ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Фанлар академияси /

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 30.06.2017 й. ПҚ-3105-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 30 июндаги

ПҚ-3105-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи

бўйича Жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) фаолиятининг асосий вазифалари, функциялари ва уни ташкил этиш тартибини белгилаб беради.


2. Кенгаш Ўзбекистоннинг энг янги тарихи тадқиқ этиш ва ўқитиш самарадорлигини, илмий, ўқув-методик адабиётлар сифатини, ушбу соҳадаги маънавий-маърифий ишлар сифатини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи идоралараро илмий-мувофиқлаштириш, маслаҳат органи ҳисобланади.


3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини замонавий назарий-методологик, фанлараро ёндашувларга, тарихийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тизимли ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича долзарб муаммоларни ишлаб чиқиш, шунингдек, буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама, ақидапарастликка йўл қўймаслик ишларини мувофиқлаштириш;

демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг "ўзбек модели" моҳияти ва мазмунини, жамиятда барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни, ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол очиб бериш;

илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини мувофиқлаштириш, уларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, шунингдек, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув ва ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари мониторингини олиб бориш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ошириб боришга кўмаклашиш;

Ўзбекистоннинг тарихи бўйича замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларини ўрганишга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳозирги Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисидаги холис ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказиш.


5. Кенгаш ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганишнинг назарий-методологик асосларини шакллантиради ва ривожлантиради;

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиш тарихий асосларини ўрганишни ташкиллаштиради;

умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан узвий боғлиқ ҳолда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тизимли равишда ўрганади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича фактларга асосланган кенг кўламдаги ахборотни мунтазам йиғиш ва таҳлил қилиш ишларини ташкил этади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув ва ўқув-методик адабиётлар мониторингини олиб боради;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича янги ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича олий, ўрта махсус, профессионал ва умумий ўрта таълим муассасалари учун янги дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларининг илмий-методологик экспертизасини ўтказиш ишларини ташкил этади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш ҳамда унга оид дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш соҳасида илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари фаолиятини, шунингдек, етакчи тарихчи-мутахассисларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётларни ёзиш танловлари регламентини яратиш ва уларни мунтазам эълон қилиб туриш ишларини амалга оширади;

бакалавриятнинг "Тарих" ва магистратуранинг тегишли мутахассисликлари йўналиши бўйича малака талабларини ишлаб чиқишда қатнашади;

тарих дарсларини, шу жумладан замонавий ва илғор мультимедиа, масофавий ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш соҳасида илғор миллий ва жаҳон тажрибаси ютуқларини олий, ўрта махсус, профессионал ва умумий ўрта таълим тизимига татбиқ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва киритади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ва демократик ислоҳотлари тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида кенг тарқатиш бўйича ишларни ташкиллаштиради;

энг янги тарих материалларидан (ёшлар анжуманлари, энг янги тарихни билиш танловлари ва ҳоказолардан) фойдаланган ҳолда ёшлар ўртасида тарбиявий ва маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш юзасидан методик тавсияларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш ва ўқитиш масалаларига бағишланган халқаро, республика илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, семинарларни амалий жиҳатдан тайёрлаш ва ўтказишни мувофиқлаштиради.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


6. Кенгаш ўз зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқарув органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан зарур ахборот ва материалларни белгиланган тартибда олиш;

Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят муҳим йўналишларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг, вазирликлар ва идоралар, илмий ва олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари ҳамда юқори малакали мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳларини тузиш;

энг янги тарихни ўрганишга ихтисослашаётган етакчи хорижий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

Кенгаш ваколатига кирувчи масалалар бўйича ихтисослаштирилган бюллетенлар чоп этиш.



4-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Кенгаш раис, раис ўринбосаридан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи методик марказ (кейинги ўринларда - Марказ) директоридан ҳамда Кенгаш аъзоларидан иборат таркибда ташкил этилади.


8. Кенгашга унинг раиси раҳбарлик қилади.

Қуйидагилар раиснинг ваколатига киради:

Кенгаш мажлисларининг кун тартиби ва уни чақириш муддатини белгилаш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

Кенгаш зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича Кенгаш аъзоларининг ишини мувофиқлаштириш;

Кенгаш фаолиятини назорат қилиб, унга раҳбарликни амалга ошириш;

Кенгашнинг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича бошқа ишларни бажариш.


9. Кенгаш фаолияти қарорларни қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига асосланади.


10. Кенгаш ўз фаолиятини Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширади ва ўз мажлисларини заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида икки марта ўтказади.

Кенгаш аъзосининг ташаббусига кўра навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин. Кенгашнинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш тўғрисидаги асосли талаб ёзма равишда Марказга юборилади.


11. Кенгаш мажлисига унинг раиси раҳбарлик қилади, у бўлмаганида эса раис ўринбосари олиб боради. Кенгаш мажлисида унинг аъзоларидан камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда у ҳуқуқий ваколатга эга ҳисобланади.


12. Кўриб чиқилаётган масалаларнинг характерига қараб Кенгаш мажлисларига таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


13. Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича Кенгаш аъзоларидан иборат ишчи ва эксперт гуруҳларини шакллантириш, шунингдек, экспертларни, амалиётчи мутахассислар ва бошқа шахсларни жалб этишга ҳақлидир. Фаолият йўналишлари ҳамда ишчи ва эксперт гуруҳларининг таркиби Кенгаш қарори билан тасдиқланади.

Кенгаш томонидан ташкил этиладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



5-БОБ. КЕНГАШНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


14. Марказ Кенгаш ички органининг функцияларини бажаради. Марказ давлат муассасаси бўлиб, банк ҳисобварақларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тасвирланган ва давлат тилида ўз номи ёзилган муҳрга эгадир.

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг идоравий муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Марказ ходимларига татбиқ этилади.


15. Марказ ўз фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан тасдиқланадиган Устав асосида амалга оширади.


16. Марказ Кенгашнинг ишчи органи сифатида зиммасига юкланган функцияларга мувофиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

Кенгаш фаолиятининг ташкилий-техник таъминоти масалаларини ҳал этади;

Кенгашнинг навбатдаги даврга мўлжалланган иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, унинг ижросини назорат қилади, тасдиқланган режага мувофиқ Кенгашнинг жорий ишларини ташкил этади;

Кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, унинг ўтказилишини ташкиллаштиради;

илмий, илмий методологик ҳамда бошқа материалларни тайёрлайди;

Кенгашнинг кўриб чиқиши учун ахборот, таҳлилий ҳамда Кенгаш қарорига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан назорат ва мониторингни таъминлайди;

"Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид долзарб масалалар" журналини чоп этади;

келиб тушаётган ёзишмаларни кўриб чиқади ва Кенгаш ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Кенгаш қарорлари ҳисобини юритади ва уларни сақлайди.



6-БОБ. КЕНГАШ МАЖЛИСИГА

МАТЕРИАЛЛАР ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


17. Марказ Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш учун Кенгаш аъзолари томонидан тақдим этилган материалларни расмийлаштиради, мажлиснинг кун тартибини тайёрлайди ва ҳужжатлар тўпламини тақдим этади.


18. Кенгаш мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича ҳужжатлар тўплами қарор қабул қилиш учун зарур материаллар (таҳлилий маълумотномалар, жадваллар ва ҳоказолар) ҳамда Кенгаш қарори лойиҳасини ўз ичига олган бўлиши керак.


19. Марказ директори тақдим этилган материалларни Кенгаш раисига маълум қилади, раис кун тартибини ва тақдим этилган материалларни маьқуллаган тақдирда, мажлисни ўтказиш вақти ва санасини, шунингдек, зарурат бўлганда, таклиф этиладиган шахсларни белгилайди.


20. Марказ директори Кенгаш мажлиси ўтказилишидан камида беш кун олдин Кенгаш аъзоларига, шунингдек, мажлисга таклиф этилган бошқа шахсларга мажлис материаллари ва баённома лойиҳаси тарқатилишни таъминлайди.

Кун тартиби ўзгартирилган тақдирда Марказ директори Кенгаш аъзоларини ва мажлисга таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин бу ҳақда хабардор қилади.



7-БОБ. КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


21. Кенгаш қарорлари унинг мажлисида Кенгаш аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Кенгаш раиси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради. Овозлар тенг бўлиб қолганида Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда изҳор этишга ҳақлидир.


22. Кенгаш раиси қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш мақсадида Кенгаш аъзолари билан сўров орқали келишилган айрим масалалар бўйича Кенгашнинг қарорларини тасдиқлаши мумкин.


23. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари Марказда сақланади.


24. Марказ Кенгаш қарорлари бажарилишининг назорати ва мониторингини юритади ҳамда, зарур ҳолларда, Кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.


25. Кенгаш ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлар тавсиянома тусида бўлиб, амалга ошириш учун илмий ва таълим муассасаларига юборилади.


26. Марказ Кенгаш қарорларини бажариш натижалари тўғрисида ҳар ой Кенгашга ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг президентига тегишли таҳлилий маълумотномани зарур материаллар илова қилинган ҳолда тақдим этади.


27. Кенгаш ўз мажлисларида қабул қилинган қарорлар ижроси ҳолатини мунтазам равишда кўриб чиқади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Кенгашни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 583-модда























































Время: 0.2021
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск