ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Қуролли кучлардаги кадрлар. Ижтимоий ҳимоя /

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 10.12.2021 й. ПҚ-40-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 10 декабрдаги

ПҚ-40-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий

хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш ва

уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони

билан тақдирлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг (кейинги ўринларда - масъул вазирлик ва идоралар) контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларини (кейинги ўринларда - ҳарбий хизматчилар) интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


интенсив синов - ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан бақувватлигини, чидамлилигини, экстремал шароитларда турли жисмоний юкламаларга руҳий бардошлилигини синаш бўйича машқлар мажмуи;


мослашувчанлик кўникмаси - инсон организми ва ташқи муҳит ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун доимо сарфланадиган функционал захиралар бўлиб, бунда озиқланувчи тизим организм функциясини тартибга солади ва назорат қилади;


пиёда юриш (марш-югуриш) - тезкор пиёда юриш, қўшинлар ёки алоҳида бўлинмаларнинг юриш ва югуриш билан уюшган ҳолдаги ҳаракатлари;


руҳий барқарорлик - экстремал шароитларда вазифаларни бажаришда асаб фаолиятининг оптимал параметрларини сақлаб туриш қобилияти;


куч машқлари - танани қисқа муддатли максимал юкламаларга, узоқ муддатли ўртача интенсив юкламаларга ҳамда мускулларни чидамлилик ва юқори ҳажмдаги юкламаларга мослаштириш машқлари;


ягона тўсиқли йўлак - тезкорлик, куч, чидамлилик ва чаққонлик ҳамда жуфтликда ишлашни машқ қилиш учун сунъий равишда жиҳозланган тўсиқлар мажмуаси;


ҳарбий қисмлар - масъул вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари, ҳарбий округлари (бирлашмалари, бошқармалари), қўшилмалари, ҳарбий қисмлари, ҳарбий таълим муассасалари ва бошқа ҳарбий бўлинмалари;


ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги - амалий аҳамиятга эга бўлган ҳар хил спорт турларидан олинган машқлардан фойдаланган ҳолда, жанговар вазифаларни бажариш учун ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини талаб даражасида сақлашга қаратилган тадбирлар мажмуи;


экстремал шароит - шиддатли, тўсатдан, узоқ муддатли ҳамда ҳаёт учун таҳдид солувчи ҳолатлар ёки ҳарбий хизматчи ўз хизмат фаолиятини амалга оширадиган ноодатий муҳит.


3. Қуйидагилар интенсив синовларни ўтказишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчиларда Ватанга ва ўз касбига садоқат ҳиссини ҳамда улар ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ҳарбий анъаналарни шакллантириш;

ҳарбий қисмларнинг доимий юқори жанговар шайлигини сақлаш;

ҳарбий хизматчиларда ўз кучига бўлган ишонч ҳиссини тарбиялаш, уларда қатъий ирода ва руҳий барқарорлик каби сифатларни ривожлантириш, экстремал шароитларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантириш;

ҳарбий қисмлар жанговар тайёргарлиги ва шахсий таркибнинг мустақил жисмоний ривожланишини такомиллаштириш, масъул вазирлик ва идораларнинг ҳарбий жамоалари ўртасида жипсликни мустаҳкамлаш;

масъул вазирлик ва идораларнинг ҳарбий қисмлари ўртасида юксак ахлоқий-жанговар ва соғлом рақобат муҳитини яратиш;

ҳарбий-касбий фаолият давомида шахсий таркибга ноқулай омиллар таъсир қилганда, улар организмининг чидамлилигини ошириш;

ноқулай иқлим ва ҳудуд шароитларида ҳарбий хизматчилар организмида мослашувчанлик кўникмаларини ҳосил қилиш ҳамда уларнинг турли шароитларда жанговар ҳаракатларни олиб бориш имкониятларини кенгайтириш.


4. Қуйидагилар интенсив синовларни ўтказишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлиги ва руҳий бардошлилиги, шунингдек, ҳарбий-касбий маҳоратга таъсир кўрсатувчи жисмоний сифатларини янада ривожлантириш;

ҳарбий хизматчида катта юклама ва зўриқишларга чидамлилик қобилиятини шакллантириш;

экстремал шароитларда ҳарбий хизматчининг шахсий сифатларини, хусусан, унинг руҳий бардошлилик, собитқадамлик, матонат ва чидамлилигини ривожлантириш;

замон талабларига мос равишда кутилмаган шароитларда бир ҳаракатдан бошқасига тезкор ўтиш ва мушаклар зўриқишларини қайта тақсимлашни назарда тутувчи ҳаракатланиш тажрибасини ошириш.


5. Интенсив синовларни ўтказиш ва "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ИНТЕНСИВ СИНОВЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


6. Интенсив синовларда қатнашиш истагини билдирган ҳарбий хизматчилар ҳар йили 15 августга қадар бевосита ўз командирларига (бошлиқларига) билдирги билан мурожаат қилади. Билдирги билан мурожаат қилган ҳарбий хизматчилар интенсив синовларда қатнашишга номзод ҳисобланади. 15 августдан кейин берилган билдиргилар қабул қилинмайди.

Номзодларнинг билдиргилари 25 августга қадар ҳарбий қисмларнинг штаблари томонидан ташкил этиладиган ва ўтказиладиган ҳарбий қисмларнинг умумий йиғилишида, уларнинг охирги бир йиллик хизмат фаолиятини муҳокама қилган ҳолда кўриб чиқилади. Умумий йиғилиш муҳокамасида номзодларнинг:

ҳарбий интизоми, касбий, маънавий-ахлоқий сифатлари;

функционал вазифаларини ўз вақтида ва сидқидилдан бажариши;

командирлик ва жанговар тайёргарлик фанларини ўзлаштириш даражаси;

бириктирилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани соз ва шай ҳолатда сақлаши;

хизмат фаолияти давомида эришган бошқа ижобий кўрсаткичлари (ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришда жонбозлик кўрсатиб келаётганлиги, оммавий тадбирлардаги фаол иштироки, республика ва халқаро мусобақаларда эришган кўрсаткичлари ва бошқа шу кабилар) кўриб чиқилади.

Умумий йиғилиш натижалари баённома билан расмийлаштирилади ва номзодларнинг рўйхати 1 сентябрга қадар ҳарбий қисмлар томонидан Интенсив синовларни ўтказиш комиссиясига тавсия этилади. Бунда ҳар йили битта ҳарбий қисмдан тавсия этиладиган ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 5 кишидан ошмаслиги лозим.


7. Интенсив синовлар ҳар йили 15 сентябрдан 30 сентябрга қадар ҳар бир вазирлик ва идоранинг интенсив синовларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида ички идоравий ҳужжатига мувофиқ алоҳида-алоҳида ўтказилади.


8. Интенсив синовларни ўтказиш учун қуйидаги таркибда Интенсив синовларни ўтказиш комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) тузилади:

Комиссия раиси - вазирлик ёки идора раҳбарининг қўшинлар жанговар тайёргарлигига бевосита жавобгар бўлган ўринбосари;

Комиссия аъзолари - вазирликлар ёки идоралар марказий аппаратининг бош бошқарма, бошқарма, бўлим ва хизматлар офицерлари (10 нафар).


9. Интенсив синов босқичлари бошланишидан олдин номзодлар қонунчиликда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтган номзодларга интенсив синов босқичларида иштирок этишга рухсат берилади.


10. Интенсив синовлар ҳарбий кийимда Комиссия томонидан белгиланган экипировкада бажарилади.


11. Интенсив синовлар уч босқичда қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:

биринчи босқич - комплекс куч машқларини бажариш;

иккинчи босқич - 30 км масофага пиёда юриш (марш-югуриш);

учинчи босқич - ягона тўсиқлар йўлагида умумий назорат машқини, ўқотар қуроллардан (автомат ёки тўппонча) амалий отиш машқини ва пичоқ улоқтириш машқини бажариш.


12. Номзодлар интенсив синовлардан ўз бўлинмаси ёки вақтинчалик ташкил этилган йиғма бўлинма таркибида ўтади. Бунда ҳар бир йиғма бўлинма (бўлинма) таркиби 20 кишидан ошмаслиги лозим.


13. Интенсив синовлардан ўтишда ҳарбий хизматчиларни кузатиш учун ҳар 5 нафар иштирокчига 1 нафардан йўриқчи бириктирилади. Ушбу йўриқчилар ўзига бириктирилган иштирокчиларнинг комплекс машқларни тўлиқ ва тўғри бажаришини назорат қилиб боради ҳамда ҳар бир машқ якуни бўйича Комиссияга маълумот беради.


14. Интенсив синовлар бир кун давомида соат 9.00 дан 18.00 гача масъул вазирлик ва идораларга қарашли полигонларнинг бирида ўтказилади.


15. Биринчи босқичдаги комплекс куч машқлари қуйидаги тартибда бажарилади:

машқдан олдин Комиссия томонидан иштирокчиларга ўқув вазифаси бўйича тактик вазият ҳақида маълумот берилади. Комплекс куч машқлари 2 дақиқа давомида 80 марта бажарилади. Бунда "Диққат!" дастлабки буйруғи ва "Бошла!" ижро буйруғи берилгач, бир дақиқа давомида - юқорига қараб ётган ҳолда қўллар бош орқасида, оёқлар жуфт қилиб узатилган дастлабки ҳолатдан тирсак тиззага теккизилган ҳолда букиш амаллари максимал кўп марта бажарилади (дастлабки ҳолатга қайтганда курак ерга тегиши керак). Бир дақиқа ўтиб "Вақт!" ижро буйруғи берилгач, иккинчи дақиқа давомида - қўлларга таянган ҳолатга ўтиб, дам олиш учун танаффус қилмай, тана узатилганча қўлларга таяниб ётиш ҳолатида уларни букиш ва тўғрилаш амали максимал кўп марта бажарилади (қўллар кўкрак қафаси ерга теккунга қадар букилади);

навбатдаги машқда вақт тўхтатилмасдан 10-20 метр узунликдаги аркасимон кўприкдан (нарвондан) ўтилади.

Белгиланган шартларга кўра комплекс куч машқларини бажармаган иштирокчилар интенсив синовларнинг кейинги босқичида иштирок этмайди.


16. Иккинчи босқичда иштирокчилар комплекс куч машқлари якунланиши биланоқ 30 км масофага пиёда юриш (марш-югуриш) машқини бажаради.

Ушбу машқ табиий нотекис бўлган ҳудудларда ҳарбий кийим, баланд қўнжли ботинкада, автомат билан қуролланган, бел камаридаги сумкага (юксизлантирувчи нимчага) иккита ўқдон жойланган, 15 кг оғирликдаги юк қопи, елкага газниқоб ва оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаси ташланган ҳолда, умумий старт олган тарзда бажарилади.

Иштирокчилар стартдан сўнг йиғма бўлинма (бўлинма) таркибида дастлаб 10 км масофага пиёда марш юришади (марш), кейинги 10 км масофани марш-югуриш билан амалга оширишади, қолган 10 км масофани эса пиёда юриш билан давом эттиришади.

Пиёда юриш ва марш-югуришни амалга ошириш вақтида иштирокчилар душман томонидан тўсатдан ҳужум қилинганлигини, портлашни имитация қилган ҳолда, шартли кўприкдан ўтиш, сувли тўсиқ ва заҳарланган ҳудуддан ҳамда сунъий ва табиий тўсиқлардан иборат мураккаб шароитли ҳудудлардан ошиб ўтиш бўйича турли тактик топшириқларни бажаради.

Марш-югуришни амалга ошириш учун назорат вақти Комиссия раиси томонидан об-ҳаво ва ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда марш-югуришни амалга ошириш учун умумий вақт 1 соат 30 дақиқадан ошмаслиги лозим.

Марш-югуриш вақтида иштирокчиларнинг руҳий барқарорлигини аниқлаш учун ҳар хил (имитация воситалари ёрдамида амалга ошириладиган ёнғин, портлаш, тутун ва бошқа) характердаги руҳий босимлар ўтказилади.

Марш-югуришни белгиланган назорат вақтида бажармаган ҳамда пиёда юриш учун ўрнатилган масофани тўлиқ босиб ўтмаган иштирокчилар интенсив синовларнинг кейинги босқичида иштирок этмайди.


17. Учинчи босқичда иштирокчилар томонидан ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш машқи, ўқотар қуролдан (5,45 мм АК-74 автомати ёки 9 мм ПМ тўппончаси) амалий отиш машқи ва пичоқ улоқтириш машқи бажарилади.

Ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш машқини бажариш учун умумий 3 дақиқа вақт берилади. Машқни бажаришда иштирокчилардан барча тўсиқларни 400 метр масофага югурган ҳолда, хатоларсиз бажариш талаб этилади. Бунда ушбу машқ "4-ҳарбий кийим" русумида, қуролсиз бажарилади.


18. Машқ қуйидаги тартибда бажарилади:

хандақ ичида тик турган ҳолатда вазни 600 грамм келадиган ўқув гранатаси 20 метр узоқликдаги деворга (девордаги туйнукка) ёки девор олдидаги ўлчами 1 х 2,6 метр келадиган майдончага улоқтирилади. Бунда ўқув гранатасининг белгиланган нишонга бевосита тегиши (тушиши) ҳисобга олинади. Биринчи граната нишонга тегмаса, ўқув гранатасини улоқтириш амали нишонга теккунга қадар давом эттирилади, бироқ ўқув гранаталари сони уч донадан ошмаслиги лозим (агар учала граната ҳам нишонга ёки белгиланган жойга тегмаса, назорат машқи ижроси учун белгиланган баллар миқдори бир баллга пасайтирилади);

хандақдан сакраб чиқилиб, тўсиқлар йўлаги бошланадиган маррага қадар 100 метр масофага югуриш амали бажарилади ва байроқча атрофидан айланиб ўтилади;

эни 2,5 метр келадиган олов ёниб турган хандақ устидан сакраб ўтилади;

тутунли шашка қўлланилган лабиринт йўлаклари бўйлаб югуриб, девордан ошиб ўтилади;

вертикал тушган нарвондан вайрон бўлган кўприкнинг иккинчи (эгилган) тўсини устига чиқилади, тўсинлар бўйлаб, АК-74 қуролидан отилаётган пахтавон ўқлар овози остида узилган қисмлардан сакраб ўтилади ва сўнгги тўсин учидан тик турган ҳолатда ерга сакраб тушилади;

вайрон бўлган зинапоянинг учта поғонаси босиб ўтилади. Бунда зинапоя поғоналари орасидаги ерга иккала оёқ билан тегиб тушиш мажбурий саналиб, тўртинчи поғонанинг остидан ўтилади;

девордаги туйнук орқали ўтиб, хандақ ичига сакраб тушилади ва юриш йўлаги бўйлаб юриб ўтилади;

қудуқ ичидан ташқарига чиқилади;

девордан сакраб ошиб ўтилади;

нишаб зина бўйлаб тўртинчи поғонагача югуриб чиқилиб, вайрон бўлган зинапоя поғоналари бўйлаб пастга югуриб тушилади;

вайрон бўлган кўприк тўсинига вертикал тушган нарвондан чиқилади, тўсинлар бўйлаб, узилган қисмлардан сакраб, югуриб ўтилади ва нишаб тахта устидан югурганча пастга тушилади;

эни 2 метрли хандақ устидан сакраб ўтилади, 20 метр масофа югуриб ўтилгач, байроқча атрофидан айланиб, йўлак бўйлаб ортга 100 метр масофа югуриб ўтилади.

Ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш машқини белгиланган вақт ичида юқоридаги шартлар бўйича бажарган иштирокчилар "машқни бажарди" деб, бажара олмаган иштирокчилар эса "машқни бажармади" деб баҳоланади.


19. Ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш машқи шартларини бажармаган иштирокчиларга ўқотар қуролдан амалий отиш машқини бажаришга рухсат берилмайди.


20. Иштирокчиларга ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш машқини бажаргандан кейин дам олиш учун 30 дақиқа вақт ажратилади. Шундан сўнг иштирокчилар танловига кўра битта ўқотар қуролдан, яъни 5,45 мм АК-74 автомати ёки 9 мм ПМ тўппончасидан қуйидаги амалий отиш машқини бажаради:

а) 5,45 мм АК-74 автоматдан аниқликка (кундузи) отиш машқи:

нишон - 2-сонли сунъий спорт нишони, ҳаракатсиз;

нишонгача бўлган масофа - 100 метр;

патронлар сони - 13 дона;

синов отиш учун - 3 дона патрон;

назорат отиш учун - 10 дона патрон;

отиш учун ажратилган вақт - 3 дақиқа (назорат отиши учун);

отиш ҳолати - ётган ҳолда қўлда.

Баллар назорат отишда урилган очколарнинг сонига қараб ҳисобланади ва камида 80 балл бўлиши керак.

б) 9 мм ПМ тўппончасидан аниқликка (кундузи) отиш машқи:

нишон - кўз баландлигида, ўлчамлари 0,75х0,75 м бўлган тахтага ўрнатилган айлана чизиқли кўкрак баробар шакл (4-сонли сунъий нишон), ҳаракатсиз;

нишонгача бўлган масофа - 25 метр;

патронлар сони - 13 дона;

синов отиш учун - 3 дона патрон;

назорат отиш учун - 10 дона патрон;

отиш учун ажратилган вақт - 3 дақиқа (назорат отиши учун);

отиш ҳолати - тик турган ҳолда бир қўлда ёки икки қўлда.

Баллар назорат отишда урилган очколарнинг сонига қараб ҳисобланади ва камида 80 балл бўлиши керак.


21. Машқни бажариш мобайнида иштирокчи томонидан қурол ва ўқ-дорилар билан муомала қилишда хавфсизлик талаблари қўпол равишда бузилса, 0 (ноль) балл берилади. Бундан ташқари, "Ўт очиш тўхтатилсин!" буйруғидан сўнг отиш давом эттирилса ёки нишонда ортиқча ўқ теккан жойлари мавжуд бўлса, энг юқори бўлган очколар ҳисобланмайди.


22. Ўқотар қуролдан (автомат ёки тўппонча) амалий отиш машқини бажариб, белгиланган балларни тўплай олмаган иштирокчилар пичоқ улоқтириш машқига қўйилмайди.


23. Иштирокчилар пичоқ улоқтириш машқини махсус жанговар пичоқлар билан бажаради. Пичоқ улоқтириш учун нишон - ёғочдан ясалган, 70х70 см ўлчамли квадрат шаклда, ҳаракатсиз. Нишоннинг умумий баландлиги 2 метр. Нишонгача бўлган масофа - 5-7 метр.

Иштирокчилар пичоқни исталган ҳолатда ва усулда 2 дақиқа давомида 10 марта улоқтиради. Улоқтирилган пичоқ нишонга санчилган ҳолда қолса, ҳисобга олинади. Агар пичоқ улоқтирилганда орқа томони билан санчилса ҳисобга олинмайди.

Пичоқ улоқтириш машқини бажариш учун "Диққат!" дастлабки буйруғи ва "Бошла!" ижро буйруғи берилади ҳамда 2 дақиқадан сўнг "Тўхта!" буйруғи берилади. "Тўхта!" буйруғидан кейин бажарилган уринишлар ҳисобга олинмайди.

Пичоқ улоқтириш машқининг натижалари нишонга санчилган пичоқлар сонига қараб аниқланади. Улоқтирилган пичоқларнинг камида 6 таси нишонга санчилса, машқ муваффақиятли бажарилган ҳисобланади.


24. Интенсив синовларнинг учта босқичида белгиланган комплекс машқларни босқичма-босқич, тўлиқ ва муваффақиятли бажарган иштирокчилар интенсив синовлардан ўтган ҳисобланади.



3-БОБ. МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


25. Интенсив синовлардан ўтган ҳарбий хизматчилар тегишли вазирлик ёки идора раҳбари томонидан ҳар йили 1 ноябрга қадар "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирланади ҳамда махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳарбий унвон ва лавозим маошининг бир баравари миқдоридаги бир йўла тўланадиган бир марталик пул мукофоти билан мукофотланади.


26. Ҳарбий хизматчиларга берилган "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони бутун хизмат фаолияти давомида сақланади. Бунда хизмат бурчини қўпол равишда бузган, хизмат фаолияти давомида ҳарбий интизом талабларига зид хатти-ҳаракатлар содир этган, ҳарбий хизматчининг ор-номуси ва қадр-қимматини, ҳарбий бўлинма ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг нуфузини обрўсизлантирган ҳарбий хизматчи мазкур фарқловчи нишондан вазирлик ва идора раҳбари томонидан маҳрум қилиниши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Интенсив синовлар натижаларидан норози бўлган иштирокчилар унинг натижалари эълон қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида апелляция комиссияларига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Апелляция шикояти бир кун муддат ичида кўриб чиқилади.


28. Апелляция комиссиялари масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари томонидан тузилади.

Апелляция комиссиялари таркибига комиссиялар фаолиятида иштирок этган шахслар киритилмайди.


29. Апелляция шикоятини кўриб чиқишда шикоятчининг ўзи ҳам бевосита иштирок этиши мумкин.


30. Апелляция комиссияси иштирокчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича интенсив синовнинг биринчи, иккинчи ёки учинчи босқичида қайта иштирок этишга рухсат бериш ёхуд рухсат бермаслик тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.


31. Апелляция комиссияси тегишли қарорнинг апелляция берган иштирокчига белгиланган муддатда етказилишини таъминлайди.


32. Интенсив синовларни тўлиқ қайта топширишга рухсат берилмайди.


33. Интенсив синовларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий

хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш

ва уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи

нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар


Интенсив синовларда қатнашиш тўғрисида бевосита командирларга (бошлиқларга) билдирги билан мурожаат қилиш.


Ҳар йили 15 августга қадар









2-босқич

Ҳарбий қисмларнинг умумий йиғилиши


1. Номзодларнинг охирги бир йиллик хизмат фаолиятини муҳокама қилган ҳолда кўриб чиқиш.


2. Интенсив синовларни ўтказиш комиссиясига номзодларнинг рўйхатини тавсия этиш.


Ҳар йили 25 августга қадар


Ҳар йили 1 сентябрга қадар









3-босқич

Интенсив синовларни ўтказиш комиссияси


Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган ҳарбий хизматчиларга интенсив синовларда қатнашишга рухсат бериш.


Интенсив синовлардан олдин









4-босқич

Интенсив синовларни ўтказиш комиссияси


Биринчи босқичда комплекс куч машқларини бажариш.



Ҳар йили 15-30 сентябрь кунлари масъул вазирлик ва идораларнинг тасдиқланган жадвалига мувофиқ 9.00 дан 18.00 гача (узлуксиз тарзда)

Иккинчи босқичда 30 км масофага пиёда юриш (марш-югуриш) машқларини бажариш.




Учинчи босқичда ягона тўсиқли йўлаклардан ошиб ўтиш, ўқотар қуролидан (автомат ўки тўпончадан) амалий отиш ва пичоқ улоқтириш машқларини бажариш.








5-босқич

Интенсив синовларни ўтказиш комиссияси


Интенсив синовлардан ўтган иштирокчиларни аниқлаш.


Ҳар йили 30 сентябрга қадар



6-босқич

Вазирлик ёки идора раҳбари


Интенсив синовлардан ўтган иштирокчиларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони ва пул мукофоти билан тақдирлаш.


Ҳар йили 1 ноябргача



            


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 11 декабрь






























Время: 0.0327
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск