ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Ижтимоий соҳа /

2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур (ЎзР Президентининг 07.03.2022 й. ПФ-87-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 7 мартдаги

ПФ-87-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат

иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча

жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича

МИЛЛИЙ ДАСТУР


Ўзбекистонда "2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар" доирасида устувор мақсадлардан бири сифатида "Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш" белгиланган.

Ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи дастурларни кенгайтириш талаб этилади.

2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур (кейинги ўринларда - Миллий дастур) хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди.

Миллий дастур Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида", "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида", "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг "2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида"ги қарори, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқувчи қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тайёрланган.

Миллий дастурда хотин-қизларнинг ҳуқуқларига инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлаги сифатида қаралади ҳамда у "Инсон қадри учун" тамойилидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Миллий дастурнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши хотин-қизларнинг жамият сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқлар асосида тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.



1-БОБ. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


Миллий дастурнинг мақсади - хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ва билимли қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда, хусусан, давлат бошқарувида уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлашдан иборат.

Миллий дастурни амалга оширишда қуйидаги асосий вазифалар белгилаб олинди:

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

хотин-қизларнинг таълим олишлари учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фан соҳасига кенг жалб этиш;

хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш;

хотин-қизлар орасида тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳамда одам савдоси қурбони бўлиш ҳолатларининг олдини олиш;

жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган, чет элга чиқиб кетган, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳамда хусусий секторда меҳнат қилаётган хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини янада такомиллаштириш;

нуроний онахонларни эъзозлаш, уларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан оилаларни мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбияси, маънавий дунёқарашини юксалтиришда фойдаланиш, шунингдек, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароитларни яратиш;

оила институтини мустаҳкамлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб этиш орқали оилалардаги соғлом ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларда ҳуқуқий маданият ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш чораларини кўриш.



2-БОБ. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ,

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА

ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШДАГИ

МУАММОЛАР


Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, 32 фоизни ташкил этди. Хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 46 фоизга етди.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди, янги Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилиб, у мазкур қўмита раиси ҳисобланиши белгиланди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.

Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун Халқ банки тизимида раҳбарнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.

Вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликларида ҳоким ўринбосарлари - оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозимлари, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими киритилди.

Хотин-қизларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус жамғарма ҳисобидан уларнинг ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур бўлган маблағлар ажратиб келинмоқда.

Жумладан, 2018-2021 йилларда оғир-ижтимоий вазиятга тушиб қолган, 5,6 мингдан зиёд хотин-қизлар учун уй-жой тўловининг бошланғич бадали тўлаб берилди, ногиронлиги бўлган 20 мингга яқин аёлларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламалари ва бошқа реабилитация воситалари олиб берилди, 18 мингга яқин хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар берилди, 500 нафар хотин-қизларнинг жарроҳлик амалиёти харажатлари тўлаб берилди.

"Аёллар дафтари" билан ишлаш орқали ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилиб, 2021 йилнинг ўзида 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш учун 2 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш учун контракт тўловларини тўлаб бериш тизими жорий этилиб, олий таълим муассасасига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грант ўринлар сони икки бараварга оширилди.

Хотин-қизлар учун иш ўринларини яратишга қаратилган бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 6 ойлик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилди. 55 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди.

Бешта муҳим ташаббус доирасида чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Уй-жой сотиб олиш учун 1 250 нафар хотин-қизларга 22 миллиард сўмга яқин бошланғич бадаллар тўлаб берилди.

Ҳар йили 28 нафар иқтидорли хотин-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиб, мукофот лауреатларини олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида қабул қилиш йўлга қўйилди.

"Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилиб, ўтган давр мобайнида 855 нафар фаоллар ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди.

Давлат буюртмаси асосида аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш тизими ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг иш стажини қайд этиш тартиби йўлга қўйилиб, норасмий секторда банд бўлган хотин-қизларнинг улуши 27 фоизгача қисқарди.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳимоя ордерини бериш тартиби йўлга қўйилиб, ушбу тартиб орқали 2020-2021 йилларда зўравонликдан жабр кўрган 35 мингдан зиёд хотин-қизлар ҳимоя қилинди.

Хотин-қизларнинг мурожаатлари бўйича куну-тун фаолият юритадиган 1211 қисқа рақамли "ишонч телефони" орқали биргина 2021 йилнинг ўзида 100 мингга яқин хотин-қизларнинг мурожаатлари ҳал этилди.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг 14 та ҳудудий ва 14 та намунали туманлараро марказлари ташкил этилиб, мазкур масканларда 50 мингга яқин хотин-қизларга психологик, юридик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

2020-2021 йилларда маҳалла фаоллари томонидан ажралиш ёқасига келиб қолган 50 мингга яқин оилалар яраштирилди, 20 мингдан зиёд оилада никоҳ қонунийлаштирилди, 6 мингга яқин оиланинг нотинчлигига барҳам берилди.

Барча туманлар ва шаҳарларда Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилди. 2021 йил давомида ушбу марказлар томонидан 90 мингдан ортиқ никоҳланувчи шахслар оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисодиёти ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича бепул ўқитилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига ўтиши даврида барча хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини юқори босқичга кўтариш ҳамда жамиятда хотин-қизлар ўрни ва ролини янада ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бироқ, бугунги кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишда қуйидаги муаммолар сақланиб қолмоқда:

хотин-қизларнинг, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, иш билан таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган;

ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёллар ва ўзгалар парваришига муҳтож кекса ёшдаги аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, уларни эҳтиёжмандлик ҳолатидан чиқаришга қаратилган ишлар самарали ташкил этилмаган;

яшаш шароитини яхшилашга муҳтож 15 минг нафар хотин-қизларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмаган;

хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлган омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этишга ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар кўлами етарли эмас;

ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва кам таъминланган оилаларга томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, уларга субсидиялар ажратиш ва бандлигини таъминлаш учун имтиёзли кредитлар (шу жумладан, микрокредитлар) ажратиш тартиб-таомиллари бўйича тарғибот ишлари ҳамда услубий-амалий кўмаклашиш тизимида сусткашликлар мавжуд;

ҳудудларда, айниқса, чекка қишлоқларда тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш, аҳволи оғир бўлган бемор хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаш, уларни даволаш ҳамда ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган хотин-қизларни кўрикдан ўтказиш даврийлиги мунтазам тусга эга эмас;

боқувчисини йўқотган ҳамда ажралиш ёқасида турган оилаларда, тўлиқсиз оилаларда вояга етаётган фарзандларнинг, шунингдек, узоқ муддатга яшаш жойидан чиқиб кетган аёлларнинг оилаларида вояга етаётган фарзандларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилмаган;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларни касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда бошқа муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш чоралари талаб даражасида эмас;

ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда вояга етаётган қизларнинг иқтидорларини ўз вақтида аниқлаш, уларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш тизими жорий этилмаган;

маҳаллаларда вояга етаётган қизлар ва ёш келинлар ўртасида оила, турмуш маданияти, тиббий маданият, миллий қадриятларни эъзозлаш, оилаларни мустаҳкамлашда қайноналарнинг ролини ошириш кабилар бўйича тарғибот ишлари самарали йўлга қўйилмаган;

маҳаллалардаги "Аёллар маслаҳат кенгашлари" томонидан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ўз вақтида ҳал этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида уларга услубий-амалий кўмаклашиш ва рағбатлантириш амалиёти жорий этилмаган.



3-БОБ. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Қуйидагилар Миллий дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.



I. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш


Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш.

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш.

Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш.

Чет элга ишлаш учун кетган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, одам савдосининг олдини олиш.

Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик нормалари ижросини мониторинг қилиш.



II. Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий

ва сиёсий фаоллигини ошириш


Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш.

Хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш.

Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш.

Хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ролини янада ошириш.

Хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун қўшимча шарт-шароит яратиш.

Нуроний онахонларни эъзозлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва фаоллигини ошириш.



III. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни

қўллаб-қувватлаш


Ногиронлиги бўлган ёки ногиронлиги бўлган фарзандни тарбияловчи аёлларни қўллаб-қувватлаш.

Уй-жойини таъмирлашга муҳтож ҳамда нотурар жойларда яшайдиган эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш.

Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш.

Ўзгалар парваришига муҳтож кекса ёшдаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

"Аёллар дафтари"га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашиш.



IV. Оила институтини мустаҳкамлаш


Оила институтини мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

Оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш.

Демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш.

Оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш.

Оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.



V. Хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш


Хотин-қизлар орасида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усул ва шаклларини татбиқ этиш.

Ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.



4-БОБ. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


Миллий дастур уч босқичда: 2022-2023 йиллар, 2024-2025 йиллар ва 2026 йил давомида амалга оширилади, бунда:

а) биринчи босқичда (2022-2023 йиллар) ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишга ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар бажарилади:

хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида масофавий иш усули ва мослашувчан иш графигида ишлаш механизмлари жорий этилади;

узоқ муддатга хорижга чиқиб кетаётган ота-оналар томонидан фарзандига васий ёки ҳомий тайинлашнинг мажбурий тартиби ўрнатилади;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади;

хотин-қизлар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириш учун улар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади;

иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чоралар кўрилади;

иқтидорли ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими яратилади;

республика ва ҳудудларда "Етакчи аёллар мулоқоти" платформаси ташкил этилади;

хориждаги ватандошлардан иборат "Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши" ташкил этилади;

вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва таълим муассасаларида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашларининг фаолияти йўлга қўйилади;

қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги коллеж ва техникумларда касб (мутахассислик) эгаллаш истагида бўлган хотин-қизларнинг тўлиқ давлат гранти асосида таълим олишлари таъминланади, 3 ёшгача фарзанди бўлган талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади;

"Аёллар дафтари"га киритилган уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жой шароитлари яхшиланади, шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга доимий даромад манбаига эга бўлишда кўмаклашилади;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим ташкилотларининг тегишли фанлари таркибига оила қадриятлари ва оила психологиясига оид мавзулар киритилади;

нотинч ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Оилавий саёҳат" туристик пакетлари жорий этилади;

нотинч оилалар учун оилавий психологлар ёрдамини кўрсатиш тизими жорий этилади;

б) иккинчи босқичда (2024-2025 йиллар) барча соҳаларда гендер тенгликка эришиш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ишларини янги босқичга кўтаришга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар бажарилади:

хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш билан боғлиқ мавжуд инфратузилмаларни мустаҳкамлаш ва янгиларини тизимли равишда барпо этиш ишлари жадаллаштирилади;

Миллий дастур доирасида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг "маҳаллабай" ижроси устидан мониторинг олиб бориш тизими янада такомиллаштирилади;

в) учинчи босқичда (2026 йил) хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий, психологик саводхонлигини ошириш ҳамда илмий-маданий иқтидори ва ижодкорлигини қўллаб-қувватлаш ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар бажарилади:

Миллий дастурнинг асосий натижаларига эришиш, мақсадли параметрлари кўрсатилган инсон капиталини етакчи ривожланган мамлакатларда қабул қилинган мезонларга мувофиқ баҳолаш тартибига ўтилади;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун индикаторлар яратилади.



5-БОБ. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ВА МОЛИЯЛАШТИРИШ


Миллий дастур қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

масъул ижрочиларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлари), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



6-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Миллий дастурнинг амалга оширилиши келгусида қуйидаги натижаларга олиб келиши кутилмоқда:

"Бир миллион дастурчи" лойиҳасида иштирок этадиган хотин-қизлар сони 30 фоизга етказилади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида 14 та ҳудудда кооперативлар фаолияти йўлга қўйилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасига ўқишга тавсия этилган номзодлар орасида хотин-қизлар улуши 30 фоизгача етказилади;

олий таълим муассасаларида психолог мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар бўйича қабул параметрлари 30 фоизга оширилади;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади;

республикада истиқомат қилаётган 337 мингдан зиёд хотин-қизларни тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами кенгайтирилади, уларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида амбулатор реабилитация қилиш механизмлари жорий этилади;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади, халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик нормалари ижроси қатъий назоратга олинади;

гендер тенгликка эришиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари рейтингида мамлакатимизнинг ўрни сезиларли оширилади;

хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олди олинади;

жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган хотин-қизларнинг жамият ҳаётига мослашувчанлиги ошади;

чет элга ишлаш учун чиқиб кетган хотин-қизларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилади;

одам савдосининг олди олинади;

хотин-қизлар орасида ишсизлик даражаси камаяди, аёллар тадбиркорлиги ошиб, камбағаллик қисқартирилади;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг турмуши яхшиланади;

ногиронлиги бўлган ёки ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд аёллар, уй-жойсиз, боқувчиси бўлмаган, ўзгалар парваришига муҳтож аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади;

хотин-қизларнинг саломатлиги мустаҳкамланади, оналик ва болалик муҳофаза қилинади;

давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеи янада мустаҳкамланади;

хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрни ошади;

хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади;

оила институти мустаҳкамланади, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланади ва ажримлар сони камаяди;

хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар олди олинади;

хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролик жамияти институтлари роли ошади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 март

































Время: 0.0112
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск