ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Талабалар ва таълим олувчилар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.09.2021 й. ПФ-6309-сон "Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

09.09.2021 й.

N ПФ-6309



РЕСПУБЛИКА ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА ТАҲСИЛ ОЛАЁТГАН,

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНАЁТГАН ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИ

ЯНАДА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА


Талаба ёшларни ўз устида мунтазам ишлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишга ундаш, уларнинг истеъдодларини намоён этиш ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, билимли ва иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:


1. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси квотаси:

таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ва магистратура босқичи талабалари учун икки баробарга оширилиб, тегишлича 10 та ва 22 та этиб;

бакалавриат босқичи талабалари учун эсаҳар бир олий таълим муассасасига 1 тадан этиб белгилансин;

б) Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари жорий этилсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам татбиқ этилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасаси томонидан ўтказилади ва танловнинг навбатдаги босқичига тавсия этиладиган талабгорлар тегишли олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида аниқланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ўтказилади;

қўшма таълим дастури асосида давлат олий таълим муассасасини, республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотининг филиалини ёки нодавлат олий таълим ташкилотини тамомлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки номли давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар ҳам давлат олий таълим муассасаси магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.


3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхати ҳамда Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ таълим соҳаларини инобатга олган ҳолда таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ва магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда бакалавриат босқичи талабалари учун номли давлат стипендияларининг танлов йўналишлари рўйхатини тасдиқласин;

ҳар йили бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари квоталари бўйича таклифларни олий таълим муассасалари кесимида Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиб борсин;

тизимида олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасалари томонидан шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказилишини таъминласин.


4. Мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағлар 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида тегишли вазирлик ва идораларга ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралдаги "Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида"ги ПФ-555-сон Фармонига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М. Каримов белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Бош вазир ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 9 сентябрдаги

ПФ-6309-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

1993 йил 5 февралдаги "Ўзбекистоннинг ўқувчи

ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида"ги

ПФ-555-сон Фармонига киритилаётган ўзгартиришлар


1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Тадқиқотчилик фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётган ва бутун ўқиш даврида аъло баҳоларга ўқиган охирги ўқув йили талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси таъсис этилсин. Унинг сони магистратура мутахассисликлари бўйича жами 22 та, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ҳар бир олий таълим муассасаси учун биттадан этиб белгилансин".


2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари "аъло" (кўпи билан 25 фоизи "яхши") бўлган ҳамда ижодий ишда қатнашадиган бакалавриат таълим йўналишида ўқиётган охирги икки курс (кейинги ўринларда - юқори курс) талабалари учун қуйидаги номли давлат стипендиялари таъсис этилсин: техника йўналишларида - Беруний, тиббиёт йўналишларида - Ибн Сино, гуманитар йўналишларда - Навоий, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида - Камолиддин Беҳзод, табиий йўналишларда - Улуғбек, кинематография йўналишида - Худойберган Девонов, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида - Имом ал-Бухорий, Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида - Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов, шунингдек, барча йўналишларда - Ислом Каримов номли.

Белгилансинки:

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Улуғбек номли давлат стипендиялари бакалавриат таълим йўналишлари бўйича юқори курсларнинг ҳар минг нафар талабасига биттадан;

Имом ал-Бухорий номли давлат стипендияси Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг уч нафар юқори курс талабасига;

Худойберган Девонов номли давлат стипендияси кинематография соҳаси учун кадрлар тайёрловчи ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;

Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;

Ислом Каримов номли давлат стипендияси ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига тайинланади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 10 сентябрь

























































Время: 0.0176
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск