ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Назорат-касса машиналарини қўллаш. Нархлар. Ҳисоб-китоблар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.10.2021 й. ПҚ-5252-сон "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.10.2021 й.

N ПҚ-5252



ЧАКАНА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

СОҲАСИДА НАЗОРАТ-КАССА ТЕХНИКАСИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, замонавий ахборот ечимларини жорий этиш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Белгилансинки:

а) 2024 йил 1 январдан бошлаб:

чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан ошмаган қисмидан 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади, бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов ҳамда ўзини-ўзи банд қилган шахслар томонидан берилган харид чеклари мустасно;

назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузганлик, нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширганлик ёки пасайтирганлик, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлик ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларини қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик бўйича белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади. Бунда, жариманинг қолган ундириладиган қисми белгиланган тартибда тақсимланади;

б) тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.


2. Қуйидагилар тақиқлансин:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб Маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги идентификациялаш кодлари акс эттирилмайдиган онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чекларини тақдим этиш.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу кичик банднинг биринчи хатбошисида ўрнатилган талаблар бузилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни тегишли реестрдан чиқариб ташлаш чораларини кўриб борсин;

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги имкониятларга эга бўлмаган онлайн назорат-касса техникаларини давлат реестрига киритиш ҳамда солиқ органларида рўйхатга олиш, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса улардан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиш:

банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш;

онлайн назорат-касса машинасининг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотни солиқ органларига тақдим этиш (виртуал кассалар ва онлайн назорат-касса машинаси сифатида фойдаланилаётган банк карталарини қабул қилувчи терминаллар бундан мустасно);

чакана савдони амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун - штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини эркин ўқиш ва аниқлаш.

3. 2022 йил 1 январдан бошлаб рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) мажбурий фойдаланиш талаби ўрнатилсин.

2023 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига онлайн назорат-касса машинаси ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган махсус қурилмаларнинг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқи берилсин.


4. Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар:

тўлов терминали орқали амалга оширилган тўловларнинг бир вақтнинг ўзида онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чекларида ҳам акс эттирилишини;

барча тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналари операторларига тўлиқ улашни таъминласин.


5. 2022 йил 1 февралдан бошлаб тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобил иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари - "Маркетплейс" -ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакция-ларнинг ("P2P", кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилсин.

6. Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқлари томонидан ўз мижозлари ўртасида лотерея ва ютуқли ўйинлар ўтказиш учун маҳсулотларнинг чакана реализацияси ҳажмлари ва номенклатураси ҳақида маълумот бериш имкониятига эга ахборот платформасини ишлаб чиқишни якунласин.


7. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитасининг ўрнатилган тартибдаги сўрови асосида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасининг 1 фоизи республика бюджети маблағлари ҳисобидан белгиланган муддатларда ўтказиб борилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор моҳияти ва мазмунининг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг тушунтирилишини ташкил қилсин.


9. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 октябрь














































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск