ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат хизматлари /

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси (ЎзР Президентининг 20.04.2022 й. ПФ-113-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 20 апрелдаги

ПФ-113-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация

қилиш ва жадал ривожлантиришнинг

2022-2026 йилларга мўлжалланган

МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯСИ


Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Стратегия давлат хизматларини кўрсатишнинг жорий ҳолати ва хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги энг яхши тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда, "Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида" (Citizen - centric service) тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг мақсадлари, вазифалари ва устувор йўналишларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришишда инсон омилини минималлаштириш, бюрократик жараёнларни қисқартириш, хизматдан фойдаланувчиларнинг вақти ва харажатларини камайтириш ҳамда маъмурий тартиб-таомилларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Электрон давлат хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатида мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хизматдан фойдаланувчиларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини тақдим этиш устувор масалалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа ваколатли органлар билан биргаликда Стратегиянинг амалга оширилишини таъминлайди.

Стратегияни амалга ошириш учун:

"йўл харита"лар ишлаб чиқилади ва уларда белгиланган чоралар амалиётга татбиқ этилади;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматларини кўрсатиш фаолияти таҳлил қилинади;

бизнес жараёнларини реинжиниринг қилиш (BPR) усулларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини тақдим этиш жараёнлари мақбуллаштирилади;

аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилади;

давлат хизматлари марказларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади;

давлат хизматларини кўрсатишда қўлланиладиган ахборот-коммуникация технологиялари такомиллаштирилади.



2-БОБ. ЖОРИЙ ҲОЛАТ ТАВСИФИ ВА

МАВЖУД МУАММОЛАР


Сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай ва тезкор давлат хизматларини тақдим этишнинг замонавий инфратузилмаси барпо этилди.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш натижасида мавжуд 750 дан ортиқ давлат хизматларидан 172 таси Марказлар, 308 таси эса Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ҳамда "Лицензия" ахборот тизими орқали интерактив шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Бугунги кунга қадар 207 та Марказлар ҳамда уларнинг 141 та филиаллари орқали жисмоний ва юридик шахсларга жами 32 млн.дан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Давлат хизматларини кўрсатишнинг умумий муддати деярли 787 кундан 471 кунгача қисқартирилди. Тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди.

Аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш бўйича давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили бўйича фойдаланиш тартиби жорий этилди ҳамда давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

Давлат хизматларини кўрсатишинг янги шакллари жорий қилиниши натижасида 17 та давлат хизматини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилди.

Марказлар орқали давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш натижасида 200 дан ортиқ тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.

Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг янада ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи қуйидаги тизимли муаммолар мавжуд:

мавжуд давлат хизматларининг катта қисми ҳамон электрон шаклда кўрсатилмасдан анъанавий шаклда аҳолига тақдим этиб келинмоқда;

давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат хизматларини кўрсатишнинг замонавий шакллари ва маъмурий тартиб-таомиллар принципларига мувофиқ эмаслиги ҳамда ички идоравий ҳужжатлар билан давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини белгилаш ҳанузгача сақланиб қолинмоқда;

давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этишни важ қилган ҳолда, бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган устувор ҳуқуқ ва имтиёзларни қўллаш рад этилиши ҳолатлари туфайли ариза берувчиларнинг оворагарчиликлари сақланиб қолмоқда;

тартиб-таомиллари ўзаро ўхшаш бўлган давлат хизматларини кўрсатиш асосларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишлари лозим даражада амалиётга татбиқ этилмаганлиги қонунчилик ҳужжатларининг сони сунъий ошиб кетишига сабаб бўлмоқда;

давлат хизматлари ягона реестрида такрорланувчи, бир хизматнинг таркибий қисми бўлган бир нечта хизматлар, ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматлари сақланиб қолмоқда;

ваколатли идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатишда тўловлар уларнинг ушбу хизматни кўрсатиш учун сарф қиладиган харажатларидан ортиқча миқдорларда ундирилмоқда;

айрим давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари мунтазам равишда бузилиши сабаблари бартараф қилинмасдан қолмоқда;

ваколатли идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомиллари бузилганда уларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан судгача шикоят қилишнинг механизмлари йўлга қўйилмаганлиги сабабли жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш узоқ вақтни талаб қилмоқда;

ҳудудларда ваколатли идораларнинг қуйи бўғин ташкилотларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари етишмовчилиги ёки ахборот тизимлари мавжуд эмаслиги интерактив давлат хизматларини кўрсатишга тўлақонли имкон бермаяпти;

бир қатор ваколатли идораларда давлат хизматларини кўрсатишга аниқ масъул бўлган ходимлар ажратилмаганлиги ёки белгиланмаганлиги кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;

шахсни идентификациялашнинг муқобил усуллари жорий этилмаганлиги сабабли фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда идентификация жараёни асосан электрон рақамли имзога боғланиб қолмоқда;

республика миқёсида Интернет тезлигининг пастлиги ҳамда оптик-толали тармоқ чекка ҳудудларгача етиб бормаганлиги электрон давлат хизматларининг кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолишига олиб келмоқда;

давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган маълумотларнинг катта қисми рақамлаштирилмаганлиги "Электрон ҳукумат" тизимининг барча имкониятларидан фойдаланиш даражасини чекламоқда;

давлат хизматларининг мобил иловаси талаб юқори бўлган хизматларни тўлиқ қамраб олмаслиги, бу иловадан хизматнинг охирига қадар фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўлами пастлигича қолмоқда;

давлат хизматларини кўрсатувчи органлар томонидан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга зарур инфратузилма яратилмаганлиги натижасида ариза берувчилар ижтимоий соҳадаги хизматлардан фойдаланишда ноқулайликларга дуч келмоқда;

давлат хизматларидан масофадан туриб электрон фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилмаганлиги 24 соат давомида Марказларда ортиқча навбатлар юзага келишига олиб келмоқда ва талаб юқори бўлган янги хизматларни кўрсатишни йўлга қўйишга тўсқинлик қилмоқда;

давлат хизматларини кўрсатувчи ходимларнинг малакаси талаб даражасида эмаслиги ёки уларнинг маълум бир соҳага ихтисослашиб қолганлиги натижасида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қолмоқда;

айрим фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш жараёнлари мураккаблиги, ҳанузгача инсон омилига боғлиқлиги ҳамда шаффоф эмаслиги ушбу соҳада аҳолининг оворагарчилигига олиб келмоқда.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ


Стратегиянинг мақсади давлат хизматларини жисмоний ва юридик шахслар учун фойдаланишга осон, қулай ва шаффоф шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда давлат хизматини кўрсатишда барча учун тенг шароитларни вужудга келтириш орқали инклюзив муҳитни яратишдан иборат.

Мақсадга эришиш учун қуйидагилар Стратегиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилишнинг қулай усулларини йўлга қўйиш;

Марказлар ва ЯИДХПга янги хизматларни жорий этишдан олдин уларнинг тартиб-таомилларини соддалаштирган ҳолда, асосан маълум бир ҳудудда эксперимент тариқасида кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тартибга солиш таъсирини баҳолаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини судгача ишончли ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини белгилаш;

ЯИДХПнинг мобил иловасини такомиллаштириш ва оммабоп хизматлардан ушбу илова орқали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

электрон ҳукумат, давлат хизматларини ривожлантириш соҳасидаги халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикаси ўрнини яхшилаш;

Марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш;

айрим давлат хизматларини хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиш.

Қуйидаги тамойиллар Стратегиянинг асосини ташкил қилади:

Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида (Citizen - centric service). Бу тамойил давлат хизматларини кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми ундан фойдаланувчи учун максимал қулайлик яратган ҳолда йўлга қўйилишини назарда тутади. Бу, ўз навбатида, давлат хизматларини жорий этиш ва такомиллаштиришда фойдаланувчиларнинг фаол иштирокини ҳам тақозо этади.

Кам харажат билан юқори ижтимоий қиймат яратиш. Давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари юқори даражада қондирилишини таъминлаш учун давлат илғор бошқарув технологияларидан, давлат-хусусий шериклик ва бозор иқтисодиёти тамойилларидан самарали фойдаланиши зарур.

Давлат хизматларини инновацион ривожлантириш. Давлат хизматлари тизимида инновацияларни жорий этиш, сифатни мониторинг ва назорат қилиш, ўз вақтида тезкор тузатишлар киритиш механизми қўлланилиши керак.

Ҳуқуқий аниқлик ва хавфсизлик. Давлат хизматларини кўрсатиш қонун асосида, маъмурий тартиб-таомилларга мувофиқ ҳамда тегишли қарорлар ва хатти-ҳаракатларнинг қонунийлиги устидан назоратнинг ишончли кафолатлари билан амалга оширилиши лозим.



4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


Стратегия қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:

давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлигини ошириш;

соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд маълумотлар базасини рақамлаштириш, конфиденциал ахборотларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

давлат хизматларининг янги турлари ва шаклларини жорий қилиш, хизматлардан фойдаланиш қулайлигини ошириш ва кўрсатилаётган хизматларни илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш;

давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли идораларнинг масъулиятини янада ошириш, аҳолига ўз вақтида хизматлар кўрсатилишини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш;

халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



1-§. Давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи

ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва маъмурий

тартиб-таомилларнинг самарадорлигини ошириш


Давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қуйидагилар амалга оширилади:

маъмурий тартиб-таомиллар тамойиллари асосида давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни мазкур тамойилларга мувофиқлаштириш;

давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва уларнинг сонини мақбуллаштириш;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки ички ҳужжатлар асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари тартиботларини Ҳукумат қарори даражасида белгилаш;

давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини бизнес жараёнларини реинжиниринг қилиш (BPR) усулларини қўллаган ҳолда мақбуллаштириш;

аризаларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган йиғимлар миқдорини ваколатли орган сарф қиладиган харажатларга мувофиқлаштириш чораларини кўриш;

давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли давлат органлари томонидан давлатда мавжуд маълумотларни фуқаролардан талаб қилиш тартибини босқичма-босқич бекор қилиш;

давлат хизматлари ягона реестрини қайта кўриб чиққан ҳолда, унинг доимий долзарблигини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни уларнинг яшаш манзили ва жойлашган еридан қатъи назар экстерриториал тамойил асосида амалга оширишни кенгайтириш;

давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланадиган қўлланмани тайёрлаш.



2-§. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация

технологияларини кенг жорий этиш, давлат хизматларини

кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш

ва мавжуд маълумотлар базасини рақамлаштириш,

конфиденциал ахборотларнинг хавфсизлигини

таъминлаш


Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд маълумотлар базасини рақамлаштириш бўйича қуйидагилар амалга оширилади:

маълумотларни бошқариш жараёнларини жорий қилиш, уларни ҳимоя қилиш, кўрсатилган давлат хизматлари тўғрисидаги реестрларни рақамлаштириш;

давлат органларининг ўзаро сўров асосидаги интеграциясини фақатгина "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга ошириш;

банк-молия ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона идентификация тизимини жорий этиш;

давлат, банк, ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишда шахсни идентификация қилишнинг муқобил усулларини жорий этиш (Мобил-ID, банк пластик картаси орқали идентификациялаш, биометрик идентификация - Face ID, Finger Print);

хориждаги ватандошларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

давлат хизматлари кўрсатишни мобил илова орқали кўрсатишни ривожлантириш. Бунда "ҳужжатлар-телефонда" тамойили асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни мобил иловага ўтказиш ва уларни QR-код (матрицали штрих-код) орқали идентификациялашни йўлга қўйиш;

халқаро стандартларга мос келадиган алгоритмларни татбиқ қилган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларга электрон рақамли имзо тақдим этишни йўлга қўйиш;

ФҲДЁ соҳасидаги иш юритишни "қоғозсиз" соҳага айлантириш;

блокчейн технологияларига асосланган рақамли трансформация орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш;

Давлат хизматлари ягона реестридаги пуллик асосда кўрсатиладиган барча хизматлар бўйича тўловларни электрон кўринишда ҳам амалга ошириш имкониятини йўлга қўйиш;

Марказлар, туман, вилоят ва республика кесимида фойдаланувчиларнинг қаноатланиши умумий индексини юритиш механизмини жорий этиш;

"веб-сайтдан мобил иловага" (from web to app) тамойилига асосан ЯИДХПнинг мобил иловасини такомиллаштириш ва оммабоп хизматлардан ушбу илова орқали фойдаланишни кенгайтириш;

жисмоний ва юридик шахсларга ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга электрон тарзда "Апостиль" (Apostille) махсус штампини қўйиш амалиётини жорий этиш;

ахборот тизимларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш;

барча кўчмас мулк объектлари, ер участкалари ва бошқа объектларни ўз ичига олган ягона манзиллар реестрини шакллантириш. Бунда реестрнинг ажралмас қисми сифатида мажбурий тартибда кўчмас мулкнинг кадастр рақами ва геомакон кодини киритиш амалиётини жорий этиш. Шунингдек, ҳар қандай янги қурилган бино-иншоот ёки янги кўчани фойдаланишга топширишдан олдин айнан ягона манзиллар реестрига ўзгартириш киритиш тартибини жорий этиш;

ахборот-коммуникацияларни (чат, бот, ишонч телефони ва б.) кенг жорий қилган ҳолда, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида юзага келаётган масалалар юзасидан аҳолига 24 соат давомида маслаҳат ва тушунтиришлар беришни йўлга қўйиш;

Марказлар, ахборот порталлари, call-марказ орқали келиб тушаётган мурожаатлардан келиб чиқиб давлат идоралари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизимини жорий этиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун талаб юқори бўлган айрим электрон давлат хизматларини тижорат банклари ва мобил алоқа операторларининг мобил иловалари орқали кўрсатиш механизмларини жорий қилиш;

барча турдаги давлат хизматларини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатларни фойдаланувчиларнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетидан бепул тарзда олиш имкониятини яратиш;

давлат хизматлари учун тўловларни мурожаатчиларнинг ихтиёрий танловига асосан халқаро тўлов картаси орқали хорижий валюталарда амалга ошириш имкониятини яратиш;

давлат хизматларидан фойдаланишда ариза берувчиларга хизматнинг натижасини уларнинг мобил телефонига юбориш тартибини йўлга қўйиш;

давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган барча ахборот тизимларида мажбурий тартибда бевосита ваколатли бўлган органлар томонидан ишлаб чиқилган классификаторлар ва идентификаторлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш. Барча вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида бугунги кунга қадар фойдаланиб келинаётган классификаторларни бирхиллаштириш чораларини кўриш;

фуқароларнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда давлат органларининг маълумотлар базаларини шахсга доир маълумотлар билан рақамлаштириш;

Марказларда босқичма-босқич бепул Wi-Fi ҳудудлар ташкил қилиш;

ҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизимини қайта кўриб чиқиш ва фойдаланиш учун қулай шаклга келтириш;

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси тизимига тегишли ахборот тизимларини интеграция қилган ҳолда, вазифасидан озод қилинган ходимнинг тизимга кириш имкониятини чеклаш бўйича тегишли чоралар кўриш.



3-§. Давлат хизматларининг янги турлари ва шаклларини

жорий қилиш, хизматлардан фойдаланиш қулайлигини

ошириш ва кўрсатилаётган хизматларни илмий-амалий

жиҳатдан таҳлил қилиш


Давлат хизматларининг янги турлари ва шаклларини жорий қилиш, хизматлардан фойдаланиш қулайлигини ошириш ва кўрсатилаётган хизматларни илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш соҳасида қуйидагилар амалга оширилади:

ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолати, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёж ҳамда талабларидан келиб чиқиб давлат хизматларининг янги турларини кўрсатишни йўлга қўйиш ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматларини бирлаштириш ёки бекор қилиш чораларини кўриш;

давлат органларининг ўз ташаббуси билан фуқароларга муайян вазиятда керакли хизматдан фойдаланишни таклиф қилишини назарда тутувчи проактив давлат хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш;

фуқаронинг битта сўрови асосида ўзаро боғлиқ давлат хизматларини композит шаклда тақдим этишни кенгайтириш;

Марказларда ўзига ўзи хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва аҳолининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмасини ошириб бориш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда инклюзив муҳитни яратиш;

ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан кўрикдан ўтказишни уларнинг талабномаларига асосан жойига чиққан ҳолда амалга ошириш;

ФҲДЁ органларига электрон мурожаат қилишни тўлиқ йўлга қўйиш, айрим хизматлардан фойдаланиш учун аризаларни Марказлар ва ЯИДХП орқали қабул қилиш;

туғилиш қайд этилмаган ва туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотномаси бўлмаган шахсларни соддалаштирилган тартибда туғилганлигини қайд қилиш бўйича бир марталик акция ўтказиш;

барча турдаги фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг "ягона далолатнома" асосида юритилишини йўлга қўйиш;

жисмоний шахсларга бериладиган ID-картадан фойдаланиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда идентификация ва верификация воситаси сифатида уни кенг қўллаш;

Марказларда жорий қилинган хизматни кўрсатиш вақтига қараб уларни алоҳида тоифа (йўлак)ларга ажратган ҳолда хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

айрим турдаги давлат хизматларини тижорат банклари орқали кўрсатиш тизимини жорий этиш;

Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги Давлат хизматлари марказлари жойлашган биноларнинг олд томонида ўзига ўзи хизмат қилиш тамойили асосида ишловчи интерактив инфокиосклар ўрнатиш орқали 24 соат режимида давлат хизматлари кўрсатишни жорий этиш;

Марказларда хизмат натижасини автотранспорт воситасидан тушмаган ҳолда тезкор олиш имконини берувчи "DXМ drive" хизматини йўлга қўйиш;

қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини кўпайтириш;

почта алоқа бўлимлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сонини ошириб бориш;

"Давлат хизматларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси томонидан аҳолига масофадан туриб телефон алоқаси орқали консалтинг ва айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш;

аҳолининг турли ижтимоий қатламлари томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва илмий таҳлил қилиш;

олис аҳоли пунктларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, шу жумладан маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширган ҳолда, "марказ-маҳалла-фуқаро" тамойили бўйича Марказлар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш;

ҳар бир маҳаллада яшовчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, жойларга чиққан ҳолда, "маҳаллабай" асосида манзилли хизмат кўрсатиш. Бу борада аҳолининг давлат хизматидан қониқиш даражасини ошириш;

давлат хизматларининг республика ҳудудларига кириб борганлик ҳолатини таҳлил қилиш ва ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талабини ўрганиш;

давлат хизматларини кўрсатиш жойларида фойдаланувчилар учун яратилган қулайликлар, мавжуд бўлиши керак бўлган минимал жиҳозлар, ахборот технологиялари, операторлар ташқи кўриниши, муомала маданияти қоидаларини ўз ичига олган талабларни ишлаб чиқиш.



4-§. Давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли

идораларнинг масъулиятини янада ошириш, аҳолига

ўз вақтида хизматлар кўрсатилишини таъминлашнинг

таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда

ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш


Давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли идораларнинг масъулиятини янада ошириш, аҳолига ўз вақтида хизматлар кўрсатилишини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қуйидагилар амалга оширилади:

давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари мунтазам равишда бузилишига йўл қўйиб келаётган давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органларда ушбу ҳолатларнинг сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

ваколатли идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомиллари бузилганда уларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан судгача шикоят қилиш механизмини йўлга қўйиш;

давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини қайта таҳлил қилган ҳолда, давлат идоралари ҳамда ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган айрим хизматларни хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

давлат хизматларини кўрсатувчи масъул ходим тайинланганда бу ҳақда Адлия вазирлигини хабардор қилиш тартибини жорий қилиш, ходим тегишли лавозимга тайинлангандан сўнг бир ой ичида давлат хизматлари соҳасида малака оширишни йўлга қўйиш;

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорликни баҳолаш тартибини такомиллаштириш ҳамда уни электрон шаклда амалга оширишни йўлга қўйиш;

Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари департаменти ва Марказларда самарали меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш;

давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли органларнинг иш юкламасидан келиб чиқиб, тегишли функцияларни уларнинг ҳудудий бўлинмаларига (туман ва вилоят) ёки юқори турувчи тузилмаларига ўтказиш чораларини кўриш;

Адлия вазирлиги томонидан ваколатли органларнинг давлат хизматларини кўрсатишдаги функция, ваколат ҳамда имкониятларини таҳлил қилиш, хизматларни рақамлаштириш даражасини баҳолаш ёрдамида ваколатли органларнинг таркибий тузилмалари салоҳиятини мустаҳкамлаш.



5-§. Халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш

ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш


Халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида қуйидагилар амалга оширилади:

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (SDGs) рейтинги ва Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторида (Worldwide Governance Indicators) доимий иштирок этиш ва унда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш;

Электрон ҳукумат глобал индексида Ўзбекистон ўрнини яхшилаш;

давлат хизматларини кўрсатишни ривожлантириш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида ходимлар учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кенгайтириш;

давлат хизматлари соҳасида илғор давлатлар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш юзасидан халқаро форумлар ўтказиш;

давлат хизматларини кўрсатиш, маъмурий ислоҳотларни тадқиқ қилиш соҳасида фаолият юритувчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш" лойиҳаси бўйича ҳамкорликнинг II фазасини амалга ошириш;

давлат хизматлари соҳасида илғор давлатларнинг ваколатли органлари билан икки томонлама алоқаларни кенгайтириш.



5-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ОРҚАЛИ ЭРИШИЛАДИГАН НАТИЖАЛАР

ВА МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР


Давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш, тизимга инновацион янгиликларни жорий этиш мақсадида Стратегия қуйидаги натижаларга эришишни кўзда тутади:

давлат хизматлари республиканинг барча ҳудудларига кириб бориши ҳамда аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаби самарали қондирилишига эришиш;

давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш асосида ҳуқуқий аниқликни таъминлаш;

анъанавий тарзда кўрсатиладиган давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш даражасини 80 фоизга етказиш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўламини 60 фоизгача кўтариш;

давлат хизматларини ўзига ўзи хизмат кўрсатиш асосида кўрсатилишини ривожлантириш;

зарур архив маълумотларини рақамлаштириш орқали жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда тезлигини ошириш;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 400 тага, Марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 300 тага етказиш;

Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон ўрнини 20 поғонага яхшилаш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (SDGs) рейтинги ва Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторида (Worldwide Governance Indicators) Ўзбекистон ўрнини яхшилаш;

давлат хизматларини кўрсатишда "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумот алмашинув даражасини 90 фоизга етказиш;

давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган маълумотлар базаларини рақамлаштириш даражасини 80 фоизга етказиш;

давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний шахсларни идентификация қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг замонавий воситаларини (Мобил-ID, банк пластик картаси орқали идентификациялаш, биометрик идентификация - Face ID, Finger Print кабилар) жорий этиш;

давлат хизматларини кўрсатишда маълумотлар очиқлигини, давлат органлари ҳамда бошқа идоралар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш;

тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларининг фақат "ягона дарча" тамойили асосида кўрсатилишига эришиш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 21 апрель
































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск