ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Малака ошириш ва қайта тайёрлаш /

Малакани баҳолаш маркази тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 30.09.2021 й. 616-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 30 сентябрдаги

616-сон қарорига

4-ИЛОВА



Малакани баҳолаш маркази тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Малакани баҳолаш марказига қўйиладиган намунавий талабларни, малакани баҳолаш марказлари фаолиятини ташкил этиш тартибини, уларнинг мақсад ва вазифаларни, ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳамда малакани баҳолаш марказларининг намунавий тузилмасини белгилайди.

Малакани баҳолаш маркази ўз фаолиятини ушбу намунавий низом ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига асосан амалга оширади.


2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


баҳолаш воситалари - касбий имтиҳонни ўтказишда Малакани баҳолаш маркази томонидан қўлланиладиган топшириқлар ва баҳолаш мезонлари мажмуи;


малакани баҳолаш маркази - талабгорлар малакаларини холис баҳолаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс (ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси);


малака - ходим ёки ишга (касбга) талабгор билими, маҳорати ва кўникмаларининг тегишли касб ва мутахассислик бўйича аниқ меҳнат функцияларни сифатли бажаришга тайёргарлик даражаси, унинг маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат билан тасдиқланадиган билим, маҳорат ва кўникмалар савияси;


малака даражаси (малакавий даража) - ходим ёки ишга (касбга) талабгорнинг тайёргарлиги ва кўникмалари даражаси бўйича меҳнат функцияларининг мураккаблиги, уларни мустақил бажариш ва натижалар учун масъулият параметрлари бўйича белгиланадиган тоифаланган талаблар мажмуаси;


малака паспорти - малакани баҳолаш маркази томонидан бериладиган, ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш бўйича касб стандартида (ёки малака талабида) назарда тутилган тегишли малака даражасининг берилгани ва компетенциянинг ижобий баҳоланганини тасдиқловчи, миллий малакалар доираси даражаларига мувофиқ лавозимларни эгаллаш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган компетенция тўғрисидаги сертификат;


малака имтиҳони - талабгорнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини баҳолаш усули. Малака имтиҳони "касб имтиҳони" деб ҳам юритилиши мумкин;


талабгор (ходим ёки ишга (касбга) талабгор шахс) - ишга жойлашиш ёки лавозимда ривожланиш ёки ушбу Намунавий низомга мувофиқ тартибда ўзининг касбий компетенцияларини тасдиқлаш мақсадида Малакани баҳолаш марказига мурожаат қилган, касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган компетенция тасдиғини олишни хоҳловчи жисмоний шахс;


Тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестри - ишчи касблар ва мутахассислар тоифалари бўйича тасдиқланган касбий компетенцияларга эга жисмоний шахслар тўғрисидаги доимий янгиланадиган маълумотлар базаси.


3. Малакани баҳолаш маркази ўз томонидан бериладиган малака паспортининг ҳақиқийлигини аниқлаш имкониятини берувчи ўзининг тўлиқ номига, шунингдек, муҳрига (ёки QR-кодига) эга бўлиши шарт.


4. Малакани баҳолаш маркази ўз фаолиятини амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтади.



2-БОБ. МАЛАКАНИ БАҲОЛАШ МАРКАЗИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Малакани баҳолаш марказининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

талабгорларнинг, ўзлаштириш усулидан қатъи назар, меҳнат бозорида талаб этилган касб компетенцияларини баҳолаш;

ишга қабул қилишда, касб-лавозим тузилмасида ўсишда талабгорларнинг касб компетенциялари талабларига ва касб стандартларига мослигини тасдиқлаш;

касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартлар бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

тегишли тармоқ ёки корхонада ишлайдиган муайян лавозимларни эгаллаб турган ходимларга нисбатан аниқ ва тўғри талабларни шакллантирадиган ҳар бир компетенция ривожланишининг мос шкаласи ва аниқ хулқ индикаторларини белгилаган ҳолда, компетенцияларнинг самарали моделларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

касб компетенциялари ва ишбилармонлик сифатларини ривожлантиришнинг корпоратив дастурларини ишлаб чиқиш;

талабгорнинг мавжуд малакасини аниқлашда, холисликни таъминлаш механизмларини жорий этиш.

Тармоқларнинг иқтисодий ривожланиш тенденцияларидан келиб чиқиб, Малакани баҳолаш марказига, унинг ваколатлари доирасида янги вазифалар ҳам белгиланиши мумкин.


7. Малакани баҳолаш маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) талабгорларнинг, ўзлаштириш усулидан қатъи назар, меҳнат бозорида талаб этилган касб компетенцияларини баҳолаш соҳасида:

талабгорларга малакани ҳаққоний, холис ва шаффоф баҳолашнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари тўғрисида зарур ахборот тақдим этади;

шахснинг интеллектуал ва касбий ривожланиш даражасини мустақил аниқлаш ва тасдиқлашга бўлган эҳтиёжини қондиришга кўмаклашади;

иқтисодиётдаги ўзгаришларга мос равишда касбий малакани баҳолаш бўйича моддий-техника базасини мунтазам такомиллаштириб боради;

талабгорга эксперт малака комиссиясининг хулосасини, малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тақдирда, малака паспортини расмийлаштиради ва тақдим этади;

касбий стандартларга асосан малакани бахолаш мезонларини ишлаб чиқади;


б) ишга қабул қилишда, касб-лавозим тузилмасида ўсишда талабгорларнинг касб компетенциялари талабларига ва касб стандартларига мослигини тасдиқлаш соҳасида:

Тармоқ кенгашининг раҳбарлик ва услубий ҳужжатларига мос равишда талабгорлар малакасининг касб стандартларига кўра белгиланган малака талабларига, тариф-малака тавсифларига ва талабларига, шунингдек, ходимга малака талаблари қўйилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мослигини малака имтиҳони тарзида мустақил ва холис баҳолашни ташкил этади ва ўтказади;

кенг ва тор ихтисосликлар бўйича ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини беради;

муайян мутахассислик (касб) бўйича касбий компетенция даражасини тасдиқловчи ва Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига мувофиқ талаб этиладиган касбий малака даражаларини беришга асос бўлувчи компетенция тўғрисидаги сертификат берилишини таъминлайди;


в) касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартлар бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқишда иштирок этиш соҳасида:

меҳнат бозори талабларига мос келадиган, лавозимда ўсиш ва рақобатбардошликни таъминловчи касбий малака ва кўникмаларни баҳолаш тизимини жорий этади;

касб стандартларини ишлаб чиқиш жараёнида ўз таклифларини тегишли Тармоқ кенгашига тақдим этади;

касб компетенцияларини баҳолашни талабгорлар ва иш берувчилар ўртасида оммалаштириш, корхона ва ташкилотларда ходимлар ўртасида адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизими вужудга келишига эришиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


г) тегишли тармоқ ёки корхонада ишловчи муайян лавозимларни эгаллаб турган ходимларга нисбатан аниқ ва тўғри талабларни шакллантирувчи ҳар бир компетенция ривожланишининг мос шкаласи ва аниқ хулқ индикаторларини белгилаган ҳолда компетенцияларнинг самарали моделларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида:

иш берувчиларга сифатли кадрлар танлови имкониятининг вужудга келиши учун ҳар бир компетенция бўйича тегишли тармоқ кенгашлари ва иш берувчилар билан доимий ҳамкорлик қилади;

касбий малакаси баҳоланган ва тасдиқланган шахслар малака доираси даражаларига мувофиқ лавозимларни эгаллаш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ходимлар ўртасида соғлом рақобат ва мотивация муҳити пайдо бўлишига хизмат қилишини таъминлашга қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиб боради;

тасдиқланган касбий малака паспорти ҳақидаги маълумотларни тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрига киритиш учун ваколатли органга маълумотларни тақдим этади;


д) касб компетенциялари ва ишбилармонлик сифатларини ривожлантиришнинг корпоратив дастурларини ишлаб чиқиш соҳасида:

касб компетенциялари ва ишбилармонлик сифатларини ривожлантириш бўйича хорижий экспертларни жалб этади, хорижий касбий малакани баҳолаш марказлари билан ҳамкорлик қилади;

касбий малакани эгаллаш, компетенцияни баҳолаш ва иш ўрнида ўсиб бориш йўналишлари бўйича таълим муассасалари ва иш берувчилар билан ҳамкорлик қилади;


е) талабгорнинг мавжуд малакасини аниқлашда холисликни таъминлаш механизмларини жорий этиш соҳасида:

касбий компетенцияси тасдиқланган шахсларни баҳоланган малака даражасига мувофиқлиги бўйича доимий мониторинг олиб боради;

баҳолаш жараёнларига шаффоф ва электрон тизимни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганади;

касбий малакани баҳолашда ҳаққонийлик, холислик, шаффофлик ва ишончлилик тамойилларига риоя этиб боради;

малака даражасини эгаллаш ва тасдиқлашни хоҳловчи барча талабгорлар учун ихтиёрийлик тамойиллари асосида тенг шароитларни яратади.

Малакани баҳолаш марказлари тармоқ ёки ҳудудий кенгашларнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларига кўра тегишли тармоқларга тааллуқли ва умумтармоқ касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш функцияларини бажаришлари мумкин.


8. Малакани баҳолаш маркази:

ушбу Намунавий низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъи риоя қилиши;

малакани баҳолашга даъво қилаётган ҳар бир йўналиш бўйича штатда доимий ёки ўриндошлик асосида ишловчи олий маълумотли ва олий таълим муассасасини тугатгандан кейин камида 3 йил амалий иш стажига эга бўлган, шунингдек, меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш Республика курсларида малака оширишдан ўтган камида бир нафар ходимнинг мавжудлиги;

малакани баҳолашга даъво қилаётган ҳар бир йўналиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш учун зарур бўлган хўжалик юритиш, тезкор бошқарув ва бошқа қонуний асосларда мулк сифатида моддий-техника базасига эга бўлиши;

касб стандартлари ва малака талабларига асосланган, малака имтиҳонлари ва синов малака ишларини ўтказиш моддий-техника базасининг мавжудлиги;

баҳолаш воситаларини Меҳнат институти ёки Тармоқ кенгашидан экспертизадан ўтказиши;

хизматлар кўрсатишда олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши;

малакани баҳолаш бўйича шартномавий мажбуриятларни ўз вақтида ва сифатли бажариши;

малакани баҳолашдан ўтган шахслар ҳисобини юритиш, баҳолаш бўйича ягона дастурий таъминотдан фойдаланиши;

ўз фаолияти тўғрисида ҳаққоний ҳисобот тақдим этиш талабларига жавоб бериши ҳамда фаолият йўналишига кўра ўзига тааллуқли бўлган Тармоқ кенгашига белгиланган тартиб ва муддатларда ҳисобот бериши шарт.


9. Малакани баҳолаш маркази қуйидаги ҳуқуқларга эга:

талабгорга малака паспортини бериш;

Республика, Тармоқ ва ҳудудий кенгаш қарорига кўра норматив, раҳбарлик ва услубий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

касб имтиҳони кўринишида малакаларни мустақил баҳолагани ва малака паспорти бергани учун тўлов олиш;

малакани баҳолаш бўйича фаолиятни амалга ошириш бўйича фаолият тажрибасини умумлаштириш, бу борада фикр алмашиш мақсадларида илмий-услубий конференциялар ўтказиш, кўргазма, семинарлар, мажлислар, услубий, ташкилий, тартиб-таомиллар бўйича тушунтиришлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Малакани баҳолаш маркази амалдаги қонунчиликка ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, Республика ва тармоқ кенгаши қарорларига мувофиқ ўз ваколати доирасида бошқа ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.


10. Малакани баҳолаш маркази:

ўзига юклатилган вазифалар, функциялар, талаблар ва мажбуриятларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши;

малакани ҳаққоний, холис ва шаффоф баҳолаш учун жалб қилинган мутахассислар (экспертлар) малакаси;

малака имтиҳонларини ўтказиш жараёнини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар талабларини бажармаганликлари;

талабгор шахсига тааллуқли ва малакани баҳолаш жараёнида олинган ва бошқаларнинг хабардор бўлиши чекланган маълумотларни ошкор этганлиги;

малакани баҳолашда фойдаланиладиган жиҳозлар, ускуналар ва қурилмалардан тааллуқли бўлмаган мақсадларда фойдалангани учун жавобгардир.



3-БОБ. МАЛАКАНИ БАҲОЛАШ МАРКАЗИНИНГ

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ


11. Малакани баҳолаш марказининг намунавий тузилмаси қуйидагилардан таркиб топади:

Малакани баҳолаш маркази раҳбари (директори);

талабгорларга ахборот бериш, малакани баҳолашга тааллуқли ҳужжатларни (аризалар ва буюртмаларни) қабул қилиш, малака комиссисияни шакллантириш, малакаларни баҳолаш дастур, усул ва воситаларини ишлаб чиқиш, касб малакасини валидация қилишни ташкил этиш ва малака паспортларини расмийлаштириш ва бериш, шикоятларни кўриб чиқиш ва бошқа функцияларини бажарувчи ташкилий-услубий бўлим;

малака имтиҳонини ўтказишни ташкил этиш функцияларини бажарувчи малака бўлими;

Малакани баҳолаш маркази ҳужжатларини сақлашни таъминловчи архив бўлими;

молиявий-хўжалик бўлими.

Малакани баҳолаш марказининг фаолият йўналишлари хусусиятлари ва хизматлар қамровидан келиб чиқиб, ўз фаолияти самарадорлигини оширишни таъминлашга мўлжалланган бошқа бўлинмалар, иш жойлари, лавозимлар ташкил этиши мумкин.


12. Ташкилотларнинг алоҳида бўлинмаси сифатида ташкил этилган (юридик шахснинг таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилган малакани мустақил баҳолаш органи) малакани баҳолаш маркази раҳбари (директори) тегишли ташкилотнинг раҳбарига бевосита бўйсунади.

Малакани баҳолаш маркази раҳбари (директори):

малакани баҳолашни ташкил этиш ва ўтказишда Республика, Тармоқ ва ҳудудий кенгашининг раҳбарлик ва услубий ҳужжатларига риоя қилиш;

малакаларни баҳолаш бўйича кўрсатилган хизматлар сифати;

малакаларни баҳолашда талаблар бир хиллигини таъминлаш;

касб малакаси ва малака даражасига мувофиқлик тўғрисида қабул қилинган қарорларининг асослилиги;

малакаларни баҳолаш бўйича ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва берилишининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги;

Республика, Тармоқ ва ҳудуд кенгашига бериладиган ҳисоботларнинг муддатлари ва ҳаққонийлиги;

архив ишининг юритилишини таъминлаш;

малакани баҳолаш фаолияти жараёнида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя қилиш;

Малакани баҳолаш маркази фаолиятининг ахборот жиҳатдан очиқлигини таъминлаш бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. МАЛАКАЛАРНИ ХОЛИС ВА МУСТАҚИЛ

БАҲОЛАШ, МАЛАКА ПАСПОРТИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


15. Малакаларни холис ва мустақил баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


16. Малака паспорти қатъий ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади, ҳисоб сериясига, рақамига ва ҳимояланиш даражасига эга бўлади. Малака паспорти бланки Малакани баҳолаш маркази томонидан "Давлат белгиси" давлат унитар корхонасида нашриёт усулида чоп этилади ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бир хил кучга эга.

Малака паспорти QR-код билан электрон шаклда ҳам берилиши мумкин.


17. Малака паспорти талабгорга эксперт малака комиссиясининг баённомаси тақдим этилгандан кейин 10 кун мобайнида тақдим этилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Ушбу Намунавий низом талабларини бажаришда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


19. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 сентябрь
























































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск