ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.09.2021 й. ПФ-6312-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

10.09.2021 й.

N ПФ-6312



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

БЎЙИЧА ВАКИЛИ (ОМБУДСМАН) ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) (кейинги ўринларда - Омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириш, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини ва ҳудудлардаги иштирокини кенгайтириш, Омбудсман фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш мақсадида:


1. Омбудсманнинг қуйидаги йўналишлардаги фаолияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашдаги энг устувор вазифа этиб белгилансин:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини, шу жумладан уларнинг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали таъминлаш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.


2. Олий Мажлис палаталарининг Омбудсманнинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимларини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш учун 2022 йил 1 январдан Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 14 та штат бирлиги ажратилсин.


3. Қуйидагилар Омбудсман минтақавий вакилларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;

фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;

ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш;

ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Омбудсманнинг минтақавий вакиллари:

ўзларининг фаолиятида бевосита Омбудсманга ҳисобдордир;

ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши аҳволи бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар йили маъруза тақдим қилади;

ҳудудларда жойлашган давлат органлари ва ташкилотларига монеликсиз киради ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан зудлик билан қабул қилинади;

б) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятига кўмаклашади.


5. Омбудсманга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда янги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари;

давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисга тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби;

Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи;

Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи;

Омбудсман лавозимига олий маълумотли, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган, сайланиш куни 30 ёшдан кичик бўлмаган ва бевосита сайловгача камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкинлигини белгиловчи қоида;

айни бир шахснинг икки мартадан ортиқ Омбудсман этиб сайланишига йўл қўйилмаслиги;

Омбудсман ва унинг ўринбосарининг ўз ваколат муддати даврида дахлсизлиги бўйича қўшимча кафолатлар;

Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакили мақоми;

Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабабва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида, шу жумладан Олий суд Пленуми мажлисларида Омбудсманнинг иштирок этиш ҳуқуқи;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида "Омбудсман қутиси"ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, унда эркинликдан маҳрум этилган шахслар томонидан мурожаатлар жойлаштириш тартиби;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми.


6. Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ахборот-техник жиҳатдан таъминлаш мақсадида Омбудсманга Ахборот технологияларива коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда лойиҳа қиймати ва тегишли ишларни молиялаштириш манбаларини акс эттирган ҳолда, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциялашган, Омбудсман ва унинг минтақавий вакилларига келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва тизимлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши устидан назорат қилишни таъминловчи Ягона ахборот тизимини яратиш, кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш бўйича техник ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда ваколатли органлардан экспертизадан ўтказилишини, зарур маблағлар ажратилгандан сўнг тўрт ой муддатда ушбу тизимнинг ишга туширилишини таъминлаш;

Омбудсман котибиятининг минтақавий вакиллар, Олий Мажлис палаталари, давлат бошқаруви органлари билан ахборот-коммуникация ва видеоконференцалоқа орқали боғланишини таъминлаш;

Омбудсманнинг Котибиятида электрон ҳужжат айланиш тизимини яратиш ва уни ишга тушириш, ушбу тизимни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаси билан интеграция қилиш, шунингдек, Омбудсман расмий веб-сайтининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

Омбудсманнинг Котибиятини зарур алоқа, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминлаш ва кенг полосали Интернет тармоғига ўрнатилган тартибда улаш тавсия этилсин.

Бунда, ахборот тизимларини яратиш, техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг функционал имкониятларини мунтазам такомиллаштириб бориш билан боғлиқ барча харажатлар 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджетидан Омбудсманга ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.


7. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.


8. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Омбудсманнинг Котибиятига ҳудудларга "мониторинг ташрифлари"ни ташкил этиш учун 1 та енгил автотранспорт воситаси ва 1 та микроавтобус ажратилишини таъминласин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари минтақавий вакилни вилоят марказларида жойлашган давлат органларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш, шунингдек, уни зарур мебель, алоқа ва техник воситалар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 10 сентябрдаги

ПФ-6312-сон Фармонига

ИЛОВА



Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

(омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш бўйича

КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Ижро муддати


Масъул ижрочилар


I. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛИ

(ОМБУДСМАН) ФАОЛИЯТИНИ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ

1.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га (кейинги ўринларда - Омбудсман) қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бериш.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини беришни назарда тутувчи тузатиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Манфаатдор ташкилотлар билан келишилган қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш.


2021 йил

1 декабрь


Омбудсман (Эшматова), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида)


2.

Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, "Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қайта кўриб чиқиш.


Янги таҳрирдаги "Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Манфаатдор ташкилотлар билан келишилган қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш.


2021 йил

1 декабрь


Омбудсман (Эшматова), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида), Адлия вазирлиги (Давлетов)


3.

Омбудсман Котибиятининг (кейинги ўринларда - Котибият) фаолиятига доир ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллар тузилмасини тасдиқлаш.


2021 йил

1 октябрь


Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Омбудсман (Эшматова)




Котибиятнинг янги низомини тасдиқлаш.


2021 йил

1 октябрь


Омбудсман (Эшматова)




Котибият ходимларига мартаба даражаларини бериш тартибини тасдиқлаш.


2021 йил

1 ноябрь


Омбудсман (Эшматова), Адлия вазирлиги (Давлетов)

4.

Омбудсман Котибияти ходимлари ва минтақавий вакилларнинг салоҳиятини ошириш.


Омбудсман Котибияти ходимлари ва минтақавий вакилларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.


2022 йил

1 январь


Омбудсман (Эшматова), Адлия вазирлиги (Давлетов), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (Саидов)


II. ОМБУДСМАН ФАОЛИЯТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

5.

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар белгилаш.


Чора-тадбирлар дастури

2021 йил

1 ноябрь


Омбудсман (Эшматова), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (Саидов), Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Юнусова), Бош прокуратура (Йўлдошев), Адлия вазирлиги (Давлетов), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


6.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) билан яқин ҳамкорликни ва тизимли ишларни йўлга қўйиш, биргаликда халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режаларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш.


Амалий чора-тадбирлар

2021 йил

1 декабрь


Омбудсман (Эшматова), Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Юнусова)


7.

Омбудсман фаолиятига ахборот технологияларини кенг жорий этиш.

Лойиҳа қиймати ва тегишли ишларни молиялаштириш манбаларини акс эттирган ҳолда, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциялашган, Омбудсман ва унинг минтақавий вакилларига келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва тизимлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши устидан назорат қилишни таъминловчи Ягона ахборот тизимини яратиш, кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш бўйича техник ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда ваколатли органлардан экспертизадан ўтказилишини таъминлаш.

2021 йил

1 ноябрь


Омбудсман (Эшматова), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (Садиков)



Зарур маблағлар ажратилгандан сўнг тўрт ой муддатда ушбу тизимни ишга тушириш.

Котибиятнинг минтақавий вакиллар, Олий Мажлис палаталари, давлат бошқаруви органлари билан ахборот-коммуникация ва видеоконференцалоқа орқали боғланишини таъминлаш.

Котибиятда электрон ҳужжат айланиш тизимини яратиш ва уни ишга тушириш, ушбу тизимни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаси билан интеграция қилиш, шунингдек, Омбудсман расмий веб-сайтининг узлуксиз ишлашини таъминлаш.

Котибиятни зарур алоқа, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминлаш ва кенг полосали Интернет тармоғига ўрнатилган тартибда улаш.


Келишилган

муддатларда


8.

Котибият ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш.


Буйруқ

2021 йил

1 октябрь


Омбудсман (Эшматова)

9.

Котибият ходимларининг малакасини ошириш учун уларнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, бошқа таълим муассасалари ва хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларида таълим олиши ва амалиёт ўташини ташкил этиш.


Чора-тадбирлар режаси

2021-2022

йиллар


Омбудсман (Эшматова)

III. ОМБУДСМАН КОТИБИЯТИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

10.

Омбудсман минтақавий вакили фаолияти учун зарур шароитлар яратиш.


Омбудсман минтақавий вакилини вилоят марказларида жойлашган давлат органларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш, уларни зарур мебель, алоқа ва техник воситалари билан таъминлаш.

Минтақавий вакилни хизмат автомашинаси билан таъминлаш.


2022 йил

1 январь


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Омбудсман (Эшматова)


11.

Омбудсман фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш.


1 та енгил автотранспорт воситаси ва 1 та микроавтобус ажратилишини таъминлаш;

зарур мебель, инвентарлар, компьютер ва бошқа оргтехника билан таъминлаш.


2021 йил

1 ноябрь


Вазирлар Маҳкамаси (Кучкаров), Молия вазирлиги (Ишметов), Омбудсман (Эшматова)


12.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш.


Нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этиш.

2021 йил

1 декабрь


Омбудсман (Эшматова)

Омбудсман ресурс марказини ташкил қилиш ва жиҳозлаш.


2022 йил

1 март


13.

Котибиятнинг кичик типографиясини ташкил қилиш ва уни Омбудсман ҳисоботлари натижалари, рисолалар, буклетлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш учун зарур бўлган замонавий нашриёт ускуналари билан жиҳозлаш.


Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил

1 март

Омбудсман (Эшматова), Молия вазирлиги (Ишметов)


IV. ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДА АҲОЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ

ОНГИ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ

14.

Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар режаси


2022 йил

1 январь


Омбудсман (Эшматова)


15.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ахборот материаллари ва нашрларни (рисолалар, буклетлар ва бошқа адабиётлар) чоп этиш.


Чора-тадбирлар режаси


Доимий

Омбудсман (Эшматова)

16.

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни (давра суҳбатлари, тренинглар, семинарлар, конференциялар) ташкил этиш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова)

17.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувларни ташкил этиш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова)

V. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

18.

Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаш.


Ташкилий чора-тадбирлар


Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


19.

Туркия Республикаси Бош Омбудсмани билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш.


Ташкилий чора-тадбирлар

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


20.

Евроосиё Омбудсманлари Альянсига тўлақонли аъзо бўлиб кириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар режаси

2021 йил

1 ноябрь


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


21.

Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари Кенгашини ташкил этишга қаратилган тадбирларда иштирок этиш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


22.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, AҚШ Xaлқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури (LRP), Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ташкилотлар билан биргаликда миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов)


23.

БМТ Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича сессияларида, БМТнинг шартномавий органларида, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (Саидов), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


24.

Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари Глобал альянсида "А" мақомини олиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш.


Чора-тадбирлар режаси

2022 йил

1 сентябрь


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов)


25.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, фуқароларнинг суд ҳимояси ҳуқуқлари кафолатини янада кучайтириш бўйича хорижий экспертлар иштирокида халқаро тадбирлар (форумлар, конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқалар) ташкил этиш ва ўтказиш.


Чора-тадбирлар режаси

Белгиланган

муддатларда


Омбудсман (Эшматова), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 11 сентябрь





















































Время: 0.1921
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск