ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ижтимоий ва хусусий шериклик /

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.08.2021 й. 509-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 11 августдаги

509-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини

молиялаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат-хусусий шериклик (кейинги ўринларда - ДХШ) лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линияларини бериш тартибини белгилайди.


2. ДХШ лойиҳалари учун ажратиладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари ҳисобидан ДХШ тўғрисидаги битимда белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида назарда тутилади.

Субсидиялар, шу жумладан, хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан оладиган, кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтириладиган субсидиялар ДХШ тўғрисидаги битимда инобатга олинган ҳолларда, ДХШ лойиҳалари доирасида товарлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилмаслик шарти билан хусусий шерикларга бериладиган пул маблағлари ҳисобланади.

Бюджет ссудаси ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этишга қаратилган ДХШ лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ДХШ тўғрисидаги битимда инобатга олинган ҳолларда хусусий шерикка, яъни резидент-юридик шахсга қайтариш шарти билан фоизсиз ёки фоизли асосда ажратилади.

Кредит линиялари ДХШ лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан қайтариш шарти билан берилади.


3. ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ ДХШ лойиҳаларини қуйидаги харажатлари Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирилади:

а) ДХШ объектини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатлари;

б) ДХШ объектини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари;

в) ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш доирасида консалтинг ва аудиторлик хизматларини жалб этиш билан боғлиқ харажатлар;

г) давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) ва (ёки) объектга хизмат кўрсатиш даврида ундан эркин фойдаланилишни таъминлаганлик учун давлат шериги томонидан амалга ошириладиган харажатлар.


4. Мазкур Низом 3-бандининг:

"а" кичик бандида назарда тутилган харажатлар биринчи даражали ва ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича харажатларнинг чекланган миқдорлари доирасида;

"б", "в" ва "г" кичик бандларида назарда тутилган харажатлар биринчи даражали ва ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг жорий харажатлари учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида амалга оширилади.


5. ДХШ лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлар ҳисобидан:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари бўйича тегишинча ҳудудий молия органлари томонидан ҳар бир ДХШ лойиҳаси учун давлат шериги ва (ёки) давлат шериги томонидан ваколат берилган ҳамда унинг тузилмасига кирувчи қуйи ташкилотлари (кейинги ўринларда - давлат шериги) учун алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларини очиш орқали молиялаштирилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЮДЖЕТИ ТИЗИМИНИНГ

БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ


6. ДХШ лойиҳасининг концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ДХШ лойиҳаси учун мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган харажатлар (тўловлар) давлат шериги томонидан Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.


7. Давлат шериги томонидан ДХШ лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағларини ажратиш бўйича бюджет сўрови давлат шеригига Давлат бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари доирасида тузилади.


8. ДХШ лойиҳасини Давлат бюджетидан молиялаштириш учун давлат шериги томонидан мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган тўловлар бўйича бюджет сўровларини тузиш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва (ёки) ҳудудий молия органлари (кейинги ўринларда - молия органлари) томонидан ДХШ лойиҳаси учун талаб этиладиган бюджет маблағларини ДХШ тўғрисидаги битимнинг амал қилиш даври давомида ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда режалаштиради.


10. Давлат бюджети ҳисобидан ДХШ лойиҳалари учун режалаштирилган маблағлар молия органлари томонидан давлат шериги орқали хусусий шерикка ёки тўғридан - тўғри маҳсулот (хизмат) етказиб берувчига (кўрсатувчи) ажратилади.


11. Бюджет сўровларини тақдим қилиш, харажатлар сметасини тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш ва шахсий ғазна ҳисобварақларини очиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


12. ДХШ тўғрисидаги битим Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - ваколатли давлат органи) томонидан ДХШ лойиҳалари реестрига киритилгандан сўнг маблағлар давлат шериги томонидан Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидаларига асосан юридик мажбуриятларни рўйхатдан ўтказишга (ҳисобга олишга) буюртмаси ва тўлов топшириқномалари асосида хусусий шерикнинг тижорат банкдаги ҳисобварақларига ўтказилади.


13. Молия йили якунида давлат шеригининг шахсий ғазна ҳисобварақларида фойдаланилмай қолган Давлат бюджети маблағлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли бюджетига қайтарилади ва кейинги йил бюджети ҳисобидан битимга асосан тўлаб берилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИ

СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ОРҚАЛИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


14. Субсидиялар, шу жумладан, хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан оладиган, кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтириладиган субсидиялар ДХШ тўғрисидаги битимда инобатга олинган ҳолларда, ДХШ лойиҳалари доирасида товарлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилмаслик шарти билан хусусий шерикларга бериладиган пул маблағлари ҳисобланади.


15. Агар имзоланган ва ваколатли давлат органи томонидан реестрга киритилган, ДХШ тўғрисидаги битимда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хусусий шерик субсидия олиш тўғрисидаги ариза (кейинги ўринларда - ариза) билан давлат шеригига мурожаат қилади.


16 Аризада юридик шахснинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили (почта манзили), субсидиянинг мақсади, лойиҳани амалга ошириш манзили, хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг номи ва банкдаги махсус ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим.


17. Давлат шериги ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида унинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.


18. Аризани ўрганиб чиқишда қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, давлат шериги ариза берувчини хабардор қилган ҳолда, аризани ўрганиб чиқиш муддатини қўшимча ўн иш кунига узайтиришга ҳақли.


19. Давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шериги субсидия ажратиладиган хусусий шерик ҳақидаги маълумотларни тегишли молия органига тақдим қилади.


20. Молия органи қуйидаги ҳолларда субсидия ажратилишини рад этишга ҳақли:

ДХШ тўғрисидаги битим ваколатли давлат органи томонидан юритиладиган тегишли реестрга киритилмаганда;

ДХШ тўғрисидаги битимда хусусий шерикка давлат бюджетидан субсидия бериш кўрсатилмаганда ёки сўралаётган субсидия миқдори битимда кўрсатилган субсидия миқдорларига номувофиқ бўлганда.


21. Молия органлари томонидан ДХШ лойиҳасига субсидия бериш рад этилган тақдирда, субсидия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар кўрсатилган ҳолда уч иш кунида давлат шеригига ёзма рад жавоби юборилади.


22. Давлат шериги ариза рад этилганлиги тўғрисида икки иш куни мобайнида хусусий шерикни хабардор қилади. Хусусий шерик бир ой давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, давлат шеригига ариза билан қайта мурожаат қилиши мумкин.


23. Давлат шериги томонидан қайта мурожаат қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ариза молия органлари томонидан қайта кўриб чиқилади ва субсидия ажратиш чоралари кўрилади.


24. Молия органлари томонидан белгиланган тартибда ДХШ лойиҳаси учун талаб этиладиган субсидиялар ДХШ тўғрисидаги битимнинг амал қилиш даври давомида ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда режалаштирилади.


25. Давлат шериги томонидан субсидия маблағлари Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидаларига асосан юридик мажбуриятларни рўйхатдан ўтказишга (ҳисобга олишга) буюртмаси ва тўлов топшириқномалари асосида хусусий шерикнинг тижорат банкдаги ҳисобварақларига ўтказилади.


26. Молия йили якунида давлат шеригининг шахсий ғазна ҳисобварақларида фойдаланилмай қолган субсидия маблағлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли бюджетига қайтарилади ва кейинги йил бюджети ҳисобидан битимга асосан тўлаб берилади.


27. ДХШ лойиҳасини амалга ошириш учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида субсидия маблағлари ажратилиши мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАЛАРИНИ БЮДЖЕТ ССУДАЛАРИ

АЖРАТИШ ОРҚАЛИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


28. Бюджет ссудаси - бир молия йили ичида олти ойгача бўлган муддатга фоизсиз асосда ҳамда бир молия йилидан ортиқ, аммо уч молия йилидан ортиқ бўлмаган муддатга йиллик икки фоизли миқдорда берилади.


29. Бюджет ссудасини беришнинг мажбурий шарти улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш, шунингдек, бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатга мувофиқ уларни ўз вақтида қайтаришдан иборатдир.


30. Бюджет ссудаси давлат ва хусусий шерикларнинг бюджет ссудасига бўлган эҳтиёжини асословчи ҳисоб-китоблар асосида берилади.


31. Бюджет ссудаси олиш тўғрисидаги мурожаатда сўралаётган бюджет ссудасининг миқдори ва сўралаётган давр, шунингдек, бюджет ссудасини қайтаришнинг кафолатланган манбалари кўрсатилади.


32. Бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқишда молия органи қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот ва ҳисоб-китобларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.


33. Бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги мурожаат тегишли молия органи томонидан мурожаат олинган санадан эътиборан беш иш куни ичида кўриб чиқилади ва унинг натижаси тўғрисида ариза берувчига хабар қилинади.


34. Бюджет ссудасини олиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, тегишли молия органи бир иш куни ичида ариза берувчини ажратиладиган бюджет ссудасининг миқдори, уни ажратишдан мақсад ва белгиланган қайтариш муддатлари тўғрисида хабардор қилади.


35. Бюджет ссудасини бериш рад этилган тақдирда, тегишли молия органи бир иш куни ичида бюджет ссудаси бериш рад этилганлиги тўғрисида аниқ сабаблар ва асосларни кўрсатган ҳолда ариза берувчини хабардор қилади.


36. Ахборот ва ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган ёки тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, бюджет ссудасини олиш учун мурожаат кўриб чиқилмайди ҳамда бюджет ссудасини бериш рад этилганлиги тўғрисида молия органи ариза берувчини икки иш куни ичида хабардор қилади.


37. Бюджет ссудасини ажратиш бюджет ссудасини бераётган молия органи ва бюджет ссудасини олувчи ўртасида тузиладиган бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги шартнома билан расмийлаштирилади.


38. Бюджет ссудасини қайтариш муддатларини узайтириш бюджет ссудасини олувчида уни белгиланган муддатларда ўз вақтида тўлаш имкониятини истисно этадиган молиявий қийинчиликлар юзага келган ҳолларда амалга оширилади.


39. Бюджет ссудасини қайтариш муддатлари келгуси молия йилига узайтирилганда, бюджет ссудасининг қайтарилмаган қисмидан йиллик икки фоиз миқдорида тўлов белгиланади ва бюджет ссудаси қайси тегишли бюджетлардан берилган бўлса, шу бюджетларга йўналтирилади.


40. Бюджет ссудасини олувчи, яъни хусусий шерик тегишли молия органига бюджет ссудасини тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги сўров билан уни тўлаш муддати тугашидан камида беш иш куни олдин мурожаат қилади.


41. Бюджет ссудаси бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда ва ҳажмларда ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда молия органи:

қарзни қарздордан сўзсиз тартибда ундиради;

ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарз суммасининг 0,033 фоизи миқдорида пеня ҳисоблайди.



5-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИ

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ҲИСОБИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ


42. ДХШ лойиҳаларини кредит линиялари ҳисобидан молиялаштиришда ваколатли давлат органи учун алоҳида бюджетдан ташқари жамғарма шаклида шахсий ғазна ҳисобварақ (кейинги ўринларда - ғазна ҳисобварағи) очилади. ДХШ лойиҳаларига кредит линиялари ҳисобидан йўналтириладиган маблағлар ушбу ғазна ҳисобварағида жамланади.


43. Қуйидагилар ғазна ҳисобварағини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг ҳомийлик хайриялари, кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

белгиланган тартибда тижорат банклари томонидан тўлаб бериладиган кредит фоизлари бўйича маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


44. Ғазна ҳисобварағидаги маблағлар ДХШ тўғрисидаги битим асосида объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва жиҳозлашга кредитларни бериш учун тижорат банкларига кредит линияларини очиш орқали тақдим этилади.


45. Ғазна ҳисобварағидаги маблағлар доирасида кредитлар - тижорат банклари томонидан ДХШ тўғрисидаги битимга ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ ДХШ лойиҳаларини амалга оширувчи хусусий шерикларга белгиланган тартибда ажратиб берилади.


46. Ғазна ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан кредит линияларини олувчи тижорат банклари - Молия вазирлиги томонидан тендер ўтказиш орқали аниқланади ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган тендер комиссиясининг баёни билан расмийлаштирилади.


47. Ваколатли давлат органи тендер натижаларига кўра ғолиб деб топилган тижорат банклари билан ғазна ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан ДХШ лойиҳалари учун кредит линияларини ажратиш юзасидан бош келишув (кейинги ўринларда - бош келишув) тузади.


48. Ғазна ҳисобварағи маблағлари ҳисобидан кредит линиясини ажратиш тўғрисида бош келишувни бир ёки бир неча тижорат банклари билан тузиши мумкин.


49. Ваколатли давлат органи томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган маблағлар тижорат банкининг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.


50. Бош келишув имзолангандан сўнг ваколатли давлат органи ва тижорат банк ўртасида кредит линиясини очиш бўйича шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) тузилади. Шартнома имзолангандан сўнг ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай шартномада кўрсатилган сумма тижорат банкининг шартномада кўрсатилган ҳисобварағига тўлаб борилади.


51. Кредит линиялари учун ажратилган маблағлар - ваколатли давлат органининг Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидаларига асосан юридик мажбуриятларни рўйхатдан ўтказишга (ҳисобга олишга) буюртмаси ва тўлов топшириқномалари асосида ғазна ҳисобварағи орқали тижорат банкларининг ҳисобварақларига ўтказилади.


52. Кредит линиялари ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар тижорат банкларида алоҳида ҳисобварақда жамланади ва шартномада белгиланган муддатларда ваколатли давлат органнинг ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилади.


53. Кредит линиясининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг кредит олувчилар томонидан кредитнинг амалда қайтарилишидан қатъи назар, тижорат банклари кредит линияси бўйича олинган кредитларни ҳисобланган фоизлар билан бирга ваколатли давлат органнинг ғазна ҳисобварағига қайтариши шарт.


54. Тижорат банклари томонидан кредит маблағларидан мақсадли фойдаланмаётганлиги аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи кредит линиясининг мақсадсиз ишлатилган қисми муддатидан олдин қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.


55. Тижорат банклари кредит линияларини ўзлаштириш ҳолати тўғрисида ҳар чоракда ваколатли давлат органига кредит олувчилар рўйхатини илова қилган ҳолда ҳисобот тақдим этиб боради. Мазкур ҳисоботлар асосида ҳар чоракда тижорат банки ва ваколатли давлат органи ўртасида маблағларнинг ишлатилиши ҳақида ўзаро солиштирма далолатнома тузилади.


56. ДХШ лойиҳалари учун ажратиладиган кредит линиялари маблағлари қуйидаги мақсадлар учун берилмайди:

илгари олинган банк кредитларини ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачи ва умумий овқатланиш ташкилотлари айланма маблағларини шакллантириш;

қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда улар учун ускуналар сотиб олиш;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган хусусий мулкни сотиб олиш;

маъмурий харажатларни тўлаш, шу жумладан, хизмат автомобилларини харид қилиш;

алоқа хизматлари учун тўловларни амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларда кредит берилмаслиги назарда тутилган бошқа товар (иш, хизмат)лар.


57. Тижорат банклари кредит бериш учун кредит олувчилардан ваколатли давлат органи томонидан давлат реестрига киритилган ДХШ тўғрисидаги битим нусхасини талаб қилиб олишга ҳақли.


58. Қарз олувчилар кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида тижорат банкига қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этади:

мол-мулк гарови;

банк ва (ёки) суғурта компаниясининг кафолати;

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

ДХШ тўғрисидаги битимда кўрсатилган ва ДХШ лойиҳасига киритилган давлат шеригининг объектлар, шунингдек, ДХШ тўғрисидаги битим даври мобайнида харид қилинган бошқа мол-мулклар кредит таъминоти ҳисобланмайди.


59. Тижорат банклари томонидан кредитлар 3-15 йиллик муддатга 3-6 ойлик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкаси миқдоридаги фоиз ставкасига тижорат банкининг 2 фоиздан кўп бўлмаган маржани қўшган ҳолда тақдим этилади.

Бунда кредитлар ДХШ лойиҳаси умумий қийматининг 80 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади.


60. Ваколатли давлат органининг ғазна ҳисобварағига келиб тушган кредит фоизлари ҳисобига шаклланган маблағлар кредит линияларини очиш орқали тижорат банкларига белгиланган тартибда қайта жойлаштирилади. Ушбу бандда назарда тутилган маблағларнинг вақтинча бўш турган қисми тижорат банкларида депозитга ҳам жойлаштирилиши мумкин.


61. ДХШ лойиҳасини амалга ошириш учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида кредит линиялари очилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


62. Давлат шериги бюджет соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар чоракда ДХШ лойиҳалари учун ажратилган маблағларнинг ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли молия органларига тақдим этиб боради ҳамда чоракдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.


63. Молия органига тақдим этилган ҳисоботларнинг асослилиги ва тўғрилиги, шунингдек, белгиланган муддатларда тақдим қилиниши учун давлат шериги ва хусусий шерик биргаликда жавобгар ҳисобланади.


64. ДХШ лойиҳалари учун режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линияларини ДХШ тўғрисидаги битимда назарда тутилган мақсадлардан ташқари бошқа мақсадлар учун сарфлаш қатъиян тақиқланади.


65. ДХШ лойиҳалари учун Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линияларининг мақсадли сарфланиши учун давлат шериги ва хусусий шерик жавобгар ҳисобланади.


66. ДХШ лойиҳалари учун Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланиш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

67. Давлат шериги ва ваколатли давлат органи ДХШ лойиҳалари учун Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджет маблағлари, субсидиялар, бюджет ссудалари ва кредит линияларидан фойдаланишда ДХШ тўғрисидаги битимда тасдиқланган муддатлар ва шартларга риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.


68. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 август










































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск