ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

"Яшил чироқ" мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.04.2022 й. 212-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 26 апрелдаги

212-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Яшил чироқ" мусобақасини ташкил этиш

ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида (кейинги ўринларда - таълим муассасалари) ўқувчилар ўртасида "Яшил чироқ" мусобақасини (кейинги ўринларда - мусобақа) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Мусобақа таълим муассасаларида ўқувчи ёшларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, уларни йўл ҳаракатининг маданиятли иштирокчиси сифатида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.



2-БОБ. МУСОБАҚАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


3. Мусобақанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

"Яшил чироқ" гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш;

"Яшил чироқ" гуруҳлари аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш;

болаларга кўча ва йўлларда юриш қоидаларини кенг тарғиб қилишда энг яхши иш тажрибаларини ўрганиш, тўлдириш ва оммалаштириш;

болалар онгида "Йўл ҳаракати қоидалари"га қатъи риоя қилиш ҳиссини шакллантириш.



3-БОБ. МУСОБАҚАНИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


4. Мусобақани ташкил этиш ва ўтказиш таълим муассасалари томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида амалга оширилади. Мусобақа давомида "Йўл ҳаракати қоидалари"ни ўрганиш бўйича тест синовлари, танлов, викторина, мусобақалар мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.


5. Мусобақалар ўқишдан ташқари вақтларда ташкил этилади.


6. Мусобақа иштирокчилари дам олиш кунлари алоҳида режага асосан олдиндан келишилган (рухсат олган) ҳолда, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига экскурсия уюштиришлари, ходимларга яратилган хизмат шароитлари билан танишишлари мумкин.


7. Мусобақа қуйидаги тўрт босқичда ўтказилади:

1-босқич таълим муассасаларида ҳар йили февраль-март ойларида ўтказилади. Мазкур босқичда мусобақа синфлараро йўл ҳаракати қоидалари бўйича ўтказилади ва йўл ҳаракати қоидаларини яхши ўзлаштирган ўқувчилардан "яшил чироқ" гуруҳлари тузилади. Бу гуруҳга 11 - 14 ёшли 5 - 8-синф ўқувчилари қабул қилинади;

2-босқич (маҳаллий босқич) ҳар йили март-апрель ойларида туман (шаҳар) доирасида ўтказилади;

3-босқич (ҳудудий босқич) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида туман (шаҳар) ғолиблари иштирокида ҳар йили май ойида ўтказилади;

4-босқич (республика босқичи) ҳар йили июнь-июль ойларида учинчи босқичда 1-ўринни эгаллаган гуруҳлар иштирокида ўтказилади.


8. Мусобақани ўтказиш ишларига раҳбарлик қилиш ва уларни адолатли ўтказиш мақсадида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ таркибда "Яшил чироқ" мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича республика ташкилий қўмитаси, ҳудудларда эса ҳудудий ташкилий қўмиталар тузилади.

Ҳудудий ташкилий қўмиталар Халқ таълими вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг вакилларидан иборат таркибда тузилади.


9. Мусобақа ўтказиладиган жой ташкилий қўмита томонидан белгиланади ва ҳар бир босқичдан камида 30 кун олдин таълим муассасалари ва масъул ташкилотларга маълум қилинади.

Мусобақанинг республика босқичи июнь-июль ойларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган жойда ўтказилади.

Мусобақанинг республика босқичи ўтказилиши белгиланган жойга келиб кетиш учун автотранспорт таъминоти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига юкланади, гуруҳларни кузатиб бориш эса ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади.


10. Ташкилий қўмита мусобақани ўтказиш бўйича барча ташкилий масалаларни ҳал этади, ҳакамлар ҳайъати таркибини тузади ва тасдиқлайди.


11. Мусобақани ўтказиш жойи ташкилий қўмитанинг тавсиясига биноан тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари буйруғига асосан белгиланади.


12. Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш тадбирлари ташкилий қўмита қарорига асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган жойларда ўтказилиши мумкин.



4-БОБ. МУСОБАҚА ИШТИРОКЧИЛАРИ


13. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасалари ўқувчиларидан иборат гуруҳлар иштирок этади.


14. Мусобақа соғлом ва ногиронлиги бўлган болалар ўртасида алоҳида-алоҳида ўтказилади.


15. Таълим муассасаларининг мусобақада иштирок этувчи гуруҳлари 6 нафар ўқувчидан (3 нафар ўғил бола ва 3 нафар қиз бола) иборат таркибда тузилади.


16. Гуруҳлар фақат мусобақада қатнашаётган таълим муассасаси ўқувчиларидан иборат бўлиши керак.


17. Мусобақада "Йўл ҳаракати қоидалари" юзасидан билим ва кўникмаларга эга бўлган 11 - 14 ёшли ўқувчилар иштирок этади.


18. Мусобақа иштирокчилари ҳакамлар ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки идентификацияловчи ID-карта нусхаси);

таълим муассасаси ўқувчиси эканлигини тасдиқловчи маълумотнома (сурати билан, муҳрланган);

соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома;

техника хавфсизлиги қоидалари билан бевосита танишганлиги юзасидан далолатнома.


19. Мусобақага гуруҳлар қатъий равишда махсус кийим-бош, спорт кийимлари ва гувоҳномалар билан келишлари шарт (кийим-боши ўзгартирилган ва гувоҳномаси бўлмаган ўқувчилар мусобақаларга қўйилмайди).

Талаб қилинган юқоридаги ҳужжатларни топширмаган ёки ҳужжатларида камчилиги мавжуд жамоалар мусобақада иштирок эта олмайди.



5-БОБ. МУСОБАҚА ТАШКИЛОТЧИЛАРИ


20. Қуйидагилар мусобақа ташкилотчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси.


21. Мусобақа ташкилотчилари:

мусобақага амалий раҳбарлик қилиш учун унинг қуйи ва якуний босқичларида малакали мутахассислардан иборат вакилларининг иштирокини таъминлайди;

ҳудудий ташкилий қўмиталар томонидан жойларда мусобақаларга раҳбарлик қилиш учун штаб ва унинг раҳбарлари тасдиқланишини назорат қилади.


22. Мусобақанинг ҳар бир босқичи ўтказилганлиги юзасидан баённома ташкилий қўмитага мусобақалар ўтгандан кейин уч кун муддат ичида берилиши шарт.


23. Гуруҳлар мусобақага Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими ва мактаб вакилининг кузатувида келадилар.



6-БОБ. МУСОБАҚА ШАРТЛАРИ ВА

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


24. Мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилади:

Жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги;

Пиёдалар вазифалари ва ҳаракатига оид синов;

Ёш велосипедчилар мусобақаси;

Ёш тартибга солувчи синови;

Гуруҳ сардорлари беллашуви;

Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув;

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

Техника ижодиёти танлови;

Автомобиллар билимдони;

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон;

Велосипед бошқарувчиларнинг чорраҳада ҳаракатланиши;

"Яшил чироқ" тарғибот гуруҳларининг чиқиши;

"Медиаижодиёт" маҳсулотлари.


25. Жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Жамоа аъзоларининг сафда шахдам қадам билан белгиланган қоида бўйича юришларига, саф қўшиғи мазмуни ва ижросига алоҳида эътибор қаратилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


26. Пиёдалар вазифалари ва ҳаракатига оид синов шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи ҳакамлар томонидан тайёрланган саволлар тўпламидан битта билет танлаб олиб, жавоб қайтаради. Ҳакамларнинг талабига асосан жавобларини амалий тарзда кўрсатиб ҳам беради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


27. Еш велосипедчилар мусобақаси шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи саккиз шаклидаги чизиқни босмай унинг оралиғида ҳаракатланиш, тўсиқларни айланиб ўтиш, шартли кўприкчадан юриш, махсус устунча устида турган идишдаги сувни тўкмасдан иккинчи устунчага олиб бориб қўйиш шартларини бажаради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


28. Ёш тартибга солувчи синови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. У ҳакамлар томонидан берилган саволларга кўра регулировкачининг ҳаракатларини кўрсатиб, изоҳлаб беради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


29. Гуруҳ сардорлари беллашуви шартида жамоалар сардорлари иштирок этади. Сардорларга навбати билан "Йўл ҳаракати қоидалари" асосида саволлар берилади. Мусобақанинг ушбу тури сардорлардан бири саволга жавоб бера олмай қолганда тўхтатилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва ушбу саволга жамоа сардори 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

"Тўлиқ" жавоб учун "2" балл, "тўлиқ бўлмаган" жавоб учун "1" балл, "нотўғри" жавоб учун "0" балл қўйиб борилади.


30. Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар ҳакамлар томонидан берилган топшириққа асосан 15 дақиқа ичида 40x40 ўлчамдаги қоғоз ёки картонга макет ясаб беришлари керак. Макет ясашда қалам, ручка, фломастерда чизиқлар чизиш тақиқланади ва тайёр қилиб олиб келинган деталлар инобатга олинмайди. Ҳар бир деталь "Йўл ҳаракати қоидалари" талабларига мос тушиши ва қоғоздан кесиб олиниб, елим билан ёпиштирилиши шарт. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


31. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шифокорлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришади. Жавоблар амалий тарзда кўрсатиб берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


32. Техника ижодиёти танлови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Танлов ўқувчилар томонидан тайёрланган, радио сигналлар орқали бошқариладиган транспортлар ҳаракати юзасидан ўтказилади. Ушбу транспортнинг кузови қўлда (картон ёки фанерадан) ясалган бўлиши шарт. Шартда транспорт воситасининг тўғрига, ўнгга, чапга, орқага ҳаракати намойиш этилади ва транспорт воситаси шартли равишда ясалган гаражга киритилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


33. Автомобиллар билимдони шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчиларнинг ҳар бирига навбати билан 10 та "Автомобиллар русуми, техник тавсифи, махсус автомобиллар тури" асосида саволлар берилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва автомобиль фотосурати кўрсатилади ушбу саволга жамоа аъзоси 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

"Тўлиқ" жавоб учун "2" балл, "тўлиқ бўлмаган" жавоб учун "1" балл, "нотўғри" жавоб учун "0" балл қўйиб борилади.


34. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларга жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 15 дақиқа вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун "1" баллик тизимда баҳоланади.


35. Велосипед бошқарувчиларнинг чорраҳада ҳаракатланиши шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У велосипедни бошқарган ҳолда чорраҳани светофор ёки тартибга солувчининг ишораларига амал қилган ҳолда кесиб ўтади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


36. "Яшил чироқ" тарғибот гуруҳларининг чиқиши шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Бу чиқишда гуруҳлар йўл ҳаракати қоидаларини бадиий усулда, театрлаштирилган саҳна кўринишларида тарғиб қиладилар. Тарғибот гуруҳларининг чиқишига 10 дақиқа вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


37. "Медиаижодиёт" маҳсулотлари шартида республика босқичига чиққан гуруҳлар "Медиаижодиёт" маҳсулотларини олиб келишлари лозим:

йўл ҳаракатини хавфсизлигини тарғиб этувчи 1 дақиқалик ижтимоий видеоролик;

2-3 дақиқалик видеорепортаж;

йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб этувчи флешмоб;

тарғибот плакати А-1 форматдаги ватман қоғозда.

Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир мавзуга мос ва таъсирчан маҳсулот учун "5" баллик тизимда баҳоланади.

"Медиаижодиёт" маҳсулотлари тайёрлаш умумий ўрта таълим мактаби ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорининг буйруғи билан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


38. Бир хил балл тўплаган гуруҳларга қўшимча мусобақа ташкил этилади, яъни гуруҳ аъзоларининг автомайдончада тартибга солувчи ишоралар бўйича велосипедда ҳаракатланиши шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Бу чиқишда гуруҳ аъзолари тўрт тарафдан тартибга солувчи ишораларига амал қилган ҳолда чорраҳани кесиб ўтадилар. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


39. Ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилади:

Пиёдалар ҳаракатига оид саволлар;

Гуруҳ сардорлари беллашуви;

Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув;

Техника ижодиёти танлови;

Автомобиллар билимдони;

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон;

"Медиаижодиёт" маҳсулотлари.


40. Пиёдалар ҳаракатига оид саволлар шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи пиёдаларнинг вазифаларига оид саволларга жавоб қайтаради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


41. Гуруҳ сардорлари беллашуви шартида жамоанинг сардорлари иштирок этади. Сардорларга навбати билан "Йўл ҳаракати қоидалари" асосида саволлар берилади. Мусобақанинг ушбу тури сардорлардан бири саволга жавоб бера олмай қолганда тўхтатилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва ушбу саволга жамоа сардори 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

"Тўлиқ" жавоб учун "2" балл, "тўлиқ бўлмаган" жавоб учун "1" балл, "нотўғри" жавоб учун "0" балл қўйиб борилади.


42. Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар ҳакамлар томонидан берилган топшириққа асосан 15 дақиқа ичида 40x40 ўлчамдаги қоғоз ёки картонга макет ясаб беришлари керак. Макет ясашда қалам, ручка, фломастерда чизиқлар чизиш тақиқланади ва тайёр қилиб олиб келинган деталлар инобатга олинмайди. Ҳар бир деталь "Йўл ҳаракати қоидалари" талабларига мос тушиши ва қоғоздан кесиб олиниб, елим билан ёпиштирилиши шарт. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


43. Техника ижодиёти танлови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Танлов ўқувчилар томонидан тайёрланган, радио сигналлар орқали бошқариладиган транспортлар ҳаракати юзасидан ўтказилади. Ушбу транспортнинг кузови қўлда (картон ёки фанерадан) ясалган бўлиши шарт. Шартда транспорт воситасининг тўғрига, ўнгга, чапга, орқага ҳаракати намойиш этилади ва транспорт воситаси шартли равишда ясалган гаражга киритилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда "5" баллик тизимда баҳоланади.


44. Автомобиллар билимдони шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчиларнинг ҳар бирига навбати билан 10 та "Автомобиллар русуми, техник тавсифи, махсус автомобиллар тури" асосида саволлар берилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва автомобиль фотосурати кўрсатилади, ушбу саволга жамоа аъзоси 15 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

"Тўлиқ" жавоб учун "2" балл, "тўлиқ бўлмаган" жавоб учун "1" балл, "нотўғри" жавоб учун "0" балл қўйиб борилади.


45. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларига жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 20 минут вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун "1" баллик тизимда баҳоланади.


46. "Медиаижодиёт" маҳсулотлари шартида республика босқичига чиққан гуруҳлар "Медиаижодиёт" маҳсулотларини олиб келишлари лозим:

йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб этувчи флешмоб;

тарғибот плакати А-1 форматдаги ватман қоғозда.

Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир мавзуга мос ва таъсирчан маҳсулот учун "5" баллик тизимда баҳоланади.


47. Бир хил балл тўплаган гуруҳларга қўшимча мусобақа ташкил этилади, яъни гуруҳ аъзоларига йўл ҳаракати қоидалари бўйича қўшимча имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларига жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 10 минут вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун "1" баллик тизимда баҳоланади.


48. Мусобақа шартлари бўйича иштирокчиларни ташкилий қўмита томонидан белгиланган ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боради.


49. Гуруҳларнинг барча шартлар давомида тезкорлиги, "Йўл ҳаракати қоидалари"ни мукаммал билиши, мамлакатимиз автомобиль йўлларида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги янгиликларни билиши, кийим-бош кийиши, жавоб беришдаги қатъияти ва ушбу Низомда кўрсатилган талабларга риоя этишлари - баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.


50. Мусобақадаги саволлар "Йўл ҳаракати қоидалари"дан келиб чиққан ҳолда тузилади.


51. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва унинг бўлинмалари мутахассислари томонидан тузилади ҳамда мусобақа кунидан бир кун аввал махсус конвертга солиниб, ташкилий қўмита аъзолари иштирокида муҳрланади.



7-БОБ. ҒОЛИБЛАРНИ ТАҚДИРЛАШ


52. Мусобақа ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланади:

1-босқич ғолиблари таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ғолибларни тақдирлаш учун сарф-харажатларга ҳомийлар жалб этилиши мумкин.

2-босқич ғолиблари Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) кенгашлари ва таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирланади.

3-босқич ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий кенгашларининг I, II ва III даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шунингдек, ғолибларни тақдирлаш учун сарф-харажатларга бошқа ташкилотлар ҳам ҳомийлик қилишлари мумкин.

4-босқич ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг I, II ва III даражали дипломлари, масъул ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


53. Мусобақанинг республика босқичини юқори савияда ташкил этиш, ўтказиш ва мусобақа ғолибларини рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар (овқатланиш, ётоқхона, совғалар, оромгоҳни безаш, маданий ва маърифий тадбирлар) Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.


54. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичлари билан боғлиқ барча ҳужжатлар (материаллар) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмаларида, якуний босқичи бўйича ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида сақланади.




Низомга

1-ИЛОВА



"Яшил чироқ" мусобақасини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъект


Чора-тадбирлар номи


Муддат

1-босқич


Умумтаълим муассасалари раҳбарлари


1. Мактаб доирасида 11 - 14 ёшли 5 - 8-синф ўқувчилари орасида гуруҳларни ташкил этади.


2. Йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштиришга қаратилган 13 та шартдан иборат синфлараро мусобақани ўтказади ва ғолиб гуруҳларни аниқлайди.


3. Ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун 7 та шартдан иборат мусобақани ташкил этади.


4. Ғолиб бўлган гуруҳларни таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлайди.


Ҳар йили февраль-март ойлари

2-босқич


Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, уларнинг туман ва шаҳарлари бўлимлари (бўлинмалари) раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) кенгашлари


1. Мактаб доирасида ўтказилган мусобақада ғолиб бўлган гуруҳлар ўртасида туман (шаҳар) доирасида мактаблараро мусобақани ташкил этади.


2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) кенгашлари таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирлайди.


3. Мусобақа натижалари бўйича баённома расмийлаштиради ва Ҳудудий ташкилий қўмитага юборади.


Ҳар йили март-апрель ойлари

3-босқич


Ҳудудий ташкилий қўмиталар*


1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида туман (шаҳар) доирасида ғолиб бўлган гуруҳлар ўртасида мусобақани (ҳудудий босқич) ўтказади.


2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва уларни Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий кенгашларининг I, II ва III даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирлайди.


3. Мусобақа натижалари бўйича баённома расмийлаштиради ва Республика ташкилий қўмитасига юборади.


Ҳар йили май ойида

4-босқич


Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати


1. Мусобақанинг ҳудудий босқичи ғолиблари ўртасида республика босқичини Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган жойда ташкил этади.


2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлигининг I, II ва III даражали дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлайди.


Ҳар йили июнь-июль ойлари

      

*) Ҳудудий ташкилий қўмиталар Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг вакилларидан иборат таркибда тузилади.




Низомга

2-ИЛОВА



"Яшил чироқ" мусобақаларига тайёргарлик

кўриш ва ташкил этиш бўйича республика

ташкилий қўмитаси

ТАРКИБИ

1. О. Саидов

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, Ташкилий қўмита раиси

2. Э. Муродов

-

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

3. Д. Каттаханова

-

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари

4. А. Муродов

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати бошлиғи

5. О. Шомуродов

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Теле-радио дастурларини мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи

6. Қ. Каримова

-

"Автоҳамроҳ" журнали бош муҳаррири

7. Л. Жўраев

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати катта мутахассиси

    

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 апрель

































Время: 0.0105
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск