Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1993 й. 833-XII-сон "Суғурта тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1993 й.

N 833-XII



СУҒУРТА ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун суғуртани ривожлантиришнинг, суғурта бозорини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда суғуртанинг мавқеи ва ўрнини белгилаб беради, фуқаролар ва юридик шахсларнинг суғурта хизматларига бўлган талаблари тўлиқроқ қондирилишини кафолатлайди, суғурта муносабатлари барча иштирокчиларининг манфаатлари ҳимоя қилиниши ва мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонун билан тартибга солиб

туриладиган муносабатлар

1. "Суғурта тўғрисида"ги Қонун суғурта ташкилотлари билан фуқаролар, юридик шахслар, чет эл фуқаролари ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги, суғурта ташкилотлари ўртасидаги ўзаро суғуртага доир муносабатларни тартибга солади, шунингдек суғурта фаолияти давлат томонидан тартибга солинишининг асосий қоидаларини белгилайди.


2. Томонларнинг суғуртага доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблари ушбу Қонунда, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қараб чиқилади.


3. Ушбу Қонун давлат ижтимоий суғуртасига нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Қорақалпоғистон Республикасида суғурта фаолияти ушбу Қонун ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солиб турилади.



2-модда. Суғурта тушунчаси

Суғурта - инсон фаолиятининг турли соҳаларида содир бўладиган табиий офатлар, фавқулодда ҳодиса ва бошқа воқеалар натижасида етказилган зарар ҳамда талафотларни жисмоний ва юридик шахслар тўлаган суғурта бадаллари (суғурта пули)дан ҳосил қилинадиган пул фондлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман қоплаш йўли билан жисмоний ва юридик шахслар манфаатлари суғурталанишини таъминлашга доир муносабатлар демакдир.



3-модда. Суғурта объектлари ва шакллари

Фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, меҳнат қобилияти, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мол-мулки, моддий бойликлари, жавобгарлик мажбуриятлари, мулкий ҳамда мулкка оид бўлмаган ҳуқуқлари ёки манфаатлари суғурта объектлари ҳисобланади. Суғурта ихтиёрий ва мажбурий шаклларда амалга оширилиши мумкин.

Ғайриҳуқуқий манфаатларни суғурталашга йўл қўйилмайди. Ўйинларда, лотереяларда иштирок этишдан ҳамда гаров ўйнашдан кўриладиган зарарларни суғурталашга, шунингдек гаровга олинган одамларни қутқариш мақсадида шахс мажбуран тўлаши мумкин бўлган пулни суғурталашга йўл қўйилмайди.


4-модда. Мажбурий суғурта ҳамда давлат мажбурий суғуртаси

1. Мажбурий суғурта ҳамда давлат мажбурий суғуртаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


2. Давлат мажбурий суғуртаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Мажбурий суғурта ҳамда давлат мажбурий суғуртасининг шартлари, суғурта тарифлари ҳамда уларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


4. Мажбурий суғуртани ўтказиш ҳуқуқига тегишли суғурта турини амалга ошириш учун лицензияси бўлган ҳар қандай суғурта ташкилоти эга бўлиши мумкин.


Давлат мажбурий суғуртаси давлат суғурта ташкилотлари ёки давлатга қарашли бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


5. Суғурта ташкилотлари мажбурий суғурталаниши ҳамда давлат томонидан мажбурий суғурталаниши керак бўлган объектлар сақланишини назорат қилишга ҳақлидир.



5-модда. Ихтиёрий суғурта

1. Томонларнинг хоҳиш-иродасига кўра амалга ошириладиган суғурта ихтиёрий суғурта ҳисобланади.


2. Ихтиёрий суғуртанинг шартлари томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.


3. Суғурталанувчи ва суғурталовчининг ҳуқуқлари ҳамда бурчлари, шунингдек ҳар бир суғурта турининг аниқ шартлари тегишли суғурта шартномалари билан белгилаб қўйилади.



6-модда. Суғурта муносабатларининг субъектлари

1. Суғурталанувчилар ва суғурталовчилар суғурта муносабатларининг субъектлари ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган бўлиб, суғурта тўловларини тўлаётган ва суғурталовчилар билан муайян суғурта муносабатларига киришаётган, фуқаролик салоҳиятига тўлиқ эга бўлган жисмоний шахслар ёки юридик шахслар суғурталанувчилар деб ҳисобланади.

3. Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари билан тенг равишда суғурталаниш ҳуқуқидан фойдаланадилар.


4. Суғурта қилдирувчилар учинчи шахслар фойдасига суғурта шартномалари тузишга ҳақлидирлар.

5. Тижорат ташкилоти бўлган ҳамда тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси бор юридик шахслар, агар қонунларда бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, суғурталовчи сифатида суғурта шартномасини тузиши мумкин.


7-модда. Суғурта вакиллари ва суғурта брокерлари

1. Суғурталовчилар суғурта фаолиятини суғурта вакиллари ва суғурта брокерлари орқали амалга оширишлари мумкин.


2. Суғурта вакиллари ўзларига берилган ваколатларга мувофиқ суғурталовчи номидан ва унинг топшириғи асосида иш кўрадиган жисмоний ёки юридик шахслардир.


3. Суғурта брокерлари белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатга олинган, суғурталанувчи ёки суғурталовчининг топшириғи асосида суғурта бўйича ўз номидан воситачилик фаолиятини амалга оширишувчи юридик ёки жисмоний шахслардир.


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл суғурта ташкилотлари номидан суғурта шартномаларини тузиш билан боғлиқ воситачилик фаолиятини амалга оширишга, башарти, Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги давлатлараро битимларда ўзга қоидалар назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.



8-модда. Суғурта таваккалчилиги, суғурта ҳодисаси, суғурта тўлови

1. Суғурта таваккалчилиги - тахмин қилинган воқеа бўлиб, ана шу воқеа юз беришидан эҳтиёти шарт суғурта қилиш амалга оширилади.


2. Суғурта шартномасида ёки қонунда назарда тутилган воқеанинг юз берганлиги суғурта ҳодисаси ҳисобланади. Бундай ҳодиса юз берганда суғурталовчининг суғурталанувчига, суғурта қилинган шахсга ёки бошқа учинчи шахсларга суғурта ҳақи тўлаш мажбурияти юзага келади.


3. Мол-мулкка дахлдор суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта тўлови суғурта товони сифатида, суғурталанувчининг ёки учинчи шахснинг шахсига дахлдор суғурта ҳодисаси юз берганида эса - суғурта таъминоти сифатида амалга оширилади.



9-модда. Суғурта пули, суғурта товони, суғурта таъминоти

1. Суғурта суммаси - муайян сумма бўлиб, ана шу миқдорда суғурталовчи мол-мулк суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олади ёки у шахсий суғурта шартномаси бўйича суммани тўлаш мажбуриятини олади.

2. Мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурта қилишда суғурта суммаси, агар суғурта шартномасида бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса,суғурталанаётган объектнинг суғурта қийматидан (суғурта баҳосидан) ортиқ бўлмаслиги керак.

3. Суғурта товони суғурта ҳодисаси юз берганда суғурталанувчига етказилган зарарни қоплаш учун суғурта пули доирасида тўланадиган пул маблағларидир.


4. Тиббиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, метеорология, ветеринария муассасалари, коммунал муассасалар суғурта ташкилотларининг сўровларига кўра суғурта пули ёки суғурта товони тўлаш масалаларини ҳал этиш учун уларга керакли ҳужжатлар ва хулосаларни тақдим этишлари шарт.


5. Суғурта ташкилотлари тўлайдиган суғурта товон суммаларига солиқ солинмайди.

6. Суғурта таъминоти суғурталанувчига ёки учинчи шахсга бошқа суғурта шартномалари бўйича, шунингдек ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот бўйича ва зарарни қоплаш тартибига кўра уларга тегишли бўлган пулдан қатъи назар тўланади. Бунда суғурталанувчи вафот этган тақдирда шахсий суғурта бўйича наф кўрувчига тегишли бўлган суғурта таъминоти мерос қолган мол-мулк таркибига кирмайди.



10-модда. Суғурта тўловлари ва тарифлари

1. Суғурта тўловлари (суғурта мукофотлари) - суғурталанувчи суғурталовчига тўлайдиган бадаллар бўлиб, уларни ҳисоблаб чиқариш тартиби ва уларнинг миқдори суғурта шартномасида белгилаб қўйилади, ҳамда улар сўмда ҳам, чет эл валютасида ҳам тўланиши мумкин.

Суғурта шартномаси амал қилган даврда тўланган суғурта тўлови (суғурта мукофотлари)га жарима солиниши мумкин эмас, қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


2. Суғурта тарифлари суғуртага доир тўловлар ставкалари бўлиб, улар суғурта ташкилотини суғурта пули (суғурта товони) тўлаш, захира фонди ва бошқа фондлар ҳосил қилиш учун молиявий маблағ билан таъминлайдиган миқдорларда белгиланади.


3. Ихтиёрий суғурта турларига доир суғурта тарифларининг миқдори томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.



11-модда. Қайта суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш,

қўшалоқ суғурта ва икки томонлама суғурта

1. Қайта суғурта қилиш - суғурталовчининг суғурта товон пулини ёки суғурта суммасини тўлаш хавфини бутунлай ёки қисман бошқа суғурта ташкилотига (ташкилотларига) улар ўртасида тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича топширишдир.


Ўзбекистон Республикасининг суғурта ташкилотлари чет элда ўз таваккалчиликларини қайта суғурта қилиш учун чет эл суғурта ва брокерлик ташкилотларининг хизматларидан бевосита фойдаланишлари мумкин.


Қайта суғурта қилишда суғурта товон пулини ёки суғурта суммасини тўлаш учун асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи олдида ушбу шартнома бўйича суғурталовчи жавобгар бўлиб қолаверади.


2. Биргаликда суғурта қилиш деб битта суғурталанаётган объект бўйича икки ёки ундан ортиқ суғурталовчининг битта суғурта шартномасини тузишига айтилади.


Суғурталовчиларнинг ҳар бири суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи (наф олувчи) олдида, агар шартномада бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, солидар жавобгар бўлади.


3. Қўшалоқ суғурта деб умумий суғурта суммаси суғурталанаётган объектнинг суғурта қийматидан (баҳосидан) ошиб кетганда, айнан бир суғурталанаётган объектни икки ёки ундан ортиқ суғурталовчида суғурталашга айтилади.


Мол-мулк ёки тадбиркорлик хавфи қўшалоқ суғурта қилинганда суғурта товон пулининг умумий суммаси ҳақиқий зарардан ортиқ бўлиши мумкин эмас, қўшалоқ шахсий суғурта қилиш ҳоллари бундан мустасно.


4. Икки томонлама суғурта - суғурта ҳимоясининг шундай шаклларидан бирики, унда суғурта қилдирувчилар (фуқаролар ва юридик шахслар) зарур маблағларни киритиш йўли билан икки томонлама суғурта қилиш жамиятларига бирлашадилар.


Икки томонлама суғурта қилиш жамияти ўз аъзоларининг мол-мулки ҳамда бошқа мулкий манфаатларини суғурта қилишни амалга оширади ва тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланади.



II БОБ. СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ

12-модда. Суғурта шартномаси тушунчаси

1. Суғурта шартномаси ёзма равишдаги битим бўлиб, унга кўра суғурта ташкилоти кўзда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда суғурталанувчига ёки суғурта пулини олишга ҳақли бўлган бошқа кишига етказилган зарарни қоплаш ёхуд суғурта пули тўлаш мажбуриятини, суғурталанувчи эса белгиланган муддатда суғурта тўловларини (суғурта мукофотини) тўлаш мажбуриятини олади.


13-модда. Суғурта шартномаси тузиш

1. Суғурта шартномаси тузиш учун суғурталанувчи суғурталовчига белгиланган шаклда ёзма ариза тақдим этади ёки суғурта шартномаси тузиш ниятида эканлиги ҳақида мумкин бўлган бошқа усулда маълум қилади.


2. Суғурталовчининг суғурта шартномаси бўйича суғурта товон пулини ёки суғурта суммасини тўлаш мажбурияти, агар шартномада бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, суғурта мукофоти ёки унинг биринчи бадали тўланган пайтдан бошлаб кучга киради.

3. Суғурта шартномаси тузилганлиги факти суғурта қилдирувчига суғурта полиси (квитанцияси, сертификати, шаҳодатномаси) бериш орқали тасдиқланади.


14-модда. Томонларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари

1. Суғурта шартномаси амал қилаётган даврда суғурталанувчи:


а) суғурта тўловларини белгиланган тартибда тўлаб бориши;

б) суғурта объектининг бут бўлиши учун қўлидан келган чораларни кўриши;

в) суғурталанган мол-мулкда юз берган жиддий ўзгаришлар, хусусан унинг шикастланиш ёки йўқ бўлиш хавфини оширувчи, табиий офат хавфидан ташқари, ҳар қандай ўзгариш ҳақида суғурталовчига хабар бериши;

г) суғурталовчини суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисида шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда хабардор қилиши шарт. Агар наф олувчи ўзининг фойдасига тузилган шартнома бўйича суғурта товон пулини олиш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлса, юқоридаги мажбурият унинг зиммасида ҳам бўлади.

2. Суғурта шартномаси амал қилаётган даврда суғурталанувчи:


а) агар суғуртанинг муайян тури шартларида назарда тутилган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддатига, суғурта пули миқдорига ўзгартириш киритилганлигини маълум қилиб қўйишга;

б) агар шартнома шартларида назарда тутилган бўлса, товон пулини олиб суғурта шартномасини муддатидан аввал бекор қилишга (товон пулининг миқдори суғуртанинг ушбу тури шартлари билан белгиланади);

в) ўзи вафот этган тақдирда суғурта пулини оладиган исталган кишини тайинлаб қўйишга ҳақлидир. Ушбу шахс олган суғурта пули мерос қолган мулк таркибига кирмайди.


3. Қонун ёки суғурта шартномасида назарда тутилган суғурта ҳодисаси юз берганда суғурталовчи шартномада қайд этилган шахсга суғурта шартномасида белгиланган муддатда суғурта пулини (суғурта товонини) тўлаши шарт.


4. Суғурталовчи қоплаши лозим бўлган зарарни камайтириш мақсадида қилинган харажатлар, агар бундай харажатлар зарур бўлган бўлса ёки суғурталовчининг кўрсатмаларини бажариш учун қилинган бўлса, тегишли чоралар муваффақиятсиз бўлиб чиқса ҳам, суғурталовчи томонидан қопланиши лозим. Бундай харажатлар бошқа зарарларни қоплаш харажатлари билан биргаликда суғурта пулидан ошиб кетиши мумкинлигидан қатъи назар, суғурта суммасининг суғурта қийматига нисбатига мутаносиб равишда қопланади.

5. Агар суғурта шартномасига кўра томонлар қўллаётган ҳуқуқлар учинчи томон манфаатларига дахл этса, томонларнинг барча хатти-ҳаракатлари манфаатдор учинчи томон билан келишилиши керак.



15-модда. Суғурта товони тўлашни рад этиш

1. Башарти суғурта ҳодисаси:


а) суғурталанувчининг ёки номига суғурта шартномаси тузилган шахснинг суғурта ҳодисасини келтириб чиқариш учун атайлаб қилган хатти-ҳаракатлари натижасида (ўзининг фуқаролик бурчини бажариш ёки суғурталанувчи ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар бундан мустасно);

б) суғурта ташкилотига суғурта объекти ҳақида атайин сохта маълумотлар хабар қилиниши оқибатида;

в) суғурта шартномасида ва бошқа қонунлар назарда тутилган бошқа ҳоллар туфайли юз берган бўлса, суғурта ташкилоти суғурталанувчига суғурта пулини (суғурта товонини) тўлиқ ёки қисман тўлашни рад этишга ҳақлидир.


16-модда. Наф олувчини, суғурталанган шахсни,

суғурта қилдирувчини алмаштириш

1. Суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида кўрсатилган наф олувчини суғурталовчига ёзма равишда маълум қилган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришга ҳақлидир. Шахсий суғурта шартномасига биноан, суғурталанган шахс розилиги билан тайинланган наф олувчи суғурталанган шахс розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.


Наф олувчи суғурта шартномасидаги бирон-бир мажбуриятни бажарганидан ёхуд суғурталовчига суғурта товон пулини ёки суғурта суммасини тўлаш тўғрисидаги талабни тақдим этганидан кейин, у бошқа шахс билан алмаштирилиши мумкин эмас.


2. Келтирилган зарар учун жавбгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчидан бошқа шахснинг жавобгарлиги суғурталанган ҳолда, шартномада бошқа қоида назарда тутилмаганлиги сабабли суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергунга қадар исталган пайтда бу шахсни бошқасига алмаштириб, суғурталовчига буни ёзма равишда маълум қилишга ҳақлидир.


3. Мол-мулкни суғурта қилиш шартномаси тузган суғурта қилдирувчи вафот этган тақдирда, суғурта қилдирган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу мол-мулкни мерос тартибида қабул қилиб олган шахсга ўтади. Мулк ҳуқуқи ўтган бошқа ҳолларда суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқа қоида белгиланган бўлмаса, суғурталовчининг розилиги билан янги мулкдорга ўтади.


4. Шахсий суғурта шартномасини суғурталанган шахс фойдасига тузган суғурта қилдирувчи вафот этган тақдирда, ушбу шартномада белгилаб қўйиладиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар суғурталанган шахснинг розилиги билан унга ўтади.


Агар суғурта шартномаси амал қилиб турган даврда суғурта қилдирувчи суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёхуд муомала лаёқати чекланган деб топилса, бундай суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини унинг васийси ёки ҳомийси олади.


5. Суғурта қилдирувчининг учинчи шахслар олдидаги жавобгарлиги суғурта қилинган ҳолларда суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг муомала лаёқати тугаган ёки чекланган пайтдан бошлаб тугайди.


6. Юридик шахс бўлган суғурта қилдирувчи суғурта шартномаси даврида қайта ташкил этилган тақдирда унинг ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари суғурталовчининг розилиги билан тегишли ҳуқуқий ворисга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтади.



17-модда. Суғурта шартномасини тўхтатиш

1. Суғурта шартномаси:


а) амал қилиш муддати тугаганда;

б) суғурталовчи шартнома бўйича суғурталанувчи олдидаги мажбуриятларини бажариб бўлганда;

в) суғурталанувчи суғурта бадалларини шартномада белгиланган муддатларда тўламаганда;

г) юридик шахс ҳисобланган суғурталанувчи тугатилганда ёки жисмоний шахс ҳисобланган суғурталанувчи вафот этганда, ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

д) суғурталовчи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилганда;

е) суд суғурта шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида қарор қабул қилганда;

ж) Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.


2. Башарти, суғурта шартномасининг шартларида назарда тутилган бўлса, суғурталанувчи ёки суғурталовчининг талаби билан, шунингдек томонларнинг келишувига биноан суғурта шартномаси муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин, шартноманинг тўхтатилиши учинчи томон манфаатларига дахл этадиган ҳоллар бундан мустаснодир.


3. Башарти, шартномада ўзга қоидалар назарда тутилмаган бўлса, суғурта шартномасини муддатидан илгари тўхтатиш ниятини томонлар бир-бирига суғурта шартномасини тўхтатиш мўлжалланаётган пайтдан камида ўттиз кун олдин хабар қилиши шарт.


Суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасидан муддатидан илгари воз кечган тақдирда суғурталовчига тўланган суғурта мукофоти, агар шартномада бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, қайтариб берилмайди. Башарти, суғурталанувчининг бундай талабига суғурталовчининг суғурта қоидаларини бузиши сабаб бўлган бўлса, суғурталовчи суғурталанувчига у тўлаган суғурта бадалларини тўлиқ қайтаради.

Суғурта шартномаси суғурталовчининг талаби билан муддатидан илгари тўхтатилган тақдирда, суғурталовчи суғурталанувчига у тўлаган суғурта бадалларини тўлиқ қайтаради агар суғурта шартномасида бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса. Башарти суғурталовчининг бундай талабига суғурталанувчининг суғурта қоидаларини бажармаганлиги сабаб бўлса, суғурталовчи тўланган суғурта бадалларининг шартнома тугамаган муддатига тегишли қисмини кетган сарф-харажатларни чегириб ташлаган ҳолда суғурталанувчига қайтариб беради.


18-модда. Суғурта шартномасининг ҳақиқий эмаслиги

1. Башарти суғурта шартномаси:


а) фуқаролик салоҳиятига эга бўлмаган ёки салоҳияти чекланган шахслар билан, шунингдек юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлмаган ташкилотлар билан тузилган бўлса;

б) салоҳиятли лекин шартнома тузиш пайтида ўз хатти-ҳаракатининг моҳиятини тушуна олмайдиган ҳолатдаги шахс билан тузилган бўлса;

в) жиноий йўл билан қўлга киритилган, рўйхатга олинган, хатланган ёки суд ҳукми билан мусодара қилиниши зарур бўлган мулкка нисбатан тузилган бўлса;

г) суғурталанувчи шартнома тузиш чоғида атайин ноқонуний йўл билан фойда кўришни кўзлаган ҳолларда, шунингдек суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин фойда кўриш мақсадида тузилган бўлса;

д) шартноманинг ёзма шаклига амал қилинмасдан тузилган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилади.


2. Юқорида айтиб ўтилган ҳолларда суғурта шартномаси суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.



III БОБ. СУҒУРТАЛОВЧИЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ

БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

19-модда. Суғурталовчиларнинг молиявий

барқарорлигини таъминлаш шартлари

Суғурталовчиларда қиймати тўланган устав капиталининг ва суғурта захираларининг мавжуд бўлиши, шунингдек қайта суғурта қилиш тизими суғурталовчилар молиявий барқарорлигининг негизи ҳисобланади.



20-модда. Суғурталовчиларнинг суғурта

захиралари ва фондлари

1. Суғурталовчилар зиммаларига олган суғурта мажбуриятларини бажаришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланган тартибда ва шартларда олинган суғурта бадалларидан бўлғуси тўловлар учун шахсий суғурта, мулкий суғурта ҳамда жавобгарлик суғуртаси бўйича суғурта захираларини вужудга келтирадилар.


Суғурталовчилар вужудга келтирган суғурта захиралари мусодара қилиниши мумкин эмас.


2. Суғурталовчилар солиқлар тўланганидан кейин қоладиган ва ўз ихтиёрларига келиб тушадиган даромадлардан ўз фаолиятларини таъминлаш учун зарур бўлган фондлар ҳосил қилишлари мумкин.


3. Суғурта ташкилоти ўз балансини ҳар йили Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда эълон қилиб туриши шарт.



21-модда. Суғурта ташкилотларининг суғурта ҳодисаларининг

олдини олиш йўсинидаги тадбирлари

1. Суғурта ташкилотлари фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлайдиган шарт-шароит яратишга ёки суғурта ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган огоҳлантириш йўсинидаги тадбирларни ўз маблағлари ҳисобидан молиялашлари мумкин.

2. Огоҳлантириш йўсинидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадида ажратиладиган мажбурий суғурта бадалларининг миқдори Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.


Ихтиёрий суғурта бадалларининг ана шу тадбирларга мўлжалланган қисмини суғурта ташкилотларининг ўзи белгилайди. Ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар суғурта ташкилотларининг харажатларига киритилади.



22-модда. Суғурталовчилар тўлов қобилиятининг кафолатлари

1. Суғурталовчилар ўз тўлов қобилиятларини таъминлаш ва суғурта қилдирувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Давлат суғурта назорати томонидан белгиланадиган иқтисодий нормативларга риоя этишлари шарт.

2. Ўз маблағлари ва суғурта захиралари ҳисобидан тўлаш имкониятларидан ортиқча ҳажмларда мажбуриятлар олган суғурталовчилар тегишли мажбуриятлар ижроси таваккалини қайта суғурта қилувчиларда суғурта қилишлари шарт.


3. Суғурта захираларини жойлаштириш суғурталовчилар томонидан диверсификация, қайтарилувчанлик, фойдадорлик ва тугатилувчанлик шартларида амалга оширилиши лозим.


23-модда. Суғурталовчиларнинг бирлашмалари

1. Суғурталовчилар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириб бориш, ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўшма дастурларни амалга ошириш учун уюшмалар, ассоциациялар ва бошқа бирлашмалар ташкил этишлари (башарти, уларни тузиш Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларига зид бўлмаса) мумкин. Бу бирлашмалар суғурта фаолияти билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмаслар.


2. Суғурталовчиларнинг бирлашмалари уставлар асосида ишлайди ва Давлат суғурта назоратида давлат рўйхатидан ўтганидан кейин юридик шахс ҳуқуқини олади.



24-модда. Учинчи шахслардан ундириш ҳуқуқининг ўтиши

Суғурта ташкилоти суғурта товонини қанча тўлаган бўлса, суғурта товонини олган суғурталанувчининг ёки ўзга шахснинг етказилган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи шу сумма доирасида суғурта ташкилотига ўтади.



25-модда. Суғурта ташкилотларининг

инвестиция ва тижорат фаолияти

Суғурта ташкилотлари ўз молиявий аҳволларини барқарор сақлаб туриш мақсадида инвестиция беришга ёки суғурта захиралари ва ўзга маблағлардан бошқа йўл билан фойдаланишга ҳақлидир.


Тижорат фаолиятини қўшма ва бошқа хил ишлаб чиқариш ҳамда тижорат тузилмаларини ташкил қилишда қатнашиш йўли билан ҳам амалга ошириш мумкин.



IV БОБ. СУҒУРТА ФАОЛИЯТИ УСТИДАН

ДАВЛАТ НАЗОРАТИ

26-модда. Суғурта ташкилотларининг

фаолиятини тартибга солиш

1. Суғурта ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш суғурта муносабатлари барча иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини таъминлашга қаратилгандир. Давлат суғурта назорати ("Ўздавсуғуртаназорат") суғурта ташкилотларининг ушбу Қонун талабларига риоя этишларини таъминлайди ва уларнинг фаолиятини назорат қилиб боради.


Ўздавсуғуртаназорат:


а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган суғурта ташкилотларини рўйхатга олади ва уларга суғурта фаолиятининг муайян турлари учун рухсатномалар беради;

б) суғурта ташкилотлари суғурта тўғрисидаги амалдаги қонунлар талабларига риоя этишларини назорат қилиб боради;

в) ҳисоб-китобни юритиш, ҳисоботлар тузиш, резерв ва захира фондлар ҳосил қилишнинг бир хилда бўлишини таъминлайди;

г) суғурта иши тажрибасини умумлаштиради, суғуртага оид амалдаги қонунларни татбиқ этиш масалалари юзасидан суғурта ташкилотларига тушунтиришлар беради, бу қонунларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

д) суғурта фаолиятини яхшилаш юзасидан тавсиялар киритади;

е) суғурталовчиларнинг, суғурталовчилар бирлашмаларининг ягона давлат рўйхатини, шунингдек суғурта брокерлари рўйхатини юритади.


2. Суғурта ташкилоти фаолияти тўхтатилган тақдирда Ўздавсуғуртаназорат ана шу ташкилот билан тузилган суғурта шартномалари амал қилишини давом эттириш чораларини кўради.


3. Ўздавсуғуртаназорат фаолиятининг ташкилий тузилишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



27-модда. Давлат суғурта назоратининг ҳуқуқлари

1. Ўздавсуғуртаназорат ўзига юклатилган вазифаларни адо этишда:


а) ушбу Қонун асосида ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида суғурта ташкилотлари фаолиятини тартибга солиб турувчи услубий ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш;

б) суғурта ташкилотларининг пул маблағлари улар қабул қилган мажбуриятларга мувофиқлигини, уларнинг суғуртага оид амалдаги қонунлар талабларини бажаришларини текшириш, хато ва камчиликлар аниқланган тақдирда фармойишлар чиқариш, фармойишлар белгиланган тартибда бажарилмаган тақдирда рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки чеклаб қўйиш ёхуд рухсатномаларни қайтариб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.


2. Давлат суғурта назоратининг мансабдор шахслари суғурталовчининг тижорат сири бўлган маълумотлардан ғаразли мақсадда фойдаланишга ва уларни бирон-бир тарзда ошкор қилишга ҳақли эмаслар.



28-модда. Суғурта ташкилотларини рўйхатга олиш

1. Барча суғурта ташкилотларининг, шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги суғурта ташкилотларининг фаолияти Давлат суғурта назоратида албатта рўйхатга олиниши ва уларга рухсатнома берилиши шарт.

2. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ва қайта рўйхатга олинмаган ҳамда тегишли рухсатнома олмаган суғурта ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас ва уларнинг рухсатномасиз суғурта фаолиятидан олган ҳамма даромади бюджет фойдасига тортиб олинади.


3. Таъсис ҳужжатларидаги ҳар қандай ўзгаришлар албатта қайд қилиниб, рўйхатга олиш реестрига зарур ўзгартишлар киритилиши лозим.


4. Суғурта ташкилотлари рўйхатга олувчи органга тақдим этган маълумотларининг тўғри бўлиши учун жавобгардир.



29-модда. Суғурта фаолиятига рухсатнома бериш

1. Суғурта фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномани Давлат суғурта назорати беради.


2. Тегишли рухсатнома олмаган суғурта ташкилотлари суғурта ва қайта суғурта қилиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслар.


3. Суғуртанинг муайян турини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар:


а) белгиланган ҳажмдаги устав фонди мавжудлиги ҳақида банк ёки ўзга кредит муассасаси берган маълумотнома;

б) муайян суғурта турининг қоидалари ёки шартлари;

в) суғурта тарифининг ҳисоб-китоби ёки асос-далиллари асосида берилади.


4. Суғурта фаолиятини амалга ошириш учун суғурта ташкилотига рухсатнома бериш тартибини Давлат суғурта назорати белгилайди.


5. Давлат суғурта назорати барча зарур ҳужжатларни олганидан кейин ўттиз кун мобайнида рухсатнома бериши шарт. Рухсатнома бериш рад этилган тақдирда худди шу муддат ичида рад этиш сабаблари суғурта ташкилотига хабар қилинади.



30-модда. Суғурта бозорида монополистик фаолиятни

ва ғирром рақобатни барҳам топтириш

Суғурта бозорида монополистик фаолиятни ва ғирром рақобатнинг олдини олиш, уни чеклаш ва барҳам топтириш Ўзбекистон Республикасининг монополияга қарши қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополияни йўқотиш ва рақобатни кучайтириш қўмитаси томонидан таъминланади.


31-модда. Суғурта ташкилотининг фаолиятини тўхтатиш

1. Суғурта ташкилотининг фаолиятини тўхтатиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


2. Суғурта ташкилотини тугатиш учун тугатиш комиссияси тузилади.


Тугатиш комиссияси суғурта ташкилоти тақдим этган эътирозларни кўриб чиқади, суғурта бадалларининг суғурталанувчиларга қайтарилиши ёки суғурталовчининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари билан бирга бошқа суғурта ташкилотларига ўтказилиши лозим бўлган миқдорини аниқлайди.


3. Суғурта фаолиятини тўхтатишга доир қарор қабул қилган ташкилот бу ҳақда суғурталанувчиларга хабар қилади ва вақтли матбуотда эълон беради.



V БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

32-модда. Чет эл суғурта ташкилотларининг

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолияти

Чет эл суғурта ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги суғурта фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси сифатида рўйхатдан ўтганларидан ва ушбу Қонунда белгиланган тартибда лицензия олганларидан кейингина амалга оширишга ҳақлидирлар.


Чет эл юридик ва жисмоний шахслари Ўзбекистон Республикасида ўзларининг улушли ёки тўлиқ қатнашишларига асосланган суғурта ташкилотларини тузишга ҳақлидир.



33-модда. Низоларни қараб чиқиш

Суғурта фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома беришнинг рад этилиши, берилган рухсатномалар амал қилишининг тўхтатиб қўйилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ низолар, шунингдек томонларнинг суғуртага тааллуқли муносабатларидан келиб чиқувчи бошқа ҳамма низолар судлар томонидан уларнинг ваколатига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда ҳал этилади.



34-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.





























































Время: 0.2213
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск