ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари / Умумий қоидалар. Лицензияловчи органлар /

Ўзбекистон Республикасининг 14.07.2021 й. ЎРҚ-701-сон "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 05.03.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.04.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.07.2021 й.

N ЎРҚ-701



ЛИЦЕНЗИЯЛАШ, РУХСАТ БЕРИШ ВА ХАБАРДОР

ҚИЛИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 5 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва

қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш, шунингдек комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси (франшизинг тўғрисидаги шартнома) асосида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолияти;

тадбиркорлик субъектларини, битимларни, ҳуқуқларни ва мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш;

аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш;

давлат экологик экспертизаси;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият;

ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилмаган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни жисмоний шахсларга бериш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу Қонуннинг 1, 2 ва 3-иловаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


2-модда. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор

қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг ўзига хос хусусиятлари қонун билан белгиланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


лицензиат - фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


лицензия - жисмоний ёки юридик шахсга бериладиган, лицензия талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;


лицензиялаш - лицензия бериш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, лицензияни бериш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ҳамда тугатиш, шунингдек лицензияни бекор қилиш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи;


фаолиятнинг лицензияланадиган тури - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган, қонун билан белгиланадиган фаолият тури;


лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартлари - фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш ёки фаолиятни (ҳаракатларни) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида амалга ошириш чоғида жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган, қонунчиликда белгиланган талаблар ҳамда шартлар мажмуи;


лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар (бундан буён матнда ваколатли органлар деб юритилади) - фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни амалга оширадиган, шунингдек махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қиладиган махсус ваколатли органлар ва ташкилотлар;


лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари - ваколатли органларнинг тегишинча берилган, узайтирилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, тугатилган, бекор қилинган, қайта расмийлаштирилган ва чақириб олинган лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар тўғрисидаги, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар томонидан ваколатли органларга юборилган хабарномалар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари;


лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури - фаолиятнинг лицензияланадиган тури таркибига киритиладиган фаолият турининг йўналиши;


давлат хизматлари паспорти (бундан буён матнда паспорт деб юритилади) - лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёни билан боғлиқ бўлган ўзига хос талаблар ва шартларни, шунингдек маълумотларни ўз ичига олган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳужжат;


рухсат бериш тартиб-таомили - рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ҳамда тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш, қайта расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи;


рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат - ваколатли орган томонидан рухсатнома, келишув, хулоса шаклида, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда бериладиган, рухсат бериш талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда муайян фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳужжат;


талабгор - лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;


хабарнома - хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширишни бошлаш (тугатиш) учун хабардор қилувчи томонидан ваколатли органга юбориладиган маълумотлар;


хабардор қилувчи - ваколатли органга хабарнома юборган ва хабарномалар реестрига киритилган жисмоний ёки юридик шахс;


хабардор қилиш тартиб-таомили - хабарнома юбориш, хабарномани қабул қилиш (қабул қилмаслик), хабарнома қабул қилинганлигини тасдиқлаш, шунингдек хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш ва хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширишга тақиқ жорий этиш жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи;


"ягона дарча" принципи - хизматлар кўрсатиш тартиби бўлиб, бунда талабгорга тегишинча лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун ваколатли органга бошқа давлат органлари ёки ташкилотлар томонидан бериладиган турли бошқа ҳужжатларни олиш талаб қилинадиган ҳолларда мазкур ваколатли орган кўрсатилган ҳужжатларни талабгорнинг иштирокисиз мустақил равишда сўрайди ва олади.



4-модда. Лицензилаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари соҳасидаги асосий принциплар


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш чоғида ваколатли органлар фаолиятининг очиқлиги;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг, жисмоний ва юридик шахслар қонуний манфаатларининг, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашнинг, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг шаффофлиги;

лицензиялашнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг "ягона дарча" принципи бўйича амалга оширилиши.



5-модда. Лицензиялаш ва рухсат бериш

тартиб-таомилларини жорий этиш

учун асослар


Агар жисмоний ёки юридик шахслар томонидан фаолиятнинг (ҳаракатларнинг) айрим турларини амалга ошириш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён, жамоат хавфсизлигига зиён ва (ёки) атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилайди;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида вазирликларнинг ҳамда бошқа давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

ваколатли органлар томонидан лицензиялаш тартиби, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилиши амалиётини ўрганади ҳамда унинг таҳлилини амалга оширади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан лицензиялаш тартиби, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилиши устидан доимий мониторингни амалга оширади, шу жумладан махсус электрон тизим орқали амалга оширади;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Махсус электрон тизим


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш, ваколатли органларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик қилиши, шунингдек лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартлари бажарилишининг мониторингини ўтказиш жараёнларини қамраб оладиган, жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлган "Лицензия" ахборот тизими махсус электрон тизимдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги махсус электрон тизим операторидир.

Махсус электрон тизимда қуйидагилар акс эттирилади:


1) қуйидагиларни ўз ичига оладиган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнлари:

лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёхуд унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни топшириш;

ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш ҳамда лицензияларни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон шаклдаги лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш;

ваколатли органни фаолият бошланганлиги ёки тугатилганлиги ҳақида хабардор қилиш учун хабарномалар юбориш ва хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномалар олиш;

аризани кўриб чиқиш учун давлат божининг, йиғимларнинг электрон тўловини амалга ошириш;

лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда уларни бекор қилиш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш;


2) лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш чоғида давлат органлари ва ташкилотлар ҳамкорлигининг қуйидагиларни ўз ичига оладиган жараёнлари:

бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан қўшимча ҳужжатлар ҳамда ахборотни мустақил равишда олиш, шунингдек улар билан "ягона дарча" принципи бўйича келишиш;

лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрларини юритиш;

лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, шунингдек хабарномалар билан боғлиқ ахборотни тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базалари орқали текшириш;


3) лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларининг бажарилиши мониторингини ўтказишнинг қуйидагиларни ўз ичига оладиган жараёнлари:

лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан ваколатли органлар томонидан масофавий мониторингни амалга ошириш;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг ҳар бир босқичида аризалар кўриб чиқилишини кузатиб бориш;

лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши билан боғлиқ бўлган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш чоғида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда ваколатли органларнинг судларга мурожаат қилиши;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

ваколатли органларнинг автоматик тарзда шакллантириладиган рейтингини юритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолияти (ҳаракатлари) устидан назорат қилишнинг муайян мезонларини аниқлаган ҳолда, ваколатли органлар томонидан берилган лицензияларнинг ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг, шунингдек хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, "хавфни таҳлил қилиш" тизимини жорий этиш.

Махсус электрон тизимда қонунчиликка мувофиқ бошқа жараёнлар ҳам акс эттирилиши мумкин.



9-модда. Фаолиятнинг лицензияланадиган турларини

давлат муассасалари томонидан амалга ошириш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат муассасалари, башарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг ушбу турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга оширишга ҳақлидир. Мазкур қоида кўрсатилган давлат муассасаларини лицензия талаблари ва шартларини бажаришдан озод этмайди.



10-модда. Лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор

қилиш тартиб-таомилларини юридик шахсларнинг

филиаллари ва ваколатхоналари томонидан

амалга ошириш


Юридик шахслар томонидан ташкил этилган филиаллар ва ваколатхоналар учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди. Бунда юридик шахслар томонидан аввал олинган лицензияларда ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларда ваколатли органлар томонидан мазкур ҳужжатларга ўзгартишлар киритилган ҳолда филиаллар ва ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилади.

Филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахслар филиаллар ҳамда ваколатхоналар томонидан фаолият (ҳаракатлар) турларини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш бошлангунига қадар бу ҳақда ваколатли органни махсус электрон тизим ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (бундан буён матнда ЯИДХП деб юритилади) орқали хабардор қилиши керак. Бунда ваколатли орган кўрсатилган филиаллар ва ваколатхоналар тўғрисидаги ахборотни хабарномалар реестрига киритади.

Филиаллар ва ваколатхоналар фаолиятнинг лицензияланадиган турларини, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турларини амалга ошираётганда ёки фаолиятни (ҳаракатларни) хабардор қилиш тартибида амалга ошираётганда лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этиши керак.



11-модда. Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари


Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида-алоҳида махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда юритилади. Реестрлардаги ахборот очиқдир.

Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрларида қуйидагилар акс эттирилади:

юридик шахс учун - номи, жойлашган ери (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), фаолият (ҳаракатлар) амалга ошириладиган манзил;

хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турларини амалга оширувчи филиаллар ва ваколатхоналар тўғрисидаги ахборот;

берилган лицензияларнинг, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг ва хабарномалар санаси ва тартиб рақамлари;

чекланган амал қилиш муддатига бериладиган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар учун - лицензияларнинг ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддатлари;

амалга оширилиши учун лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат талаб қилинадиган, шунингдек хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракатлар) тури (кичик тури);

лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини узайтириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, уларни бекор қилиш асослари ҳамда саналари;

лицензияларни чақириб олиш асослари ва саналари;

хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, фаолиятни (ҳаракатларни) хабардор қилиш тартибида амалга оширишга доир тақиқнинг муддати тўғрисидаги ахборот;

лицензияга, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга ўзгартишлар киритиш, шунингдек хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) ўзгартириш ҳақидаги хабарномани юбориш асослари ҳамда саналари;

фаолиятни (ҳаракатларни) хабардор қилиш тартибида амалга оширишга доир тақиқнинг қолган муддати.



12-модда. Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига

эга ҳужжатлар ва хабарномалар

реестрларини юритиш


Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари лицензиатларнинг, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олган шахсларнинг ҳамда хабардор қилувчиларнинг давлат томонидан ҳисобга олинишини таъминлаш, шунингдек лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига мазкур шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш мақсадида юритилади.

Лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрларини доимий асосда юритиш ҳамда уларга тегишли ўзгартишлар киритиш ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАШ


13-модда. Фаолиятнинг лицензияланадиган

турлари


Ушбу Қонуннинг 1-иловасида кўрсатилган фаолият турлари фаолиятнинг лицензияланадиган турларидир.

Лицензия фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури учун алоҳида берилади. Лицензия талабгорнинг аризасига мувофиқ лицензияланадиган фаолият турининг кичик турига (кичик турларига) берилиши мумкин.

Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият тури (кичик тури) фақат лицензия олган жисмоний ёки юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият, агар лицензия талаблари ва шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилиши мумкин.



14-модда. Лицензиялаш соҳасидаги

ваколатли органлар


Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар:

талабгорларнинг мурожаатларини қабул қилади ва кўриб чиқади;

лицензиялар беради ёки уларни беришни рад этади, лицензияларнинг амал қилиши муддатини узайтиради;

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;

лицензияларни қайта расмийлаштиради;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туради, қайта тиклайди;

лицензияларни бекор қилади ёки ушбу Қонуннинг 33-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда лицензияларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;

лицензияларни ўзгартиради;

лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар қонунга, шунингдек фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ҳақидаги низомларга ва уларнинг паспортларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар ушбу ваколатли органлар томонидан лицензияланадиган фаолиятни амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ташкил этишга ёки уларнинг фаолиятида муассислар, акциядорлар ёхуд иштирокчилар сифатида иштирок этишга ҳақли эмас, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.



15-модда. Лицензияларнинг турлари


Лицензиялар намунавий (оддий) ва якка тартибда бўлиши мумкин.

Агар чекланмаган миқдордаги талабгорлар фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга нисбатан қўйиладиган ягона лицензия талаблари ва шартларига жавоб берса, ушбу шахсларга бериладиган лицензиялар намунавий (оддий) лицензиялар жумласига киради.

Талабгорларга алоҳида лицензия талаблари ва шартлари асосида бериладиган, фаолиятнинг муайян турини амалга оширишда лицензиатларга мутлақ ҳуқуқларни тақдим этадиган лицензиялар якка тартибдаги лицензиялар жумласига киради. Якка тартибдаги лицензиялар амал қилиш ҳудуди, фаолият объекти бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа асосларга кўра сони жиҳатидан чекланади.

Якка тартибдаги лицензияларни бериш, қоида тариқасида, танлов (тендер) асосида амалга оширилади.

Якка тартибдаги лицензияларни бериш тартиби ва шартлари, шу жумладан танловларни (тендерларни) ўтказиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



16-модда. Лицензиянинг амал қилиш муддати


Фаолиятнинг лицензияланадиган турларини (кичик турларини) амалга ошириш учун лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади, бундан қуйидагиларни амалга ошириш учун лицензиялар мустасно:

тиббий фаолият;

фармацевтика фаолияти;

минерал ўғитларнинг, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолият;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият;

таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик воситасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ёки тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, олиб кириш (олиб чиқиш), қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш (бериш), олиш ва ташиш фаолияти;

кўчма радиотелефон (уяли) алоқадан ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ҳамда уларнинг хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолият;

нефтни, газни (шу жумладан сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини) ҳамда газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш соҳасидаги фаолият;

аффинаж фаолияти.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган фаолият турларини (кичик турларини) амалга ошириш учун лицензияларнинг амал қилиш муддатлари фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомларда ва уларнинг паспортларида белгиланади, лекин бу муддатлар беш йилдан кам бўлмаслиги керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач, у лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда ваколатли органга топширилади. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензияни бeриш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



17-модда. Лицензия берганлик, унинг амал қилиш

муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик

учун ундириладиган давлат божи


Лицензия берганлик, унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик учун давлат божи ундирилади.

Лицензия берганлик, унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик учун давлат божи миқдорлари ҳамда уни тўлаш тартиби "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланади.

Лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури учун лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун қонунда давлат божи ставкаларининг камайтирилган миқдорлари белгиланиши мумкин.

Фаолиятнинг қуйидаги турлари бўйича лицензиянинг амал қилиши учун йиллик давлат божлари белгиланади:

концерт-томоша фаолияти;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси соҳасидаги фаолият;

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш.



18-модда. Лицензияланадиган фаолият

турининг кичик турига лицензиат томонидан

лицензия олиш тартиби


Лицензиат лицензия асосида амалга ошириладиган фаолиятни лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтириши мумкин.

Муайян соҳада фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган лицензиат худди шу соҳадаги фаолиятнинг кичик турига лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган тақдирда, у ваколатли органга фақат фаолиятнинг тегишли кичик турига қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартларини қаноатлантирадиган ахборотни тақдим этади. Бунда ваколатли орган лицензиат томонидан илгари олинган лицензияга лицензияланадиган фаолият турининг тегишли кичик турига тааллуқли ўзгартишлар киритади.



3-БОБ. РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


19-модда. Амалга оширилиши учун рухсат этиш

хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб

этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турлари


Ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турлари амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турларидир.



20-модда. Рухсат бериш тартиб-таомиллари

соҳасидаги ваколатли органлар


Рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар:

талабгорларнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тўғрисидаги мурожаатларини қабул қилади ҳамда кўриб чиқади;

ушбу Қонун талабларига ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ белгиланган муддатларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беради ёки уни беришни асосли равишда рад этади;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг реестрини юритади;

рухсат бериш тартиб-таомиллари масалалари юзасидан талабгорларнинг оғзаки ёки ёзма, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида юборилган сўровига кўра бепул асосда тўлиқ ахборот ва малакали маслаҳатлар (тушунтиришлар) беради;

талабгорлар рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби билан монеликсиз танишиб чиқиши ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар монеликсиз тақдим этилиши учун шарт-шароитлар яратади;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни электрон шаклда беради;

ушбу Қонуннинг 32 ва 33-моддаларида назарда тутилган ҳолларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уларни бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади ва (ёки) ушбу масалаларни суд тартибида кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқади.

Рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар қонунга, шунингдек рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга ва уларнинг паспортларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



21-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг

амал қилиш муддати


Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати, қоида тариқасида, чекланмайди, бундан рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда ва уларнинг паспортларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек бир марталик ҳаракатни бажариш учун бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагач, у талабгорнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда ваколатли органга топширилади. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтириш рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтиришнинг соддалаштирилган тартиби белгиланиши мумкин.

Агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилаётган бўлса, рухсат бериш талаблари ва шартларига лозим даражада риоя этган талабгор ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади. Агар рухсат бериш талаблари ва шартларига лозим даражада риоя этган талабгорнинг таклифи танловда (тендерда) иштирок этувчи бошқа талабгорнинг энг мақбул таклифига тенг қийматда бўлса, ушбу устуворлик қўлланилади.



22-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик

ёки унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик

учун йиғим


Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик ёки унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланган ҳолларда ҳамда миқдорларда йиғим ундирилади.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик ёки унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун йиғим суммаси қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАШНИНГ ВА РУХСАТ

БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИНГ

ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


23-модда. Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш

ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби

тўғрисидаги низомлар, шунингдек уларнинг

паспортлари


Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда қуйидагилар назарда тутилади:

лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг, шунингдек уларни бериш зиммасига юклатиладиган ваколатли органнинг номи;

лицензиялашдан ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришдан мақсад;

лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тугал рўйхати;

талабгорнинг лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, ҳужжатни бериш ёки уни беришни рад этиш тартиби ва муддатлари, шу жумладан агар мазкур ҳужжатни бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилаётган бўлса, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун танлов (тендер) ўтказиш тартиби;

лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари;

лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни махсус электрон тизим воситасида беришда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органларнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби;

лицензияларнинг ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, уларни бекор қилиш тартиби;

тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат чекланмаган муддатга берилиши мумкин бўлмаган ҳолларда, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати;

агар талабгор томонидан ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш имкониятини аниқлаш учун зарур бўлса, рухсат бериш тартиб-таомили доирасида ваколатли орган ёки жалб қилинган учинчи шахс томонидан ўтказиладиган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишларнинг ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг тугал рўйхати.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ҳақидаги ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда ушбу Қонунга мувофиқ бошқа нормалар ҳам кўрсатилиши, шунингдек лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланиши мумкин.

Лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар паспортларида талабгор томонидан лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш ва фаолиятини давом эттириши учун зарур бўлган ахборот кўрсатилади.



24-модда. Лицензия ва рухсат бериш талаблари

ҳамда шартлари


Лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартлари фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида фаолиятнинг лицензияланадиган турининг ва амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турининг ҳар бири бўйича кўрсатилади. Бунда рақобатни чекловчи талаблар ва шартларни жорий этиш тақиқланади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида қуйидаги лицензия ҳамда рухсат бериш талаблари ва шартлари кўрсатилади:

лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг муайян қоидаларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан риоя этилиши шартлиги;

фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турини амалга оширишга талабгор шахсларга нисбатан аниқ малака талаблари, шу жумладан мaxсус тайёргарликка доир талаблар;

фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турини амалга оширишнинг махсус шартларига доир тугал талаблар, шу жумладан фойдаланиладиган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар, бошқа техник воситаларга доир аниқ талаблар;

ходимлар билан янги меҳнат шартномаларини тузиш, шартномаларга ўзгартишлар киритиш ва уларни тугатиш ҳолларини, шунингдек амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш - тегишли фаолиятни (ҳаракатни) амалга ошириш учун ходимларга нисбатан шундай талаб мавжуд бўлган тақдирда;

фаолиятнинг лицензияланадиган турининг ёки рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа лицензия ва рухсат бериш талаблари ва шартлари.

Лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини ваколатли органлар томонидан назорат қилиш "хавфни таҳлил қилиш" тизими натижалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилиши фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида амалга оширилади.



25-модда. Лицензияларни ёки рухсат этиш хусусиятига

эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги

аризаларни қабул қилиш


Талабгорларнинг лицензияларни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризалари, шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар махсус электрон тизим воситасида ёки ЯИДХП орқали қабул қилиниши мумкин.

Давлат сирларини ёки қонунчиликка мувофиқ фойдаланилиши чекланган ахборотни ўз ичига олган лицензияларни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризалар ваколатли органлар томонидан қабул қилиниши ва бевосита уларга берилиши мумкин.

Ариза ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган тартибда ваколатли органга келиб тушган пайтдан эътиборан улар рўйхатдан ўтказилган деб ҳисобланади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда талабгорга юборилади (берилади).

Аризани қабул қилишни ваколатли орган томонидан рад этишга йўл қўйилмайди.

Электрон шаклда берилган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар манфаатдор шахслар томонидан махсус электрон тизим воситасида қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда қоғозда чоп этилган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар электрон шаклда берилган лицензияларга ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга тенглаштирилади.

Талабгор махсус электрон тизим ёки ЯИДХП орқали ариза билан мурожаат этганда, фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартиби ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланган тартибда тақсимланадиган давлат божи ва йиғимнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.


26-модда. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар


Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги ариза билан ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда мурожаат қилган тақдирда, талабгор томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахс учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

талабгор амалга ошириш ниятида бўлган фаолиятнинг лицензияланадиган тури ёки рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) тури, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда - мазкур фаолиятнинг кичик тури;

қонунчиликда назарда тутилган лицензия ёки рухсат бериш талаблари ҳамда шартлари талабгор томонидан бажарилиши мумкинлигини тасдиқловчи бошқа маълумотлар.

Талабгор томонидан тақдим этилган, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, ваколатли орган аксини исботлагунига қадар, барча ҳолларда тўғри деб ҳисобланади.

Талабгордан ушбу моддада ҳамда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ариза талабгор томонидан махсус электрон тизим ёки ЯИДХП воситасида юборилган тақдирда, у электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Талабгор нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.



27-модда. Лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларнинг

тўғрилигини текшириш


Лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ягона QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ махсус қоғоз бланкаларида расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлар мустасно.

Барча турдаги лицензияларнинг ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг тўғрилигини текшириш мазкур ҳужжатларга тушириладиган ягона QR-кодни (матрик штрихли кодни) тегишли реестрда кўрсатилган ахборот билан солиштириб кўриш орқали амалга оширилади. Бунда қоғоз шаклидаги лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.



28-модда. Талабгорларнинг лицензияни ёки рухсат этиш

хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги

аризаларини кўриб чиқиш


Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари махсус электрон тизим орқали электрон шаклда амалга оширилади, бундан давлат сирларини ёки қонунчиликка мувофиқ фойдаланилиши чекланган ахборотни ўз ичига олган лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари мустасно.

Талабгорнинг аризаси ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган санадан эътиборан ваколатли орган томонидан уни кўриб чиқиш, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёхуд уни беришни рад этиш муддати йигирма иш кунидан ошмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятнинг айрим лицензияланадиган турлари ва амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш зарур бўлган фаолият (ҳаракатлар) турлари учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда талабгорларнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддатларини йигирма иш кунидан ортиқ этиб белгилаши мумкин.

Ваколатли орган, зарур бўлган тақдирда, ўз маблағлари ҳисобидан тегишли хулосаларни тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этишга ҳақли.

Ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай уни махсус электрон тизимга жойлаштиради ва талабгорни мазкур қарор жойлаштирилган пайтдан эътиборан бир иш соатидан ошмаган муддатда махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда хабардор қилади.

Агар ваколатли орган талабгорнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида талабгорга лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бермаса ва уни беришни рад этмаса, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтганидан кейин талабгор амалга оширилиши учун лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олиш ниятида бўлган фаолиятни (ҳаракатни) амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни махсус электрон тизим ёки ЯИДХП воситасида электрон шаклда хабардор қилган ҳолда, эга бўлади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолда талабгор белгиланган давлат божини ёки йиғимни тўлаганидан кейин махсус электрон тизим воситасида унга лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилади. Бунда талабгор лицензиясиз ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ҳамда ваколатли органлар эҳтимол тутилган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.



29-модда. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига

эга ҳужжатни беришни рад этиш


Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

талабгорнинг лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;

қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;

талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ ўтказилиши мажбурий бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ҳамда техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёхуд бошқа асосларга кўра, шу жумладан қуйидаги ҳолларда рад этишга йўл қўйилмайди:

ходимларнинг касбий малакаси қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ фойдаланиладиган бино ва иншоотлар санитария-эпидемиологик ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси ва иккинчи қисмининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, ваколатли орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома ваколатли орган томонидан махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда талабгорга бир иш куни ичида юборилади.

Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек талабгор кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ваколатли орган аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга малакали ходимларни излашда, ҳужжатлар ҳамда дастурларни маромига етказиш учун мутахассисларни жалб этишда, шунингдек лицензияларни ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ўзга ҳужжатларни олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда ёрдам кўрсатиши ва тавсиялар бериши керак, бундан талабгорлар таклиф этилган ёрдамни рад этган ҳоллар мустасно.

Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома юборилган тақдирда лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.

Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва талабгор мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда юборилади. Талабгорлар рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги электрон хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Талабгор лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёхуд уни беришни рад этиш талабгорнинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Талабгорларнинг аризаларини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан талабгорга илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши мустасно.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Талабгор лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ушбу Қонуннинг 7-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



30-модда. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатни қайта расмийлаштириш


Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) фаолият турлари бўйича ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида ваколатли органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида ваколатли органга лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисида, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати мавжуд бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури учун тугатилганда ёки бир нечта фаолият турлари бирлаштирилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатда кўрсатилган маълумотлар ушбу модданинг биринчи - учинчи қисмларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тадбиркорлик субъектининг тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги аризаси бўйича амалга оширилади.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар талабгор томонидан ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда берилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш учун ариза талабгорнинг хоҳишига кўра, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан юборилиши мумкин. Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектининг қайта рўйхатдан ўтказилиши учун асос бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда, махсус электрон тизим воситасида ваколатли органга хабарнома юборади. Рўйхатдан ўтказувчи орган орқали лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштиришда йиғим ундирилмайди.

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қайта расмийлаштирилгунига қадар, тадбиркорлик субъекти ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширади.

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қайта расмийлаштирилаётганда ваколатли орган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрларига тегишли ўзгартишлар киритади.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ёки ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган хабарнома ваколатли орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қайта расмийлаштирилаётганда талабгорнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик учун тўланадиган сумманинг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади, бундан ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Йиғим суммаси қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.


31-модда. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатни ўзгартириш


Лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар лицензиатнинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахснинг аризаси асосида ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши мумкин:

лицензия асосида амалга оширилаётган фаолият тури лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтирилганда;

филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахсларга берилган лицензияга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга мувофиқ ушбу филиаллар ва ваколатхоналар томонидан фаолиятни амалга ошириш бошланганда;

юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятни амалга ошириш манзили ўзгарганда, агар унинг жойлашган ерига нисбатан лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартлари белгиланган бўлса.

Лицензияларга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бeриш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Лицензия ўзгартирилган тақдирда давлат божи, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ўзгартирилганда эса йиғим тегишинча лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик учун тўланадиган сумманинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.



32-модда. Лицензиянинг ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш


Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларининг бузилганлиги аниқланганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан ваколатли органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини унинг зиммасига юкловчи қарори бажарилмаганда.

Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини ўн кунгача муддатга тўхтатиб туриш ваколатли орган томонидан, ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса - суд томонидан амалга оширилади.

Ваколатли органнинг лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахсга лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда етказилади.

Суднинг лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахсга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Ваколатли органлар ёки суд лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда кўрсатилган муддат лицензиат ёки рухсат берувчи ҳужжатни олган шахс лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаслиги керак.

Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли орган ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Суднинг лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарори у қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида тегишли ваколатли органга қонунда белгиланган тартибда етказилади. Бунда ваколатли орган эса лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисидаги маълумотни махсус электрон тизимга бир иш кунидан ошмаган муддатда жойлаштиради.

Агар ваколатли орган лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс мазкур муддат ўтгандан сўнг ваколатли органни махсус электрон тизим воситасида хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, суд лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ваколатли органнинг лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, ваколатли органлар лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс олдида улар кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади. Бунда лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат амал қилишининг тўхтатиб турилиши суд томонидан асоссиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қайта тикланган деб ҳисобланади.

Лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс ўз фаолияти вақтинча тўхтатиб турилган тақдирда лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Агар лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тугатилади.

Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида махсус электрон тизимга жойлаштирилиши керак.



33-модда. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатни бекор қилиш


Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини ёки ҳаракатларни (фаолиятни) амалга ошириш учун лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

жисмоний шахснинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

лицензия берилганлиги учун давлат божи ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун йиғим белгиланган муддатда тўланмаганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

ваколатли органнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) бузилганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса. Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг бекор қилинишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларнинг рўйхати фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланади;

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи - ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда ваколатли органнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ушбу модда биринчи қисмининг еттинчи - ўн биринчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади. Ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахсга махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ушбу модда биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат улар берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Суднинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахсга ҳамда ваколатли органга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахсга махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Ваколатли орган бекор қилинган лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида махсус электрон тизим воситасида тегишинча лицензиялар реестрига ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрига киритади.



34-модда. Лицензиянинг ва рухсат этиш хусусиятига эга

ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш


Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиялаш тартиби ёки рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинганда;

лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаганда;

бажарилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилган бир марталик ҳаракат бажарилганда;

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга эга бўлган жисмоний шахс вафот этганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан ваколатли органга лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.

Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тугатилган ҳолларда ваколатли орган томонидан лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.



35-модда. Талабгорнинг лицензияни ёки рухсат этиш

хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги

аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим


Талабгорнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризаси ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланган ҳолларда ҳамда миқдорларда ундирилади. Йиғим миқдори ваколатли органнинг лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун қилган харажатлари доирасида белгиланади.

Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни талабгорга беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган, шунингдек талабгор берган аризасидан воз кечган тақдирда талабгорнинг лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик учун тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.



5-БОБ. ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


36-модда. Хабардор қилиш тартибида амалга

ошириладиган фаолият (ҳаракатлар)


Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракатлар) фаолиятни (ҳаракатларни) бошлаш учун ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинишини талаб этмайдиган, бироқ давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш, шунингдек тегишли фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар ҳамда шартларга риоя этиш бўйича юридик ва жисмоний шахслар ўз зиммасига мажбуриятлар қабул қилиши орқали амалга ошириладиган фаолият турларини ўз ичига олади.

Ушбу Қонуннинг 3-иловасида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турларини (кичик турларини) амалга ошириш учун бу ҳақда ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилади. Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатларнинг) ушбу Қонунда назарда тутилмаган янги турларини (кичик турларини) жорий этиш тақиқланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турлари (кичик турлари) билан ваколатли органни хабардор қилмасдан шуғулланиш тақиқланади.

Хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда назарда тутилади.

Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатларнинг) ўзига хос қоидалари ва хусусиятлари хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомга иловалар ҳисобланувчи паспортларда белгиланади.



37-модда. Хабардор қилиш тартибида амалга

ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга)

доир талаблар ва шартлар


Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблар ва шартлар хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатларнинг) ҳар бир тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда ва паспортларда кўрсатилади.

Хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда ва паспортларда қуйидаги талаблар ҳамда шартлар кўрсатилади:

паспортларда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этилиши шартлиги ҳамда уларни бажариш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олиш;

фаолиятни бошлаш ҳақидаги хабарномада (бундан буён матнда хабарнома деб юритилади) кўрсатилган ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш;

ходимлар билан янги меҳнат шартномалари тузилганлиги, шартномаларга ўзгартишлар киритилганлиги ва улар тугатилганлиги ҳолларини, шунингдек амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш - тегишли фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун ходимларга нисбатан шундай талаб мавжуд бўлган тақдирда;

хабардор қилувчининг номи, жойлашган ери (яшаш манзили) ўзгарганлиги рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ёки филиал ва ваколатхона очилганидан сўнг ваколатли органни ўн иш куни ичида хабардор қилиш;

хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракатлар) турининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа талаблар ва шартлар.

Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблар ва шартларни мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол бузилиши ҳолларининг рўйхати паспортларда белгиланади.



38-модда. Хабарнома юбориш ва уни ҳисобга олиш тартиби


Хабардор қилувчи (унинг номидан иш юритишга ваколатли шахс) ваколатли органга электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда махсус электрон тизим ёки ЯИДХП воситасида хабарнома юборади.

Хабарномани юборишда паспортларда назарда тутилган маълумотлар кўрсатилади ва ҳужжатлар илова қилинади.

Паспортларда назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Хабардор қилувчилар хабарнома юбориш орқали хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун ушбу Қонуннинг 37-моддасида белгиланган талаблар ва шартларга мувофиқ эканлигини тасдиқлайди.

Хабардор қилиш талаб этиладиган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизигача миқдорда йиғим ундирилади, бундан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни ва алкоголь маҳсулотларини умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилишни бошлаш ҳақидаги хабарномалар мустасно.

Хабардор қилувчилар ваколатли органга юборилган хабарномада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгардир. Хабарномага киритилган маълумотлар махсус электрон тизим воситасида идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд бўлган ахборот асосида автоматик равишда текширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда хабардор қилувчи томонидан махсус электрон тизим ёки ЯИДХП воситасида хабарнома юборилганда, паспортларда белгиланган тартибда тақсимланадиган йиғимнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.


39-модда. Хабарноманинг қабул қилинмаслиги


Хабарнома қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон ахборот киритилганлиги махсус электрон тизим воситасида аниқланганда;

хабарнома юборганлик учун йиғим тўланмаганда;

фаолиятни (ҳаракатларни) хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилганлиги ҳамда улар бажарилганлиги тасдиқланмаганда;

агар хабардор қилувчи аввал хабарномалар реестрига айни ўша фаолият (ҳаракатлар) бўйича киритилган бўлса ва унинг фаолияти (ҳаракатлари) амал қилаётган бўлса;

ваколатли орган ёки суд томонидан хабардор қилувчининг фаолияти (ҳаракатлари) муайян муддатга тўхтатиб турилганда;

хабардор қилувчи томонидан тегишли фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш суднинг қарорига асосан тақиқланганда.

Ушбу моддада кўрсатилган ҳоллардан ташқари бошқа асослар бўйича хабарномани қабул қилмаслик тақиқланади.



40-модда. Хабарнома қабул қилинганлиги

тўғрисидаги тасдиқнома


Ушбу Қонунда, шунингдек хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда ва хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомга иловалар ҳисобланувчи паспортларда белгиланган талабларга ва шартларга риоя қилинган ҳолда юборилган хабарнома махсус электрон тизим воситасида автоматик равишда қабул қилинади ва хабардор қилувчига хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома юборилади.

Тасдиқнома юборилган хабардор қилувчилар тўғрисидаги ахборот хабарномалар реестрида автоматик равишда шакллантирилади.



41-модда. Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида

амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини)

тўхтатиб туриш асослари


Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолияти (ҳаракатлари) қуйидаги асосларга кўра муайян муддатга тўхтатиб турилади:

ваколатли органнинг ташаббусига биноан;

хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги иш судда кўриб чиқилганда, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар.



42-модда. Хабардор қилувчининг хабардор

қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини

(ҳаракатларини) ваколатли органнинг ташаббусига

биноан тўхтатиб туриш тартиби


Ваколатли орган хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомга иловалар ҳисобланувчи паспортларда назарда тутилган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш учун асослар аниқланган тақдирда, ваколатли орган далолатнома тузади ва хабардор қилувчини ушбу далолатнома билан таништиради.

Далолатнома тузилган кундан эътиборан бир иш куни ичида ваколатли орган хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туради ва аниқланган камчиликларни хабардор қилувчининг фаолияти (ҳаракатлари) тўхтатиб турилган муддатда бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган қарорни қабул қилади.

Ваколатли орган хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни унга махсус электрон тизим воситасида бир иш куни ичида юборади ва шу куннинг ўзида хабарномалар реестрига хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолияти (ҳаракатлари) тўхтатиб турилганлиги тўғрисидаги ахборотни киритади.



43-модда. Хабардор қилувчининг ваколатли орган томонидан

тўхтатиб турилган, хабардор қилиш тартибида амалга

ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини)

қайта тиклаш


Хабардор қилувчи ўзининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни белгиланган тартибда олганидан кейин у қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши ва бу ҳақдаги ахборотни ваколатли органга асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда юбориши керак.

Ваколатли орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги ахборотни олган кундан эътиборан беш иш куни ичида ушбу ахборотни таҳлил қилиши ва зарур бўлганда, олинган ахборотни жойига чиққан ҳолда ўрганиши керак. Бунда ваколатли орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида далолатнома тузади ва уни хабардор қилувчига махсус электрон тизим воситасида юборади.

Ваколатли орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги далолатнома юборилганидан кейин бир иш куни ичида:

хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши;

хабардор қилувчига унинг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни махсус электрон тизим воситасида юбориши;

хабарномалар реестрига хабардор қилувчининг фаолияти (ҳаракатлари) қайта тикланганлиги тўғрисида белги қўйиши керак.

Хабардор қилувчи томонидан ўзининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, ваколатли орган хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш чораларини кўради.

Агар ваколатли орган ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган чораларни кўрмаса, хабардор қилувчи ваколатли органни махсус электрон тизим воситасида хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини (ҳаракатларини) давом эттириши мумкин.



44-модда. Хабардор қилувчининг хабардор қилиш

тартибида амалга ошириладиган фаолиятини

(ҳаракатларини) тугатиш асослари


Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолияти (ҳаракатлари):

хабардор қилувчи томонидан ўз фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисида ваколатли органга юборган хабарномага;

хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги суднинг қарорига асосан тугатилади.



45-модда. Хабардор қилувчи ўзининг хабардор қилиш

тартибида амалга ошириладиган фаолиятини

(ҳаракатларини) тугатиши


Хабардор қилувчи ўзининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатганлиги тўғрисида махсус электрон тизим ёки ЯИДХП воситасида ваколатли органни хабардор қилиши керак.

Хабардор қилувчи ўзининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги хабарномани юборганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Хабардор қилувчи ўзининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги хабарнома юборганидан кейин унинг фаолияти (ҳаракатлари) хабарномада кўрсатилган санадан эътиборан тугатилган деб ҳисобланади ва хабарномалар реестрига бу ҳақда автоматик тарзда белги қўйилади.



46-модда. Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида

амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини)

суд томонидан тугатиш


Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги ариза судга ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда берилади:

хабардор қилувчи томонидан фаолиятни (ҳаракатларни) бошлаш тўғрисида юборилган хабарномада кўрсатилган маълумотларнинг ёлғон ёки нотўғрилиги аниқланганда;

хабардор қилувчи белгиланган талаблар ва шартларнинг бузилиши билан боғлиқ камчиликлар ваколатли орган томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

белгиланган талаблар ва шартлар мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилганда;

белгиланган талаблар ва шартлар бир марта қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ваколатли орган далолатнома тузади ва бир иш куни ичида уни махсус электрон тизим воситасида хабардор қилувчига юборади. Далолатнома тузилганидан кейин ваколатли орган беш иш куни ичида судга хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш ҳақида ариза беради.

Ваколатли органнинг хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тугатиш тўғрисидаги ариза суд томонидан қаноатлантирилмаган тақдирда, ваколатли орган хабардор қилувчи олдида хабардор қилувчига етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Ваколатли орган хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолияти (ҳаракатлари) тугатилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида хабарномалар реестрига белги қўяди.

Хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолияти (ҳаракатлари) ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра тугатилган тақдирда, бу фаолият хабардор қилувчи томонидан хабарнома юборилган санадан эътиборан тугатилган деб ҳисобланади.

Фаолияти (ҳаракатлари) суд тартибида тугатилган шахслар махсус электрон тизимдаги алоҳида рўйхатга киритилади.



47-модда. Хабардор қилувчининг хабардор қилиш

тартибида амалга ошириладиган фаолиятини

(ҳаракатларини) амалга оширишни тақиқлаш


Ваколатли орган хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) тугатиш тўғрисидаги аризада хабардор қилувчи томонидан йўл қўйилган қоидабузарликнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонуннинг 3-иловасига киритилган фаолият (ҳаракатлар) турларини (кичик турларини) хабардор қилувчи томонидан амалга оширишни уч ойгача бўлган муддатга тақиқлаш тўғрисидаги талабни назарда тутиши мумкин. Бунда хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширишни тақиқлашнинг аниқ муддати суд томонидан қонунга мувофиқ аниқланади.

Ушбу Қонун 46-моддаси биринчи қисмининг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари бўйича хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш олти ойгача бўлган муддатга тақиқланади. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.


6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАШ, РУХСАТ БЕРИШ ВА

ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ

СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


48-модда. Ваколатли органларнинг лицензия, рухсат

бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига

риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга

ошириш чоғидаги ҳуқуқлари


Лицензиатларнинг, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга ошираётган шахсларнинг, хабардор этувчиларнинг фаолияти ваколатли органлар томонидан назорат қилинади.

Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошираётганда ваколатли органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига жисмоний ва юридик шахсларнинг риоя этишини текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;

лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахслардан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида жисмоний ва юридик шахслар йўл қўйган лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига доир қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;

жисмоний ва юридик шахслар зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;

хабардор қилувчиларнинг фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида, шунингдек хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида судга ариза бериш;

ушбу Қонунга мувофиқ лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима (бундан буён матнда жарима деб юритилади) солиш тўғрисида судга ариза бериш;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатларни амалга ошириш учун судга давлат божи тўламасдан аризалар бериш.

Ваколатли органлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз, шунингдек хабарнома юбормасдан фаолият билан шуғулланилиши ҳолларини аниқлаш учун белгиланган тартибда назорат тадбирларини ўтказишга ҳақли. Бунда ваколатли органлар томонидан фақат тегишли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги ва хабарнома юборилганлиги текширилади.

Тегишли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки хабарнома юборилмаганлиги аниқланган тақдирда қонунчиликнинг бузилиши фактлари бўйича чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда текширув ўтказилади.

Назоратни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда ўтказиладиган тадбиркорлик субъектларини текширишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан белгиланган тартибда келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.



49-модда. Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш

талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан

давлат назоратининг шакллари


Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан давлат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

махсус электрон тизим воситасида лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан масофавий назорат (бундан буён матнда масофавий назорат деб юритилади);

лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ва қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда текшириш;

лицензиатларнинг, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахсларнинг, хабардор қилувчиларнинг фаолияти билан боғлиқ статистик ахборотни ҳамда улардан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.

Ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартлари билан боғлиқ бўлмаган маълумотларни ваколатли органлар томонидан таҳлил қилиш, текшириш ҳамда уларни лицензиатлардан, фаолиятни (ҳаракатларни) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахслардан, хабардор қилувчилардан сўраб олиш тақиқланади.

Ваколатли органларга лицензиатлар, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахслар, хабардор қилувчилар фаолиятини назорат қилиш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш чоғида тегишли паспортларда назарда тутилмаган талаблар ва шартларнинг бажарилишини текширишга ёки улардан ушбу шартлар ва талабларнинг бажарилишини талаб қилиш тақиқланади.

Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларининг бузилишлари аниқланган тақдирда бу ҳақда ваколатли органларга хабар беради.



50-модда. Масофавий назорат


Ваколатли орган масофавий назоратни махсус электрон тизим имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лицензиатларнинг, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахсларнинг, хабардор қилувчиларнинг ходимлари тўғрисида, лицензия, рухсат этиш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши ҳақида тақдим этилган ахборот, шунингдек бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан олинган ахборот асосида амалга оширади.

Масофавий назоратни амалга ошириш чоғида лицензиатлар, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахслар, хабардор қилувчилар белгиланган талаблар ҳамда шартларни бузиш ҳоллари тўғрисида махсус электрон тизим воситасида автоматик равишда келиб тушадиган хабарлар ваколатли органнинг махсус электрон тизимдаги "шахсий кабинети"га юборилади. Келиб тушаётган хабарлар асосида ваколатли орган жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолиятини таҳлил қилади ва ўрганади. Бунда ваколатли орган лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларининг бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан кўрсатма бериши шарт.

Лицензиатлар, фаолиятни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширувчи шахслар, хабардор қилувчилар масофавий назорат асосида ваколатли орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида бажариши ва бу ҳақда ваколатли органга хабар бериши шарт. Кўрсатма бажарилмаган ёки ўз вақтида бажарилмаган тақдирда ваколати орган "хавфни таҳлил қилиш" тизими асосида уларнинг фаолиятини текширишдан ўтказиши мумкин.

Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларини масофавий назорат қилиш ваколатли органлар томонидан доимий асосда амалга оширилади.



51-модда. Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш

талаблари ва шартларига риоя этилишини жойга

чиққан ҳолда текшириш


Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилишини жойга чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:

"хавфни таҳлил этиш" тизими;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари;

жисмоний шахсларнинг лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳоллари тўғрисида махсус электрон тизим орқали юборилган маълумотлари.

Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.

Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилишини жойга чиққан ҳолда текшириш ўн кунгача бўлган муддатда амалга оширилади.

Тегишли фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз, шунингдек хабарнома юбормасдан шуғулланиш ҳолатлари билан боғлиқ бузилишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида аниқланган тақдирда, бу ҳақда ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқбузарлик тасдиқланганда, ундирилган жариманинг ўн фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.



52-модда. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар

учун жавобгарлик асослари


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жисмоний шахслар қонунга мувофиқ жиноий ва (ёки) маъмурий жавобгарликка тортилади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қуйидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарималар солинади:

фаолият билан лицензиясиз, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ва ваколатли органни хабардор этмасдан шуғулланиш, шунингдек ушбу ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда бундай фаолият билан шуғулланиш;

лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш;

хабардор қилиш тартибидаги фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилиши тўғрисида ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этиш.

Жарималар ваколатли органлар томонидан ушбу Қонун 48-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган назорат тадбирлари асосида солинади. Бунда назорат тадбири давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилиб, у тегишинча ваколатли органнинг ва юридик шахс бўлган ҳуқуқбузар (бундан буён матнда ҳуқуқбузар деб юритилади) мансабдор шахслари томонидан имзоланади.

Ҳуқуқбузар (унинг вакили) далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, ваколатли органнинг мансабдор шахси ушбу фактни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак. Холислар ўзининг ҳозирлигида амалга оширилган ҳаракатлар факти, мазмуни ва натижаларини далолатномада тасдиқлаши шарт. Улар амалга оширилган ҳаракатлар юзасидан далолатномага киритилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли. Зарур бўлган тақдирда, холислар кўрсатилган ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Юридик шахснинг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод этмайди.



53-модда. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни

қабул қилиш муддати


Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида ваколатли орган жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор ваколатли органнинг биринчи раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.



54-модда. Жарима миқдори


Жарималар миқдорлари амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатларнинг) ҳар бир тури бўйича хавф даражаси ҳамда муддатдан келиб чиққан ҳолда ушбу Қонуннинг 4-иловасида белгиланади.

Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи ваколатли органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.



55-модда. Жаримани ихтиёрий равишда

тўлаш тартиби


Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган ҳамда лицензияни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки хабарнома юбориш тўғрисидаги ариза билан ваколатли органга мурожаат қилинган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарнинг ўз фаолиятини қонунчилик ҳамда лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талаблари ва шартларига мувофиқ амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилади ҳамда ёрдам кўрсатилади.



56-модда. Жаримани суд тартибида ундириш


Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, ваколатли орган жаримани ундириш тўғрисидаги аризани судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида киритади.

Суднинг жаримани ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарорини ижро этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.



57-модда. Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан

шикоят қилиш


Ҳуқуқбузар ваколатли органнинг жарима солиш тўғрисидаги қарори устидан ушбу Қонуннинг 7-бобида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАШ, РУХСАТ БЕРИШ ВА

ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАРНИНГ

ҚАРОРЛАРИ (ҲАРАКАТЛАРИ) УСТИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


58-модда. Ваколатли органларнинг ва улар мансабдор

шахсларининг қарорлари (ҳаракатлари)

устидан шикоят қилиш


Жисмоний ва юридик шахслар ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг ўз фаолиятига тааллуқли бўлган қарорлари (ҳаракатлари) устидан шикоят қилиши мумкин.

Шикоят:

ҳудудий даражадаги ваколатли органга нисбатан - унинг юқори турувчи органига;

республика даражасидаги ваколатли органга нисбатан - ушбу органда ташкил этилган апелляция кенгашига берилади. Апелляция кенгашини ташкил этиш қоидалари фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда фаолиятнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қарорлари (ҳаракатлари) устидан бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шикоят жисмоний ва юридик шахслар қарор тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган пайтдан эътиборан ёки уларга ваколатли органнинг ёхуд унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.



59-модда. Шикоятнинг шакли ва мазмуни


Шикоят ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарорни қабул қилган ёки ҳаракатни амалга оширган ваколатли органнинг номи;

шикоят берган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун эса унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

шикоят берган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

шикоят берилган сана.

Шикоят жисмоний ёки юридик шахс (унинг вакили) томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.

Жисмоний шахс оғзаки шикоят қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса - ўз ваколатларини ва шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган шикоятда жисмоний ёки юридик шахснинг электрон манзили ҳамда ягона идентификатори, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса - рақамли имзоси ва бошқа реквизитлари кўрсатилади.



60-модда. Шикоятни кўриб чиқиш


Шикоятни олган юқори турувчи ваколатли орган ва апелляция кенгаши устидан шикоят берилаётган қарор, ҳаракатлар тўғрисидаги тегишли ахборотни шикоят олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида сўраб олади.

Юқори турувчи ваколатли орган ёки апелляция кенгаши шикоят бўйича ўн беш иш куни ичида қарор қабул қилади.

Юқори турувчи ваколатли орган ёки апелляция кенгаши шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

устидан шикоят қилинаётган қарорни ўзгаришсиз қолдириш;

устидан шикоят қилинаётган қарорга ўзгартишлар киритиш;

қарорни бекор қилиш ва зарур бўлган тақдирда, янги қарор қабул қилиш;

ваколатли орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган шикоят моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш.

Шикоят бўйича апелляция кенгашининг қарори барча аъзолар томонидан бир овоздан қабул қилинади. Бунда апелляция кенгаши аъзоларидан бирортаси ҳам овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.

Ваколатли органнинг қарори устидан шикоят қилинган тақдирда шикоят юқори турувчи ваколатли органда ёки апелляция кенгашида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан:

қарорнинг амал қилиши ва ижро этилиши тўхтатиб турилади, бундан лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини ёхуд хабардор қилувчининг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

жаримани ихтиёрий равишда тўлаш муддати тўхтатиб турилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


61-модда. Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомилларини қайта кўриб чиқишнинг

даврийлиги


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси беш йилда камида бир марта ушбу Қонунда назарда тутилган ҳар бир лицензиялаш тартиби, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилининг уни қўллаш натижасида эришилган мақсадлар, ижтимоий-иқтисодий, инновацион ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолати, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг харажатлари баҳоланган ҳолда қайта кўриб чиқилишини таъминлайди.



62-модда. Низоларни ҳал этиш


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



63-модда. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



64-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги 71-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 142-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 72-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 143-модда);


3) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги 222-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 6-7, 105-модда);


4) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) XXIV ва XXV бўлимлари;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 апрелда қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-28-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда) 7 ва 8-моддалари;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 28-моддаси;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 17 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги 222-II-сонли Қарорининг 1-иловасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-102-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 7, 323-модда);


8) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказишни тартибга солиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-109-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 9, 416-модда) 5-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 9 сентябрда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-216-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 9, 330-модда) 8-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-255-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 330-модда) 9-моддаси;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 сентябрда қабул қилинган "Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-261-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 331-модда) 3-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги 222-II-сонли Қарорининг 1-иловасига қўшимча киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-270-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 12, 470-модда);


13) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 7 сентябрда қабул қилинган "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-292-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 9, 245-модда);


14) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 26 декабрда қабул қилинган "Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-312-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 12/2, 364-модда) 6-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 10 апрелда қабул қилинган "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-321-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 4, 105-модда) 5-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 20 декабрда қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ЎРҚ-341-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 12, 332-модда);


17) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-345-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 12, 336-модда) 12-моддаси;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 4, 98-модда) 33 ва 36-моддалари;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 12, 343-модда) 16, 19 ва 22-моддалари;


20) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 24 ва 42-моддалари;


21) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-396-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 12, 452-модда) 20 ва 33-моддалари;


22) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-418-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 12, 385-модда) 8-моддаси;


23) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 137-модда) 10 ва 17-моддалари;


24) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган "Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 1-модда) 23-моддаси;


25) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-459-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 4-модда) 12-моддаси;


26) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 431-модда) 21-моддаси;


27) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-494-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 10, 670-модда) 2 ва 3-моддалари;


28) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги ЎРҚ-501-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 10, 677-модда) 30-моддасининг 3-банди;


29) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-551-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 7, 389-модда) 1-моддаси;


30) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 августда қабул қилинган "Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-560-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 8, 471-модда) 3-моддаси;


31) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 ноябрда қабул қилинган "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-583-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 11, 791-модда) 9-моддаси;


32) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-584-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 11, 792-модда) 6-моддаси;


33) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрда қабул қилинган "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-586-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 880-модда) 29-моддаси;


34) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда) 28-моддасининг 8-банди;


35) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 январда қабул қилинган "Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-602-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 3-модда) 5-моддаси;


36) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 22 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-603-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 4-модда) 8-моддаси;


37) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-612-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 3, 203-модда) 4-моддаси.



65-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти

ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



66-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонундан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисидаги таклифларни киритсин.



67-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 48-моддаси иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошиси ҳамда учинчи қисми, шунингдек 49-57-моддалари расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон РеспубликасинингПрезиденти                                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 июль


"Халқ сўзи", 2021 йил 15 июль























































Время: 0.1958
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск