ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар. Кўргазмалар. Маданият кунлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.06.2021 й. ПҚ-5151-сон "Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.06.2021 й.

N ПҚ-5151



ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО КИНОФЕСТИВАЛИНИ

ҚАЙТА ТИКЛАШ ВА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Миллий кино санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, ушбу санъат тури орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда кўп йиллар давомида ўтказилиб келинган жаҳонга машҳур Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги "Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-6202-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:


1. 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган "Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали" "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тиклансин ҳамда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказилсин.


2. "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгилансин:

кино санъати орқали дунё мамлакатлари ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жаҳон киноиндустрияси вакиллари билан ҳамкорликда қўшма кино лойиҳалари яратишни кенгайтириш;

инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқлар дўстлигини тарғиб қилувчи, замонавий дунёнинг маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи, турли мамлакатларнинг энг сара кино санъати асарларини юртимизга жалб қилиш;

миллий кино санъатини янада ривожлантириш ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этиш;

хорижлик кино санъати вакиллари билан ҳамкорликда ушбу соҳада илмий тадқиқот ва изланишларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, таниқли кино намояндалари иштирокида конференция, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.


3. "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали (кейинги ўринларда - Кинофестиваль) 2021 йилнинг 28 сентябрь - 3 октябрь кунлари "Тинчлик, тараққиёт ва маърифат" шиори остида ўтказилсин.

Кинофестиваль "Фестиваллар фестивали" шаклида, нуфузли халқаро кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида дунёнинг энг яхши кино санъати асарларини жалб қилган ҳолда ташкил этилсин ва унинг доирасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилсин:

Кинофестиваль арафасида чет давлатларда Ўзбек кино санъати кунлари ҳамда Ўзбекистонда хорижий мамлакатларнинг кино санъати кунларини ташкил этиш, ушбу тадбирларни Тошкент шаҳри ва республика ҳудудлари бўйлаб ўтказиш;

Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивалини ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш, унинг доирасида конференция, давра суҳбати, дунёга машҳур киноижодкорлар иштирокида маҳорат сабоқларива тренинглар, ижодий учрашувлар ташкил қилиш;

хорижлик меҳмонлар ва иштирокчилар учун энг сара миллий фильмларимиз намойишлари, Ўзбекистон кино санъати тарихива маданий меросига бағишланган медиа тадбирларни ташкил қилиш;

хорижлик ҳамкорлар ва экспертлар иштирокида "Ўзбекфильм" киноконцерни"нинг кино ишлаб чиқариш бўйича хизмат кўрсатувчи марказ сифатидаги замонавий моддий-техника базаси, технологик имкониятлари ва келгуси истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказиш;

хорижлик ва маҳаллий кинокомпаниялар, киностудиялар ва телекомпаниялар иштирокида кинобозор ташкил қилиш, уларнинг фильмлар, сериаллар ва бошқа аудиовизуал маҳсулотларни ўзаро алмашиши, харид қилиши ва сотишига кўмаклашиш;

дунёда кино индустрияси соҳасида яратилган энг сўнгги инновацион лойиҳалар вайирик стриминг платформалари вакиллари иштирокида миллий стриминг платформаси тақдимотларини ўтказиш;

мамлакатимиз кинолокацияларини намойиш этиш, Ўзбекистоннинг кино ва туризм соҳаларидаги салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда бу борадаги кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.


4. Қуйидагилар:

"Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - Ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ;

"Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


5. Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

режалаштирилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда бадиий-ижодий гуруҳлар ва халқаро экспертлар кенгашларини тузиш;

халқаро кинофестивалларни ўтказиш бўйича катта тажрибага эга бўлган хорижий ташкилотларни Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга шартнома асосида жалб этишни ташкил қилиш;

Кинофестивалнинг логотипи, эсдалик совғалари, диплом ва статуэтка намуналарини, унинг дастури, тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ва бадиий дастурлари, харажатлар сметаси, иштирокчилари ва меҳмонлари рўйхатини тасдиқлаш;

Кинофестиваль ва унинг доирасидаги тадбирларни юқори савияда ўтказишга қаратилган бошқа комплекс тайёргарлик ишларини амалга ошириш.


6. Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Алишер Навоий номидаги кино саройи биносини Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази бошқарувига бериш ва унинг негизида "Киночилар уйи"ни ташкил қилиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


7. Белгилансинки:

а) Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича:

Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази фаолиятига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ва доимий асосда ишлайдиган 9 нафар мутахассис жалб этилади;

мазкур мутахассислар меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси ходимларига тенглаштирилади;

б) Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар:

2021 йилда - Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига асосан Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади;

2022 йилдан бошлаб, келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам қопланиши мумкин;

в) 2022 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун йўналтириладиган маблағлар суммасига фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади, бунда мазкур чегириладиган харажатлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;

г) ғояси ва мазмуни Кинофестиваль шиорига мос, жаҳон кинематографияси ривожида салмоқли ўринга эга бўлган, миллий қадриятлар ва маданиятларни ўзида ёрқин акс эттирган фильмларнинг ижодкорлари халқаро экспертлар кенгаши томонидан диплом, рамзий ҳайкалча ва ҳар бири 20 минг АҚШ долларидан иборат бешта пул мукофоти билан тақдирланади;

д) Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ғолиблари диплом ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун - 15 000 АҚШ доллари;

2-ўрин учун - 10 000 АҚШ доллари;

3-ўрин учун - 7 000 АҚШ доллари.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев) Кинематография агентлиги (Ф.Ф. Абдухаликов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил ва келгуси йиллар Инвестиция дастури доирасида "Ўзбекфильм" киноконцерни" ҳудудидаги Ўзбекистон Кинематография академияси биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлашни таъминласин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Кинематография агентлиги (Ф.Ф. Абдухаликов) билан биргаликда 10 кун муддатда ҳудудларда Кинофестиваль тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин, шунингдек, унда белгиланган вазифаларни 2021 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилишини таъминласин. Бунда, жумладан қуйидагиларни назарда тутсин:

Кинофестиваль дастурида белгиланган тадбирларни юқори даражада ўтказиш билан боғлиқ тегишли харажатларни Кинофестиваль харажатлар сметасига асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш;

ҳудудлардаги кинотеатрлар ва тадбир ўтказиладиган объектлар, уларга туташ ҳудудлар ва олиб борадиган йўлларда таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳамда Кинофестиваль доирасида фильмлар намойиш этишга тайёрлаш.


10. Маданият вазирлиги (О.А. Назарбеков) Кинематография агентлиги билан биргаликда Кинофестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ва бошқа тадбирларида концерт-томоша дастурларини ташкил қилсин.


11. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Камилов):

а) Кинематография агентлиги (Ф.Ф. Абдухаликов) билан биргаликда Кинофестивалга:

меҳмонлар ва иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали таклиф этишни таъминласин;

БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, FIAPF ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакилларини таклиф этсин;

б) Кинофестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Кинематография агентлигининг талабномаларига асосан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


12. Бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири А.А.Абдухакимов Кинематография агентлиги (Ф.Ф. Абдухаликов) билан биргаликда:

маҳаллий ва хорижий инвесторларни Кинофестивалга жалб этиш учун "инвестиция пакетлари"ни шакллантириш;

"инвестиция пакетлари" доирасида инвесторларга таниқли кино юлдузларини таклиф этиш ва улар иштирокида ўзларининг реклама ва тарғиботларини ташкил қилиш бўйича кенг шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар давлат тасарруфидаги видеоэкранлар ва билборд кўринишидаги ташқи реклама объектларида берилаётган реклама вақтининг 2021 йил 1 июнь - 1 сентябрь кунлари 5 фоизи, 2021 йил 1 сентябрь - 3 октябрь кунлари 10 фоизи Кинофестивални тарғиб қилиш учун ажратилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "Дунё" ахборот агентлиги ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларига Кинофестиваль фаолиятини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Кинофестиваль харажатлар сметаси доирасида хорижий оммавий ахборот воситаларида унинг рекламаси ва тарғиботини ташкил қилсин.


15. Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов), Миллий гвардия (Р.М. Джураев) ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Х. Қўлдошев) Кинофестиваль тадбирлари, меҳмонларива иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.


16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М. Хаджибаев) Кинофестиваль ўтказиладиган жойларда тез тиббий ёрдам пунктларини ташкил этсин, тадбирлар ўтказиладиган вақтда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилинишини назорат қилсин.


17. Давлат божхона қўмитаси (М.Б. Азимов) Кинофестиваль иштирокчиларини ҳамда уларнинг юкларини олиб кириш ва олиб чиқиш учун божхона расмийлаштирувини белгиланган тартибда тезкорлик билан амалга оширилишини таъминласин.


18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири А.А. Абдухакимов ва Кинематография агентлиги бош директори Ф.Ф. Абдухаликов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 19 июндаги

ПҚ-5151-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро

кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва

уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

ТАРКИБИ

1. А.Н. Арипов

-

Бош вазир, ташкилий қўмита раиси


2. А.А. Абдувахитов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси


3. А.А. Абдухакимов

-

Бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири, ташкилий қўмита раиси ўринбосари


4. Ф.Ф. Абдухаликов

-

Кинематография агентлиги бош директори, ташкилий қўмита раиси ўринбосари, кинофестиваль бош директори


5. О.А. Назарбеков

-

маданият вазири


6. А.Х. Тошқулов

-

олий ва ўрта махсус таълим вазири


7. А.Х. Камилов

-

ташқи ишлар вазири


8. Б.И. Зокиров

-

қурилиш вазири


9. Т.А. Ишметов

-

молия вазири


10. И.Р. Махкамов

-

транспорт вазири


11. А.М. Хаджибаев

-

соғлиқни сақлаш вазири


12. Ш.М. Садиков

-

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


13. П.Р. Бобожонов

-

ички ишлар вазири


14. Р.М. Джураев

-

Миллий гвардия қўмондони


15. А.А. Ходжаев

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори


16. A.Д. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси


17. A. Кўчимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори


18. Ж.А. Артикходжаев

-

Тошкент шаҳар ҳокими


19. A.В. Нуридинов

-

Бадиий академия раиси


20. A.И. Икрамов

-

Савдо-саноат палатаси раиси


21. С.С. Сайидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


22. Лавозими бўйича

-

Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти мудири, ташкилий қўмита котиби


              

Изоҳ: ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига мазкур лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 19 июндаги

ПҚ-5151-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент

халқаро кинофестивалига тайёргарлик

кўриш ва уни ўтказиш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар


Муддат


Масъул ижрочилар


I. "ИПАК ЙЎЛИ ДУРДОНАСИ" XIII ТОШКЕНТ

ХАЛҚАРО КИНОФЕСТИВАЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАРИ

1.

Қуйидаги йўналишлар:

"Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали (Кинофестиваль) дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

Кинофестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари билан музокаралар олиб бориш, уларни таклиф қилиш;

инфратузилма объектларини барпо этиш, таъмирлаш, жиҳозлаш, кўчаларни тартибга келтириш ва ободонлаштириш;

Кинофестиваль доирасидаги маданий тадбирларни ташкил этиш;

Кинофестиваль доирасидаги ёшлар тадбирларини ташкил этиш;

Кинобозорни ўтказиш, унинг доирасида инвесторлар ва иштирокчилар билан музокаралар олиб бориш ва уларни жалб қилиш;

Кинофестивални техник ва технологик таъминлаш, янги кинотехнологияларни жорий этишга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш;

Кинофестиваль иштирокчиларини жойлаштириш;

Кинофестиваль иштирокчиларини озиқ-овқат билан таъминлаш;

Кинофестиваль иштирокчиларини транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлар таркибини тасдиқлаш.


2021 йил

10 июль


"Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали ташкилий қўмитаси (Ташкилий қўмита), Кинематография агентлиги (Абдухаликов), вазирлик ва идоралар


2.

Кинофестиваль дастурини шакллантириш ва Ташкилий қўмита томонидан тасдиқлаш.


2021 йил

30 июль


Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


3.

Кинофестиваль логотипи, махсус эсдалик совғалар, тарқатма материаллар, нишонлар, баннерлар, бейджиклар ва бошқаларнинг намуналарини ишлаб чиқиш ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқлаш.


2021 йил

30 июль


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Бадиий академия (Нуридинов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), вазирлик ва идоралар


4.

Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини шакллантириш ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқлаш.


2021 йил

30 июнь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Молия вазирлиги (Ишметов)


5.

Республика ҳудудларида миллий кинематография соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги ПФ-6202 Фармони билан тасдиқланган Республика комиссияси намунасида ҳудудий комиссиялар ташкил қилиш ва улар томонидан кинофестиваль тадбирларини ҳудудларда ўтказиш бўйича "йўл харита"ларини ишлаб чиқиб, Республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритиш.


2021 йил

июль

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


6.

Миллий кинематографияни ривожлантириш марказига кинофестивалнинг дирекцияси вазифасини юклаш ҳамда уни кинофестиваль буюртмачиси этиб белгилаш.


2021 йил

1 августга

қадар


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Молия вазирлиги (Ишметов)


7.

Кинофестивалнинг тантанали очилиш, ёпилиш маросимлари сценарийси ва бадиий дастурларини халқаро кинофестиваллар ўтказиш тажрибасига эга бўлган хорижий компания билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ҳамда Ташкилий қўмита билан келишиш;

Кинофестиваль харажатлар сметаси доирасида хорижий мутахассислар ва киноэкспертларни жалб этган ҳолда очилиш ва ёпилиш маросимлари, тадбирлар ўтказиладиган жойнинг дизайнини ишлаб чиқиш, уни безатиш, LED мониторлар, реклама ва тарғибот баннерлари билан таъминлаш.


2021 йил

30 август

Маданият вазирлиги (Назарбеков), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


8.

Кинофестивалнинг маҳаллий ва хорижий иштирокчилари рўйхатини шакллантириш ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқлаш. Бунда:

300 нафар хорижий иштирокчи, шу жумладан, 5 нафар жаҳон кино юлдузи ва 50 нафар халқаро даражадаги киноижодкорлар иштирокини назарда тутиш;

хорижий иштирокчиларнинг рўйхатини белгиланган тартибда Ташқи ишлар вазирлиги билан келишиш.


2021 йил

1 июль

Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев)


9.

"Инвестициялар пакетлари" асосида ҳамкорлик қилувчи маҳаллий ва хорижий инвесторлар рўйхатини шакллантириш, музокаралар олиб бориш.


2021 йил

30 август


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Кудратов)


10.

Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган рўйхат асосида Кинофестивалнинг хорижий иштирокчиларини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали таклиф этиш.


2021 йил

июль-сентябрь


Тегишли ишчи гуруҳ, Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


11.

Кинофестивалга БМТ, ЮНЕСКО, ШҲТ, МДҲ, FIAPF ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, киноакадемиялар ва кинофестиваллар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари вакилларини таклиф этиш.


2021 йил

июль-сентябрь


Тегишли ишчи гуруҳ, Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


12.

Ташкилий қўмита билан келишилган дизайн бўйича тарқатма материаллар, нишонлар, баннерлар, қутлов транспарант-баннерлар, бейджиклар, папкалар ва бошқаларни юқори сифатда тайёрлаш.


2021 йил

1 сентябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ўзбекистон миллий кинокомиссияси (Азизова)


13.

Баннерлар ва Кинофестиваль тарқатма материалларини (қутлов транспарант-баннерлар, бейджиклар, папкалар, журнал ва бошқалар) тайёрлаш ускуналари, ёритиш ва овоз ускуналари, LED экранлар, киножиҳозлар, синхрон таржима аппаратлари, ихтисослаштирилган кўчма ва бошқа турдаги мебеллар сотиб олиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Ташкилий қўмитага таклиф киритиш.


2021 йил

20 июль


Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


14.

Аутрич ишчиларни ва хорижий тилларни яхши биладиган ёшларни, жумладан талаба ёшларни таржимон сифатида жалб этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ва рағбатлантириб бориш.


Кинофестиваль

доирасида


Ташкилий қўмита, Ёшлар ишлари агентлиги (Саъдуллаев), Ёшлар иттифоқи (Зайниддинов), Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошқулов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев)


15.

Малакали синхрон таржимонлар рўйхатини шакллантириш, Кинофестивалнинг харажатлар сметаси доирасида уларни шартнома асосида тадбирларга жалб қилиш.


Кинофестиваль

доирасида


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошқулов)


16.

Кинофестиваль доирасида кино соҳасидаги таълим муассасаларининг очилиш маросимларини ўтказиш бўйича:

Ўзбекистон кинематография академияси олий таълим муассасасининг очилиш маросимини ташкил қилиш ва ўтказиш;

Россия Федерацияси вакиллари билан биргаликда Тошкент шаҳрида С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти иштирокида таълим муассасасини ташкил қилиш ва унинг очилиш маросимини ўтказиш масаласини кўриб чиқиш.


2021 йил

сентябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев)


II. КИНОФЕСТИВАЛЬ ТАДБИРЛАРИНИ ЎТКАЗИШ

17.

Кинофестивалнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларига ҳамда бошқа тадбирларга тайёргарлик кўриш. Бунда:

халқаро кинофестиваллар ўтказиш тажрибасига эга бўлган хорижий компания билан ҳамкорлик қилиш ҳамда мутахассислар ва киноэкспертларни жалб этиш;

очилиш маросими ўтказиладиган жойнинг дизайнини ишлаб чиқиш, уни безатиш, LED мониторлар, реклама ва тарғибот баннерлари билан таъминлаш.


2021 йил

сентябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), Қурилиш вазирлиги (Зокиров)


18.

Алишер Навоий номидаги кино саройи негизида ташкил этиладиган "Киночилар уйи" биносининг тегишли кинозалларини кинофестиваль тадбирларига тайёрлаш ҳамда бинога туташ ҳудудларни ободонлаштириш, кўргазма ташкил қилиш.

Киноижодкорлар ҳамда машҳур миллий ва хорижий фильмлар хиёбонини яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


2021 йил

август


Ташкилий қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Қурилиш вазирлиги (Зокиров)


19.

Кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими ва муҳим тадбирларини хорижий ва маҳаллий телеканаллар, оммабоп Интернет ресурслар, республика ҳудудларининг марказларида ташкил этиладиган махсус майдонларда ҳамда кинотеатрларда жамоатчиликка намойиш этиш.


Кинофестиваль

доирасида


Ташкилий қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Сафоев)


20.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари билан "Кино кунлари"ни ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориш ва хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари ва киноижодкорларини таклиф қилиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Тегишли ишчи гуруҳ, Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев)


21.

"Кино кунлари" тадбирларини ўтказиш бўйича:

"Кино кунлари" ўтказиладиган республикадаги кинотеатрлар рўйхатини шакллантириш, уларни таъмирлаш ва ободонлаштириш;

"Кино кунлари" доирасидаги фильмлар намойишларини республика ҳудудлари бўйлаб ташкил қилиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


22.

Республиканинг ҳар бир ҳудудига хорижий иштирокчилар делегацияларини юбориш ҳамда ҳудуддаги тегишли кинотеатрни замонавий кино қурилмалари билан жиҳозлаш ва тайёрлаш, кинолокацияларни тайёрлаш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


23.

Кинофестиваль тадбирларини ўтказиш бўйича энг яхши натижаларга эришган ҳудудларни тақдирлаш бўйича танлов ўтказиш юзасидан Ташкилий қўмитага таклиф киритиш.


Кинофестиваль

доирасида


Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


24.

Кинофестиваль доирасида Осиё ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивалини ўтказиш. Бунда:

ёш киноижодкорлар рўйхатини шакллантириш, улар билан музокаралар олиб бориш, таклиф қилиш;

"Ёшлар ижод саройи"ни тайёрлаш, кинофестиваль мавзусидаги баннерлар, LED мониторлар, овоз ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ҳамда безаш;

сарой ҳудудида 2 та ёзги (очиқ) кинотеатр ва LED мониторлар ташкил қилиш.

Ушбу тадбирларни Кинофестиваль харажатлар сметаси доирасида ташкил қилиш.


2021 йил

1 сентябрь


Ёшлар ишлари агентлиги (Саъдуллаев), Ёшлар иттифоқи (Зайниддинов), Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


25.

Ўзбекистоннинг кинематография ретроспективаси, миллий фильмлар намойишлари, Ўзбекистон кино тарихи ва маданий меросига бағишланган медиа тадбирларни ўтказиш учун Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрини тайёрлаш, унда тадбирларни бепул тарзда ўтказишни таъминлаш, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ва "Баҳор" давлат рақс ансамблини жалб қилиш, концерт-томоша ва рақс дастурлари ташкил қилиш.


2021 йил

сентябрь


Маданият вазирлиги (Назарбеков), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


26.

Хорижий мамлакатлар архивларида сақланаётган ўзбек миллий фильмларини республикага қайтариш, уларни реставрация қилиш ва рақамлаштириш ишларига кўмаклашиш ҳамда молиялаштириш бўйича Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорлик қилиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев)


27.

Кинофестиваль тадбирлари доирасида соҳа ривожи учун муносиб ҳисса қўшган фуқароларни "Кинематография фидокори" кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимларини ўтказиш.


Кинофестиваль

доирасида

Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


28.

Кинофестиваль асосий дастуридан жой олмаган миллий мавзуларга бағишланган фильмлар намойишларини, Ўзбекистон кино тарихи ва маданий меросига бағишланган медиа тадбирларни ташкил этиш, "Ўзбекистон кино санъати" номли китоб-альбом тақдимотини ўтказиш ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқиш ҳамда тақдимотини ўтказиш, ҳужжатли фильмларни миллий телеканалларда намойиш этиш.


Кинофестиваль

доирасида


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Сафоев)


29.

"Ўзбекфильм" киноконцернининг имкониятлари ва истиқболларига бағишланган, замонавий моддий-техник базага эга ҳамда фильмлар ишлаб чиқариш бўйича хизмат кўрсатувчи марказ сифатидаги тақдимотини ўтказиш. Бунда:

"Ўзбекфильм" киноконцерни тақдимотида иштирок этувчи хорижий ҳамкорлар ва экспертлар рўйхатига асосан уларга кириш визалари ҳамда товарларни вақтинчалик олиб кириш учун рухсатномалар олишда амалий ёрдам кўрсатиш;

"Ўзбекфильм" киноконцернини кино қурилмалари ва технологик ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш.


Кинофестиваль

доирасида

Ташкилий қўмита, Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Давлат божхона қўмитаси (Азимов), Молия вазирлиги (Ишметов), вазирлик ва идоралар


30.

Кинофестиваль кинобозорини ўтказиш бўйича:

кинобозор иштирокчилари рўйхатини шакллантириш, улар билан музокаралар олиб бориш ва таклиф қилиш;

миллий киноиндустрияга инвесторларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бориш, Кинофестивалда уларнинг иштирокини таъминлаш ҳамда унинг доирасида инвестиция шартномаларини имзолаш;

кинобозорни ўтказиш учун "Ўзэкспомарказ" биносини тайёрлаш, зарур техник воситалар билан таъминлаш ва безаш ишларини амалга ошириш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Ташкилий қўмита, Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Кудратов), вазирлик ва идоралар


31.

Жаҳоннинг йирик онлайн стриминг платформалари вакиллари иштирокида замонавий кинотехнологиялар форумини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш, Ташкилий қўмитага киритиш, ўтказиш. Бунда:

хорижий мутахассислар ва экспертларни шартнома асосида жалб қилган ҳолда миллий (ахборот-мультимедиа) стриминг платформаси концепциясини ишлаб чиқиш, унинг тақдимотини ташкил қилиш, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан музокаралар ўтказиш;

форумни ўтказиш жойини белгилаш, зарур техник воситалар билан жиҳозлаш ва безаш;

форум натижаларидан келиб чиққан ҳолда стриминг платформасини ишга тушириш ва уни доимий тўлдириб бориш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;

стриминг платформасини яратиш бўйича хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб этиш.


Кинофестиваль

доирасида


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Молия вазирлиги (Ишметов)


32.

Мамлакат кинолокациялари рўйхатини шакллантириш, Ташкилий қўмита билан келишиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш, кинофестиваль иштирокчилари ташрифларини уюштириш чораларини кўриш.

Бу борада чора-тадбирлар режасини қабул қилиш.


2021 йил

10 августга

қадар


Ташкилий қўмита, Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


33.

Кинофестиваль тадбирлари ўтказиладиган жойларда ўзбек миллий санъати ва маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳамда тақдимотларини ташкил қилиш.


Кинофестиваль

доирасида

Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов), Маданият вазирлиги (Назарбеков), Бадиий академия (Нуридинов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)


34.

Кинофестиваль тадбирларида иштирок этиш учун хорижий машҳур кино юлдузларини бепул жалб қилган жисмоний ва юридик шахсларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича Ташкилий қўмитага таклиф киритиш.


Кинофестиваль

доирасида

Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази (Абдухаликов)


III. КИНОФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ

35.

Кинофестиваль хорижий иштирокчиларининг Ўзбекистонга етиб келиш ва мамлакат ҳудудида ҳаракатланиш жадвалини ишлаб чиқиш, жадвал асосида юқори мартабали ва таниқли шахсларни инобатга олиб, транспортлар сони ва турини белгилаш, транспорт воситаларини ажратиш ҳамда Кинофестиваль харажатлари сметасида назарда тутиш.


2021 йил

август


Ташкилий қўмита, Транспорт вазирлиги (Махкамов), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


36.

Кинематография агентлигининг талабномаларига биноан Кинофестивалнинг хорижий иштирокчилари учун консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, республика аэропортларида, жумладан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кириш визаларининг ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминлаш.


Кинофестиваль

доирасида

Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


37.

Темир йўл вокзалларининг VIP заллари ва вилоят аэропортларининг расмий делегацияларга хизмат кўрсатиш заллари орқали бепул хизмат кўрсатиш.


Кинофестиваль

доирасида


Транспорт вазирлиги (Махкамов), "Uzbekistan airports" АЖ (Джураева), "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Хасилов)


38.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хорижий делегация аъзоларини муносиб кутиб олиш.


Кинофестиваль

доирасида

Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), "Uzbekistan airports" АЖ (Джураева)


39.

Кинофестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирлар, тадбирлар иштирокчилари ва уларнинг республика бўйлаб ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда Ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун киритиш.


2021 йил

август


Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Миллий гвардия (Джураев), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Қўлдошев)


IV. КИНОФЕСТИВАЛНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ ВА КЕНГ ЁРИТИШ

40.

Кинофестивалнинг матбуот марказини ташкил этиш.

Матбуот марказининг самарали фаолият олиб бориш учун компьютерлар, Wi-Fi ва бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ҳамда бошқа тегишли шароитларни яратиш.


2021 йил

август


Ташкилий қўмита, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев)


41.

Хорижий оммавий ахборот воситаларида Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларининг тарғиботи ва рекламасини шартнома асосида ташкиллаштириш.


2021 йил

июль-сентябрь


Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Сафоев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


42.

Кинофестиваль тадбирлари ҳақида аҳолини хабардор қилиб бориш. Бунда:

Кинофестивалнинг расмий веб-сайтини яратиш, уни Кинофестиваль фаолияти, унинг доирасида ўтказилаётган тадбирлар, меҳмонлар, иштирокчилар ва бошқа маълумотлар билан тўлдириб бориш;

республикада фаолият юритаётган мобиль алоқа операторлари орқали (смс хабарлар ёрдамида) аҳолига Кинофестиваль тадбирлари ҳақидаги маълумотларни етказиб бориш масаласини кўриб чиқиш.


2021 йил

июль-сентябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


43.

Кинофестивални кенг тарғиб этишга қаратилган ижтимоий ролик ва материалларни тайёрлаш.


2021 йил

июль-октябрь


Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Сафоев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), "Дунё" ахборот агентлиги (Суяров), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов)


44.

Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази қошида ташкил этиладиган Кинофестиваль штабига компьютер ва нусхаси кўчириш ускуналари, проектор ва экранлар, шунингдек, бошқа махсус ускуналар ажратилишини таъминлаш.

Бунда ушбу мақсадлар учун харажатларни Кинофестиваль харажатлар сметасида назарда тутиш.


2021 йил

июль-октябрь


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


45.

Кинофестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш. Бунда:

Кинофестивални ёритиш учун маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини аккредитациядан ўтказиш;

ижтимоий реклама вақтидан Кинофестивалнинг тарғибот роликлари намойиши учун вақт ажратиш;

Кинофестивални кенг тарғиб этишга қаратилган ижтимоий ролик ва материалларни тайёрлаш;

ижтимоий роликларни тайёрлашда кинофестиваль ҳомийлари ва инвесторлар рекламаларини киритишни назарда тутиш.


2021 йил

июль-октябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев), "Дунё" ахборот агентлиги (Суяров), Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Сафоев)


46.

Йирик бино ва иншоотлар, кўчалар, жамоат транспорт воситаларини кинофестиваль логотипи ва реклама баннерлари билан безатиш, LED экранларни ўрнатиш.


2021 йил

сентябрь-

октябрь


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


V. КИНОФЕСТИВАЛЬ ЎТКАЗИЛАДИГАН

ОБЪЕКТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

47.

"Premier Hall Cinema" кинотеатри биносини тегишли тадбиркорлик субъектининг ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаш, замонавий кино қурилмалари билан жиҳозлаш, Кинофестивалга тайёрлаш.

Бунда, эскиз лойиҳасини Ташкилий қўмита билан келишиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев), Қурилиш вазирлиги (Зокиров)


48.

Самарқанд вилоятидаги "Шарқ юлдузи", "Зарафшон", "Қўшработ" ҳамда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий кинотеатрларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ва жиҳозлаш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов), Фарғона вилояти ҳокимлиги (Бозоров)

49.

Республиканинг ҳар бир ҳудуди марказида Кинофестивалнинг очилиш маросимини намойиш этиш бўйича зарур майдонлар ва уларда монитор, овоз кучайтиргич, машиналар тўхташ жойи каби ташкилий масалаларни ҳал этиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Кинематография агентлиги (Абдухаликов)

50.

Республика ҳар бир ҳудудидаги кинотеатрлар ва концерт-томоша объектларини Кинофестиваль доирасидаги фильмлар намойишлари учун тайёрлаш, уларга олиб борадиган йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Кинематография агентлиги (Абдухаликов)


51.

Тегишли меҳмонхона мажмуаларини тайёрлаш ва чет эллик иштирокчиларни жойлаштириш, теварак-атрофни ободонлаштириш ва хона захирасининг тайёрлигини аниқлаш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов), Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари


52.

Кинофестиваль тадбирларини ўтказиш жойларини тайёрлаш (ободонлаштириш, электр таъминот тизимини тўлиқ текшириш, лифт, ёнғин хавфсизлиги, ёруғлик, ҳавони тозалаш ва сув таъминоти, ҳудудлар ва ички бинолар).


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари


53.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Нукус шаҳарларидаги Кинофестиваль тадбирлари ўтказиладиган объектларни тайёрлаш, жумладан:

тадбирлар ўтказиладиган объектларга олиб борувчи ички йўлакларни тартибга келтириш;

тадбирлар ўтказиладиган объектларни жиҳозлаш (стол-стуллар, экранлар ва бошқалар), оммавий ахборот воситалари ходимлари учун шароит яратиш;

кофе-брейкларни ташкил этиш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


54.

Кинотеатрлар ва маданият ва истироҳат боғларида ёзги (очиқ) кинотеатрлар ташкил қилиш ҳамда уларда кинофестиваль доирасидаги фильмларни мунтазам намойиш этилишини таъминлаш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


55.

Кинофестиваль ва унинг доирасида ташкил этиладиган тадбирлар ўтказиладиган объектларни юқори тезликдаги узлуксиз бепул Интернет (Wi-Fi), халқаро телефон алоқаси, LED экранлар, телекоммуникация жиҳозлари ва тармоқлари билан таъминлаш.


2021 йил

1 сентябрга

қадар


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш агентлиги (Садиков), "Ўзбектелеком" АК (Хасанов)

56.

Кинофестиваль иштирокчилари учун:

тегишли тиббиёт муассасаларини юқори даражада тайёр ҳолатга келтириш;

Кинофестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирларда махсус реанимация транспорт воситасининг (реанимобиль) навбатчилик қилишини таъминлаш;

дезинфекция маҳсулотлари ва махсус ҳимоя воситаларининг етарли захирасини яратиш.


2021 йил

1 августга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


57.

Кинофестиваль иштирокчилари истиқомат қиладиган меҳмонхоналарда малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш.

Тадбирлар иштирокчилари овқатланадиган жойларда эпидемиология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш.


Тадбирлар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


58.

Санитария-эпидемиология назоратини кучайтириш ва тадбирлар давомида тиббий ёрдам кўрсатиш, аэропортларда, иштирокчиларнинг яшаш жойларида тез тиббий ёрдам ва тиббиёт ходимлари навбатчилигини таъминлаш.


Тадбирлар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)


59.

Миллий кинематография соҳаси ижодкорлари, мутахассислари ва ходимлари учун иккита кўп қаватли турар-жой биносини қуриш, ипотека кредитларини ажратиш масаласи бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


2021 йил

30 июль


Кинематография агентлиги (Абдухаликов)

60.

Кинематография соҳасида халқаро илғор тажрибаларни атрофлича ўрганиш, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини бирлаштириш мақсадида қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

"Кинематография фидокори" кўкрак нишонини таъсис этиш бўйича;

Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш бўйича;

Кинематография агентлиги низоми, унинг ҳузуридаги Бадиий ва Экспертлар кенгашлари низомлари;

давлат буюртмаси асосида фильм ва сериалларни ишлаб чиқариш бўйича ижодий танлов ўтказиш тартибини такомиллаштиришга оид;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган фильм ижодкорларини тоифалаш бўйича;

хорижий ва маҳаллий кинокомпаниялар учун ўз фильмларини республика ҳудудида яратишдаги харажатларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш ("rebate") тизимини соддалаштириш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги ПФ-6202-сон Фармони ҳамда ПҚ-5060-сон қароридан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.


2021 йил

15 октябрь


Кинематография агентлиги (Абдухаликов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


                 

Изоҳ: зарурат бўлганда, "Йўл харитаси"да белгиланган чора-тадбирларга Ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 19 июнь





















































Время: 0.0390
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск