ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хоким. Жойлардаги ижро органлари (ҳокимиятлар) /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2021 й. ПҚ-5230-сон "Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.2021 й.

N ПҚ-5230



МАҲАЛЛИЙ ИЖРОИЯ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ЎРИНБОСАРЛАРИНИНГ

УЛАРГА ЮКЛАНГАН ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРИШДА

ШАХСИЙ МАСЪУЛИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда республикамизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан:

биринчидан, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди;

иккинчидан, ҳудудларда ишларнинг ҳаққоний ҳолатини чуқур ва ҳар томонлама танқидий ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифалари белгиланди;

учинчидан, барча даражадаги ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларида ҳисобот бериши тизими яратилди, шунингдек, ҳоким ва унинг ўринбосарларининг халқ билан очиқ мулоқот қилиш, шу жумладан аҳолининг кенг қатламлари билан сайёр қабуллар ўтказиш амалиёти жорий этилди;

тўртинчидан, маҳаллаларнинг "ўсиш нуқталари"ни аниқлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш орқали аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, "драйвер" лойиҳаларни амалга ошириш бўйича "маҳаллабай" ишлаш тизими ташкил қилинди;

бешинчидан, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган ҳар бир шахс билан тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш орқали аҳолининг, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг реал даромадларини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.

Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, ҳудудларни, айниқса ижтимоий-иқтисодий ривожланишда нисбатан орқада қолаётган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда биринчи навбатда барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва улар ўринбосарларининг ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлар орқали баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадида:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари (кейинги ўринларда - маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари)нинг эътибори қуйидагиларга қаратилсин:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз "технологик занжир"нинг янгича таъсирчан тизимини жорий этиш;

масъулиятсиз ўринбосарларига нисбатан шахсий талабчанлик ўрнига либерал муносабат шаклланиб бораётганлиги каби салбий ҳолатнинг олдини олиш, уларнинг функционал вазифаларини ўз вақтида ҳамда самарали бажаришга нисбатан шахсий масъулиятсизлигининг ҳар қандай кўриниши ва ҳолатларига бутунлай барҳам бериш.


2. Маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг ўзларига юкланган вазифаларни амалга оширишда асосий эътибори қуйидаги устувор масалаларга қаратилсин:

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари - аҳолининг бандлигини таъминлаш, республика ва маҳаллий бюджетга солиқ тушумлари прогноз кўрсаткичларини бажариш, ҳудудларда ташкил этилган кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга оширишдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда "маҳаллабай" ишлаш тизимига ўтиш;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари - ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган объектлар, қишлоқ ва шаҳар жойларида намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши сифатини назорат қилиш, объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш, ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, туман марказларида "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" давлат дастурлари ижросини ташкил этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув, ички хўжалик йўллари ва бошқа коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини қатъий назоратга олиш;

ҳоким ўринбосарлари - вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари - инвестиция, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан келиб чиқиб, унинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган "йўл хариталари" ижросини таъминлаш ишларига ҳамда ҳудудларда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш, ҳудуд раҳбарларининг хорижий давлатларга хизмат сафарлари якунлари бўйича эришилган келишувлар амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари - пахта ва ғалла етиштириш билан боғлиқ вазифалар билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, шу жумладан кластерлар фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигига замонавий, инновацион агротехнологияларни фаол киритиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, томчилатиб суғориш бўйича инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби жиддий ва муҳим масалаларга эътибор қаратиш;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни ҳудудларда тўлақонли жорий этиш, шу жумладан ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва бандлигини таъминлашда фаоллик кўрсатиш, аҳолини ижтимоий хизматлар билан таъминлаш, бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олиш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, профессионал таълим ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

ҳоким ўринбосарлари - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари - маҳалла фуқаролар йиғинларида "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш, жамиятда хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар билан манзилли ишлаш, аёллар бандлигини таъминлаш борасида аниқ натижаларга эришиш;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари - ички туризмни ривожлантириш, туризм қишлоқларини барпо этиш, аҳолини спортга жалб қилиш орқали уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни талаб даражасида ташкил этиш, соҳани рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик, шу жумладан хусусий секторнинг ушбу йўналишлардаги ролини оширишда ташаббускорлик кўрсатиш;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари - аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш, радикал диний оқимга мансуб фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан манзилли ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишга яқиндан кўмаклашиш, жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик борасидаги ишларни талаб даражасида ташкил этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги ПҚ-4702-сон қарори билан жорий қилинган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш ишлари амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ўринбосарлари ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижалари учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари фаолиятиниэнг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) (кейинги ўринларда - самарадорлик кўрсаткичлари) асосида баҳолаш тартиби жорий этилсин.


5. Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, шахсий масъулияти, ваколати ва жавобгарлиги ҳамда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олган намунавий низомларни тасдиқласин;

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари томонидан самарадорлик кўрсаткичлари ижроси бўйича ҳар ой оммавий ахборот воситалари, шу жумладан теле ва радио каналлар орқали ахборот берилишини ташкил этсин.


6. Белгилансинки:

маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти ҳар чорак якуни бўйича маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бунда, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари томонидан самарадорлик кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда - "қониқарсиз", 71 фоиздан 90 фоизгача - "қониқарли", 91 фоиздан 99 фоизгача - "яхши" ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда "аъло" деб баҳоланади;

ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари томонидан баҳолаш натижалари тегишли таҳлилий материаллар билан бирга Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда тақдим этилган таҳлилий материалларни тегишли раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида танқидий муҳокама қилган ҳолда ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига берилган шахсий баҳони муҳокама қилади, уларни рағбатлантиради ёки ўзига бириктирилган йўналишларда самарадорлик кўрсаткичларига эришишда масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ўринбосарларининг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқади ҳамда бу тўғрисида аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради;

ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси ўтказилади ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари рағбатлантирилади ёки уларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилади.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


8. Мазкур қарор билан жорий этилаётган маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими 2021 йил якунига қадар эксперимент тариқасида амалга оширилсин.


9. Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўтказилган эксперимент якунларига кўра 2022 йил 1 февралга қадар маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этишда юзага келган муаммолар ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, мазкур тизим самарадорлигини ошириш мақсадида уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан эксперимент тариқасида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари раҳбарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда уч ой муддатда туман (шаҳар) ҳокимлари ва улар ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимини жорий этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.


11. Вазирлар Маҳкамаси (Қўчқоров, Умаров) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (Хасанов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Давлат статистика қўмитаси (Бегалов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш натижалари ва динамикаси ҳақидаги маълумотларнинг реал вақт режимида идоралараро электрон алмашинувини таъминлайдиган электрон ахборот тизимини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилишини таъминласин.


12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳудудларга хизмат сафарлари давомида жойларга чиқиш, йиғилиш ўтказиш ва бошқа тадбирларни амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг тегишли ўринбосарларини жалб қилади. Мазкур тадбирларга ҳудудлар раҳбарларини жалб қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Бош вазирнинг бевосита топшириғи асосида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўз ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича барча даражадаги ҳокимликлар томонидан стратегик ва устувор вазифалар, тасдиқланган "йўл хариталари" ҳамда ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурларнинг самарали амалга оширилишида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун таъсирчан чоралар кўради.


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ҳар йили мунтазам равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларининг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этсин;

Ташқи ишлар вазирлиги, "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг хорижий давлатларга ўз йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқиш ва тажриба орттиришга юборилишини таъминласин.


14. Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимининг жорий этилишига масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 мартга қадар ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 24 август



























Время: 0.2099
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск