ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисида умумий қоидалар / Шартномаларнинг умумий шартлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.09.2021 й. ПФ-6313-сон "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.09.2021 й.

N ПФ-6313



ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2021 йил 1 декабрдан қуйидагиларни бекор қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:

тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқни;

давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талабни;

қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талабни.

Таъкидлансинки, ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланади.


2. Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилсин.

Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қарз шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган давлат божи миқдорини икки баравар камайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, 2022 йил 1 январдан:

а) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси - қарздор зиммасида қолади.

Аукцион ғолиби томонидан мулкни қабул қилиб олмасликнинг қуйидаги ҳолларида закалат пули аукцион ғолиби мурожаат қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтариб берилиши шарт:

аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган техник тавсифларига мос келмаса;

мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса;

б) шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;

в) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади.

Шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахслар (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар) томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳамда зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;

г) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.

Хабарнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь кун ичида тўловчи томонидан ушбу фармойиш устидан судга шикоят қилинган тақдирда, мижознинг ҳисобварағидан пул маблағларини чиқариш ёки чиқармаслик суднинг қарорига мувофиқ амалга оширилади;

д) коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.


4. Намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинсин, қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. Қуйидагилар:

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузиш ва мажбуриятларни бажаришдаги муносабатларни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар намуналарини ишлаб чиқиш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк ва Савдо-саноат палатасининг электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда эскроу тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


7. Фермер хўжаликлари ва тайёрлов ташкилотларига контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тавсия этилсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратсин.


8. Олий суд судлар томонидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда ҳамда шартномалар шартларини шарҳлашда қонунчилик ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётини тизимли равишда, лекин камида ярим йилда бир марта, таҳлил қилсин ва натижаси юзасидан ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш учун судларга тегишли кўрсатмалар бериб борсин.


9. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда коммунал соҳа ва бошқа шу каби соҳаларда аҳолига товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи давлат корхоналари икки ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузишда ахборот тизимларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Молия вазирлиги давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадидадавлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига:

тузилган шартномалар ҳамда уларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қўшимча келишувлар бўйича барча ҳужжатлар ва ахборотлар;

шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда, шартнома бажарилганда ёки у бекор бўлганда, давлат буюртмачиси томонидан шартноманинг бажарилиши юзасидан ҳисобот мажбурий равишда жойлаштириб борилишини таъминласин.


11. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномаларни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилганлиги, тарафларнинг тенглиги тамойилларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилсин ҳамда заруратга кўра оммавий шартномаларни қайтадан ишлаб чиқиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан тузиладиган энергетика, кон-металлургия, алоқа соҳасидаги инвестиция шартномаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш босқичида етакчи халқаро консалтинг ва юридик компанияларни жалб қилиш ҳамда уларни молиялаштириш манбаларинианиқлаш бўйича таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


13. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича шартномаларнинг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузилиши амалиётини йўлга қўйсин.


14. Адлия вазирлиги:

Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда электрон тижоратни амалга оширишда эскроу тизимидан фойдаланиш қоидаларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ахборот тизими орқали шартномаларни имзолаш, сақлаш ва жўнатиш бўйича хизматларни кўрсатиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш бўйича тадбирларни амалга оширсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


16. Адлия вазирлиги:

а) Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартларни ишлаб чиқсин ва эълон қилсин;

б) уч ой муддатда шартномалар намуналарини "yurxizmat.uz" махсус ахборот порталига жойлаштирсин ва уларни қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритсин;

в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда намунавий шартномаларни тасдиқлаш тўғрисидаги қонуности ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, ушбу Фармонга номувофиқ бўлган қонуности ҳужжатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш юзасидан тегишли таклифларни уларни қабул қилган органга киритсин;

уч ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.Қ. Давлетов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 14 сентябрдаги

ПФ-6313-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузиш

ва мажбуриятларни бажаришдаги муносабатларни

янада такомиллаштириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Тадбирларнинг номланиши


Амалга ошириш

шакли


Амалга ошириш

муддатлари


Масъул ижрочилар


Вазирлик ва

идоралардан


Вазирлар

Маҳкамасидан


1.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шу жумладан:

ғолиб номига чиқарилган баённомани электрон алмашинув тизими орқали кадастр, банк, нотариал идоралар ва мажбурий ижро бўлимларига юборган ҳолда ютиб олинган мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини автоматик равишда расмийлаштириш тизимини жорий қилиш;

электрон аукцион савдо олди ва савдо жараёнларини автоматлаштириш, жумладан закалат пулини инсон омилисиз қайтариш тизимини йўлга қўйиш;

электрон онлайн-аукцион жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш тартибини такомиллаштириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2021 йил

1 ноябрь


Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ортиқов), Бош прокуратура (Йўлдошев), Адлия вазирлиги (Давлетов)


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов

2.

Қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиш:

жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат бериш;

қарз шартномасини нотариал тасдиқланганлик учун ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб берганлик учун амалдаги давлат божи миқдорини икки маротаба камайтириш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

1 декабрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Марказий банк (Зохидов), Молия вазирлиги (Ишметов)


Д.Каландаров, М.Якубов


3.

Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ва "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги қонунларига хўжалик жамиятининг ижро этувчи органи томонидан йирик битимлар ёки аффилланган шахслар билан битимлар тузиш тартиби бузилиши натижасида жамиятга зарар етказилганда ва бунда жамият директорининг, бошқарув аъзоларининг ёки ишончли бошқарувчининг айби исботланганда, улар жамиятнинг кредиторларга етказган зарардан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича жамият билан бир қаторда субсидиар тарзда ўз мулклари билан жавоб беришини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

1 декабрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ортиқов)

Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


4.

Электрон тижоратни ҳамда бошқа соҳаларда олди-сотдини амалга оширишда эскроу тизимидан фойдаланиш қоидаларини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари


2021 йил

1 декабрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Марказий банк (Зохидов), Савдо-саноат палатаси (Жасимов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


О.Умаров, Ш.Ражаббаев

5.

Электрон тизимда шартномаларнинг тузилиши, ўзгартирилиши, бекор қилиниши ва уларнинг сақланиши тартибини ишлаб чиқиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2021 йил

1 декабрь

Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарахметов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов

6.

Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, бунда:

товарларнинг нархини сунъий равишда оширилишига қарши чораларни белгилаш;

олдиндан келишиш ва тил бириктиришларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича чораларни кўришни назарда тутиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2021 йил

1 декабрь


Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарахметов), Адлия вазирлиги (Давлетов)


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


7.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги намунавий шартномаларни тасдиқлаш тўғрисидаги қонуности ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларни қабул қилган органларга қонуности ҳужжатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича тегишли таклифларни киритиш.


Таклифлар

2021 йил

1 ноябрь

Адлия вазирлиги (Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

Д.Каландаров, М.Якубов


8.

Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида ўтказиладиган харидларнинг очиқлигини қуйидагилар орқали таъминлаш:

давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига тузилган шартномалар ҳамда уларга ўзгартириш киритиш бўйича қўшимча келишувларга оид барча ҳужжатлар ва ахборотларни;

шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда, шартнома бажарилганда ёки у бекор бўлганда давлат буюртмачиси томонидан шартноманинг бажарилиши юзасидан ҳисоботни жойлаштириб бориш.


Ташкилий чора-тадбирлар


2021 йил

1 ноябрь

Молия вазирлиги (Ишметов), "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ, давлат буюртмачилари


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


9.

Ўзбекистон Республикасининг "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонунига чет давлатларнинг электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиш бўйича қоидаларни киритиш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

1 декабрь


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов)


О.Умаров, Ш.Ражаббаев


10.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини чет давлатларида тан олиниши юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ташкилий чора-тадбирлар


2021 йил

1 декабрь


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Ташқи ишлар вазирлиги (Комилов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов)


О.Умаров, Ш.Ражаббаев

11.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузишда ахборот тизимларидан кенг фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил

1 ноябрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, аҳолига товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи давлат корхоналари


О.Умаров, Ш.Ражаббаев

12.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда фойдаланиш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш.


Ижрочиларнинг қўшма қарори


2021 йил

1 ноябрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Бурханов), Савдо-саноат палатаси (Жасимов)


Д.Каландаров, М.Якубов


13.

Табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномаларни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилганлиги, тарафларнинг тенглиги тамойилларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва натижаси юзасидан ахборот киритиш.


Таҳлилий маълумот

2021 йил

1 декабрь


Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарахметов), Адлия вазирлиги (Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


14.

Контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил

1 декабрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)

Ш.Ганиев,

Т.Рапиков

15.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига ўқитиш шартномаларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузилиши амалиётини йўлга қўйиш.


Ташкилий чора-тадбирлар


2022/2023

ўқув йилидан

бошлаб

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов), олий таълим муассасалари


Б.Мусаев, М.Вахобов


16.

Судлар томонидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда ҳамда шартнома шартларини шарҳлашда қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётини тизимли равишда таҳлил қилиш ва натижаси юзасидан судларда ягона амалиётни шакллантириш учун тавсиялар ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар режаси


2022 йил

1 февралдан

бошлаб ҳар

ярим йилда


Олий суд (Комилов),

Адлия вазирлиги (Давлетов),

манфаатдор вазирлик

ва идоралар


17.

Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонунида мустаҳкамланган давлат органларига юклатилган хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган ишларни назорат қилиш каби давлат аралашувини ўзида ифода этувчи вазифаларни чиқариб ташлаш мақсадида, шунингдек, ушбу Қонундаги аксарият қоидалар амалдаги қонунчиликдаги нормаларни такрорлаётганлиги боис, уни бекор қилиш ҳамда заруратга қараб шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик масалаларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида тўлиқ акс эттириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

1 декабрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Бош прокуратура (Йўлдошев), Олий суд (Комилов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев), Савдо-саноат палатаси (Жасимов)


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


18.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида дебиторлик ва кредиторлик қарз муддатларини ўтказиб юборганлик, шунингдек, шартнома интизомини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Қонун лойиҳаси

2021 йил

1 ноябрь


Адлия вазирлиги (Давлетов), Бош прокуратура (Йўлдошев), Олий суд (Комилов), Молия вазирлиги (Ишметов), Давлат солиқ қўмитаси (Кудбиев)


Ж.Қўчқоров, Д.Холмуродов


         





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 14 сентябрдаги

ПФ-6313-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар

намуналарини ишлаб чиқиш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Намунавий шартнома

лойиҳаси номи


Ишлаб чиқувчилар


Адлия вазирлигига

тақдим қилиш

муддати


1.

Қарз


Марказий банк

2021 йил

1 ноябрь

Кредит


Ипотека


Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш


Банк омонати


Банк ҳисобварағи


Гаров


Кафиллик


2.

Суғурта


Молия вазирлиги

2021 йил

1 ноябрь

Товарлар етказиб бериш тўғрисидаги давлат контракти


Харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун зарур бўлган шартномалар


Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида шартномалар


3.

Қурилиш пудрати


Қурилиш вазирлиги

2021 йил

1 ноябрь

Лойиҳа-қидирув ишлари пудрати


Қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш


4.

Контрактация


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

2021 йил

1 ноябрь

Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш


Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш


Моддий-техника ресурсларини етказиб бериш


Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш


Қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар ва лалми ерларни инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш


Яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтларни инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш


5.

Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш


Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси

2021 йил

1октябрь

6.

Техник сув етказиб бериш


Сув хўжалиги вазирлиги

2021 йил

1 ноябрь

Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйидаги тупроқ уюмлари эгаллаган майдонлардан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижарага бериш


Балиқчилик аҳамиятига эга бўлган сув ҳавзаларида (сув омборларида) хўжалик фаолиятини юритиш


7.

Электр таъминоти


Энергетика вазирлиги

2021 йил

1 декабрь

Субистеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш


Табиий газ етказиб бериш


Аҳолига суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш


Ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш


Истеъмолчига маиший газ баллонини вақтинча фойдаланишга бериш


8.

Транспорт воситаларининг ижараси


Транспорт вазирлиги

2021 йил

1 ноябрь

Темир йўлда юк ташиш (юк турлари бўйича)


Йўловчи, багаж ва юк ташиш


Шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар йўналишларида хизмат кўрсатиш


Лизинг


Транспорт экспедицияси


Аэропорт хизматларини кўрсатиш


9.

Бинолар ва иншоотлар ижараси


Давлат активларини бошқариш агентлиги

2021 йил

1 ноябрь

Корхонани ижарага бериш


Мол-мулкни ишончли бошқариш


Давлат уй-жой фондидаги турар жойни ижарага олиш


Объектни баҳолаш


10.

Туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш


Ички ишлар вазирлиги

2021 йил

1 октябрь


Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш


Фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматларини кўрсатиш


11.

Истеъмолчиларга ичимлик ва оқова суви хизматларини кўрсатиш


Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

2021 йил

1 октябрь

Истеъмолчиларга транспорт орқали ичимлик суви етказиб бериш хизматларини кўрсатиш


Иссиқлик таъминоти, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш


Кўп квартирали уйни бошқариш


12.

Жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатиш


Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

2021 йил

1 октябрь


Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш


Давлат экологик экспертизасидан ўтказиш


Овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш


13.

Пуллик таълим хизматларини кўрсатиш


Халқ таълими вазирлиги

2021 йил

1 октябрь


Дарсликларни ижарага бериш


Дарсликлар ва/ёки ўқув-методик қўлланмаларни бепул фойдаланишга бериш


14.

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


2021 йил

1 октябрь


       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 14 сентябрдаги

ПФ-6313-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим фармонлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги 1995 йил 12 майдаги ПФ-1154-сон Фармонининг 1-банди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармонининг 5-банди.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 2003 йил 4 июлдаги ПФ-3274-сон Фармонининг 1-банди иккинчи хатбошиси.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги 2003 йил 1 октябрдаги ПФ-3323-сон Фармонининг 1-банди.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 2018 йил 12 июлдаги ПФ-5476-сон Фармонига илованинг 2-банди.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сон Фармонига 2-илованинг 1-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 сентябрь
















































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск