ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Йўл ҳаракати Қоидалари (ЎзР ВМ 12.04.2022 й. 172-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 12 апрелдаги

172-сон қарорига

1-ИЛОВА



Йўл ҳаракати

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Йўл ҳаракати қоидалари (кейинги ўринларда - Қоидалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракатининг ягона тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиш тартиби белгиланган.


3. Йўл ҳаракати қатнашчилари "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, ушбу Қоидаларни ва унда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (ушбу қоидаларга 1-илова), йўл чизиқларининг (ушбу қоидаларга 2-илова) талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек, уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт.


4. Йўл ҳаракати қатнашчилари йўлдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак.

Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, "сунъий нотекислик" қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади.

Ҳаракатланишга тўсқинлик юзага келтирадиган шахс уни тезда бартараф қилиш учун имконияти даражасида барча чораларни кўриши, агар бунинг иложи бўлмаса, мавжуд барча воситалар билан хавф-хатар ҳақида ҳаракат қатнашчиларини огоҳлантириши ва ички ишлар органларига (кейинги ўринларда ИИО) хабар бериши шарт.


5. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


6. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади:


автомагистраль - 5.1. йўл белгиси билан белгиланган, ҳар бир йўналишнинг қатнов қисмлари ажратувчи минтақа билан ажратилган (у бўлмаганда йўл тўсиқлари билан) ҳамда бошқа йўллар, трамвай ва темир йўллари, пиёда ва велосипед йўлкалари билан бир сатҳда кесишмайдиган йўл.


автопоезд - улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби.


йўл ҳаракати хавфсизлиги - йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати;


велосипед - камида иккита ғилдиракка эга бўлган ва одатда миниб олган шахс(лар)нинг мускул кучи билан, хусусан, тепкилар ёки дастаклар ёрдамида ҳаракатлантириладиган транспорт воситаси (ногиронлиги бўлган шахслар кажавасидан ташқари). Велосипед номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан, тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган двигателга эга бўлиши мумкин.


велосипедчи - велосипедни бошқарадииган шахс;


велосипед йўлкаси - алоҳида йўл ёки конструктив жиҳатдан қатнов қисми ва тротуардан ажратилган йўлнинг таркибий қисми бўлиб, тегишли йўл белгиси билан белгиланади;


велосипедчилар учун тасма - йўлнинг бошқа қисмларидан йўл чизиғи билан ажратилган, тегишли йўл белгиси билан белгиланган йўл қисми бўлиб, фақат велосипед ҳаракатланиши учун мўлжалланган;


транспорт воситаси - одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма;


транспорт воситасининг эгаси - транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;


ҳайдовчи - йўлларда транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс. Бошқаришни ўргатувчи, от аравани бошқараётган, ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган ёки уларни етаклаб бораётган, чорва моллари (пода)ни ҳайдаб бораётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади;


мажбурий тўхташ - техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу ҳатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди;


асосий йўл - тупроқли ёки шағалли йўлга нисбатан қаттиқ қопламали (асфальт, цемент-бетонли ва шунга ўхшашлар ётқизилган), кесишаётган ёки туташган йўлга нисбатан 2.1, 2.3.1-2.3.3 ёки 5.1 йўл белгилари билан белгиланган ёхуд ёндош ҳудуддан чиқадиган йўлга нисбатан ҳар қандай йўл. Иккинчи даражали йўлнинг бевосита чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди;


арава - отга (ёки бошқа ҳайвонларга) қўшиб тортиладиган ёки одам мушак кучи билан ҳаракатга келтириладиган двигатель билан жиҳозланмаган, юк ташишга мўлжалланган қурилма;


йўл - транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган ва фойдаланиладиган ер полосаси ёхуд сунъий иншоот юзаси. Йўл автомобиль йўлларини, шаҳар электр транспорти йўлларини йўлкаларни ва тротуарларни ўз ичига олади;


йўл-транспорт ҳодисаси - транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиш жараёнида рўй берган, фуқароларнинг ҳалок бўлишига ёки соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юкларнинг шикастланиши ёхуд бошқа моддий зарар етишига сабаб бўлган ҳодиса;


йўл ҳаракати - одам ва юкларни транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ташиш ёхуд йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўлларда ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуи;


темир йўл кесишмаси - йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи;


йўналишли транспорт воситаси - белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умумий фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, трамвай, автобус, йўналишли такси);


механик транспорт воситаси - двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси (мопеддан ташқари). Бу атама барча трактор ва ўзи юрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир;


мопед - энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан, иш ҳажми 50 см. куб дан ошмайдиган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли икки ёки уч ғилдиракли транспорт воситаси. Ҳудди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл, скутер ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа механик мосламалар ҳам мопедларга тенглаштирилади;


мотоцикл - двигателининг иш ҳажми 50 см. кубдан (ички ёнув двигатели бўлганда) ва ҳар қанақа двигателда энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан ошадиган икки ғилдиракли ва ён тиркамали (кажавали) ёки ён тиркамасиз механик транспорт воситаси.

Трицикллар, шунингдек, рухсат этилган тўлиқ вазни 400 килограммдан (юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари учун 550 килограммдан) ошмайдиган, мотоциклга ўхшаш ўриндиққа ва рулга эга бўлган ва двигателининг энг юқори қуввати 15 киловаттдан ошмайдиган квадрицикл (квадроцикл) ҳамда бошқа механик мосламалар ҳам мотоциклларга тенглаштирилади;


аҳоли пункти - кириш ва чиқиш йўллари 5.22 - 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд;


етарлича кўринмаслик - ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш шароитларда, шунингдек, куннинг ғира-шира вақтида йўлнинг кўриниш масофаси 300 метрдан кам бўлиши;


қувиб ўтиш - бир ёки бир нечта транспорт воситаларини қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган тасмага чиқиб, сўнгра илгари эгаллаган қаторига қайтиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ўзиб кетиш;


қайта тизилиш - дастлабки ҳаракат йўналишини сақлаган ҳолда ўз ҳаракатланиш тасмасидан бошқа ҳаракатланиш қаторига ўтиш;


ўзиб кетиш - транспорт воситасининг бир йўналишда транспорт воситаси тезлигидан ортиқ тезликда ҳаракатланиши;


йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш - йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларининг олдини олишга, уларнинг оғир оқибатларини камайтиришга қаратилган фаолият;


йўл ёқаси - йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки 1.1 йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги;


йўл ҳаракатини ташкил этиш - йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ҳуқуқий, ташкилий-техника тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи;


пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси - Қоидаларнинг 16-банди талабларига мувофиқ йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи;


транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси - олдида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси ёқилган транспорт воситаси кузатиб бораётган, бевосита бир-бирининг кетидан, битта ҳаракатланиш бўлагида, яқинни ёритувчи фаралар чироқларини ёқиб келаётган, уч ва ундан ортиқ механик транспорт воситалари гуруҳи;


болалар гуруҳини ташкилий ташиш - йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда саккиз ва ундан ортиқ болаларнинг ташкилий ташилиши;


тўхташ - транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш);


тўхтаб туриш - транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатни 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш;


йўловчи - транспорт воситасидаги (ҳайдовчидан ташқари) шахс, шунингдек транспорт воситасига кираётган (унга чиқиб ўтираётган) ёки транспорт воситасидан чиқаётган (ундан тушаётган) шахс;


чорраҳа - йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишадиган, туташадиган ва айриладиган жойи. Чорраҳа чегараси унинг марказидан қатнов қисмлари охиридаги қарама-қарши томонларнинг энг узоқ бурилиш жойларини туташтирувчи тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланади.

Ёндош ҳудудлардан чиқиш жойлари чорраҳа ҳисобланмайди;


огоҳлантирувчи ишоралар - авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳаракат йўналишини ўзгартиришда, тўхтатишда қўлланиладиган ишоралар;


пиёда - транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, велосипед, мопед, мотоцикл, чана, аравача ва болалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини етаклаган, шунингдек, ҳаракатланиш учун роликли конькилар, двигателсиз самокатлар ва бошқа шуларга ўхшаш воситалардан фойдаланаётган шахслар ҳам пиёдаларга тенглаштирилади;


пиёдалар ўтиш жойи - қатнов қисмидаги 5.16.1, 5.16.2 йўл белгилари ва 1.14.1 - 1.14.3 йўл чизиқлари билан белгиланган ва пиёдалар йўлни кесиб ўтишда ҳаракатланишлари учун ажратилган жой.

Йўл чизиқлари бўлмаса, пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгилари орасидаги масофа билан аниқланади;


пиёдалар йўлкаси - пиёдалар ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган, тегишли йўл белгиси билан белгиланган алоҳида йўл ёки сунъий иншоот юзаси. Транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми;


пиёда ва велосипед йўлкаси - қатнов қисмидан ажратилган, велосипедчиларнинг ва пиёдаларнинг алоҳида-алоҳида ёки биргаликда ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва 4.6.1-4.6.6 йўл белгилари ўрнатилган йўлнинг таркибий қисми ёхуд алоҳида йўл;


реверсив ҳаракатланиш - қатнов қисмининг махсус ажратилган, 5.35 - 5.37 йўл белгилари, 1.9 йўл чизиғи билан белгиланган ва устида реверсив светофор ўрнатилган бўлагида ҳаракатланиш йўналишининг қарама-қарши томонга ўзгариши;


рухсат этилган тўлиқ вазн - жиҳозланган транспорт воситасининг ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган юк, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги энг юқори вазни (ўлчови).

Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва бошқалар) транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнлари йиғиндиси киради;


тартибга солувчи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда - ДЙҲХХ), ҳарбий автомобиль назорати органлари ходими, ўз хизмат вазифаларини бажараётган, ушбу Қоидаларда кўзда тутилган ишоралар ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш ваколатига эга бўлган ва уни бевосита амалга ошираётган йўлдан фойдаланиш хизмати ходимлари, темир йўл кесишмаси ва сол кечувларидаги навбатчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари. Тартибга солувчи махсус кийим ва (ёки) таниқлик белгиси (қўл боғичи, жезл, қизил ишорали ёруғлик қайтаргич, қизил чироқ ёки байроқча)га эга бўлиши шарт;


тротуар - қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл қисми;


тиркама - механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган ва двигатель билан жиҳозланмаган транспорт воситаси. Ушбу атама ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамаларга ҳам тааллуқлидир;


фото ва видео қайд этиш - йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари, шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар ёрдамида қайд этиш;


хавфли юк - ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлган тақдирда ташиш, юк ортиш-тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар;


хавфсизлик оролчаси - ҳаракатланиш тасмаларини (шу жумладан велосипедчилар тасмаларини) ажратувчи, конструкциясига кўра қатнов қисми устига бордюр тошлари билан кўтарилган ёки ҳаракатни ташкил этиш техник воситалари билан белгиланган қатнов қисмидан ўтаётган пиёдалар, талаб қилинган ҳолда тўхтаб ўтишлари учун мўлжалланган йўл қурилмаси. Ажратувчи минтақа оралиғидан ўтказилган пиёдалар ўтиш жойи ҳам хавфсизлик оролчаси ҳисобланади. Икки томонлама ҳаракатланишли йўлларда қарама - қарши йўналишларни ажратувчи хавфсизлик оролчаларини ўнг томондан айланиб ўтилади;


кўриниши чекланган жойлар - жойлардаги паст-баландликлар, бурилишлар, ўсимликлар, дарахтлар, қурилишлар, иншоотлар ёки бошқа объектлар, шу жумладан, транспорт воситалари туфайли ҳаракатланиш йўналишида йўл кўринишининг чекланиши;


ёндош ҳудуд - бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, маҳаллалар, турар жой даҳалари, транспорт воситаси тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, корхона ва шунга ўхшашлар).

Ёндош ҳудуддан чиқаётган транспорт воситалари барча йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бериши шарт;


қатнов қисмлари кесишмаси - йўлларнинг қатнов қисмлари ўзаро кесишиб ўтадиган ва тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланган ҳудуд;


қатнов қисми - йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми;


сутканинг қоронғи вақти - кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланишигача бўлган оралиқдаги вақт;


ҳаракатланиш тасмаси - автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама тасмаси;


ҳақиқий вазн - транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни;


йўл бериш (тўсқинлик қилмаслик) - йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳаракат йўналиши ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда, ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирор-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб;


йўл ҳаракати қатнашчиси - йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда тариқасида бевосита иштирок этувчи шахс;


имтиёз - мўлжалланган йўналишда бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи;


тўхтаб туриш жойи - транспорт воситаларини ташкилий тўхтаб туриши (жойлаштирилиши) учун мўлжалланган, тегишли йўл белгиси билан белгиланган, қатнов қисмининг бир бўлаги ёки қатнов қисмига, тротуарга, йўл ёқасига, кўприкка, эстакадага ва кўча-йўл тормоғининг бошқа объектларига туташган, махсус жихозланган жой;


пулли тўхтаб туриш жойи - тўлов асосда фойдаланиладиган тўхтаб туриш жойи;


ҳаракатланиш учун хавф - йўл ҳаракати жараёнидан ўша йўналишда ва ўша тезликда ҳаракатланишни давом эттириш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига таҳдид қиладиган омил;


ажратувчи минтақа - йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан кўтарилган ёки майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган баланд қисми;


электромобиль - ташқи электр манбаидан қувватланиб фақат электр двигатели билан ҳаракатланадиган транспорт воситаси;


хавф - йўл ҳаракати хавфсизлигига хавф солувчи ҳар қандай омил;


тўсиқ - йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатсиз ҳолда бўлган жисм (бузилиб қолган транспорт воситаси, тушиб қолган юк, йиқилган дарахт ва бошқалар).

Тирбандлик туфайли ёки Қоидалар талабига биноан ушбу тасмада тўхтаган транспорт воситаси тўсиқ ҳисобланмайди;


тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаси - тезкор вазифаларни бажаришга мўлжалланган, кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча билан жихозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситаси;


авария ҳолатини юзага келтириш - йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини ҳаракат йўналиши ёки тезлигини кескин ўзгартиришга, шунингдек, ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилиш;


хорижий автотранспорт воситалари - хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш, юклар ва йўловчиларни халқаро ташиш мақсадларида вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситалари.



2-БОБ. ҲАЙДОВЧИЛАРНИНГ УМУМИЙ

ВАЗИФАЛАРИ


7. Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидаги ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда уларга текшириш учун бериши шарт:

тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини, унинг талонини (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса), ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда вақтинча рухсатномани;

вақтинча рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни;

транспорт воситасини (мопеддан ташқари), мавжуд бўлганда тиркамани рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномани;

транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса, умумий эгалик ҳуқуқини ёки тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) бундан мустасно;

транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини (электрон кўринишда ҳам бўлиши мумкин).

"Ногиронлиги бўлган шахс" таниқли белгиси ўрнатилган транспорт воситасини биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётганда ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатни;

қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда лицензия гувоҳномасини, юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани ёки йўл варақасини, ташилаётган юк ҳужжатларини;

юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати.

Хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчилари эса қўшимча:

"Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятнома"ни;

ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситасининг мажбурий йиғим қабул қилинганлиги ҳақидаги квитанцияни.

ДЙҲХХ ходимлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар планшет орқали текширилади:

автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тўғрисидаги ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган бўлса);

автотранспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома;

транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот.

Механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёхуд консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси мавжуд бўлган тақдирда, унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжати, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки йўл варақаси, ташилаётган юкнинг ҳужжатлар бундан мустасно), транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳайдовчидан талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёхуд консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорти ёки идентификaцияловчи ID-картаси ёнида бўлган ҳайдовчиларнинг:

ҳайдовчилик гувоҳномаси;

транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;

транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари;

автотранспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома;

транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотни;

транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси планшет орқали текширилади (планшетда аниқлаш имкони бўлмаган ҳамда фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно).


8. Ҳайдовчи тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт:

"А" - мопед, мотоцикл ва уларга тенглаштирилган мототранспорт воситалари;

"B" - рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ошмайдиган ёки ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлмаган, шунингдек, улар базасида ишлаб чиқарилган қўл билан бошқариладиган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган "B" тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган лекин "B" тоифадаги автотранспорт воситасининг аслаҳаланган вазнидан ортиқ бўлмаган ва автотранспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлмаган тиркамали "B" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"C" - рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган "C" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"D" - йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлмаган "D" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"BЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ ёки тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни жиҳозланган автотранспорт воситасининг вазнидан ортиқ бўлган "B" тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ лекин транспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўлиқ вазни 3 500 килограммдан ортиқ бўлмаган "B" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"CЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган "C" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"DЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўлиқ вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган "D" тоифадаги автотранспорт воситалари ҳамда бўғимли автобуслар.

Трамвай ҳайдовчисига фақат трамвай, троллейбус ҳайдовчисига фақат троллейбус бошқаришга рухсат этилади.

Тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса унинг талони мавжуд бўлганда, ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини, унинг эгаси ёнида бўлганида ёхуд автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш тўғрисидаги ишончномаси бўлган шахс иштирокидагина (уларнинг розилиги билан) бошқариш мумкин, агар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ёки транспорт воситасини бошқараётган шахс суғурта полисида кўрсатилган бўлса.

Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкин.


9. Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт.

Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:

автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (ушбу Қоидаларнинг 159-бандига мувофиқ);

ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;

ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);

хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиси ва йўловчилари.

Мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.


10. Республика ҳудудида ҳаракатланаётган хорижий давлат фуқароси бошқарувидаги механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида йўл ҳаракати ҳақидаги Конвенция талабларига мос келадиган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасининг (тиркама бўлса унга ҳам) рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат, транспорт воситасида (тиркама бўлса унда ҳам) рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ва у рўйхатдан ўтган давлатнинг таниқлик белгиси бўлиши шарт.

Халқаро йўлларда юкларни ташишни амалга ошираётган хорижий давлат фуқароси ҳисобланган ҳайдовчи тегишли йўл белгиси билан махсус жиҳозланган назорат пунктларида транспорт соҳасини назорат қилиш бўйича ваколатли ходимларнинг талабига мувофиқ тўхташи ва транспорт воситасини, шунингдек, рухсатномани ва халқаро келишувларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни текшириш учун уларга бериши шарт.


11. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларга мажбурдир:

а) йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;

б) ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши;

в) ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк транспорт воситаларида йўловчилар ташиётганда Қоидаларнинг 24-банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши;

г) ҳаракатланиш жараёнида бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига, айниқса, пиёдалар, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши;

д) йўловчиларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантириши шарт:

ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан  тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги;

транспорт воситаси ҳаракатланишни бошлашидан олдин хавфсизлик камарларини тақишлари (ушбу Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ), мотоцикл, мопед ва скутерда ҳаракатланаётганда эса мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарурлиги;

е) сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари);

ё) ИИО ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширув ёки алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиши;

ж) ҳаракатланиш вақтида авария ҳолатини юзага келтирмасликлари;

з) қуйидаги ҳолларда фойдаланиш учун транспорт воситасини бериши шарт:

ИИО, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган холларда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш учун, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган ёки носоз транспорт воситаларини олиб кетиш (шатакка олиш) учун (фақат юк автомобилидан);

йўлакай йўналишда кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига ҳамда зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун.

Хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига ҳамда халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари, шунингдек ёнғин учириш, конвой, инкассатор хизматларининг транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Транспорт воситасидан фойдаланган шахс ҳайдовчи талаб қилганда йўл варақасига юрилган вақтни, босиб ўтилган масофани, ўз исми-фамилияси, мансаби, иш жойи номини, йўл варақаси бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда маълумот ёки хабар ёзиб бериши керак.

Транспорт воситаларини текшириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳайдовчининг талабига мувофиқ ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт.

Хизмат вақтида ҳайдовчига етказилган моддий ва маънавий зарар унинг талабига кўра қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиклаб берилади;

и) қонунчилик ҳужжатларида талаб қилинган ҳолларда вазн ва ҳажм параметрларини ўлчаш учун назорат жойлари (пункт)дан ўтиши.


12. Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади:

транспорт воситасини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш;

ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлган, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, йўл варақасида ёки транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида исм-фамилияси кўрсатилмаган (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳоллардан ташқари) шахсларга транспорт воситасини бошқариш учун топшириш;

тормоз тизими, руль бошқаруви ишламаётган, улагич мосламаси (автопоезд таркибида) носоз бўлган, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниш чекланган вазиятларда ёнмайдиган фара чироқлари ва орқа габарит фара чироқлари, ёмғир ёки қор ёғаётган вақтда ойна тозалагич ишламайдиган транспорт воситасини бошқариш;

тегишли рухсатсиз транспорт воситаларига махсус техник жиҳоз (рация, сирена ва шу кабилар)лар ўрнатиш;

транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси, шу жумладан пиёдалар жамланмалари ҳаракатига халақит бериш ва улар орасига кириш;

транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан (телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш бундан мустасно), транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган теле, видеомонитордан теле, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш;

аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларни ҳамда двигатель шовқинини белгиланган меъёрдан баланд овозда қилиб фойдаланиш.

Ҳаракатланиш вақтида ушбу Қоидаларга 3-иловада кўрсатилган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар юзага келганда, ҳайдовчи уларни бартараф этиши, агар бунинг иложи бўлмаса, зарур бўлган эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда таъмирлаш ёки тўхтаб туриш жойига эвакуатор ёки шатакка олиш орқали транспорт воситасини олиб бориш чораларини кўриши мумкин.



3-БОБ. ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ СОДИР

БЎЛГАНДА ҲАЙДОВЧИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда унга дахлдор ҳайдовчилар қуйидагиларни бажаришлари шарт:

транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши, авария ишораларини ёқиши ва авария сабабли тўхташ белгисини Қоидаларнинг 51-банди талабларига мувофиқ ўрнатиши, транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги;

тан жароҳати олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши, шошилинч ҳолларда эса тан жароҳати олганларни яқин орадаги тиббиёт муассасасига йўлакай транспорт воситасида жўнатиши, бунинг имкони бўлмаган ҳолларда ўз транспорт воситасида олиб бориши, у ерда ўз исми-фамилияси, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ҳақида ахборот бериши (ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини ва транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатни кўрсатиши) ва ҳодиса рўй берган жойга қайтиб келиши;

агар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, дастлаб транспорт воситаларининг бир-бирига ва йўл тузилмалари объектларига нисбатан жойлашган ҳолатини, ҳодисага алоқадор буюмлар ва изларни, гувоҳлар иштирокида, шунингдек, фотосурат ёки видеоёзув воситалари билан, турган ўрнини чизувчи мосламалар ёрдамида белгилаган ва транспорт воситасини зарур ҳолларда айнан шу ҳолатга қайта жойлаштириш имконини берадиган ҳолда қайд этишни амалга ошириши, уларнинг йўқолмаслигини ва ҳодиса рўй берган жойни айланиб ўтишни ташкил қилишнинг барча чораларини кўриши, сўнгра қатнов қисмини бўшатиши;

ҳодиса ҳақида ИИОга хабар бериши, гувоҳларнинг исм-фамилиясини ва яшаш манзилини ёзиб олиб, ИИО ходимларининг келишини кутиши.


14. Ҳайдовчилар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш билан боғлиқ ҳолларда, йўл транспорт ҳодиса ҳақида ДЙҲҲХ ёки ИИО ходимларига хабар бермасликлари мумкин.



4-БОБ. ПИЁДАЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Пиёдалар тротуарлардан, пиёдалар йўлкаларидан, пиёда ва велосипед йўлкаларидан, улар бўлмаганда эса йўл ёқаларидан ҳаракатланиши керак. Ҳажми катта юкларни олиб кетаётган пиёдалар, шунингдек, ногиронларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган шахсларнинг тротуарлар ёки пиёдалар йўлкаларидан ҳаракатланиши бошқа пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит бераётган бўлса, улар қатнов қисмининг четидан ҳаракатланиши мумкин.

Тротуарлар, пиёдалар йўлкалари, пиёда ва велосипед йўлкалари ёки йўл ёқалари бўлмаса ёхуд улардан ҳаракатланишнинг имконияти бўлмаган ҳолларда, пиёдалар велосипед йўлкасидан ёки қатнов қисмининг четидан (ажратувчи минтақа бор йўлларда қатнов қисмининг ташқи четидан) бир қатор бўлиб ҳаракатланишлари мумкин.

Қатнов қисми четида ҳаракатланаётган пиёдалар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига қарама-қарши йўналишда юришлари керак. Ногиронларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, мотоцикл, мопед, велосипед етаклаб кетаётган шахслар эса бундай ҳолларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналиши бўйлаб юришлари керак.

Пиёдалар йўлкасида, тротуарда, йўл ёқасида пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берадиган қурилма ва тўсиқлар ўрнатиш тақиқланади.


16. Пиёдаларнинг ташкилий жамланмасига йўлнинг қатнов қисмида бир қаторда тўрт кишидан ортиқ бўлмасдан, фақат транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб ўнг томондан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Жамланманинг олди ва орқасида чап томондан қизил байроқча, сутканинг қоронғи вақтида ёки етарлича кўринмаслик шароитида эса олдинда оқ, орқада қизил рангли чироқ кўтарган кузатувчилар бўлиши шарт.

Болалар гуруҳини тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларидангина, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан фақат сутканинг ёруғ вақтида ва катта ёшдагилар кузатувида олиб юришга рухсат этилади.


17. Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек, ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак.

Пиёдаларга кўринадиган оралиқда ўтиш жойи ёки чорраҳа бўлмаса, ажратувчи минтақасиз ва тўсиқсиз йўллардан йўлнинг икки томони яхши кўринадиган жойидан, қатнов қисмининг четига нисбатан тўғри бурчак остида кесиб ўтиш рухсат этилади.


18. Йўл ҳаракати тартибга солинган жойларда пиёдалар тартибга солувчининг ёки пиёдалар светофорининг, улар бўлмаганда эса транспорт светофорининг ишораларига амал қилишлари керак.


19. Тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг қатнов қисми (трамвай бекати)га чиқишлари рухсат этилади.

Шунингдек, пиёдалар йўлни пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермасликлари, яқинлашаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак.

Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек, пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле, видео маҳсулотларни кўриш, радио-аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.

Пиёдалар тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтишлари шарт.


20. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса, йўлнинг қатнов қисми (трамвай йўллари)га чиққан пиёдалар ушланиб қолмасликлари ва тўхтамасликлари керак. Ўтишга улгурмаган пиёдалар хавфсизлик оролчасида, агарда у бўлмаса қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари лозим. Кейинги ҳаракатланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ва светофор ёки тартибга солувчининг ишораларини ҳисобга олган ҳолда ўтишни давом эттишлари мумкин.


21. Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса, ушбу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.


22. Йўналишли транспорт воситаларини фақат қатнов қисмидан баланд жойлашган кутиш майдончаларида, улар бўлмаганда эса, тротуар ёки йўл ёқасида кутишлари керак. Қатнов қисмидан баланд жойлашган майдончалар билан жиҳозланмаган бекатларда йўналишли транспорт воситалари тўлиқ тўхтагандан сўнг унга чиқиш учун қатнов қисмига чиқишга рухсат этилади. Ундан тушгандан кейин ушланиб қолмасдан қатнов қисмини бўшатишлари шарт.

Қатнов қисми бўйлаб бекатларга бораётган ёки ундан қайтаётган пиёдалар ушбу Қоидаларнинг 18 - 21-бандлари талабларига амал қилишлари керак.



5-БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


23. Йўловчилар транспорт воситасига фақат у тўлиқ тўхтагандан сўнг тротуар ёки йўл ёқаси томондан чиқишга ва тушишга мажбурдирлар.

Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан тротуар ёки йўл ёқаси томондан тушиши ёки уларга чиқишининг иложи бўлмаган ҳолларда, агар бу ҳаракат хавф туғдирмаса ёки бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаса, йўлнинг қатнов қисми томонидан амалга оширилиши мумкин.

Мазкур Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган транспорт воситаларида ҳаракатланишдан олдин уларни тақиб олиш, мотоцикл ёки мопедларда ҳаракатланишидан олдин эса мотошлемни қадаб олиши шарт.


24. Йўловчиларга:

транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчини бошқаришдан чалғитиш (унга халақит бериш);

ҳаракатланаётган бортли юк автомобилларида тик туриш, бортларда ёки ундан юқоридаги юк устида ўтириш;

транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда унинг эшикларини очиш;

транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланади.

Бу талабларнинг бажарилишини ҳайдовчи назорат қилиши керак.



6-БОБ. МАХСУС ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ИМТИЁЗЛАРИ


25. Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг 7-боби (тартибга солувчининг ишораларидан ташқари), 9 - 16, 19 - 20 ва 22-боблари, 1 ва 2-иловалари талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларида, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

Ушбу имтиёздан тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари томонидан кузатиб келинаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам фойдаланадилар.

Кузатиб келинаётган транспорт воситаларида яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилган бўлиши шарт.


26. Ҳайдовчилар тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган ҳолда яқинлашаётган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг кузатувидаги, яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилган транспорт воситаси (транспорт воситалари)га йўл беришлари шарт.

Мазкур турдаги транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланади.


27. Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчасини ёқиб тўхтаб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчилар зарур бўлган ҳолларда ҳаракатланиш тезлигини дарҳол тўхташ имкониятини берадиган даражада камайтиришлари шарт.


28. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар транспорт воситаларида қуйидаги ҳолларда ёқилган бўлиши керак:

йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб борилаётганда, шунингдек, шикастланган, носоз транспорт воситаларини ортишда, ташишда;

йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, шунингдек, оғир вазн ва катта ҳажмли ҳамда хавфли юкларни ташиётган транспорт воситаларини кузатиб боришда;

портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив моддаларни ва заҳарли даражаси ўта юқори бўлган моддаларни ташишда;

умумий фойдаланишдаги транспорт воситаси йўлларида велосипедчиларнинг ташкилий жамланмасини кузатиб боришда.

Ёқилган зарғалдоқ ва (ёки) сариқ рангли маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди ва йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини фақат хавф ҳақида огоҳлантиради.


29. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалари ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари йўл қурилиши, таъмирланиши ва тозаланиши жараёнида ҳамда техник шикастланган, носоз бўлган, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда бошқа транспорт воситаларини ортишда, ташишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг йўл белгилари (2.2, 2.4 - 2.6, 3.11 - 3.14, 3.17.2, 3.20 йўл белгиларидан ташқари), йўл чизиқлари ҳамда 67 - 71 ва 121-бандлари талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, оғир вазн ва катта ҳажмли юк ташиётган транспорт воситаларининг ҳамда уларни кузатиб келаётган зарғалдоқ ёки сариқ рангли ялт-ялт этувчи маёқчалари ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл чизиқлари талабларидан четга чиқишлари мумкин.



7-БОБ. СВЕТОФОР ВА ТАРТИБГА СОЛУВЧИНИНГ

ИШОРАЛАРИ


30. Светофорларда яшил, сариқ, қизил ва оқ рангли ёруғлик ишоралари қўлланилади.

Светофор ишоралари вазифасига қараб доирасимон, кўрсаткич (кўрсаткичлар), пиёда ёки велосипед тасвири туширилган кўринишда ва Х-симон бўлиши мумкин.

Доирасимон ишорали светофорларда яшил ишоралар билан бир сатҳда жойлашган ишоралар яшил кўрсаткич (кўрсаткичлар) кўринишидаги битта ёки иккита қўшимча тармоқ бўлиши мумкин.


31. Светофорнинг доирасимон ишоралари қуйидаги маънони билдиради:

яшил ишора ҳаракатланишга рухсат беради;

милтилловчи яшил ишора ҳам ҳаракатланишга рухсат беради ва унинг таъсир вақти тугаётганлиги ҳамда кўп ўтмай тақиқловчи ишора ёниши ҳақида ахборот беради.

яшил ишора ўчишига сонияларда қанча вақт қолганлиги ҳақида ахборот бериш учун рақамли табло қўлланилиши мумкин;

сариқ ишора ҳаракатланишни тақиқлайди (Қоидаларнинг 42-бандида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари) ва ишоралар алмашуви ҳақида огоҳлантиради;

милтилловчи сариқ ишора эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда ҳаракатланишга рухсат беради ва тартибга солинмаган чорраҳа ёки пиёдалар ўтиш жойи борлигидан хабардор қилади, хавф-хатар ҳақида огоҳлантиради;

қизил ишора, шунингдек, милтилловчи қизил ишора ҳаракатланишни тақиқлайди;

қизил ва сариқ ишораларнинг бир вақтда ёниши ҳаракатланишни тақиқлайди ва кўп ўтмай яшил ишора ёниши ҳақида ахборот беради.


32. Йўналтиргич кўринишидаги қизил, сариқ ва яшил рангли светофор ишоралари ҳам доирасимон шаклидаги светофор ишоралари билан бир хил маънога эга бўлади. Улар фақат кўрсатилган йўналишга таъсир этади.

Агар тегишли йўл белгиси билан қайрилиб олиш тақиқланмаган бўлса, чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич қайрилиб олишга ҳам рухсат беради. Қўшимча тармоқдаги яшил йўналтиргич ҳам худди шу маънони билдиради.

Светофорнинг қўшимча тармоқдаги ишора ўчирилган бўлса, шу тармоқ тартибга солаётган йўналишда ҳаракатланиш тақиқланганлигини билдиради.


33. Светофорнинг асосий яшил ишорасига йўналтиргич (йўналтиргичлар)нинг шакли туширилган бўлса, у ҳайдовчиларга светофорнинг қўшимча тармоғи борлиги ҳақида ахборот беради ва асосий яшил ишора ёнганда ҳаракатланишга рухсат берилган йўналишларни кўрсатади.


34. Агар светофор ишораси пиёда тасвири кўринишида бўлса, у фақат пиёдаларга, велосипед тасвири кўринишида бўлса, у фақат велосипедчилар ҳаракатланишига таъсир қилади. Бунда яшил ишора пиёдалар ёки велосипедчиларнинг ҳаракатланишига рухсат беради, қизил ишора уларнинг ҳаракатланишини тақиқлайди.

Велосипедчилар ҳаракатланишини тартибга солиш учун ўлчами кичрайтирилган доирасимон ишораларга эга бўлган светофор қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолда светофор билан велосипед тасвирига эга бўлган тегишли белги ўрнатилади.

Кўзи ожиз пиёдаларга қатнов қисмини кесиб ўтишлари мумкинлиги ҳақида ахборот бериш учун светофорнинг ёруғлик ишораларига товушли ишора ҳам қўшилиши мумкин.


35. Қатнов қисмидаги ҳаракатланиш йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган тасмаларида транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тартибга солиш учун Х-симон қизил ишорали ва пастга йўналган кўрсаткич кўринишидаги яшил ишорали реверсив светофорлар қўлланилади. Бу ишоралар қайси тасма устига ўрнатилган бўлса, унда ҳаракатланишни тақиқлайди ёки ҳаракатланишга рухсат беради.

Икки томони 1.9 йўл чизиғи билан белгиланган тасма устига ўрнатилган ва ишоралари ўчирилган реверсив светофор шу тасмага киришни тақиқлайди.


36. Трамвайларнинг ҳамда махсус ажратилган тасма бўйлаб ҳаракатланаётган бошқа йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тартибга солиш учун "Т" ҳарфи кўринишида жойлашган тўртта доирасимон оқ ранг ишорали светофорлар қўлланилиши мумкин.

Юқоридаги бир ёки бир нечта ва пастки ишора бир вақтнинг ўзида ёнганда, ҳаракатланишга рухсат этилади. Улардан чапдагиси чапга, ўнгдагиси ўнгга, ўртадагиси тўғрига юришга рухсат беради. Пастдаги ишора ўчирилиб, юқоридаги учта ишора бир вақтда ёнса, ҳаракатланиш тақиқланади.


37. Темир йўл кесишмаларида ўрнатилган доирасимон оқ рангли милтилловчи ишора транспорт воситаларининг кесишма орқали ҳаракатланишига рухсат беради. Светофорнинг милтилловчи оқ ва қизил ишоралари ўчирилган бўлиб, кўриниш чегарасида темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд (локомотив, дрезина) бўлмаса ҳаракатланишга рухсат этади.

Темир йўл кесишмаларида светофорнинг қизил милтилловчи ишораси билан бир вақтда йўл ҳаракати қатнашчиларининг кесишма орқали ҳаракатланиши тақиқланганлиги тўғрисида қўшимча ахборот сифатида товушли ишора ҳам берилиши мумкин.


38. Тартибга солувчининг ишоралари қуйидаги маънони билдиради:

Қўллари ён томонга узатилганда ёки туширилганда:

чап ва ўнг ён томонидан трамвайга тўғрига, рельссиз транспорт воситаларига тўғрига ва ўнгга ҳаракатланишга, пиёдаларга қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат берилади;

олд ва орқа томонидан барча транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

Ўнг қўли олдинга узатилганда:

чап ёнидан трамвайга чапга, рельссиз транспорт воситаларига барча йўналишларда;

олди томонидан барча транспорт воситаларига фақат ўнгга ҳаракатланишга рухсат берилади;

орқа томонидан ва ўнг ёнидан барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади;

пиёдаларга тартибга солувчининг орқа томонида қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат этилади.

Қўлини юқорига кўтарганда:

ушбу Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилганидан бошқа ҳолларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг барча йўналишларда ҳаракатланиши тақиқланади;

тартибга солувчи ҳайдовчи ва пиёдаларга тушунарли бўлган бошқа ишораларни ҳам бериши мумкин. Ишоралар яхши кўриниши учун тартибга солувчи жезл ёки ёруғлик қайтарадиган қизил рангли мосламаларни қўллаши мумкин. Шунингдек, тартибга солувчи ўз фаолиятини махсус мослама (тумба) устида туриб олиб бориши мумкин.


39. Ҳаракатни тартибга солувчи ёки ИИО ходими ўз хизмат вазифаларини бажараётганда, қўл ишораси ёки овоз кучайтиргич ёрдамида ҳайдовчидан транспорт воситасини тўхтатишни талаб қилиши мумкин. Бунда транспорт воситасининг ҳайдовчиси кўрсатилган жойда тўхташи шарт.


40. Йўл ҳаракати қатнашчиларининг эътиборини жалб этиш учун ҳуштак билан қўшимча ишора берилади.


41. Светофор (реверсивдан ташқари)нинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида (бунда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак), бундай чизиқ бўлмаганда эса:

чорраҳада қатнов қисми билан кесишган жойида, пиёдаларга (ушбу Қоидаларнинг 102-бандини ҳисобга олган ҳолда) халақит бермасдан;

темир йўл кесишмаси олдида ушбу Қоидаларнинг 119-бандига мувофиқ;

бошқа жойларда светофор ёки тартибга солувчининг олдида, ҳаракатланишига рухсат берилган транспорт воситалари ва пиёдаларга халақит бермаган ҳолда тўхташи керак.


42. Светофорнинг яшил ишорасидан кейин сариқ ишора ёнганда ёки тартибга солувчининг қўли юқорига кўтарилганда, Қоидаларнинг 41-бандида назарда тутилган жойларда кескин тормоз бермасдан тўхташга улгура олмайдиган ҳайдовчиларга ҳаракатланишни давом эттиришга рухсат этилади.

Ушбу ишоралар берилганда, қатнов қисмида бўлган пиёдалар уни бўшатишлари, агар бунинг иложи бўлмаса, қарама-қарши йўналишлардаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари керак.


43. Тартибга солувчининг ишоралари ва кўрсатмалари светофор ишоралари, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига зид бўлган ҳолларда ҳайдовчи, велосипедчи ва пиёдалар тартибга солувчининг ишоралари ва кўрсатмаларига амал қилишлари керак.

Светофор ишоралари имтиёз белгилари талабларига зид бўлган ҳолларда ҳайдовчилар светофор ишораларига амал қилишлари керак.

Агар светофорнинг ишоралари ишламаётган бўлса, ҳайдовчи бошқа (кўндаланг) йўналишдаги светофор ишоралари ишламаётганлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ҳаракатни давом эттириши лозим.



8-БОБ. ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ВА АВАРИЯ

(ХАВФ-ХАТАР) ИШОРАЛАРИ


44. Қуйидагилар огоҳлантирувчи ишоралар ҳисобланади:

бурилишни кўрсатадиган милтилловчи чироқ ёки қўл билан бериладиган ишоралар;

тўхташ фара чироғи;

товушли ишоралар;

фара чироқларининг ёқиб ўчирилиши;

сутканинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи фара чироқларини ёқилиши.


45. Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлашдан, қайта тизилишдан, бурилиш (қайрилиб олиш)дан ва тўхташдан олдин тегишли йўналишни кўрсатувчи ёруғлик ишораларини ёқиши, улар бўлмаганда ёки ишламаганда қўл билан ишоралар бериши шарт.

Чапга бурилиш (қайрилиб олиш)ни билдирувчи ишорага чап қўлни ёнга узатиш ёки ўнг қўлни тирсакдан тўғри бурчак остида букиб, юқорига кўтариш мос келади.

Ўнгга бурилиш (қайрилиб олиш)ни билдирувчи ишорага ўнг қўлни ёнга узатиш ёки чап қўлни тирсакдан тўғри бурчак остида букиб, юқорига кўтариш мос келади.

Тўхташ ишораси чап ёки ўнг қўлни юқорига кўтариб берилади.


46. Бурилиш кўрсаткичи ёки қўл билан берилаётган ишора манёврни бажаришдан олдинроқ берилиши ва уни тугаллагач, дарҳол тўхтатилиши керак (қўл билан берилаётган ишорани манёврни бевосита бажаришдан олдин тугаллаш мумкин).

Бериладиган ишоралар йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини чалғитмаслиги керак.

Огоҳлантирувчи ишора бериш ҳайдовчига олдин ўтиш ҳуқуқини бермайди ва уни зарурий эҳтиёт чораларини кўриш масъулиятидан озод этмайди.


47. Ҳайдовчи ҳаракат йўналишини ўзгартириш ҳақидаги огоҳлантирувчи ишорани беришдан олдин орқадан келаётган, уни қувиб ўтишни ёки ўзиб кетишни бошлаган ва бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бермаётганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


48. Товушли ишоралар фақат қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

аҳоли пунктларидан ташқарида бошқа ҳайдовчиларни қувиб ўтиш ҳақида огоҳлантириш учун;

зарур бўлган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун.

Юқорида кўрсатилган ҳоллардан ташқари товушли ишоралардан фойдаланиш тақиқланади.


49. Қувиб ўтиш ҳақида товушли ишора ўрнига ёки у билан бирга фара чироқларини ёқиб-ўчириб, огоҳлантириш ишорасини ҳам бериш мумкин.


50. Бурилишни кўрсатувчи барча ёруғлик ишораларининг бир вақтда милтиллаши авария (хавф-хатар) ишораси ҳисобланади.

Авария ишораси қуйидаги ҳолларда ёқилиши керак:

йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда;

тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда;

фара чироқлари ёруғлиги ҳайдовчининг кўзини қамаштирганда;

шатакка олишда (шатакка олинган механик транспорт воситасида);

"Болаларни ташиш" таниқлик белгиларига эга бўлган транспорт воситасига болалар чиқаётганда ва ундан тушаётганда.

Транспорт воситаси хавф туғдириши мумкин бўлган бошқа ҳолларда ҳам ҳайдовчи йўл ҳаракати қатнашчиларини огоҳлантириш мақсадида авария ишорасини ёқиши керак.


51. Транспорт воситаси тўсатдан тўхтаб қолганда, зудлик билан авария ёруғлик ишорасини ёқиш, агар у ишламаса, авария сабабли тўхташ белгисини дарҳол ўрнатиш керак. Авария сабабли тўхташ белгиси қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда;

тўхташ тақиқланган жойларда ва кўриниши чекланган жойларда мажбурий тўхтаганда;

Ушбу белги бошқа ҳайдовчиларни хавфли вазият ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш имконини берадиган масофада ўрнатилиши керак. Бу масофа аҳоли пунктларида транспорт воситасидан 15 метр, аҳоли пунктларидан ташқаридаги жойларда эса 30 метрдан кам бўлмаслиги керак.


52. Шатакка олинган механик транспорт воситасида авария ёруғлик ишоралари бўлмаса ёки улар ишламаса, унинг орқа қисмига авария сабабли тўхташ белгиси ўрнатилиши керак.



9-БОБ. ҲАРАКАТЛАНИШНИ БОШЛАШ,

МАНЁВР ҚИЛИШ


53. Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, манёвр қилиш (қайта тизилиш, бурилиш, қайрилиб олиш, қувиб ўтиш ва айланиб ўтиш) ва тўхташдан олдин бажарилаётган манёвр бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларини ҳаракатланишига хавф туғдирмаслиги керак.


54. Ҳайдовчи ёндош ҳудуддан йўлга чиқаётганда унда ҳаракатланаётган пиёдалар ва транспорт воситаларига, шунингдек, йўлдан чиқишда ҳаракатланиш йўналишини кесиб ўтаётган пиёдалар ва велосипедчиларга йўл бериши керак.


55. Ҳайдовчи қайта тизилишда ҳаракатланиш йўналишини ўзгартирмасдан ҳаракатланаётган йўлакай транспорт воситаларига йўл бериши керак.

Бир йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари бир вақтда қайта тизилаётганда, ҳайдовчи ўнг томондаги транспорт воситасига йўл бериши керак.


56. Айланма ҳаракатланиш ташкил қилинган чорраҳаларга кириш учун бурилишдан бошқа барча ҳолларда, ҳайдовчи ўнгга, чапга бурилиши ёки қайрилиб олишдан олдинроқ шу йўналишда ҳаракатланиши учун мўлжалланган қатнов қисмининг энг четки ҳолатни эгаллаши шарт.

Агар 5.8.1 ёки 5.8.2 йўл белгилари ёхуд 1.18 йўл чизиғи билан бошқа ҳаракатланиш тартиби ўрнатилмаган бўлса, қатнов қисмининг ўртасида у билан бир сатҳда жойлашган бир йўналишдаги трамвай изидан чапга бурилиш ва қайрилиб олишга рухсат этилади. Бироқ, бу трамвай ҳаракатига халақит бермаслиги керак.


57. Бурилишни шундай амалга ошириш керакки, бунда қатнов қисмларининг кесишмасидан чиқаётган транспорт воситаси қарама-қарши йўналишдаги ҳаракатланиш томонига ўтиб кетмаслиги керак.

Ўнгга бурилишда транспорт воситаси иложи борича қатнов қисмининг ўнг четига яқинроқда ҳаракатланиши керак.


58. Агар транспорт воситаси ўзининг габаритлари (энг катта ташқи ўлчамлари) ёки бошқа сабабларга кўра (энг чекка тасмалардаги тирбандликлар бундан мустасно) Қоидаларнинг 56-банди талабларига мувофиқ бурилишни бажара олмаса, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, бошқа транспорт воситаларига халақит бермасдан, талаблардан четга чиқишига йўл қўйилади.


59. Рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси чорраҳадан ташқарида чапга бурилиш ёки қайрилиб олишда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ва бир йўналишдаги трамвайга йўл бериши шарт.

Чорраҳадан ташқарида қайрилиб олишда, агар қатнов қисмининг кенглиги манёврни четки чап ҳолатдан бажариш учун етарли бўлмаса, уни қатнов қисмининг ўнг четидан (ўнг йўл ёқасидан) амалга оширишга йўл қўйилади. Бу ҳолда ҳайдовчи шу йўналишдаги ва қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситаларига йўл бериши шарт.


60. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишлари кесишганда ва ўтиш навбати Қоидаларда назарда тутилмаган ҳолларда, ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


61. Секинлашиш бўлаги бор бўлган йўлда бурилмоқчи бўлган ҳайдовчи ўз вақтида ушбу тасмага қайта тизилиши ва тезликни фақат унда камайтириши керак.

Йўлга чиқиш жойида тезлашиш бўлаги бўлса, ҳайдовчи унда ҳаракатланиши ва қўшни тасмада ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериб, транспорт оқимига қўшилиши керак.


62. Қуйидаги жойларда қайрилиб олиш тақиқланади:

пиёдаларнинг ўтиш жойларида;

туннелларда;

кўприклар, йўл ўтказгичлар, эстакадалар ва уларнинг остида (тегишли йўл белгилари билан бундай манёврни бажариш рухсат берилган йўл қисмлари бундан мустасно);

темир йўл кесишмаларида;

йўлнинг кўриниши бирор-бир йўналишда 100 метрдан кам бўлган жойларда.


63. Транспорт воситасини орқага ҳаракатлантиришда ҳайдовчи йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши ва йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига халақит бермаслиги шарт. Зарурат туғилганда ҳайдовчи бошқа шахсларнинг ёрдамидан фойдаланиши керак.

Орқага ҳаракатланиш чорраҳаларда ва ушбу Қоидаларнинг 62-бандига мувофиқ қайрилиб олиш мумкин бўлмаган жойларда тақиқланади.



10-БОБ. ЙЎЛНИНГ ҚАТНОВ ҚИСМИДА ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШУВИ


64. Рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланадиган тасмалар сони чизиқлар ва (ёки) 5.8.1, 5.8.2, 5.8.7, 5.8.8 йўл белгилари билан белгиланади. Бундай чизиқлар ёки йўл белгилари бўлмаса, ҳайдовчилар ҳаракатланиш тасмалари сонини, қатнов қисмининг кенглигини, транспорт воситалари орасидаги зарур ёнлама оралиқ масофани ва уларнинг габарит ўлчамларини ҳисобга олган ҳолда ўзлари аниқлайдилар. Бунда ҳаракатланиш икки томонлама бўлган йўл қатнов қисмининг чап томондаги ярми, қатнов қисмининг жойлардаги кенгайишлари (секинлашиш ва тезлашиш тасмалари, баландликка кўтарилишдаги қўшимча тасмалар, йўналишли транспорт воситаларининг тўхташ жойларидаги кенгайишлар)ни ҳисобга олмаган ҳолда, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган деб ҳисобланади.

Трамвай йўли, ажратувчи тасма, узлуксиз 1.1, 1.3 йўл чизиқлар ёки узуқ-узуқ томони чапда жойлашган 1.11 йўл чизиғи билан ажратилган йўлларда қарама-қарши йўналишга чиқиш тақиқланади.


65. Тўрт ва ундан ортиқ тасмали, ҳаракат икки томонлама бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган тасмаларга чиқиш тақиқланади.


66. Ҳаракат икки томонлама бўлган ва чизиқлар билан белгиланган (1.9 йўл чизиғи билан белгиланганидан ташқари) учта тасмали йўлларда, икки йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган ўрта қаторга фақат қувиб ўтиш, айланиб ўтиш, чапга бурилиш ва қайрилиб олиш учунгина чиқишга рухсат этилади. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган четки чап қаторни эгаллаш тақиқланади.


67. Аҳоли пунктларидан ташқаридаги йўлларда ҳамда аҳоли пунктларида айрим турдаги транспорт воситалари учун ушбу Қоидаларда белгилангандан юқори тезликда ҳаракатланиш рухсат этилган йўл қисмларида ҳайдовчилар транспорт воситаларини мумкин қадар қатнов қисмининг ўнг четига яқинроқ олиб ҳаракатланишлари керак. Ўнг тасмалар бўш бўлганда чап тасмаларни эгаллаш тақиқланади.

Аҳоли пунктларида ушбу банднинг биринчи хатбоши ва ушбу Қоидаларнинг 69, 123 ва 161-бандларидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда, ҳайдовчилар ўзларига қулай бўлган ҳаракатланиш бўлагидан фойдаланишлари мумкин. Ҳаракатланиш серқатновлиги сабабли бошқа тасмалар банд бўлганда ҳаракатланиш қаторини фақат ўнгга ёки чапга бурилиш, қайрилиб олиш, тўхташ ёки тўсиқни айланиб ўтиш учун ўзгартиришга рухсат этилади.

Бироқ, бир йўналишдаги уч ва ундан ортиқ тасмали ҳар қандай йўлда четки чап қаторни ҳаракат серқатновлиги сабабли бошқа бўлаклар банд бўлган ҳолларда, шунингдек, қувиб ўтиш, чапга бурилиш ёки қайрилиб олишга, юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун четки чап қаторни эгаллашга рухсат этилади.

Бошқа ҳолларда юк автомобилларига йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиш тақиқланади.

Ҳаракат бир томонлама бўлган йўлнинг чап бўлагида тўхташ ва тўхтаб туриш ушбу Қоидаларнинг 88-бандига мувофиқ амалга оширилади.


68. Тезлигини соатига 40 километрдан ошириши мумкин бўлмаган ёки техник сабабларга кўра тезлигини бундан ошира олмайдиган транспорт воситалари айланиб ўтиш, қувиб ўтиш, чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун қайта тизилишдан ёки рухсат этилган ҳолларда йўлнинг чап томонида тўхташдан бошқа ҳолларда фақат четки ўнг қаторида ҳаракатланишлари керак.


69. Бир йўналишдаги қатнов қисмининг чап томонида у билан бир сатҳда жойлашган трамвай йўлидан, шу йўналишдаги бошқа тасмалар банд бўлганда ҳаракатланишга, шунингдек, айланиб ўтишга, чапга бурилиш ва қайрилиб олишга ушбу Қоидаларнинг 56-бандини ҳисобга олган ҳолда рухсат этилади. Бироқ бу трамвайга халақит бермаслиги керак. Қарама-қарши йўналишдаги трамвай йўлидан ҳаракатланиш тақиқланади.

Агар чорраҳадан олдин 5.8.1 ёки 5.8.2 йўл белгилари ўрнатилган бўлса, чорраҳадан ўтишда трамвай йўлларидан ҳаракатланиш тақиқланади.


70. Агар қатнов қисми йўл чизиқлари билан тасмаларга ажратилган бўлса, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатъий равишда белгиланган тасмаларда амалга оширилиши керак. Фақат қайта тизилишда узуқ-узуқ чизиқларни босиб ўтишга рухсат этилади.


71. Реверсив ҳаракатланишли йўлга бурилишда ҳайдовчи транспорт воситасини шундай бошқариши керакки, бунда транспорт воситаси қатнов қисмлари кесишмасидан чиқишда четки ўнг қаторни эгаллаши керак. Шу йўналишдаги бошқа тасмалардан ҳам ҳаракатланиш рухсат этилганига ишонч ҳосил қилингандан кейингина ҳайдовчига қайта тизилишга рухсат этилади.


72. Қоидаларнинг 88, 166-бандларида кўзда тутилганлардан бошқа ҳолларда транспорт воситаларининг ажратувчи минтақалар, йўл ёқалари, тротуарлар, пиёдалар йўлкаларида, велосипед йўлкалари, велосипедчилар учун тасмалар, пиёдалар ва велосипедчиларнинг бирга ва алоҳида ҳаракатланадиган йўлакларда механик транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

Бу жойларда йўлдан фойдаланиш ва коммунал хизмат машиналарининг ҳаракатланишига, шунингдек, бевосита йўл ёқалари, тротуарлар ёки пиёдалар йўлкалари олдида жойлашган савдо шохобчалари, корхоналар ва бошқа иншоотларга юк олиб кириш учун бошқа имконияти бўлмаган транспорт воситаларига яқин йўлдан киришга рухсат этилади. Бунда ҳаракатланиш хавфсизлиги таъминланган бўлиши шарт.


73. Ҳайдовчи ўзидан олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаси кескин тормоз берганда, тўқнашиб кетмаслик кафолатини берадиган даражадаги оралиқ масофани, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ёнлама оралиқ масофани сақлаши керак.


74. Аҳоли яшаш жойларидан ташқаридаги икки томонлама ҳаракат ташкил этилган икки тасмали йўлларда тезлигини соатига 50 километрдан ошириши мумкин бўлмаган, шунингдек, узунлиги 7 метрдан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг (транспорт воситаларининг таркиби) ҳайдовчилари ўзи ва олдида ҳаракатланаётган транспорт воситаси орасида, уларни қувиб ўтаётган транспорт воситалари олдин эгаллаган қаторига бемалол қайта тизилиши учун имкон берадиган масофани сақлашлари керак.

Қувиб ўтиш тақиқланган йўлларда, шунингдек, транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси таркибида ва серқатнов бўлган йўлларда ҳаракатланаётганда ушбу талабга амал қилинмайди.


75. Агар бирор тўсиқ сабабли қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланиш қийин бўлса, тўсиқ ўз томонида бўлган ҳайдовчи йўл бериши керак.


76. Агар йўл белгилари ва чизиқлари бошқа йўналишни кўрсатмаган бўлса, ҳайдовчилар ажратувчи бўлаги бўлмаган икки томонлама ҳаракат ташкил этилган йўллардаги хавфсизлик оролчалари, устунчалар ва йўл иншооти қисмлари (кўприк, йўл ўтказгич устунлари ва шунга ўхшашлар)ни ўнг томондан айланиб ўтишлари керак.



11-БОБ. ҲАРАКАТЛАНИШ ТЕЗЛИГИ


77. Ҳайдовчи ҳаракатланишнинг серқатновлигини, транспорт воситасининг ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олиб транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмаган ҳолда хавфсизликни таъминловчи тезлик билан бошқариши керак.

Тезлик ҳайдовчига ушбу Қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатланишини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак.

Ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.


78. Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиб 300 метрдан кам масофада соатига 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

79. Аҳоли пунктларидан ташқарида:

енгил автомобилларга ва рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тезликни соатига 100 километрдан оширмасдан;

шаҳарлараро қатнайдиган автобусларга ва микроавтобусларга тезликни соатига 90 километрдан оширмасдан;

бошқа автобуслар, тиркамали енгил автомобиллар, мотоцикллар, рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига тезликни соатига 80 километрдан оширмасдан;

тиркамали юк автомобилларига тезликни соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш рухсат этилади.


80. Ҳар қандай йўлларда:

юкхонасида одам ташиётган юк автомобилларига тезликни соатига 60 километрдан оширмасдан;

болалар гуруҳини ташкилий ташиётган транспорт воситаларига тезликни соатига 60 километрдан оширмасдан;

механик транспорт воситаларини шатакка олган транспорт воситаларига тезликни соатига 50 километрдан оширмасдан;

хавфли, оғир вазнли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, ташкилий жамланмада ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ДЙҲХХ билан келишилган тезликдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш тасмаларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат беради.


81. Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади:

тезликни мазкур транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезликдан ошириш;

тезликни транспорт воситасига ўрнатилган "Тезлиги чекланган" таниқлик белгисида кўрсатилганидан ошириш;

зарурият бўлмаганда жуда паст тезликда ҳаракатланиб, бошқа транспорт воситаларига халақит бериш;

йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш зарурати бўлмаганда, кескин тормоз бериш.



12-БОБ. ҚУВИБ ЎТИШ


82. Қувиб ўтишни бошлашдан олдин ҳайдовчи чапга бурилишни билдирувчи ишорасини ёқиб:

ўзи ўтмоқчи бўлган ҳаракатланиш бўлаги қувиб ўтиш учун етарлича масофада бўш эканлигига, қувиб ўтиш жараёнида ҳаракатланишга хавф туғдирмаслигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига;

шу тасмада орқада ҳаракатланаётган транспорт воситаси қувиб ўтишни бошламаганлигига;

олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаси қувиб ўтиш, чапга бурилиш (қайта тизилиш) ишорасини бермаётганлигига;

қувиб ўтишни тугаллаётганда қувиб ўтилаётган транспорт воситасига халақит бермасдан илгари эгаллаган қаторга қайтиб ўта олишига ишонч ҳосил қилиши шарт.


83. Бир йўналишда ҳаракатланаётган рельссиз транспорт воситаларини ҳар икки томонидан ўзиб кетишга рухсат берилади. Бироқ чапга бурилиш ишорасини бериб, бурилишга киришган транспорт воситасини ўзиб кетиш ўнг томондан амалга оширилади.


84. Қувиб ўтилаётган транспорт воситасининг ҳайдовчисига ҳаракатланиш тезлигини ошириш ёки бошқа хатти-ҳаракатлар билан қувиб ўтишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.


85. Қувиб ўтишни тугаллагандан сўнг ҳайдовчи илгари эгаллаган ҳаракатланиш йўналишига қайтиши шарт.


86. Қувиб ўтиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

тартибга солинган чорраҳаларда;

тартибга солинмайдиган чорраҳаларда асосий ҳисобланмайдиган йўлларда ҳаракатланишда;

кўприкларда, йўл ўтказгичларда, эстакадаларда ва уларнинг остида;

пиёдалар ўтиш жойларида;

темир йўл кесишмаларида ва уларгача 100 метрдан кам масофа қолганда;

қувиб ёки айланиб ўтаётган транспорт воситаларини;

тепаликнинг охирида ва йўлнинг кўриниши чекланган жойларида;

3.20 ва 3.22 йўл белгилари таъсир оралиғида.


87. Аҳоли пунктларидан ташқаридаги йўлларда секин ҳаракатланадиган, катта ҳажмли ёки катта ҳажмли юк ташиётган транспорт воситасини қувиб ўтиш қийин бўлган ҳолларда унинг ҳайдовчиси ушбу транспорт воситасини иложи борича йўлнинг ўнг томонига олиши, зарур бўлганда эса орқасида тўпланиб қолган транспорт воситаларини ўтказиб юбориш учун тўхташи керак.



13-БОБ. ТЎХТАШ ВА ТЎХТАБ ТУРИШ


88. Транспорт воситаларига йўлнинг ўнг томонида йўл ёқасида, у бўлмаганда эса қатнов қисмининг четида ва Қоидаларнинг 89-бандида кўрсатилган ҳолларда тротуарда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.

Аҳоли пунктларида ўртада трамвай йўли бўлмаган, ҳар йўналишда биттадан тасмаси бўлган, шунингдек бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда йўлнинг чап томонида тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.

Рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан кўп бўлган юк транспорт воситалари бир томонлама ҳаракатли йўлларнинг чап томонида фақат юк ортиш ва тушириш учун тўхташлари мумкин.


89. Транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмида бир қатор қилиб, қатнов қисми четига йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига халақит бермаслик шарти билан фақат параллель равишда кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.

Қатнов қисмининг айрим кенгайтирилиб қатнов қисмидан ажратилган жойларида йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига халақит бермаслик шарти билан бошқача тартибда қўйишга ҳам рухсат этилади.

Қатнов қисмига чегарадош тротуар четида фақат енгил автомобиллар, мотоцикллар, мопедлар ва велосипедларга тўхтаб туришга 5.15 йўл белгиси билан бирга 7.6.2, 7.6.3, 7.6.6-7.6.9 қўшимча ахборот белгиларидан бири ўрнатилган жойларда рухсат этилади.


90. Аҳоли пунктларидан ташқарида тунаб қолиш, дам олиш ёки бошқа мақсадларда узоқ вақт тўхтаб туришга фақат бунинг учун кўзда тутилган майдончаларда ёки йўлдан ташқарида рухсат этилади.


91. Қуйидагиларда тўхташ тақиқланади:

трамвай йўлларида, шунингдек, бевосита уларга яқинроқда трамвайлар ҳаракатланишига халақит берадиган ҳолларда;

темир йўл кесишмаларида;

туннелларда;

бир йўналишда ҳаракатланиш учун учтадан кам тасмага эга бўлган кўприк, йўл ўтказгич ва эстакадаларнинг устида;

кўприк, йўл ўтказгич ва эсткадаларнинг остида (тегишли йўл белгилари билан тўхтаб туриш рухсат берилган йўл қисмлари бундан мустасно);

бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган ҳолда йўлнинг қатнов қисмларида;

тўхтаган транспорт воситаси билан бўйлама сидирға чизиқ (қатнов қисмининг четини белгиловчи чизиқдан ташқари), ажратувчи минтақа ёки қатнов қисмининг қарама-қарши чети орасидаги масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда;

пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 10 метрдан кам масофа қолганда;

велосипед йўлкаси билан кесишувда ва улардан олдин 10 метрдан кам масофа қолганда;

велосипедчилар учун тасмада (одам тушириш ва одам миндириш бундан мустасно);

қатнов қисмида кўриниш масофаси 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида ва хавфли бурилишларда;

қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига 30 метрдан кам масофада (уч томонлама кесишадиган чорраҳаларда ёндан туташган йўлнинг сидирға чизиқ ёки ажратувчи минтақа билан ажратилган қарама-қарши томони бундан мустасно);

бекат майдончаларида, йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойларида, жумладан, 1.17 чизиғи билан белгиланган, улар бўлмаганда эса йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойи белгилари ва бекатдан ҳаракатланиш йўналиши бўйлаб (етмасдан ва ўтиб кетиб) 15 метрдан кам масофада (йўналишли транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаса йўловчиларни чиқариш ёки тушириш учун тўхташ бундан мустасно);

транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;

транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб;

3.27 йўл белгиси ёки 1.4 йўл чизиғи таъсири оралиғида.

5.15 ва 7.17 йўл белгилари ёки 1.24 йўл чизиғининг биргаликдаги таъсири оралиғида, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан бошқариладиган транспорт воситалари бундан мустасно.


92. Қуйидагиларда тўхтаб туриш тақиқланади:

тўхташ тақиқланган жойларда;

аҳоли пунктларидан ташқарида 2.1 йўл белгиси билан белгиланган йўлларнинг қатнов қисмида;

темир йўл кесишмаларининг (ҳар иккала томонида) 50 метр яқинида;

3.27 - 3.30 йўл белгилари ёки 1.4, 1.10 йўл чизиқлари таъсири оралиғида;

5.15 ва 7.17 йўл белгилари ёки 1.24 йўл чизиғининг биргаликдаги таъсири оралиғида, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан бошқариладиган транспорт воситалари бундан мустасно.


93. Тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда, ҳайдовчи транспорт воситасини йўлнинг четига олиб чиқиш ва ушбу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши шарт.


94. Агар йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига халақит берадиган бўлса ёки хавф туғдирса, транспорт воситасининг эшикларини очиш тақиқланади.


95. Транспорт воситасининг ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишини ёки ўзи йўқлигида ундан фойдаланишни истисно қиладиган зарур эҳтиёт чораларини кўргандан кейингина ҳайдовчи ўз жойини ташлаб кетиши ёки транспорт воситасини қолдириши мумкин.



14-БОБ. ЧОРРАҲАЛАРДА ҲАРАКАТЛАНИШ


96. Чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи кесишаётган йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёда(лар)га, шунингдек велосипед йўлкасидан йўлни кесиб ўтаётган велосипедчи(лар)га йўл бериши керак.


97. Ҳайдовчи тирбандлик туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳага кириши, агар тўхташ чизиғи ёки 5.33 йўл белгисидан ўтиб бўлган ҳайдовчига эса қатнов қисмлари кесишмасига кириши тақиқланади.


98. Ҳаракатланиш навбати светофор ёки тартибга солувчининг ишоралари билан бошқариладиган чорраҳа - тартибга солинган чорраҳа ҳисобланади.

Милтилловчи сариқ ишора ёниб-ўчаётган, светофорлар ишламаётган ёки тартибга солувчи бўлмаган чорраҳа - тартибга солинмаган чорраҳа ҳисобланади. Ҳайдовчилар тартибга солинмаган чорраҳалардан ўтиш қоидаларига ҳамда чорраҳада ўрнатилган имтиёз белгиларига амал қилишлари шарт.

Айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга.



15-БОБ. ТАРТИБГА СОЛИНГАН ЧОРРАҲАЛАР


99. Светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чапга бурилаётган ёки қайрилиб олаётган рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси қарама-қарши томондан тўғрига ҳаракатланаётган ва ўнгга бурилаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Трамвай ҳайдовчилари ҳам ушбу Қоидага амал қилишлари керак.


100. Светофорнинг тақиқловчи қизил ёки сариқ ишораси билан бир вақтда ёнган қўшимча тармоқнинг кўрсаткичли яшил ишораси йўналишида ҳаракатланаётган ҳайдовчи бошқа йўналишлардан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.


101. Агар светофор ёки тартибга солувчининг ишоралари трамвай ва рельссиз транспорт воситаларига бир вақтда ҳаракатланишга рухсат берса, ҳаракатланиш йўналишидан қатъи назар, трамвай олдин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

Светофорнинг қизил ёки сариқ ишораси билан бир вақтда ёнган қўшимча тармоғининг йўналтиргичли яшил ишораси йўналишида ҳаракатланаётган трамвай бошқа йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.


102. Светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чорраҳага кирган ҳайдовчи ундан чиқишда светофор ишораларидан қатъий назар, мўлжалланган йўналишда ҳаракатланишни давом эттириши керак. Бироқ чорраҳада ҳайдовчининг ҳаракатланиш йўлида жойлашган светофорлар олдида тўхташ чизиқлари (ёки 5.33 йўл белгиси) бўлса, у ҳар бир светофор ишораларига амал қилиши шарт.


103. Светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситалари ва қатнов қисмидан тегишли йўналишда ўтишни тугаллаётган пиёда(лар)га йўл бериши шарт.



16-БОБ. ТАРТИБГА СОЛИНМАГАН

ЧОРРАҲАЛАР


104. Тенг аҳамиятга эга бўлмаган йўллар кесишган чорраҳада иккинчи даражали йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси асосий йўлдан яқинлашаётган транспорт воситаларига уларнинг кейинги ҳаракатланиш йўналишидан қатъий назар, йўл бериши керак.

Бундай чорраҳаларда трамвай ҳаракатланиш йўналишидан қатъий назар, тенг аҳамиятли йўлда бир йўналишда ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган рельссиз транспорт воситаларига нисбатан имтиёзга эга.


105. Тенг аҳамиятга эга бўлган йўллар кесишган чорраҳада рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси ўнгдан яқинлашаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари керак.

Бундай чорраҳаларда кейинги ҳаракат йўналишидан қатъий назар, трамвай рельссиз транспорт воситаларига нисбатан олдин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.


106. Асосий йўлнинг йўналиши чорраҳада ўзгарганда, асосий йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ўзаро тенг аҳамиятли йўллар чорраҳасидан ўтиш қоидасига амал қилишлари керак.

Иккинчи даражали йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам ўзаро шу қоидага амал қилишлари керак.


107. Чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси тенг аҳамиятли йўлдан қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари керак.


108. Агар ҳайдовчи ўзи ҳаракатланаётган йўлнинг қопламаси бор-йўқлигини аниқлай олмаса (қоронғи вақт, лой, қор ва бошқалар) ва имтиёз белгилари бўлмаса, унда у ўзини иккинчи даражали йўлда деб ҳисоблаши керак.



17-БОБ. ПИЁДАЛАРНИНГ ЎТИШ ЖОЙЛАРИ ВА

ЙЎНАЛИШЛИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

БЕКАТЛАРИ


109. Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмининг шу йўналишини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шарт.


110. Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни тасмаларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда(лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.


111. Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак.


112. Пиёдалар ўтиш жойларидан кейин пайдо бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхташга мажбур бўладиган бўлса, пиёдалар ўтиш жойига кириш тақиқланади.


113. Барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёда(лар)ни ўтказиб юбориши керак.


114. Агар йўловчиларни тушириш ёки чиқариш қатнов қисмида ёки унда жойлашган майдончада амалга оширилаётган бўлса, ҳайдовчи бекатда тўхтаган йўналишли транспорт воситаси эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёда(лар)га йўл бериши керак.


115. "Болалар гуруҳини ташиш" таниқлик белгиси ўрнатилган, авария ишораси ёқилган транспорт воситаси тўхтаганда, унга яқинлашаётган ҳайдовчи ҳаракат тезлигини камайтириши, зарур бўлса, тўхташи ва болаларни ўтказиб юбориши шарт.



18-БОБ. ТЕМИР ЙЎЛ КЕСИШМАЛАРИ ОРҚАЛИ

ҲАРАКАТЛАНИШ


116. Транспорт воситаларининг ҳайдовчилари темир йўлларни фақат темир йўл кесишмалари орқали поезд (локомотив, дрезина)ларга йўл бериб кесиб ўтишлари лозим.


117.Темир йўл кесишмасига яқинлашиб уни кесиб ўтмоқчи бўлган ҳайдовчи кесишма навбатчисининг кўрсатмаларига, светофорлар ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларига, шлагбаум ҳолатига амал қилиши ва яқинлашаётган поезд (локомотив, дрезина) йўқлигига ишонч ҳосил қилиш шарт.


118. Қуйидаги ҳолларда темир йўл кесишмасига кириш тақиқланади:

светофор ишорасидан қатъи назар, шлагбаум ёпиқ турган ёки ёпила бошлаган ҳолатда, кесишмани тўсувчи қурилма кўтарилиб турган ёки кўтарила бошлаган ҳолатда;

шлагбаумнинг ҳолатидан ва бор-йўқлигидан қатъий назар светофорнинг тақиқловчи ишорасида;

кесишма навбатчисининг тақиқловчи ишорасида (навбатчи ҳайдовчига олди ёки орқаси билан туриб жезлни, қизил чироқ ёки байроқчани юқорига кўтариб турса ёки қўлларини ёнга узатса);

агар кесишмадан кейин, ҳайдовчини кесишмада тўхташга мажбур қиладиган тирбандлик пайдо бўлса;

агар кўриниш чегарасидаги масофада кесишмага поезд (локомотив, дрезина) яқинлашаётган бўлса.

Бундан ташқари:

кесишма олдида турган транспорт воситаларини қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиб айланиб ўтиш;

шлагбаумни ўзбошимчалик билан очиш;

транспорт ҳолатига келтирилмаган қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши, қурилиш ва бошқа машина ҳамда механизмларни кесишма орқали олиб ўтиш;

темир йўл дистанцияси бошлиғининг рухсатисиз тезлиги соатига 8 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


119. Кесишма орқали ҳаракатланиш тақиқланган ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи, 2.5 йўл белгиси ёки светофор олдида, улар бўлмаганда шлагбаумга камида 5 метр, шлагбаум бўлмаганда эса биринчи темир йўл изига камида 10 метр қолганда тўхташи керак.


120. Темир йўл кесишмасида мажбуран тўхтаб қолган транспорт воситасининг ҳайдовчиси дарҳол одамларни тушириш ва кесишмани бўшатиш чораларини кўриши;

Шу билан бир вақтда ҳайдовчи:

имконияти бўлганда, яқинлашиб келаётган поезд машинистига тўхташ ишорасини бериш қоидасини тушунтириб, икки кишини темир йўл ёқаси бўйлаб иккала томонга 1000 метр масофага (агар бир киши бўлса - уни йўл яхши кўринмайдиган томонга) юбориши;

транспорт воситаси ёнида қолиши ва умумий хатар ишорасини бериши;

поезд кўринганда тўхташ ишорасини бериб, у келаётган томонга югуриши керак.

Тўхташ ишораси қўлни (кундузи ёрқин мато парчаси ёки аниқ кўринадиган бирор нарса билан, тунда эса машъала ёки чироқ билан) гир айлантириш орқали берилади.

Битта узун ва учта қисқа товушли ишоралар умумий хатар ишораси ҳисобланади.



19-БОБ. АВТОМАГИСТРАЛЛАРДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


121. Автомагистралларда қуйидагилар тақиқланади:

пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзиюрар ускуналар, техник тавсифномасига ёки ҳолатига кўра тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;

юк автомобилларига йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиши;

5.15 ёки 6.11 йўл белгилари билан белгиланган махсус тўхтаб туриш майдончаларидан бошқа жойларда тўхташ;

ажратувчи бўлакнинг технологик узилиш жойларига кириш ва уларда қайрилиб олиш;

орқага ҳаракатланиш;

транспорт воситасини ўрганиш учун бошқариш.


122. Ҳайдовчи қатнов қисмида мажбурий тўхтаганда, транспорт воситасини ушбу Қоидаларнинг 8-боби талабларига мувофиқ белгилаши ва бундай ҳолатлар учун мўлжалланган тасмага (қатнов қисмининг четини билдирувчи чизиқдан ўнгроқда) олиб чиқишнинг барча чораларини кўриши керак.



20-БОБ. ТУРАР ЖОЙ ДАҲАЛАРИДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


123. Турар жой даҳалари (кириш ва чиқиш 5.38 ва 5.39 йўл белгилари билан белгиланган ҳудудлар)да пиёдаларга тротуарлар ҳамда қатнов қисмида ҳаракатланишга рухсат этилади. Бунда пиёдалар имтиёзга эга бўладилар, бироқ улар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига асоссиз халақит бермасликлари керак.


124. Турар жой даҳаларида қуйидагилар тақиқланади:

механик транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш;

двигатели ишлаб турган ҳолда тўхтаб туриш;

рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг махсус ажратилган, йўл белгилари ва (ёки) йўл чизиқлари билан белгиланган жойлардан ташқарида тўхтаб туриши.


125. Турар жой даҳаларида ҳайдовчилар пиёдалар хавфсизлигини, шунингдек, ушбу ҳудуддаги иншоот, қурилма ва ўсимликларнинг шикастланмаслигини таъминлаши зарур.


126. Турар жой даҳаларидан чиқишда ҳайдовчилар бошқа ҳаракат қатнашчиларига йўл беришлари керак.


127. Ушбу боб талаблари даҳалар ва ҳовли ҳудудларига (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасига) ҳам тегишлидир.



21-БОБ. ТИК БАЛАНДЛИК ВА НИШАБЛИКЛАРДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


128. Агар йўлнинг 1.13 ва 1.14 йўл белгилари билан белгиланган қияликларда, қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланишни қийинлаштирадиган тўсиқ бўлса, нишабликка ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл бериши керак.


129. Тик нишабликда, довонда ва 1.13 йўл белгиси ўрнатилган йўл қисмида тормоз тизими ишламай қолган транспорт воситасини тўхтатиш учун ҳайдовчи уни 5.40 йўл белгиси билан белгиланган аварияли ҳолатларга мўлжалланган йўлга йўналтириш керак.


130. Йўлнинг 1.13 йўл белгиси билан белгиланган қисмида узатма ва илашиш механизми (сцепление) ажратилган ҳолатда ҳаракатланиш тақиқланади.



22-БОБ. ЙЎНАЛИШЛИ ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ИМТИЁЗЛАРИ


131. Трамвай йўллари чорраҳадан ташқарида қатнов қисмини кесиб ўтадиган жойларда трамвай рельссиз транспорт воситаларига нисбатан имтиёзга эга бўлади (деподан чиқиш жойлари бундан мустасно).


132. Йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун 5.9, 5.10.1-5.10.3 йўл белгилари билан ажратилган тасмада бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи тақиқланади.

Агар 5.9 йўл белгиси билан белгиланган тасма қатнов қисмининг бошқа тасмалардан узуқ-узуқ чизиқ билан ажратилган бўлса, бурилмоқчи бўлаётган транспорт воситалари бу тасмага қайта тизилишлари керак.

Шунингдек, бундай жойларда йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бермаслик шарти билан йўлга чиқиш, қатнов қисмининг четки ўнг томонида йўловчиларни чиқариш ва тушириш учун бу бўлакка ўтишга рухсат этилади.


133. Ҳайдовчилар аҳоли пунктларида бекатдан ҳаракатланишни бошлаётган автобус ва троллейбусларга йўл беришлари керак. Ўз навбатида автобус ва троллейбус ҳайдовчилари ўзларига йўл берилганлигига ишонч ҳосил қилганликларидан кейингина ҳаракатланишни бошлашлари мумкин.

Йўналишли транспорт воситаларига бекатлардан ташқари жойларда йўловчи олиш ва тушириш тақиқланади (йўналишли таксилар бундан мустасно).



23-БОБ. ТАШҚИ ЁРИТИШ АСБОБЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


134. Сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда, шунингдек йўлнинг ёритилганлигидан қатъи назар, туннелларда ҳаракатланаётган транспорт воситасида қуйидаги ёритиш асбоблари ёқилган бўлиши керак:

барча механик транспорт воситаларида ва мопедларда - узоқни ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари;

велосипедларда - фара ёки чироқлар (агар мавжуд бўлса);

тиркамаларда ва шатакка олинган механик транспорт воситаларида - габарит фара чироқлари.


135. Қуйидаги ҳолларда узоқни ёритувчи фара чироқлари ўрнига яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилиши керак:

йўл ёритилган бўлса;

қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасига камида 150 метр масофа қолганда, шунингдек, қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасининг ҳайдовчиси фара чироқларини вақти-вақти билан ўчириб-ёқиб бунга зарурат борлигини билдирган ҳолларда ундан ҳам кўпроқ масофада;

қарама-қарши ва бир йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кўзини қамаштириши мумкин бўлган бошқа барча ҳолатларда.

Кўзи қамашган ҳайдовчи авария ишораларини ёқиши, ҳаракатланиш бўлагини ўзгартирмасдан тезликни камайтириши ва тўхташи керак.


136. Сутканинг қоронғи вақтида йўлнинг ёритилмаган қисмида, шунингдек, етарлича кўринмайдиган шароитда тўхтаган ёки тўхтаб турган транспорт воситасида габарит фара чироқлари ёқилган бўлиши керак.

Етарлича кўринмайдиган шароитда габарит чироқларига қўшимча равишда яқинни ёритувчи фара чироқлари, туманга қарши фара чироқлари ва туманга қарши орқа фара чироқлари ёқилиши мумкин.


137. Қуйидаги ҳолларда туманга қарши фара чироқларидан фойдаланиш мумкин:

етарлича кўринмайдиган шароитда алоҳида, шунингдек, узоқни ёритувчи ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари билан;

сутканинг қоронғи вақтида йўлнинг ёритилмаган қисмларида узоқни ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари билан бирга;

ушбу Қоидаларнинг 138-бандида кўзда тутилган ҳолатларда яқинни ёритувчи фара чироқлари ўрнига.


138. Сутканинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилиши керак:

транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;

йўловчиларни ташиётган автобуслар ва йўналишли транспорт воситаларида;

болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

кучли ёғингарчилик (ёмғир, қор) шароитида;

мотоцикл ва мопедларда.


139. Конструкциясида прожектор-фара чироқлари ва изловчи-фара чироқлари бўлган транспорт воситаларидан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин:

аҳоли пунктларидан ташқарида;

қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари бўлмаганда.

Аҳоли пунктларида эса бундай фара чироқларидан фойдаланишга фақат ушбу Қоидаларнинг 25 ва 28-бандларида кўзда тутилган транспорт восталари ҳайдовчиларига рухсат этилади.


140. Туманга қарши орқа фара чироқларини фақат етарлича кўринмайдиган шароитда қўллаш мумкин. Туманга қарши орқа фара чироқларини тўхташ фара чироқлари (стоп-сигнал)га улаш тақиқланади.


141. "Автопоезд" таниқлик белгиси автопоезд ҳаракатланаётганда, шунингдек, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлда тўхташ ва тўхтаб туриш пайтида ҳам ёқиб қўйилиши керак.



24-БОБ. МЕХАНИК ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ШАТАККА ОЛИШ


142. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олиш шатакка олинган транспорт воситасининг руль бошқарувида ҳайдовчи бўлгандагина амалга оширилиши керак. Тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланганда қаттиқ улагичнинг конструкцияси шатакка олинган транспорт воситасини шатакка олган транспорт воситасининг изидан ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳоллар бундан мустасно.


143. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олинган автобусда, троллейбусда ва юк автомобили юкхонасида одам ташиш қисман ортиш йўли билан шатакка олишда эса шатакка олинган транспорт воситасининг кабинасида ва юкхонасида, шунингдек шатакка олган транспорт воситасининг юкхонасида одамлар бўлиши тақиқланади.


144. Эгилувчан улагич билан шатакка олишда шатакка олган ва шатакка олинган транспорт воситалари ўртасидаги масофа 4 - 6 метр оралиғида бўлиши, қаттиқ улагич билан шатакка олишда эса 4 метрдан кўп бўлмаслиги керак.

Эгилувчан улагич ушбу Қоидаларнинг 177-банди талабларига мувофиқ белгиланиши керак.


145. Шатакка олиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:

руль бошқаруви ишламаётган транспорт воситаларини (қисман ортиш усули билан шатакка олиш бундан мустасно);

икки ва ундан кўп транспорт воситаларини;

шатакка олинган ва шатакка олган транспорт воситаларининг улагич билан бирга умумий узунлиги 20 метрдан ортиқ бўлса;

ишчи тормоз тизими ишламаётган транспорт воситасининг ҳақиқий вазни шатакка олган транспорт воситасининг ҳақиқий вазнининг ярмидан ортиқ бўлса (ҳақиқий вазни кам бўлган бундай транспорт воситасини фақат қаттиқ улагич билан ёки қисман ортиш усули билан шатакка олишга йўл қўйилади);

икки ғилдиракли мотоцикллар билан, шунингдек, бундай мотоциклларни;

йўл яхмалак, сирпанчиқ бўлган ҳолларда эгилувчан улагичда.



25-БОБ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

БОШҚАРИШНИ ЎРГАТИШ


146. Транспорт воситаларини бошқаришни дастлабки ўргатишга ёпиқ майдончаларда ёки автодромларда ўтказилиши керак.


147. Йўлларда транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш фақат амалий бошқарувни ўргатувчи иштирокида дастлабки бошқарув кўникмаларига эга бўлган ўрганувчига рухсат этилади. Ўрганувчи Қоидалар талабларини билиши ва уларга амал қилиши шарт.


148. Транспорт воситасини бошқаришни ўргатаётган вақтда амалий бошқарув ўргатувчисида транспорт воситасини бошқаришни ўргатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.


149. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун ўрганувчи ўқув муддати якунида:

"А" тоифаси учун - 16 ёшга;

"В" ва "С" тоифалари учун - 18 ёшга;

"BE" ва "CE" тоифалари учун- 19 ёшга;

"D" ва "DE" тоифалари ҳамда трамвай ва троллейбуслар учун 21 ёшга тўлган бўлиши керак.


150. Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситалари "Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси" таниқлик белгиси ва ўргатувчи учун улагич (сцепление) ва тормознинг қўшимча тепкилари, орқани кўрсатувчи кўзгу ҳамда ушбу транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишини назорат қилиш имконини берадиган GPS қурилмалари билан жиҳозланиши керак.

151. Бошқаришни ўргатиш йўналишлари ушбу Қоидаларнинг 183-бандига мувофиқ ДЙҲХХ билан келишилиши шарт. Бошқа йўлларда бошқаришни ўргатиш тақиқланади.



26-БОБ. ОДАМ ТАШИШ


152. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобилининг юкхонасида одам ташиш "С" тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган (одамлар сони кабинадаги йўловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлмаса) ва шу тоифадаги транспорт воситасини камида 3 йил давомида бошқарган ҳайдовчилар томонидан амалга оширилиши керак.

Юк транспорт воситаларининг юкхонасида ташиладиган одамлар сони кабинадаги йўловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлганда, ҳайдовчи мазкур банднинг биринчи хатбошида белгиланган талабларга қўшимча "D" тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига ҳам эга бўлиши керак.

Ҳарбий ҳайдовчиларнинг юк автомобилларида одам ташишига рухсат бериш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


153. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобили юкхонасининг борти 1,3 метрдан кам бўлмаслиги шарт. Бунда юкхонанинг пастки қисмидан 0,3-0,5 метр баландликда маҳкамланган ўриндиқлар жиҳозланган бўлиши керак.


154. Одам ташиш учун мослаштирилмаган юк автомобилларининг юкхонасида фақат юкни олиш учун бораётган ёки уни кузатиб бораётган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилади, бунда улар борт сатҳидан пастда ўтириш учун ўриндиқлар билан таъминланган бўлиши керак.


155. Шаҳарлараро, сайёҳлик, экскурсия ёки тоғли йўналишларда ва болалар гуруҳини ташкилий равишда ташиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги 424-сон қарори ҳамда 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларга мувофиқ амалга оширилади.


156. Болалар гуруҳини ташкилий ташишда автобус (микроавтобус)да катта ёшли кузатиб борувчи(лар) бўлиши шарт.

Бундай автобус (микроавтобус)ларнинг олди ва орқа томонига "Болалар гуруҳини ташиш" таниқлик белгиси ўрнатилиши керак.


157. Ҳаракатни бошлашдан олдин ҳайдовчи йўловчиларга ҳавфсизлик чоралари, автомобилга чиқиш, ундан тушиш ва унга жойлашиш тартиби ҳақида тушунча бериши керак.

Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсиз ташиш шароити таъминланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


158. Ҳайдовчи транспорт воситаси тўлиқ тўхтагандан кейин йўловчиларнинг чиқиши ва тушишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак. Эшиклар ёпилгандан сўнг ҳаракатланишни бошлаши ва тўлиқ тўхтамагунча уларни очмаслиги шарт.


159. Одамларни ташиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

болаларни юк автомобилларининг юкхонасида;

транспорт воситасининг кабинасидан ташқарида (одам ташиш учун мўлжалланган бортли юк ёки фургон-юк хонали автомобиллар бундан мустасно);

Тракторлар ва бошқа ўзиюрар ускуналар, юк ташиладиган тиркамалар, тиркама-уйча, юк мотоцикллари юкхонасида;

Мотоциклларнинг конструкциясида кўзда тутилган жойларидан ташқарида;

12 ёшга тўлмаган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғида, шунингдек болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган транспорт воситасининг олд ўриндиғида;

одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлганда.

Бунда транспорт воситасининг ҳақиқий вазни уни ишлаб чиқарган корхона белгилаган рухсат этилган вазндан ошмаслиги керак.



27-БОБ. ЮК ТАШИШ


160. Ташилаётган юкнинг вазни ва ўқларга тушадиган оғирлик миқдорининг тақсимланиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ва ишлаб чиқарган корхона томонидан ушбу транспорт воситаси учун белгиланган миқдордан ошмаслиги керак.


161. Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин юкнинг тўғри жойлашганлигига ва маҳкамланганлигига ишонч ҳосил қилиши, ҳаракатланиш вақтида эса, юкнинг тушиб кетмаслигини ва ҳаракатланишга халақит бермаслигини таъминлаш мақсадида унинг ҳолатини кузатиб бориши керак.


162. Қуйидаги шартларга амал қилинганда юк ташишга йўл қўйилади:

агар юк ҳайдовчига теварак-атроф кўринишини чекламаса;

транспорт воситасини бошқаришни қийинлаштирмаса ва мувозанатини бузмаса;

ташқи ёритиш асбоблари, габарит фара чироқларини ва ёруғлик қайтаргичларини, рўйхатдан ўтказилганлик давлат рақам белгилари ва таниқлик белгиларни, шунингдек, қўл билан бериладиган ишораларни кўришини тўсмаса;

сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, O3 ва О4 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаларида мажбурий тартибда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/кв.м дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/кв.м дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган бўлса. Бунда тент бортни ҳар томондан 200±50 мм дан кам бўлмаган ҳолда ёпиши ва маҳкамловчи мосламалар билан қотирилиши лозим;

шовқин солмаса, чанг кўтармаса, йўлни ва атроф муҳитни ифлос қилмаса;

енгил автомобилнинг том қисмига ўрнатилган юкхонасидаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда велосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаса.

Агар юкнинг жойлашуви ва ҳолати қайд этилган талабларга жавоб бермаса, ҳайдовчи юқорида санаб ўтилган қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўриши, бунинг иложи бўлмаса, кейинги ҳаракатланишни тўхтатиши шарт.


163. Транспорт воситасининг габаритларидан олди ёки орқа томонга 1 метрдан, ён томонга габаритнинг четки қисмидан 0,4 метрдан ортиқ чиқиб турган юк "Катта ўлчамли юк" таниқлик белгиси билан белгиланиши, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса бунга қўшимча равишда олди оқ рангли чироқ ёки ёруғлик қайтаргич, орқаси эса қизил рангли чироқ ёки ёруғлик қайтаргич билан белгиланиши керак.


164. Катта ҳажмли ва оғир вазнли ҳамда хавфли юкларни ташишда габарит ўлчамлари юкли ёки юксиз ҳолда эни бўйича 2,55 (рефрижераторлар ва изотермик кузовлар учун - 2,6) метрдан ва баландлиги йўл сатҳидан 4 метрдан, узунлиги якка автотранспорт воситаси учун - 12 метрдан, ярим тиркамали ва тиркамали автопоезд учун - 20 метрдан ортиқ бўлган ёки юки транспорт воситасининг олди ва орқа нуқтасидан 2 метрдан ортиқ чиқиб турган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ДЙҲХХ билан келишилиши шарт.

Автобус ва микроавтобуслар томига юк ташиш учун мосламалар ўрнатиш, ҳамда белгиланмаган жойларда юк ташиш тақиқланади.

Транспорт воситасида ҳалқаро юк ташиш транспорт воситаларига қўйиладиган талабларга ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



28-БОБ. ВЕЛОСИПЕД, МОПЕД ВА АРАВАЛАР

ҲАРАКАТЛАНИШИГА, ШУНИНГДЕК,

ҲАЙВОНЛАРНИ ҲАЙДАБ ЎТИШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


165. Йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопедни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.


166. Велосипедлар, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, аравалар жамланмаси, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак.


167. Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Сутканинг қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ёки чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ёки чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шарт.

Ушбу нур қайтарувчи элементли парчалар бошқа ҳайдовчилар томонидан кўриниши таъминланиши керак.


168. Велосипедчиларга ва мопед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:

рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно);

йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно);

габаритидан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;

велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;

трамвай ҳаракатланадиган йўлларда ва шу йўналишда ҳаракатланиш учун бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш;

йўлда мотошлемни қадаб олмасдан ҳаракатланиш (мопед ҳайдовчилари учун);

йўлнинг қатнов қисмидан, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойидан велосипедларни бошқариб кесиб ўтиш (велосипед йўлакларида ҳаракатланиш бундан мустасно).

Велосипедларни ва мопедларни шатакка олиш, шунингдек, улардан шатакка олишда фойдаланиш тақиқланади (велосипед ёки мопедга мўлжалланган тиркамаларни шатакка олиш бундан мустасно).


169. Чорраҳадан ташқаридаги тартибга солинмаган велосипед йўлкаси билан йўл кесишмасида велосипед ва мопед ҳайдовчилари йўлда ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларига йўл беришлари керак.

Велосипед йўлкаси ва пиёдалар йўлкаси (тротуар) ўзаро кесишган ҳолатларда велосипедчи пиёдага йўл бериши керак.


170. От-араваларда уларни тўхтатиб турадиган мослама ва орқага тисарилиб кетишга йўл қўймайдиган тиргаклар бўлиши керак.

Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳаракатланганда от-араванинг олд томонига оқ рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич, орқа томонига эса қизил рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Ёндош ҳудуддан ёки иккинчи даражали йўлдан кўриниши чекланган жойларда йўлга чиқаётган арава ҳайдовчиси ҳайвонларнинг жиловини қўйиб юбормаслиги керак.


171. Ҳайвонларни йўлда, асосан сутканинг ёруғ вақтида ҳайдаб борилиши керак. Подачилар ҳайвонларни мумкин қадар йўлнинг йўл ёқасида олиб юришлари керак.


172. Ҳайвонларни темир йўл кесишмалари орқали ҳайдаб ўтишда подачилар сонини ҳисобга олган ҳолда ҳайвонлар подаси хавф-хатарсиз ҳайдаб ўтилиши таъминланадиган тўдаларга бўлиниши керак.


173. Аравани бошқараётган, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни, подани ҳайдаб кетаётган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

йўлларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш;

подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунингдек рухсат этилган жойларда эса сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳайдаб ўтиш;

бошқа йўллар бўлганда ҳайвонларни мукаммал қопламали йўлларда ҳайдаб бориш;

кўкаламзорлаштирилган жойларда (йўл, йўл ёқаси, ажратувчи минтақа ва бошқалар) ҳайвонларни боқиш ва боғлаб қўйиш.



29-БОБ. МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЙЎЛГА ЧИҚАРИШ,

РАҚАМ ВА ТАНИҚЛИ БЕЛГИЛАРИНИ ЎРНАТИШ

БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИ


174. Йўл ҳаракатида иштирок этадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозлари "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Транспорт воситаларини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш ҳамда эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.


175. Механик транспорт воситаларининг (трамвайлардан, троллейбуслардан ташқари) ва тиркамаларнинг кўзда тутилган жойларида тегишли намунадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари ўрнатилган бўлиши шарт.

Юк автомобиллари, тиркамалар (енгил автомобиллар ва мотоцикллар тиркамаларидан ташқари) ва автобуслар (микроавтобуслардан ташқари) кузовининг орқа деворига унинг давлат рақам белгиси ва ҳарфлари ёзилиши керак. Рақамнинг баландлиги 300 миллиметр, кенглиги 120 миллиметр, чизиғининг йўғонлиги 30 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳарфлар баландлиги эса рақам ўлчамларининг 2/3 қисмига тенг бўлиши керак.

Трамвайларга ва троллейбусларга тегишли ташкилот томонидан рўйхатга олинган рақамлар ёзилади.


176. Транспорт воситаларига таниқлик белгилари ўрнатилиши керак:


"Автопоезд" - юк автомобиллари ва ғилдиракли трактор (1,4 тонна ва ундан юқори)ларда тиркама бўлганда, шунингдек туташтирилган автобус ва троллейбус кабиналари томининг олд қисми ўртасига бир қатор қилиб 150 дан 300 миллиметргача оралиқда кўндаланг жойлашган учта зарғалдоқ рангли чироқ ёки ичидан ёритиладиган, томонларининг ҳар бири 250 миллиметр бўлган сариқ рангли учбурчак шаклидаги белги;


"Турумланган" (тишли, шипли) - турумланган шинали механик транспорт воситаларининг орқасида - ичига қора рангда "Т" ҳарфи туширилган, қизил ҳошияли, оқ рангли учи юқорига йўналтирилган тенг томонли учбурчак кўринишида. Учбурчакнинг томонлари 200 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;


"Болалар гуруҳини ташиш" - болалар гуруҳини ташкилий ташишда, транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига қизил ҳошияли, ичига 1.21 йўл белгисидаги болалар тимсолининг тасвири туширилган, сариқ рангдаги, томонлари тенг бўлган тўртбурчак (квадрат) кўринишидаги белги. Тўртбурчакнинг томонлари 250 - 300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги тўртбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;


"Кар ҳайдовчи" - кар-соқов ёки кар ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонларида - ичига учи пастга йўналган ҳаёлий тенг томонли учбурчакнинг бурчаклари бўйича диаметри 40 миллиметр бўлган учта қора доира туширилган, диаметри 160 миллиметрни ташкил этадиган сариқ рангли доира кўринишида;


"Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситаси" - бошқаришни ўргатишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида - ичига қора рангда "O" ҳарфи туширилган, томонлари 200 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган қизил ҳошияли, оқ рангли, учи юқорига йўналган тенг томонли учбурчак кўринишида. Белги ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;


"Тезлик чекланган" - болалар гуруҳини ташкилий ташишни амалга ошираётган, оғир вазнли, хавфли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, шунингдек, транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезлиги Қоидаларнинг 78, 79 ва 80-бандларида белгиланган тезликдан кам бўлган ҳолларда, механик транспорт воситалари кузови орқа деворининг чап томонига 3.24 - "Юқори тезлик чекланган" йўл белгисининг кичрайтирилган, рангли тасвири туширилган кўринишидаги белги. Белгининг диаметри 160 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги белги диаметрининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;


"Хавфли юк" - хавфли юкни ташиётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатилган ўлчами 690 х 300 миллиметр, ўнг қисми 400 х 300 миллиметр бўлган зарғалдоқ рангли, чап қисми эса юкнинг хавфли хусусиятини билдириб турган белгилар туширилган қора ҳошияли (кенглиги 15 миллиметр) оқ рангдаги тўртбурчак шаклидаги белги (ушбу Қоидаларга 4-илова);


"Катта ўлчамли юк" - ичига кенглиги 50 миллиметрли, диагонал бўйича навбатма-навбат қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали, ўлчами 400 х 400 миллиметрли тўртбурчак шаклидаги белги;


"Узун ўлчамли транспорт воситаси" - юкли ва юксиз узунлиги 20 метрдан ошадиган транспорт воситасининг, икки ёки ундан кўпроқ тиркамали автопоездларнинг орқасида - кенглиги 40 миллиметр бўлган қизил ҳошияли, ўлчами 1200х200 миллиметр бўлган, сариқ рангли, нур қайтарувчи тўртбурчак шаклидаги белги.

Кўрсатилган ўлчамли белгини жойлаштиришнинг имконияти бўлмаса, бир хил иккита 600х200 миллиметр ўлчамдаги белгини транспорт воситасининг ўқига симметрик равишда ўрнатишга йўл қўйилади;


"Авария сабабли тўхташ" - давлат стандарти талаблари асосидаги учбурчак шаклидаги белги;


Ҳайдовчининг хоҳишига кўра таниқлик белгилари ўрнатилган бўлиши мумкин:


"Шифокор" - шифокор-ҳайдовчилар бошқараётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида - томонлари 140 миллиметр бўлган, кўк рангли, ичида диаметри 125 миллиметрли оқ доирага баландлиги 90 миллиметр, чизиғининг кенглиги 25 миллиметр бўлган қизил хоч туширилган квадрат кўринишидаги белги;


"Ногиронлиги бўлган шахс" - биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётган, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ёки ногиронлиги бўлган болаларни ташиётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида - барча томонлари 150 миллиметрдан бўлган ва ичига 7.17 йўл белгисининг қора рангли тимсоли туширилган сариқ рангли квадрат кўринишидаги белги;


"Ҳайдовчиликни энди бошлаган" - "Ҳайдовчилик малакаси етарли бўлмаган" ҳайдовчилик стажи 2 йилдан кам бўлган ҳайдовчилар бошқараётган механик транспорт воситаларининг (тракторлар, ўзиюрар машиналар ва мотоцикл-лардан ташқари) орқасида - ичига қора рангли 110 миллиметр баландликдаги "!" белгисининг тасвири туширилган, сариқ рангли, томонлари 150 миллиметр бўлган квадрат кўринишидаги белги.


Ушбу бандда назарда тутилган таниқлик белгилардан бошқа таниқлик белгиларини ўрнатиш, шунингдек, транспорт воситасининг кузови ва ойналарига турли хил ёзувлар киритиш тақиқланади, транспорт воситасининг кузовига реклама мақсадларида белгиланган тартибда ёзувлар киритиш бундан мустасно.


177. Механик транспорт воситаларини шатакка олишда эгилувчан улагични кўрсатадиган огоҳлантирувчи, ўлчами 200х200 миллиметр бўлган, диагонали бўйича кетма-кет жойлашган, кенглиги 50 миллиметрли қизил ва оқ рангли энли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали байроқчалар ёки квадрат кўринишидаги белги ўрнатилиши керак.

Эгилувчан улагичга камида иккита таниқли белгиси ўрнатилади.


178. Қаттиқ улагичли қурилманинг конструкцияси техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мос бўлиши керак.


179. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади:

автомобиллар, автобуслар, автопоездлар, тиркамалар, мотоцикллар, мопедлар, велосипедлар, тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналарнинг техник ҳолати ва жиҳозланиши транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлайдиган носозликлар ва шартлар рўйхатининг талабларига (3-иловага мувофиқ) жавоб бермаса;

троллейбусларда ва трамвайларда тегишли техник фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган носозликлардан бирортаси бўлса;

транспорт воситалари белгиланган тартибда давлат техник кўригидан ўтмаган бўлса;

тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган бўлса (автомототранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома талаб этилган ҳолларда);

транспорт воситалари ДЙҲХХ рухсатисиз ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишора билан жиҳозланган, кузовининг ён юзаларига ДЙҲХХ билан келишилмасдан рангли бўёқ чизмалар, қия оқ чизиқлар тортилган, кўзда тутилган жойларга тегишли давлат рақам белгилари ўрнатилмаган, агрегат ва қисмларининг рақамлари ёки тегишли намунадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаштирилган, ўзгартирилган бўлса;

кузовининг ён юзаларига йўналишсиз таксининг рангли расмлар чизмасига ва (ёки) томида такси чироғига эга бўлган транспорт воситаларидан, агар бундай транспорт воситасининг ҳайдовчисида белгиланган тартибда берилган йўловчилар ташишни амалга ошириш бўйича рухсатнома бўлмаса;

сариқ ёки зарғалдоқ рангли чироқ-маёқча билан жиҳозланган, ДЙҲХХда қайд этилмаган транспорт воситаларидан (катта ўлчамли юкларни, портловчи, осон алангаланадиган, радиоактив ва юқори даражали хавфга эга бўлган моддаларни ташиётган транспорт воситаларидан ташқари).


180. Транспорт воситаларининг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

техник носоз, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган, белгиланган тартибда рўйхатдан ва давлат техник кўригидан ўтказилмаган ёки тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини йўлга чиқариш;

мастлик (гиёҳвандлик моддалар, алкоголь ва бошқалар) ҳолатида ёки сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ёки бетоблик ҳолатида, шунингдек тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган, белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни транспорт воситасини бошқаришга қўйиш;

занжирли тракторларни ва бошқа ўзиюрар ускуналарни ҳаракатланиш учун асфальт ёки цемент-бетон қопламали йўлларга чиқариш.


181. Йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларининг ҳолатига жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар:

йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳаракатланиш учун хавфсиз ҳолатда сақлашга;

оммавий ахборот воситалари ёрдамида йўл ҳаракатига киритилган чекловлар ва ўзгартиришлар ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларини хабардор қилишга;

йўл ҳаракатига халақит берадиган ҳар қандай тўсқинлик вужудга келса, уларни ўз вақтида бартараф этиш, йўлнинг айрим қисмларида улардан фойдаланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолларда ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш чораларини кўришга мажбур.


182. Йўлларда таъмирлаш ишларини бажаришга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар ишлар олиб борилаётган жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга мажбур. Бундай жойлар, шунингдек, йўлдан ташқарига олиб чиқиш имконияти бўлмаган иш бажармаётган йўл машиналари, қурилиш материаллари, қурилма ва шунга ўхшашлар тегишли йўл белгилари, йўналтирувчи ва тўсувчи мосламалар билан, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса қўшимча қизил ёки сариқ чироқли ишоралар билан белгиланиши керак.

Таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланган бўлиши керак.


183. Қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда тегишли мансабдор ва бошқа шахслар томонидан ДЙҲХХ билан белгиланган тартибда қуйидагилар келишилиши шарт:

шаҳарларда ва автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ташкил этишни лойиҳалаш, йўлларни ҳаракатланишни ташкил этувчи техник воситалар билан жиҳозлаш ва қайта жихозлаш;

ушбу Қоидаларнинг 164-бандида келтирилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;

рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари контрукциясига йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишига таъсир қиладиган ўзгартиришлар киритиш;

йўналишли транспорт воситалари йўналишлари ва бекатларининг жойлашиши;

йўлларда оммавий спорт ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш, уларга махсус ёруғлик ва товуш ишораларини ўрнатиш, транспорт воситалари кузови юзаларига рангли расмлар, ёзувлар ва схемалар, қия оқ чизиқлар тортиш;

таъмирлаш ишлари олиб бориладиган йўл участкаларида ҳаракатни ташкил этиш чизмаси;

йўлларни, йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳалари;

йўл ва унинг ҳудудларида ҳар қандай объектларнинг лойиҳаларини;

бошқаришни ўргатиш рухсат этилган йўллар рўйхати ва чизмаси;

ҳаракат хавфсизлиги бўйича мутахассисларни, автомототранспорт воситалари ёки шаҳар электр транспорти воситаларини бошқаришни ўргатиш бўйича амалий машғулотлар инструктори ва ҳайдовчиларни тайёрлаш дастурлари;

тезликнинг белгиланган меъёрдан оширилиши ёки камайтирилиши юзасидан қарорларни;

йўлларда сунъий нотекислик ва шлагбаумни ўрнатиш.


184. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча қуйидагиларга ўрнатилади:

йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишларини, шикастланган, носоз транспорт воситаларини ортиш ва ташиш ишларини бажараётган транспорт воситаларига;

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташишни амалга ошираётган транспорт воситаларига;

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташишни амалга ошираётган транспорт воситаларини кузатиб бораётган транспорт воситаларига;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида машқ қилиш тадбирларини ўтказишда велосипедчиларнинг ташкилий гуруҳларини кузатиб боришни амалга ошираётган транспорт воситаларига.


185. Кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари томига, устига, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан олд ёки орқа томонига ҳам ўрнатилиши мумкин.

Маҳкамлаш усуллари транспорт воситаси ҳар хил шароитларда ҳаракатланганда ҳам ўрнатилган чироқ-маёқчаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаши керак.


186. Транспорт воситаларининг барча рангдаги чироқ-маёқча ва махсус товушли ишоралар билан жиҳозланганлиги ҳақидаги маълумотлар автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномада кўрсатилган бўлиши керак.




Қоидаларга

1-ИЛОВА



ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ


1. ОГОҲЛАНТИРУВЧИ БЕЛГИЛАР


Огоҳлантирувчи белгилар ҳайдовчиларга хавфли йўл қисмига яқинлашаётганлиги ҳақида ахборот бериб, унда ҳаракатланишда шароитга қараб тегишли чора кўришни талаб қилади.


1.1. "Шлагбаумли темир йўл кесишмаси".


1.2. "Шлагбаумсиз темир йўл кесишмаси".


1.3.1. "Бир изли темир йўл".


1.3.2. "Кўп изли темир йўл"


1.3.1. - бир изли темир йўл, 1.3.2. - икки ва ундан ортиқ изли темир йўл белгилари шлагбаум билан жиҳозланмаган темир йўл кесишмаси олдида ўрнатилади.


1.4.1 - 1.4.6. "Темир йўл кесишмасига яқинлашув".

Аҳоли пунктларидан ташқарида темир йўл кесишмасига яқинлашаётганлик ҳақида қўшимча огоҳлантириш беради.


1.5. "Трамвай йўли билан кесишув".


1.6. "Тенг аҳамиятли йўллар кесишуви".


1.7. "Айланма ҳаракатланиш билан кесишув".


1.8. "Светофор билан тартибга солиш". Ҳаракатланиш светофор билан тартибга солинадиган чорраҳа, пиёдалар ўтиш жойи ёки йўл қисмини билдиради.


1.9. "Кўтарма кўприк". Кўтарма кўприк ёки солда кесиб ўтиш.


1.10. "Соҳилга чиқиш". Дарё ёки сув ҳавзаси қирғоғига чиқишни билдиради.


1.11.1, 1.11.2. "Хавфли бурилиш". 1.11.1 - ўнгга, 1.11.2 - чапга йўл белгилари йўлнинг кичик радиусли ёки кўриниши чекланган бурилиш жойини билдиради.


1.12.1, 1.12.2. "Хавфли бурилишлар". 1.12.1 - биринчи бурилиш ўнгга, 1.12.2 - биринчи бурилиш чапга йўл белгилари йўлнинг хавфли бурилишлари бўлган қисмини билдиради.


1.13. "Тик нишаблик".


1.14. "Тик баландлик".


1.15. "Сирпанчиқ йўл". Қатнов қисми ўта сирпанчиқ бўлган йўл қисми.


1.16. "Нотекис йўл". Қатнов қисми нотекис бўлган йўл (ўнқир-чўнқир, ўйдим-чуқур жойлар, кўприкнинг йўлга нотекис туташуви ва шу кабилар) қисмини билдиради.


1.17. "Тош отилиши хавфи". Транспорт воситасининг ғилдираги остидан шағал, тош ва шунга ўхшашларнинг отилиб чиқиш эҳтимоли бўлган йўл қисмини билдиради.


1.18.1 - 1.18.3. "Йўлнинг торайиши". 1.18.1 - икки томонлама торайиш; 1.18.2 - ўнгга торайиш ва 1.18.3 - чапга торайишни билдиради.


1.19. "Икки томонлама ҳаракатланиш". Йўлнинг (қатнов қисмининг) қарама-қарши ҳаракатланиш қисми бошланишини билдиради.


1.20. "Пиёдалар ўтиш жойи". 5.16.1, 5.16.2 белгилари ва (ёки) 1.14.1 - 1.14.3 чизиқлари билан белгиланган пиёдалар ўтиш жойини билдиради.


1.21. "Болалар". Болалар муассасаси (мактаблар, болаларнинг дам олиш масканлари ва шунга ўхшашлар)га яқин йўлнинг қатнов қисмидан болаларнинг чиқиб қолиш эҳтимолини билдиради.


1.22."Велосипед йўлкаси билан кесишув".


1.23. "Таъмирлаш ишлари".


1.24. "Мол ҳайдаб ўтиш".


1.25.1. "Ёввойи ҳайвонлар".


1.25.2. Пастлаб учувчи қушлар


1.25.3. Кемирувчи ва судралиб юрувчи ҳайвонлар белгиси


1.26. "Тошлар тушиши". Тош кўчиши, сурилиши ва тушиши мумкин бўлган йўл қисмини билдиради.


1.27. "Ёнлама шамол".


1.28. "Пастлаб учувчи самолётлар".


1.29. "Туннел" Сунъий равишда ёритилмаган ёки кириш пештоғининг кўриниши чекланган туннелни билдиради.


1.30. "Бошқа хавф-хатарлар".

Огоҳлантирувчи белгиларда кўзда тутилмаган хавф-хатарлар бўлган йўл қисмини билдиради.


1.31. "Сунъий йўл нотекислиги". Йўлнинг сунъий нотекислик ўрнатилган қисмига яқинлашаётганлиги тўғрисида огоҳлантиради. Транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлигини мажбурий тарзда камайтириш учун қўлланилади.


1.31.1, 1.31.2. "Бурилишнинг йўналиши". Кичик радиусли, кўриниши чекланган йўлда ҳаракатланиш йўналишини ва йўлнинг таъмирланаётган қисмини айланиб ўтиш йўналишини билдиради.


1.31.3. "Бурилишнинг йўналиши".

Т-симон чорраҳада ёки йўл айрилишларида ҳаракатланиш йўналишини, таъмирланаётган йўл қисмини айланиб ўтиш йўналишини билдиради.


1.32. "Тирбандлик". Ушбу йўл белгиси вақтинчалик ёки тасвири ўзгарадиган ҳолатда тирбандлик ҳосил бўлган йўл ёки чорраҳага кириш олдидан йўлни ёки чорраҳани айланиб ўтиш имконияти бўлган жойга ўрнатилади.


1.33. "Қатнов қисми кесишмаси ҳудуди".

1. 30 ётиқ чизиғи билан белгиланган чорраҳага яқинлашаётганлигини англатиб, олдинда тирбандлик юзага келганлиги туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳага кириш, агар тўхташ чизиғи ёки 5.33 йўл белгисидан ўтиб бўлган ҳайдовчига эса қатнов қисмлари кесишмасига киришни тақиқланишини билдиради.


1.34. "Диққат, бошқариладиган тўсиқ". Ушбу йўл белгиси бошқариладиган тўсувчи қурилмасига етмасдан ўрнатилади ва транспорт воситалари ҳайдовчиларини олдинда тўсувчи қурилма борлиги ҳақида огоҳлантиради.


1.35. "Пиёдаларнинг йўл ёқасидан юриши мумкин бўлган ҳудуд"

1.1, 1.2, 1.5 - 1.32 огоҳлантирувчи белгилари аҳоли пунктларида хавфли жойдан 50 - 100 метр, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 - 300 метр олдин ўрнатилади. Зарурият бўлганда, бу белгилар 7.1.1 қўшимча ахборот белгисида кўрсатилган бошқа масофада ҳам ўрнатилиши мумкин.

Агар нишаблик ва баландлик кетма-кет келадиган бўлса, 1.13 ва 1.14 белгилари бевосита нишаблик ва баландлик олдига ўрнатилиши мумкин.

Аҳоли пунктларидан ташқарида 1.1, 1.2, 1.9, 1.10, 1.21 ва 1.23 белгилари такрорланади. Иккинчи белги йўлнинг хавфли қисми бошланишига камида 50 метр қолганда ўрнатилади.

Агар қатнов қисмида қисқа муддатли йўл ишлари олиб борилаётган бўлса, 1.23 белгиси иш бажарилаётган жойга 10 - 15 метр масофа етмасдан (7.1.1 қўшимча ахборот белгисисиз) ўрнатилиши мумкин.

1.3, 1.3.1 ва 1.3.2 белгилари бевосита темир йўл кесишмалари олдида, энг яқин рельсдан 20 метрдан кам бўлмаган масофада ўрнатилади.



2. ИМТИЁЗ БЕЛГИЛАРИ


Имтиёз белгилари - чорраҳаларда, қатнов қисмлари кесишган жойларда, йўлнинг тор қисмларида ҳаракатланиш навбатини белгилайди.


2.1. "Асосий йўл". Ҳаракат тартибга солинмаган чорраҳаларда олдин ўтиш ҳуқуқини беради.

Белги асосий йўл бошига ва чорраҳаларнинг бевосита олдига ўрнатилади.


2.2. "Асосий йўлнинг охири".


2.3.1. "Иккинчи даражали йўл билан кесишув".


2.3.2, 2.3.3. "Иккинчи даражали йўл билан туташув". 2.3.2 - туташув ўнгдан, 2.3.3 - туташув чапдан. 2.3.1 - 2.3.3 йўл белгилари аҳоли пунктларида кесишмагача 50 - 100 метр масофада, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 - 300 метр масофада ўрнатилади.


2.4. "Йўл беринг!". Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


2.5. "Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган". Тўхташ чизиғи олдида, агар у бўлмаса, кесиб ўтиладиган қатнов қисмининг четида тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланади. Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.

Бу белги темир йўл кесишмаси ёки карантин масканидан олдин ўрнатилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи олдида, у бўлмаса, белги олдида тўхташи керак.


2.6. "Рўпара ҳаракатланишнинг устунлиги". Қарама-қарши ҳаракатланишни қийинлаштирадиган ҳолларда йўлнинг тор қисмига кириш тақиқланади. Ҳайдовчи йўлнинг тор қисмида бўлган ёки рўпарадан унга яқин бўлган транспорт воситасига йўл бериши керак.


2.7. "Рўпарадаги ҳаракатланишга нисбатан имтиёз". Йўлнинг тор қисмида ҳаракатланишда ҳайдовчи рўпарадан келаётган транспорт воситасига нисбатан имтиёзга эгалигини билдиради.



3. ТАҚИҚЛОВЧИ БЕЛГИЛАР


Тақиқловчи белгилар йўл ҳаракатига айрим тақиқлар, муайян чекловлар киритади ёки уларни бекор қилади.


3.1. "Кириш тақиқланган". Барча транспорт воситаларининг кириши тақиқланишини билдиради.


3.2. "Ҳаракатланиш тақиқланган". Барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.


3.3. "Механик транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган".


3.4. "Юк автомобилларининг ҳаракатланиши тақиқланган". Рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан (агар вазни белгида кўрсатилмаган бўлса) ёки рухсат этилган тўлиқ вазни белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва транспорт воситалари таркибларининг, шунингдек тракторлар, ўзиюрар ускуналарнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

3.4. йўл белгиси бортларига қия оқ чизиқ тортилган ёки одамларни ташиш учун мўлжалланган юк автомобилларининг ҳаракатланишини тақиқламайди.


3.5. "Мотоцикллар ҳаракатланиши тақиқланган".


3.6. "Тракторлар ҳаракатланиши тақиқланган". Тракторлар ва ўзиюрар ускуналарнинг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.7. "Тиркама билан ҳаракатланиш тақиқланган". Юк автомобиллари ва тракторларнинг барча турдаги тиркамалар билан ҳаракатланиши, шунингдек, механик транспорт воситаларини шатакка олиш тақиқланади.


3.8. "От-арава ҳаракатланиши тақиқланган". От-арава (чана), отлиқлар, юк ортилган ҳайвонларнинг ҳаракатланиши, шунингдек, чорва (пода) ҳайдаб ўтиш тақиқланади.


3.9. "Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган". Велосипедда ва мопедда ҳаракатланиш тақиқланади.


3.10. "Пиёданинг ҳаракатланиши тақиқланган".


3.11. "Вазн чекланган". Ҳақиқий умумий вазни белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг, шунингдек, транспорт воситалари таркибларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.12. "Ўққа тушадиган оғирлик чекланган". Ҳар қандай ўқига тушадиган ҳақиқий оғирлик белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.13. "Чекланган баландлик". Габарит баландлиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.14. "Чекланган кенглик". Габарит кенглиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.15. "Чекланган узунлик". Габарит узунлиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситалари (транспорт воситалари таркиблари)нинг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.16. "Энг кам оралиқ". Белгида кўрсатилганидан кам бўйлама оралиқ масофада ҳаракатланиш тақиқланади.


3.17.1. "Божхона". Божхона (назорат пункти) олдида тўхтамасдан ўтиб кетиш тақиқланади.


3.17.2. "Хавф-хатар". Йўл-транспорт ҳодисаси, авария, ёнғин ёки бошқа хавф-хатар вазиятлар туфайли, истисносиз, барча транспорт воситаларининг бундан кейин ҳаракатланиши тақиқланади.


3.17.3. "Назорат жойи". Транспорт воситаларининг текшириб ўтказилиши мажбурий бўлган вақтинча ёки доимий назорат пунктларида ўрнатилади.

Ушбу йўл белгиси 2.5 йўл белгиси билан бирга ўрнатилиши мумкин.


3.18.1. "Ўнгга бурилиш тақиқланган".


3.18.2. "Чапга бурилиш тақиқланади".


3.19. "Қайрилиш тақиқланган".


3.20. "Қувиб ўтиш тақиқланган". Соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган якка транспорт воситасидан бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланишини билдиради


3.21. "Қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири".


3.22. "Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган". Тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларида барча транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланишини билдиради (соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаси, трактор, от-арава, велосипед бундан мустасно).


3.23. "Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири".


3.24. "Юқори тезлик чекланган". Белгида кўрсатилганидан ортиқ тезликда (км/с) ҳаракатланиш тақиқланишини билдиради


3.25. "Юқори тезлик чекланган ҳудуднинг охири".


3.26. "Товуш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланган". Йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш ҳолларидан бошқа вазиятларда товуш мосламасидан фойдаланиш тақиқланади.


3.27. "Тўхташ тақиқланган". Транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши тақиқланади (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


3.28. "Тўхтаб туриш тақиқланган". Транспорт воситаларининг тўхтаб туриши тақиқланади (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


3.29. "Ойнинг тоқ кунларида тўхтаб туриш тақиқланган" (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


3.30. "Ойнинг жуфт кунларида тўхтаб туриш тақиқланган" (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


3.29 ва 3.30 белгилари қатнов қисмининг қарама-қарши томонларида бир вақтда ўрнатилганда, қатнов қисмининг ҳар иккала томонида соат 19:00 дан 21:00 гача тўхтаб туришга рухсат этилади (жойини ўзгартириш вақти).


3.31. "Барча чекловларнинг охири". 3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 - 3.30 белгиларидан бир нечтасига бир вақтда амал қиладиган ҳудудларнинг охири.


3.32. "Хавфли юк ташиётган транспорт воситасининг ҳаракати тақиқланган".


3.33. "Портловчи ва тез алангаланувчи юкни ташиётган транспорт воситасининг ҳаракати тақиқланган".

3.1 - 3.3, 3.18.1, 3.18.2, 3.19, 3.27 белгилари 3.2 - 3.8 белгилари таъсир оралиғида жойлашган корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларига, шунингдек, ушбу белгилар таъсир оралиғида яшовчи ёки ишловчи фуқароларга хизмат қилувчи ёки уларга тегишли бўлган транспорт воситаларига таъсир қилмайди. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак.

3.27 белгиси йўналишсиз енгил таксиларга йўловчиларни тушуриш-чиқариш (юкларни ортиш-тушуриш) вақтида таъсир қилмайди;

Ушбу Қоидаларнинг 176-бандига биноан "Ногирон" таниш белгиси билан белгиланган автомобиллар ва кажавали мотоциклларни бошқараётган ногирон ҳайдовчилар 3.2, 3.3 ва 3.28 белгилари талабларидан четга чиқишлари мумкин. 7.18 белги бўлганда 3.27 белгисининг таъсир доирасида тўхташга рухсат этилади.

3.28 - 3.30 белгиларининг таксометри ишлаб турган таксиларга тааллуқли эмас.

3.18.1 ва 3.18.2 белгилари қатнов қисмларининг қайси кесишмаси олдига ўрнатилса, шу кесишмага татбиқ этилади.

3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 - 3.30 белгиларининг таъсири белги ўрнатилган жойдан кейинги энг яқин чорраҳагача, қайрилиб олиш жойигача, улар бўлмаганда - аҳоли пунктининг охиригача таъсири қилади.

Ёндош ҳудудлардан йўлга чиқиш жойларида ёки йўлнинг дала, ўрмон йўллари ва бошқа доимий ҳаракатланиш, ўтиб кетиш учун мўлжалланмаган йўллар билан кесишган (туташган) жойларида, уларнинг олдида тегишли белгилар ўрнатилмаган бўлса, бу белгиларнинг таъсири йўқолмайди.

Аҳоли пунктларига етмасдан ўрнатилган 3.24 белгисининг таъсири 5.22 белгисигача кучини сақлайди.

Белгиларнинг таъсир доираси аниқлаштирилиши мумкин:

3.16 ва 3.26 белгилари учун 7.2.1 қўшимча ахборот белгиси билан;

3.20, 3.22, 3.24 белгилари 3.21, 3.23, 3.25 белгилари ва 7.2.1 қўшимча ахборот белгиси орқали;

3.24 белгисининг таъсир оралиғи ундан кейин бошқа энг юқори ҳаракатланиш тезлиги кўрсатилган 3.24 белгисини ўрнатиш билан;

3.27 - 3.30 белгиларининг амал қилиш оралиғи охирига 3.27 - 3.30 белгилари 7.2.3 қўшимча ахборот белгиси билан бирга такрор ўрнатилади ёки 7.2.2 қўшимча ахборот белгиси билан қўлланилади.

3.27 белгиси 1.4 ётиқ чизиғи билан биргаликда, 3.28 белгиси эса 1.10 ётиқ чизиғи билан биргаликда қўлланиши мумкин, бунда белгиларнинг таъсир ҳудуди йўл чизиғи узунлиги билан аниқланади.

3.10, 3.27 - 3.30 белгилари йўлнинг қайси томонида ўрнатилган бўлса, уларнинг таъсири фақат ўша томонга амал қилинади.



4. БУЮРУВЧИ БЕЛГИЛАР


Буюрувчи белгилар муайян ҳаракатланиш тартибини белгилайди ёки бекор қилади.


4.1.1. "Ҳаракатланиш тўғрига".


4.1.2. "Ҳаракатланиш ўнгга".


4.1.3. "Ҳаракатланиш чапга".


4.1.4. "Ҳаракатланиш тўғрига ёки ўнгга".


4.1.5. "Ҳаракатланиш тўғрига ёки чапга".


4.1.6. "Ҳаракатланиш ўнгга ёки чапга".

Фақат белгиларда кўрсатилган кўрсаткичлар йўналишларида ҳаракатланишга рухсат этилади. Чапга бурилишга рухсат берувчи белгилар қайрилиб олишга ҳам рухсат беради. (Муайян кесишмада талаб этилган ҳаракатланиш йўналишига тегишли кўрсаткичларнинг шакли туширилган 4.1.1 - 4.1.6 белгиларини қўллаш мумкин).

4.1.1 - 4.1.6 белгиларининг таъсири йўналишли транспорт воситаларига жорий қилинмайди.

4.1.1 - 4.1.6 йўл белгилари қатнов қисмларининг қайси кесишмасидан олдин ўрнатилса, белгининг таъсири шу кесишмага жорий қилинади.

Йўлнинг қисми бошланишида ўрнатилган 4.1.1 белгисининг таъсири яқин чорраҳагача жорий қилинади. Белги ўнг томонда жойлашган ҳовлиларга ва йўлга ёндош бошқа ҳудудларга бурилишни тақиқламайди.


4.2.1. "Тўсиқни ўнгдан айланиб ўтиш".


4.2.2. "Тўсиқни чапдан айланиб ўтиш". Фақат кўрсаткич кўрсатган томондан айланиб ўтиш рухсат этилади.


4.2.3. "Тўсиқни ўнгдан ёки чапдан айланиб ўтиш". Ҳар томонидан айланиб ўтиш рухсат этилади.


4.3. "Айланма ҳаракатланиш". Кўрсаткичлар йўналишларида ҳаракатланиш рухсат этилади.


4.4. "Енгил автомобиллар ҳаракати". Енгил автомобиллар, автобус, мотоцикллар, белгиланган йўналишли транспорт воситалари ва рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари ҳаракатланишига рухсат этилишини билдиради.

Белгининг таъсир оралиғида яшовчи ва ишловчи фуқароларга тегишли, уларга ва корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларига бу белги татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга энг яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак.


4.5. "Велосипед йўлкаси". Фақат велосипед ва мопедларда ҳаракатланишга рухсат этилишини билдиради. Тротуар ёки пиёдалар йўлкаси бўлмаса, велосипед йўлкасидан пиёдалар ҳам юришлари мумкин.


4.6. "Пиёдалар йўлкаси". Фақат пиёдалар юришига рухсат этилади.


4.6.1. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлак".


4.6.2. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлакнинг охири".


4.6.3. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак". 1.1, 1.25 ва 1.26 ётиқ йўл чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.


4.6.4. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири".


4.6.5. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак". 1.1, 1.25 ва 1.26 ётиқ йўл чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.


4.6.6. "Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири".


4.7. "Энг кам тезлик". Фақат белгида кўрсатилган ёки ундан юқори тезликда (км/соат) ҳаракатланишга рухсат этилишини билдиради.


4.8. "Энг кам тезлик белгиланган йўлнинг охири".


4.9.1, 4.9.2 ва 4.9.3 "Хавфли юк ташиётган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши". "Хавфли юк" таниш белгиси билан жиҳозланган транспорт воситаларининг ҳаракатига йўл белгисида кўрсатилган йўналишларда рухсат берилади: 4.9.1 - тўғрига, 4.9.2 - чапга, 4.9.3 - ўнгга.



5. АХБОРОТ-КЎРСАТГИЧ БЕЛГИЛАРИ


Ахборот-кўрсатгич белгилари маълум ҳаракат тартибларини  киритади ёки уларни бекор қилади, ҳамда аҳоли пунктлари ва бошқа манзилларнинг жойлашуви ҳақида маълумот беради.


5.1. "Автомагистраль". Йўл ҳаракати қоидаларининг автомагистралларда ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўлни билдиради.


5.2. "Автомагистралнинг охири".


5.3. "Автомобиллар учун мўлжалланган йўл". Фақат автомобиллар, автобус ва мотоциклларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўлни билдиради.


5.4. "Автомобиллар учун мўлжалланган йўлнинг охири".


5.5. "Бир томонлама ҳаракатли йўл". Транспорт воситалари бутун кенглик бўйича бир йўналишда ҳаракатланадиган йўл ёки қатнов қисми.


5.6. "Бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири".


5.7.1, 5.7.2. "Бир томонлама ҳаракатли йўлга чиқиш". Ҳаракатланиш бир томонлама бўлган йўлга ёки қатнов қисмига чиқиш.


5.8.1. "Тасмалар бўйича ҳаракат йўналиши". Тасмалар сони ва ҳар бири бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишлари. Бошқа йўналишлар бўйича ҳаракатланиш тақиқланади.


5.8.2. "Тасма бўйича ҳаракатланиш йўналиши". Тасма бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналиши. Бошқа йўналишлар бўйича ҳаракатланиш тақиқланади.

Йўлнинг четки чап бўлагидан чапга бурилишга рухсат берувчи 5.8.1 ва 5.8.2 белгилари шу тасмадан қайрилишга ҳам рухсат беради.

Чорраҳадан олдин ўрнатилган 5.8.1 ва 5.8.2 белгиларининг таъсири, агар шу туркумдаги бошқа белгилар ўрнатилмаган бўлса, бутун чорраҳага татбиқ этилади.


5.8.3. "Тасманинг бошланиши". Йўлнинг секинлашиш бўлаги ёки баландликка кўтарилишдаги қўшимча тасманинг бошланиш қисми.

Агар белгига 4.7 "Энг кам тезлик" белгисининг тасвири тушган бўлса, кўрсатилган ёки ундан каттароқ тезликда ҳаракатлана олмайдиган транспорт воситасининг ҳайдовчиси асосий тасмадан қўшимча тасмага қайта тизилиши керак.


5.8.4. "Тасманинг бошланиши". Уч тасмали йўлларда шу йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган ўрта тасма қисмининг бошланиши.


5.8.5. "Тасма охири". Баландликка кўтарилишдаги қўшимча тасманинг ёки тезланиш тасманинг охирини билдиради.


5.8.6. "Тасма охири". Уч тасмали йўлларда шу йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган ўрта тасма қисмининг охирини билдиради.


5.8.7, 5.8.8. "Тасмалар бўйича ҳаракатланиш йўналиши". Агар 5.8.7 белгисида бирор транспорт воситасининг ҳаракатланишини тақиқловчи белги тасвирланган бўлса, унда бу тур транспорт воситасининг тегишли тасмада ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.


5.8.7 ва 5.8.8 белгилари йўналишлар сонига кўра тўрт ва ундан ортиқ тасмали йўлларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Тасвири алмашадиган 5.8.7, 5.8.8 белгилари ёрдамида реверсив ҳаракат ташкил этилиши мумкин.


5.9. "Йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасма". Транспорт воситалари йўналишида ҳаракатланадиган йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасмани билдиради.

Белги қайси тасма устида жойлашган бўлса, шу тасмага татбиқ этилади. Йўлнинг ўнг томонига ўрнатилган белгининг таъсири ўнг тасмага татбиқ этилади.


5.10.1. "Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўл". Йўналишли транспорт воситаларининг умумий оқимга қарши ҳаракатланиши учун ажратилган тасмани билдиради.


5.10.2, 5.10.3. "Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлга чиқиш".


5.10.4. "Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлнинг охири".


5.11.1. "Қайрилиб олиш жойи". Чапга бурилиш тақиқланади.


5.11.2. "Қайрилиб олиш оралиғи". Қайрилиб олиш оралиғининг узунлигини билдиради. Чапга бурилиш тақиқланади.


5.12. "Автобус ва (ёки) троллейбус тўхташ жойи".


5.13. "Трамвай тўхташ жойи".


5.14. "Йўналишсиз таксилар тўхтаб туриш жойи".


5.15. "Тўхтаб туриш жойи".


5.15.1. "Пуллик тўхтаб туриш жойи".


5.15.2. Ер усти автомобиль қўйиш жойи.


5.15.3. Ер ости автомобиль қўйиш жойи.


5.15.4. Электр қувватлашли автомобиль қўйиш жойи.


5.16.1, 5.16.2. "Пиёдалар ўтиш жойи". Ўтиш жойи олдида 1.14.1-1.14.2 ётиқ чизиғи бўлмаганда 5.16.2 белгиси йўлдан ўнг томонга ўтиш жойининг олд чегарасига, 5.16.1 белгиси эса чап томонга ўтиш жойининг орқа чегарасига ўрнатилади.


5.17.1, 5.17.2. "Пиёдаларнинг ер остидан ўтиш жойи".


5.17.3, 5.17.4. "Пиёдаларнинг ер устидан ўтиш жойи".


5.18. "Тавсия этилган тезлик". Йўлнинг шу қисмида тавсия этилган ҳаракатланиш тезлигини билдиради. Белгига энг яқин чорраҳагача амал қилинади. 5.18 белгиси огоҳлантирувчи белги билан бирга қўлланса, унинг таъсир оралиғи хавфли қисмнинг узунлиги билан аниқланади.


5.19.1 - 5.19.4. "Охири берк йўл". Йўлнинг кўрсатилган йўналишда охири берклигини билдиради.


5.20.1, 5.20.2. "Йўналишларнинг дастлабки кўрсаткичи". Белгида кўрсатилган аҳоли пункти ва бошқа манзилларга ҳаракатланиш йўналишини билдиради. Белгида 5.29.1 белгисининг ҳамда автомагистраль, аэропорт ва бошқа рамзий белгилар тасвири туширилган бўлиши мумкин. 5.20.1 белгисида ҳаракатланиш тартибининг хусусиятлари тўғрисида ахборот берувчи бошқа белгиларнинг тасвири ҳам тушган бўлиши мумкин. 5.20.1 белгисининг паст қисмида белги ўрнатилган жойдан чорраҳагача бўлган масофа кўрсатилади. 5.20.1 белгиси йўлнинг 3.11 - 3.15 тақиқловчи белгиларидан бири ўрнатилган қисмларини айланиб ўтиш йўналишини кўрсатиш учун ҳам қўлланилади.


5.20.3. "Ҳаракатланиш чизмаси". Чорраҳада айрим йўналишларда ҳаракатланиш тақиқланган бўлса ҳаракатланиш йўналиши ёки мураккаб чорраҳаларда рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишини билдиради.


5.20.4. "Йўлларининг бир сатҳда кесишмайдиган қисмларида бурилиш ёки қайрилиб олиш йўналиш кўрсаткичи". Автомобиль йўлларнинг бир сатҳда кесишмайдиган қисмларида ер остидан ёки ер устидан транспорт воситаларининг бурилиш ва қайрилиб олиш йўналишини кўрсатиш учун қўлланилади.


5.20.5. Хизмат кўрсатиш майдони.


5.21.1. "Йўналиш кўрсаткичи".


5.21.2. "Йўналишлар кўрсаткичи". Кўрсатилган манзилларга ҳаракатланиш йўналишларини билдиради. Белгиларда манзилларгача бўлган масофа (км) кўрсатилиши, автомагистраллар, аэропортлар ва бошқа рамзий белгилар тасвирланган бўлиши мумкин.


5.22. "Аҳоли пунктининг бошланиши". Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинадиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланишини билдиради.


5.23. "Аҳоли пунктининг охири". Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартиб-талаблари бекор қилинган жойни билдиради.


5.24. "Аҳоли пунктининг бошланиши". Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинмайдиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланишини билдиради.


5.25. "Аҳоли пунктининг охири". 5.24 йўл белгиси билан кўрсатилган аҳоли пунктининг охирини билдиради.


5.26. "Манзил номи". Аҳоли пунктларидан бошқа манзилларнинг номини билдиради (дарё, кўл, довон, хушманзара жой ва бошқалар).


5.27. "Масофалар кўрсаткичи". Йўналиш бўйича жойлашган аҳоли пунктларигача бўлган масофани билдиради (км).


5.28. "Километр белгиси". Йўлнинг боши ёки охиригача бўлган масофани билдиради (км).


5.29.1, 5.29.2. "Йўл рақами". 5.29.1 - йўлга берилган рақам, 5.29.2 - йўлнинг рақами ва йўналишини билдиради.


5.30.1 - 5.30.3. "Юк автомобиллари учун ҳаракатланиш йўналиши". Чорраҳада юк автомобиллари, тракторлар ва ўзиюрар мосламаларга бирор йўналишда ҳаракатланиш тақиқланган бўлса, бундай транспорт воситаларига тавсия этилган ҳаракатланиш йўналишлари кўрсатади.


5.31. "Айланиб ўтиш тасвири". Ҳаракатланиш учун вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш чизмаси.


5.32.1 - 5.32.3. "Четлаб ўтиш йўналиши". Ҳаракатланиш вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш йўналишини билдиради.


5.33. "Тўхташ чизиғи". Светофорнинг (тартибга солувчининг) тақиқловчи ишорасида транспорт воситалари тўхтайдиган йўналишини билдиради.


5.34.1, 5.34.2. "Бошқа қатнов қисмига қайта тизилишнинг бошланғич кўрсаткичи". Ажратувчи бўлаги бўлган йўлнинг ҳаракатланиш учун ёпиқ ҳудудини айланиб ўтиш ёки ўнг томондаги қатнов қисмига қайтиш учун ҳаракатланиш йўналишини билдиради.


5.35. "Реверсив ҳаракатланиш". Бир ёки бир неча тасмаларда ҳаракатланиш йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган йўл қисмининг бошланишини билдиради.


5.36. "Реверсив ҳаракатланишнинг охири".


5.37. "Реверсив ҳаракатланиш йўлига чиқиш".


5.38. "Турар жой даҳаси". Йўл ҳаракати қоидаларининг турар жой даҳаларида ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўл.


5.39. "Турар жой даҳасининг охири".


5.40. "Фалокатли ҳолатлар учун кириш йўли". Йўл ҳаракати ушбу Қоидаларидаги 128-бандда кўрсатилган ҳолатларда фойдаланиладиган йўл.


5.41. "Фото ва видео қайд этиш".

Йўлларда автомобиль ҳайдовчилари Қоидалар талабига риоя этиши электрон қурилмалар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси. Ушбу йўл белгиси Қоидалар талабига риоя этилиши стационар электрон қурилмалар орқали назоратга олинган жойларга ўрнатилади.


5.42. "Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш". Транспорт светофори қизил чироғининг ўнг ёнига 5.42 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, транспорт воситаларининг ҳайдовчилари светофорнинг тақиқловчи ишораси ёниб турганда, барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўнгга бурилишлари мумкин. Бунда улар ҳаракат йўналиши бўйича ва бурилаётган кўчани кесиб ўтаётган пиёдаларга ҳамда бошқа транспорт воситаларига йўл беришлари шарт.


5.43. "Радар". Йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси.

Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги стационар махсус техника воситалари ёрдамида назоратга олинган жойларга ўрнатилади.

Шунингдек, вилоят, туман, шаҳарлар бошланадиган жойлардаги кўча ва йўлларда ҳаракатланиш тезлиги мобиль радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлиги тўғрисида ҳайдовчиларни огоҳлантириш мақсадида ўрнатилиши мумкин.


5.44. "Велосипедчилар учун тасма".


5.45. "Велосипедчилар учун тасманинг охири".


5.46. "Мактаб". Мактаб ёки мактабгача таълим ташкилотлари олдида ўрнатилади.


5.47. "Туризм объектлари йўналиш кўрсатгичи" Туризм объектлари жойлашган манзилларга ҳаракатланиш йўналишларини билдиради. Белгиларда манзилларгача бўлган масофа (км) кўрсатилиши, темир йўл вокзаллари, аэропортлар ва бошқа туризм объектлари рамзий белгилари тасвирланган бўлиши мумкин.


5.47.1. "Туризм объектлари".


5.47.2. "Туризм ахборот маркази".

Аҳоли пунктларидан ташқарида ўрнатилган 5.20.1, 5.20.2, 5.21.1 ва 5.21.2 йўл белгиларидаги яшил ёки кўк ранг кўрсатилган аҳоли пунктига ёки объектга автомагистрал ёхуд бошқа йўл орқали ҳаракатланиш мумкинлигини англатади.

Оқ ранг кўрсатилган объект ушбу аҳоли пунктида жойлашганини англатади.

Аҳоли пунктида ўрнатилган 5.20.1, 5.20.2, 5.21.1 ва 5.21.2 йўл белгиларидаги яшил, кўк ранг кўрсатилган аҳоли пунктига ёки объектга ушбу аҳоли пунктидан чиққандан сўнг автомагистрал ёхуд бошқа йўл орқали ҳаракатланиш мумкинлигини англатади, оқ ранг эса кўрсатилган объект шу аҳоли пунктида жойлашганлигини билдиради.



6. СЕРВИС БЕЛГИЛАРИ


Сервис белгилари тегишли объектлар жойлашуви ҳақида маълумот беради.


6.1. "Тиббий ёрдам кўрсатиш жойи".


6.2. "Шифохона".


6.3.1. "Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси".


6.3.2. Автомобилларга кўп тармоқли ёнилғи қуйиш шохобчаси


6.3.3. Электромобилларни қувватлаш шахобчаси


6.4. "Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш жойи".


6.5. "Автомобилларни ювиш жойи".


6.6. "Телефон".


6.7. "Ошхона".


6.8. "Ичимлик суви".


6.9. "Меҳмонхона ёки мотель".


6.10. "Кемпинг".


6.11. "Дам олиш жойи".


6.12. "ЙПХ маскани".


6.13. "Автоташувчиларнинг назорат пункти".


6.14. "Ҳожатхона".


6.15. "Чиқинди йиғиш жойи".


6.16. Чўмилиш ҳавзаси.


6.17. Ички ишлар бўлими.


6.18. Радио алоқаси.


6.19. Жомеъ масжиди.


6.20. Черков.


6.21. Ибодатхона.


6.22. Темир йўл вокзали.


6.23. Аэропорт.


6.24. Бозор.


6.25. Туристик ахборот маркази.


6.26. Қўриқхона.


6.27. Манзарали жой.


6.28. Меъморчилик ёдгорлиги.



7. ҚЎШИМЧА АХБОРОТ БЕЛГИЛАРИ


Қўшимча ахборот белгилари улар билан биргаликда қўлланган белгиларга аниқлик киритиш ёки уларнинг таъсирини чеклаш учун қўлланилади.


7.1.1. "Объектгача бўлган масофа". Белгидан йўлнинг хавфли жойи, йўл ҳаракатига тегишли чекловлар киритиладиган жойи ёки ҳаракат йўналиши бўйича олдиндаги муайян жойгача бўлган масофани кўрсатади.


7.1.2. "Объектгача бўлган масофа". Аҳоли пунктларидан ташқарида чорраҳа олдига 2.5. йўл белгиси ўрнатилган бўлса, 2.4. йўл белгиси билан ўрнатилиб, чорраҳагача бўлган масофани кўрсатади.


7.1.3, 7.1.4. "Объектгача бўлган масофа". Йўлдан четда жойлашган манзилгача бўлган масофани билдиради.


7.2.1. "Таъсир оралиғи". Огоҳлантирувчи белгилар билан белгиланган хавфли жойнинг узунлигини ёки тақиқловчи ва ахборот-кўрсаткич белгиларининг таъсир оралиғини кўрсатади.


7.2.2 - 7.2.6. "Таъсир оралиғи".


7.2.2 - 3.27 - 3.30 тақиқловчи белгиларининг таъсири сақланган оралиқни кўрсатади.


7.2.3 - 3.27 - 3.30 тақиқловчи белгиларининг таъсир оралиғи охирини кўрсатади.


7.2.4 - ҳайдовчиларга уларнинг 3.27 - 3.30 йўл белгилари таъсир доирасида эканликлари ҳақида ахборот беради.


7.2.5, 7.2.6 - майдон, бинолар олди ва шунга ўхшаш жойлар четида тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланганда 3.27 - 3.30 белгиларининг таъсир оралиғи ва йўналишини кўрсатади.


7.3.1 - 7.3.3. "Таъсир йўналишлари". Чорраҳа олдида ўрнатилган белгиларнинг таъсир йўналишини ёки бевосита йўл яқинида жойлашган манзилларга ҳаракатланиш йўналишини кўрсатади.


7.4.1 - 7.4.10. "Транспорт воситасининг тури". Белгининг таъсири жорий этилган транспорт воситалари турини кўрсатади.


7.4.1 белги билан ўрнатилган йўл белгисининг таъсири юк ташувчи, шу жумладан, тиркамали, тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситаларига, 7.4.3 белги билан ўрнатилган йўл белгисининг таъсири енгил автомобилларга, 7.4.9 электромобилларга, 7.4.10 йўналишсиз таксиларга, шунингдек, тўлиқ вазни 3,5 тоннагача бўлган юк ташувчи транспорт воситаларига татбиқ этилади.


7.5.1. "Шанба, якшанба ва байрам кунлари".


7.5.2. "Иш кунлари".


7.5.3. "Ҳафта кунлари". Белгига ҳафтанинг қайси кунлари амал қилиниши кўрсатилган.


7.5.4. "Амал қилиш вақти". Белгига куннинг қайси вақтида амал қилишни кўрсатади.


7.5.5 - 7.5.7. "Амал қилиш вақти". Белгига ҳафтанинг қайси куни ва қайси соатларида амал қилишни кўрсатади.


7.6.1 - 7.6.9. "Транспорт воситасини тўхтаб туриш жойига қўйиш усули". 7.6.1 барча турдаги транспорт воситаларини тўхтаб туриши учун йўлнинг қатнов қисмида, тротуар ёнига қўйиш усулини, 7.6.2 - 7.6.9 тротуар ёнидаги тўхтаб туриш жойига енгил автомобиллар ва мотоциклларни қўйиш усулини билдиради.


7.7. "Двигателни ишлатмасдан тўхтаб туриш жойи". 5.15 белгиси билан белгиланган тўхтаб туриш жойида транспорт воситаларининг двигателини ишлатмасдан тўхтаб туришига рухсат этилганлигини кўрсатади.


7.8. "Пулли хизмат кўрсатиш жойи". Тўлов асосида хизмат кўрсатилишини билдиради.


7.9. "Тўхтаб туриш муддати чекланган". 5.15 белгиси ўрнатилган тўхтаб туриш жойида транспорт воситалари тўхтаб туришининг энг кўп муддатини кўрсатади.


7.10. "Автомобилларни кўрикдан ўтказиш жойи". 5.15 ёки 6.11 белгиси билан кўрсатилган майдонларда эстакада ёки кўздан кечириш чуқурчалари борлигини билдиради.


7.11. "Рухсат этилган тўла вазни чекланган". Белгининг таъсири рухсат этилган тўла вазни қўшимча-ахборот йўл белгисида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлган транспорт воситаларига тааллуқли эканлигини кўрсатади.


7.12. "Хавфли йўл ёқаси". Йўл ишлари бажарилаётгани сабабли йўл ёқасига чиқиш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиради. 1.23 белгиси билан қўлланилади.


7.13. "Асосий йўлнинг йўналиши". Чорраҳада асосий йўлнинг йўналишини кўрсатади.


7.14. "Ҳаракатланиш тасмаси". Белги ёки светофор таъсиридаги ҳаракатланиш бўлагини кўрсатади.


7.15. "Кўзи ожиз пиёдалар". 1.20, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ҳамда светофор билан бирга қўлланилади, пиёдалар ўтиш жойидан кўзи ожиз пиёдалар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.


7.16. "Нам қоплама". Белги қатнов қисмининг қопламаси нам бўлган вақтда таъсир этишини кўрсатади.


7.17. "Ногиронлар". 5.15 белгиси билан қўлланилади. Тўхтаб туриш жойи (ёки унинг бир қисми) ушбу Қоидаларнинг 176-бандига мувофиқ "Ногирон" таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситалари учун ажратилганлигини кўрсатади.


7.18. "Ногиронлар мустасно". Белгиларнинг таъсири ушбу Қоидаларнинг 175-бандига мувофиқ "Ногирон" таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситаларига жорий этилмайди.


7.19. "Фото ва видео қайд этиш". Йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатлари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилаётганлигини билдиради. Огоҳлантирувчи, имтиёз, тақиқловчи, буюрувчи ва ахборот ишора белгилари билан биргаликда қўлланилади.


7.20. "Хавфли юк тоифаси". Хавфли юк тоифасининг (тоифаларининг) рақамини кўрсатади.


7.21. "Эвакуатор ишламоқда". 3.27 - 3.30 йўл белгилари таъсир оралиғида тўхтаган транспорт воситалари мажбурий эвакуация қилинишини кўрсатади.


7.22.1, 7.22.2 ва 7.22.3 "Тўсиқ". Ҳайдовчиларга тўсиқнинг узоқдан кўринишини таъминлаш мақсадида ўрнатилади. 4.2.1 - 4.2.3 йўл белгилари билан биргаликда ўрнатилади.


7.23. "Навбат билан ўтиш".


7.24. "Транспорт воситасининг давлат рақами".


7.25. "Фақат хизмат автомобилллари".


7.26. "Сунъий нотекислик".

Қўшимча-ахборот белгилари қайси белги билан бирга жорий этилса, бевосита шу белги тагига жойлаштирилади. 7.2.2 - 7.2.4, 7.13 қўшимча-ахборот белгилари қатнов қисмининг, йўл ёқасининг, тротуарнинг тепасига ўрнатилган белгиларининг ёнига жойлаштирилади.

Вақтинча (кўчма тиргакдаги) ва доимий белгилар маъно жиҳатидан бир-бирига зид келган ҳолларда ҳайдовчилар вақтинча ўрнатилган белгиларга амал қилишлари керак.

1,8 1.15, 1.16, 1.31, 1.17, 1.18.1-1.18.3, 1.21, 1.30, 2.6, 2.7, 3.1, 3.2, 3.11-3.16, 3.18.1-3.18.25 йўл белгилари вақтинча йўл белгилари сифатида белгиланиши мумкин. Вақтинча йўл белгилари сариқ рангда бўлади.



ТРАНСПОРТ СВЕТОФОРЛАРИ


Қуйидаги транспорт светофорларидан фойдаланилади:

ишоралари тик жойлашган;

ишоралари ётиқ жойлашган;

қўшимча тармоқли;

ҳаракатланишни маълум йўналишларда тартибга солувчи;

реверсив;

трамвай ва йўналишли бошқа транспорт воситаларини ҳаракатини тартибга солувчи;

темир йўл кесишмаларда ҳаракатланишни тартибга солувчи;

тартибга солинмаган чорраҳа ва пиёдалар ўтиш жойларини белгилайдиган;

корхона, ташкилот ва қатнов қисми торайган жойларда ҳаракатланишни тартибга солувчи.



ПИЁДАЛАР СВЕТОФОРЛАРИ


Қуйидаги пиёдалар светофорларидан фойдаланилади:

ишоралар тик жойлашган;

товуш ишорали;

қўл билан бошқариладиган;

пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи;

Электрон табло ёрдамида бошқариладиган пиёдалар светофори;

Велосипедчилар светофорлари.

Белгиланган тартибда ўрнатилган электрон йўл белгилари одатдаги йўл белгилари билан бир хил кучга эга бўлади.

Қоидаларга

2-ИЛОВА



1. ЁТИҚ ЧИЗИҚЛАР


Йўлнинг қатнов қисми юзасидаги чизиқлар, йўналтиргичлар, ёзувлар ва бошқа белгилар ҳаракатланиш тартиби ва аниқ режимини белгилайди.

Йўл чизиқлари доимий ёки вақтинча бўлиши мумкин.

Йўл чизиқларини кўриш имконияти бўлмаса (қор, лой ва бошқалар) ушбу йўл қисмида мазкур чизиқлар маъносига мос келадиган йўл белгилари ўрнатилиши керак.

Ётиқ чизиқлар оқ рангда бўлади (1.4, 1.10 ва 1.17 чизиқлар сариқ рангда бўлади), шунингдек, 1.24 чизиғи (2х2 метр ўлчамдаги кўк асосда сариқ рангда ногиронлиги бўлган шахснинг тасвири туширилган бўлади).

Пиёдалар ўтиш жойидаги чизиқлар оқ ва оқ билан биргаликда бошқа ранглар кўринишида қўлланилиши мумкин.


1.1 - қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратади, йўлнинг хавфли жойларидаги ҳаракатланиш бўлаги чегарасини ва велосипедчилар учун бўлагининг чегарасини билдиради; йўлнинг кириш тақиқланган қисми чегарасини белгилайди; транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойи чегарасини ҳамда автомагистрал қаторига киритилмаган йўлнинг қатнов қисми чегарасини билдиради;


1.2 (энли сидирға чизиқ) - автомагистралларда қатнов қисми четини билдиради.


1.3 - тўрт ва ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари оқимини ажратади;


1.4 - тўхташ тақиқланган жойни билдиради. Якка ҳолда ёки 3.27 "Тўхташ тақиқланган" йўл белгиси билан қўлланилади ҳамда йўлнинг қатнов қисми четига ёки йўл четидаги тўсиқ устидан чизилади (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жихозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


1.5 - икки ёки уч тасмали йўлларда қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратади; бир йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган икки ёки ундан кўпроқ тасмали йўлларда тасмаларнинг чегараларини ва бир йўналишдаги ҳаракатланиш бўлаги билан велосипед бўлаги чегарасини билдиради;


1.6 (яқинлашиш чизиғи - ҳар бир чизиқ узунлиги улар орасидаги масофадан уч баробар катта бўлган узуқ-узуқ чизиқ) - қарама-қарши ёки бир йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратувчи 1.1 ёки 1.11 чизиғига яқинлашаётганлик ҳақида огоҳлантиради;


1.7 (ҳар бир чизиғи қисқа ва оралари шу чизиқлар бўйига тенг бўлган узуқ-узуқ чизиқ) - чорраҳадаги ҳаракатланиш тасмаларини билдиради;


1.8 (энли узуқ-узуқ чизиқ) - тезлашиш ёки секинлашиш бўлаги билан йўлнинг қатнов қисмидаги асосий бўлаги ўртасидаги чегарани билдиради (чорраҳаларда, йўлнинг турли сатҳда кесишган қисмларида, автобуслар тўхтайдиган жойларда ва бошқалар);


1.9 - реверсив ҳаракат ташкил этилган бўлакларнинг чегарасини белгилайди; реверсив ҳаракатланиш амалга оширилган йўлларда (реверсив светофори ўчирилган ҳолатда) қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимини ажратади;


1.10 - тўхтаб туриш тақиқланган жойни билдиради; якка ҳолда ёки 3.28 йўл белгиси билан қўлланилади ва йўлнинг қатнов қисми четига ёки йўл четидаги тўсиқ устидан чизилади (хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жихозланган ҳамда махсус рангли буёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари бундан мустасно).


1.11 - фақат бир томондан қайта тизилишга рухсат этилган йўл қисмларида, бир йўналишдаги ёки қарама-қарши келаётган транспорт оқимларини ажратади; қайрилиб олиш, тўхташ майдончалари ва шунга ўхшашларга кириш-чиқиш жойларида ҳаракатланиш фақат бир йўналишда рухсат этилганлигини кўрсатади;


1.12 (тўхташ чизиғи) - 2.5 белгиси ёки светофорнинг (тартибга солувчининг) тақиқловчи ишорасида ҳайдовчи тўхташ керак бўлган жойни кўрсатади;


1.13 - кесишаётган йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериш учун тўхташ зарур бўлганда, ҳайдовчига транспорт воситасини тўхтатиш жойини кўрсатади;


1.14.1 - (оқ рангли "зебра")- пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди.


1.14.2- (оқ-сариқ рангли "зебра")- пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди.;


1.14.3 - ётиқ чизиқнинг йўналтиргичлари пиёдаларнинг ҳаракатланиш йўналишини кўрсатади;


1.14.4 - оқ-қизил рангли йўл чизиғи мактаб ва мактабгача таълим муассасалари олдида пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди;


1.15 - йўлнинг велосипед йўлкаси кесиб ўтган жойини билдиради;


1.16.1 - 1.16.3 - транспорт воситалари оқими ажраладиган ёки қўшиладиган жойлардаги йўналтирувчи оролчаларни билдиради;


1.17 - йўналишли транспорт воситаларининг бекатлари ҳамда таксиларнинг тўхтаб туриш жойларини билдиради;


1.18 - чорраҳада тасмалар бўлаклар бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатади. Мустақил ёки 5.8.1, 5.8.2 белгилари билан биргаликда қўлланилиши мумкин; охири берк йўл тасвирланган чизиқ шу йўналишдаги ён томонда жойлашган қатнов қисмига бурилиш тақиқланганлигини кўрсатиш учун чизилади; четки чап тасмадан чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич шу тасмадан қайрилишга ҳам рухсат беради;


1.19 - қатнов қисмининг торайган (шу йўналишдаги ҳаракатланиш тасмаларининг сони камайган) жойига ёки қарама-қарши йўналишдан келаётган транспорт воситалари оқимларини ажратувчи 1.1 ёки 1.11 чизиғига яқинлашганлик ҳақида огоҳлантирувчи чизиқ. Биринчи ҳолда 1.18.1 - 1.18.3 белгилари билан қўлланилиши мумкин;


1.20 - ҳайдовчини 1.13 чизиғига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантиради;


1.21 ("STOP" - Тўхтанг! ёзуви) - 2.5 белгиси билан бирга қўлланилганда ҳайдовчини 1.12 чизиғига яқинлашаётганлиги ҳақида огоҳлантиради;


1.22 - йўл (ҳаракатланиш йўналиши) рақамини кўрсатади;


1.23 - йўлнинг фақат йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлагини билдиради.


1.24 - ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойи;


1.25 - пиёдалар йўлкасини ёки пиёдалар ва велосипедчилар биргаликда ҳаракатланиши мўлжалланган йўлканинг пиёдалар учун мўлжалланган қисмини билдиради;


1.26 - велосипед йўлкасини ёки велосипед ҳаракатланиши учун мўлжалланган тасмани билдиради;


1.27 - огоҳлантирувчи йўл белгиларини такрорловчи йўл чизиғи;


1.28 - тақиқловчи йўл белгиларини такрорловчи йўл чизиғи;


1.29 - сунъий йўл нотекислигини билдиради;


1.30 - Мактабларга яқин йўлнинг қатнов қисмидан мактаб ўқувчиларнинг чиқиб қолиш эҳтимолини инобатга олган ҳолда мактаблар жойлашган ҳудудлар олдида чизилади;


1.31 - Аҳоли пунктларидан ташқарида йўлларнинг транспорт воситалари тез ҳаракатланадиган хавфли бурилишларида ҳамда аҳоли пунктларининг пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашувда ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида термопласт ёрдамида чизиладиган "Шовқин чизиқлари"дан фойдаланилиши мумкин;


1.32 - қатнов қисми кесишмаси ҳудудига яқинлашаётганлигини англатиб, олдинда тирбандлик юзага келганлиги туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳага кириш, агар тўхташ чизиғи ёки 5.33 йўл белгисидан ўтиб бўлган ҳайдовчига эса қатнов қисмлари кесишмасига киришни тақиқланишини билдиради;

1.1 ва 1.3 чизиқларини босиб ўтиш тақиқланади, қатнов қисмининг четини билдириш учун қўлланилган 1.1 чизиғи бундан мустасно.

1.2, 1.5 - 1.8 чизиқларини исталган томондан босиб ўтиш мумкин.

Реверсив светофорлар бўлмаганда ёки улар ўчириб қўйилганда, 1.9 чизиғини фақат у ҳайдовчининг ўнг томонида бўлса, босиб ўтишга рухсат этилади.

Реверсив светофор ёқилган пайтда бир йўналишли тасмаларни ажратаётган 1.9 чизиғини исталган томондан босиб ўтишга рухсат этилади. Реверсив светофор ўчирилганда, ҳайдовчилар дарҳол 1.9 чизиғидан ўнгга қайта тизилишлари керак.

Реверсив светофор ўчирилган бўлса, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи 1.9 чизиғини босиб ўтиш тақиқланади.

1.11 чизиғини узуқ-узуқ чизиқ томонидан, сидирға чизиқ томонидан эса фақат қувиб ёки айланиб ўтишни тугатаётганда босиб ўтишга рухсат этилади.

Йўл белгиларининг, шу жумладан, вақтинча йўл белгиларининг ва ётиқ йўл чизиқларининг маънолари бир-бирига зид келган ҳолларда ёки йўл чизиқларини етарлича фарқлаб бўлмаса, ҳайдовчилар йўл белгиларига амал қилишлари керак.

Вақтинча йўл чизиқларининг ва доимий йўл чизиқларининг маънолари бир-бирига зид келган ҳолларда ҳайдовчилар вақтинча йўл чизиқларига амал қилишлари керак.



2. ТИК ЧИЗИҚЛАР


Тик чизиқлар - йўл иншоотлари ва жиҳозлари юзаларига кетма-кет чизилган йўл-йўл, оқ-қора (сариқ-қора, қизил-оқ) чизиқлар мажмуасидан иборат бўлиб, уларнинг ўлчамларини кўрсатишда, кўз билан чамалаш воситаси сифатида хизмат қилади.


2.1 - ҳаракатланаётган транспорт воситаларига хавф туғдирадиган йўл иншоотларининг тик элементлари (кўприклар, йўл ўтказгич ва эстакадалар, устунлар ва бошқалар)ни билдиради;


2.2 - туннеллар, кўприклар, йўл ўтказгич ва эстакадаларнинг пастки пештоқини билдиради;


2.3 - ажратиш минтақаларидаги ёки хавфсизлик оролчаларидаги думалоқ устунларни билдиради;


2.4 - йўналтирувчи, бетон ёки темир бетон устунлар, тўсиқ тиргаклар ва ҳоказоларни билдиради;


2.5 - йўлнинг кичик радиусли бурилиш, тик нишаблик ва бошқа хавфли жойларда йўл тўсиқларининг ён юзаларини билдиради;


2.6 - бошқа жойлардаги тўсиқларнинг ён юзаларини билдиради;


2.7 - хавфли жойлардаги тўсиқни (бордюрни) ва йўл сатҳидан баланд бўлган хавфсизлик оролчаларини билдиради.




Қоидаларга

3-ИЛОВА



Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи

ШАРТЛАР


1. ТОРМОЗ ТИЗИМЛАРИ


1.1. Тормоз тизимининг конструкцияси ўзгартирилса, ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмаса ёки транспорт воситасининг шу турида кўзда тутилмаган тормоз суюқлиги ёки бошқа қисмлар қўлланилса.


1.2. Ишчи тормоз тизимининг самарадорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентда белгиланган талабларга мос келмаса.


1.3. Гидравлик тормоз юритмасининг зичлиги (герметиклиги) бузилган бўлса.


1.4. Двигатель ишламай турганда пневматик ёки пневмогидравлик тормоз юритмасининг зичлигини бузилиши, бошқарув қисмлари уланмаганда- 30 дақиқада, уланганида - 15 дақиқада тизимдаги ҳаво босимини 0,05 МПа дан кўпга пасайишига сабаб бўлиши. Ғилдираклардаги тормоз камераларидан сиқилган ҳаво чиқиши.


1.5. Пневматик ёки пневмогидравлик тормоз юритмасининг манометри ишламаса.


1.6. Тўхтаб туриш тормоз тизими транспорт воситаларини қуйидаги жойларда ҳаракатсиз ҳолатда ушлаб тура олмаса:

тўлиқ жиҳозланган ҳолатдаги транспорт воситаларини - 16 фоиздан кам бўлмаган қияликда;

тўлиқ жиҳозланган ҳолатдаги енгил автомобилларни ва автобусларни - 25 фоиздан кам бўлмаган қияликда;

тўлиқ жиҳозланган ҳолатдаги юк автомобилларини ва автопоездларни - 31 фоиздан кам бўлмаган қияликда;

Изоҳ: Тўхтаб туриш тормоз тизими синовдан ўтказилаётганда двигатель трансмиссиядан ажратилган бўлиши керак.



2. БОШҚАРУВ ҚУРИЛМАСИ


2.1. Бошқарув қурилмасининг люфт йиғиндиси регламент (қатъий белгиланган) шароитлардаги синовларда қуйидаги кўрсаткичдан катта бўлмаслиги керак:

Транспорт воситасининг

тоифаси

Йўл қўйилган люфт кўрсатгичи (градусда)

М1

10о

М2, М3, N1

20о

N2, N3

25о

2.2. Детал ва боғламларнинг конструкциясида кўзда тутилмаган силжишлари бўлса. Резбали бирикмалар тегишли равишда маҳкамланмаган ёки ўрнатилган усулда қотирилмаган бўлса, руль колонкасининг қулфловчи мосламаси ишламаса.


2.3. Бошқарув қурилмасининг конструкциясида кўзда тутилган кучайтиргич ёки мотоциклларда тебранишни пасайтирувчи мослама (демпфер) носоз бўлса ёки умуман бўлмаса.


2.4. Бошқарув қурилмасида қолдиқ деформация излари, дарз кетган жойлари ва бошқа нуқсонлари бўлган қисмлар ўрнатилган, шу транспорт воситаси турида кўзда тутилмаган ёки ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмайдиган қисмлар ва суюқликлар қўлланган бўлса.



3. ТАШҚИ ЁРИТҚИЧЛАР


3.1. Ташқи ёритгичлар сони, тури, жойлашуви ва ишлаш тартиби транспорт воситасининг конструкцияси талабига мос келмаса.

Ишлаб чиқарилиши тўхтатилган енгил автомобилларга бошқа турдаги ва русумдаги фойдаланишда бўлган транспорт воситаларининг ташқи ёритгичларини ўрнатишга рухсат этилади. Ҳар қандай ташқи ёритгичлар (бурилишни кўрсатадиган милтилловчи чироқ, авария ишораси чироқларидан ташқари) милтилламаслиги керак.


3.2. Ёритувчи чироқ нурининг йўналиши бузилган бўлса.


3.3. Агар ташқи ёритгичлар ва нур қайтаргичлар белгиланган тартибда ишламаётган ёки ифлосланган бўлса.


3.4. Ёритиш асбобларида нур сочувчиси бўлмаса ёхуд тегишли ёруғлик асбоблари турига мос бўлмаган нур сочувчи ва ишлаб чиқарувчи корхона томонидан кўзда тутилмаган лампалардан фойдаланилган бўлса.


3.5. Рангли ялт-ялт этувчи маёқчаларни ўрнатилиши, уларнинг маҳкамланиши ва ёруғлик ишоранинг кўриниши белгиланган талабларга жавоб бермаса.


3.6. Транспорт воситасида қуйидагилар:

олд қисмида - оқ ёки сариқ рангдан бошқа рангли туманга қарши фаралар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли бурилишни кўрсатадиган милтилловчи чироқ, оқ рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса;

орқа қисмида - оқ ёки сариқ рангдан бошқа рангли орқага ҳаракатланиш, оқ рангдан бошқа рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиларини ёритувчи чироқлар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли бурилишни кўрсатадиган милтилловчи чироқ, қизил рангдан бошқа рангли ташқи ёритгичлар, қизил рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса;

ён қисмида - сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли ёритгичлар, сариқ ёки зарғалдоқ рангдан бошқа рангли нур қайтаргичлар ўрнатилган бўлса;

велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ёки чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ёки чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилмаган бўлса;

юк автомобиллари ва тиркамаларнинг ён томонига зарғалдоқ рангли ва орқа томонига қизил рангли кузовнинг габарит параметрларини белгилаб турувчи нур қайтаргичлар ўрнатилмаган бўлса.



4. ОЙНА ТОЗАЛАГИЧЛАР ВА ОЙНА ЮВГИЧЛАР


4.1. Ойна тозалагич белгиланган тартибда ишламаётган бўлса.


4.2. Транспорт воситасининг конструкциясида кўзда тутилган ойна ювгич ишламаётган бўлса.



5. ҒИЛДИРАКЛАР ВА ШИНАЛАР


5.1. Шина протектори нақшларининг қолдиқ баландлиги N2, N3, О3, О4 тоифадаги автотранспорт воситалари учун - 1,0 мм дан кам бўлса;

М1, N1, О1, О2 тоифадаги автотранспорт воситалари учун - 1,6 мм дан, кам бўлса;

М2, М3 тоифадаги автотранспорт воситалари учун - 2,0 мм дан кам бўлса;

мотоцикл (мотоциклларга тенглаштирилган транспорт воситалари) ва мопедлар (скутерлар, квадроцикллар) учун - 0,8 мм дан кам бўлса.

Изоҳ: тиркамалар шинаси нақшларининг қолдиқ баландлиги шатакчи транспорт воситаси шиналари учун белгиланган меъёр кабидир.


5.2. Шиналарда корднинг кўринишига олиб келган ташқи нуқсонлар (тешилган кесилган, ёрилган) ҳамда каркас қатламлари ажралган, протектор ва ён қисмлари кўчган бўлса.


5.3. Қўшалоқ шиналар орасига хавф-хатар туғдирувчи бегона жисмлар қисилиб, тиқилиб қолган бўлса.


5.4. Шина ўлчамлари ёки йўл қўйилган оғирлик транспорт воситасининг турига мос келмаса.


5.5. Транспорт воситасининг битта ўқига ҳар хил ўлчамли ва конструкцияли (диоганалли ва радиалли, камерали ва камерасиз), ҳар хил нақшли, совуққа чидамли ва чидамсиз, янги ва қайта тикланган, янги ва протектор нақши чуқурлаштирилган, турумланган ва турумланмаган шиналар ўрнатилган бўлса.


5.6. N2 ва N3 тоифадаги капотсиз тузилишли магистрал тягач (шатакчи) ларнинг олдинги ўқига ва М3 тоифани II ва III классдаги автотранспорт воситаларини олдинги ўқига қайта тикланган шиналар, бошқа ўқига эса иккинчи таъмирлаш класси бўйича қайта тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.


5.7. М1, М2, М3 тоифаларни I классидаги автотранспорт воситаларини олдинги ўқига, М3 тоифани II ва III классидаги автотранспорт воситаларини ўрта ва орқа ўқларига иккинчи таъмирлаш класси бўйича қайта тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.


5.8. Ғилдиракни маҳкамловчи болт (гайка) бўлмаса, диск ва ғилдирак ободлари дарз кетган бўлса ёки маҳкамлаш тешикларининг шакли ва ўлчамлари кўринадиган даражада бузилган бўлса.



6. ДВИГАТЕЛЬ


6.1. Ишлаб чиқарилган газлар таркибида зарарли моддалар ёки туташ даражаси белгиланган меъёрдан ортиқ.


6.2. Ёнилғи узатиш тизими зич бўлмаса.


6.3. Ишлаб чиқарилган газларни чиқариб ташлаш тизими бузуқ бўлса.


6.4. Картерни шамоллатиш тизимининг зичлиги бузилган бўлса.


6.5. Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларини ҳамда двигатель шовқинини белгиланган меъёрдан баланд овозда қилиб фойдаланиш.



7. ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ КОНСТРУКЦИЯСИНИНГ

БОШҚА ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ.


7.1. Орқа томонни кўрсатувчи кўзгулар сони, жойлашуви ва тури белгиланган талабларга мос келмаса, транспорт воситасининг конструкциясида кўзда тутилган ойналари бўлмаса.


7.2. Товушли ишора ишламаса.


7.3. Ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса.

Транспорт воситаси салонидаги ва икки ёнидаги орқа томонни кўриш кўзгусига кўринишини чеклайдиган буюм, нарса ёки жиҳозлар тақилган бўлса.


7.4. Барча транспорт воситасининг олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, автомобиль томидаги люк ойнаси, шунингдек, рухсатнома асосида туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларининг ойналари бундан мустасно.

Изоҳ. III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилади.


7.5. Конструкциясида кўзда тутилган юкхона ёки кабина эшикларининг қулфлари, юк платформаси бортларининг ёпқичлари, цистерналар оғзининг қулфлари ва ёнилғи идишининг қопқоқлари, ҳайдовчи ўриндиғи ҳолатини созловчи қурилма, автобусда фалокат юз берган вақтида эшикларни очиш мосламаси ва тўхтатиш талаби ишораси, автобус салонини ёритиш асбоблари, фалокат юз берган вақтда чиқиш жойлари ва уларни ҳаракатга келтирувчи мосламалари, эшикларни очиш ва ёпиш қурилмалари, спидометр, тахограф, ойналарни иситувчи ва шамоллатувчи мосламалари ва ҳайдаб олиб қочишга қарши мосламалари ишламайди.


7.6. Спидометр қурилмаси носоз ва тамғаланмаган (шахсий транспорт воситалари, мотоцикл ва мопедлардан ташқари) бўлса.


7.7. Транспорт воситаси конструкциясида кўзда тутилган орқа ҳимоя воситаси, лой тўсгичлар бўлмаса.


7.8. Ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган антенна, сирена, рация, товуш чиқариш мосламалари, ёритгичлар, конструкциясида кўзда тутилмаган ностандарт юкхоналар ва бошқалар белгиланмаган жойда ва тегишли рухсатсиз ўрнатилса.


7.9. Тиркама бўғимининг тортиш-тиркаш ёки таянч-тиркаш мосламаси носоз ҳамда конструкциясида кўзда тутилган эҳтиёт пўлат арқон (занжир) йўқ ёки носоз бўлса. Мотоцикл рамаси билан ён тиркама рамаси маҳкамланган жойда люфт бўлса.


7.10. Транспорт воситалари қуйидагилар билан жиҳозланмаган бўлса:

М2, М3 тоифадаги - фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача, тиббиёт қутичаси, 2 та ўт ўчиргич (биттаси ҳайдовчининг кабинасида, иккинчиси - йўловчилар салонида), мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);

М1, N1, N2, N3 тоифадаги, микроавтобус ва ғилдиракли тракторларда тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);

М3, N2, N3 тоифадаги - ўзи юриб кетишидан сақловчи, ғилдирак диаметрига мувофиқ (камида иккита) тиргак;

О тоифадаги, тракторлар, аравалар ва бошқа ўзиюрар машиналарда - ташқи нур қайтаргичлар;

кажавали мотоциклларда - тиббиёт қутичаси, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги.


7.11. Мотоциклларда конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик ёйи (дуга) бўлмаса.


7.12. Мотоцикл ва мопедларда конструкциясида кўзда тутилган оёқ тирагич, эгарида йўловчи учун кўндаланг тутқич бўлмаса.


7.13. Конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик камарлари ва ўриндиқларнинг бош суянчиқлари бўлмаса.


7.14. Хавфсизлик камарлари ишга яроқсиз ёки тасмасида кўринадиган йиртиқликлар мавжуд бўлса.


7.15. Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ёки уларни ўрнатиш усули белгиланган талабларга жавоб бермаса.

Транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса.


7.16. Ярим тиркамада таянч мосламаси, таянчларни транспорт ҳолатида қулфловчи мослама, таянчларни кўтариш ва тушириш мосламаси йўқ ёки носоз.


7.17. Эҳтиёт (захира) ғилдиракни ушлаб тургич, лебёдка ва эҳтиёт ғилдиракни кўтариш - тушириш қурилмаси ишламаса. Лебёдканинг храпли қурилмаси барабанни маҳкамлаш канати билан қулфланмаётган бўлса.


7.18. Двигатель, узатмалар қутиси, редукторлар, орқа кўприк, илашиш (сцепление) механизми, аккумулятор батареяси, совитиш ва кондиционер тизимлари ва транспорт воситасига қўшимча ўрнатиладиган гидравлик қурилмаларнинг (мосламаларнинг) бирикмалари ва зичлагичларининг зичлиги бузилган бўлса.


7.19. Газли таъминлаш тизими билан жиҳозланган автобус ва автомобиль газ баллонларининг ташқи томонида кўрсатилган техник кўрсатгичлар техник паспортдаги маълумотларга мос келмаса, охирги ва режалаштирилаётган текширувларнинг санаси бўлмаса.


7.20. Транспорт воситаларининг ташқи юзасига қонунчилик ҳужжатларига мос келмайдиган, ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи турли хил тасвирлар туширилган, ойналарига (люкдан ташқари) реклама чизилган (қопланган) бўлса.

Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан кўзда тутилмаган ҳолларда кузов (кабина) бир неча хил рангга бўялган, плёнка ёпиштирилган ёки ранги, туси ўзгартирилган бўлса (махсус транспорт воситалари бундан мустасно).


7.21. Транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли бўёқ схемалар, ёзувлар ва белгилар бўлса.


7.22. ДЙХХХ органларининг рухсатисиз транспорт воситаларининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилган бўлса.

Транспорт воситаларига бошқа турдаги молдинглар, ғилдирак қопқоқлари ўрнатилишига, шунингдек, ишлаб чиқарилиши тўхтатилган автомобилларга бошқа турдаги ва русумдаги транспорт воситаларининг буферларини ўрнатишга рухсат этилади.

Ушбу иловада Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентда белгиланган автотранспорт воситаларини таснифи (классификацияси) келтирилган:

М тоифаси - камида тўрт ғилдиракка эга бўлган ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган механик транспорт воситалари, шу жумладан:

М1 тоифаси - йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

М2 тоифаси - йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т гача бўлган автотранспорт воситалари.

М3 тоифаси - йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситалари.

М2 ва М3 тоифалардаги автотранспорт воситалари қуйидаги классларга мансуб:

а) уч классдан (I, II, III) биттасига ёки бир нечтасига;

б) икки классдан (А, В) биттасига.

I класс - йўловчилар салонда бемалол юриши мақсадида конструкциясида туриб кетадиган йўловчилар учун жойлар кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

II класс - конструкцияси асосан ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган ва қаторлар орасида ва (ёки) иккита бирлашган ўриндиқ учун ажратилган жой чегарасидан чиқмасдан жойлашиб, туриб кетадиган йўловчиларни ҳам ташиш кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

III класс - конструкцияси фақат ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган автотранспорт воситалари.

А класс - туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари; бу классдаги транспорт воситалари ўриндиқлар билан жиҳозланган ва уларда туриб кетадиган йўловчиларни ташиш кўзда тутилган.

В класс - туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланмаган автотранспорт воситалари.

Микроавтобуслар йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, ҳайдовчидан ташқари 16 тагача ўтирадиган йўловчи учун жой бўлган В классдаги автотранспорт воситаси.

N1 тоифаси - юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N2 тоифаси - юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N3 тоифаси - юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

О тоифаси - тиркамалар (ярим тиркамалар ҳам).

О1 тоифаси - энг катта вазни 0,75 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О2 тоифаси - энг катта вазни 0,75 т дан ортиқ, лекин 3,5 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О3 тоифаси - энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 10 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О4 тоифаси - энг катта вазни 10 т дан ортиқ бўлган тиркамалар.




Қоидаларга

4-ИЛОВА



ХАВФЛИЛИК БЕЛГИЛАРИ


Портловчи моддалар ва 1.1, 1.2 ва 1.3 кичик класслар буюмлари;

Портловчи моддалар ва 1.4 кичик класс буюмлари;

Портловчи моддалар ва 1.5 кичик класс буюмлари;

Портловчи моддалар ва 1.6 кичик класс буюмлари;

Алангаланмайдиган, нотоксик газлар;

Тез алангаланадиган газлар ва суюқликлар;

Тез алангаланадиган қаттиқ моддалар, ўзи реактив моддалар ва десенсибилашган портловчи моддалар;

Ўз-ўзидан ёнувчи моддалар;

Сув текканда тез алангаланадиган газ ажратувчи моддалар;

Оксидловчи моддалар;

Органик пероксидлар;

Токсик моддалар;

Инфекцияли моддалар;

I тоифали радиоактив материаллар;

II тоифали радиоактив материаллар;

III тоифали радиоактив материаллар;

Коррозияланувчи моддалар;

Бошқа хавфли моддалар ва буюмлар.

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ БЕЛГИЛАРИ8

**

*

***


1

ҚУРУҚ МОДДАЛАР ҚЎЛЛАНСИН, СУВ ҚЎЛЛАНМАСИН!

2

КИЧИК СУВ ОҚИМЛАРИ ҚЎЛЛАНСИН!

3

СОЧМА СУВ ЁКИ ИНГИЧКА ОҚИМ ҚЎЛЛАНСИН!

4

КЎПИК ҚЎЛЛАНСИН!

5

ОҚОВА СУВГА МОДДАЛАР ТУШИШИНИНГ ОЛДИ ОЛИНСИН!

N

НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ВА ҲИМОЯЛОВЧИ ҚЎЛҚОПЛАР ҚЎЛЛАНСИН!

Yo

ФАҚАТ ЁНҒИН ЧИҚҚАНДА НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ВА ҲИМОЯЛОВЧИ ҚЎЛҚОПЛАР ҚЎЛЛАНСИН!

К

ҲИМОЯЛОВЧИ КИЙИМ-БОШЛАРНИНГ ТЎЛИҚ ТЎПЛАМИ ВА НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ҚЎЛЛАНСИН!

E

ОДАМЛАР ЭВАКУАЦИЯ ҚИЛИНИШИ ЗАРУР!

*) Ёнғин ёки модда сизиб чиққандаги шошилинч чоралар коди.


** ) Хавфлилик белгиси.


***) БМТ тартиб рақами.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 апрель



































Время: 0.0104
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск