ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Курилишларни кредитлаш. Ипотека кредити /

"Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 637-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

637-сон қарорига

ИЛОВА



"Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган

оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га

киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка

тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш

учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг (кейинги ўринларда - ёшларнинг алоҳида тоифалари) якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан:

тижорат банкларининг (кейинги ўринларда - банк) ички кредит сиёсатига мувофиқ ўз маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жисмоний шахсларга уй-жой (квартира) сотиб олиш, қуриш (реконструкция қилиш), таъмирлаш учун ипотека кредитлари ажратишга;

ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан белгиланган тартиб ва шартлар, банкларнинг ички сиёсати, шунингдек, мазкур ташкилот ва банклар ўртасида тузилган шартномалар асосида унинг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратишга;

уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (реконструкция қилиш)га фуқароларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлашга;

якка тартибдаги уй-жой қурилишига рухсат олиб, лекин кейинчалик сотиш мақсадида қурилган якка тартибдаги уй-жойларни ипотека кредитлари орқали сотишга татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ариза берувчи - якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит олиш мақсадида банкка ариза тақдим этган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб фуқаро;


биргаликда қарз олувчи - қарз олувчининг кредити асосий суммаси ва кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг ҳар ойдаги тўловларида қатнашадиган, шунингдек, кредит бўйича солидар жавоб берадиган жисмоний шахслар;


бошланғич бадал - якка тартибдаги хонадонда қуриладиган қўшимча уй-жой қийматининг кредит олиш учун қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган меъёрларда шакллантириладиган қисми;


кредит - ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача ажратиладиган гаровсиз кредит;


иштирок этувчи тижорат банклари - ёшларнинг алоҳида тоифалари томонидан якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан кредит тақдим этувчи банклар;


пудрат ташкилоти - якка тартибдаги уй-жойларни ўз маблағлари, банк кредити ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қуришни амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти;


уй-жой - ёшларнинг алоҳида тоифаларининг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотларини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда ўз хонадонида қурилган якка тартибдаги қўшимча уй-жойлар;


қарз олувчи - якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жойни қуриш учун кредит олган ва кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш мажбуриятига эга ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб фуқаро;


қарз юки кўрсаткичи - қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадлари миқдорига бўлган нисбати;


якка тартибдаги қўшимча уй-жой - бир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир неча турар жой иморати.



2-БОБ. КРЕДИТ МАНБАЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз асосда ажратиладиган кредитлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи тижорат банкларига жойлаштириладиган маблағлар;

тижорат банкларининг ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Молия вазирлигидан олинган маблағ, улар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар қарз олувчилар томонидан тўловларни амалга ошириш муддатидан қатъи назар, банклар томонидан Бош битим, шартнома ва унга илова қилинган қайтариш графикларига асосан қайтарилади.


5. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуришга кредитлар ажратиш учун Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига маблағларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар ажратиш тижорат банклари томонидан мазкур Низомга ва банкларнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. ҚАРЗ ОЛУВЧИЛАРГА НИСБАТАН

БЕЛГИЛАНГАН МУВОФИҚЛИК МЕЗОНЛАРИ


6. Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:

а) кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

б) "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим);

в) даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши;

г) қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 70 фоиздан юқори бўлмаслиги;

д) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш ишлари қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;

е) кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;

ж) илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда уй-жой билан таъминлаш бўйича бошқа ёрдам олмаган бўлиши;

з) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун ер участкасига умрбод эгалик қилиши ёки мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши.


7. Қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобларида қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадлари миқдори улар томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишланган тақдирда - ишланган давр учун) олган даромадлари миқдорининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.


8. Банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;

пенсия тўловлари миқдори тўғрисидаги маълумот;

жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;

фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар;

давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларация;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар.

Банк қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда кредит бюродан ёки бошқа расмий манбалардан мустақил равишда олинган, қарз олувчининг даромадларини аниқлаш имконини берувчи маълумотлардан фойдаланиши мумкин.


9. Қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг қарз юки кўрсаткичи белгиланган меъёрдан юқори бўлганда, унинг банк олдидаги қарз мажбуриятини таъминлаш юзасидан юридик ва (ёки) жисмоний шахслар кафиллиги қабул қилиниши мумкин.



4-БОБ. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА АЖРАТИШ ТАРТИБИ


10. Кредит банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади.


11. Кредит ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосда ажратилади.

Бунда, қарз олувчининг кредитни қайтариш бўйича мажбурияти таъминоти сифатида ажратилган кредитларнинг муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорлигини қоплаб бериш шарти билан қуйидагилар тақдим этилади:

"Темир дафтар"га киритилган оилаларнинг янги турмуш қурган фарзандлари учун - "Саховат ва кўмак" жамғармасининг кафиллиги;

"Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг янги турмуш қурган фарзандлари учун - "Аёллар дафтари" жамғармасининг кафиллиги;

"Ёшлар дафтари"га киритилган янги турмуш қурган ёшлар учун - "Ёшлар дафтари" жамғармасининг кафиллиги.

Мазкур бандда назарда тутилган кафилликлар тегишлича "Саховат ва кўмак", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жамғармалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилади.

"Ёшлар дафтари" жамғармасининг кафиллиги қарздорнинг доимий яшаш жойидаги маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсияси асосида берилади.

12. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига кафиллик берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.


13. Қарз олувчига берилиши мумкин бўлган кредитнинг юқори миқдори қарз юки кўрсаткичи бўйича ушбу Низомнинг 6-банди "г" кичик бандида белгиланган меъёрдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Бунда, якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун берилиши мумкин бўлган кредитнинг энг кўп миқдори 33 миллион сўмдан ошиб кетмаслиги лозим.


14. Якка тартибдаги қўшимча уй-жойнинг қиймати ушбу Низомнинг 6-банди "д" кичик бандида белгиланган бошланғич бадалнинг минимал миқдори ва 13-бандига мувофиқ берилиши мумкин бўлган кредитнинг энг кўп миқдори йиғиндиси сифатида аниқланади.


15. Ариза берувчи ер участкасида белгиланган тартибда келишилган лойиҳа асосида ҳамда туман (шаҳар) аҳоли пунктлари Бош режаси ва шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолда пудрат ташкилоти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар билан ўз хонадонида якка тартибда қўшимча уй-жой қуриш бўйича шартномани имзолайди, ўз кучи билан амалга ошириш ҳолати бундан мустасно.


16. Ариза берувчи банкка кредит олиш учун мурожаат қилган тақдирда, банкнинг масъул ходими унга кредитнинг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради, талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхати ва тахминий харажатлар турлари билан таништиради.

Бунда, ариза берувчи банкка кредит олиш учун ариза ва ушбу Низомга ҳамда банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади.


17. Якка тартибдаги қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар банклар томонидан қуйидаги шартлар асосида ажратилади:

1) бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;

2) 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;

3) бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

4) бир қарз олувчига бериладиган кредитлар 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.


18. Якка тартибда қурилган қўшимча уй-жойнинг қиймати ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган миқдорлардан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.

Бунда, қийматнинг ортган қисмини шакллантириш (тўлаш) учун банклар томонидан қарз олувчига Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредити ва бошқа кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.


19. Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси банкнинг ички сиёсатига асосан Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағларнинг фоиз ставкаси ҳамда банк маржасини инобатга олган ҳолда қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ кредит шартномасида белгиланади.

Бунда, ёшларнинг алоҳида тоифларига ажратилган кредитнинг фоиз ставкаси бошқа шахсларга берилган ипотека кредитларининг фоиз ставкаларидан юқори бўлиши мумкин эмас.


20. Ариза берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал шакллантирилишида якка тартибда қўшимча уй-жойни қуриш учун сотиб олинган қурилиш материаллари ва (ёки) бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олинади.


21. Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг банк уч иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


22. Банк томонидан кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, уч иш кунида ариза берувчига кредит беришни рад этишнинг сабаблари аниқ ва тушунарли кўрсатилган ҳолда ёзма хулоса юборилади.


23. Ариза берувчи банк хулосасида кўрсатилган камчиликларни бартараф этгандан кейин кредит бериш тўғрисидаги ариза билан банкка қайта мурожаат қилишга ҳақли.


24. Ариза берувчига кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, банк уч иш кунида бу ҳақида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Бунда, банк томонидан ариза берувчига танишиб чиқиш ва ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлган кредит шартномаси ва кредитни қайтариш жадвали лойиҳаси тақдим этилади ҳамда банк ва ариза берувчи ўртасида кредит шартномаси имзоланади.


25. Ажратилган кредит суммаси ишлар қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар жалб этилган ҳолда бажарилганда, банк томонидан нақд пулсиз шаклда бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда эса, пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.


26. Якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишлари пудрат ташкилоти (ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар) ёки қарз олувчи томонидан ўз кучи билан амалга оширилади.


27. Қарз олувчи кредит шартномасини қайтариш графигига асосан ажратилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради.


28. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой куриш учун гаровсиз кредитлар ажратиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. КРЕДИТЛАР МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ

БОРИШ ВА КРЕДИТНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


29. Кредитни қайтариш ва у бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномаси, қонунчилик ҳужжатлари ва банк кредит сиёсати билан тартибга солинади.


30. Кредит бўйича фоиз кредит қолдиғига нисбатан ҳар куни ҳисоблаб ёзилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.


31. Кредит бўйича асосий қарзни ва фоизни тўлаш тартиби кредит шартномасида белгиланади. Бунда, ҳисобланган фоиз ва кредит бўйича асосий қарз банк ва қарз олувчи томонидан имзоланган, кредит шартномасига илова қилинган тўловлар жадвалида белгиланган муддатларда ундирилади.


32. Банк кредитдан фойдаланишнинг бутун даври давомида доимий мониторингни амалга оширади. Мониторинг давомида банкнинг масъул ходими кредитдан мақсадли фойдаланилиши, асосий қарз ва фоизнинг тўланишини назорат қилиб боради.


33. Кредитдан белгиланган мақсадда фойдаланмаганлик учун қарз олувчига нисбатан банк томонидан қўлланиладиган чоралар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.


34. Қарз олувчи томонидан кредит бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоиз тўлови белгиланган муддатларда тўланмаганда, банк ходими қарз олувчи билан шахсан учрашиб мажбуриятини бажарилмаётгани сабабини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган кредитнинг қайтарилишини таъминлаш чорасини кўришни талаб қилади.


35. Кредит мониторинги давомида тақдим этилган ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёнида банк томонидан кредитдан мақсадсиз фойдаланилганлига аниқланган тақдирда, банк мақсадсиз фойдаланилган маблағ ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олади.


36. Кредитни ўз вақтида ва тўлиқ қайтармаслик хавфи юзага келса, банк кредит шартномаси ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тўлов (қайтариш) муддати келган кредит ва фоиз тўловларини ундирищ чораларини кўради.

Берилган кредитни муддатидан олдин ундириш мақсадида банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ҳар қандай ҳисобварақларидан (омонат, банк карталаридаги) маблағларни акцептсиз тартибда ундириб олиши ва қарздорликни қайтаришга йўналтириши мумкин. Ушбу шартлар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.


37. Кредит бўйича муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликни қарз олувчидан уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу қарздорликлар тегишлича мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган кафилликлар ҳисобидан бир ой ичида қоплаб берилади.

Бунда, қоплаб берилган кредит қарздорлиги суммаси тегишлича "Саховат ва кўмак", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жамғармаларига ушбу жамғармалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан қарз олувчидан регресс тартибида ундириш чоралари кўрилади.



6-БОБ. ҚАРЗ ОЛУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ


38. Ариза берувчи кредит олиш учун банкка мурожаат қилганда, банк кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини бепул тарзда тақдим этади.


39. Банк ариза берувчига кредит бўйича тўланиши лозим бўлган ойлик тўловлар миқдори ҳамда ариза берувчининг даромадларини таҳлил қилган ҳолда ушбу тўловларни тўлаш учун унинг имконияти етиши (ёки етмаслиги) ҳақида тушунтириш беради.


40. Кредит шартномаси имзоланмасдан олдин банк ариза берувчига ушбу шартнома лойиҳасини танишиб чиқиш учун ўзи билан олиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.


41. Банк қарз олувчига кредит шартномаси имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини кредитни қайтариш жадвалини илова қилган ҳолда тақдим этиши керак.


42. Банк кредит ажратишда банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши шарт.


43. Қарз олувчи қурилган якка тартибдаги қўшимча уй-жойнинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилишда суғурта ташкилотини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44. Ариза берувчи (қарз олувчи) давлат органлари ва ташкилотлари, тижорат банклари ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиши мумкин.


45. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида

қўшимча уй-жой қуриши учун кредит ажратиш

СХЕМАСИ*

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Ариза берувчи


Ер участкаларида белгиланган тартибда келишилган лойиҳа асосида ҳамда туман (шаҳар) аҳоли пунктлари Бош режаси ва шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолда пудрат ташкилоти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар билан ўз хонадонида якка тартибда қўшимча уй-жой қуриш бўйича шартномани имзолайди, ўз кучи билан амалга ошириш ҳолати бундан мустасно.


Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда









2-босқич

Ариза берувчи


Банкка кредит олиш учун ариза ва банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Бунда, ариза берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал шакллантирилишида якка тартибда қўшимча уй-жойни қуриш учун сотиб олинган қурилиш материаллари ва (ёки) бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олинади.


Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда









3-босқич

Банк


Кредит олиш бўйича тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ариза қаноатлантирилган тақдирда, кредит шартномаси имзоланади.


3 иш куни









4-босқич

Банк


Ажратилган кредит суммаси ишлар қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этилган ҳолда бажарилганда, банк томонидан нақд пулсиз шаклда бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда эса - пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.


Шартномада белгиланган муддатларда









5-босқич

Пудрат ташкилоти (ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар) ёки қарз олувчи ўз кучи билан


Якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишларини амалга оширади.


Шартномада белгиланган муддатларда









6-босқич

Қарз олувчи


Кредит шартномаси қайтариш графигига асосан кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради.


Шартномада белгиланган муддатларда



          

*) Молия вазирлиги томонидан банкларга маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ белгиланган тартибда ажратилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь




















































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск