ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Санитария-эпидемиология назорати /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.04.2022 й. ПҚ-215-сон "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

25.04.2022 й.

N ПҚ-215



БИРЛАМЧИ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ

ЁРДАМИНИ АҲОЛИГА ЯҚИНЛАШТИРИШ ВА

ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-

ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йил давомида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев, А. Иноятов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ-6110-сон Фармони билан тасдиқланган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ 2022 йилда 136 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


3. Белгилансинки:

оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган таклифларига мувофиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил қилинади;

ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади;

оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади;

2022 йил 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади;

аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.


4. 2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун "Қишлоқ шифокори" дастури такомиллаштирилсин. Бунда, янгиланган "Қишлоқ шифокори" дастури доирасида:

олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ўзи ишлаётган олис ва чекка ҳудуддан ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган талабни маҳаллалар кесимида аниқлаш, шифокорларни жалб этиш ва эҳтиёжга кўра келгусида уларга уй-жой ажратиш чораларини кўрсин.

Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда янгиланган олис ва чекка ҳудудлар рўйхатини тасдиқласин.


5. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилсин.

Белгилансинки:

якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;

якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари ва унинг фаолиятини молиялаштириш тартибини тасдиқласин ҳамда амалиётга жорий қилсин.


6. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилсин.

Белгилансинки, пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.


7. 2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинсин. Бунда:

ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;

ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади;

ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг тиббиёт кўрсаткичларидан келиб чиқиб, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизимини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин.


8. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинсин.

Белгилансинки:

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида;

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот беради.


9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (О. Фозилкаримов) 2022 йил 1 октябрга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги тиббий жиҳозларни хатловдан ўтказсин. Бунда:

носоз тиббий жиҳозларни аниқлаб, уларни соз ҳолатга келтириш ёки янгисига алмаштириш учун зарур маблағларни ҳисоб-китоб қилиш;

Соғлиқни сақлаш соҳаси учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тиббий жиҳозлар ҳисобини ва назоратини юритиш бўйича электрон дастур (платформа)ни 2022 йилда Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида жорий этиш ҳамда тажриба натижалари бўйича 2023 йилдан бошқа ҳудудларга босқичма-босқич татбиқ этиш чораларини кўрсин.

Молия вазирлиги (Т. Ишметов) хатлов натижасидан келиб чиқиб, тиббий жиҳозларни (физиотерапевтик, лаборатор, текширув ва бошқалар) соз ҳолатга келтириш ёки янгилаш учун зарур маблағларни ажратиш бўйича таклиф киритсин.


10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев):

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил иловани яратсин ва амалиётга жорий қилсин;

Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг нейрохирургия бўлимлари негизида юридик мақомга эга бўлмаган ҳудудлараро нейрохирургик марказларни ташкил этсин.


11. Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишони таъсис этилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) икки ой муддатда "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишони тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит "В" касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирни амалга ошириш учун зарур маблағларнинг Давлат бюджети ҳисобидан ажратилишини таъминласин.


13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф. Шарипов) билан биргаликда ҳар йили 1 000 нафаргача имтиёзга эга бўлмаган, узоқ йиллар давомида давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган бемор тиббиёт ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операцияларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф. Шарипов) икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган тиббиёт ходимларини даволашга юбориш тартибини тасдиқласин.


14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш. Иноятов, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари О.Р. Фозилкаримов, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Ф.Р. Шарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 25 апрелдаги

ПҚ-215-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария

ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини

қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини

ошириш бўйича чора-тадбирлар

ДАСТУРИ


N

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Бажариш муддати

Молиялаштириш манбалари

Ижро учун масъуллар

I. НОРМАТИВ-ХУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари пуллик асосда ташкил этиладиган тиббий хизматлар рўйхатини тасдиқлаш.

Бунда, пуллик хизматлардан тушаётган маблағларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва фойдаланиш устидан самарали назорат тизимини яратиш. Зарур холларда, пуллар тушумини мониторинг қилиш мақсадида махсус ахборот тизимини яратиш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи

2022 йил июнь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев),

Молия вазирлиги (Т.Ишметов)

2.

Аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлари ва патронаж хизматини ўтказишнинг янгиланган тартибини белгилаш. Бунда:

18 ёшдан 40 ёшгача бўлган шахсларнинг профилактик кўриклари;

хавф гуруҳига мансуб аҳолининг скрининг кўриклари;

алоҳида эътиборга молик аҳоли контингентларининг уйда кўриклари ва патронажи тартиби назарда тутилади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи

2022 йил

июль

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

3.

Замонавий талаб ва инновацион ёндашувларни инобатга олган ҳолда, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари биноларини қуриш, коммуникациялар билан таъминлаш, хоналарнинг жойлашуви, жиҳозланиши бўйича махсус талаблар ва намунавий лойиҳалар ишлаб чиқиш.

Кейинчалик тиббиёт муассасалари учун бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва фойдаланишга топширишда мазкур талабларга риоя қилинишини таъминлаш.

Норматив ҳужжат

2022 йил июль

-

Қурилиш вазирлиги

(Б.Закиров),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

4.

Беморларни кундузги шифохона ва уй шифохона шароитида даволашнинг янгиланган мезонлари ва тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи

2022 йил

август

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

5.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) марказий шифохоналари фаолиятини белгиловчи идоравий норматив-хуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва тизимлаштириш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи

2022 йил

сентябрь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

6.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш меъёрларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи

2022 йил

сентябрь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (О.Фозилкаримов),

Молия вазирлиги (Т.Ишметов)

7.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ташкилий тузилмаси ва низомини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.

Норматив-хуқуқий ҳужжат

2022 йил сентябрь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов)

II. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ВА АҲОЛИГА

ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ

8.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 1 002 та маҳалла тиббиёт пунктини ташкил этиш учун махсус контейнерларни ўрнатиш, инфратузилма яратиш (электр, сув, оқава сув тизими, атрофни ободонлаштириш ва бошқалар), зарур жиҳозлар билан таъминлаш орқали уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш.

Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

давомида

режа-график асосида

Маҳаллий бюджет маблағлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

9.

276 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш учун тегишли биноларни ажратиш, таъмирлаш ишларини ўтказиш, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш.

Амалий чора-тадбирлар

2022-2023 йиллар давомида

режа-график асосида

Маҳаллий бюджет маблағлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

10.

Олис ва чекка ҳудудлардаги даволаш-профилактика муассасаларида шифокорларга бўлган эҳтиёжни маҳаллалар кесимида аниқлаш, бўш шифокор иш ўринлари рўйхатини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш.

Вакант ўринларга талабгорлар билан шартномалар тузиш ва иш ўрни билан таъминлаш, уй-жой ажратиш ва устамалар белгилаш.

Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

1 июлдан бошлаб

Маҳаллий бюджет маблағлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

11.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида физиотерапия хизматини қайта тиклаш мақсадида:

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 15-сон оилавий поликлиникасининг замонавий физиотерапевтик асбоб-ускуналар билан намунавий тарзда жиҳозлаш ва тақдимот ўтказиш натижалари бўйича барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини хатловдан ўтказиш;

физиотерапевтик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш жадвалини тузиш ва тасдиқлаш;

физиотерапевтик асбоб-ускуналарни харид қилиш ва жойларга тарқатиш;

оилавий шифокор пунктларининг амалдаги штат бирликлари доирасида физиотерапия ҳамширалари штатларини ажратиш.

Амалий чора-тадбирлар



2022 йил

апрель-май






2022-2023 йиллар

давомида режа-график асосида

Республика ва маҳаллий бюджет маблағлари



Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)






Соғлиқни сақлаш вазирлиги (О.Фозилкаримов),

Молия вазирлиги (Ж.Абруев)

III. КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ, ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР

СИФАТИ ВА САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

12.

10 миллион нафар хавф гуруҳига мансуб аҳолини юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш бўйича скрининг дастурлари билан қамраб олиш.

Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

давомида

режа-график асосида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

13.

Барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" хоналарининг жиҳозланиш жадвалини ва тиббий ходимлар вазифаларини белгилаш.


Ушбу хоналарда оммавий тарғибот ва скрининг тадбирларини ўтказиш билан биргаликда соғлом турмуш тарзи асослари бўйича индивидуал маслаҳат бериш тизимини жорий этиш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи


Амалий чора-тадбирлар

2022 йил июль




2022 йил давомида

режа-график асосида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

14.

"Тиббиёт бригадаси" томонидан хонадонларда саломатлик ҳолатини ўрганиш ва касалликларнинг хавф омилларидан келиб чиқиб, тегишли маслаҳат ва тавсиялар беришни йўлга қўйиш, бригадаларни тарғибот материаллари билан таъминлаш.

Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

давомида режа-график асосида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

15.

Даволаш-профилактика муассасаларида қон билан бевосита ишлайдиган касб эгалари рўйхати ва гепатит "В"га қарши бепул эмлаш режасини тузиш ва режани амалга ошириш.

Режа-жадвал

Тасдиқлаш - 2022 йил

май


Бажариш - 2022 йил

давомида

Соғлиқни сақлаш соҳаси учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Юсупалиев)

16.

Барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, 2 000 дан зиёд амбулатор-поликлиника муассасалари мудирлари, 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари аъзолари учун соғлом турмуш тарзи асослари ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича махсус семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Режа-жадвал

Тасдиқлаш - 2022 йил май


Ўтказиш - 2022 йил

давомида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

17.

Соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ходимлари учун менежмент, тиббий хизматлар сифатини ошириш, муассасалар фаолиятини ташкиллаштириш ва таҳлил этиш юзасидан амалий кўникмаларни ҳосил қилиш масалалари бўйича махсус курсларни ташкил этиш.

Режа-жадвал

Тасдиқлаш - 2022 йил май


Ўтказиш - 2022 йил

давомида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов)

IV. АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАРДАН АҲОЛИНИНГ ХАБАРДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА ЁРИТИБ БОРИШ

18.

Тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, маҳалла фуқаролик йиғинларида ҳисобот бериш тартибини ишлаб чиқиш.

Бунда:

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида;

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларининг халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот бериши амалиётини жорий этиш назарда тутилади.

Қонун

лойиҳаси

2022 йил

июнь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев),

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

19.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари қошида мунтазам фаолият юритувчи call-марказ ташкил этиш.

Ушбу марказда фуқаролар ва тиббиёт ходимларидан мурожаатларни қабул қилиш, уларни ҳал этиш билан биргаликда, тизимли таклифлардан соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда фойдаланиш йўлга қўйиш.

Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

май



2022 йил

давомида

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 25 апрелдаги

ПҚ-215-сон қарорига

2-ИЛОВА



Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан

узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йил

давомида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш

ЖАДВАЛИ

N

Ҳудуд номи

2022 йилда ташкил этиладиган тиббиёт пунктлари сони

Шу жумладан:

II чорак

III чорак

IV чорак

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

57

40

12

5

2.

Андижон вилояти

10

7

2

1

3.

Бухоро вилояти

122

85

25

12

4.

Жиззах вилояти

61

42

13

6

5.

Қашқадарё вилояти

95

65

20

10

6.

Навоий вилояти

109

70

26

13

7.

Наманган вилояти

126

80

32

14

8.

Самарқанд вилояти

97

70

17

10

9.

Сирдарё вилояти

35

23

8

4

10.

Сурхондарё вилояти

160

110

35

15

11.

Тошкент вилояти

39

26

9

4

12.

Фарғона вилояти

70

48

15

7

13.

Хоразм вилояти

21

11

7

3

Жами

1 002

677

221

104

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 25 апрель


"Халқ сўзи", 2022 йил 26 апрель





























Время: 0.2021
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск