ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сейсмология /

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 30.05.2022 й. ПФ-144-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 майдаги

ПФ-144-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг

сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини

2025 йилгача такомиллаштириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция)нинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 30 июлдаги ПҚ-4794-сон қарори ижросини таъминлаш ҳисобланади.

Концепция Ўзбекистон Республикасида сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги режаларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати мамлакат, минтақалар ва тармоқлар бўйича дастурларни муваффақиятли амалга оширишни таъминлаш ва илмий-техник ресурслардан самарали фойдаланиш орқали тармоқ салоҳиятини оширишга йўналтирилган.

Концепция жаҳон тенденцияларини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш мақсадларини, вазифаларини ва асосий йўналишларини, фан ва техника ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосидаги устувор тадбирларни ислоҳ қилиш йўналишларини белгилайди.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИСИ

ВА ҲУДУДИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШНИНГ СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРИ


Концепциянинг стратегик мақсадлари республиканинг сейсмик фаол зоналарида истиқомат қилаётган аҳолини, ҳар хил турдаги бино-иншоотларни ва муҳандислик инфраструктураларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилишнинг стратегик йўналишларини аниқлаган ҳолда 2025 йилгача илмий-амалий, дастурий ва ташкилий ишларни белгилаш ва амалга оширишдан иборат. Концепциянинг амалга оширилиши, келажакда Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва фавқулодда ҳодисаларда мавжуд ресурсларнинг оқилона тақсимланишига имконият яратади.

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила пайтида ва зилзиладан сўнг ҳаракат қилиш қоидаларига ўргатиш ва уларнинг тайёргарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш;

сейсмик хавфни, таъсирни ва хатарни баҳолашни хорижий тажриба асосида амалга ошириш учун илмий-амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда улар асосида норматив-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

сейсмик фаол зоналарда турли даражадаги сейсмик хатарни баҳолаш ва зилзила талафотларини камайтиришнинг илмий асосланган чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

шаҳар ҳудудлари бош лойиҳасини ишлаб чиқишни сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарга асосланган ҳолда амалга ошириш;

конструкциялар мустаҳкамлиги, бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларнинг зилзилабардошлиги соҳасида фундаментал, амалий, инновацион ва инвестицион лойиҳаларни кенгайтириш, зилзилабардош қурилиш технологияларини такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг татбиқ этиш;

иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида илмий ишланмаларни ишлаб чиқиш, уларни сейсмик хавфсизлик соҳасига жорий этишни таъминлаш;

эҳтимоли юқори бўлган зилзилаларнинг зарарини ва оқибатларини камайтириш бўйича маҳаллий шароитларга боғлаб тайёрланган тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш. Бино ва иншоотларни сейсмик ҳимоялаш услубларини, янги конструктив ечимларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш учун амалий масалаларни ҳисоблаш;

сув омборлари тўғонлари ва гидротехника иншоотларининг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш тизимини яратиш;

Республика ҳудудларининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва ривожланишини тезлаштириш учун мақбул бўлган қонуний, инвестицион ва инфраструктура муҳитини яратиш;

сейсмик хавфсизлик соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларни етакчи хорижий илмий марказларда ва ишлаб чиқариш корхоналарида малакаларини ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИСИ

ВА ҲУДУДИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-§. Сейсмология йўналиши


Сўнгги йилларда сейсмология соҳасида Ўзбекистон олимлари асосий фундаментал ғояларини ва амалий илмий изланишларини аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга қаратган.

Бугунги кунда республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш ва зилзила содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган сейсмик фаол зоналарда зилзилаларга олдиндан тайёрланиш орқали талафотларни камайтириш кўп жиҳатдан республиканинг стратегик ривожланишини белгилайди.

Сейсмология соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар зилзила табиатини аниқлашга қаратилган бўлиб, бунда зилзила даракчиларининг намоён бўлиш қонуниятларини аниқлашга, зилзила ўчоғи механизмлари ва параметрлари бўйича сейсмик тўлқинларнинг тарқалиши ва уларнинг геологик муҳитдаги хусусиятларини ўрганишга, турли даражадаги сейсмик фаол ер ёриқларида зилзилаларнинг ҳосил бўлиш ўчоқларининг жойлашишидаги ўрнини аниқлашга, сейсмик хавфни минтақавий ўзгаришини ва сейсмик тебранишларни ернинг юза қисмидаги грунт шароитига қараб ўзгаришини ва масофа бўйлаб сўнишини ҳамда ҳудудларнинг турли даражадаги сейсмик хатарини баҳолашга йўналтирилган.

Маълумки, сейсмология соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар иқтисодий соҳалардаги долзарб амалий муаммоларни ҳал қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу тадқиқотлар негизида республиканинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши учун стратегик аҳамиятга эга амалий муаммолар ҳал қилинмоқда. Булар бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш учун муҳим бўлган сейсмик хавфнинг миқдорий қийматларини мужассамлаштирган ҳолда турли даражада сейсмик ҳудудлаштириш (умумий ва муфассал сейсмик ҳудудлаштириш ҳамда сейсмик микроҳудудлаштириш) хариталари, сейсмик ҳудудларда қурилиш ишларини олиб боришнинг меъёрлари ва қоидалари (ҚМҚ 2.01.03-19 "Зилзилавий ҳудудларда қурилиш"), зилзилалар кучини аниқлаш шкаласи, республика ҳудудида жойлашган турли катталикдаги сейсмик фаол ёриқлар ва сейсмоген зоналарнинг хариталаридир.

Сейсмология соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

зилзилаларни вужудга келиш механизми ва табиати ҳамда зилзила даракчиларини турли геодинамик жараёнларда намоён бўлишини тадқиқ қилиш асосида зилзилалар пайдо бўлиш механизмининг такомиллаштирилган моделини яратиш;

умумий сейсмик ҳудудлаштириш харитасининг жаҳон талаблари даражасидаги такомиллаштирилган кўринишини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўлланилаётган меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш;

Ўзбекистон ҳудудидаги турли даражадаги тектоник ер ёриқларининг ўрта масштабдаги харитасини яратиш ва уларнинг сейсмик потенциалини баҳолаш;

жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб шаҳарлар ҳудудини макросейсмик балларда ва муҳандислик кўрсаткичларда сейсмик микроҳудудлаштириш онлайн-хариталарини ишлаб чиқиш ва уларни бино-иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун меъёрий ҳужжат сифатида рўйхатдан ўтказиш;

соҳада илғор тажрибага эга хорижий давлатларнинг илмий ва амалиётчи олимлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш мақсадида турли масштабларда сейсмик хавфни, сейсмик таъсирни ва сейсмик хатарни баҳолашнинг геоахборот технологиялари асосидаги методикасини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш.



2-§. Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини

таъминлаш йўналиши


Замонавий механика фанининг ривожланиши ва ундан келиб чиқадиган қурилиш фанлари бино ва иншоотларнинг қурилиш меъёрлари ва қоидалари асосида сейсмик таъсирларга мустаҳкамлигини ҳисоблаш имконини беради. Бироқ, сейсмик таъсирларга мустаҳкамлигини ҳисоблашнинг меъёрий услублари гидротехника иншоотлари, ер ости коммуникациялари, йўл ўтказгичлар, ер усти иншоотлари, қияликлар, ён бағирлар ва бошқа иншоотларни бир ўлчамли моделлар асосида ҳисоблашга асосланган бўлиб, иншоотнинг динамик таъсирларда фазовий ўзини тутишини тўла акс эттирмайди, иншоот материалининг бир жинсли эмаслигини, конструкция элементларининг ўзаро таъсирини эътиборга олмайди.

Шунга қарамай, илм-фаннинг ривожланиши билан амалиётда материалнинг анизотроплигини яққол акс эттирувчи турли хил композицион материаллар қўлланилмоқда.

Зилзилабардош қурилиш назарияси ва амалиётида ҳисоблашлар ҳамда назарий ғояларни катта масштабдаги тажриба синовлар ёрдамида текширишлардан ўтказиш лозим. Бу бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида халқаро умумқабул қилинган усул ҳисобланади.

Иншоотларга сейсмик таъсирлар грунтнинг тебраниши орқали ўтади ва бу жараён иншоотларнинг грунт билан ўзаро таъсири ҳамда бошқа бир қатор ўзига хосликлари билан характерланади. Зилзиланинг интенсивлиги зилзила ўчоғидан чиққан энергия миқдорига, муҳитнинг тузилишига ва грунт шароитига, муҳитнинг эластиклик хоссасига, иншоотнинг динамик хоссалари (хусусий тебраниш даври, зичлиги, ва бошқалар)га боғлиқдир.

Ер усти иншоотлари учун энг кўп тарқалган ҳисоблаш схемаларидан бири кўп массали консол ва стержен схемаси ҳисобланади. Конструкциянинг фазовий тебранишини ҳисобга олиш жараёни сифатида маълум бикирликда бириккан бир неча йиғилган массалардан ташкил топган тизимнинг тебраниши намоён бўлади. Бундан ташқари, иншоотларнинг эгилишдаги тебранишига ишлайдиган балка кўринишидаги моделлар ҳам мавжуд.

Кучли зилзила натижасида биноларнинг структуравий шикастланиши ва бузилишининг таҳлили ҳисоблаш услублари ҳамда моделлаштиришда турли камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Юқоридаги масалаларни ўрганиш бино ва иншоотларнинг кучли зилзила таъсирида бузилиши ҳамда шикастланишини кузатиш билан боғлиқдир. Сейсмик таъсирларда иншоот тебранишининг хусусий частотаси юкламалар частотасига тенг бўлса, иншоотнинг зарарланишига олиб келувчи резонанс режими вужудга келиши мумкин. Шунинг учун, сейсмик таъсирларда бино реакциясини шу типдаги чекланишлар билан ҳисобга олиш бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатлари ҳисобланади.

Фазовий ҳисоблаш моделларидан фойдаланиб иншоотнинг динамик кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини ўрганиш иншоотларнинг фазовий ҳолатини, конструктив ечимларнинг ўзига хослигини, конструкция элементларининг ўзаро таъсирини, юк кўтарувчи конструкцияларнинг заифлашишини ва бир жинсли эмаслигини ҳисобга олиш имконини беради.

Гидротехника иншоотларининг турли хил кўринишдаги юкламаларда (статик, динамик ёки сейсмик) кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати ва динамик ўзини тутишини илмий ўрганиш текис ва фазовий масалаларни ҳисоблаш моделларидан фойдаланиб амалга оширилади. Бундан ташқари, грунт тўғонининг мустаҳкамлиги ва устуворлигини аниқлашда ён бағирларнинг устуворлигини таъминлашда катта рол ўйнайдиган грунтнинг фильтрлаш хусусиятларини ҳисобга олиш лозим бўлади.

Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

якка тартибдаги уй-жойларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш;

зилзилабардошликни таъминлашда аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича зарур чораларни белгилаш;

биноларнинг зилзилабардошлигини экспресс аниқлаш усулларини жорий қилиш;

давлат аҳамиятига эга йирик бино ва иншоотлар зилзилабардошлигининг доимий мониторингини олиб бориш ҳамда уларни тез, содда ва камчиқим методлар орқали кузатиб боришнинг ягона электрон базасини шакллантириш;

сейсмик фаол зоналарда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида юз берган деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизимини жорий этиш;

сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлик даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини яратиш;

замонавий компьютер дастурий таъминотларини маҳаллий меъёрий ҳужжатлар базасига интеграция қилган ҳолда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш.



3-§. Сейсмологик кузатувлар тармоғини

такомиллаштириш йўналиши


Ҳозирги кунда республикада сейсмологик кузатувлар тармоғида 40 та сейсмик станция мавжуд бўлиб, уларнинг 24 соат узлуксиз ишлаши таъминланган.

Сейсмик станцияларнинг 15 таси қояли тош жинсларида, 24 таси юмшоқ яхлит жинсларда, 1 таси юмшоқ яхлит бўлмаган жинсларда жойлашган. Ушбу станцияларнинг 11 тасида кенг полосали юқори сезувчан сейсмометр, қолган станцияларда қисқа даврли паст шовқинли сейсмометрлар ўрнатилган.

Республика ҳудудини комплекс мониторинг қилиш мақсадида, Сейсмопрогностик мониторинг республика марказида 10 та комплекс-прогностик станция ҳамда магнитометрик кузатув пунктлари мавжуд.

Шу билан бир қаторда, сейсмик кузатувлар тармоғида қуйидаги муаммолар мавжуд:

сейсмик кузатувлар тармоғи тўлиқ автоматлаштирилмаган;

сейсмик кузатувлар тармоғи халқаро мониторинг тармоқларига интеграция қилинмаган;

мавжуд станцияларнинг аксарият қисми халқаро стандартларга мос келмайди;

республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш кўрсаткичи паст;

14 та станция шаҳарлар марказида жойлашган бўлиб, бу ҳудудларда халақит қилувчи тўлқинлар даражаси юқори ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, сейсмологик кузатувлар соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

халақит қилувчи тўлқинлар даражаси паст бўлган сейсмик станцияларда Интернет тармоғининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

станциялар жойлашуви республиканинг муҳим объектлари атрофида бўлишини таъминлаш;

кенг полосали юқори сезувчан сейсмометрлар сонини ошириш ва тўлиқ тармоқни қоплаш имкониятини яратиш;

мавжуд сейсмометрлар ва регистраторларни техник параметрларга мувофиқлаштириш чораларини кўриш;

қўшни республикалар сейсмик станциялари билан тўғридан-тўғри маълумотлар алмашиш тизимини такомиллаштириш;

миллий сейсмик кузатувлар тармоғининг халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан доимий алоқаларини таъминлаш;

автоматлаштириш комплекс-прогностик станциялар сонини кўпайтириш ҳисобига республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имкониятини кенгайтириш;

кузатув пунктларининг асосий қисмини ер ёриқлари кесишмасида жойлаштириш;

рақамли протон магнитометрларнинг сонини ошириш;

комплекс-прогностик станцияларнинг асосий қисмини кузатув қудуқлари ҳудудида жойлаштириш;

нефть-газ ва оғир саноат, кон металлургия объектларининг фаолияти натижасида заминда рўй бераётган ўзгаришларни кузатиб бориш тизимини яратиш.



4-§. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги

давлат бошқарув органлари фаолиятини

мувофиқлаштириш йўналиши


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4794-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти таркибида Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш шўъбаси (кейинги ўринларда - Шўъба) ташкил этилди ҳамда Шўъбанинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Бугунги кунда Шўъба сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул давлат органлари ва ташкилотлари билан доимий фаолият олиб бормоқда.

Жумладан:

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг зилзилалар вақтида аҳоли томонидан тегишли ҳаракатлар ва тадбирлар амалга оширилиши, сейсмопрогностик мониторинг амалга оширилишини ташкил этиш ҳамда кучли ва талафотли зилзилалар содир бўлиши хавфи мавжуд бўлганида уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги;

Қурилиш вазирлигининг қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлиги таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш ҳамда назорат қилиш, шунингдек, мавжуд бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш соҳасидаги;

Фанлар академиясининг сейсмик хавфни турли масштабларда баҳолаш, сейсмик жиҳатдан ҳудудлаштириш, зилзилаларни вақт кесимида прогноз қилиш, бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича услубиётларни ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг сейсмик хавфи ва сейсмик хатарига доир турли масштабли хариталарини тузиш соҳасидаги ишларини мувофиқлаштирмоқда.

Ҳозирда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, уни давлат томонидан тартибга солиш ҳамда қўшимча вазифаларни бажариш учун Шўъба фаолият йўналишларини кенгайтириш зарурати мавжуд.

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш учун Шўъба қуйидаги соҳалар йўналишларида салоҳиятли кадрларга эга бўлиши лозим:

сейсмология соҳасида илм-фан ва таълимни ривожлантириш ҳамда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини тартибга солиш;

аҳоли ва давлат органларини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлаш ҳамда сейсмопрогностик мониторинг қилиш;

республика ҳудудида қурилаётган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш ҳамда назорат қилиш (ҳудудлар бўйича) тизимини такомиллаштириш;

сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг зилзилабардошлигини таъминлаш;

сейсмик хавфсизлик соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш;

бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини электрон техник паспортлар асосида мониторинг қилиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИДАН КУТИЛАЁТГАН

НАТИЖАЛАР


Концепциянинг амалга оширилиши сейсмология, иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини янада ривожлантиришга ҳамда келажакда Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва фавқулодда ҳодисаларда мавжуд ресурсларнинг оқилона тақсимланишига имкон беради.

Концепцияда режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида қуйидагилар кутилмоқда:

аҳоли барча қатламининг бўлиши мумкин бўлган зилзилаларга тайёргарлиги оширилади ва кучли зилзилада аҳоли ўртасидаги ўлим кўрсаткичи ва моддий зарар қийматининг сезиларли даражада камайишига эришилади;

кучли зилзилаларнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли даракчиларини аниқловчи мажмуаларни тайёрлашнинг янги модели яратилади;

ер қобиғидаги локал сейсмик фаол тектоник ёриқларнинг техноген кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолайдиган миқдорий моделлар ишлаб чиқилади;

Ўзбекистон ҳудудининг ўрта масштабли сейсмик потенциали баҳоланган турли даражадаги ер ёриқларининг харитаси ишлаб чиқилади;

минтақавий даражадаги сейсмик хавфни баҳолашнинг илмий-услубий асослари ҳамда Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик хатар харитаси ишлаб чиқилади ва унинг базасида дастурий таъминот яратилади;

вилоят марказларининг йирик масштабларда муҳандислик кўрсаткичлари бўйича ишлаб чиқилган сейсмик микроҳудудлаштириш хариталари ишлаб чиқилади;

ўта ноёб ва муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамда юқори қаватли бино ва иншоотларнинг сейсмик хатарини баҳолаш ва уни мониторинг қилиш методикаси ишлаб чиқилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида босқичма-босқич сейсмик хатар баҳоланади ва уларнинг ҳудуди учун 1:200 000 масштабда сейсмик хатар харитаси ишлаб чиқилади;

бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини баҳолашнинг замонавий услублари ишлаб чиқилади ва уларни техник ҳолати тадқиқ қилинади;

жамоат, тураржой, саноат бинолари ва иншоотлари учун сейсмик хавф баҳоланади;

Ўзбекистон Республикасидаги энг сейсмик фаол, ўрта фаол ва тинч ҳудудлар ҳамда майдонларни ўзида мужассамлаштирган интерактив онлайн харита ишлаб чиқилади;

сейсмик фаол зоналарда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизими жорий этилади;

сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини тадқиқ этиш доимий космик мониторинг қилиш тизими орқали амалга оширилади;

геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган ҳудудларнинг визуал моделлари яратилади;

зилзила натижасида сув омборлари тўғонлари ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизими яратилади;

ҳаётни таъминловчи тизимларни сейсмик мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ва тадбирлар ишлаб чиқилади, иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнида фойдаланиш учун лойиҳа ташкилотларига тарқатилади;

сейсмик ва комплекс-прогностик кузатувлар тармоғи тўлиқ автоматлаштирилади ва жаҳон талабларига мос равишда такомиллаштирилади;

сейсмик станциялар тармоғи оптималлаштирилади, республика бўйича икки ва ундан юқори (М>2,0) магнитудали зилзилаларни қайд этиш имконини берувчи тармоқ яратилади;

республикадаги муҳим объектлар ҳудудларини локал сейсмик ва комплекс мониторинг қилиш имконияти яратилади. Янги тизимда объектлар жойлашуви ҳисобга олинган ҳолда кузатув станциялари жойлаштирилади;

сейсмик кузатувлар тармоғи халқаро мониторинг тармоқларига интеграцияланади ва халқаро талаб даражасидаги кузатувлар тармоғи яратилади;

кузатув пунктлари сонининг кўпайиши прогноз маълумотларининг сифати ва аниқлик даражасини оширади;

прогноз йўналишлари жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда кенгайтирилади, қўшимча кузатув усуллари (ернинг деформацияланганлиги, GPS кузатувлар ва ҳоказо) ўзлаштирилади ва прогноз йўналишига татбиқ этилади, прогноз сифат даражаси оширилади;

маҳаллий хомашёдан хусусий уйларнинг (индивидуал биноларни) элементар усулда зилзилабардошлигини ошириш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилади;

Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг сейсмик ва комплекс прогностик станциялари билан прогноз маълумотлар алмашинуви жараёни рақамлаштирилади;

Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг рақамлаштирилган сейсмик кузатувлар ҳамда кучли зилзилаларни қайд этиш тармоғи яратилади;

замонавий асбоб-ускуналарда ўтказилган гидрогеосейсмологик тажрибалар асосида гидрогеодинамик майдонлардаги аномал ўзгаришларга асосан ўрта ва узоқ муддатли зилзила даракчиларини аниқлашнинг замонавий рақамли (автоматлашган) усули яратилади;

кучли зилзилалар (ўрта ва қисқа муддатли, макон ва замон бўйича) тўғрисида дарак берувчи мажмуаларни тайёрлашнинг янги модели яратилади ва зилзиланинг намоён бўлиш қонуниятлари ишлаб чиқилади;

фуқаролар учун зилзила вақтида тегишли ҳаракат ва тадбирларни амалга ошириш бўйича услубий қўлланма ҳамда видео роликлар тайёрланади;

республиканинг сейсмик фаол зоналарида қурилаётган беш қаватдан юқори танланган биноларни табиий (вибродинамик ускуна, рақамлаштирилган инструментал асбоб-ускуналар ва бошқалар ёрдамида) синовдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;

Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти базасида қурилиш конструкцияларини динамик синовлардан, моделлаштирилган бино ва иншоотларни сейсмоплатформа ёрдамида экспериментдан ўтказишга мўлжалланган замонавий лаборатория ташкил этилади;

тегишли олий таълим ташкилотлари сейсмик хавфсизликни таъминлаш йўналишларида кадрлар тайёрлашни амалга оширади ҳамда зарур асбоб-ускуналар, ҳисоблаш техника воситалари ҳамда бутловчи материаллар билан таъминланади;

сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул давлат органлари ва ташкилотларининг соҳага оид фаолият йўналиши бўйича моддий-техника базаси мустаҳкамланади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурлари ишлаб чиқилади, шунингдек, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан хорижий мамлакатларда стажировкалар ташкил этилади;

республиканинг сейсмик фаол зоналарида қурилаётган бино ва иншоотларни зилзила кучини сўндирувчи қурилмалар билан жиҳозлаш ҳамда зилзилабардошлигини оширувчи янги инновацион қурилиш материаллари билан қуриш амалиёти йўлга қўйилади;

аҳолининг бўлиши мумкин бўлган зилзилаларга тайёргарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилади ва мунтазам семинар-тренинглар ўтказилади;

республиканинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг бино ва иншоотлари босқичма-босқич инструментал текширувдан ўтказилади;

кўприклар, транспорт тоннеллари, йўллар, метрополитенлар, ер ости иншоотлари ва бошқа тизимларнинг сейсмик заифлигини назорат қилиш учун электрон техник паспортлар (электрон (рақамли) маълумотлар базаси)ни шакллантириш амалиёти жорий этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 май




































Время: 0.0260
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск