ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2021 й. 656-сон "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2021 й.

N 656



ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА

ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН

БОЛАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, тураржойлар билан таъминлаш, уларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш, ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш ҳамда ҳисобини юритиш тартиби;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жойлар ажратиш ва харид қилиш тартиби.


2. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб:

а) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқланади;

б) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олиш "Васийлик ва ҳомийлик" электрон платформаси орқали онлайн мурожаатга асосан амалга оширилади.


3. Халқ таълими вазирлиги ҳар йили 1 сентябрга қадар Давлат бюджети параметрларида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш мақсадида, Молия вазирлигига кейинги йил учун уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни киритиб борсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

республика иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжига мувофиқ "Ижтимоий иш" бакалавриат таълим йўналиши бўйича "Васийлик" ва "Ҳомийлик" соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;

"Амалий психология", "Ёшлар психологияси", "Ижтимоий психология" мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш параметрларини ошириш чораларини кўрсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 9 августдаги ПФ-6275-сон Фармони билан ташкил этилган Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга:

а) қуйидагиларни тасдиқлаш учун киритсин:

оилавий болалар уйлари ташкил этиш тартиби ва шартлари;

болаларни оилавий болалар уйига тарбиялаш учун бериш тартиби;

тарбияловчи ота-оналарнинг психологик тайёргарлиги талаблари, тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

оилавий болалар уйларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби;

оилавий болалар уйида тарбиялаётган болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари вазифалари;

оила тарбиясига берилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинг тартиби.

б) халқаро ёки хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда қуйидагилар бўйича таклиф киритсин:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича илғор халқаро тажрибалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ходимларини тизимли равишда малакасини ошириш, қайта тайёрлаш;

болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мониторинг-назорат тизимини яратиш;

Миллий комиссия ҳузурида тематик ишчи гуруҳларни ташкил этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари билан биргаликда:

а) маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни биринчи навбатда яқин қариндошлари тарбиясига беришга, уларга муносиб оила топиш бўйича масъулиятини ошириш, оилавий болалар уйига тақсимланган болалар ҳолидан доимий равишда хабар олиш;

ташкил этилган оилавий болалар уйларининг ижтимоий аҳволи, болаларнинг оилага мослашуви ва улардаги бошқа жамоавий муносабатларнинг шаклланишида маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари доимий равишда ижтимоий мослашув мониторингини юритиш тизимини йўлга қўйсин.

б) ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир оиладаги моддий-маънавий муҳитни доимий ўрганиб бориш, муҳтожларга кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ўз фаолияти юзасидан ҳар чоракда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ахборот тақдим этиб борсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов




Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 25 октябрдаги

656-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорининг 2-иловасидаги "Лавозимлар номи" устунининг 2.3-позицияси "директорининг" сўзларидан кейин "биринчи ўринбосари ва" сўзлари билан тўлдирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 июндаги 171-сон қарори билан тасдиқланган Болалар уйлари тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 26-1-банд билан тўлдирилсин:

"26-1. Болалар уйларига тарбияга олинган етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба тарбияланувчи болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.".


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассаса ва ташкилотларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2014 йил 31 январдаги 21-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 6-сон, 66-модда) илова қуйидаги мазмундаги 26-позиция билан тўлдирилсин:

"

26

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси

ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий нашрлар

Газета, журнал

1

".

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомнинг 39-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади".


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10-8. Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан "Меҳрибонлик" уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб SOS - болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, йигирма беш ёшгача бўлган васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар учун ҳам татбиқ қилинади.

Бунда, ушбу қўшимча квоталарнинг олий таълим муассасалари бўйича тақсимоти Халқ таълими вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан белгиланади".


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 12-сон, 299-модда) билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари ҳамда зарур бўлган тақдирда уларга тегишли ахборот-таҳлилий материаллар электрон шаклда юбориладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг рўйхатида:


а) "6. Марказлар" бўлимининг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) "12. Бошқа ташкилотлар" бўлими қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:

"5. Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси".


8. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 4-банди қуйидаги мазмундаги "д" кичик банд билан тўлдирилсин:

"д) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат мактабгача таълим ташкилотларига навбатга қўйилмаган ҳолда, бевосита тегишли ташкилотга мурожаат этган ҳолда жойлаштирилади.".


9. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 9-бандида:

қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи ва ўн олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг Вазирлик тизимидаги "Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларида касб-ҳунарга ўқитиш чораларини кўриш, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантирилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхати асосида уларнинг йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўташини ташкил этиш;

Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бандлиги бўйича доимий мониторинг олиб бориш;";

ўн бешинчи хатбоши ўн еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

11. Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2020 й., 1-сон, 21-модда):


а) Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (1-илова):


10-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендиялари соҳибларига талабалар учун белгиланадиган стипендиялар тайинланмайди";


қуйидаги мазмундаги 10-1 ва 10-2-бандлар билан тўлдирилсин:

"10-1. Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти грантига даъвогар бўлади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ушбу тоифадаги талабаларга иккинчи курснинг ўқув йили бошидан Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси тайинланади ва тўланади.

10-2. "Аъло" баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётган талаба-қизлар учун олий таълим муассасаларининг Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қизлар учун махсус стипендия (кейинги ўринларда - Махсус стипендия) берилади.

Махсус стипендия ўқув семестри якуни натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат "аъло" баҳо бўлган ҳамда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Ягона реестр" АТ) орқали кам таъминланган оила деб эътироф этилган оиладан бўлган талаба-қизларга (кейинги ўринларда - талаба-қизлар) тайинланади ва тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш тўғрисидаги қарор "Ягона реестр" АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Махсус стипендияни тўлаш тўғрисидаги қарор "Ягона реестр" АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Махсус стипендия талаба-қизларга олий таълим муассасаларида умумий шартларда бериладиган стипендия сақлаб қолинган ҳолда стипендиянинг базавий миқдорида қўшимча тарзда ойма-ой тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича унинг ўзлаштириш кўрсаткичи фақат "аъло" баҳо бўлгандагина давом эттирилади.

Махсус стипендияни тўлаш қуйидаги ҳолларда келгуси ўқув семестридан бошлаб тўхтатилади:

талаба-қизларнинг ўқув семестри натижалари бўйича барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари "аъло" бўлмаганда;

кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома амал қилишининг (12 ойлик) муддати тугаганда";


11-банддаги "Номли давлат стипендияларини" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендияларини" сўзлари билан алмаштирилсин;


15-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.";


қуйидаги мазмундаги 19-1-банд билан тўлдирилсин:

"19-1. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.";


қуйидаги мазмундаги 20-2-банд билан тўлдирилсин:

"20-2. Олий таълим муассасаларидаги бакалавр ва магистратура босқичида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга, уларнинг таълим олиш тури (грант ёки тўлов-шартнома асосида) ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий стипендиянинг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.";


б) Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорларида (2-илова):


4-позиция "базавий стипендия" сўзларидан кейин "ва Қизлар учун махсус стипендия" сўзлари билан тўлдирилсин;


қуйидаги мазмундаги еттинчи позиция билан тўлдирилсин:

"

7.

Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабалар учун стипендия

Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорда назарда тутилади

".

12. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги 228-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисида низомнинг 12-банди "г" кичик банди қуйидаги мазмундаги еттинчи-тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Меҳрибонлик" уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмасининг болалар маҳаллаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш;

ҳар йили камида икки маротаба ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб бориш;

ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларни "Меҳр дафтари"га киритиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда ўқув-тарбия муассасаларидан кейинги ҳаётида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиш.".


13. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 517-сон қарори билан тасдиқланган Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 16-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"16. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларига иш ҳақи учун устама ҳақ ва қўшимча ҳақлар бир ойлик маошгача бўлган миқдорда табақалашган ҳолда, бошқа тоифадаги ходимларига эса - олий таълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг тавсиясига кўра олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланадиган миқдорларда тўланади.";


б) қуйидаги мазмундаги 17-2-банд билан тўлдирилсин:

"17-2. "Меҳрибонлик" уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг тарбияланувчиларига ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ, табиий ва бошқа фанларга ўқитиш бўйича факультатив ва тўгарак машғулотларини, "давра сухбатларини" ва фан мусобақаларини ташкил этган олий таълим муассасалари етакчи профессор-ўқитувчиларига олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур низомда белгиланган тартибда уларнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланади.".


14. Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарорида:


а) 2-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, йўл харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари" сўзлари "ҳамда йўл харажатлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35 баравари" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) Умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида низомда (1-илова):


4-банднинг учинчи хатбошисидаги "учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, йўл харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари" сўзлари "ҳамда йўл харажатлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35 баравари" сўзлари билан алмаштирилсин;


қуйидаги мазмундаги 8-1-банд билан тўлдирилсин:

"8-1. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар таълим муассасаларида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.";


қ уйидаги мазмундаги 6-1-боб билан тўлдирилсин:


"6-1-БОБ. ЎҚУВЧИ (ТАЛАБА)ЛАРНИНГ ЎҚУВ,

ИЛМИЙ ВА БАДИИЙ АДАБИЁТЛАР (КИТОБЛАР)НИ

ХАРИД ҚИЛИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАБ

БЕРИШ ТАРТИБИ


35-1. Ўқувчи (талаба)га ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун тегишли маблағларни ажратишни расмийлаштириш ва бериш тартиби ижтимоий таъминот ёрдами каби амалга оширилади.

35-2. Ўқувчи (талаба)га ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш учун маблағлар ишчи гуруҳнинг қарорига мувофиқ қабул қилинган таълим муассасалари раҳбарининг буйруғига асосан берилади.

35-3. Ўқувчи (талаба)га ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш учун маблағлар таълим муассасаларининг харажатлар сметасига ажратилган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

35-4. Ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун тегишли маблағлар ўқувчи (талаба)нинг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали ёки нақд пул шаклида берилади.

35-5. Ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун тегишли маблағлар ўқувчи (талаба)га ўқув йили бошида лекин 1 октябрдан кечиктирилмаган ҳолда тўлаб берилади.

Бунда, ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш жараёни (уларни саралаш, танлаш ва сотиб олиш) ўқувчи (талаба) ҳамда таълим муассасаси ёшлар етакчиси (Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси) билан биргаликда амалга оширилади.

35-6. Мазкур бобда назарда тутилган тартиб таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда васийлик ва ҳомийликка олинган (берилган) етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам татбиқ этилади";


Низомга 4-илова "Ижтимоий таъминот ёрдами тури (сўм)" устунидан кейин қуйидаги мазмундаги устун билан тўлдирилсин:

"

Ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни

харид қилиш харажатлари (сўм)










";

Низомга 5-илова қуйидаги мазмундаги 8-10-позициялар билан тўлдирилсин:

"

8.

Ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш учун муассасага ажратилган маблағлар миқдори

сўм




9.

Қайдномага асосан берилган ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш учун берилган маблағлар миқдори

сўм




10.

Қайдномага асосан ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар)ни харид қилиш учун маблағ олаётган ўқувчи (талаба)лар сони

нафар


";

в) Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги низом (2-илова) қуйидаги мазмундаги 20-1-банд билан тўлдирилсин:

"20-1. Меҳрибонлик уйларига тарбияга олинган етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба тарбияланувчи болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.";


г) Болалар шаҳарчаси тўғрисидаги низомда (3-илова):


қуйидаги мазмундаги 29-1-банд билан тўлдирилсин:

"29-1. Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун берилган болаларга Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба тарбияланувчи болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.";


Низомга 1-иловада:


4-позициядаги "Директорнинг маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосари" сўзлари "Директорнинг тарбия ишлари бўйича биринчи ўринбосари" сўзлари билан алмаштирилсин;


9-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

9.

Психолог

2

2

2

";

д) Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги низомда (4-илова):


3-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ота-оналарининг яқин қариндошларига ушбу болаларни навбатсиз, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан номзод сифатида ҳисобга қўйилмаган ҳолда, фарзандликка ёки оилага тарбияга (патронатга) олиш ҳуқуқи берилади.";


қуйидаги мазмундаги 37-1-банд билан тўлдирилсин:

"37-1. Оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади;

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.";


Низомга 1-илованинг 6-банди "д" кичик бандидаги ва 11-бандидаги "базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари" сўзлари "меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари" сўзлари билан алмаштирилсин;


Низомга 2-илованинг 11-бандидаги "базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари" сўзлари "меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари" сўзлари билан алмаштирилсин.


15. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомда:


а) 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар;";


б) 5-банд қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар ҳисобидан "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини молиялаштириш;";

ўн бешинчи хатбоши ўн олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


16. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сон қарори билан тасдиқланган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ишга марҳамат" мономарказлари тўғрисидаги низомнинг 14-банди қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни касб-ҳунарга ўқитиш;";

учинчи-ўн еттинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи-ўн саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


17. Вазирлар Маҳкамасининг "Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2021 йил 8 апрелдаги 193-сон қарорида:


а) 1-банднинг "в" кичик банди қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатларни қоплашда;";

тўртинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


б) илованинг 5-банди қўйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатларни қоплаш;";

тўртинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


18. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган "Аёллар дафтари"ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартибнинг 19-бандида:


а) "а" кичик банд "мавжуд ёлғиз аёллар," сўзларидан кейин "кам таъминланган оилаларнинг умумтаълим муассасаларидаги куни узайтирилган гуруҳларда болалари ўқийдиган аёллар," сўзлари билан тўлдирилсин;


б) "д" кичик банд "ногиронлиги бўлган боласи мавжуд" сўзларидан кейин "хамда умумтаълим муассасаларидаги куни узайтирилган гурухларда ўқийдиган болалари бор" сўзлари билан тўлдирилсин.


19. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 400-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-банди ўн тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Меҳрибонлик" уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмасининг болалар маҳаллаларидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш тадбирларини молиялаштириш, шу жумладан, ушбу муассасалар тарбияланувчиларининг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган "коучинг" видео материаллар, мотивацион роликлар ва дарсликлар тўпламлари билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш".


20. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига номзодларни саралаб олиш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2021 йил 6 августдаги 500-сон қарорининг 2-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Университетда "Меҳрибонлик" уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари тарбиячиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.".


21. Вазирлар Маҳкамасининг "Кам таъминланган оилалар фарзандларининг умумтаълим муассасаларидаги куни узайтирилган гуруҳларда ўқишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 16 августдаги 523-сон қарорининг 2-банди иккинчи хатбошисидаги "ёшлар" сўзи "кам таъминланган оилалар фарзандлари" сўзлари билан алмаштирилсин.




Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 25 октябрдаги

656-сон қарорига

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2010 йил 2 августдаги 164-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида" 2014 йил 9 декабрдаги 338-сон қарори.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида" 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон ҳамда "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сон қонунлари)" 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарори 1-иловаси 101-бандининг "б" ва "в" кичик бандлари.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)" 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарори иловасининг 13-банди.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарори 5-иловасининг 1-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 октябрь
































Время: 0.0230
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск