ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Болалар спортини ривожлантириш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.03.2022 й. ПҚ-162-сон "Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.03.2022 й.

N ПҚ-162



БОКС БЎЙИЧА БАҲОДИР ЖАЛОЛОВ СПОРТ

МАҲОРАТИ МАКТАБИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги "Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида"ги ПҚ-5280-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги ПҚ-5099-сон қарори билан тасдиқланган Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, шунингдек, иқтидорли спортчиларни профессионал боксчилар сифатида тайёрлаш, Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида:


1. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби (кейинги ўринларда - бокс мактаби) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар бокс мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақаларда - Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш;

халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан хорижий мамлакатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали бокс бўйича тренерлар таркибини мустаҳкамлаш;

боксчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

боксчиларнинг профессионал фазилатларини ривожлантириш, шунингдек, боксни ривожлантиришнинг халқаро талабларига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоаларига юқори маҳоратли боксчиларни тайёрлаш;

ёш истиқболли боксчиларни танлаш ва тарбиялаш масалалари бўйича спорт мактаблари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари, спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ва бошқа спорт-таълим муассасалари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш;

бокс бўйича миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш, тренерлар ҳамда боксчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш бўйича хорижий бокс мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

бокс мактаби ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги "Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги 410-сон қарорида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширади, шу жумладан юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган умумтаълим давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади;

бокс мактаби ўз фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди;

бокс мактаби ўқувчиларининг умумий контингенти жами 175 нафарни ташкил этиб, улар 5-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;

бокс мактаби ўқувчиларини умумтаълим дастурлари бўйича ўқитиш уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида амалга оширилади;

бокс мактаби ўқувчиларини яшаш учун жиҳозлар, суткалик озиқ-овқат нормаси, спорт кийим-боши ва анжомлари, форма билан таъминлашда олий маҳорат спорт мактабларининг нормативлари татбиқ этилади;

бокс мактаби ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди ҳамда ўқувчилар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади;

бокс мактаби директори, унинг ўринбосарлари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тарбиячилар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва тарбиячилар меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги 275-сон қарорига мувофиқ;

бокс мактаби директори, унинг ўқув ва спорт ишлари бўйича ўринбосари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги "Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 211-сон қарорига мувофиқ;

бокс мактаби тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


4. Қуйидагилар бокс мактабини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва мактабнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов):

а) уч ой муддатда:

бокс мактабининг уставини тасдиқлаш, шунингдек, уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

бокс мактабини замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан босқичма-босқич тўлдириш чораларини кўрсин;

б) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси билан биргаликда бокс мактабида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан доимий давлат назоратини амалга оширсин;

в) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бокс мактабининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

г) Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини бокс мактабида шуғулланиш учун жалб этиш чораларини кўрсин.


6. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йил 1 августга қадар Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 9-мавзеда жойлашган 259-сон умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида замонавий бокс мактаби ташкил этилишини ва 2023 йил якунига қадар тўлиқ жиҳозланишини таъминласин.

Бокс мактабини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун Давлат бюджетидан жами 25 миллиард сўм йўналтирилсин.

Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати ва спорт, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари билан биргаликда мазкур банд талабларидан келиб чиқиб 2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг тегишли параметрларини қайта кўриб чиқсин.

7. Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров) бокс мактабининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишида энг мақбул меъморий ҳамда техник ечимлар қўлланилишини, мактабни инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш, шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


8. Молия вазирлиги бокс мактаби фаолиятини сақлаш билан боғлиқ зарур маблағларни 2022 йил республика бюджетида кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.


9. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Ш.Б. Умурзаков белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К. Куранбаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 14 март





































Время: 0.2090
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск