ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 04.04.2022 й. ПҚ-190-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 4 апрелдаги

ПҚ-190-сон қарорига

4-ИЛОВА



Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича

республика махсус комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясининг (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) фаолиятини белгилайди.


2. Махсус комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан ташкил этилади ва доимий асосда фаолият юритади.


4. Махсус комиссия ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Махсус комиссия томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши барча учун мажбурийдир.


6. Махсус комиссия йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ўрганишга ва тегишли ҳисоботларни тайёрлашга мутахассисларни, олимларни, вазирликлар ва идораларнинг масъул ходимларини жалб этади.



2-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Махсус комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасини хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;

ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг манзилли фаолият кўрсатишини назорат қилиш;

йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;

ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Махсус комиссия қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.


8. Махсус комиссия ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ, қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

автомобиль йўлларидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичлари (йўл-транспорт ҳодисалари, уларда тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар сони) устидан объектив мониторинг юритилишини ташкил этади;

йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичлари салбий бўлган ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш доирасидаги қонунчилик ижросини таҳлил қилади;

йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган ҳудудлардаги аҳоли яшаш пунктлари, таълим ташкилотларида профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлаш юзасидан назоратни амалга оширади;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолатини ҳар чорак якунида индекснинг индикаторлари бўйича баҳолаб боради;

индекс натижаларига кўра "сариқ" ва "қизил" тоифаларга киритилган туманлар (шаҳарлар)да йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолатини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

индекс натижаларига кўра йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича "қизил" тоифага киритилган туманлар (шаҳарлар) салмоғи юқори бўлган вилоятлар ҳокимлари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ҳокими)нинг масъулиятини ошириш чораларини белгилайди, жумладан, зарур ҳолларда уларга нисбатан ўрнатилган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилишини таъминлайди;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш доирасида илмий-тадқиқот институтлари, махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликларни ўрганади ва муҳокама қилади;

махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига доир долзарб илмий тадқиқот йўналишларини белгилайди;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижалари жорий этилишини амалий қўллаб-қувватлайди;

алоҳида долзарб бўлган йўналишларда ўтказиладиган илмий ва тадқиқот изланишларига юқори малакали олим ва мутахассисларни жалб этиш ҳамда бундай тадбирларни молиялаштириш масалаларини ҳал қилади;

йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабабларини ҳар томонлама, айниқса, йўл участкаси ва автотранспорт воситасининг техник ҳолати, ҳайдовчининг малакаси, об-ҳаво шароити каби муҳим омилларни илмий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилиш ишларини ташкил этади;

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида, шунингдек, юқори аҳамият касб этувчи йўналишларда йўл ҳаракатини автоматик бошқариш тизимлари кенг жорий этилишини таъминлайди;

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этиш устидан назорат тизимини инсон ва коррупция омилларини истисно этувчи автоматлаштирилган техник ва технологик воситалар орқали юритилишини йўлга қўйишга доир тадбирларни белгилайди;

йўл ҳаракати хавфсизлигини такомиллаштириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларга имкон берган шарт-шароитларни аниқлашга мўлжалланган замонавий ахборот тизимларини яратишни ташкил этади.



3-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Махсус комиссия раиси қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

Махсус комиссиянинг фаолиятига раҳбарлик қилади;

Махсус комиссиянинг йиғилишини (сайёр йиғилишини) чақириш тўғрисида қарор қабул қилади ва кун тартибини белгилайди;

Махсус комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини назорат қилади;

Махсус комиссияга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан комиссия аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорларни тасдиқлайди;

мазкур Низом талабларини бажармаётган Махсус комиссия аъзоларига нисбатан тегишли чоралар кўради;

Махсус комиссия баённомалари ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва назорат қилади;

Махсус комиссиянинг фаолиятини самарали ташкил этишга оид бошқа функцияларни бажаради.


10. Махсус комиссия раисининг ўринбосарлари:

Махсус комиссия йиғилишини (сайёр йиғилишини) ташкил этади;

Махсус комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан таклифлар тайёрланишини ташкил этади;

махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлайди;

тегишли ахборот ва таклифларни Махсус комиссия раисига киритади;

Махсус комиссия раиси бўлмаганда ёки унинг топшириғи бўйича Махсус комиссия йиғилишларига раислик қилади;

Махсус комиссиянинг самарали иш олиб боришини таъминлаш мақсадида бошқа функцияларни ҳам бажаради.


11. Махсус комиссия аъзолари:

Махсус комиссия йиғилишлари (сайёр йиғилишлари) кун тартибидаги масалалар бўйича муҳокамаларда иштирок этади;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига доир долзарб масалалар юзасидан Махсус комиссияга таклифлар киритади;

Махсус комиссия томонидан кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;

Махсус комиссиянинг қарорлари ва қўйилган вазифаларнинг ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни Махсус комиссия раисига тақдим этади;

Махсус комиссиянинг самарали иш олиб боришини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажаради.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Махсус комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда - Ишчи орган) ҳисобланади.


13. Ишчи орган:

Махсус комиссия фаолиятининг ташкилий-техник таъминотини амалга оширади;

иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди ва Махсус комиссия муҳокамасига киритади;

Махсус комиссия раиси билан йиғилиш (сайёр йиғилиш) ўтказиш муддати ва жойини, шунингдек, таклиф этилганлар рўйхатини келишади, Махсус комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни йиғилиш (сайёр йиғилиш) санаси, вақти ва ўтказиладиган жойи ҳақида хабардор қилади;

Махсус комиссия йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Махсус комиссия йиғилишининг (сайёр йиғилишининг) кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Махсус комиссия ишининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан олади;

Махсус комиссия ваколатига кирадиган масалалар юзасидан унинг қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Махсус комиссияга юридик ва жисмоний шахслардан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича тушган мурожаатларни умумлаштиради ҳамда кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборади;

Махсус комиссия фаолиятига оид тасдиқланган режалар ижросини мониторинг қилиб боради;

Махсус комиссия аъзоларининг таклифлари, шунингдек, мулоҳазаларини қабул қилади ва тизимлаштиради;

Махсус комиссия йиғилиши баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомалар нусхалари Махсус комиссия аъзолари, ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларга юборилишини таъминлайди;

Махсус комиссия қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг якунларини Махсус комиссия йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун киритади;

Махсус комиссиянинг қарорларига ҳамда Махсус комиссия раиси ва ўринбосарларининг топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.


14. Махсус комиссиянинг аъзолари йиғилиш ўтказилишидан камида икки иш куни олдин йиғилиш (сайёр йиғилиш) ўтказилиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида хабардор қилиниши лозим.


15. Йиғилишни (сайёр йиғилишни) Махсус комиссия раиси (раис йўқлигида унинг кўрсатмаси асосида ўринбосари) олиб боради.


16. Махсус комиссия аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этади. Махсус комиссия аъзоси асоссиз сабабларга кўра уч мартадан ортиқ йиғилишларда иштирок этмаган тақдирда, унга нисбатан Махсус комиссия раиси томонидан чора кўрилади.


17. Йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан раис ҳам битта овозга эга бўлади.


18. Махсус комиссия йиғилишда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


19. Махсус комиссия йиғилишлари (сайёр йиғилишлари) Махсус комиссиянинг иш режасига мувофиқ, бироқ ҳар чоракда камида бир марта, шунингдек, комиссия ваколатига тегишли бўлган шошилинч масалаларни кўриб чиқиш зарурати юзага келганда навбатдан ташқари ўтказилади.

Махсус комиссия йиғилишлари (сайёр йиғилишлари) баённома билан расмийлаштирилади.


20. Махсус комиссия йиғилишларига (сайёр йиғилишларига) кўриб чиқилаётган масалалардан келиб чиққан ҳолда, унинг таркибига киритилмаган давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро ҳокимият органлари, илмий ва таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


21. Махсус комиссия аъзоларининг иш самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва уларни рағбатлантириш механизмлари, даврийлиги ҳамда молиявий манбалари Махсус комиссия йиғилишларида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш орқали белгиланади.



4-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯ ҚАРОРЛАРИНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


22. Махсус комиссия қарорлари унинг йиғилишида (сайёр йиғилишида) иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарор юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақли.


23. Қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Махсус комиссия раиси алоҳида масалалар юзасидан Махсус комиссия аъзолари билан сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


24. Махсус комиссия йиғилишида (сайёр йиғилишида) қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади. Ушбу баённома раис томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Махсус комиссия аъзолари, ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларга юборилади.


25. Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарордан норози бўлган Махсус комиссия аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда ишчи органга тақдим этиши мумкин.


26. Махсус комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади.


27. Махсус комиссия ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 апрель
















































Время: 0.0325
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск