаролар йиғини раиси йўқлигида, мажлисда раислик қилган унинг ўринбосаридан бири имзолайди.

42. Йиғилиш баённомасининг санаси йиғилиш ўтказилган кун ҳисобланади. Йиғилиш баённомаси тартиб рақами йил мобайнида хронологик тарздаги кетма-кетликда белгилаб борилади. Кейинги йил тартиб рақамлари янгидан бошланади.


43. Йиғилиш баённомаси матни кириш ва асосий қисмдан иборат бўлади. Йиғилиш баённомаси матнининг кириш қисмида йиғилиш иштирокчиларининг сони, таклиф қилинганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Йиғилиш баённомасида раислик қилувчининг исми, отаси исмининг бош ҳарфлари, фамилияси, муҳокама қилинадиган масалалар, ушбу масалалар бўйича маърузачиларнинг исми, отаси исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси, регламент кўрсатилган кун тартиби ёзилади.

Йиғилиш баённомасининг асосий қисми кун тартиби бандларига мувофиқ тарзда бўлимларга ажратилади. Ҳар бир бўлим "эшитилди - сўзга чиқдилар - қарор қилинди" тартиби бўйича тузилади.


44. Йиғилиш баённомаси санаси йиғилиш ўтказилган сана ҳисобланади.


45. Йиғилиш баённомаси йиғилиш ўтказилган санадан 3 кундан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши ва имзоланиши керак.


46. Фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва Тафтиш комиссияси, фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи жамоатчилик тузилмалари йиғилишлари баённомалари ушбу Низомнинг 42-46-бандларига мувофиқ расмийлаштирилади.


47. Йиғмажилдлар номенклатураси - фуқаролар йиғинида юритиладиган, сақлаш муддати кўрсатилган, белгиланган тартибда расмийлаштириладиган йиғмажилдлар сарлавҳаларининг тизимлаштирилган рўйхатидан иборат бўлади.

Йиғмажилдлар номенклатураси йиғмажилдларни тўғри шакллантириш, уларни ҳисобга олиш ва излаб топишни таъминлаш, ҳужжатларнинг сақланиш муддатини кўрсатиш учун тузилади.


48. Фуқаролар йиғини йиғмажилдларининг номенклатураси масъул ходим томонидан тайёрланади.

Йиғмажилдлар номенклатураси фуқаролар йиғини раиси томонидан тасдиқланади.

Йиғмажилдлар номенклатураси 5 йилда бир мартадан кам бўлмаган муддатда ёки фуқаролар йиғинининг вазифалари ва таркибий тузилиши ўзгарган вақтда қайта тузилади ва тасдиқланади.


49. Йиғмажилдлар номенклатурасига ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган йиғмажилдлар, шунингдек, ахборот-маълумотнома ва назорат картотекалари, шахсий йиғмажилдлар киритилади.

Йиғмажилдлар номенклатурасига босма нашрлар, брошюралар, ахборот-маълумотномалар, маълумот варақалари, бюллетенлар, кўрсаткичлар, экспресс-маълумотлар киритилмайди.


50. Йиғмажилдлар номенклатураси бўлимлари фуқаролар йиғинининг таркибий тузилишига мувофиқ жойлаштирилади. Таркибий тузилмалар ичида йиғмажилдлар муҳимлик даражаси бўйича қуйидагича тартибда жойлаштирилади:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

фуқаролар йиғини мажлисининг (фуқаролар вакилларининг йиғилишининг) ташкилий-фармойиш ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини кенгашининг ташкилий-фармойиш ҳужжатлари;

йиғилиш баённомалари ва уларга тегишли материаллар;

режалар, сметалар, ҳисоботлар;

маърузалар, шарҳлар, хизмат хатлари;

ёзишмалар;

маълумотномалар, далолатномалар, маълумотлар;

лимитлар, буюртмалар;

фуқаролар йиғинининг асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ҳар бирининг ишлари алоҳида тарзда;

фуқаролар йиғини Тафтиш комиссиясининг ишлари;

фуқаролар йиғинидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмасининг ишлари;

фуқаролар йиғинидаги "Кексалар маслаҳати" гуруҳининг ишлари;

"Аёллар маслаҳат кенгаши"нинг ишлари;

"Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳининг ишлари;

фуқаролар йиғинида тадбиркорлик бўйича маслаҳат маркази ташкил этилган бўлса, маслаҳат марказининг ишлари;

рўйхатлар;

ахборот-маълумот картотекаси.


51. Йиғмажилдлар номенклатурасидаги йиғмажилдлар сарлавҳалари уларда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг таркиби ва мазмунини акс эттириши керак. Номенклатурадаги йиғмажилдлар сарлавҳалари уларда доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларни алоҳида гуруҳлашни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Ҳар бир сарлавҳада ҳужжатнинг турини (турларини), мазмунини, ёзишмаларда эса корреспондентни кўрсатиш керак.

Маъмурий ҳужжатлар ёки йиғилиш баённомаларини ўз ичига олган йиғмажилдлар сарлавҳасида уларнинг асли ёки нусхаси эканлиги кўрсатилиши керак.

Агар йиғмажилд таркиби бир неча турдаги ҳужжатлардан иборат бўлса, бир масалага оид, лекин иш юритиш кетма-кетлиги бўйича ўзаро боғлиқ бўлмаса, сарлавҳаларда "ҳужжатлар" атамаси қўлланилади. Умумлаштирувчи ҳужжатга (масалан, йиғилиш баённомаси) илова ҳужжатлар ҳам "ҳужжатлар" тушунчаси билан белгиланади.


52. Йиғмажилд индекси икки элементдан иборат бўлади: фуқаролар йиғини ва унинг органлари рақами ва ушбу тузилма қисми доирасидаги тартиб рақами (01-1, 01-2, 02-1 ва бошқалар).

Масалан:

фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) - 01-1, 01-2 ва бошқалар;

фуқаролар йиғини кенгаши - 02-1, 02-2 ва ҳ. к.;

фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси - 03-1, 03-2 ва ҳ. к.;

фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси - 04-1, 04-2 ва бошқалар.

Йил давомида янги тузилган йиғмажилдлар номлари йиғмажилдга қўшимча тарзда киритилади. Шу мақсадда йиғмажилдлар номенклатурасининг ҳар бир бўлимида захира рақамлар қолдирилади.


53. Йил якунида йиғмажилдлар номенклатураси охирида юритилган йиғмажилдлар сони тўғрисида ёзув киритилади.


54. Йиғмажилдларни шакллантириш - бу йиғмажилдлар номенклатурасига мувофиқ ижро қилинган ҳужжатларни йиғмажилдларга гуруҳлашдир.

Йиғмажилдларни шакллантириш масъул ходим томонидан назорат қилинади.

Йиғмажилдларни шакллантиришда қуйидаги умумий қоидаларга риоя қилиниши керак:

йиғмажилдга фақат ижро қилинган, тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни жойлаштириш;

муайян масалага оид барча ҳужжатларни биргаликда жойлаштириш;

иловаларни асосий ҳужжатлар билан бирга жойлаштириш;

йиғмажилдда бир календарь йилга оид ҳужжатларни жамлаш (кейинги йилга ўтувчи йиғмажилдлардан ташқари);

доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларни алоҳида гуруҳлаб йиғмажилдга жойлаштириш.

Йиғмажилдда қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар, ортиқча нусхалар, ҳужжатнинг қоралама варианти бўлмаслиги керак;

Йиғмажилдда варақлар сони 250 тадан ошмаслиги зарур. Варақлар сони кўп бўлганда иккинчи ва ундан кейинги жилдлар юритилади.


55. Кадрлар масалаларига оид ҳужжатлар алоҳида шакллантирилади.

Маъмурий ҳужжатлар ва йиғилиш баённомалари хронологик тарзда, тегишли рақамлари бўйича жойлаштирилади.


56. Ёзишмалар календарь йил даври учун йиғмажилдга аниқ масалалар бўйича гуруҳланади ва хронологик кетма-кетликда тизимлаштирилади.

Жавоб ҳужжати сўров ҳужжатидан кейин қўйилади.


57. Режалар, ҳисоботлар, сметалар уларнинг лойиҳаларидан алоҳида гуруҳлантирилади.


58. Фуқаролар йиғини раиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг шахсий варақалари йил давомида мустақил йиғмажилдларга гуруҳланади.

Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган фуқаролар йиғини фаоллари - фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари), фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, Тафтиш комиссияси ва фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи жамоатчилик тузилмалари аъзоларининг шахсий варақалари ҳам алоҳида йиғмажилдларга гуруҳланиши мумкин.

59. Фуқаролар йиғинида ҳужжатларнинг сақланиши масъул ходим томонидан таъминланади.


60. Идоравий архивга ёки тегишли архивга берилаётган, доимий ва вақтинча (10 йилдан ортиқ) сақланадиган ҳужжатлар, улар бўйича иш юритиш тугатилгандан 2 йил ўтгандан сўнг тартибга келтирилиши керак.

Ҳужжатларни тартибга келтириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.

Йиғмажилдлар тикилади, мавжуд талабларга мувофиқ расмийлаштирилади ва уларга рўйхатлар тузилади (доимий ва фуқаролар йиғини фаолларига доир ҳужжатларга алоҳида).

Сақлаш муддатлари тугаган ҳужжатлар бўйича масъул ходим фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари иштирокида ҳужжатларни йўқ қилишга ажратиш далолатномасини тузади.

Рўйхатлар ва далолатномалар тегишли архивнинг эксперт-текшириш комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Рўйхатлар ва далолатномалар тегишли архивнинг эксперт-текшириш комиссияси томонидан маъқуллангандан сўнг фуқаролар йиғини раиси томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган далолатномаларга мувофиқ ҳужжатларни йўқ қилиш фуқаролар йиғини кенгаши томонидан амалга оширилади.


61. Ходим ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтганда ижроси тугалланмаган ва унинг ҳисобида бўлган йиғмажилдлар ушбу лавозимга янги тайинланган ходимга ёки унинг мажбуриятлари зиммасига юкланган ходимга ҳисобга олиш карточкаси ёки рўйхатга олиш дафтарига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

Ишдан бўшаган ёки бошқа ишга ўтган ходим олган ҳужжатларини (регламент, йўриқнома, низом ва б.), методик адабиётларни масъул ходимга топширади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


62. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинларида рўйхатга олинмайдиган

келиб тушган ҳужжатларнинг

РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳужжат тури


1.

Хизмат сафари ва меҳнат таътилига рухсат бериш сўралган хатлар.


2.

Реклама хабарлари, плакатлар.


3.

Табрик хатлари ва таклиф чипталари.


4.

Бухгалтерия ҳужжатлари.


5.

Нашрлар (китоблар, журналлар, бюллетенлар).


6.

Ойлик ва чораклик ҳисоботлар.


7.

Статистик ҳисоботлар шакллари.


            

Изоҳ. Ушбу рўйхатнинг 1, 2, 4, 5, 6 ва 7-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар алоҳида ҳисобга олинади.






Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА



Фуқаролар йиғинларига тушган

ҳужжатларни рўйхатга олиш

ДАФТАРИ

Т/р

Сана

Индекс

Ҳужжатни

юборган

ташкилотнинг

номи (мансабдор

шахснинг Ф.И.О

ва лавозими)


Ҳужжатнинг

индекси

ва санаси

(ҳужжатни

юборган

ташкилот

(мансабдор

шахс)

томонидан

қўйилган)


Раиснинг

резолюцияси

ва санаси


Масъул

ижрочи

(Ф.И.О.,

ҳужжат

олинган

сана)


Ҳужжатнинг

ижроси тўғрисида

маълумот (қаерга

ва қачон жавоб

юборилганлиги,

сана ва индекси)


...


...


...

...

...

...

...

...

         





Низомга

3-ИЛОВА



НАМУНА


"ТАСДИҚЛАЙМАН"

________________

Фуқаролар йиғини раиси

________________________

(Ф.И.О.)


202__ йил "____" _______

ЙИҒМАЖИЛДЛАР НОМЕНКЛАТУРАСИ

_______ N ________

___________________________________________

(тузилган жойи)


__________ йил учун

Йиғмажилд

индекси


Йиғмажилд

сарлавҳаси

(жилд, қисм)


Йиғмажилдлар сони

(жилдлар, қисмлар)


Йиғмажилдни сақлаш

муддати ва рўйхат

бўйича модданинг

тартиб рақами


Изоҳ


1


2

3

4

5










Ўринбосар





(имзо)


(Ф.И.О.)

         


"КЕЛИШИЛГАН"*

________ (вилоят, шаҳар) архив иши

бошқармаси Эксперт-текшириш

комиссиясининг __ йил ___ даги

___-сон баёни


*) Агар фуқаролар йиғини давлат архивининг жамлаш манбаига киритилган бўлса, у ҳолда йиғмажилдлар номенклатураси тегишли давлат архиви ёки архив иши бошқармаси Эксперт-текшириш комиссияси билан келишилади.






Низомга

4-ИЛОВА



НАМУНА



Назорат карточкаси


олд тарафи


А 5 (210х148) шаклда

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20


21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31


Корреспондент


Ҳужжатнинг тушган санаси ва индекси


Ҳужжатнинг санаси ва индекси


Қисқача мазмуни


        

Резолюция ва ижрочи тўғрисидаги маълумотлар


Ҳужжатнинг ижроси тўғрисида маълумот


(орқа тарафи)

Ҳужжатни олганлиги тўғрисида

ижрочининг имзоси ___________

Сана ________________

Назорат белгилари


Фонд N _______

Рўйхат N ________

Йиғмажилд N _________

        





Низомга

5-ИЛОВА



НАМУНА



Фуқаролар йиғини ҳужжати бланкасининг шакли

Ўзбекистон Республикаси

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур

тумани "Гулобод" маҳалла

фуқаролар йиғини


O`zbekiston Respublikasi

Toshkent shahar Shayxontohur

tumani "Gulobod" mahalla

fuqarolar yigini

Тошкент шаҳар Шайҳонтохур тумани Гулобод мавзеси, 26-уй, 12-хонадон

Тел/факс 8 (371) 243-13-35 Web: www.mumfy.uz , e-mail: mumfy@inbox.uz

СТИР 000186141, МФО 00423, Ҳ/Р 23404000900101017181


____________________ N ________________________

__________________даги N _____________________га

         





Низомга

6-ИЛОВА



НАМУНА



Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)

баённомаси шакли


"______________" фуқаролар йиғинининг

_______ -сон баённомаси

20 __ йил "___" __________

____________ туман (шаҳар)

Раислик қилувчи:

Ф.И.О


Қатнашганлар:

Жами ___ киши.



Ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳалладан фуқароларнинг вакиллари ____ киши.


Таклиф этилганлар:

Кенгаш аъзолари: ___ киши.



Ташкилотлар вакиллари (Ф.И.О., иш жойи, лавозими).

КУН ТАРТИБИ:

1.


2.


3.


ЭШИТИЛДИ:


Маърузачи: Ф.И.О


Сўзга чиқдилар: Ф.И.О


ҚАРОР ҚИЛИНДИ:

Мажлис котиби


имзо

Ф.И.О

Мажлис раиси

имзо

Ф.И.О

М.Ў.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 19 июнь



















































Время: 0.0092
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск