ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ижтимоий ва хусусий шериклик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.04.2022 й. 208-сон "Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.04.2022 й.

N 208




ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ҲАМДА

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига онлайн давлат хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, уларни электрон шаклда давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни реал вақт режимида тақдим қилиш, шунингдек, фуқаролик жамиятининг ривожланиш ҳолати ва тенденцияларини кузатиб бориш имкониятини берадиган электрон портал (кейинги ўринларда - электрон портал) ишлаб чиқилиб, ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (кейинги ўринларда - Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди) билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар электрон портал базасида қуйидаги имкониятларни берадиган ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этсин:

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари (кейинги ўринларда - ННТ) томонидан ижтимоий ва иқтисодий дастурлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш, мониторинг натижаси бўйича мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим бўлган ҳужжатни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги таклифларни масъул давлат органлари ва ташкилотларига киритиш;

ННТларнинг ижтимоий ва иқтисодий дастурлар лойиҳалари юзасидан берган таклифларини давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқиш ва натижаларини электрон порталга жойлаштириш;

ННТлар ёки давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича таклифлар киритиш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий шериклик соҳалари доирасида давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига (кейинги ўринларда - ҳудудий жамоат фондлари) буюртманомалар юбориш;

ННТлар томонидан амалга оширилган жамоатчилик назоратининг якуни бўйича тайёрланган ҳужжатни давлат органлари ва ташкилотларига юбориш ҳамда давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан ушбу ҳужжатнинг кўриб чиқилиши натижаси бўйича қабул қилинган қарорларни эълон қилиш.


3. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда электрон порталга жойлаштириб борилади:

ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари;

социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар;

келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига юбориладиган буюртманомалар;

ННТлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотлар;

давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва ҳудудий жамоат фондларига давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танловлар ўтказилиши ҳақидаги эълонлар, шунингдек, ўтказилган танловларнинг натижалари ҳақида маълумотларни электрон порталга жойлаштириб бориш тавсия этилсин.


4. Электрон порталда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича ташкилий схема иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Электрон порталнинг функционал имкониятларини такомиллаштириш, унинг узлуксиз фаолият кўрсатиши, шунингдек, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

а) ижтимоий шерикликни электрон портал орқали амалга ошириш тартибига риоя этилишининг назорати ва доимий мониторингини амалга оширсин;

б) Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 августга қадар давлат бошқаруви органларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартибини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиб-таомилларини "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида қайта кўриб чиқиш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун ажратиладиган маблағларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

ижтимоий лойиҳаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиш тартиби;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағларнинг ННТлар томонидан маъмурий харажатлар ва иш ҳақига ишлатиладиган қисмини аниқ белгилаш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилишнинг аниқ механизми;

давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлигини баҳолаш индикаторларини белгилаш;

давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилиб бориш тартиби;

в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар:

давлат органлари ва ташкилотлари, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, ҳудудий жамоат фондлари ҳамда ННТларнинг электрон порталдан ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши учун фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

ушбу қарорнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган функционал имкониятлар Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам амалга оширилишини таъминласин;

г) Молия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар ННТларга қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий шериклик доирасида ажратилган давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси бўйича амалга оширилган ижтимоий лойиҳаларнинг Ягона электрон реестрини жорий этсин ва доимий равишда янгилаб борсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда:

а) "Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тизимли ва самарали ижроси таъминланишига кўмаклашиш мақсадида қуйидаги масалаларни аниқлаш учун 2023 йилдан бошлаб ҳар йили таҳлил қилиб боради:

мавжуд ижтимоий хизматларнинг хатлови, ижтимоий хизматларни кўрсатиш ҳолати, ижтимоий хизматларни кўрсатишга жалб қилинган моддий ва молиявий ресурсларнинг турлари ва миқдори;

ижтимоий хизматларни кўрсатаётган субъектлар турлари (давлат органлари ва ташкилотлари, ННТлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқалар.) ва сони;

аҳолининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжини баҳолаш орқали биринчи навбатда, ижтимоий хизматлар кўрсатилиши зарур бўлган аҳоли қатламлари;

жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, ННТларга давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериладиган ижтимоий хизмат кўрсатишнинг устувор йўналишлари;

б) таҳлиллар натижаси бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари, Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга маълумот тақдим этиб боради.


8. Вазирлик ва идоралар ҳар йили социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бериладиган давлат ижтимоий буюртмаларини ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган таҳлилий маълумотларга асосан шакллантириб борсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ..Давлетов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов






Қарорга

ИЛОВА



Электрон порталда Ижтимоий шериклик ва

жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг

замонавий механизмларини жорий этиш

СХЕМАСИ

Адлия вазирлиги, манфаатдор идора ва ташкилотлар билан бирга

7

V

Давлат органлари

ва ташкилотлари

6

>

ЭЛЕКТРОН ПОРТАЛ

5

>

Фуқаролик жамияти

институтлари


<

<


1


4

Λ

3

2

V

Олий Мажлис ҳузуридаги

жамоат фонди, ҳудудий жамоат фондлари

1. Давлат органлари ва ташкилотлари ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари; бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлари; лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари бўйича маълумотлар; Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига юбориладиган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотларни электрон порталга жойлаштиради.


2. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, ҳудудий жамоат фондлари давлат гранти ва ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар.


3. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, ҳудудий жамоат фондлари давлат гранти танловларнинг натижалари, лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумотларни электрон порталга жойлаштиради.


4. Фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳаларига таклифларни, эълон қилинган танловларда иштирок этиш учун аризани давлат органлари ҳaмдa Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига электрон портал орқали юборади.


5. Фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича таклифларни давлат органлари ва ташкилотларига электрон портал орқали юборади.


6. Давлат органлари ва ташкилотлари ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича таклифларни фуқаролик жамияти институтларига электрон портал орқали юборади.


7. Адлия вазирлиги ижтимоий шерикликни электрон протал орқали амалга ошириш тартибига риоя этилишининг назорати ва доимий мониторингини амалга оширади, амалга оширилган ижтимоий лойиҳаларнинг ягона электрон реестрини жорий этади ва доимий равишда янгилаб боради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 23 апрель














































Время: 0.0557
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск