ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2021 й. 575-сон "Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.09.2021 й.

N 575



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ АГЕНТЛИГИНИНГ

ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ МУАССАСАЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида" 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон Фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2021 йил 25 мартдаги ПҚ-5038-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомлар тасдиқлансин, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан "Саховат" интернат уйларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

"Саховат" интернат уйларининг асосий вазифалари ва функциялари, "Саховат" интернат уйларига қабул қилиш, ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида сақланаётганларни "Саховат" интернат уйларига жойлаштириш тартиби;

васийликка олинган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида "Саховат" интернат уйларида тиббий-психологик комиссия фаолиятини ташкил этиш, "Саховат" интернат уйлари фаолиятини ташкил этиш, "Саховат" интернат уйларини бошқариш тартиби;

б) "Мурувват" ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ:

Агентлик томонидан "Мурувват" интернат уйларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

"Мурувват" интернат уйларининг асосий вазифалари ва функциялари, "Мурувват" интернат уйларига қабул қилиш, ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида сақланаётганларни "Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш тартиби;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида "Мурувват" интернат уйларида тиббий-психологик комиссия ташкил этиш, "Мурувват" интернат уйлари фаолиятини ташкил этиш, "Мурувват" интернат уйларини бошқариш тартиби;

в) "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ:

Агентлик томонидан "Мурувват" болалар интернат уйларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

"Мурувват" болалар интернат уйларининг асосий вазифалари ва функциялари, "Мурувват" болалар интернат уйларига қабул қилиш, "Мурувват" болалар интернат уйларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш тартиби;

"Мурувват" болалар интернат уйлари фаолиятини ташкил этиш, "Мурувват" болалар интернат уйларини бошқариш тартиби;

г) Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ:

Агентлик томонидан санаторийларни (республика санаторийларидан ташқари) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

санаторийларнинг асосий вазифалари ва функциялари, уларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, санаторийлар фаолиятини ташкил этиш, санаторийларни бошқариш, шунингдек санаторийлар фаолиятини молиялаштириш тартиби;

д) Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ:

Агентлик томонидан пансионатни Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

пансионатнинг асосий вазифа ва функциялари, пансионатга Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслар ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз уруш ва меҳнат фахрийларини қабул қилиш тартиби;

пансионатда васийликка олинганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш, васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамни амалга ошириш мақсадида пансионатда тиббий-психологик комиссия ташкил этиш, пансионат фаолиятини ташкил этиш, уни бошқариш тартиби.


2. Қуйидагилар Агентликнинг тиббий-ижтимоий муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида" 2008 йил 5 ноябрдаги 240-сон қарорига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

6-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Одам савдоси

жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика

реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида"

2008 йил 5 ноябрдаги 240-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Қуйидагилар Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш".


2. 3-банднинг тўртинчи хатбошида "Соғлиқни сақлаш вазирига" сўзлари "Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорига" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. 4-бандда "Соғлиқни сақлаш вазири" сўзлари "Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. 2-илова (Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази тўғрисидаги низом)нинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш

бўйича республика реабилитация

маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) мақоми, фаолиятининг асосий тамойиллари, вазифалари ва функциялари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказ Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимида одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича реабилитация ташкилоти ҳисобланади.

3. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

4. Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз Уставига амал қилади.

5. Марказ Агентлик билан келишган ҳолда ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

6. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин ҳамда улар Марказ хизматларидан фойдаланувчилар ҳисобланади.

7. Марказ ўз фаолиятини қуйидаги асосий тамойиллар асосида амалга оширади:

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг камситилишига йўл қўймаслик;

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг шахси ва шахсий ҳаёти махфийлигига риоя қилиш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий жихатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда якка тартибда парвариш қилиш.


2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш.

9. Марказ зиммасига юкланган асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш соҳасида:

яшаш учун бошпана билан таъминлайди;

белгиланган тартибда ва меъёрларга мувофиқ озиқ-овқат билан таъминлайди;

белгиланган тартибда тиббий ёрдам ва тиббий буюмлар билан таъминлайди;

б) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш соҳасида:

тиббий, ижтимоий реабилитация қилишнинг янги услуб ва механизмларини ишлаб чиқади ва татбиқ қилади;

ишлаб чиқилган услуб ва механизмларини хорижий мамлакатларнинг илғор методикалари асосида доимий равишда янгилайди;

в) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ижтимоий реабилитациясига ва мослашувига кўмаклашади;

касбга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашни ташкиллаштиради;

г) нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш соҳасида:

оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилади;

нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

д) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш соҳасида:

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг хавфсизлигини таъминлайди;

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишига кўмаклашади;

одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қариндошларига ва васийларига одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот беради.


3-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Марказ одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга комплекс хизматлар кўрсатади.

11. Марказ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.

Марказ томонидан кўрсатилган жами пуллик хизматлар учун тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади.

12. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни Марказга жойлаштириш одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ўз хоҳиши ҳамда Марказ директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинган қўшма қарор асосида амалга оширилади.

13. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказда ўттиз кунгача муддатга жойлаштирилади. Тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация жараёнлари давом эттирилиши талаб этилган ҳолларда одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг Марказда бўлиши муддати уч ойгача муддатга узайтирилиши мумкин. Агар одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилса яшаш муддати кўрсатиб ўтилган жабрдийдаларни ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисобланган даврга узайтирилади.

14. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказни уларнинг шахсан ёзма мурожаатларига мувофиқ ўз хоҳиши билан тарк этиш ҳуқуқига эга.

15. Марказда одам савдосидан жабрланганлари, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлари бўлган эркаклар ва аёллар, шунингдек болалар алоҳида-алоҳида жойлаштирилади.

16. Марказ одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга:

самарали ижтимоий реабилитация қилинишига кўмаклашади;

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот тақдим этади;

хавфсизлигини таъминлайди;

овқатланиш, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлайди;

қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлайди;

қариндошлари билан алоқа ўрнатишга кўмаклашади;

одам савдоси жабрдийдалари ижтимоий реабилитация қилинишига кўмаклашади.

17. Одам савдосининг ҳар бир жабрдийдасига унинг соғлиғи ҳолатини комплекс текшириб чиқиш ва баҳолаш натижалари, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам зарурлиги юзасидан ишлаб чиқиладиган шахсий реабилитация қилиш режаси асосида ёрдам кўрсатилади. Ҳар бир одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларининг шахсий реабилитация қилиш режасининг намунавий шакли Марказ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Агентлик томонидан тасдиқланади.

18. Марказ ёки реабилитация қилишда қатнашувчи бошқа ташкилотларнинг мутахассислари, Марказ директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинган қўшма қарор асосида реабилитация жараёнида одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга тиббий, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш юзасидан реабилитация жараёнига тузатиш киритиш мақсадида ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига тегишли ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Реабилитация чора-тадбирлари бажарилгандан кейин Марказ раҳбарияти томонидан мутасадди врач билан биргаликда ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига мувофиқ амалга оширилган реабилитация натижалари баҳоланади.

19. Тиббий кўрсатмага мувофиқ Марказ одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни даволаш-профилактика муассасаларига, шу жумладан ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига белгиланган тартибда диагностика, даволаш-маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шунингдек (атрофдагилар учун хавф туғдирадиган наркология, психиатрия, дерматовенерология, сил, юқумли касалликлар ва бошқалар бўйича) стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборади.

Марказ раҳбарияти даволаш-профилактика муассасаларига одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни асосланган равишда юборилиши учун шахсан жавоб беради.

20. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар реабилитация марказида бўлган даврда уларга, агар бу одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар манфаатларига зид бўлмаса, яқин қариндошлари, қонуний вакиллари билан муносабатлар ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш учун зарур шарт-шароитлари таъминланади.

21. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни Марказдан чиқаришга тайёрлаш ички ишлар органлари, васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда Марказнинг масъул ходими кузатуви остида амалга оширилади.

22. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказдан чиқарилгандан кейин нормал турмуш тарзига тўлиқ қайтгунларига қадар юридик маслаҳат олиш, тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Марказ хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

23. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилиш ички ишлар органлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари билан ҳамкорликда Марказ томонидан таъминланади.

24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Агентликнинг ҳудудий органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Марказнинг буюртманомалари бўйича одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга:

ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи мавжуд суд тартиб-қоидалари ва маъмурий тартиб-қоидалар тўғрисида мақбул шаклдаги ахборотни тақдим этадилар ва бошқа зарур юридик ёрдамни кўрсатадилар;

унинг фарзандлари таълим муассасаларига қатнашини учун зарур шароитларни таъминлайдилар;

тиббий кўрикдан ўтиш ва мутахассис томонидан кўрик ўтказилиб, маслаҳат олиш орқали малакали психологик ва тиббий ёрдам берадилар;

профессионал жиҳатдан реабилитация қилинишда ва ишга жойлашишда кўмаклашадилар.

25. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар қайтарилган оила устидан, уларга нисбатан одам савдоси такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида, бир йил мобайнида мониторинг олиб борилиши керак. Мониторинг доирасида Марказ ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари томонидан шахс қайтгандан кейин унинг оиладаги ҳолати баҳоланади.


4-БОБ. МАРКАЗНИ БОШҚАРИШ


26. Марказ директори Агентлик директори томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

27. Марказ директори:

Марказнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда ходимларнинг штат жадвалини, уларни моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш миқдори ва шаклларини тасдиқлайди, таклиф этиладиган мутахассисларга ҳақ тўлаш миқдорларини белгилайди;

Марказ ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ Марказ ходимларининг узлуксиз билимларини ошириб бориши ва мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди;

ҳар йил якунлари бўйича Комиссияга Марказнинг фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.

28. Агентлик директори Марказнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


5-БОБ. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


29. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

30. Марказнинг мол-мулкини асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), айланма маблағлар, шунингдек қиймати Марказнинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ташкил этади.

31. Марказ белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритади ҳамда бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этади.

32. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Марказнинг ходимлари одам савдоси жабрдийдалари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

34. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш белгиланган тартибда амалга оширилади."






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

7-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 й., 34-35-сон, 348-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйлар ҳамда бошқа тиббий-ижтимоий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 17 октябрдаги 347-сон қарорининг 3-банди ва қарорга илова (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2016 й., 42-сон, 486-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора -тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)" 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарорига илованинг 16-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда).


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори)" 2017 йил 8 сентябрдаги 703-сон қарори 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 990-модда).


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекиcтон Республикаси Президентининг "Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 октябрдаги ПҚ-3352-сон қарори)" 2018 йил 22 январдаги 39-сон қарори.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2018 йил 30 июлдаги 597-сон қарори.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2019 йил 4 сентябрдаги 729-сон қарори.


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)" 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 107-банди.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори)" 2020 йил 7 июлдаги 429-сон қарорига 1-илованинг 10-банди.


10. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 11-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь













































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск