ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Тезкор қидирув фаолияти. Жиноятчиликка қарши кураш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.07.2021 й. ПҚ-5177-сон "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.07.2021 й.

N ПҚ-5177



КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ФАОЛИЯТИНИ

САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6257-сон Фармонига мувофиқ ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини самарали ташкил этиш мақсадида:


1. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилсин.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, хўжалик ишлари, молия-иқтисод бўлинмалари ва назорат функциясига эга тузилмалар раҳбарларини муайян муддатда ротация қилиш ҳамда суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича бошқа механизмларни жорий этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


2. Адлия вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилсин.

Белгилансинки, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланади.


4. Белгилансинки, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади, уларни лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилади.

Агентлик Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқласин.


5. 2021 йил 1 авгyстдан бошлаб давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилсин.

Молия вазирлиги Агентлик ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда акс эттирилиши лозим бўлган коррупцияга қарши шартларни ишлаб чиқсин ва тендер (танлаш) шаклида ўтказиладиган давлат харидларида ҳамкорлар (контрагентлар)ни текшириш тартибини белгиласин.


6. Агентлик 2021 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиётини жорий этсин.


7. Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

2021 йил 1 декабрга қадар даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, 2022 йил давомида уни солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли органлар маълумотлар базалари билан интеграция қилиш чораларини кўрсин;

2022 йил 1 январга қадар мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали интеграциялашган Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизимини ишга туширсин.


8. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ҳисоб палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Марказий банк билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бенефициарлар реестрини юритиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Қурилиш соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:

а) Қурилиш вазирлиги 2021 йил 1 октябрга қадар:

бюджет ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган тендер (танлаш)ни "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин;

қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги ҳамда тендер савдоларидаги баҳолаш мезонлари ва методикасини қайта кўриб чиқиб, уларнинг очиқлигини таъминласин ҳамда қурилиш ташкилотлари тоифалари ва нарх бўйича таклифни баҳолаш механизмини жорий қилсин;

электрон тендер тизимида маълумотларнинг ҳаққонийлигини автоматик равишда текшириш ва баҳолаш механизмини ишга туширсин;

б) 2021 йил 1 декабрдан бошлаб харид комиссиясининг маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ва иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш ваколатлари бекор қилинсин.


10. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасига шаффофлик стандартларини жорий қилиш мақсадида 2022 йил 1 январга қадар автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган "SHAFFOF YO`L" онлайн ахборот платформасини ишга туширсин.

Ушбу платформа доирасида автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн-харитаси ишлаб чиқилсин ҳамда унда кейинги йилда қуриладиган ва таъмирланадиган йўл участкаларини аниқлаш ва уларни харитага жойлаш ҳамда буни жамоатчиликка тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Адлия вазирлиги Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банднинг ижроси бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Агентлик, Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси 2022 йил 1 январдан бошлаб "ҳалоллик вакцинаси" тамойили асосида давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларда ўқитиш тизимини жорий этсин.

Ушбу тизим доирасида:

давлат хизматчиларини ўқитиш туман даражасида ҳудудий адлия бўлимларида, вилоят даражасида ҳудудий олий таълим муассасаларида, республика даражасида Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиалларида амалга оширилсин;

махсус электрон ўқув платформаси ишга туширилиб, у орқали давлат хизматчиларини масофадан туриб ўқитиш ҳамда хусусий сектор вакиллари ва аҳолининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги билимларини ошириш йўлга қўйилсин.


12. Агентлик бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул этиб Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев, Агентлик директори А.Э. Бурханов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Азизов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.К. Нарбаева, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 июль


















































Время: 0.1373
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск