ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 09.08.2021 й. ЎРҚ-706-сон "Транспорт тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 03.03.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.05.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.08.2021 й.

N ЎРҚ-706



ТРАНСПОРТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 3 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади транспорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонун транспортга оид фаолиятни тижорат асосида амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

қувур транспорти фаолияти ва электр узатиш линиялари орқали электр энергиясининг олиб ўтилиши;

транспортга оид бўлмаган ишларни бажариш учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари фаолияти;

идоравий йўловчи ташиш транспортининг, шунингдек беғараз асосда ташишларни амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг фаолияти;

ҳарбий, ҳарбий-ёрдамчи, чегарани қўриқлайдиган кемаларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали махсус юкларни ва ҳарбий таркибларни транзит ташишларни амалга ошириш фаолияти;

экспериментал ва давлат авиациясининг фаолияти;

хусусий мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларга кўра, ташишларни ўзларига тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда беғараз асосда ва шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун амалга оширадиган жисмоний шахсларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Транспорт тўғрисидаги қонунчилик


Транспорт тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг транспорт тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аралаш ташиш - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини бутун харакатланиш йўли учун расмийлаштирилган ягона ташиш ҳужжати бўйича ҳар хил турдаги транспортда ташиш;


аралаш ташишлар оператори - ташишни ташкил этувчи ҳамда ташиш учун ўзи жалб қилган барча ташувчилар ва учинчи шахслар учун жавобгарликни ўз зиммасига олувчи юридик шахс;


мижоз - ташувчи ёки аралаш ташишлар оператори билан тузилган шартнома асосида транспорт хизматларидан фойдаланадиган жисмоний ёки юридик шахс (йўловчи, юк жўнатувчи, юк олувчи, фрахтловчи);


ташиш - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш пунктидан етказиш пунктига ташиш;


ташишлар хавфсизлиги - техноген (техник ва технологик) хусусиятга эга таҳдидлардан транспорт воситаси харакатланиш жараёнининг ҳамда транспорт воситасининг ўзининг ҳимояланганлик ҳолатини таъминлаш бўлиб, бунда ташишлар хавфсизлигига оид қоидабузарликлар ва уларнинг фуқаролар ҳаётига ёки соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига, атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўладиган оқибатлари юзага келишининг йўл қўйилмайдиган хавфи мавжуд бўлмайди;


ташиш ҳужжати - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқлайдиган, чипта, багаж квитанцияси, товар-транспорт юк хати, электрон ахборот ташувчи карта ёки бошқа ахборот ташувчи тарзидаги ҳужжат;


ташувчи - мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эга бўлган, йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш бўйича тижорат асосида хизматлар кўрсатадиган, шунингдек ташиш учун тегишли лицензияга, сертификатга ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


транзит транспорт йўлаги - транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналиши бўлиб, унда транзит юкларни ташишни амалга ошириш учун транзит транспорт йўлагининг паспортида кўрсатилган техник, технологик ва ташкилий шарт-шароитлар яратилади ҳамда бундай юклар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона операцияларини бажаришнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади;


транспорт - қатнов йўлларининг, транспорт воситаларининг, қатнов йўлларидаги техник қурилмалар ва иншоотларнинг йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш жараёнини таъминлайдиган барча турлари йиғиндиси;


транспорт воситалари - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун мўлжалланган қурилмалар;


транспорт инфратузилмаси объектлари - йўловчиларга, юк жўнатувчиларга, юк олувчиларга, ташувчиларга ва ташиш жараёнининг бошқа иштирокчиларига хизмат кўрсатиш, шунингдек транспорт воситаларининг ишлашини таъминлаш учун мўлжалланган иншоотлар, ишлаб чиқариш-технологик мажмуалар;


транспорт логистикаси - йўловчилар, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларининг олиб ўтилиши ва ташилишини ташкил қилиш билан боғлиқ вазифаларнинг комплекс ва ўзаро боғлиқ ҳал этилиши;


транспорт-логистика маркази - транспорт инфратузилмаси объекти, у ташиш билан турдош бўлган тайёргарлик ва тақсимлаш хизматларини, шу жумладан юкларни тўплаш, сақлаш, уларга ишлов бериш ва тарқатиш хизматларини ҳамда юк ва транспорт воситалари билан бошқа операцияларни бажариш учун мўлжалланган иншоотлар жойлашган махсус ажратилган майдонни ўз ичига олади;


транспорт мажмуи - транспорт ташкилотлари, ташувчилар, транспорт инфратузилмаси объектлари, транспорт воситалари, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек транспорт соҳаси ходимларига ижтимоий-маиший ҳамда маданий хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилотлар мажмуи;


транспорт ташкилоти - транспортга оид фаолиятни амалга оширадиган юридик шахс;


транспортга оид фаолият - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув транспортида ёки ушбу транспорт турлари уйғунлигида ташиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича ташкилий ва технологик операцияларни ҳамда шартнома асосида ёки бошқа қонуний асосларда бажариладиган хизматлар билан боғлиқ фаолият;


транспорт хавфсизлиги - транспорт мажмуининг қонунга хилоф аралашувдан ҳимояланганлик ҳолати ҳамда унинг одатдаги режимда ва фавқулодда вазиятлар ҳолларида барқарор ишлашининг таъминланганлиги;


халқаро ташиш - йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ҳар қандай турдаги транспорт воситасида икки ёки ундан ортиқ давлат ҳудудлари бўйлаб амалга ошириладиган ташиш, шунингдек юксиз транспорт воситасининг икки ёки ундан ортиқ давлат ҳудудлари бўйлаб ўтиши;


ягона товар-транспорт юк хати - товар-моддий қимматликларни ҳисобдан чиқариш, уларни олиб ўтиш йўлида ҳисобини юритиш, кирим қилиш, омборхона операцияларини ва бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек юкни ташиш учун ҳисоб-китоблар қилиш ҳамда бажарилган ишларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган, барча аралаш ташиш иштирокчилари учун ягона бўлган ташиш ҳужжати.



5-модда. Транспортга оид фаолиятнинг асосий принциплари


Транспортга оид фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

хавфсизлик;

экологик тозалик;

транспорт хизматларидан фойдалана олиш;

очиқлик ва шаффофлик.



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг транспорт тизими


Автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистон Республикасининг ягона транспорт тизимини (бундан буён матнда транспорт тизими деб юритилади) ташкил этади.



2-БОБ. ТРАНСПОРТ СОҲАСИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Транспорт соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Транспорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

транспорт соҳасида давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

транспорт тизимини мамлакат иқтисодиётининг стратегик сектори сифатида ривожлантириш;

транспорт хизматларининг рақобатбардошлилигини, улардан фойдалана олишни, уларнинг самарадорлиги ва сифатини, хавфсизлиги ва экологик тозалигини ошириш;

транспорт соҳаси бошқарувини такомиллаштириш ва ҳар хил транспорт турларининг ўзаро боғлиқ тарзда ишлашини таъминлаш, шунингдек самарали тариф сиёсатини юритиш;

давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва транспорт мажмуини халқаро транспорт тизимига уйғунлаштириш.



8-модда. Транспорт соҳасини давлат томонидан тартибга солиш


Транспорт соҳасини давлат томонидан тартибга солиш лицензиялаш, сертификатлаштириш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини қўллаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, илмий-техник сиёсатни амалга ошириш, солиқ солиш, тариф сиёсатини, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга ташишлар учун тариф сиёсатини олиб бориш, транспорт тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлаш, кадрлар сиёсатини олиб бориш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа тартибга солиш усулларини қўллаш йўли билан амалга оширилади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда ушбу ташкилотларнинг ишлаётган ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас, бундан табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар юзага келган, фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳоллар мустасно.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

транспорт соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

транспорт соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг транспорт соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

транспорт тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди, транспорт соҳасида давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

транспорт соҳасидаги илмий-техникавий ва инвестициявий фаолиятни ташкил этади;

транспорт инфратузилмаси шакллантирилишини ва унинг самарали ишлашини таъминлайди;

транспорт соҳасидаги лицензиялаш, сертификатлаштириш, рухсат этиш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилайди;

транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситалари тоифалари сонини ҳамда уларни тоифалаш мезонларини белгилайди;

транзит транспорт йўлаклари рўйхатини тасдиқлайди;

транспорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди;

транспорт соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг

транспорт соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги транспорт соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

транспорт соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

транспорт соҳасидаги давлат дастурларини ва бошка дастурларни, концепциялар ҳамда стратегияларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида транспорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

транспортда хавфсизликни таъминлашга доир тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

транспорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этади, шу жумладан хорижда ташкил этади;

замонавий бошқарув услубларига асосланган ягона уйғунлашган транспорт тизимини яратиш бўйича чоралар кўради;

замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан транспорт тизимини рақамлаштиришга доир чоралар кўради;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини, шунингдек сертификатлаштиришни қонунчиликка мувофиқ амалга оширади;

транспорт соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

транспорт соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

транспорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишда иштирок этади;

транспорт соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

транспорт тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантиришда иштирок этади;

транспорт тизимини ривожлантиришга ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга кўмаклашади;

транспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга, транспорт мажмуининг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратишга, шунингдек транспорт тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

шаҳар йўловчи транспортидан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар жорий этиш чораларини кўради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Транспорт соҳасидаги давлат назорати органлари


Махсус ваколатли давлат органи, унинг ҳудудий бўлинмалари, тасарруфидаги ташкилотлар транспорт соҳасидаги давлат назорати органларидир.

Транспорт соҳасидаги давлат назорати органлари:

миллий ва чет эл транспорт ташкилотлари томонидан йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш чоғида транспорт тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишининг таъминланиши;

кемачилик хавфсизлиги, кемалардан уларнинг белгиланган мақсадига мувофиқ фойдаланилиши;

ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлиги қонунчиликка мувофиқ таъминланиши;

темир йўл транспортида юкларни ва йўловчиларни ташиш хавфсизлиги;

фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги халокатлар ҳамда бахтсиз ходисалар, шунингдек темир йўл ва сув транспортидаги авария ҳамда халокатлар бўйича текширувлар ташкил этилиши ва ўтказилиши;

йўловчиларни, багажни, юк багажини ва юкларни ташиш қоидаларига риоя этилиши, йўловчи йўналишлари бўйича транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, харакатланишнинг белгиланган жадваллари ва оралиқ масофаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Транспорт соҳасидаги давлат назорати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Транспорт соҳасидаги лицензиялаш

ва рухсат этиш тартиб-таомиллари


Транспорт соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат этиш тартиб-таомиллари транспорт хизматлари истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, транспортда хавфсизликни таъминлаш, экологик, санитария-эпидемиологик ва бошқа талабларга риоя этиш мақсадида амалга оширилади.

Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар ичида, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро ташишлар ҳамда юкларни халқаро ташишлар, йўловчиларни ва юкларни темир йўл транспортида ташишлар транспорт соҳасидаги лицензияланадиган фаолият турлари жумласига киради.

Транспорт соҳасидаги рухсат этиш тартиб-таомилларининг турлари қонунда белгиланган тартибда аниқланади.

Транспорт соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат этиш тартиб-таомиллари қонунда белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



14-модда. Транспорт воситаларини сертификатлаштириш

ва рўйхатдан ўтказиш


Транспорт воситалари мувофиқлик ёки транспорт воситаси турини маъқуллаш сертификатига эга бўлиши ва рўйхатдан ўтказилиши керак.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш, сотиш (реализация қилиш) ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.



15-модда. Транспорт тарифлари


Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш, шунингдек ташиш билан боғлиқ хизматлар эркин ва тартибга солинадиган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Ижтимоий сиёсатни амалга ошириш ёки транспорт соҳасида табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солиш мақсадида давлат томонидан транспорт хизматларининг айрим турларига нисбатан тарифларнинг чекланган миқдорлари белгиланади.

Давлат томонидан тарифларнинг чекланган миқдорини белгилаш ҳамда йўловчиларга ва фуқароларнинг алоҳида тоифаларига имтиёзлар бериш натижасида транспорт ташкилотлари кўрган зарарларнинг ўрни қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Аралаш ташиш чоғидаги тўғридан-тўғри транспорт тарифи аралаш ташиш шартномалари тузилган саналардаги ҳар бир транспорт турида ташишга доир хизматлар учун тўловлар суммасидан, ҳар бир транспорт турида амал қилаётган тарифлар бўйича шакллантирилади.



3-БОБ. ТАШИШ. МИЖОЗ ВА ТАШУВЧИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


16-модда. Йўловчиларни, багажни, юк багажини,

юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш,

транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш


Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиганлик, транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатганлик учун, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миқдори тарафларнинг келишуви асосида белгиланадиган ҳақ ундирилади.

Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш, транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш шартлари ҳамда тарафларнинг ташишлар ва транспорт-экспедиторлик операциялари бўйича жавобгарлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек ташиш ва транспорт экспедицияси шартномаларида белгиланади.

Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташишни амалга ошираётган транспорт воситаларининг рухсат этилган габаритлари ҳамда вазнига доир параметрлари транспорт воситаларининг техник хусусиятлари ва инфратузилма имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликда белгиланади.



17-модда. Мижознинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Мижоз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ташиш шартномасида назарда тутилган мажбуриятлар ташувчи томонидан бажарилишини талаб қилиш;

ташувчи ва харакатланиш йўналиши тўғрисида зарур ахборот олиш;

транспорт хизматлари бозорида транспорт турини эркин танлаш;

ташиш қоидаларида ёки шартномасида белгиланган хизматларнинг ташувчи томонидан ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши;

қонунчиликка мувофиқ фуқароларнинг алоҳида тоифаси учун назарда тутилган имтиёзли ва бепул юриш;

қонунчиликка мувофиқ ташиш орқали етказилган зарарнинг ўрни қопланишини, маънавий зарар компенсация қилинишини талаб қилиш.

Мижоз қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Мижоз:

ташувчи билан тузилган ташиш шартномаси шартларига риоя этиши;

мажбурий равишда сертификатлаштирилиши лозим бўлган жўнатилаётган юк учун мувофиқлик сертификатини ташувчига тақдим этиши;

ташиш қоидаларига риоя этиши;

багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини транспортда ташиш учун тайёр ҳолда тақдим этиши;

йўловчи транспортида ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши шарт.

Мижознинг зиммасида қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нарх белгилаш қоидаларига мувофиқ ташиш нархларини эркин белгилаш, бундан тартибга солинадиган тарифлар белгиланган ҳоллар мустасно;

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, йўл ҳаракати хавфсизлигига тахдид, экология ва санитария нормалари бузилиши ёки бошқа ғайриқонуний харакатлар (харакатсизлик) юзага келишига сабаб бўладиган ҳолатларда ташишни рад этиш.

Ташувчи қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ташувчи:

лицензияга, сертификатга, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга ва (ёки) ташиш учун рухсатномага эга бўлиши, агар бу Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса;

мижоз билан белгиланган шаклда шартнома тузиши;

ташишларни белгиланган тартибда сертификатлаштирилган транспорт воситаларида амалга ошириши;

қонунчиликка мувофиқ ташиш орқали етказилган зарарнинг ўрнини коплаши, маънавий зарарни компенсация қилиши;

йўловчи хавфсизлигини, унга зарур қулайликлар ва хизмат кўрсатиш шароитлари яратилишини, йўловчи томонидан багаж ҳамда юк багажи топширилган тақдирда эса унинг багажи ва юк багажи ўз вақтида ташилиши ҳамда бут сақланишини ҳам таъминлаши;

ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши;

мажбурий равишда сертификатлаштирилиши лозим бўлган жўнатилаётган юк учун мувофиқлик сертификатининг кўчирма нусхасини мижоздан талаб қилиши;

қонунчиликка мувофиқ алоҳида тоифадаги йўловчиларни бепул ташишни амалга ошириши ёки уларга кира ҳақини тўлаш бўйича бошқа имтиёзларни тақдим этиши;

йўловчиларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши;

жисмоний имкониятлари чекланган шахсларнинг транспорт воситаларидан, ахборотдан, шунингдек алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, ташиш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатиш чоғида зарур шарт-шароитлар яратиши шарт.

Ташувчининг зиммасида қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. АРАЛАШ ТАШИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


19-модда. Аралаш ташишлар тизими


Автомобиль, темир йўл, хаво ва сув транспорти транспорт логистикаси талабларига риоя этган ҳамда транспорт инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда уларнинг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги орқали аралаш ташишлар тизимини ташкил этади.

Мижоз, аралаш ташишлар оператори ва ташувчилар аралаш ташишлар иштирокчиларидир.

Аралаш ташишни ташкил этишда транспорт логистикаси ташиш жараёнининг ягона оператори ва ягона ташиш ҳужжати мавжуд бўлишини, тўғридан-тўғри транспорт тарифи ҳамда аралаш ташиш барча иштирокчилари ҳамкорлигининг изчил-марказлашган схемаси қўлланилишини, шунингдек ташиш жараёни учун ягона жавобгарликни таъминлаши керак.



20-модда. Аралаш ташишлар шартномаси


Аралаш ташишлар шартномаси аралаш ташишлар оператори ва мижоз ўртасида тузилади ҳамда қуйидагиларни:

мижознинг ҳамда аралаш ташишлар операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;

мижознинг ва аралаш ташишлар операторининг жавобгарлигини;

ягона товар-транспорт юк хатини тўлдириш тартибини;

етказиб бериш муддатлари ва шартларини;

етказиб бериш пунктларини;

багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг хажмлари ҳамда ўлчамларини;

нархни ва тўлов тартибини ўз ичига олган бўлиши керак.

Аралаш ташишлар шартномасида қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Йўловчини аралаш ташишлар шартномаси оммавий шартномадир. Йўловчини аралаш ташишлар шартномаси тузилганлиги йўловчининг аралаш қатновда юриш ҳуқуқини тасдиқловчи ягона чипта билан, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари топширилганлиги эса аралаш ташишнинг багаж квитанцияси билан тасдиқланади.



21-модда. Аралаш ташишлар операторининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Аралаш ташишлар оператори:

ўзининг хусусиятларига, вазнига ҳамда габарит параметрларига кўра аралаш ташишлар шартномасида кўрсатилган багаж, юк багажи, юк, почта ва курьерлик жўнатмалари тўғрисидаги маълумотларга мос келмайдиган багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини аралаш ташишни рад этиш;

аралаш ташишлар шартномасида мижоз томонидан кўрсатилган етказиш пунктига багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини енгиб бўлмас куч туфайли етказиб бериш имкони бўлмаган тақдирда, аралаш ташишни рад этиш ҳамда юк жўнатувчини ёзма ёки электрон шаклда олдиндан хабардор қилган ҳолда багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қайтариб бериш. Бунда, агар аралаш ташишлар шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, аралаш ташишлар операторининг қўшимча харажатлари юкни жўнатувчи (юкни олувчи) томонидан тўланади;

мижоздан аралаш ташишлар шартномаси бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Аралаш ташишлар оператори қонунчиликка ва аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ бошка ҳуқуқларга хам эга бўлиши мумкин.

Аралаш ташишлар оператори:

йўловчини, багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш пунктидан етказиш пунктига ташишни ҳар хил турдаги транспортдан фойдаланган холда аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ ташкил этиши;

етказиш пунктида багаж ва юк багажи йўловчига топширилишини ташкил этиши;

аралаш ташишлар шартномасида белгиланган муддатларда йўловчини ва багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиб олиши;

ташишнинг ҳар бир босқичида йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ҳаракатланиши устидан мониторингни таъминлаши;

багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг бутун ҳаракатланиш йўли давомида бут сақланишини, аралаш ташишлар шартномасида белгиланган муддатларда етказилишини ҳамда уларни қабул қилиб олишга ваколати бўлган шахсга (юкни олувчига) топширилишини таъминлаши шарт.

Аралаш ташишлар операторининг зиммасида қонунчиликка ва шартномаларга мувофиқ бошка мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



22-модда. Аралаш ташишлар мижозининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Мижоз:

ҳаракатланиш йўналиши, транспорт таркиби ва турлари ҳақида ахборот олиш;

аралаш ташишлар операторидан аралаш ташишлар шартномаси бўйича мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини талаб қилиш;

ёзма ҳужжатлар билан асосланган далиллар тақдим этилган тақдирда аралаш ташиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мижоз қонунчиликка ва аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Мижоз:

аралаш ташишлар операторига аралаш ташишлар шартномасида келишилган барча тегишли тўловларни тўлаши;

аралаш ташишлар операторига багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини аралаш ташишлар шартномасида кўрсатилган муддатга биноан тақдим этиши шарт.

Мижознинг зиммасида қонунчиликка ва аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



23-модда. Аралаш ташишлар чоғидаги ҳамкорликка оид шартнома


Аралаш ташишлар чоғидаги ҳамкорликка оид шартнома аралаш ташишлар оператори ва ушбу ташишларда иштирок этувчи ҳар хил турдаги транспорт ташувчилари ўртасида тузилади ҳамда қуйидагиларни:

аралаш ташишлар операторининг ҳамда ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;

аралаш ташишлар операторининг ва ташувчининг жавобгарлигини;

хар бир ташувчининг хизматлари қийматини ва уларнинг ҳақини тўлаш тартибини;

ташувчиларнинг ҳамкорлик қилиш ва транспорт воситасининг бир туридан бошқасига йўловчини ўтказиш ёки багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қайта ортиш тартибини;

ягона ташиш ҳужжатини (чиптани, багаж квитанциясини, ягона товар-транспорт юк хатини) тўлдириш тартибини;

ташиш муддатлари ва шартларини ўз ичига олган бўлиши керак.

Аралаш ташишлар чоғидаги ҳамкорлик шартномасида қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.



5-БОБ. ТРАНЗИТ ТАШИШЛАР


24-модда. Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни,

почта ва курьерлик жўнатмаларини транзит ташиш


Йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳар қандай турдаги транспортда олиб ўтиш, агар бундай олиб ўтиш жўнатиш ва етказиш пунктлари "Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган йўлнинг фақат бир қисми бўлса, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг транспорт воситаларида чет давлатлар ҳудуди орқали амалга ошириладиган ташиш транзит ташишдир.

Транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ташиш транспортнинг тегишли турларига оид бир ёки бир нечта ташиш ҳужжатидан фойдаланган ҳолда транспортнинг бир ёки бир нечта тури билан амалга оширилиши мумкин.

Бир турдаги транспортдан бошқасига транзит йўловчини ўтказиш ва багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қайта ортиш ташиш ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Бунда товарга қўшиб юбориладиган ҳужжатлар товарнингбутун ҳаракатланиш йўлида юк билан бирга бориши керак.

Агар айрим транзит багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш шартларида улар билан тегишли операциялар (юкни тушириш, қайта ортиш, сақлаш, тўпламларга ажратиш ёки тўпламлар учун йиғиш ва бошқа шунга ўхшаш операциялар) бажарилиши талаб этилса, улар транзит юклар мақомини сақлаб қолади.

Тўғридан-тўғри халқаро қатновда ташилаётган транзит багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қайта ортиш ташувчи томонидан тақдим этиладиган транспорт воситаларида амалга оширилади.

Транзит ташиш оператори билан шартнома тузилганидан сўнг ташувчилар транзит ташишлар операторларидан транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун буюртмалар олганда ушбу буюртмаларни қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмас.



25-модда. Алоҳида транзит йўловчиларга, багажга, юк

багажига, юкларга, почта ва курьерлик жўнатмаларига

нисбатан тақиқлар ҳамда чекловлар


Ўзбекистон Республикасининг, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини, атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида алоҳида транзит йўловчиларга, багажга, юк багажига, юкларга, почта ва курьерлик жўнатмаларига, шу жумладан ҳарбий маҳсулотларга нисбатан тақиқлар ёки чекловлар, шунингдек ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ҳамда нормалари, карантин чекловлари ва фитосанитария талаблари, атроф-муҳитнинг радиациявий хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунида ва халқаро шартномаларида белгиланган бошқа талаблар ҳамда шартлар қўлланилиши мумкин.



26-модда. Транзит транспорт йўлаклари


Транзит транспорт йўлаклари транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини уларнинг энг зич жойлашган йўналишлари бўйича халқаро қатновда ташишлар учун транспорт тизимидан фойдаланишни мақбуллаштириш мақсадида ташкил этилади.

Транзит транспорт йўлагининг пунктлари халқаро ташишда транспорт воситаларининг харакатланиши ҳамда йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташишнинг белгиланган йўналишига риоя этилиши устидан масофавий назоратни таъминловчи ахборот воситалари ҳамда техник воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Ҳар бир транзит транспорт йўлаги учун махсус ваколатли давлат органи томонидан транзит транспорт йўлагининг пас порти тузилиб, унга қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар киритилади:

транзит транспорт йўлагининг тури;

транзит транспорт йўлагининг бошланғич, охирги ва оралиқ пунктлари номи;

транзит транспорт йўлагининг узунлиги;

транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш муддати;

транзит транспорт йўлагининг технологик хусусиятлари ва махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган бошқа маълумотлар;

давлат назоратини ва текширувини амалга оширишга доир технологик схемалар.

Транзит транспорт йўлагининг бошланғич ва охирги пунктлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали тегишли ўтказиш пунктларидан иборатдир.

Транзит транспорт йўлаги транзит транспорт йўлакларининг реестрига киритилади, ушбу реестрни юритиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Транзит транспорт йўлакларининг реестрига киритиладиган маълумотлар махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Транзит транспорт йўлакларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



27-модда. Транзит юкларни ва ҳужжатларни идентификация қилиш


Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида юкларни транзит олиб ўтиш чоғида транзит юклар билан божхона тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилмаган бирор-бир операцияларни бажаришга йўл қўймаслик мақсадида транзит юклар ва ҳужжатларни идентификация қилиш амалга оширилади.



28-модда. Транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини,

юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш

устидан давлат назорати


Транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида тегишли ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Давлат назорати жараёнида транзит йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ҳамда транзит воситаларининг божхона, санитария, ветеринария, фитосанитария, радиология, экология назорати ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланадиган назоратнинг бошқа турлари талабларига мувофиқлиги текшируви амалга оширилади.

Транзит йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш устидан давлат назоратини амалга оширишнинг мажбурий шартлари қуйидагилардан иборат:

ваколатли давлат органлари томонидан давлат назоратининг барча турларини ўз ваколатлари доирасида комплекс равишда, бир вақтнинг ўзида ўтказиш;

давлат назорати ўтказилишини ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини тартибга солиш;

ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан давлат назорати вазифаларини қонунчиликда белгиланган муддатларда бажариш;

давлат метрология назоратидан ўтган ўлчов воситаларидан фойдаланиш;

тирик хайвонларни, тез бузиладиган маҳсулотларни, трансплантатларни, биоматериалларни, махсус тиббий дори-дармонларни ташишда тезлаштирилган ва устувор давлат назорати тартиби.

Тегишли ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари ўзининг давлат назоратига доир ваколатларини бошқа шахсларга топшириши мумкин эмас.



6-БОБ. ТРАНСПОРТ ЛОГИСТИКАСИ


29-модда. Транспорт логистикасининг асосий вазифалари


Транспорт логистикаси транспорт мажмуи барча иштирокчиларининг ҳар хил турлардаги транспортдан фойдаланган ҳолда мақбул йўналиш бўйлаб ташишни режалаштириш ва уни бошқариш бўйича ҳаракатлари келишилганлигини ҳамда ўзаро боғлиқлигини, шу жумладан ташишнинг ҳар бир босқичида йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг харакатланиши мониторингини ўз вақтида ва сифатли тарзда таъминлаши керак.

Транспорт логистикасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

транспортда ташишнинг ягона технологиясини, тўғридан-тўғри қайта ортишларни, қайта ортиш амалга оширилмайдиган қатнов йўлини қўллаган ҳолда ягона транспорт тизими параметрларининг келишилганлиги;

ташишларнинг ягона режа-жадвалларини ишлаб чиқиш ва қўллаш;

транспорт йўлакларини ва транспорт занжирларини шакллантириш;

транспорт-омборхона жараёнининг технологик бирлигини таъминлаш;

юкни етказиб беришнинг оқилона йўналишини аниқлаш;

транспорт воситасининг хили ва турини танлаш.



30-модда. Транспорт-логистика марказлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан бажариладиган операциялардан келиб чиққан ҳолда халқаро ва ҳудудий транспорт-логистика марказлари ташкил этилиши мумкин.

Транспорт-логистика марказлари уларга ҳар қандай турдаги транспортда кириб келаётган ҳамда олиб чиқилаётган юкларни омборга жойлаштириш, сақлаш, уларга ишлов бериш, уларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тақсимлаш бўйича хизматлар кўрсатади, шунингдек транспорт воситаларини сақлашни ва уларга техник хизматлар кўрсатишни амалга оширади. Транспорт-логистика марказлари божхона, логистика, фитосанитария, ветеринария, санитария-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш хизматларининг ҳамда юкларни экспорт ва импорт қилиш учун қонунчиликда тақиқланмаган бошқа хизматларнинг тўлиқ мажмуини тақдим этиши мумкин.

Халқаро транспорт-логистика марказларида давлат органларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг асосий вазифалари "Ягона дарча" принципи бўйича амалга оширилади ҳамда божхона, чегара, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитария, ветеринария, санитария-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш хизматларини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа хизматларни кўрсатишга ихтисослаштирилади.

Халкаро транспорт-логистика марказлари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган юклар ва транспорт воситалари билан амалга ошириладиган операцияларни бажариш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ транспорт назоратини, шу билан бирга божхона ва чегара операцияларини амалга ошириш учун мўлжаллангандир.

Ҳудудий транспорт-логистика марказлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юкларни омборга жойлаштириш, сақлаш, уларга ишлов бериш, уларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тақсимлаш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаш ва уларга техник хизматлар кўрсатишни амалга ошириш учун мўлжаллангандир.

Транспорт-логистика марказларини замонавий техника ва ускуналар билан жихозлашга доир намунавий талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



7-БОБ. ТРАНСПОРТ ХАВФСИЗЛИГИ


31-модда. Ташишлар хавфсизлигини, транспорт воситаларидан

ва транспорт инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш

хавфсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар


Транспорт ташкилотлари, шунингдек ташувчилар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиги, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини, транспорт воситаларидан, транспорт инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш хавфсизлигини, шунингдек атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.

Транспорт инфратузилмаси объектларининг фаолият кўрсатишига ва хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек транспорт хизматлари кўрсатишга тўсқинлик қиладиган хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Транспорт воситалари ва иншоотларининг хавфсизлигини бевосита таъминлайдиган ходимлар тегишли билим, кўникма ҳамда тайёргарликка, шунингдек қонунчилик талабларига мувофиқ рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ишларга доир ижозатга эга бўлиши керак. Бу ходимлар, шунингдек меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар тиббий текширувдан ўтиши керак.

Транспорт воситалари харакати амалга ошириладиган, манёвр ва юк ортиш-тушириш ишлари бажариладиган транспорт инфратузилмаси объектларининг ҳудудлари ўта хавфли зоналар хисобланади ҳамда, зарур бўлганда, тўсиб қўйилади ва техник назорат воситалари билан жихозланади. Ўта хавфли зоналарда жисмоний шахсларнинг бўлиши ва объектларнинг жойлаштирилиши, уларда ишларни бажариш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва темир йўлларни кесиб ўтувчи ёки бевосита уларнинг яқинида жойлашган газ, нефть қувурларини ва бошқа иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланиш чоғида белгиланган нормативларни, шунингдек мазкур иншоотлардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг эгалари жавобгардир.



32-модда. Транспорт соҳасида экологик нормаларни таъминлаш


Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириши, уларни ташкил этишни ҳамда молиялаштиришни амалга ошириши, атроф-муҳитни ва ер қаърини муҳофаза қилиш соҳасида идоравий ҳамда ишлаб чиқариш назоратини олиб бориши, атроф-муҳитни, ер қаърини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга ҳамда ер қаърига энг юқори йўл қўйиладиган таъсирни тартибга солувчи бошқа мезонлар бўйича белгиланган нормаларга риоя этилишини таъминлаши шарт.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар атроф-муҳитга ҳамда ер қаърига етказилган зарар учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



33-модда. Транспорт воситаларининг ва транспорт

инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш


Транспорт воситаларининг ва транспорт инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш уларнинг ғайриқонуний аралашувдан ҳимоя қилинганлиги даражасини, шунингдек уларнинг одатдаги режимда ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳолларида барқарор ишлаши таъминланганлиги даражасини аниқлашдан иборатдир.

Транспорт воситаларининг ва транспорт инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан ўтказилади.

Транспорт воситаларининг ва транспорт инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш натижалари транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан тасдиқланади.

Транспорт воситаларининг ва транспорт инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотлар тарқатилиши чекланган ахборотдир.



34-модда. Транспорт воситаларини ва транспорт

инфратузилмаси объектларини тоифалаш


Транспорт воситаларини ва транспорт инфратузилмаси объектларини тоифалаш транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Транспорт воситалари ва транспорт инфратузилмаси объектлари тоифаларининг сони ҳамда уларни тоифалаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тоифалаштирилган объектлар транспорт воситалари ва транспорт инфратузилмаси объектлари реестрига киритилади, реестрни юритиш транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



35-модда. Транспорт инфратузилмаси объектларида кўздан кечириш


Йўловчиларнинг ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ваколатли органлар вокзалга, аэровокзалга, аэропортга, метрополитенга ва автостанцияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни кўздан кечиришдан ҳамда йўловчиларни ва бошқа шахсларни шахсан кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин. Йўловчилар ва бошқа шахслар кўздан кечиришдан ўтишни рад этган тақдирда вокзалга, аэровокзалга, аэропортга, метрополитенга ва автостанцияга кириш тақикланади.

Транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни кўздан кечиришни, йўловчиларни ҳамда бошқа шахсларни шахсан кўздан кечиришни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли органларнинг рўйхати, кўздан кечиришни ўтказиш тартиби, шунингдек вокзалларда, аэровокзалларда, автостанпияларда, аэропортларда ва метрополитенда йўловчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Йўловчилар тўғрисидаги автоматлаштирилган марказлаштирилган шахсга доир маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, шунингдек улардаги мавжуд маълумотларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Чет давлатнинг Ўзбекистон Республикасига халқаро ташувларни амалга оширувчи транспорт ташкилотлари ёки ташувчилари ташиш ҳужжатларида (чипталарида) мавжуд бўлган маълумотларнинг йўловчилар тўғрисидаги автоматлаштирилган марказлаштирилган шахсга доир маълумотлар базаларига ўтказилишини таъминлайди.



36-модда. Фавқулодда вазиятларда транспорт ишини ташкил этиш


Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар транспортнинг лозим бўлган даражада ишлашига тўсқинликни келтириб чиқарган аварияларни, ҳалокатларни, хавфли табиат ҳодисаларини, табиий офатларни ёки бошқа офатларни тугатиш бўйича шошилинч чоралар кўради.

Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда транспорт ташкилотларининг ҳамда ташувчиларнинг шартномавий муносабатлари мазкур фавқулодда вазиятларни ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра тўхтатиб турилиши мумкин.

Табиий, ижтимоий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар шароитларида, фавқулодда ҳолат жорий этилганда транспорт ташкилотлари, аралаш ташишлар операторлари ҳамда ташувчиларнинг сафарбарлик тайёргарлигига, фуқаро муҳофазаси бўйича тадбирларга ва авариядан қутқариш ишларига, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган ишларга доир тадбирларни таъминлаш билан боғлиқ ташишларни амалга оширишга оид харажатларининг ўрни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар натижасида юзага келган ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, харакат хавфсизлигига ҳамда юкларнинг бут сақланишига таҳдид соладиган авариялар, халокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини тугатишда транспорт ташкилотларига, ташувчиларга ёрдам кўрсатади, шунингдек уларни бартараф этиш, одамлар ҳаётини қутқариш ҳамда соғлиғини сақлаш, моддий ва маданий қимматликларни ҳимоя қилиш, зарарни (зиённи) камайтириш чораларини кўради.

Йўлда қасддан тўсиқлар яратиш ҳамда транспорт воситаларининг монеликсиз ва узлуксиз ишлашини издан чиқаришга қаратилган бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида етказилган зарарнинг (зиённинг) ўрни транспорт ташкилотларига айбдор шахслар томонидан қопланади.



37-модда. Багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик

жўнатмаларини, шунингдек транспорт воситаларини ҳамда

транспорт инфратузилмаси объектларини қўриқлаш


Агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, транспорт ташкилотлари, аралаш ташишлар операторлари, ташувчилар багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари ташиш учун қабул қилинган пайтдан эътиборан то олувчиларга берилгунига қадар уларнинг бут сақланишини таъминлаши керак.

Багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини, шунингдек транспорт воситаларини ҳамда транспорт инфратузилмаси объектларини қўриқлаш ҳарбийлаштирилган қўриқлаш идоравий бўлинмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш идоравий бўлинмалари ўқотар қурол ва махсус воситалар билан таъминланади. Ўқотар қуролни ва махсус воситаларни қўллаш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Ўта муҳим транспорт воситаларини ва транспорт инфратузилмаси объектларини қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Ички ишлар вазирлигининг ҳамда Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари, шунингдек ҳарбийлаштирилган қўриқлаш идоравий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.



38-модда. Транспортда хавфсизликни таъминлаш


Транспортдаги хавфсизлик талаблари, уларга риоя этилиши юзасидан давлат текшируви ва назоратининг, жамоатчилик назоратининг усуллари, шунингдек уларнинг мувофиқлигини баҳолаш шакллари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Ҳудудида хавфли юкларни ишлаб чиқариш, сақлаш, юклаш, ташиш ва тушириш амалга ошириладиган объектлар умумий фойдаланишдаги жойлардан, иншоотлардан, турар жой массивларидан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан ва махсус қўриқланиши лозим бўлган объектлардан уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайдиган масофада узоқлаштирилган бўлиши керак.

Автомобиль йўллари ва темир йўлларнинг ажратилган минтақасида жойлашган транспорт иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш билан боғлиқ ҳолда коммуникацияларни қайта жиҳозлаш бундай коммуникациялар мулкдорларининг ва эгаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Хавфли ва махсус юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш юкларни жўнатувчилар ёки олувчилар томонидан бутун ҳаракатланиш йўли давомида таъминланади. Транспортда ташиладиган хавфли ва махсус юкларнинг эгалари, бундай юкларни жўнатувчилар ҳамда олувчилар ушбу юкларни ташиш чоғида авария ҳолатлари юзага келган ҳолларда авария вазиятларини ва аварияларнинг оқибатларини тугатиш учун зарур бўлган воситаларни ҳамда харакатчан бўлинмаларни жалб этган ҳолда уларни ташиш, юклаш ва тушириш хавфсизлигини кафолатлаши керак.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар хавфли ҳамда махсус юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаши ҳамда ушбу юкларни ташиш чоғида авариялар юзага келган ҳолларда уларнинг оқибатларини тугатишда иштирок этиши шарт.

Хавфли ва махсус юкларни ташиш соҳасида юзага келадиган муносабатлар қонунчилик билан тартибга солинади.

Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларда транспорт ташкилотларининг объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, улар жойлашган ерларда ер ости иншоотларини жойлаштириш тақиқланади. Алоҳида ҳолларда, лойиҳалаштириш ва қуришга Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг рухсати билан йўл қўйилади.

Фаолияти транспорт воситаларининг харакати ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган транспорт ходимларининг айрим тоифалари қонунчиликда белгиланган тартибда иш вақти режими, дам олиш режими ва бошқа мехнат шароитларининг ўзига хос хусусиятларига риоя этиши шарт.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фаолияти транспорт воситаларининг харакатланиши билан боғлиқ бўлган ҳамда меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларнинг дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт. Бундай ходимлар ва ишларнинг рўйхати, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харакатланиши хавфсизлиги масалалари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномалари билан тартибга солинади.



8-БОБ. ТАШУВЧИНИНГ, АРАЛАШ ТАШИШЛАР

ОПЕРАТОРИНИНГ ТАШИШЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОҒИДАГИ ЖАВОБГАРЛИГИ


39-модда. Ташиш шартномасидан келиб чиқадиган

мажбуриятлар бўйича жавобгарлик


Йўловчилар ва юк эгалари билан ташувчининг, аралаш ташишлар чоғида эса аралаш ташишлар операторининг қонунда белгиланган жавобгарлигини чеклаш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишувлари ҳақиқий эмас деб топилади.

Ташувчи, аралаш ташишлар чоғида эса аралаш ташишлар оператори багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари ташиш учун қабул қилинган пайтдан эътиборан то олувчига ёки бошқа ваколатли шахсга берилгунига қадар уларнинг бут сақланишини таъминлайди.

Агар ташувчи, аралаш ташишлар чоғида эса аралаш ташишлар оператори ташиш учун қабул қилинган багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг йўқолиши, камомади ёки шикастланиши (бузилиши) унинг айбисиз содир бўлганлигини исботлай олмаса, уларнинг йўқолганлиги, камомади ёки шикастланганлиги (бузилганлиги) учун жавобгар бўлади.

Багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қуйидаги ҳолларда қопланади:

йўқолганда ёки камомад юзага келганда - йўқолган ёки етишмаётган багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг қиймати миқдорида;

багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари шикастланганда (бузилганда) - уларнинг қиймати қанча суммага камайган бўлса, ўша сумма миқдорида, шикастланган (бузилган) багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини тиклаш имконияти бўлмаганда эса уларнинг қиймати миқдорида;

баҳоси эълон қилинган ҳолда ташиш учун топширилган багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолганда - багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг эълон қилинган қиймати миқдорида.

Агар ташувчи, аралаш ташишларда эса аралаш ташишлар оператори ва аралаш ташишларда иштирок этувчи ташувчи жавобгар бўлган шикастланиш (бузилиш) натижасида багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг сифати ундан бевосита белгиланган мақсадда фойдаланиб бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини олувчи ундан воз кечишга ва унинг йўқолганлиги учун ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Транспорт ташкилоти ва ташувчи, аралаш ташишларда эса аралаш ташишлар оператори багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолган ёки уларнинг камомади юзага келган ҳолларда йўловчиларнинг, юк жўнатувчиларнинг, юкни олувчиларнинг ёки улар томонидан ваколат берилган, талаб ёки даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг талабларини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ кўриб чиқади.

Қонунларда ташувчи, аралаш ташишларда эса аралаш ташишлар оператори жавобгарлигининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



40-модда. Йўловчининг ўлими учун ёки унинг соғлиғига зарар

етказилганлиги учун транспорт ташкилотининг, ташувчининг

ва аралаш ташишлар операторининг жавобгарлиги


Транспорт ташкилоти, ташувчи, аралаш ташишларда эса аралаш ташишлар оператори зарар жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги ёки енгиб бўлмас куч ҳолатлари оқибатида юзага келганлигини исботлай олмаса, ташиш чоғида йўловчининг ўлими ёки унинг соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41-модда. Низоларни хал этиш


Транспорт соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



42-модда. Транспорт тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Транспорт тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



43-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



44-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат карорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



45-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                         Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 10 август


"Халқ сўзи", 2021 йил 10 август



















































Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск