Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.04.2021 й. 14-сон "Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.04.2021 й.

N 14



СУДЛАР ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК

ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА

КЎРИШ АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик ишини апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлгаи ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 383-моддасига мувофиқ, апелляция инстанцияси судида иш юритиш:

а) даъво тартибида юритиладиган ишлар бўйича:

даъвогар, жавобгар, учинчи шахс шикояти бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шикояти бўйича, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ булмаган низолар мустасно;

б) алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича:

аризачи, манфаатдор шахс, улар вакилларининг шикояти бўйича;

в) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича:

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, улар вакилларининг шикояти бўйича қўзғатилади.

Апелляция тартибида иш юритиш, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек, тарафлар, учинчи шахслар ҳамда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга. Бундай ҳолда шикоятга ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.

Ишда қатнашаётган шахс вакили, шу жумладан, адвокат суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган ҳолдагина ҳақли (ФПК 69-моддаси иккинчи қисми).

Прокурор иштирокисиз қурилган иш бўйича апелляция протести тарафнинг мурожаати мавжуд бўлганда келтирилиши мумкин.


3. Қонунга мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши ёки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича ҳал қилув қарори қабул қилинган куннинг эртасидан ҳисобланади (ФПК 152-моддаси).

ФПК 262-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмлари мазмунига кўра, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддати ҳам асосий ҳал қилув қарори чиқарилган кундан ҳисобланади.


4. ФПК 264-моддасига мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, у иш апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилганидан кейин қонуний кучга киради.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, мазкур қоида апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорининг бир қисмига берилган ҳолларда ҳам қўлланилади.


5. Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни қабул қилган судга топширилади (ФПК 385-моддаси).

Бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ФПК 389-моддасида назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш учун суд ҳужжатини қабул қилган судга юборилиши лозим.

Ҳар бир шикоят (протест) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши лозим.


6. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома ҳам биринчи инстанция судига берилади ва ФПК 155-моддаси қоидалари бўйича кўриб чиқилади.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёхуд рад қилиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Апелляция шикояти (протести) бериш муддати тикланганда, суд ҳал қилув қарори ижросини тўхтатиш масаласини ҳал қилади, дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарори бундан мустасно.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ФПК 155-моддаси олтинчи қисмига кўра, хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят (протест) берилганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни (протестни) асосли деб топса, биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва шикоят (протест) ФПК 386-моддаси талабига мувофиқлигини текшириш ҳамда ФПК 389-моддасида кўрсатилган ҳаракатларни бажариш учун ишни биринчи инстанция судига юборади.


7. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ФПК 155 ва 396-моддалари мазмунига кўра, иш бўйича бирор-бир шахс илтимосномаси бўйича апелляция шикояти (протести) бериш муддати суд томонидан узрли деб топилган сабабларга асосан тикланганда, иш бўйича бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддатни, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъий назар, тиклаш тўғрисидаги масалани, қўшимча равишда кўриб чиқиш талаб этилмайди. Бундай шахсларнинг апелляция шикояти (протести) ФПК 386, 387-моддалари талабларига риоя этган ҳолда апелляция муҳокамаси бошлангунига қадар берилиши ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.


8. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция тартибида иш юритиш предмети борасида муайян истиснолар белгиланган. Жумладан, қуйидагилар устидан апелляция тартибида шикоят (протест) берилмайди:

1) суд буйруғи;

2) устидан шикоят берилиши қонунда назарда тутилмаган ёки ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган биринчи инстанция суди ажримлари (масалан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича эр-хотинга ярашиш учун муддат тайинланиши муносабати билан иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақидаги ажрим).


9. ФПК 386, 387-моддаларида апелляция шикояти (протести)нинг мазмуни, шунингдек, унга илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар юзасидаи муайян талаблар белгиланганлиги сабабли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берган шахс томонидан ушбу талабларга риоя этилганлигини текшириши шарт.

Мазмуни ФПК 386-моддаси талабларига жавоб бермайдиган, шунингдек, ФПК 387-моддаси талаблари бузилган ҳолда берилган шикоят (протест) судьянинг ажрими билан ҳаракатсиз қолдирилиб, камчиликларини бартараф этиш учун муддат берилади. Бу муддат шикоят (протест) камчиликлари бартараф этилиши учун реал имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда тайинланиши лозим. Ажримда кўрсатилган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилса, шикоят (протест) дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади, акс ҳолда, шикоят (протест) берилмаган ҳисобланиб, судьянинг ажрими билан қайтарилади.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунда "дастлабки" апелляция шикояти (протести) берилиши назарда тутилмаган.

Апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан ФПК 385-387-моддалари талаблари бажарилмаган ҳолда апелляция инстанцияси судига юборилган ҳолда, иш тегишли тарзда расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборилади.

Апелляция инстанцияси суди томонидан иш апелляция тартибида кўрилаётганда бошқа шахсдан шикоят (протест) келиб тушган ҳолда ҳам иш ФПК 389-моддаси талабларини бажариш учун биринчи инстанция судига юборилади.


10. Қонунга мувофиқ, шикоят (протест) юзасидан судга тушунтиришлар (эътирозлар) тақдим этиш ишда иштирок этувчи шахс ҳуқуқи эканлигини инобатга олиб, уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги ишни апелляция инстанцияси судига юборишга тўсқинлик қилмайди.

Шикоят (протест) юзасидан тушунтиришлар (эътирозлар) иш апелляция инстанцияси судига юборилгандан сўнг келиб тушганда, улар апелляция инстанцияси судига қўшимча тарзда жўнатилиб, бир вақтнинг ўзида нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.


11. ФПК 393-моддасига кўра, апелляция шикояти берган шахс апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга, протест келтирган прокурор, шунингдек, юқори турувчи прокурор эса, протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечилганда, протест қайтариб олинганда, суд апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаради.

Шикоятдан воз кечилиши (протест қайтариб олиниши) муносабати билан апелляция тартибида иш юритишни тугатиш масаласи суд мажлисида шахснинг шикоятдан воз кечиш (протестни қайтариб олиш) ваколати текширилгандан сўнг ҳал қилинади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ФПК 69-моддаси мазмунига кўра, вакилнинг ишончномада кўрсатилган суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқи ўз-ўзидан, башарти бу ҳолат ишончномада махсус кўрсатилган бўлмаса, шикоятдан воз кечиш ҳуқуқини бермайди.

Агар иш бўйича бошқа шахснинг шикояти мавжуд бўлса, шикоятдан воз кечилиши (протест қайтариб олиниши) апелляция тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келмайди.

Агар апелляция шикоятига (протестига) бошқа шахслар (шерик иштирокчилар, учинчи шахслар) қўшилган бўлиб, улар ўз аризасидан воз кечмаган ҳолларда ҳам апелляция тартибида иш юритиш тугатилишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда суд ишни кўришни қолдиради ва уни биринчи инстанция судига ФПК 386, 387-моддалари талабларига мувофиқ, апелляция шикоятини расмийлаштириш учун юборади.

Апелляция шикоятидан воз кечилганда (протест қайтариб олинганда), апелляция инстанцияси суди тарафга шикоятдан воз кечилиши (протест қайтариб олиниши) муносабати билан апелляция тартибида иш юритиш тугатилиши уни кассация шикояти (протести) бериш ҳуқуқидан маҳрум этишини тушунтириши лозим.

Апелляция шикоятидан воз кечилиши (протест қайтариб олиниши) муносабати билан апелляция тартибида иш юритиш тугатилганда, суд ҳужжати апелляция инстанцияси суди ажрими чиқарилган кундан қонуний кучга киради.


12. Апелляция шикояти (протести) берилгандан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши, тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида тақдим этилиши керак. Бунда тарафларнинг тасдиқлаш учун тақдим этилаётган келишув битими ФПК 166, 167-моддалари талабларига жавоб бериши лозим.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгар томонидан арз қилинган талаблар тан олиниши ёхуд тарафларнинг келишув битимига эришиши иш апелляция инстанцияси судида муҳокама қилинаётганда амалга оширилса, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъводан воз кечишини қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга (тарафларга) иш юритишни тугатишнинг ФПК 126-моддасида назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши шарт.

Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечишини қабул қилишда, тарафларнинг келишув битимини тасдиқлашда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги масаласини муҳокама қилишга киришмасдан, уни бекор қилади ва иш бўйича иш юритишни тугатади.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг арз қилинган талабларни тан олиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан кўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд бундай воз кечишни қабул қилмайди ёхуд тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этади ва ишни апелляция тартибида мазмунан кўриб чиқади.


13. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларни шикоят (протест) бўйича ишни апелляция инстанцияси судида кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши мажбурий эканлиги қонунда белгиланганлиги сабабли ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаганда ишда иштирок этувчи шахслардан бирор-бирининг суд мажлисига келмаганлиги ФПК 397-моддасига мувофиқ, ишни кўришни кейинга қолдиришга сабаб бўлади.

Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахслар ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида тегишлича хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлганда ҳам, агар улардан бирор-бири келмаганлиги сабабини узрли деб топса, ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисига келмаганлиги сабаблари узрсиз деб топилган ҳолда, шунингдек келмаганлик сабаблари ҳақида маълумотлар ёхуд бу сабаблар узрли эканлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмаганда, апелляция инстанцияси суди шикоят (протест) бўйича ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ҳақли.


14. Тарафлардан бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили низоли ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетганда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил қилиниши, бошқа шахс фойдасига талабдан воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши ва ҳ.к.) апелляция инстанцияси суди ФПК 47-моддасига кўра, процессуал ҳуқуқий ворислик суд процессининг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, бундай шахсларни уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштиришга йўл қўяди ва уларга ишдаги барча материаллар билан танишишга имконият беради. Ҳуқуқий вориснинг процессга кирганлиги ҳақида апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради.


15. Судларнинг эътибори ФПК 395-моддасида белгиланган ишни кўриш муддатларига риоя қилиш зарурлигига қаратилсин.

Апелляция шикояти (протести) бўйича ишни кўриш муддати алоҳида ҳолларда иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда (масалан, бир нечта талабларнинг битта иш юритишга бирлаштирилиши, суд жараёни иштирокчиларининг кўплиги, қўшимча далилларни талаб қилиб олиш ва текшириш, ишга мутахассисларни жалб қилиш, суд топшириқларини юбориш зарурати ва ҳ.к.). апелляция инстанцияси суди ажрими билан қонунда назарда тутилган муддат доирасида узайтирилиши мумкин (ФПК 395-моддаси).


16. Қонунга кўра, иш апелляция тартибида кўрилаётганда қуйидагилар аниқланиши лозим:

биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширган-текширмаганлиги;

суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар исботланган-исботланмаганлиги;

суднинг ҳал қилув қарорида, ажримида, қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқлиги;

моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилган-бузилмаганлиги, улар тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлиги;

биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг қонун талабларига мувофиқлиги.

ФПК 396-моддасига мувофиқ, апелляция инстанцияси суди суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўлиқ ҳажмда текширади.

Суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, шикоят (протест) важларидан қатъий назар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ аниқланганлиги, моддий ва процессуал қонун нормалари тўғри қўлланилганлиги текширилишини тушуниш лозим. Апелляция инстанцияси суди шикоят (протест) важларидан қатъий назар, шунингдек аризани кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишни тугатиш учун асослар бор-йўқлигини текширади.


17. Апелляция инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция инстанцияси судида ишнинг кўрилиши коллегиал тарзда уч нафар судьядан иборат таркибда биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида, бироқ ФПК 397-моддасида назарда тутилган алоҳида хусусиятлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

Бунда дастлаб шикоят берган шахс ва унинг вакили тушунтиришлари тингланади. Суд ҳужжати устидан ҳар иккала тараф шикоят қилган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар ва унинг вакили сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларининг тушунтиришларида шикоятда (протестда) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли. Бундай ҳолда суд бошқа тараф илтимосномасига кўра, янги важлар ва материаллар бўйича тайёрланиш ва тушунтиришлар (эътирозлар) тақдим этиш учун суд мажлисида танаффус эълон қилади.


18. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция инстанцияси суди ҳар қандай далилларни, шу жумладан, биринчи инстанция суди муҳокамасида бўлган ва янгидан тақдим этилган далилларни текширишга ҳақли. Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган тартиб бўйича текширилади.

Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг экспертиза ўтказиш, далилларни таъминлаш ва талаб қилиб олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш ҳақидаги ва бошқа илтимосномаларини улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабабли, қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли эмас.

Апелляция инстанцияси суди янги тақдим қилинган далилларни текширишни рад қилишни ажримда асослантириши лозим.


19. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция судида арз қилинмаган янги талаб, шунингдек, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги талаб қабул қилиниши ва кўрилиши мумкин эмас.


20. Апелляция инстанцияси суди томонидан иш юритишни тўхтатиб туриш ФПК 10-бобида назарда тутилган асослар ва тартибда амалга оширилади.

Иш юритиш тикланганлиги тўғрисида апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради ва ишда иштирок этувчи шахсларни иш кўриладиган кун тўғрисида хабардор қилади.


21. Апелляция инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Апелляция инстанцияси суди ажримда шикоятнинг (протестнинг) ҳар бир важини муҳокама қилиши, унинг асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақидаги ўз хулосасини баён этиши шарт.

Шуни инобатга олиш лозимки, асослантирилган ажрим тузилиши кейинга қолдирилган ва суд мажлисида унинг хулоса қисми эълон қилинганда апелляция инстанцияси суди мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ажрим билан қачон танишиши мумкинлигини тушунтириши керак.

Апелляция инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида ФПК 399-моддасида белгиланган ваколатлар доирасида ишни кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар, шу жумладан, суд харажатлари тақсимланиши назарда тутилиши лозим.

Апелляция инстанцияси суди қабул қилинган ажримни эълон қилганидан сўнг, суд процесси иштирокчиларига унинг мазмун-моҳиятини тушунтириши шарт.


22. ФПК 399-1-моддасига мувофиқ, суд ҳужжатини апелляция тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Қонунга кўра, мазмунан тўғри бўлган суд ҳужжати фақат расмий, яъни ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлмаган асослар (масалан, суд музокараларини ўтказиш тартиби бузилганлиги, давлат божининг асоссиз камайтирилганлиги ёки тўлови кечиктирилганлиги ва ҳ.к.) бўйича бекор қилинишига йўл қўйилмайди.


23. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш деганда, биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилмаганлиги ёхуд қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилганлиги, қонуннинг ёки бошқа қонун ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги тушунилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳуқуқ нормалари бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши ишнинг нотўғри ҳал этилишига олиб келгандагина, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни бекор қилишга асос бўлади. Процессуал ҳуқуқ нормалари бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, ФПК 399-3-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ҳам суд ҳужжатини бекор қилишга асос бўлиши мумкин.


24. ФПК 399-моддасига мувофиқ, апелляция инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;

2) ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки уни бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга;

3) ҳал қилув қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилишга ҳамда ФПК 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга;

4) ФПК 399-3-моддаси иккинчи қисми 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.


25. Апелляция инстанцияси суди арз қилинган даъво талаби доирасида ишда мавжуд ва қўшимча тақдим қилинган ҳужжатлар (далиллар) асосида иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаши ва шундан келиб чиқиб, ўз ваколати доирасида қарор қабул қилишга ҳақли.


26. Апелляция инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаб, қонуний, асосли ҳамда адолатли суд ҳужжати чиқарган, деган хулосага келса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиради.

Апелляция инстанцияси суди ажримида шикоят (протест) важлари асоссиз ва суд ҳужжатининг бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилишига асос бўлмайди деб топилганлиги сабаблари кўрсатиб ўтилиши лозим.


27. Апелляция инстанцияси суди, агар шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланса, ФПК 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга, аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга ҳақли.


28. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФПК 399-3-моддаси иккинчи қисми 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина, апелляция инстанцияси суди томонидан иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилишига йўл қўйилади.

ФПК 399-3-моддаси иккинчи қисми 4-бандида назарда тутилган асос бўйича ишни янгидан кўриш учун асоссиз юборилишига йўл қўйилиши ҳолатларини олдини олиш мақсадида, апелляция инстанцияси суди ажримида ўз хулосаларини асослантириши, шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан ишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масала ҳал қилинган шахснинг процессуал ҳолатини (қўшимча даъвогар, қўшимча жавобгар, низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қиладиган учинчи шахс, манфаатдор шахс) кўрсатиши лозим.

Апелляция инстанцияси суди иш бўйича ФПК 399-3-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа ҳолатларни аниқласа, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарорини бекор қилиши ва янги суд ҳужжати қабул қилиши мумкин.


29. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш масаласининг ҳал этилмаганлиги ёки нотўғри ҳал этилганлиги ўз-ўзидан суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишга ёхуд ўзгартиришга асос бўлмайди. Бундай ҳолда апелляция инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида суд харажатларини ФПК 138-141-моддаларида назарда тутилган қоидалар бўйича янгидан тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


30. Апелляция инстанцияси суди ФПК 261, 262 ва 263-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахслар аризасига биноан қуйидагиларга ҳақли:

апелляция инстанцияси суди ажрими ёзувида йўл қўйилган хатоларни ва аниқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатишга;

қўшимча ажрим чиқаришга;

ажримни тушунтиришга.

Ушбу масалалар суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни уни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ, мазкур шахсларнинг келмаганлиги бу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.


31. ФПК 400-моддасига мувофиқ, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар биринчи инстанция суди ажрими устидан фақат қуйидаги ҳолларда хусусий шикоят (протест) бериши мумкин:

агар бундай ҳуқуқ ФПК нормасида бевосита назарда тутилган бўлса;

агар суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилса.

Биринчи инстанция судининг бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят (протест) берилмайди, бироқ бундай ажримларга нисбатан эътирозлар апелляция шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.

Биринчи инстанция судининг ажрими устидан апелляция тартибида хусусий шикоят (протест) бериш ва кўриш ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш ва кўриш учун назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилади.


32. Биринчи инстанция суди ажрими устидан хусусий шикоят (протест) бериш учун ФПК 400-моддаси биринчи қисмида белгиланган йигирма кунлик муддат суд ажрими тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга топширилган ёки юборилган кундан ҳисобланади.


33. ФПК 402-моддасига мувофиқ, апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:

1) ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни бекор қилишга ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ҳақли.

Биринчи инстанция суди томонидан ариза суднинг иш юритувига қабул қилиниб, иш қўзғатилгандан сўнг чиқарилган ажрим бекор қилинганда (масалан, даъвони таъминлаш, аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш ва ҳ.к.) апелляция инстанцияси суди ишни мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборади.

Биринчи инстанция судининг иш қўзғатилгунга қадар чиқарилган ажрими (масалан, аризани қайтариш ёхуд қабул қилишни рад қилиш тўғрисидаги) бекор қилинганда, апелляция инстанцияси суди бекор қилинган ажрим чиқарилишига сабаб бўлган процессуал масалани ўзи мазмунан ҳал қилади.


34. Судларга тушунтирилсинки, ФПК 402-1-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция суди қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди ажрими устидан шикоят (протест) бериш учун қонунда назарда тутилган қоидалар ва тартибда кўриб чиқилади.


35. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича чиқарилган хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослилигини текширишга ҳамда у асоссиз чиқарилганлиги аниқланган тақдирда, уни бекор қилишга ҳақли.


36. ФПК 276-моддаси талабларига мувофиқ, апелляция инстанцияси судининг ҳар бир мажлисида, шунингдек, суд мажлисидан ташқарида амалга оширилган процессуал ҳаракати тўғрисида баённома тузилади.


37. Иш бошқа шахснинг апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича кўрилгандан сўнг судга келиб тушган шикоят (протест) уни берган шахсга суд ҳужжатлари устидан кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқи тушунтирилган ҳолда қайтарилади.


38. Фуқаролик ишларини ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига ишларни апелляция тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар чоракда умумлаштириш тавсия этилсин.


39. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Фуқаролик ишларини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 4-сонли, 2018 йил 30 ноябрдаги "Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги 33-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)

















































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск