ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Умумий концептуал саволлар /

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар (объектлар) амалга оширилишини мониторинг қилиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.04.2022 й. 206-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 21 апрелдаги

206-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини

ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар

(объектлар) амалга оширилишини

мониторинг қилиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар (объектлар) амалга оширилишини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


мониторингни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда - ваколатли орган) - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;


лойиҳа иштирокчилари - буюртмачилар ҳамда улар билан тузилган шартномаларга асосан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини (кейинги ўринларда - қурилиш) амалга ошириш учун жалб этилган лойиҳа ва пудрат ташкилотлари;


мониторинг - объектни лойиҳалаштиришдан бошлаб, уни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараён, шу жумладан ушбу давр ичида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилишини кузатиб бориш, таҳлил қилиш, баҳолаш, шунингдек, объектнинг ҳолати ва натижадорлиги билан боғлиқ маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш.



2-БОБ. МОНИТОРИНГНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


3. Мониторингни асосий мақсади бюджет тизими бюджетларининг капитал қўйилмалари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар (объектлар) бўйича лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган параметрларга эришилишини таъминлашдан иборат.


4. Мониторингнинг асосий вазифалари:

лойиҳа иштирокчилари томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш жараёнида қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъи риоя этилишини;

объектлар бўйича лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган натижаларга, шу жумладан, объект учун капитал қўйилмалар ажратиш бўйича талабномаларда кўрсатилган лойиҳа кўрсаткичларига тўлиқ эришилишини;

объектлар учун ажратиладиган маблағларнинг белгиланган муддатларда ва мақсадли ўзлаштирилишини ҳамда объектларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини;

лойиҳа иштирокчилари томонидан капитал қўйилмаларни ўзлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ҳамда бошқа мажбуриятларни бажариш тегишли шартномалар шартларига мувофиқ амалга оширилишини;

қурилиш ишларининг бажариш графигига қатъий амал қилган ҳолда тўлиқ бажарилишини;

объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини белгиланган муддатларда ҳамда сифатли бажаришга салбий таъсир этувчи омилларнинг ўз вақтида аниқланиши ва бартараф этилишини;

лойиҳа иштирокчиларининг объектларни иш тушириш жараёнидаги фаолияти ва ўзаро алоқалари доимий мувофиқлаштирилишини таъминлаш.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ДАВРИДА

МОНИТОРИНГ


5. Мониторинг ваколатли орган томонидан режалаштирилган ва режадан ташқари мониторинг тадбирлари асосида ташкил этилади. Бунда:

режалаштирилган тадбирлар - жорий календарь йил учун тасдиқланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида, шунингдек, ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган режа-графиклар асосида;

режадан ташқари тадбирлар - ваколатли орган раҳбариятининг топшириқлари асосида ўтказилади.


6. Мониторинг тадбирларини амалга ошириш доирасида ваколатли орган:

объектларнинг амалга оширилиш ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида лойиҳа иштирокчиларидан тегишли объектлар тўғрисидаги зарур маълумот, ахборот ва ҳисоботларни тизимли олиб, умумлаштиради;

капитал қўйилмалар ўз вақтида, тўлиқ ва мақсадли ўзлаштирилишини, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари белгиланган муддатларда бажарилишини тизимли ўрганади;

объектлар доирасидаги ишлар тармоқ жадвалларидан ортда қолиш сабабларини таҳлил қилади ва лойиҳа иштирокчиларига аниқланган камчиликлар ҳамда йўл қўйилган кечикишларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритиб боради;

лойиҳа иштирокчилари томонидан шартномаларда (битимларда) белгиланган мажбуриятлар бажарилиши, объектларда қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши, шунингдек, капитал қўйилмалардан фойдаланилиш ҳолатларини жойларга чиққан ҳолда ўрганишни ташкил этади;

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар тўғрисида маълумотлар банкини шакллантиради;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа вазифа ва функцияларни амалга оширади.


7. Ваколатли орган томонидан мониторинг тадбирлари бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилганда, ваколатли орган мутахассислари қидирув ва қурилиш ишлари амалга оширилаётган ҳамда лойиҳа иштирокчиларининг ҳақиқатда жойлашган жойларга бориши, объектларда амалга оширилаётган ишларни ваколатли органга тақдим этилган маълумотларга мувофиқлигини танлов асосида ўрганиши мумкин.

Бунда лойиҳа иштирокчилари мониторинг тадбирларини ўтказаётган шахсларга тегишли объектга тўсиқсиз киришини ва уни амалга ошириш билан боғлиқ барча керакли ҳужжатлар тақдим этилишини таъминлаши шарт, бундан давлат сирлари билан боғлиқ ҳамда махфий аҳамиятга эга бўлган объектлар ва маълумотлар мустасно.


8. Ваколатли органнинг мониторинг тадбирларига жалб қилинган мутахассислари томонидан мониторинг объектига тааллуқли бўлмаган ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиниши, мониторинг тадбирлари доирасида ўзига маълум бўлган ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек, мониторинг тадбирларида қонун билан тақиқланган масалаларга аралашишига йўл қўйилмайди.


9. Мониторинг иловага мувофиқ схемага асосан "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимидан (кейинги ўринларда - ахборот тизими) фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.


10. Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари - лойиҳа ташаббускорлари (буюртмачилар) томонидан объектларнинг амалга оширилиши ҳолат ва уларнинг якунланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар тўғрисидаги зарур маълумотларни ахборот тизимига киритиб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 3-санасига қадар электрон имзо билан тасдиқланган ҳолда тақдим этиб боради.

Бунда давлат сири ва махфий маълумотлар тоифасига кирувчи объектлар бўйича маълумотлар давлат сирлари ва махфий маълумотлар тоифаларига киритилган ахборотлар билан ишлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилади.


11. Объектлар тўғрисидаги маълумотлар мазкур Низомда белгиланган тартиб ва муддатда ваколатли органга тақдим этилмаган тақдирда ёки тақдим этилган маълумотларда номувофиқлик ва (ёки) ноаниқликлар аниқланганда, ваколатли орган икки иш куни ичида лойиҳа ташаббускорига (буюртмачига) тегишли хабарнома юборади.

Лойиҳа ташаббускори (буюртмачи) хабарномани олган кундан бошлаб икки иш куни ичида ваколатли органга зарур маълумотларни (қайта ишланган ҳисоботни) ҳамда номувофиқлик ва (ёки) ноаниқликлар юзасидан тушунтиришларни юборади.

Лойиҳа ташаббускори (буюртмачи) ушбу банд талабларига риоя этилмаган ёки топшириқни бажариш асоссиз равишда рад этилган ҳолларда ваколатли орган режадан ташқари мониторинг тадбирларини ўтказиш, шу жумладан, объектнинг ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиш юзасидан қарор қабул қилиши мумкин.


12. Ваколатли орган ҳар ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 декабрдаги ПҚ-43-сон қарорига мувофиқ тузилган Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабига ҳамда "2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сон қарорига мувофиқ тузилган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича республика комиссиясига мониторинг натижалари юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи ойлик, чораклик ва йиллик ахборотни киритиб боради:

объектларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва давлат экспертизасидан ўтказиш ҳолати тўғрисидаги маълумотларни;

пудрат ташкилотини аниқлаш жараёнлари ҳамда шартномалар тузилганлик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни;

қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг ҳолати, уларни молиялаштириш ва маблағларни ўзлаштириш даражаси тўғрисидаги маълумотларни;

маблағларни ўзлаштириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлар бажарилиши, шу жумладан, тармоқ жадвалидан ортда қолиш сабаблари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тўғрисидаги маълумотларни;

объектларни фойдаланишга топшириш ҳолати тўғрисидаги маълумотларни;

аниқланган камчиликлар ва йўл қўйилган кечикишларни бартараф этиш юзасидан таклифларни.


13. Мониторингни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнларида лойиҳалар ташаббускорлари (буюртмачилар) лойиҳаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш ва бу борадаги ишларни доимий назорат қилиш, шунингдек, ахборот тизимига тақдим этилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯДАН КЕЙИНГИ

МОНИТОРИНГ


14. Инвестициядан кейинги мониторинг бюджет тизими бюджетларининг капитал қўйилмалари ҳисобидан қурилган, реконструкция қилинган, мукаммал таъмирланган, жиҳозланган ва фойдаланишга топширилган объектларда ваколатли орган томонидан ўтказилади.


15. Инвестициядан кейинги мониторинг объект фойдаланишга топширилгандан сўнг беш йил давомида амалга оширилади.


16. Лойиҳа ташаббускорлари (буюртмачилар) қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланган объектлар бўйича инвестициядан кейинги мониторинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ваколатли органга унинг сўровига асосан қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

объект параметрлари тасдиқланган лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган параметрларга мувофиқлиги, шу жумладан, объектнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги тўғрисидаги маъумотлар;

объектни бошқариш, сақлаш ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳажми, уларни молиялаштириш манбалари, ресурсларни тежаш ҳисобига мақбуллаштирилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар;

объектнинг ва унга сарфланган маблағларнинг натижадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.


17. Ваколатли орган инвестициядан кейинги мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, бюджет тизими бюджетларининг капитал қўйилмалари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда лойиҳа ташаббускорларига (буюртмачиларга) тавсиялар киритиб боради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ижроси тўғрисидаги маълумотларни тарқатишни ваколатли орган билан келишган ҳолда амалга оширилади.


19. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини

ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар

(объектлар) амалга оширилишини

мониторинг қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари




I босқич


Лойиҳа ташаббускорлари (буюртмачилар)


Объектларнинг амалга оширилиш ҳолати ва уларнинг якунланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар тўғрисидаги зарур маълумотларни ахборот тизими орқали Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этиш.


ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 3-санасига қадар




II босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Маълумотлар ваколатли органга тақдим этилмаган тақдирда ёки тақдим этилган маълумотларда номувофиқлик ва (ёки) ноаниқликлар аниқланганда, лойиҳа ташаббускорига (буюртмачига) тегишли хабарнома юбориш.


2 иш куни ичида




III босқич


Лойиҳа ташаббускорлари (буюртмачилар)


Ваколатли органга хабарнома бўйича зарур маълумотларни (қайта ишланган ҳисоботни) ҳамда номувофиқлик ва (ёки) ноаниқликлар юзасидан тушунтиришлар юбориш.


2 иш куни ичида




IV босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Мониторинг натижалари юзасидан маълумот ва таклифлар бўйича ойлик, чораклик ва йиллик ахборотни Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ва Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича республика комиссиясига киритиб бориш


ҳисобот давридан кейинги ойнинг

10 санасига қадар




V босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Инвестициядан кейинги мониторингни амалга ошириш, унинг натижалари бўйича капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва лойиҳа ташаббускорлари (буюртмачилари) учун тавсиялар ишлаб чиқиш.


объект фойдала-нишга топширил-ганидан сўнг 5 йил давомида

(заруратга кўра)




  

Изоҳ: давлат сири ва махфий маълумотлар тоифасига кирувчи объектлар бўйича маълумотлар давлат сирлари ва махфий маълумотлар тоифаларига киритилган ахборотлар билан ишлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 22 апрель











































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск