ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Шаҳар транспорти /

Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 02.02.2022 й. ПҚ-111-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 2 февралдаги

ПҚ-111-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини

2025 йилгача ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг сифатли, оммабоп ва хавфсиз транспорт хизматларига ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш ҳамда йўловчиларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратиш учун жамоат транспорт тизимини комплекс ривожлантиришнинг ўрта муддатли мақсадлар, вазифалар ва устувор йўналишларини белгилайди.



2-БОБ. ТОШКЕНТ ШАҲАР ЖАМОАТ

ТРАНСПОРТ ТИЗИМИНИНГ ЖОРИЙ

ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР


1-§. Тошкент шаҳар жамоат транспорт

тизимининг жорий ҳолати


Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўловчиларни ташиш автобус, метрополитен, йўналишли ва йўналишсиз таксиларда амалга оширилмоқда.

Шаҳарда мулкчиликнинг турли шаклларидаги 468 та ташувчи томонидан йўловчиларни ташиш хизматлари кўрсатилмоқда, шундан 13 та (8 та давлат улуши бўлган) корхона автобус йўналишларида, 55 та корхона йўналишли такси йўналишларида ва 400 та корхона йўналишсиз таксиларда хизмат кўрсатилмоқда.

"Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар тасарруфида 2022 йил 1 январь ҳолатига жами 1 168 та шаҳар йўловчи автобуси мавжуд бўлиб, 30 фоизи 10 йилдан ортиқ тасарруф этилмоқда. Автобусларнинг ўртача тасарруф этиш муддати 7,4 йилни ташкил этмоқда.

"Тошкент метрополитени" давлат унитар корхонаси балансида 264 та метро вагони мавжуд бўлиб, уларнинг 60 фоизи 30 йилдан ортиқ вақт давомида тасарруф этилмоқда.

Жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш учун хизмат қилаётган 5 та транспорт-ўтиш боғламаси мавжуд.

2 306 та автобус оралиқ бекати мавжуд бўлиб, улардан 1 021 таси белгиланган талабларга жавоб бермайди.

Велосипед транспорти фойдаланувчилари учун 12 та кўчада 100 км узунликдаги велосипед йўлаклари мавжуд.

Йўловчиларга йўналишсиз такси хизмати 11 000 дан ортиқ лицензияга эга енгил автомобилларда кўрсатилиб келинмоқда.

2020 йил 2 январдан йўлкира ҳақи тўловининг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, 60 фоиз йўловчилар ушбу тизимдан фойдаланмоқда. Мазкур тизим доирасида 5, 10, 15, 20 ва 30 кунлик ҳамда имтиёзли ойлик тариф режалари жорий этилган.

Автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви (ASDUM) тизими жорий этилиб, ушбу тизим орқали автобуслар ҳаракатини онлайн, оралиқ бекатлардаги тўхташ вақти, йўналишдаги ҳаракат тезлиги, автобуслар оралиқ масофасини (интервални) назорат қилиш имконияти мавжуд.

Йўналишлар ва уларда ҳаракатланаётган автобуслар тўғрисида маълумот олиш, манзилга етиб олишнинг оптимал йўналишини белгилаш каби қулайликларга эга бўлган "Тошкент транспорти" мобил иловаси ишга туширилган.

Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 59,5 километр ва унда метро бекатлари сони 43 тадан иборат 4 та йўналиш мавжуд бўлиб, бир кунда ўртача 420 минг нафар йўловчи ташилмоқда.

Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш корхоналари томонидан чекланган тарифлар асосида аҳолига хизматлар кўрсатилиши муносабати билан кўриладиган зарарлар белгиланган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар ойда қопланиб, якуний миқдори чорак якунлари бўйича ҳисобланмоқда.

Шаҳарда 4 мингдан ортиқ кўча мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 5 900 км, шундан автомагистраллар - 462 км, асосий кўчалар - 445 км, шоҳ кўчалар - 464 км, ҳалқа кўчалар 1 481 км, ишлаб чиқариш ҳудудларидаги кўчалар - 145 км ва маҳаллий аҳамиятдаги кўчалар - 2 896 километрни ташкил этмоқда.

Шаҳарда автомобиль транспорти воситалари сони 638 840 тани ташкил этиб, ҳудудлардан кунига ўртача 150 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари кириб-чиқмоқда.

550 та светофор ва 40 мингта йўл белгилари мавжуд бўлиб, улар ёрдамида транспорт ва пиёдалар ҳаракати тартибга солинади. 115 та светофор ягона рақамлаштирилган марказ томонидан бошқарилмоқда.



2-§. Тошкент шаҳар жамоат транспорт

тизимидаги муаммолар


Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимида қуйидаги муаммолар мавжуд:

мавжуд ер усти жамоат транспорти ҳаракат таркибининг 30 фоизи ёки 350 таси эскирганлиги йўловчи ташиш хизматларига бўлган талабнинг тўлиқ қондирилишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

кўча ва чорраҳаларда жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик берилмаганлиги, ҳаракат таркибининг етишмовчилиги ва унинг техник носозликлар сабаб туриб қолиши натижасида йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти 25-30 дақиқани ташкил этмоқда;

жамоат транспорти турлари ва йўналишларини боғловчи транспорт-ўтиш боғламалари етарли даражада ривожланмаган;

автобус оралиқ бекатлари инфратузилмаси хавфсизлик, қулайлик ва шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайди;

автомобиль йўлбўйи тўхташ жойларининг ҳозирги кундаги бетартиб ҳолати тирбандликларни юзага келтириб, жамоат транспортининг ўртача ҳаракатланиш тезлигининг пасайишига олиб келмоқда;

йўналишсиз такси фаолияти қонунчилик билан етарли даражада тартибга солинмаган;

Тошкент метрополитени ҳаракат таркибининг эскирганлиги натижасида турли хил технологик ҳолатлар содир бўлишига олиб келмоқда;

жамоат транспортида йўлкира ҳақини белгилаш бўйича тариф сиёсати такомиллаштирилмаган ва эгилувчан тарифлар жорий этилмаган;

жамоат транспорти корхоналари фаолиятини молиялаштириш ишлари бугунги кун талабларига жавоб бермайди;

йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимининг мукаммал эмаслиги сабабли йўллар ва чорраҳаларда транспорт оқими тўғри тақсимланмаган ҳамда тирбандликлар даражаси юқори, йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Концепциянинг асосий мақсади аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини камида икки баробарга ошириш, йўловчиларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратиш ҳамда транспортнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш орқали шаҳарда экологик ҳолатни яхшилашдан иборат.

Асосий мақсадларга эришишга қаратилган устувор йўналишлар:

жамоат транспорт тизимини унинг барча турларини узвий боғлаган ҳолда комплекс ривожлантириш, ер усти жамоат транспортининг тубдан янги йўналишлар тармоғини жорий этиш;

жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, метрополитен тармоғини кенгайтириш, замонавий транспорт-ўтиш боғламаларини ҳамда намунавий лойиҳалар асосида автобус оралиқ бекатларини ташкил этиш, жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш учун кўча ва чорраҳаларни қайта лойиҳалаштириш;

ташувчиларни молиялаштириш тизими ва тариф сиёсатини такомиллаштириш орқали соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш ҳамда хусусий сектор улушини икки баробарга ошириш;

рақамли технологияларни ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда транспорт воситалари ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал ("ақлли чорраҳа", "ақлли автобус" ва "ақлли бекат") тизимларини жорий этиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

велосипед ва бошқа моторсиз транспорт турларини ривожлантириш, жумладан, пиёдалар ва велотранспорт учун қулай ҳаракатланиш йўлакларини, велосипедларни ижарага бериш ва улар учун махсус тураржойларни ташкил этиш;

жамоат транспорти ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар, жумладан электробуслар билан янгилаш.

Концепциянинг асосий моҳияти Тошкент шаҳрида қулай, жозибадор бўлган жамоат транспорти тизимини ташкил этиш, бунда биринчи ўринда пиёдалар, кейинги ўринда мос равишда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишдан иборат.



4-БОБ. ТРАНСПОРТ ТИЗИМИДА МАВЖУД

МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ


1-§. Шаҳар йўловчи транспорти йўналишларининг

янгиланган тизимини яратиш


Жамоат транспортида тўрт турдаги янги йўналишлар (магистрал, ҳалқа, боғловчи ва етказиб берувчи) тармоғи босқичма-босқич жорий этилади.


Магистрал йўналишлар - шаҳарнинг чекка ҳудудларини марказ билан боғловчи ва йўловчилар манзилларига тез вақт оралиғида етиб олишларини таъминловчи йўналишлар. Бундай йўналишлар йўловчилар оқими катта бўлган йўналишларда ташкил этилиб, уларда йўловчилар амалдаги автобус йўналишларига нисбатан 10-15 дақиқа тезроқ вақтда манзилларига етиб олишлари мумкин.

Магистрал йўналишлар ташкил этилиши билан Тошкент шаҳрининг барча туманлари пойтахт маркази билан 11 та асосий йўналиш ёрдамида узвий равишда боғланади. Магистрал йўналишлар учун ҳаракат таркибининг юқори тезликда ҳаракатланишини таъминлаш учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши лозим.


Ҳалқа йўналишлар - ҳаракати ҳалқа йўли бўйлаб ташкил этилган йўналиш бўлиб, йўловчиларга ҳалқа йўналиши бўйича жойлашган ҳудуд ва бекатларгача етиб олиш имкониятини беради.

Ҳалқа йўналишлар ташкил этилиши билан Тошкент ҳалқа йўлларини ва туманларини 14 та автобус йўналиши орқали узвий боғлаш режалаштирилган. Ҳалқа йўналишлар учун ҳаракат таркибининг юқори тезликда ҳаракатланишини таъминлаш учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши мумкин.


Боғловчи йўналишлар - магистрал йўналишлар ва метро бекатларини, туманда жойлашган тураржой мавзелари, ижтимоий объектлар, аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар, бозорларни бир-бири билан узвий боғлайдиган йўналишлар. Бундай йўналишлар 92 та йўналишдан иборат бўлади.


Етказиб берувчи йўналишлар - ёрдамчи йўналиш сифатида, аҳолини бошқа автобус йўналишларига, метро бекатларига, транспорт-ўтиш боғламаларига ва ижтимоий объектларга қисқа вақтда етказиб боради. Бундай йўналишлар 42 та йўналишдан иборат бўлади.

Янги йўналишлар тармоғининг жорий этилиши жамоат транспорти турларини ўзаро боғлаш орқали ташувлар самарадорлигини ошириш, йўловчиларнинг манзилларига қулай ва тез етиб бориши натижасида шахсий транспорт воситасига нисбатан жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси оширилади.



2-§. Жамоат транспорти ҳаракат таркибини

замонавий транспорт турлари билан янгилаш


Жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилашда харид қилинадиган автобусларнинг сиқилган табиий газ ва/ёки электр қувватида ишлайдиган двигателлар билан жиҳозланганлиги, ногиронлиги бўлган шахсларни ташишга мўлжалланганлиги, кондиционер, автобус салонида бекатларни ва йўналишларни кўрсатиб турувчи ёзма ҳамда овозли эълон қилиб борадиган электрон таблолар, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камералари, йўлкира ҳақини автоматлаштирилган тўлов тизими ёрдамида тўлаш учун валидаторлар ва бошқа қулайликлар билан жиҳозланганлиги инобатга олиниши лозим.

Мазкур талаблар асосида "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти корхоналари ҳаракат таркибини 2022-2025 йилларда 1 063 та, шу жумладан, 673 та электр қувватида ишлайдиган автобусларни харид қилиш йўли билан янгилаш дастури амалга оширилади.

Жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш дастурларини молиялаштириш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарур.



3-§. Тошкент шаҳрида транспорт-ўтиш

боғламаларини ташкил этиш


Тошкент шаҳрида 16 та қулай ва замонавий транспорт-ўтиш боғламалари ер усти жамоат транспорти ва метрополитен йўналишлари кесишувчи, вилоятлардан келадиган транспортлар ва шаҳар маркази билан боғловчи, аҳоли зич жойлашган яшаш массивлари ва аҳоли гавжум нуқталарда ташкил этилади.

Транспорт-ўтиш боғламаларида барча тоифадаги йўловчилар учун тенг шароитлар яратилади, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, табақалаштирилган тарифлар ҳамда йўловчи ва ҳайдовчилар учун дам олиш масканларини назарда тутилади.

Транспорт-ўтиш боғламалари қуйидаги асосий талабларга мувофиқ ташкил этилади:

йўловчилар ўртача 10 дақиқа ичида бир транспорт туридан иккинчи транспорт тури ёки бошқа транспорт йўналишига қулай ўтиш имконияти;

шаҳарнинг исталган ҳудудига янги автобус йўналишлари тармоғи жорий этилиши ҳисобига кафолатланган вақт оралиғида етиб олиш;

транспорт-ўтиш боғламаларида автотураргоҳларни яратиш.



4-§. Тошкент шаҳрида намунавий лойиҳа асосида

автобус оралиқ бекатларини реконструкция қилиш


Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва тубдан яхшилаш, шунингдек, жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга қулайликлар яратиш мақсадида намунавий лойиҳа асосида автобус оралиқ бекатлари реконструкция қилинади.

Мазкур бекатлар ҳудудида аҳолининг имконияти чекланган гуруҳларининг тўсиқсиз ҳаракатланиш муҳити, автомобиль йўли қатнови қисми билан чегарасида "тактил" плиталар ўрнатиш йўли билан уларнинг хавфсизлиги таъминланади, замонавий дизайндаги ва қулай бўлган ўриндиқлар ўрнатилади, аҳолининг интернет тармоғидан (Wi-Fi) фойдаланиш, бекатларда электрон табло ўрнатиш орқали автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кузатиб бориш, мобил қурилмаларни қувватлаш учун манбалардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Бундай бекатларда фақатгина реклама маҳсулотлари, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматлари жойлаштирилади.



5-§. Тошкент шаҳрида автомобилларнинг йўл бўйи

пуллик тўхташ жойлари тизимини ташкил этиш


Тошкент шаҳридаги тирбандликларни, марказий кўчаларда транспорт оқимини камайтириш, жамоат транспортининг ўртача ҳаракатланиш тезлигини ошириш, автомобилларнинг йўл бўйида бетартиб тўхташини тартибга солиш, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳрида ягона автомобиль йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тизими ташкил этилади.

Биринчи босқичда 10 та кўчада, келгусида талабдан келиб чиқиб бошқа кўчаларда ҳам автомобилларнинг автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тизими давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ташкил этилади.

Тизимни жорий этиш жараёнида йўл бўйи пуллик тўхташ жойларига ёндош ҳудуддаги пиёда йўлакларини таъмирлаш ва велосипед йўлаклари ташкил этиш ишлари амалга оширилади.



6-§. Тошкент шаҳрида велосипед

транспортини ривожлантириш


Велосипед транспортини ривожлантириш, ундан оммавий фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

велосипед транспортини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

шаҳарсозлик сиёсатининг зарур элементи сифатида велосипедлар инфратузилмасини ривожлантириш, бунда 2025 йилгача 250 км велосипед йўлакларини ва унга тегишли инфратузилмани барпо этиш;

шаҳарда велосипеддан оммавий фойдаланишни йўлга қўйиш учун "велошеринг" тизимини жорий этиш;

ижтимоий соҳа объектлари, савдо-хизмат кўрсатиш мажмуалари, дам олиш масканлари, маъмурий бинолар ва транспорт-ўтиш боғламалари ҳудудларида велосипедларнинг сақлаш жойлари барпо этилади.



7-§. Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга

солиш ва янада такомиллаштириш


Йўналишсиз такси фаолиятини ривожлантириш, йўловчиларга сифатли, қулай ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш, мазкур хизмат турини рақамлаштириш ҳамда илғор хорижий тажриба ва ахборот технологияларини жорий қилиш мақсадида йўналишсиз такси хизматида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ҳаракат таркибига қўйиладиган талабларни белгиловчи ягона давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва экологик тоза "яшил транспорт" турларига ўтказиш даражасини босқичма-босқич ошириш;

фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ҳайдовчилар тўғрисидаги барча маълумотларни ўзида жамлаган электрон ахборот базани шакллантириш ва уни амалдаги ID-карталар тизими билан интеграциялаш;

йўналишсиз таксиларнинг ҳаракатини масофадан онлайн кузатиш ва назорат қилиш тизимини жорий қилиш;

рухсат берувчи лицензия варақаларининг амал қилиш ҳудудини белгилаш;

имконияти чекланган фуқароларга махсус мосламали (пандус) такси хизматини йўлга қўйиш;

аҳоли гавжум жойларда, вокзал ва аэропортларга туташ ҳудудларда алоҳида йўналишсиз такси тўхташ жойларини ташкил қилиш;

йўналишсиз таксилар фаолиятига хизматлар турини ("Стандарт", "Бизнес", "Эконом", "Комфорт") жорий қилиш.



8-§. Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимида

рақамли технологияларни жорий этиш


Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимида рақамлаштириш даражасини ошириш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

жамоат транспорти соҳасига оид барча маълумотларни бир бутун ахборот ресурслари сифатида Big Data технологияси асосида шакллантириш ва Machine Learning (сунъий интеллект) алгоритмларини қўллаш орқали улардаги жараёнлар кечишини прогноз қилувчи ва мақбуллаштирувчи ахборот тизимини яратиш;

"Тошкент транспорти" мобил иловаси негизида маълумотларни қайта ишлаш орқали йўловчиларга дастурий таъминот ва маълумотлардан фойдаланишлари мумкин бўлган мобил қурилмаларини бошқариш MaaS (Mobility as a Service - мобиллик сервис сифатида) платформасини яратиш;

рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда "Ақлли автобус" (SmartBUS), "Ақлли бекат" (SmartBUS Stop) ҳамда "Ақлли чорраҳалар" (Smart Crossroads) тизимини жорий этиш;

автобуслардаги GPS-трекерлар, чорраҳалар ва бекатларда ўрнатилган турли хил сенсорлар, кузатув камералари, Wi-Fi тармоғи ва бошқа IoT қурилмаларидан онлайн тарзда маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва жараёнларни оптималлаштириш тизимини жорий этиш;

йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи давлат томонидан молиялаштириладиган корхоналар молиявий-хўжалик фаолиятига ERP (Enterprise Resource Planning - Корхона ресурсларни режалаштириш) тизимини жорий этиш ва автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви (ASDUM) тизими билан интеграция қилиш орқали корхона фаолиятини такомиллаштириш;

жамоат транспорти инфратузилмаси объектлари номларини ID-таснифлаган ҳолда уларнинг ID-реестрини юритиш;

жамоат транспортида мавжуд электрон тўлов тизимлари, электрон ҳамёнлар, виртуал карталар ҳамда мобил операторларнинг тизимлари орқали тўловларни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.



9-§. Тошкент метрополитенининг жозибадорлигини ошириш


Қуйидагилар Тошкент метрополитени фаолиятини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади:

метрополитен тармоғини кенгайтириш;

йўловчилар ташишни ташкил этишнинг самарадорлигини ошириш, ҳаракат таркибини янгилаш ва модернизация қилиш;

метрополитен йўналишларининг шаҳар ер усти жамоат транспорти йўналишлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш;

метрополитен бошқарув тизимига поездлар ҳаракатининг мунтазамлигини, белгиланган жадвал ва оралиқларга қатъий риоя этилишини, технологик жараёнлар автоматлаштирилишини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

метрополитен ишчи-ходимларининг малакасини ошириш, янги иш ўринларини яратиш.



10-§. Жамоат транспортида тариф сиёсатини такомиллаштириш


Жамоат транспорти йўналишларининг янги тармоғи жорий қилиниши муносабати билан тарифларнинг ҳам янги табақалаштирилган турлари жорий этилади.

Табақалаштирилган тарифлар йўналиш тури, метрополитенда қатнов масофаси ва транспорт туридан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади (магистрал ва ҳалқа йўналишлари тарифи, боғловчи йўналиш тарифи, етказиб берувчи йўналиш тарифи, масофага боғланган метро тарифи, бир транспортдан иккинчи транспортга ўтиш тарифи).

Йўлкира ҳақи тўланиши устидан замонавий назорат тизимини яратиш учун:

махсус кийим, боди камера ва планшетларга эга йўналиш назоратчиси лавозимини жорий этилади ва уларга йўлкира ҳақини тўламаган йўловчиларга ўрнатилган тартибда жарима қўллаш ҳуқуқи берилади;

йўналиш назоратчилари фойдаланадиган дастурлар Ички ишлар вазирлигининг тегишли дастурларига интеграция қилинади ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритилади.



11-§. Жамоат транспорти корхоналари фаолиятини

молиялаштириш тизимини такомиллаштириш


Жамоат транспорти ташувчиларини уларга бириктирилган йўналишларда ҳақиқий бажарилган иш ҳажмлари (босилган масофа ва ташилган йўловчилар сони) ҳамда сифат кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда молиялаштиришнинг янги тизими (Pool system) жорий этилади.

Молиялаштиришнинг янги тизими (Pool system) манбаи этиб йўловчи ташишдан олинган даромадлар, маҳаллий бюджет параметрларида чекланган тарифлар асосида йўловчилар ташишдан кўриладиган зарарларини қоплаш ҳамда шаҳар йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчиларни ташиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобланади.

Йўловчи ташишдан олинадиган даромадлар ва маҳаллий бюджет параметрларида жамоат транспорти учун кўзда тутилган барча маблағлар Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида жамланади ҳамда ташувчилар билан ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Молиялаштиришнинг янги тизимида ҳар бир йўналишнинг шартномавий қиймати ҳисоб-китоблар асосида аниқланиб, хизмат кўрсатишнинг сифат кўрсаткичлари белгиланади.

Ушбу тизимда ҳар бир йўналиш электрон тендер савдолари орқали савдога чиқарилиб, энг яхши таклиф берган ташувчи билан транспорт соҳасини бошқаришга ваколатли бўлган давлат органи ўртасида шартнома тузилади. Шартнома талаблари бажарилганда ваколатли орган томонидан ташувчилар фаолияти ҳар ой якуни билан молиялаштирилиб борилади.



12-§. Тошкент шаҳрида транспорт оқимини

бошқариш ва чорраҳаларни лойиҳалаш


Тошкент шаҳрида транспорт оқимини бошқариш ва чорраҳаларни лойиҳалаш ишларини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари:

йирик шаҳарларда транспорт оқимини бошқариш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб бориш;

шаҳар кўчаларидаги транспорт оқимлари мониторинг-таҳлилини олиб бориш;

жамоат транспорт тизимини математик моделлаштириш йўли билан транспорт хизматларига бўлган талабни ўрганиб бориш;

шаҳар кўчаларида транспорт тирбандликларини камайтириш мақсадида мавжуд светофор объектларининг бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

500 та чорраҳага транспорт ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал тизимларини - "ақлли светофорлар" (Smart traffic lights) ва "ақлли чорраҳалар"ни (Smart Crossroads) жорий қилиш;

чорраҳалар геометрик параметрларини ўзгартириш йўли билан уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириб бориш;

жамоат транспорти ҳаракат таркибининг шаҳар кўчаларида тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш;

уч тасмагача бўлган автомобиль йўлларида шаҳар йўловчилар транспорти учун автобус оралиқ бекатларини лойиҳалашда автобусларнинг бундай бекатга кириш ва тўхташ қисмини (карман) мажбурий этиб белгилаш.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ВА УНДАН КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепциянинг амалга оширилиши натижасида 2025 йилда:

йўналишдаги автобусларнинг ўртача тасарруф тезлигини 17 фоизга ошириш;

автобус қатновлари мунтазамлигини 95 фоизга етказиш;

йўналиш ҳаракат интервалини 35 фоизгача қисқартириш;

шаҳар ҳудудини жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш;

аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 43 фоизга етказиш (кунлик йўловчи ташиш ҳажми ўртача 2,7 млн. йўловчига етказиш);

жамоат транспорти қулай ва экологик тоза ҳаракат таркиби билан янгилаш йўли билан атроф муҳитга салбий таъсирини 35 фоизга камайтириш;

шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сони 20 фоизгача қисқартирилиши;

велосипед транспорти инфратузилмасининг кенг ривожланиши;

транспорт корхоналари фаолиятини рақамлаштириш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлиги 30-35 фоизга ўсиши, маъмурий ва операцион харажатлар ўртача 20-22 фоизга камайиши;

йўлкира ҳақи тўланишида нақд пул айланмасидан воз кечиш;

транспорт корхоналари даромадлари йиғилишининг шаффофлигини таъминлаш;

чорраҳаларда транспорт воситаларининг ўтказувчанлиги 15 фоизга оширилиши.



6-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


Концепцияни амалга ошириш бўйича тасдиқланган "Йўл харита"да белгиланган чора-тадбирлар масъул вазирлик ва идоралар томонидан сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши натижасида Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари)нинг бажарилиши таъминланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 февраль





















































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск