ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикасининг 20.09.2021 й. ЎРҚ-717-сон "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.07.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.08.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.09.2021 й.

N ЎРҚ-717



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 27 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги ЎРҚ-427-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 135-модда; 2019 йил, N 9, 591-модда; 2020 йил, N 11, 652-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 5-модданинг:

биринчи қисмидаги "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади";

бешинчи қисмидаги "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

олтинчи ва еттинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгашнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбаси ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади";


2) 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш;

судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;

Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьяларни касбий жиҳатдан тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш;

раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш;

оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ҳамда уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш";


3) 7-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун:

судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади;

раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси ва раис ўринбосари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини, туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяларини, ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини лавозимга тайинлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялик лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига қонунга мувофиқ хулосалар (тақдимномалар) киритади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьялари, туманлараро маъмурий судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига ўтказади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни ўз аризаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маъмурий судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига ўтказиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, туманлараро маъмурий судларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланадиган судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар (таклифлар) киритади;

қонунда назарда тутилган ҳолларда, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини, туманлараро маъмурий судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяларини, ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини лавозимидан озод қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маъмурий судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига хулосалар киритади;

судьяларга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш тартибини белгилайди;

судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

судьяларга ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказади;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборади;

ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларини интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

судьяларни жиноий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса беради;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ҳамда уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича, шунингдек қонунчиликни қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериш тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми кўриб чиқиши учун киритади;

судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг фаолиятини текширади, Судьялар олий малака ҳайъати қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқади, судьялар малака ҳайъатлари раисларининг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Судьялар олий малака ҳайъатининг қарорлари, хулосалари юзасидан тақдимномаларни кўриб чиқади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;

судьяларнинг фаолиятини уларнинг касбига муносиблиги нуқтаи назаридан ўрганади;

Судьялар одоби кодексини тасдиқлайди;

судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг мазкур департамент фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитади;

судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларнинг, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ва касбий сифатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборотни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламенти ҳамда ваколатига тааллуқли масалалар бўйича низомларни тасдиқлайди.

Кенгаш қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин";


4) 9-модданинг биринчи қисми:

иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул бўлади";

қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади";

еттинчи - ўн биринчи хатбошилари тегишинча тўққизинчи - ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


5) 10-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш раисининг ўринбосари:

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради";


6) 12-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"электрон рейтинг дастури орқали судьялар фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилиш";


7) 13-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш аъзоси:

ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга ошириши;

суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципи асосида одил судловни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиши;

судьялик лавозимларига номзодларни холис ўрганиши;

судьялар орасида коррупциявий ҳолатларнинг оқибатлари ва сабабларини, шунингдек уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига аралашиш ҳолатларининг олдини олишга, уларни аниқлашга, чек қўйишга, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиши ҳамда бу ҳаракатлар тўғрисида Кенгашга хабар бериши;

Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувини сир тутиши ва ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши туфайли судьяларнинг ва судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ҳаёти тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиши;

Кенгашнинг нуфузига путур етказиши, унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;

ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ва бу юзага келганда ушбу Қонун 16-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра ўзини ўзи рад этиши;

Кенгаш томонидан кўрилаётган масалалар бўйича овоз бериши шарт";


8) 17-модда иккинчи қисмининг:

иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

учинчи - саккизинчи хатбошилари тегишинча иккинчи - еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"судьялик лавозимига тайинлаш, ўтказиш ҳақида";

олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"судьяни жиноий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақида";


9) 18-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш судьялик лавозимига биринчи марта, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг кейинги муддатсиз даврига тайинланадиган (сайланадиган) номзоднинг муносиблигини аниқлашда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раҳбарлик лавозимларига номзодни тайинлашда (сайлашда) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан зарур ахборотни сўраб олиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Кенгашнинг сўрови олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда тегишли хулосани тақдим этиши керак";

қуйидаги мазмундаги учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин.

Прокуратура органларига киритилган тақдимнома бир ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабардор қилинади.

Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, судья ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда хабар қилиниши шарт";


10) 20-модда чиқариб ташлансин;


11) 24-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.

Судьяликка номзод бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда турли ўрганиш усулларидан - суҳбат ўтказишдан, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказишдан, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлашдан, билим даражасини аниқлаш учун электрон сўров дастуридан фойдаланилиши мумкин.

Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли рад этилган номзод бир йил ўтгач, бўш судьялик лавозимини тўлдириш учун эълон қилинган танловда иштирок этиши тўғрисидаги ариза билан Кенгашга такроран мурожаат қилиши мумкин";


12) 24-1-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кенгаш вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари, раис ўринбосарлари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, туманлараро маъмурий судлар раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси, раис ўринбосари ва судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига номзодлар бўйича жамоатчилик фикрини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган тартибга кўра ўрганади";


13) 31-модданинг биринчи қисмидаги "Кенгаш раиси ва котибининг" деган сўзлар "Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котибининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 сентябрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 21 сентябрь









































Время: 0.2074
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск