ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 11.04.2022 й. 169-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 11 апрелдаги

169-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат органларининг вазифалари ва

функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан

самарали ва тежамли шаклда амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда - давлат органлари) вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартибини белгилайди.



2-БОБ. ВОЛОНТЁРЛАРНИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ

ФАОЛИЯТИГА ЖАЛБ ЭТИШ


2. Давлат органларининг вазифа ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамкор шаклда бажариш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Вояга етган, волонтёр сифатида жалб этилаётган тегишли соҳа бўйича билим ва кўникмага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари фаолиятига волонтёр сифатида жалб этилиши мумкин.


3. Қуйидаги фуқароларнинг давлат органи фаолиятига волонтёр сифатида жалб этилишига йўл қўйилмайди:

муомалага лаёқати белгиланган тартибда чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган;

волонтёр сифатида жалб этилаётган тегишли соҳа бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган;

давлат органи ходими - ўзи ишлаётган давлат органи фаолиятида (корпоратив волонтёрлик бундан мустасно);

ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, шунингдек, қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган;

жиноий жазони ўтаётган;

белгиланган вазифаларни амалга оширишга монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсони мавжуд бўлган;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;

диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.


4. Профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар ушбу таълим муассасаларидаги таълимдан ташқари вақтларда волонтёрлар гуруҳи таркибида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.


5. Давлат органи раҳбари томонидан амалга оширишга волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг вазифалари ва функциялари рўйхати тасдиқланади.

Бунда давлат органларининг қуйидаги таркибий тузилмаларига волонтёрларнинг жалб этилишига йўл қўйилмайди:

пул маблағлари билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи;

махфий маълумотларни сақловчи ва улар билан ишловчи;

инсон ҳаёти учун хавфли бўлган, бажарилиши алоҳида билим ва кўникма талаб этадиган вазифаларни амалга оширувчи.


6. Давлат органлари доимий равишда ўзининг расмий веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолиятига волонтёрларнинг жалб этилиши бўйича танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериб боради.

Эълонда волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг фаолият йўналиши ҳамда талабгорларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади.


7. Волонтёрларни саралаб олиш бўйича танлов давлат органида ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия давлат органининг тоқ сондаги масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Унга ёшлар билан ишлаш ваколати юклатилган давлат органлари раҳбарининг ўринбосари ёки маслаҳатчиси (кейинги ўринларда - раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси)) раислик қилади.


8. Танлов суҳбат асосида ўтказилади. Комиссия ташаббусига ёки талабгорнинг илтимосига асосан суҳбат жараёни аудио ёки видеоёзув воситалари орқали қайд этилиши мумкин.

Суҳбат якуни бўйича давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналиши бўйича билим ва амалий кўникмага эга бўлган талабгорлар давлат органи ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳига (кейинги ўринларда - волонтёрлар гуруҳи) қабул қилинади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИГА ЖАЛБ

ЭТИЛГАН ВОЛОНТЁРЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


9. Давлат органи раҳбарининг буйруғига кўра давлат органи ҳузурида танлов натижаларига асосан танлаб олинган волонтёрлардан иборат волонтёрлар гуруҳи ташкил этилади.


10. Волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрлар давлат органи кадрлар хизмати томонидан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси (кейинги ўринларда - электрон платформа) орқали ҳисобга қўйилади.


11. Волонтёрларни электрон платформа орқали ҳисобга қўйишда қуйидагилар кўрсатилади:

волонтёрнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси;

паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;

давлат органи ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳида фаолиятини бошлаган сана;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш йўналиши.


12. Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида фаолият юритган даври доимий равишда электрон платформада акс эттирилади.

Бунда волонтёр томонидан электрон платформа орқали волонтёрлар гуруҳида фаолият юритган даври тўғрисида ҳар қандай пайтда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани юклаб олиш имконияти яратилади.



4-БОБ. ВОЛОНТЁРЛАР ИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Давлат органи раҳбари буйруғи билан ҳар йили волонтёрлик дастури тасдиқланади.

Волонтёрлик дастурида:

давлат органи томонидан ўтказиладиган, жамоат учун фойдали бўлган вазифаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар;

давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналишлари кўрсатилади.

Волонтёрлик дастурида қонунчиликда белгиланган бошқа чора-тадбирлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


14. Волонтёрлар ишини ташкил этиш раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси) билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бунда у волонтёрларга йўл-йўриқ кўрсатади, улар ўртасида ишни тақсимлайди, ҳар бир волонтёрнинг иш ҳажмини белгилайди, ишнинг улар томонидан бажарилишини назорат қилади, бошқа давлат органлари ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди.



5-БОБ. ВОЛОНТЁРЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Волонтёрлик гуруҳи аъзоси бўлган волонтёр давлат органи фаолиятига кўмаклашиш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органида ўзи томонидан амалга ошириладиган фаолият йўналишини эркин танлаш;

агар волонтёр ҳамда давлат органи ўртасида тузилган волонтёрлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат органидаги волонтёрлик фаолиятини ҳар қандай вақтда эркин равишда тўхтатиш;

давлат органига ўз лойиҳа ва дастурларини таклиф қилиш, уларни амалга оширишда ёрдам олиш;

раҳбар ўринбосаридан (маслаҳатчисидан), давлат органидан амалга ошириладиган волонтёрлик фаолияти тўғрисида ишончли ахборот олиш;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган волонтёрлик акциялари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;

давлат органидан волонтёрлик фаолияти давомида юзага келган йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларнинг қопланишини ҳамда зарурат туғилганда махсус кийим-бош, якка тартибда ҳимояланиш воситалари, асбоб-ускуналар билан таъминлашни талаб қилиш;

давлат органидан тавсиянома тусидаги хатларни олиш;

хавфли, зарарли ҳамда ноқулай омиллар билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинганда давлат органи маблағлари ҳисобидан ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилдириш.


16. Волонтёрлик гуруҳи аъзоси бўлган волонтёр давлат органи фаолиятига кўмаклашиш доирасида қуйидаги мажбуриятларга эга бўлади:

волонтёрлик фаолияти доирасида унинг зиммасига юклатилган вазифаларни аниқ, виждонан ва ўз вақтида бажариш;

раҳбар ўринбосарини (маслаҳатчисини) ўзига маълум бўлиб қолган волонтёрлик фаолияти доирасидаги тадбирларни амалга оширишни қийинлаштирадиган сабаблар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш;

волонтёрлик фаолияти доирасида ўзига маълум бўлган давлат органи фаолияти билан боғлиқ маълумотларни, шунингдек, бошқа волонтёрларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслик;

волонтёрлик фаолияти доирасида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслик, ўз фаолияти билан учинчи шахсларга ва атроф муҳитга зарар етказмаслик;

волонтёрлик тадбирларининг бошқа иштирокчиларига, шу жумладан, ҳамкорлик олиб бориладиган муассасалар (ташкилотлар) ходимларига ҳамда бошқа волонтёрларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

волонтёрлик тадбирларини ўтказиш жараёнида раҳбар ўринбосарининг (маслаҳатчисининг) кўрсатмаларига амал қилиш;

ўз фаолияти тўғрисида раҳбар ўринбосарига (маслаҳатчисига) ҳисобот тақдим этиб бориш;

волонтёрлик фаолияти доирасида давлат органида ўрнатилган хавфсизлик, техника, санитария-гигиена ва ички тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш;

давлат органи мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.



6-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Давлат органи ўз фаолиятига жалб этилган волонтёрлар билан муносабатда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

волонтёрлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

волонтёрларни жалб қилган ҳолда волонтёрлик акцияларини ўтказиш;

волонтёрлик гуруҳи аъзолари орасидан волонтёрларни мувофиқлаштирувчини тайинлаш;

волонтёрлик гуруҳи аъзоларини ўқитиш учун таълим фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларни жалб этиш, махсус семинарлар, ишчи учрашувлар ва волонтёрларнинг учрашувларини ўтказиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда волонтёрларни рағбатлантириш, шу жумладан, энг кўп ўзини кўрсатган волонтёрларга тавсия тусидаги хатлар тақдим этиш ҳамда уларни рағбатлантириш ва (ёки) мукофотлаш учун номзодларни белгиланган тартибда тақдим этиш.


18. Давлат органи ўз фаолиятига жалб этилган волонтёрлар билан муносабатда қуйидаги мажбуриятларга эга:

волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш;

волонтёрларни уларнинг хоҳиш-истагидан ташқари волонтёрлик шартномасида кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурламаслик;

ўзининг фаолиятига жалб қилинган волонтёр, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиш;

волонтёрга режалаштирилаётган ҳамда амалга оширилаётган волонтёрлик дастурлари ва волонтёрлик акциялари, улар иштирокчиларининг сони, акциялар ўтказиладиган жой ҳамда вақт, уларни ўтказишга доир талаблар тўғрисида ахборот тақдим этиш, шу жумладан, ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ахборот тақдим этиш;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида волонтёрларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, волонтёрларга уларнинг давлат органи фаолиятига кўмаклашиши давомида юзага келган йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарурат туғилганда махсус кийим-бош, якка тартибда ҳимояланиш воситалари, асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

хавфли, зарарли ҳамда ноқулай омиллар билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинганда ўз маблағлари ҳисобидан волонтёрларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш.



7-БОБ. ВОЛОНТЁРЛИК ШАРТНОМАСИ


19. Агар давлат органи фаолиятига жалб этилган волонтёр ойига 20 соатдан кўпроқ волонтёрлик фаолияти билан банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномаси тузилиши шарт.

Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланади.


20. Волонтёрлик шартномасида "Волонтёрлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган шартлар кўрсатилиши лозим.


21. Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида волонтёрнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни амалга оширишни қийинлаштирадиган ҳолатлар тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келса, шартнома қайта кўриб чиқилади.


22. Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра шартномани бундан буён бажариш мумкин бўлмай қоладиган ҳолатлар юзага келса, шартнома тарафлардан бирининг ташаббусига кўра бекор қилинади.


23. Волонтёрлик шартномасини бир томонлама тартибда бекор қилиш, агар волонтёрлик шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, волонтёр томонидан ёки жалб этилган ташкилот томонидан бу ҳақида етти кун олдин дастлабки тарзда хабардор қилиш шарти билан ва сабабларни кўрсатиш мажбуриятларисиз амалга оширилади.


24. Якка тартибдаги меҳнат шартномасини ёки хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини ёхуд шу каби ҳар қандай бошқа шартномани тузишдан бош тортиш мақсадида волонтёрлик шартномасини тузиш тақиқланади.



8-БОБ. ВОЛОНТЁРЛАР ГУРУҲИ

АЪЗОЛИГИДАН ЧИҚИШ


25. Волонтёр ўзи истаган ҳар қандай пайтда волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиқиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилиши мумкин.

Волонтёр бу ҳақида раҳбар ўринбосарини (маслаҳатчисини) икки кун олдин огоҳлантириши лозим.


26. Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиқиши давлат органининг кадрлар хизмати томонидан электрон платформада қайд этилади.

Бунда волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида аъзолиги давридаги фаолияти раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси) томонидан 10 баллик тизимда баҳоланиши мумкин.


27. Қуйидаги ҳолларда волонтёрлик шартномаси давлат органи томонидан бекор қилиниши лозим:

волонтёр волонтёрлик шартномаси шартларини икки ёки ундан ортиқ марта узрли сабабларсиз бузганда;

волонтёр суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

волонтёрга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

волонтёр вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда;

волонтёрнинг волонтёрлик шартномаси шартларини бажаришига монелик қиладиган бошқа ҳолларда.


28. Волонтёр волонтёрлик гуруҳидан чиққан тақдирда, волонтёрлик дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун давлат органи ушбу Низомда белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов орқали волонтёрларни жалб этиши мумкин.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


29. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Намунавий низомга

ИЛОВА



Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини

волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва

тежамли шаклда амалга ошириш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар




1-босқич

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (давлат органи)

Давлат органи раҳбари амалга оширишга волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг вазифалари ва функциялари рўйхатини ва волонтёрлик дастурини тасдиқлайди.


Ҳар йили

2-босқич

Давлат органи

Ўзининг расмий веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолиятига волонтёрларнинг жалб этилиши бўйича танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериб боради.

Эълонда волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг фаолият йўналиши ҳамда талабгорларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади.


Доимий равишда

3-босқич


Давлат органида ташкил этиладиган комиссия


Суҳбат асосида волонтёрликка номзодларни саралаб олади.


Танлов якунларига кўра

4-босқич


Давлат органи


Давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналиши бўйича билим ва амалий кўникмага эга бўлган талабгорлар давлат органи ҳузурида ташкил этиладиган волонтёрлар гуруҳига қабул қилинади ҳамда давлат органи кадрлар хизмати томонидан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси орқали ҳисобга қўйилади.


Суҳбат якуни бўйича

5-босқич


Давлат органи

ёки волонтёр


Давлат органи ёки волонтёрнинг хоҳишига кўра волонтёрлик шартномасини бир томонлама бекор қилади.


Ҳар қандай вақтда иккинчи тарафни шартномани бекор қилиш ҳақида етти кун олдин огоҳлантирган ҳолда

6-босқич


Давлат органи раҳбарининг волонтёрлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ўринбосари


Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида аъзолиги давридаги фаолиятини 10 баллик тизимда баҳолайди.


Волонтёр волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиққанидан сўнг

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 12 апрель













































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск