ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Маданият соҳасида бошқарув /

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2022 й. 275-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 20 майдаги

275-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг

бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш, шунингдек Жамғармани бошқариш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, маблағлардан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади.


3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Вазирликнинг махсус бюджетдан ташқари миллий валютадаги тегишли ғазначилик ҳисобварағига ҳамда тижорат банкларида миллий ва чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлари;

Вазирлик тизимидаги давлат корхоналарининг фойдасидан давлат улуши бўйича белгиланган миқдорда дивидендлар тўлангандан сўнг қолган маблағнинг 15 фоизи;

давлат театрлари, цирки, маданият марказлари ва концерт-томоша муассасаларининг топган даромадидан 10 фоизи миқдори;

Вазирлик ҳузуридаги Маданият ва санъат ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан ташкил этиладиган қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи миқдори;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

давлат-хусусий шериклик асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушган маблағлар;

Вазирлик ташаббуси билан вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари, спектакллар, шоу дастурлар ва бошқа тадбирлардан тушадиган маблағлар;

Вазирлик тасарруфидаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари ҳисобварағидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари (меценатлик кўмаги);

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғармага тушадиган маблағлар Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очиладиган миллий ва чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.


6. Чет эл валютасидаги маблағлар Жамғарманинг махсус валюта ҳисобварағига тушади. Жамғарманинг валюта ҳисобварағига тушган чет эл валютасидаги зарур суммалар белгиланган тартибда сотилади (мазкур Низомда назарда тутилган ҳолатлар ва алоҳида харажатлардан ташқари). Чет эл валютасини сотишдан олинган миллий валютадаги маблағлар Жамғарманинг ҳисобварағига ўтказилади ва ушбу Низомга мувофиқ тақсимланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш;

истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш;

маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини доимий таъминлаш ва уларнинг сара асарларини намойиш этиш, миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилиш;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида белгиланган тартибда етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларни маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида ўқитиш орқали малакасини оширишни ташкил этиш;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва харажатларини молиялаштириш;

Вазирлик ташаббуси билан ташкил этиладиган оммавий-маданий тадбирларга сарфланадиган маблағларни қоплаш;

Вазирлик ташаббуси билан юртимиз ва хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган концерт-томоша, спектакллар, шоу дастурлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни молиялаштириш;

Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш ҳамда уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

Вазирликнинг эксперт-таҳлил гуруҳ таркибига киритилган мутахассислар фаолиятини молиялаштириш;

Вазирлик ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига мамлакат ҳудудига ва хорижий мамлакатларга чиқиш учун авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, вакиллик харажатлари, совғалар, шунингдек хорижий адабиётлар харид қилиш ва бошқалар учун миллий ва чет эл валютасида маблағлар ажратиш;

маданият ва санъат соҳасидаги мақсадли дастурларни молиялаштириш;

маданият ва санъат инфратузилмаси объектларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш;

Вазирлик томонидан ўз тизимида ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ва давлат муассасаларининг устав жамғармаларини шакллантириш ҳамда белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида уларнинг уставларига мувофиқ улар томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш, маданият ва санъат соҳасидаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, шунингдек, фаолияти маданият ва санъат соҳаси билан бевосита боғлиқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларга асосан тўлаб бериш;

Вазирлик тизимидаги коллеж, техникум ва институтларнинг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар тўлаш. Стипендиялар миқдори Жамғарма кенгаши томонидан белгиланади;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан овоз кучайтириш ускуналари, ёритиш ускуналари, саҳна либослари, барча турдаги мусиқа асбоблари, мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бошқа тадбирларни амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларни молиялаштириш.


8. Вазирлик, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш улар фаолиятининг натижадорлиги (KPI) ва эришилган ютуқларга қараб Ўзбекистон Республикаси маданият вазири буйруғига асосан амалга оширилади.


9. Жамғармага тушадиган маблағлар мазкур Низомда кўрсатилган йўналишларга сарфланади. Бунда, Жамғарма маблағларининг сарфланишида Вазирлар Маҳкамасининг "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарори талаблари татбиқ этилмайди.


10. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланган йиллик харажатлар сметасига зарур ҳолларда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


11. Жамғарма кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланади.


12. Жамғарма кенгаши:

Жамғарманинг кейинги йил учун даромадларва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабргача тасдиқлайди;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва маблағларининг харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Жамғармага жорий хизмат кўрсатиш, унинг даромадлари ва харажатлари сметаси лойиҳасини тайёрлаш, маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини, шунингдек, маблағларнинг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш Вазирликнинг иқтисодий таҳлил ва молия масалаларига масъул бошқармаси ҳамда бухгалтерия хизмати томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН

ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


14. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Вазирликнинг ҳайъати йиғилишида кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.


15. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат иинспекцияси томонидан амалга оширилади.


16. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва чет эл валютада жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 май
















































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск