ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Концепцияси (ЎзР Президентининг 05.07.2021 й. ПФ-6256-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 июлдаги

ПФ-6256-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини

ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) мамлакатимизда суд-экспертиза соҳасини ривожлантиришнинг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилашга қаратилган.

Халқаро нормалар ва стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд-экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, суд-экспертлик фаолиятини тизимли равишда такомиллаштириб бориш, барқарор ва илмий талабга жавоб берадиган суд экспертизаси тизимини шакллантириш, суд жараёнларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш Концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.

Концепция соҳа фаолиятини ривожлантиришга оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.



2-БОБ. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ТИЗИМИНИНГ ЖОРИЙ

ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР


Мамлакатимизда суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш, соҳада фан ва техника ютуқларининг замонавий усулларини жорий этиш борасида қатор изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Сўнгги икки йил ичида суд экспертизаси соҳасида 34 та илмий-тадқиқот ишлари ўтказилди, 29 та янги илмий услубиётлар ишлаб чиқилди, 8 та янги суд-экспертлик турлари жорий этилди.

Бугунги кунда 6 та давлат муассасаси, шунингдек, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан 55 турдаги суд-экспертиза тадқиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Нодавлат суд-экспертиза муассасаларини ташкил этиш, экспертларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Суд экспертларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Суд экспертларини масофавий ўқитиш шакли жорий этилди.

397 нафар суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш таъминланди.

Шу билан бирга, яқин келажакда суд-экспертлик соҳасида ҳал этилиши зарур бўлган қуйидаги асосий муаммолар сақланиб қолмоқда:

биринчидан, суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий ҳамда илмий-услубий жиҳатдан марказлашмаганлиги муайян бир экспертиза тури бўйича турли ёндашувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, суд-экспертиза тадқиқотларини терговга қадар текширув, суриштирув ва терговни амалга оширувчи органлар ҳузуридаги суд экспертизаси муассасалари томонидан амалга оширилиши суд экспертининг мустақиллигини ҳамда текширишларнинг холислиги каби принципларига жавоб бермайди;

учинчидан, суд-экспертиза соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини олиб борадиган, ушбу йўналишдаги муаммоларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда соҳани замон талабларига мос равишда такомиллаштириш вазифасини бажарадиган профессионал илмий-тадқиқот муассасаси мавжуд эмас;

тўртинчидан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими ҳамда уларга услубий кўмаклашиш механизмлари яратилмаган;

бешинчидан, суд экспертларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириб бориши учун етарлича имкониятлар яратилмаганлиги ҳамда уларни хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировка ўташ учун грант маблағлари ажратилмаслиги ушбу соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;

олтинчидан, суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти, ушбу соҳадаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш суст аҳволда қолмоқда;

еттинчидан, суд-экспертиза муассасалари ходимларини моддий-ижтимоий рағбатлантириш механизмларининг такомиллаштирилмаганлиги олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, виждонли ва юқори малакали кадрларни жалб қилиш имконини бермайди.



3-БОБ. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш;

суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;

суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш;

суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш;

нодавлат суд-экспертиза институтини ривожлантириш;

суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш;

суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.



4-БОБ. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


1-§. Суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини

таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани

такомиллаштириб бориш


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш:

нодавлат суд-экспертлик ташкилотларининг мақоми, уларга қўйиладиган талаблар, улар томонидан суд экспертизалари ва тадқиқотларини ўтказиш тартиб-таомили ҳамда иш регламентларини белгилаш;

нодавлат суд-экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ҳамда тартибга солиш механизмини жорий этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан мутахассис фикрини бериш;

махсус ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

қайта экспертиза ўтказиш ваколати бериладиган экспертлар реестрини юритиш тизимини жорий этиш ва унга киритишга доир талабларни белгилаш;

суд экспертлари томонидан қасамёд қабул қилиш;

суд экспертизаси фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш.


2. Суд-экспертлик касбининг мустақиллиги, шунингдек, улар фаолиятининг кафолатларини ҳуқуқий таъминлаш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро норма ва талабларга изчил равишда мувофиқлаштириш.


3. Ўзбекистонда ягона суд-экспертиза тизимини яратишга доир таклифлар ишлаб чиқиш.


4. Процессуал қонунчилик ҳужжатларига нодавлат суд экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.


5. Суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг татбиқ қилиш.


6. Адвокатнинг сўровига асосан шартнома асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига экспертиза тайинлаш ва экспертиза хулосасини олиш ваколатларини белгилаш.


7. Суд экспертлари фаолиятига аралашиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш.


8. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган давлат ва нодавлат суд экспертларига нисбатан таъсир чоралари қўллашнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш.


9. Суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш.



2-§. Суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд

экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш


1. Суд-экспертиза муассасаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизасининг янги турларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.


2. Суд экспертизасининг янги турларини жорий қилиш бўйича грантлар ажратиш.


3. Давлат суд-экспертиза муассасалари тузилмасини, шу жумладан республика минтақаларида ривожлантириш.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда - РСЭМ) ҳудудий бўлимларида жойлардаги зарур эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилиш. Шу жумладан, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.


5. Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган "E-ekspertiza" ягона ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш).


6. Эксперт хулосаларининг халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида давлат суд-экспертиза муассасалари лабораторияларининг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни халқаро аккредитациядан ўтказиш.


7. Суд экспертларининг фаолиятини касбий лаёқатлилиги, ўтказилган суд экспертизаларининг сифати ва бошқа мезонларга асосан рейтинг тизимида баҳолаб бориш.


8. Суд экспертларининг ягона реестрини юритиш орқали улар фаолиятига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш.


9. Суд-экспертлик соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан аҳолига суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказишга қаратилган суд-экспертиза ахборот порталини яратиш.


10. Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассасаларга ўз фаолият йўналишлари бўйича суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқини бериш.



3-§. Суд-экспертлик фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот

ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт

ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага

фан ва техника ютуқларини жорий этиш


1. Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш.


2. РСЭМда суд экспертизаси мутахассислиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича алоҳида Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш.


3. Суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини янада такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш.


4. Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга методик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан улар учун суд экспертизаларини тайинлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича амалий қўлланмалар ва бошқа адабиётлар нашр қилиш.


5. Адлия органлари томонидан аниқ иш режа асосида суд-экспертлик соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ, чуқур, илмий асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш чораларини кўриш.


6. Суд-экспертлик соҳасидаги мавжуд услубиётларни танқидий кўриб чиқиш орқали уларни халқаро стандартларгава талабларга мослаштириш.


7. Суд-экспертлик фаолиятининг долзарб муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича аниқ режа-график асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш.


8. Суд экспертизаси ва криминалистика соҳасида янги авлод дарсликларини хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш.


9. Суд экспертизаси ва криминалистика атамаларига оид луғат яратиш.


10. "Ўзбекистон суд-экспертизаси" электрон илмий журналини ташкил этиш.


11. Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, таниб олинмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар бўйича геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини яратишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.



4-§. Суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини

ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг

самарали тизимини яратиш


1. Суд-экспертиза соҳасида кадрлар тайёрлашни олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилишини йўлга қўйиш.


2. РСЭМда профессор-ўқитувчилар доимий фаолият юритадиган ўқув кафедраларини ташкил қилиш орқали экспертларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини ошириш.


3. Соҳага инновацион ўқитиш услублари ва шаклларини кенг жорий этиш орқали давлат ва нодавлат суд экспертларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш сифатини такомиллаштириш, шунингдек, суд экспертларини кредит-модуль тизими асосида малакасини ошириш.


4. Суд экспертларини ишдан ажралмаган ҳолда уларнинг иш жойида касбий малакасини ошириш тизимини жорий қилиш.


5. Суд экспертларининг касбий билим ва малакасини оширишда хорижий суд-экспертлик ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, бунда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг грант маблағлари ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш.


6. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертизаларини ўтказишга зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари тўғрисида доимий равишда манзилли ўқув семинарлар (вебинарлар)ни ташкил қилиб бориш.


7. Малака ошириш жараёнларига хорижий давлатларнинг суд-экспертиза соҳасидаги мутахассисларини маърузачи ва ўқитувчи сифатида кенг жалб этиш.


8. Суд-экспертлик соҳасида илмий фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг экспертлик касбига киришиш жараёнини соддалаштириш.


9. Экспертиза муассасаларида кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимлар томонидан доимий равишда ўз касбий ва илмий салоҳиятини ошириб боришини қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий даражага эга бўлган кадрлар учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда турли имтиёз ва молиявий имкониятлар бериш.


10. Экспертиза муассасаларига илмий муассаса мақомини бериш.



5-§. Нодавлат суд-экспертиза институтини ривожлантириш


1. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва хусусий экспертларнинг бирлашмасини ташкил қилиш.


2. Адлия органларининг нодавлат суд экспертлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга кўмаклашишга доир вазифаларини белгилаш.


3. Нодавлат суд экспертларининг касбий лаёқатлилиги ҳамда ўтказилган суд экспертизаларининг сифатини мониторинг қилиб бориш.


4. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш.


5. Суд экспертларига суд экспертизасининг муайян тури бўйича қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан якуний имтиҳон топшириш ҳуқуқини берувчи суд-экспертлик фаолиятини узлуксиз равишда амалга ошириш муддатини 10 йилдан 3 йилга қисқартириш.


6. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти штатида унинг раҳбаридан ташқари бир хил ёки турли хил суд экспертизаси йўналиши бўйича суд эксперти сертификатига эга камида икки нафар суд эксперти бўлиши лозимлиги талабини бекор қилиш.


7. Якка тартибда нодавлат суд-экспертлик фаолияти билан шуғулланувчи хусусий экспертлар институтини жорий этиш.


9. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказилишига рухсат берилган суд экспертизалари турларининг рўйхатини кенгайтириш.



6-§. Суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро

ҳамкорликни ривожлантириш


1. Суд-экспертиза муассасаларининг Осиё тармоғи (Азиатская сеть учреждений судебной экспертизы (Asian Forensic Sciences Network - AFSN)га аъзо бўлиш.


2. Суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари таҳлили асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш.


3. Хорижий етакчи суд-экспертиза, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар билан халқаро ҳужжатлар тузиш, қўшма дастурларни амалга ошириш.


4. Халқаро экспертлар иштирокида мамлакатимиз суд экспертлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кучайтириш.


5. Ўзбекистон Республикаси суд-экспертиза муассасалари ва ташкилотлари томонидан хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд-экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида уларга хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш.


6. Суд экспертларининг халқаро илмий-амалий анжуманларда, жумладан Жаҳон суд экспертлари ассоциацияси (IAFS) шафелигида ўтказиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этишини ташкил қилиш.


7. Суд-экспертиза муассасалари фаолиятига давлатлараро ва халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида техник қўмита ташкил қилиш, давлатлараро ҳамда халқаро техник қўмиталарга аъзо бўлиш ва улар фаолияти иштирокини таъминлаш.



7-§. Суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника

базасини мустаҳкамлаш


1. Давлат суд-экспертиза муассасаларини ISO/IEC 17025 халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган бино ва иншоотлар билан таъминлаш.


2. Дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар, сарфлаш материаллари ҳамда асбоб-ускуналар ва жиҳозлар хариди бўйича йиллик дастурни амалга ошириш.


3. Давлат суд-экспертиза ташкилотларини ўрнатилган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни таъминлаш.


4. Пуллик хизматларни кўпайтириш орқали суд экспертларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.


5. Экспертиза тадқиқотларини сифатли ва белгиланган муддатларда ўтказиш мақсадида кўчма лабораториялар билан жиҳозлаш.


6. Ер участкалари ажратиш орқали давлат-хусусий шериклик асосида давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг уй-жой шароитларини яхшилаш.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепциянинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга олиб келади:

суд экспертлари мустақиллигини таъминлаш чоралари кўрилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг суд-экспертиза тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга эришилади;

мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришга эришилади;

давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари моддий-техника базаси мустаҳкамланади, соҳага давлат-хусусий шериклик тамойиллари кенг татбиқ этилади;

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишлари янада ривожланади, соҳа фаолиятига фан ва техника ютуқлари жорий этилади;

суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими янада такомиллашади;

суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилади ва халқаро нормаларга мувофиқлаштирилади;

суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожланади;

Ўзбекистоннинг халқаро нуфузли рейтинг ва индексларда, жумладан, Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of Law Index) ва Коррупцияни қабул қилиш индекси (The Corruption Perceptions Index)даги кўрсаткичлари самарадорлиги ошади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 июль













































Время: 0.0435
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск