ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Дин масалалари /

Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.04.2022 й. 180-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 14 апрелдаги

180-сон қарорига

1-ИЛОВА



Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш,

олиб  кириш  ва  тарқатиш  ҳамда  диншунослик

экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси;

голограмма - белгиланган диний мазмундаги материалларни тарқатиш учун рухсат берилганлигини билдирувчи махсус эмблема;


диний мазмундаги китоб - таркибида диний мазмундаги материалларнинг ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, босма ёки электрон кўринишдаги нодаврий нашр;


диний мазмундаги материаллар (кейинги ўринларда - материаллар) - диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек, алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле, кино ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилар (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар);


диншунослик экспертизаси (кейинги ўринларда - экспертиза) - ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказиш;


олиб кириш - хорижда тайёрланган материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб беришнинг ҳар қандай шакли;


тайёрлаш - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни нашр этиш, қайта нашр этиш ва нусха кўчириш;


тарқатиш - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни сотиш, етказиб бериш, тарқатиш, юбориш ва уларга обуна бўлиш;


экспертиза хулосаси (кейинги ўринларда - хулоса) - ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказилганлигини расман тасдиқловчи ёзма ҳужжат.


3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилади.


4. Материалларни қуйидаги мақсадларда тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга йўл қўйилмайди:

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёхуд бошқа ҳолатларга кўра фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш ёки ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, экстремизм, сепаратизм, диний ақидапарастлик ёки мутаассиблик билан йўғрилган ғояларни тарғиб қилиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;

диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;

динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;

фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;

давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш;

гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаш.



2-БОБ. МАТЕРИАЛЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА ТАЙЁРЛАШ


5. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.


6. Тайёрлашга мўлжалланган материалларнинг назорат нусхаси ва мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган маълумотлар экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга етказиб берилиши лозим.


7. Юридик ёки жисмоний шахслар томонидан тайёрланадиган материаллар экспертиза ўтказилгандан кейин материалнинг муаллифи ва номи, ношир манзили, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборотга эга бўлиши лозим.

Материаллар матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши, уларни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишига олиб келмаслиги керак. Материалнинг жумлалари расмий тил услубидан фойдаланилган ҳолда умумэътироф этилган имло қоидалари асосида тузилиши, хорижий тиллардан таржима қилинган сўзлар, унда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган ҳолда, бир хилда баён этилиши лозим.


8. Материалларни тайёрлашга ижобий хулоса олингандан кейин йўл қўйилади.



3-БОБ. МАТЕРИАЛЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИГА ОЛИБ КИРИШ


9. Диний ташкилотлар ва жисмоний шахслар материалларни ўз эҳтиёжлари учун тижорат мақсадларини кўзламаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириши мумкин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари давлат чегарасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материалларни экспертизадан ўтказиш учун дарҳол ваколатли органга юборади.


11. Жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳамда илмий-тадқиқот ўтказиш мақсадларида ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, ижобий хулоса олингандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади.

Диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланиши лозим.

Ижобий хулоса олинмаган ва голограмма билан тамғаланмаган материаллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.

Мазкур тартибга амал қилмаган ҳолда олиб кирилган материаллар учун олиб кирувчи шахс жавобгар ҳисобланади.


12. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида оммавий зиёрат тадбирлари ўтказиладиган вақтда экспертизанинг бевосита божхона назорати пунктларида ўтказилишини таъминлайди.



4-БОБ. МАТЕРИАЛЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА ТАРҚАТИШ


13. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса, тўлов терминалларини қўллаш ва пул тушумларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиш (банкларга топшириш) йўли билан ёхуд онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.


14. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари кутубхоналари, шунингдек, бошқа кутубхоналар, веб-сайтлар таҳририятлари ва жисмоний шахслар томонидан ижобий хулоса олмасдан, хорижда тайёрланган материалларни аҳолига умумий фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланади.


15. Ваколатли орган материалларни ноқонуний тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида доимий равишда назорат тадбирларини ўтказади ва натижаси бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилади.



5-БОБ. ЭКСПЕРТИЗАНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


16. Диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ўтказилади.


17. Экспертиза, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қуйидаги асосларга кўра ўтказилади:

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари;

Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари мурожаатлари. Бунда ушбу органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар экспертизадан ўтказиш учун юборилади;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорлари.


18. Экспертизадан ўтказиш учун юборилган материаллар ваколатли орган томонидан 10 иш куни мобайнида (зарур ҳолларда, 20 иш кунигача) экспертизадан ўтказилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисида қарорларида белгиланган муддат бундан мустасно.


19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар қоғоз шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали тақдим этилади:

а) материалларни тайёрлаш учун:

нашр этилиши режалаштирилган материал ҳақидаги маълумот, жумладан, материалнинг нашрдан чиқариладиган адади, фойдаланилган манбаларнинг рўйхати (адабиётни тайёрлашда бир нечта манбалардан фойдаланилганда), материал таржима қилинган тақдирда, унинг қайси адабиётдан таржима қилингани, қаерда чоп қилингани ва тўлиқ номи;

нашрга тайёрлашга мўлжалланган (дунё динларининг муқаддас китоблари бундан мустасно) материал муаллифининг диний профессионал маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (бундай ҳужжатга эга бўлмаган тақдирда, диний маълумотга эга бўлган мутахассиснинг тақризи);

муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга эгалиги ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини олганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

б) материалларни олиб кириш учун:

мулк эгаси ёки муайян материални Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб бериш мажбуриятини олувчи ҳуқуқ эгаси бўлган шахс билан тузилган шартнома нусхаси (агарда материалларни олиб кириш шартномага мувофиқ амалга ошириладиган бўлса);

олиб кирилиши режалаштирилган материаллар ҳақида маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот);

в) материалларни тарқатиш учун:

тарқатилиши режалаштирилган материаллар ҳақидаги маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот).

Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ваколатли органга тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, материаллар кўриб чиқилмасдан мурожаат этувчига қайтарилади.


20. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган бир турдаги (номдаги) диний мазмундаги китобларни экспертизадан ўтказиш учун ҳар бир босма табоқ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Тўловлар ваколатли орган томонидан экспертиза ўтказилгандан кейин диний мазмундаги китобнинг якуний шакли асосидаги ҳисоб-китоблари бўйича амалга оширилади.


21. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорларига асосан ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг илмий фаолияти билан боғлиқ мақсадларда тайёрланган ёки олиб кирилган материаллар бўйича ўтказилган экспертизалар бепул амалга оширилади.


22. Ваколатли орган ҳузурида мураккаб, турли соҳаларга оид материалларни тадқиқ қилишга кўмаклашиш, тавсиялар бериш мақсадида жамоатчилик асосида диншунослик ҳамда бошқа соҳадаги мутахассислардан иборат маслаҳат гуруҳи тузилиши мумкин.



6-БОБ. ХУЛОСАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


23. Ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган материаллар экспертизадан ўтказилади ва унинг якунлари хулоса шаклида расмийлаштирилади.


24. Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:

экспертиза ўтказилган жой ва сана;

экспертизани ўтказиш учун асос;

эксперт тўғрисидаги маълумотлар;

экспертиза объекти;

тадқиқот жараёни баёни;

эксперт текширувлари натижалари ва якуний хулоса (ижобий ёки салбий);

экспертнинг шахсий имзоси.

Хулосада қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


25. Ваколатли орган хулосани тайёрлашда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат ва диний ташкилотлардан ўз юритувидаги масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда зарур ҳужжатлар ва ахборотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.


26. Хулоса расмийлаштирилгандан сўнг бир иш кунида ваколатли органга тақдим этилган материаллар билан биргаликда тегишли юридик ва жисмоний шахслар ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборилади.


27. Ижобий хулоса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш учун асос ҳисобланади.


28. Ваколатли орган томонидан экспертиза хулосаларининг ягона реестри юритилади.


29. Ижобий хулосага кўра олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақдим этилган материаллар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ваколатли органнинг махсус голограммаси билан тамғаланади.

Электрон кўринишдаги материаллар ваколатли орган томонидан берилган ижобий хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқланади.


30. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш улар бўйича ваколатли органнинг ижобий хулосаси олингандан сўнг бир йил муддат ичида амалга оширилиши лозим.

Ушбу муддат ўтгандан кейин материаллар қайтадан экспертизадан ўтказилади.


31. Экспертизанинг бир неча ижобий хулосалари асосида бир турдаги материалларнинг тайёрланишига йўл қўйилмайди.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ҳал этилади.


33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Диний мазмундаги материалларни

диншунослик экспертизасидан ўтказиш

СХЕМАСИ

      

    

Босқичлар

     


       

Субъектлар

     


       

Тадбирлар

     


     

Ижро муддати

       








1-босқич


Юридик ёки жисмоний

шахслар


     

Диний мазмундаги материалларни (кейинги ўринларда - материаллар) тайёрлаш ва олиб киришда унинг назорат нусхасини талаб этиладиган маълумотлар билан биргаликда экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга қоғоз (электрон) шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали етказади (юборади).

     


Ўз хоҳишига кўра








Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари


       

Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар аниқланганда экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади.

      


Материаллар олиб кирилган

вақтдан бошлаб








Ҳуқуқни муҳофаза

қилувчи органлар



     

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш юритувидаги терговга қадар текшириш, маъмурий ёки жиноят ишлари бўйича чиқарган экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор асосида материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади.

       


Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор чиқарилгандан кейин








2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси (Ваколатли орган)


        

1. Экспертизага юборилган материалларни қабул қилади.



2. Материалларни экспертизадан ўтказади.


       

1. Материаллар келиб тушгандан кейин дарҳол


2. 10 иш кунида

(зарур ҳолларда 20 иш кунигача ёки экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатларда)


3. Ўтказилган экспертиза натижасини хулоса шаклида расмийлаштиради.


3. 1 иш куни

4. Экспертиза хулосасини тақдим этилган материаллар билан биргаликда уни тақдим қилган юридик ва жисмоний шахсларга ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборади.

      



4. 1 иш куни








3-босқич


Ваколатли орган


       

Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишда бўлмаган материалларни махсус голограмма билан тамғалайди.

        


1 иш куни








Юридик ёки жисмоний

шахслар


       

Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишдаги материалларни ваколатли орган томонидан берилган хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқлайди.

       


1 иш куни

       

        




Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича

қўмитаси томонидан рухсат этилган диний

мазмундаги материалларга бериладиган

ГОЛОГРАММА

        

      

     

(Айлана бўйлаб: "*O`ZBEKISTON* DIN ISHLARI

BO`YICHA QO`MITA * COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS")

(Ичида: "DIN ISHLARI BO`YICHA QO`MITA* COMMITTEE OF

RELIGIOUS AFFAIRS" ёзуви туширилган китоб эмблемаси)

         

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 14 апрель


















































Время: 0.0073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск