ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2021 й. 704-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 22 ноябрдаги

704-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза

марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот

институти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда - Институт)нинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Институт X. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


3. Институт мамлакатимизда суд-экспертлик фаолияти соҳасига замонавий илмий ёндашувларни қўллаш орқали унинг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда иштирок этади.


4. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруқлари, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


5. Институт ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Институт унинг тўлиқ номи кўрсатилган, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.


7. Институтнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти, қисқартирилган номи - Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Научно-исследовательский институт судебной экспертизы при Республиканском центре судебной экспертизы имени Х. Сулеймановой при Министерстве юстиции Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Научно-исследовательский институт судебной экспертизы;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The Scientific Research Institute of Forensic expertise under X. Sulaymanova Republican Center of Forensic expertise, қисқартирилган номи - The Scientific Research Institute of Forensic expertise.



2-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш;

суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш;

суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш;

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш;

суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


9. Институт ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш соҳасида:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларни ташкил этади;

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ва услубий ишлар юзасидан маслаҳатлар беради;

суд экспертизаси ва криминалистика мутахассислиги бўйича илмий даражаларга эга бўлган кадрларни аниқлаш ва уларни илмий тадқиқот ишларига жалб қилиш чораларини кўради;

давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларига илмий-тадқиқот ишларини тайёрлашда ёрдам кўрсатади;

суд экспертизаси соҳаси самарадорлигини оширишга оид тадқиқотларни олиб боради;

хорижий давлатларнинг суд-экспертиза ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан яқин ва фаол ҳамкорликни амалга оширади;

илғор хорижий тажрибани ўрганиб боради, Scopus, Web of science ва бошқа базалардаги суд экспертиза соҳасига оид материалларни доимий таҳлил қилиб боради, натижасига кўра таклифлар ишлаб чиқади;

суд экспертизаси соҳасида илмий-техник муаммоларни ҳал қилиш ва муҳим аҳамиятга эга бўлган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди;


б) давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш соҳасида:

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлайди;

янги услубиётларни ишлаб чиқилишига кўмаклашади;

суд экспертиза соҳаси бўйича илмий-тадқиқот ва бошқа материалларни ишлаб чиқади, тўплайди ва нашр этиш чораларини кўради;

замонавий фан ютуқларини қамраб олган ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқади;

мавжуд соҳавий адабиётларни доимий мониторинг қилиш натижасида янги авлод адабиётларига эҳтиёжларини ўрганиб, уларни ишлаб чиқиш бўйича дастурларни амалга оширади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ходимлариинг илмий-услубий билимларини ривожлантиришга қаратилган илмий семинар ва бошқа тадбирларни амалга оширади;

сўровга асосан суд экспертиза тадқиқотлари хулосалари бўйича тақризлар беради;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган янги услубиёт ва эксперт тадқиқот турларини синаб кўради ва экспертлик амалиётига тадбиқ этиш бўйича таклиф киритади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятининг янада ишончлилигини таъминлаш мақсадида уларни белгиланган тартибга мувофиқ ихтиёрий сертификатлашдан ўтказиш ишларини амалга оширади;


в) суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш соҳасида:

суд-экспертлик соҳасида ягона илмий-методик ёндашувларни ишлаб чиқади;

суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, уни суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш бўйича таклиф киритади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг соҳавий фаолиятини режа асосида ўрганиб боради ва ягона илмий-методик ёндашувларни татбиқ этиш бўйича аниқ чоралар кўради;

суд-экспертлик соҳасида ягона илмий-методик ёндашувларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

суд экспертлик соҳасида мавжуд услубий қўлланмалар реестрини шакллантиради ва янглаб боради;


г) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

суд экспертиза муассасалари, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судьяларни суд экспертизаси масалалари бўйича илмий-услубий жиҳатдан таъминлайди;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини илмий-таҳлилий ахборотлар билан таъминлашни ташкил этади;

таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар фаолиятига суд экспертизаси ва криминалистика соҳасига оид янги ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратишга кўмаклашиш орқали ўқув-методик ишларнинг сифати ва даражасини оширади;

таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан қўшма дастурлар асосида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради;

таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда грантларни амалга оширади;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг суд экспертиза соҳасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли тарғибот тадбирларини олиб боради;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд органлари ходимларини суд экспертизаси соҳасининг замонавий ютуқлари ва имкониятлари билан таништиради, уларга экспертиза тайинлаш ҳамда уни ўтказиш учун материалларни тайёрлаш тартибини тушунтиради, айрим ҳолларда ашёвий далилларни топиш, қайд этиш, олиш ва ўрашда амалий ёрдам кўрсатади;


д) суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш соҳасида:

суд-экспертлик фаолиятига илм-фаннинг замонавий ютуқларини татбиқ этиш чораларини кўради;

суд-экспертлик фаолиятига илмий ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш борасида таклифлар беради;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида фан ва техника ютуқлари татбиқ этилганлик ҳолатларини тизимли равишда мониторинг қилиб боради;

илғор замоавий тажрибани ўрганиш мақсадида Институт ходимларини хорижий суд экспертиза, таълим муассасалари ва бошқа ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш ташкилотларига тизимли равишда малака ошириш ҳамда стажировкаларга юборади;

суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш учун ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш ташкилотлари билан улар томонидан ишлаб чиқилган асбоб-ускуна ва технологияларни Ўзбекистон Республикасида апробация ва валидация қилиш бўйича белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади;


е) суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш соҳасида:

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш орқали уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш чораларини кўради;

экспертлик амалиётини умумлаштиради, муайян экспертиза материаллари бўйича ҳуқуқбузарликни содир этишга олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар киритади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларидан зарур бўлган ҳужжат, ахборот ва бошқа материалларни Институтнинг вазифа ва функцияларини инобатга олган ҳолда сўраб олади;

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишда давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг ходимлари ва мутахассисларини жалб этади;


ж) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш соҳасида:

суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида доимий равишда сўровномалар ўтказади;

очилмаётган жиноятларни тадқиқ этиш мақсадида у ҳақдаги статистик маълумотларни сўраб олади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида мавжуд бўлган суд-экспертиза соҳасига оид ахборот-маълумотлар базалари билан Институтни таъминлаш, уларни сақлаш ва фойдаланиш бўйича тегишли чораларни кўради;

суд экспертизасининг янги турлари ва услубиётларни ишлаб чиқишда давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг лаборатор ва тегишли базалардан белгиланган тартибда фойдаланади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган услубиётлар илмий жиҳатдан асосланганлиги бўйича кўриб чиқади ва бу борада тегишли хулосалар беради;


з) суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда соҳада замонавий ахборот технологияларининг кенг қўлланилиши бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

суд-экспертиза муассасаларида автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида ахборот хавфсизлиги, тизим ва манбаларни ҳимоялаш бўйича "Aхборот хавфсизлиги сиёсати" тизимини ишлаб чиқиш хамда суд-экспертиза фаолиятига тадбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда унинг бажарилганлигини тизимли равишда ўрганиб боради;

суд экспертиза муассасалари ва ташкилотларини жиҳозлашга доир минимал талабларни тизимли равишда ўрганиб боради ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида ахборотлаштириш соҳасида давлат сиёсатини ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ривожлантириш, маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш, автоматлаштириш масаласида махсус дастурлар мажмуини ишлаб чиқиш ва уларни суд экспертиза фаолиятларига татбиқ этиш бўйича таклиф ва кўрсатмалар беради;

суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган "E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизими ишлаши ва ундаги маълумотларни доимий равишда янгиланиб боради;

"E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизими самарали, тизимли ва узлуксиз ишлаши учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик ўрнатади;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион ишланмаларни татбиқ этиш борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.



3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Институт ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан зарур ахборот ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Институт кадрларини хорижий давлатларда малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда хорижий технологиялар билан моддий-техник жиҳозланиши учун мақсадли маблағлардан фойдаланиш;

суд экспертизаси соҳасидаги эксперт ва илмий ходимларни илмий ишларга жалб этиш;

ўз ваколати доирасида давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолияти бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган таъсир чоралар киритиш;

давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари билан биргаликда тадқиқот характеридаги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва тадқиқот фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш учун ходимларни жалб этиш;

суд-экспертлик соҳаси илмий-тадқиқот фаолияти масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш ва Институтнинг Идоралараро илмий-услубий кенгашига киритиш;

илмий тадқиқот лабораторияларининг моддий-техник базасини янгилаш ва экспертиза тадқиқотлари сифатини ошириш бўйича таклифларини Идоралараро илмий-услубий кенгашига олиб чиқиш;

Марказ раҳбарияти номидан Институт ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларни амалга ошириш;

Марказ раҳбарияти билан келишилган ҳолда Институтнинг илмий-тадқиқот фаолияти тўғрисидаги ахборотномани оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.

Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Институт ўз олдига қўйилган вазифалар ижроси юзасидан ҳар ярим йилликда Адлия вазирлигига ҳисобот беради.

Институт:

ижро интизомига риоя қилиш, ҳужжатлар ижросини таъминлаш, илмий-тадқиқот ва услубий ишланмаларни яратишни амалга оширишга қаратилган ҳужжатларини тайёрлашни ташкиллаштиришга;

Институтда иш юритиш бўйича белгиланган талабларга риоя этишга;

Марказнинг Илмий кенгаш ва тезкор йиғилишларида иштирок этишга;

соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишга;

Институтнинг ярим йиллик ва йиллик ҳисоботларини тузишга;

Адлия вазирлиги ва Марказ раҳбариятининг топшириғига кўра, ижро интизоми ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказ раҳбариятига таклифлар киритишга;

Марказнинг ярим йиллик иш режалари, шунингдек, Адлия вазирлигининг ярим йиллик иш режалари ижросини таъминлашга;

ўзига юклатилган топшириқларнинг бажарилиши юзасидан масъул ижрочилардан маълумотлар талаб қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказ раҳбариятига ахборот киритишга;

Институт иш режаси ижроси юзасидан Идоралараро илмий-услубий кенгаш йиғилишлари ўтказилишини ташкиллаштиришга;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд экспертиза ташкилотлари билан ҳамкорликда илмий, илмий-амалий конференциялар, вебинарлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга;

илмий фаолият натижаларига кўра фаол ходимлар, экспертларни рағбатлантириш ва мукофотлаш учун Марказ директорига таклифлар киритишга;

суд-экспертиза амалиётига татбиқ этилиши учун мўлжалланган Марказнинг илмий фаолияти режаларига мувофиқ амалга ошириладиган илмий-тадқиқотлар ва уларнинг натижаларини белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказишни амалга оширишга;

илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш ва суд-экспертиза фаолиятида тўпланган илғор маҳаллий ва хорижий тажрибалардан фойдаланиш учун олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий алоқаларни амалга оширишга;

илмий-тадқиқот лойиҳаларини масъул ижрочилар томонидан ўз вақтида бажарилишини назорат қилишга;

Марказда ўрнатилган ижро ва меҳнат интизоми талабларига риоя этишга;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Институтда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўришга;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга жавобгардир.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Институт тузилмаси - директор, бош илмий ходим, етакчи илмий ходим, катта илмий ходим, илмий ходим ва илмий котиб штат бирликларидан иборат.


13. Институтга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган қоида тариқасида олий маълумотли ва илмий даражали (DSc, PhD), суд-экспертиза соҳасида камида 10 йиллик иш стажига эга бўлган директор раҳбарлик қилади.


14. Институт раҳбари лавозими бўйича Марказ директори ўринбосарига тенглаштирилади.


15. Институт директори:

Институтга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;

Институт фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Институт ходимларининг ишини ташкил этади;

Институт томонидан кўриб чиқиш учун давлат суд-экспертиза муассасаларидан тақдим этилган услубиётларни, шунингдек Институт томонидан тайёрланаётган услубиётларни тайёрланиши ва сифатли экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

ўз фаолият соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг амалга оширилишини ташкил этади.


16. Институт ходимлари Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


17. Институт раҳбари бўлмаган вақтда (меҳнат таътили, хизмат сафари даврида ва бошқа ҳолатларда) унинг вазифасини Марказ директорининг буйруғига асосан Институтнинг бошқа ходимларидан бири бажаради.


18. Институт ходимлари ўз фаолиятини Марказ раҳбарияти билан келишилган ва тасдиқланган функционал вазифаларига мувофиқ амалга оширадилар.


19. Институтда Идоралараро илмий-услубий кенгаш (кейинги ўринларда - Кенгаш) фаолият юритади.

Кенгаш таркиби тизимида суд-экспертиза муассасалари бўлган давлат органларининг қўшма қарори билан тасдиқланади ва унга давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, илмий муассасалар ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг аъзолари киритилади. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади.


20. Кенгаш:

ишлаб чиқилган услубий материалларнинг илмий ва амалий асосланганлиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказишда қўлланиладиган методларни ва экспертиза соҳасидаги технологияларни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини суд-экспертлик амалиётига жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқади ва уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритади;

суд-экспертиза фаолиятини амалга оширишда хорижий тажрибадан фойдаланиш хусусида тавсиялар беради;

суд-экспертиза фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлашнинг бошқа масаларини кўриб чиқади.

Институтнинг бўлим бошлиқлари ўз фаолият йўналиши бўйича Кенгаш ваколати доирасига кирадиган масалаларга оид барча материалларни тайёрлаш ва Кенгашга тақдим этишга масъул ҳисобланади.

Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд экспертиза бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади.

21. Кенгаш ўз вазифаларини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ўз фаолиятини амалга оширишга оид зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этилган материалларни мустақил равишда кўриб чиқиш;

суд экспертиза фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш соҳасида бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш.



5-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ


22. Институт раҳбарлари ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига, Адлия вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмаларига ва Марказга мунтазам равишда ҳисобот беради.


23. Адлия вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари Институт раҳбарига юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, Институт фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


24. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Институтнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилиши ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Институт фаолиятини молиялаштириш Марказ маблағлари доирасида амалга оширилади.


26. Институт фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


27. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 22 ноябрь

























Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск