ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Умумий овқатланиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2021 й. 485-сон "Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.08.2021 й.

N 485



КЎЧМА САВДО ФАОЛИЯТИГА

ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ЯНАДА КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ ҲАМДА САВДО

АВТОМАТИ ОРҚАЛИ ЧАКАНА САВДО

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори ҳамда "Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 4 июндаги ПҚ-5136-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари ва кўчма савдо фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 4 июндаги ПҚ-5136-сон қарори билан 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда - "K - SAVDO" ААТ) рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга ошириш;

кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича "K - SAVDO" ААТ орқали электрон аукционда сотиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

кўчма савдони амалга ошириш талаблари ва шартлари, кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш, объектларнинг жойлашиш схемасини тузиш, электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиш, кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тартиби, кўчма савдони амалга ошириш даврининг тугатилиши ва кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатларини узайтириш тартибини назарда тутувчи Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимига уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ;

мавсумий кафеларни ўрнатиш (қуриш) бўйича рухсатнома бериш, уларни ўрнатишга (қуришга) ва уларнинг ишлашига қўйиладиган талаблар, мавсумий кафени ўрнатиш (қуриш) ва улардан фойдаланиш бўйича назоратни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи Умумий овқатланиш корхоналари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳамда вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари "K - SAVDO" ААТ орқали "E-auksion" электрон савдо платформасида кўчма савдо объектини жойлаштириш учун тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион орқали 36 ойгача муддатга (етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун кўпи билан 120 ойгача), шунингдек, мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин.

Давлат мулкини балансида сақловчи вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг тизимларидаги ташкилотларда савдо автоматларини ўрнатиш мумкин бўлган майдонларни тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш мақсадида белгиланган тартибда онлайн-аукционга чиқариш чораларини кўрсин.

Бунда, савдо автоматларини ўрнатиш учун давлат мулкини ижарага бериш бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан ташаббус кўрсатилганда, давлат мулкини балансида сақловчи вазирлик ва идоралар ушбу ташаббусларни икки кунлик муддатда кўриб чиқиб, давлат мулкини ижарага бериш бўйича ваколатли органга таклифларни тақдим қилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи "K - SAVDO" ААТни ишга туширсин:

кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун буюртма бериш;

кўчма савдо жойларининг хариталари билан танишиш;

аҳоли пунктлари бўйича кўчма савдо жойларининг схемаларига мувофиқ электрон аукционларни амалга ошириш;

аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойи учун тўловларнинг амалга оширилиши, шунингдек, пул маблағларини қайтариш;

тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида QR-код қўйилган электрон шаклдаги гувоҳнома юбориш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга кўчма савдо объектлари тўғрисида маълумот юбориш;

кўчма савдо жойлашиш схемасида мавжуд бўш турган ва банд қилинган кўчма савдо жойлари тўғрисида маълумот олиш;

кўчма савдо объектлари реестрини юритиш;

жисмоний ва юридик шахслар "K - SAVDO" ААТга киритган ариза ҳолатини реал вақт режимида онлайн кузатиш имкониятини яратиш.

Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси "K - SAVDO" ААТни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлашни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда:

2021 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафеларини жойлаштириш бўйича электрон ариза бериш хизматини жорий этишни;

2021 йил 1 ноябрга қадар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кўчма савдо жойларини танлаш ва кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемаларини тузиш ҳамда уларни "K - SAVDO" ААТга жойлаштиришни;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларни "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграцион платформаси ёрдамида "K - SAVDO" ААТга интеграция қилишни таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, савдо автоматлари учун давлат стандартларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат Таснифлагичини қайта кўриб чиқсин ҳамда унда савдо автоматлари орқали чакана савдо ва (ёки) хизмат кўрсатиш фаолият турини назарда тутсин.


7. "Ўзэлтехсаноат" уюшмасига "Uzvend" ассоциацияси билан биргаликда уюшма таркибига кирувчи корхоналар негизида савдо автоматларини, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ҳудудларда уларга техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш тавсия этилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                      А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 августдаги

485-сон қарорига

2-ИЛОВА



"K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимига

уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.


3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.


4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.


7. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.




Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 августдаги

485-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кўчма савдо фаолиятини

тартибга солиш бўйича амалий

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Чора-тадбирнинг номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш муддати

Масъул ижрочилар

1.

"K - SAVDO" ААТни ишлаб чиқиш юзасидан техник топшириқни тайёрлаш.

"K - SAVDO" ААТни ишга тушириш учун техник топшириқни ишлаб чиқиш ва керакли инфратузилмани тайёрлаш.

2021 йил август

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2.

"K - SAVDO" ААТни ишга тушириш.

"K - SAVDO" ААТни ишлаб чиқиш ва тизимни дастлабки синовдан ўтказиш.

Тизимни ишга тушириш юзасидан тегишли ташкилий тадбирларни амалга ошириш.

2021 йил октябрь

Давлат солиқ қўмитаси,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

"K - SAVDO" ААТни интеграция қилиш.

"K - SAVDO" ААТни қарорда белгиланган манфаатдор вазирлик ва идоралар билан интеграция қилиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

2021 йил октябрь

Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

"K - SAVDO" ААТнинг ишлаши бўйича ўқув курслари ташкил қилиш.

"K - SAVDO" ААТни ишлатиш жараёнлари юзасидан масъул ходимларни вазирлик, идора ва ташкилотлар кесимида белгилаб олиш.

Масъул ходимларни ишлаб чиқилган дастур асосида қисқа муддатли махсус курсда ўқитиш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


5.

"K - SAVDO" ААТда сўров тизими ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш.

Кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказиш юзасидан сўров шаклини ишлаб чиқиш.

Сўров тизимини жорий қилиш ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этилишини таъминлаш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Кўчма савдо объектларини танлаш тизимини жорий этиш.

Электрон аукционлар орқали интерактив харитага киритилган кўчма савдо объектларини танлаш тизимини ишлаб чиқиш.

Тадбиркорлик субъектлари учун электрон аукционларда иштирок этиш бўйича видеоқўлланма ишлаб чиқиш ва тизимга жойлаштириш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Объектининг рўйхатдан ўтгани юзасидан гувоҳномаларни юбориш.

Кўчма савдо объекти рўйхатдан ўтгани юзасидан QR-кодга эга бўлган гувоҳнома шаклини ишлаб чиқиш.

Тизим орқали гувоҳноманинг тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида юбориш имкониятини амалиётга жорий қилиш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Схемада қайд этилган кўчма савдо объектлари бандлиги юзасидан маълумотларни олиш.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо схемасида қайд этилган кўчма савдо объектлари бандлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этилишини таъминлаш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Кўчма савдо реестрини яратиш

Кўчма савдо реестри шаклини ишлаб чиқиш.

Ишлаб чиқилган реестрга асосан кўчма савдо объектлари базасини яратиш ва юритилишини таъминлаш.

2021 йил ноябрь

Давлат солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 августдаги

485-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 11-сон, 71-модда) билан тасдиқланган Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"чакана савдо - савдо соҳасида якуний истеъмол учун ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда (сонда) нақд пулга ёки банк пластик карталари (корпоратив банк картаси бундан мустасно) ёхуд контактсиз онлайн тўлов тизимлари орқали сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш";


б) 19-бандда:

биринчи хатбошидаги "Чакана савдони кўчма равишда (дўкончаларда) амалга оширишга йўл қўйилмайди, салқин ичимликлар ва музқаймоқлар сотиш бундан мустасно" сўзлари чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кўчма савдони тадбиркорлик субъектлари томонидан савдони амалга оширишнинг аниқ муддатлари, жойлари ва ихтисослашув турлари кўрсатилган ҳолда, кўчма савдо объектларини электрон тарзда "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширишга йўл қўйилади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида" 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 2-сон, 15-модда):


а) 1-иловада:


3-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"чакана савдо - савдо соҳасида якуний истеъмол учун ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда (сонда) нақд пулга ёки банк пластик карталари (корпоратив банк картаси бундан мустасно) ёхуд контактсиз онлайн тўлов тизимлари орқали сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш";

бешинчи хатбоши "ларёклар" сўзидан кейин ", савдо автоматлари" сўзлари билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши қўшилсин:

"савдо автомати - нақд пул ёки бошқа тўлов воситаларини қабул қилгандан сўнг сотувчининг иштирокисиз товарлар бериш орқали хизмат кўрсатувчи савдо ускунаси (vending machine). Савдо автомати турғун ёки кўчма савдо объекти шаклида бўлиши мумкин";

тўққизинчи - ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи - ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


қуйидаги мазмундаги XVII-3 боб билан тўлдирилсин:


"XVII-3. Савдо автоматидан фойдаланган ҳолда

чакана савдо қилиш хусусиятлари


187-11. Савдо автоматлари, қоида тариқасида, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда (таълим ташкилотлари, шифохоналар, маъмурий бинолар, савдо комплекслари, вокзаллар, аэропортлар, пиёдалар йўли, майдонлар, боғлар ва бошқалар) жойлаштирилади.

Савдо автоматларини жамоат тартибини сақлашга, йўловчилар ва транспорт воситалари ҳаракатига халақит бериши мумкин бўлган жойларда ўрнатишга йўл қўйилмайди.

187-12. Савдо автоматлари муайян жисмоний ёки юридик шахсга тегишли ҳудудда ўрнатилганда, савдо автоматлари фаолияти учун зарур бўлган электр энергияси харажатларини қоплаш ва бошқа масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган шартномада белгилаб қўйилади.

187-13. Савдо автоматлари орқали товарларни сотишга "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимида савдо автомати кўчма савдо объекти сифатида рўйхатга олингандан сўнг йўл қўйилади.

187-14. Савдо автоматлари орқали алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, сотиш учун алоҳида лицензия ёки рухсатнома талаб қилинадиган товарлар сотиш тақиқланади.

187-15. Электр таъминоти шартномасига мувофиқ ишлаб чиқариш ва (ёки) маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахслар ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг талаби бўйича ўз электр тармоқларига тадбиркорлик субъектларининг савдо автоматларини улашлари шарт.

187-16. Савдо автоматларида улардан фойдаланиш тартиби ҳамда савдо автоматига техник хизмат кўрсатувчи шахслар билан боғланиш ҳақидаги маълумотлар давлат тилида ва тушунарли шаклда жойлаштирилган бўлиши лозим. Савдо автоматларида ушбу маълумотларнинг бошқа тилларга таржимаси ҳам жойлаштирилиши мумкин.

187-17. Савдо автоматлари ёруғ, тоза, шунингдек, дренаж, қувурлар ва бошқа зарар етказувчи воситалардан ҳоли бўлган жойга жойлаштирилади.

187-18. Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо автоматлари чанг, ҳашаротлар, кемирувчилар ва бошқа зарарловчи манбалардан ҳимояланган бўлиши, тозаланиши ҳамда унинг техника, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги назорат қилиб борилиши лозим.

187-19. Cавдо автоматлари орқали сотиладиган барча озиқ-овқат маҳсулотлари қонунчилик ҳужжатларига, ўрнатилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқарилган, қайта ишланган ва қадоқланган, шунингдек, уларнинг санитар-гигиеник талабларга мувофиқ, сифати бузилмаган ҳолда сақланиши ҳамда товарларни ёнма-ён сақлаш тартибига риоя қилиниши таъминланган бўлиши лозим.

Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари (крахмал ёки крем тўлдирилган қандолат маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ, парранда маҳсулотлари ва улардан тайёрланган бошқа маҳсулотлар) савдо автоматлари орқали сотилишида уларни ишлаб чиқарувчи томонидан қадоқланган идишлари (қопламалари) бузилмаган бўлиши керак.

187-20. Газланган ичимликлар тарқатадиган ва сув таъминотига уланган барча савдо автоматларида контейнер клапанлари ёки бошқа қурилмалар, шу жумладан, сув билан алоқа қилувчи юзалар токсик моддалар ишлаб чиқаришга қаршилик қиладиган материаллардан тайёрланган бўлиши керак.

187-21. Савдо автомати эгаси унинг ёнида чиқинди ташлаш учун мўлжалланган идиш бўлишини таъминлаши шарт";


б) 2-илованинг 3-бандида:

биринчи хатбошидаги "ёзги кафе" сўзлари "мавсумий кафе" сўзлари билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"мавсумий кафе - умумий овқатланиш корхонасига туташ ёки стационар овқатланиш ташкилотидан 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, овқатланиш бўйича қўшимча хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, тасдиқланган талабларга мувофиқ жиҳозланган, шу жумладан, енгил турдаги қурилмалардан ташкил топган, қурилишга рухсат олиш талаб қилинмайдиган бино ёки иншоот".


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2013 й., 46-сон, 602-модда):


а) 1-илованинг 10-банди иккинчи хатбошиси "давлат солиқ хизмати органларида" сўзларидан кейин "электрон шаклда" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 3-илова қуйидаги мазмундаги 8-банд билан тўлдирилсин:

"8. Савдо автоматлари орқали товарларни сотиш ва (ёки) хизматларни кўрсатиш".


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 1-сон, 10-модда) билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 31-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Истеъмолчи ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг талаби бўйича ўз электр тармоқларига тадбиркорлик субъектларининг савдо автоматларини улашлари шарт."


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 йил, 5-сон, 115-модда) билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида:


а) 1-банд "реконструкция қилиш" сўзларидан кейин "шу жумладан, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафеларини жойлаштириш" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 2-банд қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"мавсумий кафе - умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки стационар овқатланиш ташкилотидан 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, овқатланиш бўйича қўшимча хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, тасдиқланган талабларга мувофиқ жиҳозланган, шу жумладан, енгил турдаги қурилмалардан ташкил топган, қурилишга рухсат олиш талаб қилинмайдиган бино ёки иншоот";


в) 5-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"умумий овқатланиш объекти биносидан 5 метрдан ошмайдиган масофада мавсумий кафени жойлаштириш".


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорининг 3-банди "назарда тутилган ҳоллар" сўзларидан кейин "шунингдек, савдо автоматлари орқали товарларни сотиш ва (ёки) хизматларни кўрсатиш" сўзлари билан тўлдирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 3 август






























Время: 0.0304
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск