ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.07.2021 й. ПФ-6256-сон "Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.07.2021 й.

N ПФ-6256



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СУД-ЭКСПЕРТЛИК ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик соҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш, бу соҳадаги муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, суд-экспертлик соҳасини ўрта муддатда тизимли ислоҳ қилишнинг аниқ чора-тадбирларини белгилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепцияси бўйича 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан "йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "йўл харитаси") 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани мунтазам такомиллаштириб бориш;

суд-экспертлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;

суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш;

суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш;

нодавлат суд экспертиза институтини ривожлантириш;

суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш;

суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.


3. Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш бўйича Кенгаш (кейинги ўринларда - Кенгаш) таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Кенгашга (Р.Қ. Давлетов):

суд экспертизаси соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

Концепция ва "йўл харитаси"ни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича идоралараро консультатив платформа сифатида хизмат қилиш;

Концепцияни амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар вакилларини кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва пресс-конференциялар ташкил қилиш вазифалари юклансин.


5. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суднинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази (кейинги ўринларда - Х. Сулаймонова маркази) тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

Институт штат бирликлари адлия органлари ва муассасаларининг 10 та ҳамда соғлиқни сақлаш органлари ва муассасаларининг 5 та штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади;

Институт фаолиятини молиялаштириш Х. Сулаймонова маркази маблағлари доирасида амалга оширилади.


6. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш;

суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш;

суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш;

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш;

суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Адлия вазирлиги икки ой муддатда Институт фаолиятини ташкил этиш ва унга юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан чора-тадбирлар режасини ўз ичига қамраб олган қарор лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилсин. Бунда, тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилади;

иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш ҳуқуқи асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилсин;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг касбий малакасини аниқлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришни таъминлаш мақсадида уларни ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинсин;

б) 2022 йил 1 мартдан бошлаб суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган "E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизимиишга туширилсин.

Адлия вазирлигиикки ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда "E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари режасини тасдиқласин.


8. Белгилаб қўйилсинки:

суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида (кейинги ўринларда - тайёрлаш курслари) амалга оширилиши мумкин;

тайёрлаш курслари олий таълим муассасалари ва давлат суд-экспертиза муассасалари билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади;

тайёрлаш курслари татбиқ этилган олий таълим муассасаларида таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар олий таълим муассасаси ва давлат суд экспертиза муассасаси ўртасида тасдиқланади;

тайёрлаш курслари натижаларига кўра тегишли суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланиш учун сертификат берилади. Бунда, сертификат эгалари нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ёки давлат суд-экспертиза муассасаларида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Адлия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда экспертлар тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартибини тасдиқласин.


9. Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали экспертиза тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда 2021-2025 йилларда жорий этиладиган экспертиза ва тадқиқот турлари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


10. Адлия вазирлигига нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш борасида қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари томонидан ўтказиладиган суд экспертизаларининг мураккаблик даражасини аниқлаш, суд экспертизаларининг мураккаблик даражасига қараб уларни амалга ошириш муддатларини ҳисоблаш тартибини, суд экспертлари юкламаларининг нормативларини белгилаш ва уларга риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, уларнинг суд экспертлари ва суд экспертлик тадқиқотлари услубларининг давлат реестрларини юритиш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказиладиган ҳар бир суд-экспертиза турлари бўйича моддий-техника базасининг жиҳозланишига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқлаш;

нодавлат суд экспертларини аттестациядан ўтказиш ҳамда суд эксперти касб этикаси қоидаларини белгилаш ва уларга риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш.

Ушбу бандда қайд этилган вазифаларни амалга ошириш учун Адлия вазирлиги марказий аппаратида адлия органлари ва муассасаларининг бошқарув ходимлари чекланган сони доирасида 3 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ташкил этилсин.


11. Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августдан бошлаб давлат суд-экспертизаси муассасаларининг фойдаланилмайдиган биноларини (корпусларини) суд экспертлик фаолиятини амалга ошириш шарти билан хусусий шерикларга ижарага тақдим этиш тизими жорий этилишини таъминласин.


12. Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил қилинсин.

Қуйидагилар:

а) Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб:

Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва улар тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган тушумнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказиладиган суд-экспертиза тадқиқотлари учун олинган тўловларнинг 5 фоизи;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак воситалари ва грантлари;

Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин;

б) Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар этиб:

"E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, фойдаланиш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш;

суд экспертиза соҳасидаги илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, суд экспертизасининг янги турлари ва тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;

суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш;

суд экспертлик фаолиятига илғор фан ва техника ютуқларини жорий этиш;

давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш белгилансин.


13. Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари 2023 йил 1 июнга қадар уларнинг фаолиятини таъминлаш учун ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари ҳамда фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.


14. Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб суд экспертларига нисбатан қуйидаги қўллаб-қувватлаш чораларини татбиқ этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

суд экспертизасининг муайян тури бўйича узлуксиз равишда камида сўнгги уч йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириб келаётган давлат суд экспертлари ушбу ихтисослик бўйича қайта тайёрлашдан ўтмасдан, нодавлат суд эксперти сертификатини олиш учун якуний имтиҳон топширишга ҳақли бўлади;

давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари баҳолаш йўналишидаги суд экспертизаси турларини амалга оширишда суд экспертизаларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳнома ва сертификатга эга бўлганда, улардан баҳоловчининг малака сертификати талаб қилинмайди;

давлат ташкилотларидаги илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлашга доир рағбатлантириш шартлари давлат суд-экспертиза муассасаларининг ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади;

нодавлат суд экспертларининг ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби жорий этилади.

Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда нодавлат суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


15. Адлия вазирлиги:

уч ой муддатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Х. Сулаймонова марказининг ҳудудий бўлимларида экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан жорий қилишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин. Бунда, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилишни назарда тутсин;

2021 йил 1 октябрга қадар "Ўзбекистон суд-экспертизаси" электрон илмий журналини чоп этиш чораларини кўрсин;

2022 йил 1 январга қадар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий жамоатчилик ва ушбу соҳа вакиллари ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда давлат суд-экспертиза муассасаларини босқичма-босқич марказлаштириш орқали молиявий харажатларни оптималлаштириш масаласини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолда ўрганиб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

2022 йил 1 апрелга қадар Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

суд экспертларининг касбий билим ва малакасини оширишда хорижий суд-экспертиза ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтирган ҳолда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг Жамғарма маблағлари ва грантлар ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.К. Давлетов ва адлия вазири ўринбосари А.Д. Ташкулов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 июлдаги

ПФ-6256-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик

фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга

мўлжалланган концепцияси бўйича 2021-2023 йилларда

амалга ошириладиган ишлар юзасидан

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

шакли


Ижро

муддати


Масъул ижрочилар


I. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИНГ ХОЛИСЛИГИ ВА МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,

СОҲАДАГИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Қуйидагиларни назарда тутувчи "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш:

суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларини такомиллаштириш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг мақоми, уларга қўйиладиган талаблар, улар томонидан суд экспертизалари ва тадқиқотларини ўтказиш тартиб-таомили ҳамда иш регламентларини белгилаш;

нодавлат суд-экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ҳамда тартибга солиш механизмини жорий этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан бериладиган мутахассис фикрини бериш;

қайта экспертиза ўтказиш ваколати бериладиган экспертлар реестрини юритиш тизимини жорий этиш ва унга киритишга доир талабларни белгилаш;

махсус ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

суд экспертлари томонидан қасамёд қабул қилиш ва касб-этика қоидаларини белгилаш;

суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш.


Қонун лойиҳаси

2022 йил

апрель


Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар


2.

Процессуал қонунчилик ҳужжатларига нодавлат суд-экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

октябрь


Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ


3.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхатини тасдиқлаш


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2021 йил

август


Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар


4.

Адвокатнинг сўровига асосан шартнома асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига экспертиза тайинлаш ва экспертиза хулосасини олиш ваколатларини белгилаш.


Қонун

лойиҳаси

2021 йил

август

Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ

5.

Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган давлат ва нодавлат суд экспертларига нисбатан таъсир чоралари қўллашнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2021 йил

ноябрь


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, ДХХ, Олий суд, Бош прокуратура, ЭТРМ


6.

Суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2021 йил

ноябрь


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, Олий суд, Бош прокуратура, ЭТРМ


II. СУД-ЭКСПЕРТЛИК АМАЛИЁТИНИ КЕНГАЙТИРИШ ҲАМДА СУД

ЭКСПЕРТИЗАЛАРИНИНГ СИФАТИ ВА ИШОНЧЛИЛИГИНИ ОШИРИШ

7.

Суд-экспертиза муассасаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд-экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизасининг янги турларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.


Ташкилий чоралар

2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, Фанлар академияси, ИИВ, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар


8.

Суд экспертизанинг янги турларини жорий қилиш бўйича грантлар ажратиш.


Ташкилий чоралар

2021-2023

йиллар


Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги


9.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг (кейинги ўринларда - РСЭМ) ҳудудий бўлимларида жойлардаги зарур эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилиш. Шу жумладан, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2021 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси


10.

Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда экспертиза ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган "E-ekspertiza" ягона ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш).


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2022 йил

март


Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ИИВ, ЭТРМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, манфаатдор вазирлик ва идоралар


11.

Эксперт хулосаларини халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида давлат суд-экспертиза муассасалари лабораторияларининг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни халқаро аккредитациядан ўтказиш.


Чора-тадбирлар

дастури


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


12.

Суд экспертларининг фаолиятини касбий лаёқатлилиги, ўтказилган суд экспертизаларининг сифати ва бошқа мезонларга асосан рейтинг тизимида баҳолаб бориш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2022 йил

май


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, Мудофаа вазирлиги, ЭТРМ


13.

Суд экспертларининг ягона реестрини юритиш орқали улар фаолиятига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш.


Ташкилий чоралар

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, Мудофаа вазирлиги, ЭТРМ


14.

Суд-экспертлик соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан аҳолига суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказишга қаратилган суд-экспертиза ахборот порталини яратиш.


Ташкилий чоралар

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ


15.

Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассасаларга ўз фаолият йўналишлари бўйича суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқини бериш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2022 йил

май


Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ


III. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ХИЗМАТИНИНГ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, ШУ ЖУМЛАДАН УСЛУБИЁТ

ВА РЕГЛАМЕНТЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА СОҲАГА

ФАН ВА ТЕХНИКА ЮТУҚЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

16.

Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2021 йил

август


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар


17.

Суд-экспертлик соҳасида мавжуд услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида тизимлаштириш.


Чора-тадбирлар

дастури

2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ДХХ


18.

РСЭМда суд экспертизаси мутахассислиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича алоҳида Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш.


Ташкилий-чора

тадбирлар


2022 йил

апрель


Адлия вазирлиги, ОАК, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ


19.

Суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини янада такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш.


Ташкилий-чора

тадбирлар


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ОАК, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


20.

Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига методик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан улар учун суд экспертизаларини тайинлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича амалий қўлланмалар ва бошқа адабиётлар нашр қилиш.


Ташкилий-чора

тадбирлар


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ


21.

Адлия органлари томонидан аниқ иш режа асосида суд-экспертлик соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ, чуқур, илмий асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш чораларини кўриш.


Ташкилий-чора

тадбирлар


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги

22.

Суд-экспертлик соҳасидаги мавжуд услубиётларни танқидий кўриб чиқиш орқали халқаро стандартларга ва талабларга мослаштириш.


Чора-тадбирлар

дастури


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


23.

Суд-экспертлик фаолиятининг долзарб муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича аниқ режа-график асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш.


Чора-тадбирлар

дастури


дастур

асосида

2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар Академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги


24.

Суд экспертизаси ва криминалистика соҳасида янги авлод дарсликларини олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олимларни жалб этган ҳолда тайёрлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси


25.

Суд экспертизаси ва криминалистика атамаларига оид луғат яратиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

декабрь


ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси


26.

"Ўзбекистон суд-экспертизаси" электрон илмий журналини ташкил этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

октябрь


РСЭМ, ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси


27.

Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, таниб олинмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар бўйича геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини яратишга доир ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


дастур

асосида

2021-2023

йиллар


ИИВ, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ДХХ


IV. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ХИЗМАТИНИНГ КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ

МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА СУД ЭКСПЕРТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШНИНГ

САМАРАЛИ ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ

28.

Суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлашда олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширишни йўлга қўйиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

август


Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ


29.

РСЭМда профессор-ўқитувчилар доимий фаолият юритадиган ўқув кафедраларини ташкил қилиш орқали экспертларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини яхшилаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

июль


Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ


30.

Соҳага инновацион ўқитиш услублари ва шаклларини кенг жорий этиш орқали давлат ва нодавлат суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини такомиллаштириш, шунингдек, кредит-модуль тизими асосида суд экспертларининг малакасини ошириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

июль


Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ


31.

Суд экспертларини ишдан ажралмаган ҳолда ҳамда уларнинг иш жойида касбий малакасини ошириш тизимини жорий қилиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

июль


Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ЭТРМ


32.

Суд экспертларининг касбий билим ва малакаларини оширишда хорижий суд-экспертлик ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, бунда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертларининг грант маблағлари ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш.


Чора-тадбирлар

дастури


дастур

асосида


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, ЭТРМ


33.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертизаларини ўтказишга зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари тўғрисида доимий равишда манзилли ўқув семинарлар (вебинарлар)ни ташкил қилиб бориш.


Чора-тадбирлар

дастури


дастур

асосида


Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, Адвокатлар палатаси, ЭТРМ


34.

Малака ошириш жараёнларига хорижий давлатларнинг суд-экспертлик соҳасидаги мутахассисларини маърузачи ва ўқитувчи сифатида кенг жалб этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, ИИВ


35.

Экспертиза муассасаларида кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимлар томонидан доимий равишда ўз касбий ва илмий салоҳиятини ошириб боришини қўллаб қувватлаш мақсадида илмий даражага эга бўлган кадрлар учун тегишли шарт-шароитлар ва молиявий имкониятлар яратиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

август


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ


V. НОДАВЛАТ СУД-ЭКСПЕРТИЗА ИНСТИТУТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

36.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва хусусий экспертларининг бирлашмасини ташкил қилиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


37.

Нодавлат суд экспертларининг касбий лаёқатлилиги ҳамда ўтказилган суд экспертизаларининг сифатини мониторинг қилиб бориш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги


38.

Якка тартибда нодавлат суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланувчи хусусий экспертлар институтини жорий этиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси


2022 йил

май


Адлия вазирлиги


VI. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИДА

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

39.

Суд-экспертиза муассасаларининг Осиё тармоғи (Азиатская сеть учреждений судебной экспертизы (Asian Forensic Sciences Network - AFSN)га аъзо бўлиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


40.

Суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари таҳлили асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


41.

Хорижий етакчи суд-экспертиза, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар билан халқаро ҳужжатлар тузиш, қўшма дастурларни амалга ошириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ


42.

Халқаро экспертлар иштирокида мамлакатимиз судэкспертлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кучайтириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ


43.

Ўзбекистон Республикаси суд-экспертиза муассасалари ва ташкилотлари томонидан хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд-экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида, уларга хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳалари


2022 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, РСЭМ


44.

Суд экспертларининг халқаро илмий-амалий анжуманларда, жумладан Жаҳон суд экспертлари ассоциацияси (IAFS) шафелигида ўтказиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этишини ташкил қилиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


45.

Суд-экспертиза муассасалари фаолиятига давлатлараро ва халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида амалдаги қонунчиликка мувофиқ техник қўмита ташкил қилиш ва Давлатлараро ҳамда халқаро техник қўмиталарга аъзо бўлиш ва улар фаолиятини иштирокини таъминлаш.


Чора-тадбирлар

дастури


дастур

асосида

2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


VII. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ХИЗМАТИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

46.

Давлат суд-экспертиза муассасаларини ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талабларига жавоб берадиган бино ва иншоотлар билан таъминлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022 йил

август


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


47.

Дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар, сарфлаш материаллари ҳамда асбоб-ускуналар ва жиҳозлар хариди бўйича йиллик дастурни амалга ошириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


Дастур

асосида

2022-2023

йиллар


Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ташқи ишлар вазирлиги


48.

Давлат суд-экспертиза ташкилотларини ўрнатилган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

декабрь


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар


49.

Давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

Дастур

асосида

2022-2023

йиллар


Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


50.

Экспертиза тадқиқотларини сифатли ва белгиланган муддатларда ўтказиш мақсадида кўчма лабораториялар билан жиҳозлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2022-2023

йиллар


ИИВ, Адлия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


51.

Ер участкаларини белгиланган тартибда ажратиш орқали давлат-хусусий шериклик асосида давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг уй-жой шароитларини яхшилаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021-2022

йиллар


Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


               

Изоҳ.


1. Ҳуқуқий муносабатларнинг предмети ва тартибга солиш соҳасидан келиб чиқиб, тадбирларни амалга ошириш шакллари ўзгариши, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий актлар ва бошқа ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин.


2. Икки ва ундан кўп бандлар бирлаштирилганда, ижро муддати сифатида бирлашаётган бандлар учун кўрсатилган энг кечки муддат белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 июлдаги

ПФ-6256-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини

ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган

концепциясини амалга ошириш бўйича кенгаш

ТАРКИБИ

Р.К. Давлетов

-

адлия вазири, Кенгаш раиси


лавозимига кўра

-

адлия вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари

И.А. Қутбиддинов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими


А.Ю. Мавланов

-

Бош прокурор ўринбосари


И.Т. Муслимов

-

Олий суд раиси ўринбосари


Я.А. Абдулхаков

-

ички ишлар вазири ўринбосари


Ҳ.А. Қаршиев

-

мудофаа вазири ўринбосари


У.Ю. Сабиров

-

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари


С.М. Бузрукхонов

-

олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари


Ш.У. Турдикулова

-

инновацион ривожланиш вазири ўринбосари


Ж.Н. Шукуров

-

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентилиги бош директори ўринбосари


лавозимига кўра

-

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи, Кенгаш котиби

          

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Кенгаш таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган масъул шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 июлдаги

ПФ-6256-сон Фармонига

4-ИЛОВА



2021-2025 йилларда жорий этиладиган

экспертиза ва тадқиқот турлари

РЎЙХАТИ

Т/р

Экспертиза ва тадқиқотлар турлари


Масъул ташкилот ва муассаса номи


Ижро муддати


1.

Суд-солиқ экспертизаси


РСЭМ, Банк-молия академияси


дастур асосида

2021 йил


2.

Озиқ-овқат маҳсулотларини баҳолаш экспертизаси


РСЭМ, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети


3.

Радиотехника экспертизаси


РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети


дастур асосида

2022-2023 йиллар


4.

Совуқ қуролларнинг криминалистик экспертизаси


РСЭМ, ИИВ Академияси

5.

Банк соҳасида бой берилган фойдани аниқлаш тадқиқоти


РСЭМ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Банк-молия академияси


6.

Суд психологик-филиологик экспертиза тадқиқоти


РСЭМ, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети


7.

Интеллектуал мулк соҳасида суд иқтисодий экспертизаси


РСЭМ

дастур асосида

2023-2024 йиллар


8.

Аудиовизуал ва дастурий маҳсулотларнинг суд товаршунос экспертизаси


РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети


9.

Дендрология экспертизаси


РСЭМ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти


10.

Газ ва электр техника объектларининг портлаш техник экспертизаси


РСЭМ, ИИВ ЭКБМ, ФВВ Академияси


дастур асосида

2023-2024 йиллар


11.

Бино ва иншоотларнинг техник

ҳолатини аниқлаш


РСЭМ, Тошкент архитектура-қурилиш институти


12.

Психофизиологик экспертизаси


РСЭМ, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий университети


13.

Видеотехника экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети


14.

Фототехника экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти


15.

Парфюмерия саноати маҳсулотларининг кимёвий таркибини аниқлаш тадқиқоти


РСЭМ, Тошкент кимё-технология институти

дастур асосида

2024-2025 йиллар


16.


Қурилиш молларининг тадқиқоти


РСЭМ, Тошкент архитектура-қурилиш институти


          





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 июлдаги

ПФ-6256-сон Фармонига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

қўшимча ва ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5843-сон Фармонининг 8-банди "а" кичик бандининг тўртинчи хатбошиси "давлат органлари ва ташкилотларининг" сўзларидан кейин "(Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар бундан мустасно)" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-4125-сон қарорида:


а) 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилиши мумкин";

тўртинчи - саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи - тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 июль






















































Время: 0.0070
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск