Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2021 й. 575-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

4-ИЛОВА



Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва

меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларининг (кейинги ўринларда - санаторийлар) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Санаторийлар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийларини (кейинги ўринларда - дам олувчилар) соғломлаштириш ва уларнинг дам олиши учун мўлжалланган давлат муассасалари ҳисобланади.


3. Санаторийлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қиладилар.


4. Санаторийлар, республика аҳамиятидаги санаторийлардан ташқари, Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

Республика санаторийлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

Санаторийларнинг, шу жумладан республика санаторийларининг уставлари Агентлик томонидан тасдиқланади.


5. Санаторийлар фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) томонидан мувофиқлаштирилади.


6. Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни бепул санаторий-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


7. Санаторийлар давлат тиббий-ижтимоий муассасаси сифатида Давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади.



2-БОБ. САНАТОРИЙЛАРНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар санаторийларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

даволаш-реабилитация хизматлари кўрсатишга замонавий ёндашувларни жорий этиш ва уларнинг халқаро даражасини таъминлаш йўли билан тиббиёт фани ва амалиётининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда дам олувчиларни тўлақонли санаторий-курорт шароитида даволаш, соғломлаштириш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш;

дам олувчиларни соғломлаштиришда табиий даволаш омилларидан энг юқори даражада фойдаланиш;

санаторий фаолиятини ташкил этиш доирасида бозор механизмларини қўллаш;

дам олувчиларга кўрсатиладиган санаторий-курорт хизматлари рўйхатини кенгайтириш;

моддий ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, дам олувчилар учун энг юқори даражада соғломлаштирувчи натижани таъминлаш имконини берадиган санаторийлар фаолият кўрсатиши даражасига эришиш.


9. Санаторийлар уларга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажарадилар:


а) даволаш-реабилитация хизматлари кўрсатишга замонавий ёндашувларни жорий этиш ва уларнинг халқаро даражасини таъминлаш йўли билан тиббиёт фани ва амалиётининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда дам олувчиларни тўлақонли санаторий-курорт шароитда даволаш, соғломлаштириш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш соҳасида:

дам олувчиларни шинам, яшаш учун қулай турли тоифалардаги хоналарга жойлаштиришни ташкил этади;

дам олувчиларнинг ўз соғлиғи ҳолатидан хабардорлигини, касалликлар юзага келиши таваккалчилиги омиллари мавжудлигини, уларни бартараф этиш усулларини ва организмнинг физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тикловчи тиббиётнинг замонавий даволаш технологияларига асосланадиган касалликлар профилактикасини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлайди, дам олувчилар учун ўзини ўзи назорат қилиш усуллари бўйича ўқиш ташкил этади;

дам олувчиларга замонавий тиббиёт аппаратлари, асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозланган даволаш, диагностика, физиотерапевтик, муолажа хоналари ва бошқа хоналари хизматларини тақдим этади;

соғлиқни тузатишнинг комплекс автоматлаштирилган усуллари негизида замонавий тикловчи тиббиёт технологияларини ишлаб чиқади ва жорий этади;


б) дам олувчиларни соғломлаштиришда табиий даволаш омилларидан энг юқори даражада фойдаланиш соҳасида:

дам олувчиларни оқилона ва мувозанатли овқат билан таъминлайди, дам олувчиларнинг тиббий кўрсаткичлар бўйича парҳезли овқатланишини ташкил этади;

жисмоний тарбия ва спорт билан физиологик асосланган машғулот олиб бориш, дам олувчиларда жисмоний юкламага мойиллик ва мослашиш даражасини босқичма-босқич ошириш учун шарт-шароитлар яратади, мақбул ҳаракатланиш фаоллиги кўникмаларини сингдиради;

зарарли одатлардан воз кечишни ҳамда бехатар хулқ-атвор ҳақидаги билимлар, кўникмалар ва андозалар шакллантирилишини тақозо этадиган муҳит, соғлом турмуш тарзининг руҳий доминанталари яратилишини таъминлайди;


в) санаторий фаолиятини ташкил этишнинг бозор механизмларини қўллаш соҳасида:

киши соғлом турмуш тарзига риоя қилганда организмнинг функционал резервлари кўрсаткичлари динамикасини акс эттириш мақсадида дам олувчининг соғлиғи "паспорти"ни шакллантириш ва юритишни ташкил этади;

дам олувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилишга, уларни эстетик камолга етказишга йўналтирилган турли маданий-кўнгилочар тадбирлар тизимини ишлаб чиқади;

мусиқий, рақсли, кўнгилочар дастурлар ўтказилишини, томоша тадбирларига боришни, Ўзбекистон Республикасидаги тарихий объектларга ва бошқа объектларга экскурсияларни ташкил этади;


г) дам олувчиларга кўрсатиладиган санаторий-курорт хизматлари рўйхатини кенгайтириш соҳасида:

ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига ўзгартиришлар киритади, санаторийлар шароитида соғломлаштириш бўйича тадбирлар турлари, шакллари, муддатлари ва ҳажмини белгилайди;

дам олувчилар орасида касалланиш ҳолати ва сабабларини ўрганади, даволаш-профилактика муассасалари билан биргаликда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда соғлиқни сақлаш органларига соғломлаштириш ва касалликлар профилактикасининг долзарб масалалари бўйича ахборот тақдим этади;

режали асосда санитария-эпидемияга қарши тадбирларни ўтказади;

даволаш-профилактика муассасалари, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари билан биргаликда семинарлар, конференциялар ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;


д) моддий ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, дам олувчилар учун энг юқори даражада соғломлаштирувчи натижани таъминлаш имконини берадиган санаторийлар фаолият кўрсатиши даражасига эришиш соҳасида:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ва сметада назарда тутилган маблағлар доирасида хўжалик фаолиятини, санаторийларнинг капитал қўйилмалари бўйича жорий сарфлар ва харажатларни амалга оширади;

бинолар, иншоотлар, муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини, асбоб-ускуналар ва анжомларга эга бўлган бошқа объектларни жорий сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашни, шунингдек ходимлар томонидан санитария-гигиена талабларига, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини, бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилишини ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайди;

дам олувчилар ва санаторийларга келувчиларга телефон алоқаси хизматлари, маиший хизматлар кўрсатади;

йилнинг ҳар чорагида Агентликка санаторийларнинг фаолияти, соғломлаштиришнинг моддий-техника базаси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.


10. Тиббиёт ходимлари таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Малака тоифаларини бериш (тасдиқлаш) белгиланган тартибда амалга оширилади.


11. Санаторийларнинг асосий фондларини қуриш, реконструкция қилиш, шунингдек мукаммал ва жорий таъмирлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


12 Дам олувчиларни озиқ-овқат ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.



3-БОБ. САНАТОРИЙЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Санаторийлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

даволаш-профилактика муассасалари, соғлиқни сақлаш органларидан санаторийларнинг фаолияти учун зарур бўлган, шу жумладан дам олувчиларнинг касалликлари хусусияти ва кечиши тўғрисидаги маълумотларни олиш;

даволаш-профилактика муассасаларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга дам олувчиларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш масалалари бўйича тавсиялар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, ҳудудий бошқармалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига санаторийларнинг ишни яхшилаш, дам олувчиларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

санаторийлар ходимларининг қонуний манфаатларини белгиланган тартибда ҳимоя қилиш.


14. Санаторийлар ходимлари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, шу жумладан амалга ошириладиган даволаш-соғломлаштириш тадбирлари сифати учун жавоб беради.


15. Даволаш-соғломлаштириш муолажаларини ташкил этиш, амалга ошириладиган даволаш ва соғломлаштириш тадбирларининг сифати ва асосланганлиги юзасидан назорат қилиш санаторийларнинг бош врачлари томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. САНАТОРИЙЛАР ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Санаторийга ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бош врач томонидан амалга оширилади.


17. Тиббий хизмат кўрсатиш ва соғломлаштириш санаторийларнинг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан биргаликда) дам олувчиларнинг соғлиғи, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.


18. Санаторийлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.

Санаторийлар томонидан кўрсатилган жами пуллик хизматлар учун тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади


19. Санаторийлар маъмуриятлари ўз ходимларининг билими ва касб маҳорати доимий равишда такомиллаштириб борилиши учун жавоб берадилар.


20. Санаторийлар ходимлари:

ушбу Низом талабларига ва ички меҳнат тартибига риоя қилишга, касб одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилишга;

дам олувчиларга тиббий-соғломлаштириш ёрдамининг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатувнинг юқори самарадорлигини таъминлашга;

ўз касбий билиммалакасини мунтазам равишда ошириб боришга мажбур.

Санаторийлар ходимлари:

ушбу Низомда ва санаторий уставида белгиланадиган тартибда санаторийни бошқаришда қатнашиш;

касб шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


21. Санаторийлар ходимлари ва раҳбарларининг лавозим ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларида, мазкур Низом, шунингдек санаторий уставида белгиланади.



5-БОБ. САНАТОРИЙЛАРНИ БОШҚАРИШ


22. Бош врач санаторийга бевосита раҳбарлик қилади. Бош врачни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.


23. Санаторийнинг бош врачи лавозимига олий тиббий маълумотга, ўз мутахассислиги бўйича ёки раҳбарлик лавозимларида камида 5 йил иш стажига эга бўлган врач тайинланади.


24. Бош врач санаторий фаолиятини ташкил этади ва унга юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради.


25. Санаторийнинг бош врачи:

санаторийнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади ва санаторийга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ишларини ташкил этади;

санаторий фаолияти масалалари бўйича санаторийнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, ходимларни ишга қабул қилади ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади, ходимларни рағбатлантириш чораларини қўллайди;

санаторий иш тартиби ва режимини, ходимларнинг лавозим мажбуриятларини белгилайди ва мажбуриятлар муваффақиятли бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

ходимлар томонидан молия ва меҳнат интизомига, ички меҳнат тартиби, ижро интизоми, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;

санаторийнинг мулкий комплекси, моддий ва молиявий ресурслари, асбоб-ускуналари, анжомлари, бошқа моддий бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишни, уларнинг сақланишини таъминлайди;

дам олувчиларнинг мурожаатлари жадал ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муносабат билдиришнинг зарур чоралари кўрилишини ва ариза берувчиларнинг улардан ўз вақтида хабардор қилинишини таъминлайди;

санаторийлар фаолиятининг иқтисодий самарадорлиги ва унинг ишлари рентабелли бўлишига эришиш учун шахсан жавоб беради.



6-БОБ. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


26. Санаторийлар фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


27. Санаторийлар белгиланган тартибда ташкилот томонидан тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


28. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


29. Штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик томонидан белгиланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


30. Санаторийлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


31. Санаторийларнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


32. Санаторийларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь



































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск