язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Якка тартибдаги тадбиркорлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.12.2021 й. ПҚ-55-сон "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.2021 й.

N ПҚ-55



ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА АҲОЛИНИНГ

ДАРОМАД МАНБАИНИ КЕНГАЙТИРИШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 августдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳолининг бандлигини ошириш, даромад манбаини кенгайтириш ва меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари (кейинги ўринларда - дастурлар) доирасида:

а) лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда - жамғармалар) ресурслари тижорат банкларига йиллик 10 фоиз ставкада жойлаштирилади;

б) имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:

оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига - 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;

чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун - 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;

боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун - 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;

оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, экоуйлар мажмуаси, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш учун - 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга;

"Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун - 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади;

в) кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилади;

г) чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади;

д) "етакчи" тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.


2. "Агробанк" АТБ, АТ "Халқ банки" ва "Микрокредитбанк" АТБ (кейинги ўринларда - ваколатли тижорат банклари) 2022 йил 1 мартдан дастурлар бўйича кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси (кейинги ўринларда - Ягона электрон платформа) орқали ажратилишини таъминласин. Бунда:

кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади;

кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;

кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади;

Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади;

ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган "маркетплейс" тизими ёрдамида амалга оширилади;

ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлар асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилотлар (кейинги ўринларда - таъминотчилар) томонидан "маркетплейс" тизимида эркин жойлаштирилади;

таъминотчилар томонидан кўрсатилган хизматлар фойдаланувчилар томонидан баҳоланади ва уларнинг рейтинги автоматик равишда шакллантирилади;

таъминотчиларнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариши юзасидан мониторинг туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари томонидан амалга оширилади. Мониторинг натижаларига кўра, таъминотчиларнинг "маркетплейс" тизимидаги ўз хизматларини таклиф этиш имконияти даврий равишда ўрганиб чиқилади;

кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан (иш бажарилганидан) ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, қарз олувчини идентификациялаш орқали таъминотчига ўтказиб берилади;

ҳоким ёрдамчилари ўзига бириктирилган маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чораларни кўради.


3. Марказий банк Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда Ягона электрон платформадан фойдаланиш, шу жумладан кредитларни ажратиш, расмийлаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларнинг ўзаро электрон ҳамкорлигини тартибга солишни назарда тутувчи тегишли низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2022 йил 1 февралга қадар Ягона электрон платформа Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.


4. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ҳунарманд", "Ўзтўқимачиликсаноат", "Ўзчармсаноат", "Ўзбекбалиқсаноат", "Паррандасаноат", "Ўзбекистон асаларичилари", "Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар" уюшмалари ва бошқа уюшмалар, тегишли идоралар билан биргаликда "маркетплейс" тизимида таъминотчи корхоналар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда таклиф этилаётган товар ва хизматларнинг муқобил нархда ва сифатли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида мазкур тизимга таклифларнинг ишончли (намунали) таъминотчи корхоналар томонидан киритиб борилишини, асбоб-ускуналар ва кўрсатилаётган хизматлар тури ва қувватлари етарлича бўлишини таъминлаш тавсия этилсин.


5. Белгилансинки:

дастурлар доирасида кредитлар устувор равишда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга (иш ўринлари яратишга) қаратилган лойиҳаларга ажратилади;

"Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу рўйхатдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан ҳоким ёрдамчиси, туман давлат солиқ инспекцияси ва тегишли сектор раҳбарлари томонидан фуқаронинг унга ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали бериладиган тавсия асосида чиқарилади;

дастурлар доирасида илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлиги тўлиқ сўндирилмаган, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган қарз олувчиларга ушбу дастурлар орқали янги кредит ажратилишига рухсат этилмайди.


6. Савдо-саноат палатасига тижорат банклари билан биргаликда туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар бизнес-режаларини Ягона электрон платформага жойлаштириб бориш тавсия этилсин.


7. Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда дастурлар доирасида ишсиз фуқаронинг ўзига ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.


8. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун:

а) икки ой муддатда "Агробанк" АТБга ажратилган 2,9 триллион сўм ва "Микрокредитбанк" АТБга ажратилган 1,3 триллион сўм миқдоридаги ресурсларни мазкур банкларнинг устав капиталини оширишга йўналтирсин. Бунда:

"Агробанк" АТБ ва "Микрокредитбанк" АТБнинг устав капиталини оширишга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан чиқарилган акциялар тўғридан-тўғри Молия вазирлиги номига расмийлаштирилади;

Молия вазирлигининг мазкур банд доирасида тижорат банкларининг 50 фоиз ва ундан ортиқ акцияларига эгалик қилишга киришиши янгидан харид қилинган акцияларга эга бўлиш деб ҳисобланмайди;

б) ваколатли банкларга дастур координаторларининг тақсимотига мувофиқ 3,65 триллион сўм миқдордаги кредит ресурслари 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва тижорат банкларининг дастурлар доирасида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун ажратилган ресурсларни мазкур Жамғармага қайтариш графикларини ушбу йўналишларга ажратилган кредитлар муддатига мос равишда узайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


10. 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагиларга:

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М. Холхўжаев, Марказий банк раисининг ўринбосари А.А. Камалов, молия вазирининг ўринбосари Д.Ш. Султановга (кейинги ўринларда - Дастур координаторлари) - ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, ажратилаётган маблағларни ваколатли тижорат банклари ва вилоятлар кесимида тезкор қайта тақсимлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига - дастурлар доирасида ҳудудга ажратилган маблағларни ҳар бир маҳаллада амалга оширилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ва маҳалла (овул) кесимида тақсимлаш ваколати берилсин.


11. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилишига масъул ҳисобланади;

ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилади.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

мазкур қарорга асосан ҳар бир ҳудудда чорвачилик учун ажратиладиган кредитларга мутаносиб равишда чорва моллари учун озуқабоп экинлар экишга мўлжалланган ер майдонларининг, шунингдек, уларни ўтлатишга мўлжалланган яйловларнинг мунтазам равишда очиқ электрон танловга чиқариб борилишини таъминласин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда келгуси икки йилда "Андижон тажрибаси" асосида барча маҳаллаларда тадбиркорлик субъектлари ва хонадонлар ўртасида иқтисодий кооперацияни кенгайтириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин.

Бунда, фуқаролар билан кооперация асосида фаолиятини ташкил этадиган "етакчи" тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида кредитлар ажратилади, ушбу тадбиркорлик субъектлари билан кооперация асосида ишлаётган фуқароларга дастурлар доирасида кредит ажратишга йўл қўйилмайди.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 20 декабрдаги

ПҚ-55-сон қарорига

1-ИЛОВА



2022 йилда оилавий тадбиркорликни

ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни

молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги

МАҚСАДЛИ ПАРАМЕТРЛАРИ


млрд сўм

Т/р

Кредит ажратиш манбалари


2022 йилда

йўналти-

риладиган

маблағлар


Шундан:


аввал берилган

кредитларнинг

сўндирилиши

ҳисобидан


қўшимча

маблағлар

ажратилиши

ҳисобидан


Жами


10 000

6 170

3 830

1

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси


4 060

410*

3 650

2

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси


145

145


3

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси


191

91

100

4

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси


130

50

80

5

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари


38

38


6

Ваколатли банклар (устав капиталига берилган ресурслар ҳисобидан)


5 435

5 435


         

*) 2018-2019 йилларда дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этган (Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанкдан ташқари) бошқа банклар томонидан ажратилган кредитларнинг сўндириладиган қисми.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 20 декабрдаги

ПҚ-55-сон қарорига

2-ИЛОВА



2022 йилда оилавий тадбиркорликни

ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни

молиялаштиришнинг ҳудудлар кесимидаги

МАҚСАДЛИ ПАРАМЕТРЛАРИ

млрд сўм

Т/р

Ҳудуд номи


2022 йилда

йўналти-

риладиган

маблағлар


Шундан:


аввал берилган

кредитларнинг

сўндирилиши

ҳисобидан


қўшимча

маблағлар

ажратилиши

ҳисобидан


ЖАМИ:


10 000

6 170

3 830

1

Қорақалпоғистон Республикаси


650

386

264

2

Андижон вилояти


855

586

269

3

Бухоро вилояти


915

573

342

4

Жиззах вилояти


540

327

213

5

Қашқадарё вилояти


800

566

234

6

Навоий вилояти


540

346

194

7

Наманган вилояти


865

577

288

8

Самарқанд вилояти


900

503

397

9

Сурхондарё вилояти


850

586

264

10

Сирдарё вилояти


480

272

208

11

Тошкент вилояти


720

366

354

12

Фарғона вилояти


900

490

410

13

Хоразм вилояти


695

382

313

14

Тошкент шаҳри


290

210

80

    





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 20 декабрдаги

ПҚ-55-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3680-сон қарорида:


а) 9-банднинг "б" кичик бандида:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йилгача муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 7 йилгача муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан 2019 йилнинг 31 декабрига қадар йиллик 7 фоизлик ставкада, банкнинг 2 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда кредитлар ажратиш учун ресурсларни "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ, "Туронбанк" АТБ ҳамда АТ "Халқ банки"га жойлаштириш. 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоизлик бандни чегириб ташлаган ҳолда, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, йиллик 10 фоиз ставкада амалга оширилади;

учинчи хатбоши "4 фоизлик бандни чегириб ташлаган ҳолда" сўзларидан кейин ", 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, йиллик 10 фоиз ставкада" сўзлари билан тўлдирилсин;

еттинчи хатбошидан ", савдо" сўзлари чиқариб ташлансин;

ўн учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади";

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Кредитлар боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида берилади";


б) 9-банднинг "в" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилган ҳолда берилади, томорқа ер эгалари - жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларига 225 миллион сўмгача миқдорда ажратиладиган кредитлар бундан мустасно. Ушбу суммадаги кредитлар ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсиялар асосида ажратилади".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги ПҚ-3777-сон қарорида:


а) 9-банднинг иккинчи - бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"33 миллион сўмгача бўлган миқдорда - тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари;

225 миллион сўмгача бўлган миқдорда - ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;

225 миллион сўмдан ортиқ миқдорда - ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

Бунда, 2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар АТ "Халқ банки", "Микрокредитбанк" АТБ ва "Агробанк" АТБ орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси бўйича, 2022 йил 1 январдан - тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади";


б) 10-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари зиммасига туман ва шаҳарларда кичик тадбиркорлик субъектларининг самарадорлиги юқори, барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларига 225 миллион сўмдан ортиқ миқдорда Дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан кредит ажратишга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан берилган тавсияга мувофиқ туман (шаҳар) марказларининг қарори асосида қарор қабул қилиш вазифаси юклатилсин";


в) 11-банддаги "1,5" рақами "4" рақами билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги "Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3856-сон қарори 6-бандининг "в" кичик бандида:

биринчи ва иккинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"микрокредитлар 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида 3 йилгача муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан:";

учинчи - олтинчи хатбошилар тегишинча иккинчи - бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин:

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2022 йил 1 январдан - тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз (шундан 4 фоиз банк маржаси) ставкада ажратилади".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4231-сон қарорида:


а) 4-бандда:

учинчи хатбошидаги "бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда" сўзлари "йиллик 14 фоиз ставкада" сўзлари билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбошидаги "сектор раҳбарлари ва" сўзлари "ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 6-банднинг биринчи хатбошисидаги "Қ.Х. Тапаров" сўзлари "Д.Ш.Султанов" сўзлари билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4498-сон қарорининг 2-бандида:

иккинчи хатбоши "қайта молиялаштириш ставкаси бўйича" сўзларидан кейин ", 2022 йил 1 январдан бошлаб йиллик 14 фоиз ставкада" сўзлари билан тўлдирилсин;

учинчи хатбошидаги "Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси" сўзлари "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси" сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Дастурларни молиялаштириш учун ресурслар ажратадиган Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Жамғармалар ресурсларининг 2020-2022 йилларда сўндириладиган қисми ҳар ойда ваколатли банкларга Дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади, бунда ресурслар бўйича фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоиз паст қилиб, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса йиллик 10 фоиз ставкада белгиланади".


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги"ги ПҚ-4539-сон қарори 9-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"АТ "Халқ банки", "Микрокредитбанк" АТБ ва "Агробанк" АТБ ушбу манбалар ҳисобидан "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун 36 ойгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга, 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошмаган ҳолда, 2022 йил 1 январдан бошлаб, йиллик 14 фоиз ставкада 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредитлар ажратсин".


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4862-сон қарорида:


а) 5-бандда:

учинчи хатбошидаги "микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга" сўзлари "кичик тадбиркорлик субъектларига" сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда, микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳоким ёрдамчисининг ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади";


б) 6-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст фоиз ставкасида йўналтирилсин" сўзлари "йиллик 10 фоиз ставкада йўналтирилсин" сўзлари билан алмаштирилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5020-сон қарорининг 5-бандида:


" а" кичик банддаги "Марказий банкнинг асосий ставкасида йўналтиради" сўзлари "йиллик 10 фоиз ставкада йўналтиради" сўзлари билан алмаштирилсин;


" б" кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) қуйидаги дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга мазкур маблағлар ҳисобидан ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредитлар ажратилади:";


" в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) ажратиладиган кредитлар, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси доирасида, 2022 йил 1 январдан тижорат банки томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади";


қуйидаги мазмундаги "д" кичик банд билан тўлдирилсин:

"д) кредитлар боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида берилади".


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5041-сон қарорининг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорга мувофиқ:

тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси доирасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб йиллик 14 фоиз ставкада белгиланади;

тижорат банкларига кредит ресурслари Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст даражада, 2022 йил 1 январдан бошлаб йиллик 10 фоиз ставкада ажратилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 декабрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 21 декабрь