ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Матбаа-нашриёт фаолияти /

Ўзбекистон Республикасининг 26.11.2021 й. ЎРҚ-731-сон "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 04.03.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.04.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.11.2021 й.

N ЎРҚ-731



НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади ноширлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик


Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида Ўзбекистон Республикасининг ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


адад - ноширлик маҳсулотининг тайёрланган нусхалари сони;


нашр - моддий жисмда матн ва (ёки) тасвир тарзида қайд этилган, таҳририй-ноширлик жиҳатдан ишлов берилган, ноширлик маҳсулотини тайёрлаш учун мўлжалланган ахборот;


ноширлик маҳсулоти - чоп этиш матбаачилик технологияларини ва (ёки) визуаллаштирувчи дастурий-технологик воситаларни қўллаш йўли билан нашрга мувофиқ тайёрланган маҳсулот;


ноширлик фаолияти - нашрларни тайёрлашга ва чиқаришга қаратилган ташкилий, ижодий, ишлаб чиқариш чора-тадбирлари ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуи.



4-модда. Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари


Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ноширлик фаолиятининг эркинлиги;

китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;

муаллифлик ҳуқукларини ҳимоя қилиш;

ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик.



5-модда. Ноширлик фаолиятининг эркинлиги принципи


Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида, шу жумладан мавзуни, ихтисослашувини, ишлаб чиқариш кооперациясини аниқлашда, муаллифларни танлашда, ададни, ноширлик маҳсулотининг нархларини белгилашда, ўзаро алоқаларнинг, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг шаклларини белгилашда мустақилдир.

Агар давлат органларининг ва жамоат бирлашмаларининг мансабдор шахслари нашрнинг муаллифлари бўлмаса, ушбу мансабдор шахслар томонидан нашриётлардан материалларнинг олдиндан келишиб олинишини, матнни олиб ташлашни ёки унинг айрим қисмларини тузатишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.



6-модда. Китобхонлик маданиятини оммалаштириш

ва ошириш принципи


Давлат, нашриётлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ҳамда тарқатувчилар китобхонлик маданиятини оммалаштиришга ва оширишга кўмаклашади.

Китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

китобхонликни тарғиб қилиш учун қулай ахборот муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш ва ижтимоий аҳамиятга молик адабиётдан фойдаланишни таъминлаш;

миллий ва жаҳон адабиёти классикларининг энг яхши асарларини чоп этиш, тарқатиш ва оммалаштириш, шунингдек улардан китобхонларнинг фойдаланишини таъминлаш;

жамоатчилик онгида китобнинг қиймати ва аҳамияти тўғрисида барқарор тасаввурларни шакллантириш;

аҳолининг барча қатламларини, аввало ёшларни китобхонликка жалб этиш.



7-модда. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципи


Ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий вазифалари муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашдан, шунингдек контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашишдан иборатдир.



8-модда. Ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол

қилишга йўл қўймаслик принципи


Қуйидагиларни ўз ичига олган нашрларни ва ноширлик маҳсулотини тайёрлаш ва (ёки) тарқатишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга доир даъватни;

оммавий тартибсизликларга, шунингдек белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилишни;

жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни;

уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарғиботини;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи ахборотни;

жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботини;

порнографияни тарғиб қилишни ва ўз жонига қасд қилишга даъват этишни;

фуқароларни, шу жумладан вояга етмаганларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд бошқа шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф солувчи ҳаракатларни содир этишга ишонтиришга ёки бошқача тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни;

тайёрланиши ёки тарқатилиши қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ахборотни.

Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қаралиши мумкин бўлган нашрларни ҳамда ноширлик маҳсулотини чиқариш ва тарқатиш тақиқланади.



2-БОБ. НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ВА

НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


9-модда. Ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йуналишлари


Ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ривожлантириш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ноширлик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни амалга ошириш;

ноширлик хизматлари бозорида тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш;

ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунчиликка мувофиқ назорат қилиш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



10-модда. Ноширлик фаолияти соҳасини давлат

томонидан тартибга солиш


Ноширлик фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ноширлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ноширлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;

ноширлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва қабул қилади;

ноширлик фаолияти соҳасидаги хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилайди;

ноширлик фаолиятини амалга оширишнинг талаблари ва шартларига нашриёт томонидан риоя этилишини назорат қилиш тартибини белгилайди;

ноширлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди;

ноширлик маҳсулотларининг мажбурий нусхаларини тақдим этиш тартибини белгилайди;

ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;

ноширлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади ва ҳукуматлараро шартномалар тузади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ноширлик фаолияти соҳасидаги ваколатли

давлат органининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ноширлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

ноширлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

ноширлик фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;

ноширлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади;

ноширлик фаолияти соҳасида давлат реестрини юритади;

ноширлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

ноширлик фаолияти субъектларига уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлик масалаларда услубий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатади;

ноширлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

ноширлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, халқаро ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги ишларида иштирок этади;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради;

ноширлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш тўғрисида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ноширлик фаолиятининг субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Ноширлик фаолиятини давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш


Ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш;

ноширлик фаолияти субъектларининг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ижтимоий аҳамиятга молик адабиётлар чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

қонунчиликни, давлат ва тармоқ дастурларини бажариш мақсадида, шунингдек ахборот-кутубхона муассасалари фондларини бутлашга мўлжалланган ноширлик маҳсулотини чиқариш учун давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар тақдим этиш;

республикада миллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари таржималарини ташкил қилиш ҳамда сифатли тарзда нашр этишни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш;

танловлар ўтказиш орқали ноширлик фаолияти субъектларини моддий рағбатлантириш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестицияларни жалб этиш орқали амалга оширилади.

Ноширлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қонунчиликка мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.



3-БОБ. НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ СУБЪЕКТЛАРИ

ҲАМДА УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14-модда. Ноширлик фаолиятининг субъектлари


Ноширлик фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:

нашриёт;

тайёрловчи;

буюртмачи;

тарқатувчи.



15-модда. Нашриёт


Нашриёт нашрларни тайёрлаш ва чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмасидир.

Нашриёт:

ноширлик маҳсулотини чиқариш дастурини тузиш ва тасдиқлашга;

талаб қилинган мавзулар бўйича бадиий, бадиий-публицистик, ижтимоий-сиёсий, ўқув ва илмий тусдаги асарларни яратиш билан боғлиқ буюртмаларни олишга;

муаллифлар ва ноширлик фаолияти субъектлари билан шартномалар тузишга;

муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан унинг асарларидан бошқа мамлакатларда фойдаланиш ҳуқуқларини олишга;

муаллифларнинг асарларидан уларнинг рухсати билан бошқа мамлакатларда ва чет эллик муаллифларнинг асарларидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш учун чет эл жисмоний ва юридик шахслари билан шартномалар тузишда воситачи сифатида иштирок этишга;

ноширлик фаолияти соҳасидаги миллий ва халқаро танловларда, кўргазмаларда, ярмаркаларда иштирок этишга;

ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ва тарқатувчи сифатида иш юритишга ҳақли.

Нашриёт қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Нашриёт:

нашрларни ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламентларга (миллий стандартларга) мувофиқ безаши;

муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчилик талабларига, ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламентлар (миллий стандартлар), ноширлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

чоп этилган нашрлар ҳақидаги ахборотни ваколатли давлат органига тақдим этиши шарт.

Нашриётнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



16-модда. Тайёрловчи


Тайёрловчи ноширлик маҳсулотини чиқариш ва кўпайтиришни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси ёхуд якка тартибдаги тадбиркордир.

Тайёрловчи:

ноширлик маҳсулотини тайёрлашга доир шартномалар тузишга;

ўз ноширлик маҳсулотини тайёрлашга, шунингдек реализация қилиш учун ноширлик фаолияти субъектларидан буюртмалар қабул қилишга ҳақли.

Тайёрловчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқукларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тайёрловчи:

муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаши;

ноширлик маҳсулотининг нашрга мувофиқ тарзда тайёрланишини таъминлаши;

ноширлик маҳсулотининг сифатига доир белгиланган талабларга риоя этиши шарт.

Тайёрловчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



17-модда. Буюртмачи


Буюртмачи нашр ва (ёки) ноширлик маҳсулоти учун буюртмани тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Буюртмачи нашриётга ёки тайёрловчига нашрларни таҳририй-ноширлик жиҳатдан ишлов бериш, ноширлик маҳсулотини тайёрлаш ва чиқариш бўйича хизматларни бажариш учун қуйидаги материалларни тақдим этиши мумкин:

беллетристика, ижтимоий-сиёсий, реклама, ахборот, ўқув, илмий ва техник хусусиятга эга асарларни;

чиқишлар, лекциялар, нутқлар, маърузаларни;

матнли ва матнсиз мусиқали асарларни;

драматик, мусиқали-драматик асарларни;

амалий санъат асарларини;

фотосуратлар, расмлар, хариталар, тарҳлар, эскизларни;

таржималар, аннотациялар, шарҳлар, қисқача шарҳлар, асарларнинг асл нусхаси мазмунига зарар етказмайдиган бошқа ишланмаларни, эркин

асарлар яратилишига асос бўладиган фолъклор ишланмаларни;

алъманахлар, антологиялар, энциклопедиялар, маълумотномаларни ва бошқа тўпламларни;

бошқа асарларни.

Буюртмани ноширлик маҳсулотининг тили, ҳажми, адади, шунингдек уни реализация қилиш ва тарқатиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эга.

Буюртмаларни бажариш шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликка мувофиқ муаллиф (ҳаммуаллиф) ёки буюртма объектининг эгаси бўлган шахс, буюртмачи, нашриёт, ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ва тарқатувчи ўртасида тузилган шартномада белгиланади.

Буюртмачи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Тарқатувчи


Тарқатувчи ноширлик маҳсулотини тарқатишни, жумладан сотишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Тарқатувчи:

мустақил равишда ўз режаларини шакллантиришга, ўз фаолияти миқёсларини белгилашга, ноширлик маҳсулотини мавзулар йўналиши бўйича танлашга;

юридик ва жисмоний шахслардан ноширлик маҳсулотини тарқатиш учун буюртмалар қабул қилишга;

ноширлик маҳсулотини олиб кириш ёки олиб чиқиш мақсадида чет эл нашриётлари, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ёки тарқатувчилар билан муносабатлар ўрнатишга ҳақли.

Тарқатувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тарқатувчи:

ушбу Қонунда белгиланган ноширлик фаолияти талабларига риоя этиши;

ноширлик маҳсулоти материалларини тақдим этган шахс тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз ошкор қилмаслиги;

ўз фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

Тарқатувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


19-модда. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш

бошланганлиги тўғрисида хабардор қилиш


Ноширлик фаолияти қонунчиликка мувофиқ хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этилмайди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, марказий муассасалар, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини ҳамда бошқа ҳужжатларни нашр этишда;

республика аҳамиятига эга бўлган нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, шунингдек ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган, оммавий равишда тарқатиш ёки қўлёзма ҳуқуқи асосида кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;

оммавий ахборот воситалари ушбу оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари томонидан чоп этилганда.



20-модда. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш

талаблари ва шартлари


Ноширлик фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка, мазкур соҳадаги техник ва бошқа талабларга риоя этиш;

нашрларни тайёрлашни ва чиқаришни белгиланган ихтисослашув бўйича амалга ошириш;

чиқарилаётган нашрларнинг нашриёт-матбаа сифати белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқ бўлишини таъминлаш;

муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш;

тайёрланган нашрлар (шу жумладан ушбу маҳсулот таркибига киритилган асарлар) ҳисобини уларнинг номини, нусхалар сонини, шунингдек нашриётнинг ёки буюртмачининг мазкур нашрга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда юритиш.



21-модда. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш

талаблари ва шартларига риоя этилиши

устидан назорат


Ноширлик фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат ваколатли давлат органи томонидан олиб борилади.

Ваколатли давлат органи жисмоний ва юридик шахслар томонидан хабарнома юбормасдан ноширлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолларини аниқлаш учун белгиланган тартибда назорат тадбирларини ўтказади.

Ваколатли давлат органи:

текширувлар натижалари асосида, шу жумладан жойига чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ноширлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ белгиланган талаблар ва шартларнинг бузилишини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузишга, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини жисмоний ва юридик шахслар зиммасига юкловчи қарорлар қабул қилишга, шунингдек мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилашга;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, нашриётнинг фаолиятини ўн иш кунидан ошмайдиган муддатга тўхтатиб туришга ва аниқланган қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда нашриёт фаолиятини тугатиш тўғрисида белгиланган тартибда судга даъво аризаси беришга ҳақли.



5-БОБ. НОШИРЛИК МАҲСУЛОТИНИ НАШР ЭТИШ

ВА ТАРҚАТИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


22-модда. Ноширлик маҳсулотини тарқатиш


Ноширлик маҳсулотини тарқатиш тарқатувчи томонидан бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Ноширлик маҳсулотини тарқатишга фақат буюртмачи ёки нашриёт ёхуд улар ваколат берган шахс мазкур маҳсулотнинг чиқарилишига рухсат берганидан кейин йўл қўйилади.



23-модда. Муаллифлик нашрлари


Юридик ва жисмоний шахслар ўз қўлёзмаларини ҳамда бошқа материалларини, агар улар қонунчиликда белгиланган талабларга зид бўлмаса, ўз маблағлари ҳисобидан чиқаришга, тарқатишга ҳақли.



24-модда. Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар


Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар нашрни тавсифловчи ва уни расмийлаштириш, истеъмолчиларни хабардор қилиш, унга библиографик ишлов бериш ва уни статистик ҳисобга олиш учун мўлжалланган маълумотлар йиғиндисидир.

Чиқариладиган барча турдаги ноширлик маҳсулотида ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ва миллий стандартларга, техник регламентларга (миллий стандартларга) мувофиқ нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар бўлиши керак.

Нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар таркибига қуйидагилар киради:

ноширлик маҳсулотининг халқаро стандарт рақами;

муаллифнинг (ҳаммуаллифларнинг, тузувчиларнинг, таржимонларнинг) фамилияси, исми, отасининг исми;

нашрнинг номи;

таржима ёки қайта босиш қайси нашр асосида амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар;

таснифлаш индекслари;

муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш белгиси;

нашр чиқарилган жой;

нашриётнинг номи;

нашр чиқарилган йил;

адади;

босма табоғининг ва ҳисобга олиш-ноширлик табоғининг ҳажми;

нашрни теришга берилган ва босишга рухсат этилган саналар ҳақидаги маълумотлар;

қоғоз бичими, табоқ улуши;

асосий матннинг фойдаланилган шрифт гарнитураси;

буюртма рақами;

ноширлик маҳсулотини тайёрловчи ҳақидаги ахборот ва унинг почта манзили.



25-модда. Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган

ёки давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни

ўз ичига олган ҳужжатларни нашр этиш


Хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган ёки давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ҳужжатларни нашр этиш қоидалари ва шартлари қонунчиликка мувофиқ белгиланади.



6-БОБ. НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИДАГИ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


26-модда. Халқаро ҳамкорлик


Ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги асосида амалга оширилади.

Ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

янги технологияларни жорий этиш орқали нашриёт-матбаа мажмуасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бунинг учун чет эл инвестицияларини жалб қилиш;

мамлакатда ишлаб чиқарилган ноширлик маҳсулотини хорижда тарқатиш тармоғини ва тегишинча чет эл ноширлик маҳсулотини Ўзбекистон Республикасида тарқатиш тармоғини яратиш;

ноширлик фаолияти соҳасида биргаликда кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш;

ноширлик фаолияти соҳасида халқаро конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, ярмаркалар (кўргазмалар) ва бошқа тадбирлар ўтказиш.



27-модда. Чет эл инвесторлари билан ҳамкорлик қилиш


Ноширлик фаолияти субъектлари чет эл инвесторлари билан биргаликда ноширлик-матбаа корхоналарини ва китоб савдоси корхоналарини ташкил этиши мумкин.



28-модда. Ноширлик маҳсулотини олиб чиқиш ва олиб кириш


Ноширлик маҳсулотини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш, шунингдек бошқа давлатлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29-модда. Низоларни ҳал этиш


Ноширлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



30-модда. Ноширлик фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



31-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги 274-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 137-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 275-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 138-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) XII бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 4, 98-модда) 16-моддаси.



32-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



33-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 ноябрь


































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск