ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2021 й. 539-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 24 августдаги

539-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни

аниқлаш бўйича республика танловини ташкил

этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини (кейинги ўринларда - танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - ИИВ) тегишли таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида ўтказилади.


3. Танловда:


"Энг яхши профилактика инспектори" номинацияси бўйича - ИИВнинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;


"Энг яхши терговчи" номинацияси бўйича - ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида, унинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида тергов (суриштирув) соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;


"Энг яхши тезкор ходим" номинацияси бўйича - ИИВ марказий аппаратида, унинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида тезкор-қидирув фаолияти соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;


"Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи" номинацияси бўйича - ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган ҳамда мазкур лавозимда камида икки йил амалий иш тажрибасига эга раҳбар ходимлар қатнашади.


4. Танловда ёши, жинси, лавозими ва унвонидан қатъи назар, мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган барча ходимлар қатнашиши мумкин, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Қуйидаги ходимларнинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди:

генераллар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган ходимлар;

ИИВ марказий аппаратининг департаментлари, бош бошқармалари ва бошқармалари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар;

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар.

республика ёки ҳудудий комиссия аъзолари, саволларни тузишга масъул шахслар ҳамда танловни ўтказишга бевосита дахлдор бўлган ходимлар.


5. Танловда ҳудудий комиссия аъзолари бир вақтнинг ўзида республика комиссияси таркибида қатнашиши мумкин эмас.


6. Танловдан асосий мақсад қуйидагилардан иборат:

ички ишлар органлари ходимлари онги ва қалбида "Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз!" концептуал ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳисларини кучайтириш;

ички ишлар органларининг аҳоли орасидаги нуфузини янада ошириш, ходимларда виждонан ва садоқат билан хизмат қилиш туйғуларини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

ходимларнинг жанговар, жисмоний ва касбий тайёргарлик даражасини кучайтириш, улар орасида қонунчилик ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш;

раҳбарлик касб маҳорати ва санъати самарали ўзлаштирилиши, шахсий таркибнинг индивидуал касбий маҳоратини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

ходимларнинг интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш ҳамда бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ходимларда ташаббускорлик ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш;

юксак билимли ва профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш мақсадида истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш.


7. Танлов ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Танловни ташкил этиш ва ўтказишнинг

умумий талаблари


8. Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловининг ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда - ташкилий қўмита) томонидан ҳар йили июнь-июль ойлари давомида танлов ўтказилиши ҳақида ИИВнинг "www.iiv.uz" расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида эълон берилади.


9. Танловда иштирок этиш учун номзодлар ИИВнинг "www.iiv.uz" расмий веб-сайти орқали мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган муддат давомида рўйхатдан ўтади.


10. Рўйхатдан ўтиш йилнинг 31 июль куни якунланади ва рўйхатдан ўтган номзодлар ҳақидаги барча маълумотлар ташкилий қўмита томонидан тегишли ҳудудий ички ишлар органларига танловни ташкил этиш учун юборилади.


11. Танловда иштирок этиш учун номзодларнинг бошқача тарзда рўйхатдан ўтишига ёки ҳудудий саралаш босқичида иштирок этмасдан кейинги босқичда иштирок этишига йўл қўйилмайди.


12. Танлов ҳар йили 1 августдан 30 сентябрга қадар қуйидаги босқичларда ўтказилади:

ҳудудий саралаш босқичи - август ойида ИИВ марказий аппарати, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;

республика финал босқичи - сентябрь ойида ҳудудий саралаш босқичида ғолиб бўлган ходимлар ўртасида республика миқёсида.


13. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили июль ойида ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат йўналишлари бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Ҳудудий комиссия раис, унинг ўринбосари, тегишли соҳавий хизматнинг 4 нафар малакали ходимлари ва комиссия котибидан иборат таркибда тузилади.

Ҳудудий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар бошармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.


14. Танловнинг республика финал босқичини ўтказиш учун ҳар йили июль ойида соҳавий хизмат йўналишлари бўйича қуйидаги таркибда республика комиссияси (кейинги ўринларда - республика комиссияси) ташкил этилади:

раис - Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тегишли соҳавий хизматга раҳбарликни амалга оширувчи ўринбосари, бундан раҳбар ходимлар бўйича танловни ўтказишга масъул республика комиссияси мустасно бўлиб, мазкур комиссияга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раисликни амалга оширади;

раис ўринбосарлари - ИИВнинг тегишли департамент ёки бош бошқарма бошлиқлари (2 нафар);

аъзолар - ИИВ марказий аппаратининг тегишли соҳавий хизматлари ходимлари (8 киши);

котиб - ИИВ марказий аппаратининг тегишли соҳавий хизмати ходими.


15. Ҳудудий ва республика танлов комиссиялари ўз фаолиятини ҳар йили 1 июлдан 20 октябрга қадар олиб боради.


16. Танлов қуйидаги синовлар асосида ўтказилади:

иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;

иштирокчиларнинг жанговар тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;

иштирокчиларнинг билим даражасини аниқлашга қаратилган электрон тест синовлари (бунда тезкор-қидирув фаолияти бўйича тест синовлари қоғоз шаклида);

иштирокчиларнинг IQ (интеллектуал коэффициент) ва индивидуал психологик хусусиятлари даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;

иштирокчилар билан якка тартибдаги суҳбат.


17. Республика комиссиялари томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган синовлар асосида танловни ўтказиш тартиби, машғулотлар тури ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади ҳамда танлов бошланишидан камида 15 кун олдин ташкилий қўмита билан тегишли тартибда келишган ҳолда ҳудудий комиссияларга юборилади.


18. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичлари иштирокчиларининг синов натижалари 100 балли тизим асосида тегишли республика комиссиялари томонидан белгиланган тартиб бўйича баҳоланади.


19. Танлов иштирокчилари ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.


20. Танлов ошкора тартибда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатуви остида амалга оширилиши ҳамда тегишли тартибда техник воситалар орқали қайд этиб борилиши мумкин, тезкор-қидирув фаолияти соҳаси ходимлари билан ўтказиладиган тест ва якка тартибдаги суҳбат синовлари бундан мустасно, мазкур синовлар ёпиқ тарзда ўтказилади.



2-§. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика

финал босқичларини ўтказиш тартиби


21. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида иштирокчиларидан мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган синовлар қабул қилинади ва кўп балли тизим асосида баҳоланади.


22. Синовлар натижаси бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний бали республика комиссияси томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилади.


23. Ғолиб ва совриндорлар баллар йиғиндиси якуни бўйича аниқланади.


24. Икки ва ундан ортиқ иштирокчининг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда жисмоний тайёргарлик бўйича энг яхши натижа кўрсатган иштирокчи ғолиб деб топилади.


25. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга йўлланмани қўлга киритади.

Ҳудудий комиссиянинг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга йўлланмани қўлга киритган иштирокчиларнинг рўйхати кўрсатилади ҳамда республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.


26. Танловнинг республика финал босқичи тегишли номинациялар бўйича ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.


27. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади ҳамда ташкилий қўмитага белгиланган тартибда тақдим этилади.


28. Танловнинг республика финал босқичининг якуний натижалари ташкилий қўмита қарори билан расмийлаштирилади ва мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган номинациялар бўйича ғолиб ҳамда совриндорлар рўйхати илова қилинади.



3-БОБ. ТАНЛОВНИНГ ҒОЛИБ

ВА СОВРИНДОРЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ


29. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар совриндорлар ҳисобланади.


30. Танловнинг ғолиб ва совриндорлари қуйидаги тартибда тақдирланади:

а) ҳудудий саралаш босқичида:

1-ўрин учун - I даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун - II даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - III даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.

б) республика финал босқичида:

1-ўрин учун - I даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун - II даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 20 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - III даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 10 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти.


31. Танловнинг республика финал босқичида фаол иштирок этиб ўзининг билим ва касбий маҳоратини юксак даражада кўрсатган, бироқ ғолиб ёки совриндор бўлмаган иштирокчилар ташкилий қўмита қарори билан қўшимча равишда бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёхуд қимматбаҳо совға билан рағбатлантирилиши мумкин.


32. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичи ғолиб ҳамда совриндорларига диплом, пул мукофотлари ва бошқа қимматбаҳо совғалар ҳар йили "25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни" муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида тантанали равишда топширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:

амалдаги интизомий жазоларини муддатидан олдин бекор қилиш;

юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

муддатидан олдин навбатдаги махсус унвонга тавсия этиш;

раҳбар кадрларни тайёрлаш бўйича курслар ва таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилиш юзасидан қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тавсия бериш;

ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим муассасалари ва ташкилотларида ўқиш ёки малака оширишга юбориш;

идоравий ва давлат мукофотларига тавсия қилиш.


34. Танлов натижаларидан норози бўлган ходимлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб 1 кун давомида апелляция комиссияларига апелляция аризаси бериш ҳуқуқига эга. Апелляция аризаси 1 кун ичида кўриб чиқилади.


35. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичи апелляция комиссиялари тегишли ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, республика финал босқичи апелляция комиссияси - Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ташкил этилади.

Апелляция комиссиялари таркибига танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.


36. Танлов натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этиши мумкин.


37. Апелляция комиссиялари ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


38. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни

аниқлаш бўйича республика танловини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Ташкилий қўмита


Танлов ўтказилиши тўғрисида Ички ишлар вазирлигининг "www.iiv.uz" расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.


Июнь-июль ойлари давомида









2-босқич

Ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат ходимлари


Номзодлар Ички ишлар вазирлигининг "www.iiv.uz" расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.


Июнь-июль ойлари давомида









3-босқич

Ҳудудий комиссия

(ҳудудий саралаш босқичи)


1. Танловнинг "Энг яхши профилактика инспектори", "Энг яхши терговчи", "Энг яхши тезкор ходим" ҳамда "Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи" номинациялари бўйича ҳудудий саралаш босқичи ўтказилади.


2. Ҳудудий саралаш босқичи натижалари бўйича иштирокчиларни танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


3. Тегишли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларнинг умумлаштирилган рўйхати тузилади ҳамда Республика комиссиясига тақдим этилади.


Август ойида









4-босқич

Республика комиссияси

(республика финал босқичи)


      

1. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар ўртасида белгиланган нормативлар бўйича синовлар ўтказилади.


2. Тўпланган балларни қўшиш орқали ҳар бир иштирокчининг якуний баллари йиғиндиси чиқарилади.


3. Баллар йиғиндиси якунига кўра ғолиб ва совриндорлар аниқланади.



Сентябрь ойида









5-босқич

Ташкилий қўмита


Танловнинг "Энг яхши профилактика инспектори", "Энг яхши терговчи", "Энг яхши тезкор ходим" ҳамда "Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланади.


25 октябрь куни



           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 25 август
























































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск